Турар жой мулкдори оила аъзоларининг, ижарага ва арендага олувчиларнинг турар жойдан фойдаланиши тартиби қандай?

Биламизки, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 4-бобида айни масалага таъриф берилган.

Яъни, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.

Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган оилали фарзандлари ва уларнинг эр-хотини, агар улар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлса, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзолари деб тан олиниши мумкин.

Меҳнатга қобилиятсиз боқимандалар, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган фуқаролар, агар улар мулкдор билан умумий хўжалик юритаётган ва унинг турар жойида рўйхатдан ўтган бўлсалар, унинг оила аъзоси деб топилишлари мумкин.

Мулкдорнинг вояга етмаган оила аъзолари яшаётган турар жойни, уларнинг ота-онаси бўлмаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги билан бошқа шахсга бериш мумкин.

Хусусийлаштирилган квартира ёки уй мулкдорининг вояга етган оила аъзолари ва уй-жойнинг хусусийлаштирилишига розилик берган шахслар ҳам уларнинг умумий мулки бўлмиш хусусийлаштирилган квартира ёки уйга нисбатан қонунда белгиланган тартибда тенг ҳуқуқларга эга бўладилар ва тенг мажбуриятларни бажарадилар.

Шунингдек, хусусийлаштирилган квартирани ёки уйни сотиш, айирбошлаш, ҳадя қилиш ёки ижарага, арендага бериш квартира ёки уй мулкдорининг вояга етган оила аъзоларининг ва квартирани ёки уйни хусусийлаштириш учун розилик берган шахсларнинг розилиги билан амалга оширилади. Уй-жойни хусусийлаштиришга розилик берган шахснинг турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи унинг вафотидан кейин очиладиган мерос таркибига кирмайди. Хусусийлаштирилган уй-жой мулкдорининг вояга етмаган оила аъзолари манфаатларини уларнинг ота-онаси, улар бўлмаган тақдирда эса васийлик ва ҳомийлик органлари ифодалайди.

Бундан ташқари, хусусийлаштирилган бир квартира ёки уйда турар жой мулкдорлари яшай олмайдиган ҳолда, суднинг қарорига биноан мулкдорлардан бири кўчирилиб, бошқасининг зиммасига квартира ёки уйнинг тегишли қисми учун кўчирилган мулкдорга суд ишни кўриб чиққан кундаги бозор баҳосида пулини тўлаш ёки унинг умумий мулкдаги улушига мос келадиган бошқа турар жойни сотиб олиб бериш мажбурияти юкланиши мумкин.

Уй ёки квартиранинг мулкдори, унинг оила аъзолари, у билан доимий яшаётган фуқаролар ва собиқ оила аъзоси ўртасидаги турар жойдан фойдаланиш ҳамда қилинган харажатлардаги улуш миқдори ҳақидаги низолар суд тартибида ҳал этилади. Турар жойдан фойдаланиш ҳақидаги низолар кўриб чиқилаётганда суд тарафларнинг келишувига асосан мулкдорнинг ташаббусига кўра турар жойга мажбурий тартибда киритилаётган тарафни мулкдорга тегишли мутаносиб шароитларга эга бўлган бошқа турар жойга киритиш ёки ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклатиши мумкин.

Фуқарога мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уйдан, квартирадан турар жойни ижарага, арендага олувчи ўзи ижарага, арендага олган хонага уй, квартира мулкдорининг розилигидан қатъи назар, вояга етмаган фарзандларини, агар у алоҳида хонани эгаллаётган бўлса ва ижарага ёки арендага бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шунингдек эри (хотини) ва меҳнатга қобилиятсиз вояга етган фарзандлари ҳамда ота-онасини кўчириб киритиш ҳуқуқига эга. Фуқарога мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, квартирадаги турар жойни ижарага, арендага олувчи билан бирга яшаётган оила аъзолари ижарага ёки арендага бериш шартномасидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга ижарага, арендага олувчининг ўзи билан тенг равишда эга бўладилар.

Бошқа фуқароларни фақат уй мулкдорининг розилиги билан кўчириб киритиш мумкин ва ижарага, арендага олувчи томонидан ўз оила аъзоси сифатида кўчириб киритилган ушбу фуқаролар, агар кўчириб киритишда улар ўртасида бошқача келишув бўлмаган бўлса, ижарага, арендага олувчи ҳамда унинг бошқа оила аъзолари билан турар жойдан фойдаланишда тенг ҳуқуққа эга бўладилар.

Ижарага, арендага олувчи ижарага, арендага берувчининг (мулкдорнинг) розилиги билан эгаллаб турган турар жойини алмаштиришга ҳақлидир. Ижарага берувчи — фуқаронинг рад жавоби устидан низолашиб бўлмайди. Ижарага берувчи — юридик шахснинг рад жавоби устидан суд тартибида низолашиш мумкин.

Турар жойни ижарага ёки арендага бериш шартномасини бекор қилиш ушбу Кодекснинг 69 ва 93-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

Фуқарога мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойни ижарага, арендага бериш ҳақи тарафлар келишувига биноан шартномада белгиланиб қўйилади.

Таъкидлаш лозимки, уй ёки квартира эгаси билан бирга яшаётган оила аъзолари мулкдор билан тенг ҳуқуқда турар жойдан фойдаланадилар. Улар вояга етмаган фарзандларини уйга киритишга ҳақли бўлиб, бошқаларни эса фақат мулкдор розилиги билан олиб кириши мумкин. Оила муносабатлари тугаса ҳам, собиқ аъзоларнинг яшаш ҳуқуқи сақланиб қолади.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси

ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ – ИНСОНИЙЛИКНИ АСРАШ ҲАРАКАТИДИР

Зўравонлик нафақат инсоннинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказади, балки оила тинчлиги, жамият барқарорлигига ҳам жиддий хавф солади. Бугунги кунда оилавий ва маиший зўравонликка қарши курашиш, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида энг муҳим йўналишлардан бирига айланди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида “ҳеч ким зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматига хилоф муносабатга дучор этилмаслиги лозим” деб белгиланган.

“Хотин-қизларни, таъзийқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун аёлларни турли кўринишдаги таъзийқлардан ҳимоя қилиш, жабрланувчиларни қўллаб-қувватлаш ва зўравонликларга нисбатан чеклов чорларини қўллашни назарда тутади.

Бу меъёрий асослар зўравонлик ҳолатларига нисбатан муросасиз муносбатани таъминлаш, жабарланувчиларни ҳимоя қилиш ва профилактик чораларни куйчайтришга хизмат қилмоқда.

Сўнги йилларда суд, ички ишлар, маҳалла ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида оилавий зўравонликка қарши тизимли чоралар амалга оширилмоқда.

Масалан, “Ижтимоий ҳимоя марказлари” фаолияти кенгайиб, жабрланувчиларга психологик ва юридик ёрдам кўрсатилмоқда.

Вилоятимизнинг Қизириқ тумани мисолида ҳам жорий йилда оилаларда зўравонлик ҳолатлари аниқланиб, зўравон шахсларга нисбатан суд томонидан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди.

Бу масаланинг жамоатчилик ва тарбиявий аҳамиятига эътибор берадиган бўлсак, қонун борлиги етарли эмас – унинг ижросини таъминлаш ва одамларда ҳуқуқий онгни шакллантириш муҳим, шу мақсадда судлар томонидан мактабларда, маҳаллаларда ва меҳнат жамоаларида суҳбатлар, йиғилишлар ва тадбирлар ўтказилмоқда. Бу орқали одамларга ҳуқуқий билим, мулоқат маданияти ва бағрикенгликни сингдириш мақсад қилинган.

Хулоса қилиб шуни айтишимиз лозимки, зўравонликка қарши курашиш, бу фақат жазо тизими эмас, балки оилавий муҳаббат, ҳурмат ва инсонийликни асраш ҳаракатидир. Агар ҳар биримиз зўравонликка муросасиз бўлиб, жабрланувчиларни қўллаб-қувватласак, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатлик устувор бўлади.

АКМАЛ ХАКИМОВ,

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди тергов судьяси

ТАДБИРКОРНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚИ ТИКЛАНДИ

очерк

Маълумки, иқтисодий суд ишларини юритишдан кўзланган асосий мақсад иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборат.

Иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, улар учун қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш ва улар иштирокидаги низоларни қонун ҳужжатларига асосан синчковлик билан адолатли кўриб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада иқтисодий судлар томонидан ҳам бевосита низоларни кўриб чиқишда тадбиркорлик субъектлари ўзларининг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали тўлиқ ҳимоя қилишларини таъминлаш мақсадида даъво аризаларидаги ҳар бир ҳолат синчковлик билан ўрганилиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари тикланмоқда.

Жумладан, сўнгги пайтларда иқтисодий судларда мазмунан кўрилаётган ишларнинг аксариятини кредит шартномаларидан келиб чиқувчи низолар ташкил қилмоқда. Бу борада судлар томонидан тарафларга низони ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиш, келишув битими ва медиатив келишув институтлари орқали низони ҳал этишнинг аҳамияти ва афзалликлари борасида тушунтиришлар берилиб келинмоқда.

Фикримизга амалий мисол келтирадиган бўлсак, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси даъвогар хусусий акциядорлик тижорат банки филиали манфаатида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Sh.U.K.” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 77 945,59 АҚШ доллари кредит қолдиғи, 1 539,41 АҚШ доллари асосий қарз, 5 069,91 АҚШ доллари кредит фоизи, 35,85 АҚШ доллари пеняни ундириш ва ундирувни гаров мулки ҳисобланган умумий қиймати 1 274 483 000 сўмлик кўчмас мулкка қаратишни сўраган.

Суднинг ажрими билан ишга хусусий акциядорлик тижорат банки даъвогар сифатида жалб қилинган.

Денов туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан юқоридаги кредит қарздорликлару ундирилиб, ундирув гаров мулки ҳисобланган кўчмас мулкка қаратилиб, суд харажатлари жавобгар зиммасига юклатилган.

Ишни Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида қайта кўриш жараёнида суд мажлисида иштирок этган тадбиркорлик субъекти вакили жамиятдаги молиявий қийинчиликлар сабабли кредит қарздорлигини ўз вақтида тўлаш имкони бўлмаганлиги, ҳозирги пайтда кредит қарздорликларини қисман қоплаганлиги, агар имкон берилса, муддати ўтган кредит қарздорлигини тўлиқ тўлаб беришини, ҳозирги пайтда ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўймоқчилигини айтиб, суддан тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш учун имкон беришни сўраган.

Судлов ҳайъати томонидан биринчи инстанция суди даъво аризасини қисман қаноатлантириш тўғрисида барвақт хулосага келганлиги, ишни мазмунан кўриб чиқишда процессуал ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилганлиги аниқланди.

Жумладан, даъво аризаси юридик шахс ҳисобланмайдиган банк филиали манфаатида киритилганлиги, биринчи инстанция суди томонидан процессуал қонунчилик талабларига зид равишда ишга юридик шахс ҳисобланадиган хусусий акциядорлик тижорат банки даъвогар сифатида жалб қилинганлиги аниқланиб, суднинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво аризаси юзасидан иш юритишни тугатиш тўғрисида янги қарор қабул қилинди ҳамда тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Энди тадбиркорлик субъектида ўзи кредит олган тижорат банки билан ўзаро музокаралар олиб бориб, муддати ўтган кредит қарздорлигини тўлиқ тўлаш ва тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш имконияти пайдо бўлди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик субъектлари иштирокида кўрилаётган ҳар бир даъво аризаси қонун ҳужжатлари асосида синчковлик билан кўриб чиқилиши, ишни кўриш жараёнида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қўллаб-қувватланиши ҳамда уларнинг иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш учун қонун доирасида барча зарурий чоралар кўрилиши билан бирга, уларда амалдаги қонунларга нисбатан ҳурматда бўлиш ҳамда шартнома интизомига риоя қилиш муносабати шакллантириб борилмоқда.

АСҚАР МАМАРАИМОВ,

Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси

ЯНГИ ҚОНУН ҲАҚИДА АҲОЛИ ХАБАРДОР ҚИЛИНДИ

Жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман суди ташаббуси билан тумандаги “Мирзо Улуғбек” маҳалла фуқаролар йиғинида Пробация назорати остида турувчи шахслар билан маърифий-ҳуқуқий тарғибот тадбир ўтказилди.

Тадбирда иштирокчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида жорий йилнинг 26 сентябр куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1084-сон Қонунининг мазмун-моҳияти иштирокчиларга тушунтирилди.

Мазкур Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодекси нормаларига қўшимча ҳамда ўзгартиришлар киритилди.     

Жумладан, Жиноят-процессуал кодексининг 4021-моддасида ёпиқ суд мажлиси маълумотларини ошкор қилмаслик мажбурияти баён этилиб, унда ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисида ажрим чиқарилганда ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар суд муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик тўғрисида огоҳлантирилиб, улардан тилхат олиниши, тилхатда мазкур мажбуриятни бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 239-моддасига мувофиқ жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантириш ҳам акс эттирилиши белгиланди.

Ушбу Қонун асосида Жиноят кодексининг 239-моддааси янги таҳрирда баён этилиб, унда суриштирув, дастлабки тергов ёки ёпиқ суд мажлиси маълумотларини ошкор қилиш;

Суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг рухсатисиз, шунингдек ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик мажбурияти ўз зиммасига юклатилган шахс томонидан уларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Тадбир якунида кун тартибидаги мавзу юзасидан иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларига туман суди раиси томонидан атрофлича жавоблар берилди.

ТОЛИБ ТИЛАВОВ,

Жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман суди раиси

ДАРАХТЛАРНИ КЕСГАНЛИГИ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК МУҚАРРАР

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасига кўра, ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга.

Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.

Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.

Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

Экология, атроф-муҳитга зарар етказиб, дов дарахтларни кесганлик учун қонунда базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш беш бараваригача жарима жазоси назарда тутилган бўлса-да, айрим фуқаролар томонидан дарахтларни кесиб, табиатга зарар етказиб келганлиги чун жавобгарликка тортилмоқда.

Жумладан, Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Ангор туман бўлимининг
23.09.2025 йилдаги тегишли маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорига кўра, Рустам Абдуллаев (исм-фамилияси ўзгартирилган)  2025 йил 23 сентябрь куни ўзининг яшаш уйининг орқа томонидаги ариқ ёқасидаги қуриб ўсувчанлигини юқотган 2 туп анор дарахтини белгиланган тартибда рухсат олмасдан кесганлиги аниқланган ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан жарима жазосига тортилган.

Шундан сўнг ҳуқуқбузар Рустам Абдуллаев судга шикоят билан мурожаат қилиб, маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарори бўйича жаримани тўлашга моддий имконияти ва шароити йўқлигини инобатга олиб, жарима миқдорини камайтириб беришни сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судида ўтказилган суд мажлисида ҳуқуқбузар ҳақиқатдан ҳам у юқорида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганлигига иқрорлик билдириб, ҳозирда қилмишидан пушаймонлигини, у томонидан кесилган дарахти қуриб қолганлиги учун кесганлиги, экологияга зарар етказмаганлигини, ишсизлиги учун жаримани тўлашга имконияти йўлигини баён қилиб, суддан унинг оилавий шароити моддий томондан оғирлигини инобатга олиб, унга нисбатан тайинланган жаримани енгиллаштириб беришни сўради.

Суд ҳуқуқбузарнинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, у томонидан кесилган икки туб анор дарахти қуриб, ўсувчанлигини йўқотганлигини, экологияга зарар етказилмаганлигини, ҳозирда ишсизлигини, моддий аҳволини, оилада ягона боқувчилигини инобатга олиб, ҳуқуқбузарга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан тайинланган жарима миқдорини камайтириш ҳақида қарор қабул қилди.

Экология ва атроф-муҳитни асраш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини ҳис этиб яшаш, табиатни асраш ўзимиз ва келажак авлод учун ғамхорликдир.

ХАДИЧА РАХИМОВА,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди тергов судьяси

ОИЛАЛАРНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎЛИДА…

Дарҳақиқат, Конституциямизда оила жамиятнинг асосий бўғини экани, давлат оиланинг тўлиқ ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитларни яратиши, оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши қатъий белгилаб қўйилган.

Давлатимиз раҳбарининг бир қатор фармон ва қарорларида ҳам бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни изчил давом эттириш талаби ўз ифодасини топган.

Суд амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, бир оилага дарз кетиши натижасида судларда никоҳдан ажратишдан тортиб болалар таъминоти, уларни тарбияси билан боғлиқ, мол-мулк, уй-жой низолари билан боғлиқ занжирли фуқаровий низолар кун сайин кўпайиб бормоқда.

Энг ачинарлиси дарз кетган оиладаги эр-хотиннинг шунингдек, улар томонида бўлган қариндош-уруғлар ва қуда-андалар ўртасида оилавий низолар борган сари кучайиб, оқибатда маъмурий ҳуқуқбузарликлар, улар кетидан эса жиноий ҳолатлар содир бўлмоқда. Бу эса жамиятимизда барчани эътибор қаратиши лозим бўлган ташвишли ҳолат ҳисобланади.

Чунки, бу эътибор талаб қилаётган оилаларда ҳам давлатимиз келажаги бўлган бегуноҳ фарзандлар камолотга етмоқда. Шундай экан оилавий ажрашишларнинг олдини олиш нафақат бунга масъул бўлган яраштириш комиссиялари балки кенг жамоатчилик фаоллигини ҳам оширишни талаб этади.

Куни кеча  Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида маҳалла тизимини янада такомиллаштириш, жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, оилалар мустаҳкамлиги, ёшлар тарбияси, эрта никоҳ ва ажримлар профилактикаси ҳам маҳалла фаолиятининг устувор йўналиши этиб белгиланди.

Сурхондарё вилоят суди ташаббуси билан Шеробод туманида кенг жамоатчилик иштирокида ажрим ёқасига келиб қолган оилалар муаммосини ўрганиш ҳамда уларга ечим топиб, оилаларни тиклашга қаратилган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ва туманлараро судлари судьялари, ҳамкор ташкилотлар: туман Оила ва хотин-қизлар бўлими, ички ишлар бўлими, нуроийлар ҳамда уларнинг туман (шаҳар) бўлимлари масъуллари, шунингдек соҳага алоқадор идоралар масъуллари иштирок этди. 

Ушбу тадбирга фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди иш юритувида бўлган никоҳдан ажратиш билан боғлиқ, ўз ўрнида судлар томонидан эр ва хотинларга ярашиш учун муҳлатлар берилган эр-хотинлар ва уларнинг яқин қариндошлари таклиф қилинди.

Жараёнда судьялар ва ҳамкор ташкилотлар масъуллари томонидан ажрим ёқасига келиб қолган оилаларга уларнинг оиласини ажрим ёқасига олиб келган сабаблар ва бунга замин яратган шарт-шароитлар, буларнинг ҳуқуқий оқибатлари, ечимлари, шунингдек бу каби ҳолатлар фарзандлар тарбиясига ҳамда давлат ва жамият ривожига салбий таъсири ҳаётий мисоллар орқали батафсил тушунтириб берилди. 

Шунингдек, тадбир давомида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Олий суди буюртмасига асосан ҳаётий жараён акс этган қисқа метражли фильм намойиш қилинди.

Тадбир якунида эса масъуллар томонидан таклиф этилган ҳар бир ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан алоҳида-алоҳида суҳбатлар ўтказилди. Натижада суднинг иш юритувидаги 6 та ажрим ёқасига келиб қолган оилалар яраштирилиб, уларнинг оилавий ришталари тикланди. Қолган оилаларга эса уларга белгиланган муддатларда ярашиш ва оилаларни тиклаш чораларини кўришлари юзасидан тавсиялар берилди.

Зотан, бир болага етти маҳалла ота-она деб бежизга айтишмаган. Кези келганда ёшлар бизнинг ўгитимизга муҳтожлигини ёдимиздан кўтармаслигимиз керак.

БАҲОДИР ДЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари –

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

ОИЛАДАГИ ЗЎРАВОНЛИК – МИЛЛАТ ШАНИГА ДОҒ

Жамиятимизда биринчи галда “Ватан” тушунчаси устувор бўлса, иккинчи ўринда оила ҳам муқаддас даргоҳ сифатида доимо эъзозлаб келинган. Дарҳақиқат, ўтган асрнинг 30-йилларида миллий тараққиёт ҳаракатининг кўзга кўринган вакилларидан бўлган Абдурауф Фитрат ўзининг “Оила” асарида оила асосини тўғри қуриш, оилада ёш авлодга жисмоний, ақлий ва ахлоқий таълим ва тарбия бериш орқали турғунликдаги жамиятни ислоҳ қилиш мумкинлигини баён қилиб, “Миллат тақдири мана шу миллат вакиллари яшаган оиланинг ҳолатига боғлиқдир. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва тартибли бўлади” деб эътироф этган.

Албатта, замон бир жойда тургани йўқ, доимо ривожланиб бормоқда. Бундан 30-40 йил олдин комьютер, уяли телефон, интернет деган тушунчалар сизу бизга бегона эди. Бугун булар шунчалик оммалашиб кетдики, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қила олмайдиган бўлиб қолдик. Табиийки, мана шулар билан “оммавий маданият” деган тушунча ҳам кириб келди ва яшаш тарзимизга, урф-одату қадриятларимизга гоҳида ўзининг салбий таъсирини ҳам кўрсатмоқда.

Буларнинг акс-садосини, энг аввало, “Зангори экран” орқали тез-тез намойиш этилаётган эр ўз хотинини уриб ўлдиргани, ака-ука, ҳатто ота-бола ўртасида муроса қочиб, жиноят юз беришигача етиб бораётгани ва бошқа кўпдан-кўп оилавий зўравонликлар акс эттирилган ҳолатлар орқали кўриб била турибмиз.

Ваҳоланки, инсоннинг оиласи тинч, яқинлари соғ-саломат бўлсагина ҳотиржам яшай олади.

Жумладан, кейинги вақтларда маҳалла билан давлат ўртасида кўприк вазифасини ўтай оладиган қатор янги тизимлар яратилдики, буларнинг барчаси биринчигалда оилани мустаҳкамлаш, тинчликни таъминлашдек эзгу тамойилга эгалиги билан аҳамиятли бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 18 февралда “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5938-сонли Фармони эълон қилиниб, ҳаётга тадбиқ этиб келинмоқда. Худди шу куни Президентимиз Фармони ортидан “Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 4602-сонли қарорини ҳам имзолади.

Албатта, глобаллашув жараёнида маҳалла ва оилани янада қўллаб-қувватлашга қаратилган юқоридаги жиддий саъй-ҳаракатлар ўзининг самараларини бермоқда. Жойлардаги кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, ажримларни олдини олиш, жиноятчиликка қарши профилактик тадбирларни кучайтириш, хотин-қизлар, ёшларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган ҳаракатлар давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Зеро, жамиятимиз тараққий этиб борар экан, бугунги кунда “Никоҳ шартномаси” ҳам аста-секин истеъмолимизга кириб, оммалашиб бормоқда. Гарчанд, ривожланган Европа мамлакатларида никоҳ шартномасига жуда кўплаб оилалар риоя этсаларда, никоҳ шартномаси сизу биз учун ҳозирча оммалашмаган янгиликдир.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, оиладаги зўравонликнинг юзага келиши, энг аввало, оиладаги муҳит, таълим-тарбиянинг нечоғлик мукаммал эмаслиги билан изоҳланмоқда.

ОЙБЕК ЖУМАНОВ,

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

ЖИСМОНИЙ ШАХС БАНКРОТЛИГИ

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги 2022 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-763-сон Қонунининг 14-боби “Жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги” деб номланган бўлиб, 2023 йилнинг 1 январдан эътиборан кучга кирган.

Мазкур Қонунга кўра, қарздор жисмоний шахснинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор жисмоний шахс томонидан бажарилмаган ҳамда қарздор жисмоний шахсга нисбатан талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз баробарини ташкил этса, қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари ҳисобланади.

Қарздор жисмоний шахс банкрот деб топилган ва унинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомили бошланган кундан эътиборан:

-тугатиш массасини ташкил этувчи мол-мулкка нисбатан барча ҳуқуқлар, шу жумладан уни тасарруф этишга доир ҳуқуқ жисмоний шахс номидан фақат молиявий бошқарувчи томонидан амалга оширилади;

-тугатиш массасини ташкил этувчи мол-мулкка нисбатан жисмоний шахс томонидан (молиявий бошқарувчининг иштирокисиз) тузилган битимлар ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди. Жисмоний шахснинг ўзи (молиявий бошқарувчининг иштирокисиз) шахсан тузган битимлари бўйича кредиторларнинг талаблари тугатиш массаси ҳисобидан қаноатлантирилмайди;

-жисмоний шахснинг мол-мулкига илгари қўйилган тақиқлар ва жисмоний шахснинг мол-мулкини тасарруф этишга доир бошқа чекловлар олиб ташланади;

-неустойкаларни (жарималарни, пеняларни) ва бошқа молиявий санкцияларни, шунингдек жисмоний шахснинг барча мажбуриятлари бўйича фоизларни ҳисоблаш тугатилади, бундан жорий тўловлар мустасно.

-қарздор жисмоний шахснинг мол-мулкка, шу жумладан кўчмас мулкка ва қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишни ёки бошқа шахс зиммасига юклатишни рўйхатдан ўтказиш фақат молиявий бошқарувчининг аризаси асосида амалга оширилади. Жисмоний шахснинг ушбу санага қадар берилган аризалари ижро этилмайди.

Жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва унинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини бошлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан кейинги бир иш кунидан кечиктирмай жисмоний шахс ўзида мавжуд бўлган барча банк карталарини (ПИН-кодни кўрсатган ҳолда) молиявий бошқарувчига топшириши шарт. Улар олинган кундан кейинги бир иш кунидан кечиктирмай молиявий бошқарувчи пул маблағларини қарздор жисмоний шахснинг алоҳида ҳисобварағига ўтказиш учун ўзи олган банк карталари билан боғлиқ операцияларни тўхтатиб туриш чораларини кўриши шарт.

Кредиторлар талабларининг реестрига киритилган талаблар қуйидаги тартибда қаноатлантирилади:

-биринчи навбатда – фуқароларнинг ҳаётига ёки соғлиғига зарар етказганлик учун жавобгарлик бўйича талаблар, шунингдек алиментлар ундиришга доир талаблар;

-иккинчи навбатда – меҳнатга оид муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар;

-учинчи навбатда – бошқа кредиторларнинг талаблари.

Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тамомланганидан кейин молиявий бошқарувчи судга жисмоний шахснинг мол-мулкини сотиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботни, жисмоний шахснинг мол-мулки сотилганлигини ва кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини, шунингдек кредиторларнинг қаноатлантирилган талаблари миқдорини кўрсатган ҳолда кредиторларнинг талаблари реестрини тақдим этиши шарт.

Жисмоний шахснинг мол-мулкини сотиш якунлари ҳақидаги ҳисоботни кўриб чиқиш натижаларига кўра суд жисмоний шахснинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини тамомлаш тўғрисида ажрим чиқаради.

Жисмоний шахс кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тамомланганидан кейин жисмоний шахснинг мол-мулки етарли эмаслиги сабабли кредиторларнинг қаноатлантирилмаган талабларини, шу жумладан жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ёки жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва унинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомили жорий этилаётганда кредиторларнинг билдирилмаган талабларини бажариш мажбуриятидан озод этилади.

Жисмоний шахсни мажбуриятлардан озод этишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилмайди, агар:

-тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда жисмоний шахснинг ғайриқонуний ҳаракатлари оқибатида қасддан тўловга қобилиятсизликни вужудга келтирганлиги ёки тўловга қобилиятсизликни яширганлиги учун ушбу шахсни жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида суднинг қонуний кучга кирган ҳужжати мавжуд бўлса;

-жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлигини кўриб чиқаётган судга жисмоний шахс зарур маълумотларни тақдим этмаганлиги ёки била туриб сохта маълумотлар тақдим этганлиги далиллари аниқланган ва бу далиллар жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш чоғида қабул қилинган тегишли суд ҳужжати билан тасдиқланган бўлса;

-кредиторнинг ёки тегишли ваколатли органнинг талаблари юзага келган ёки бажарилаётган даврда қарздор жисмоний шахснинг қонунга хилоф ҳаракатлари, шу жумладан фирибгарлик, қарзларни тўлашдан асоссиз равишда бўйин товлаш, солиқлар ва йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш, шунингдек кредит олаётганда кредиторга била туриб сохта маълумотлар тақдим этиш, мол-мулкни яшириш ёки қасддан йўқ қилиш исботланган бўлса.

Жисмоний шахсга нисбатан мол-мулкни сотиш тартиб-таомили тамомланган ёки тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш юритиш тугатилган санадан эътиборан беш йил ичида ушбу шахс ўзига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш қўзғатилганлиги ҳақидаги фактни маълум қилмасдан туриб ўз зиммасига кредит шартномалари ва (ёки) қарз шартномалари бўйича мажбуриятларни қабул қилишга ҳақли эмас.

Жисмоний шахсга нисбатан мол-мулкни сотиш тартиб-таомили тамомланган ёки тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни юритиш тугатилган санадан эътиборан беш йил ичида ушбу жисмоний шахснинг илтимосномасига кўра тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилиши мумкин эмас.

Жисмоний шахснинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомили тамомланганидан кейин суд тўлов муддати етиб келган, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни юритиш жараёнида билдирилмаган талаблар бўйича ижро варақасини қонунчиликда белгиланган тартибда беради.

Келишув битимини тузиш жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни юритишни тугатиш учун асос бўлади.

Келишув битими суд томонидан тасдиқланади.

Келишув битими тузилган тақдирда жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш режасининг бажарилиши, шунингдек кредиторларнинг талабларини қаноатлантиришга доир мораторийнинг амал қилиши тугатилади.

Келишув битими тузилганлиги муносабати билан жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни юритиш тугатилганда:

-молиявий бошқарувчининг ваколатлари тугатилади;

-жисмоний шахс ёки келишув битимида иштирок этаётган учинчи шахс кредиторлар олдидаги қарзни тўлашга киришади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ушбу қонун жисмоний шахсларни банкрот, яъни тўловга қобилиятсиз деб топишга хизмат қилмасдан, балки жисмоний шахсларнинг тўлов қобилиятини ҳар томонлама тиклаш имконияти мужассамлигини кўриш мумкин.

ТЎРА Алимардонов,

Денов туманлараро иқтисодий суди судьяси

ФУҚАРОЛАР ЎЗ-ЎЗИГА ЮРИДИК ХИЗМАТ КЎРСАТИШИ МУМКИНМИ?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек “Адолат бўлмаса – тараққиёт бўлмайди, қонун устуворлиги таъминланмаса – эркин ҳаёт бўлмайди.”

Дарҳақиқат, ҳуқуқий давлат барпо этишда ҳар бир фуқаронинг ўз ҳуқуқларини билиши ва уларни мустақил ҳимоя қила олиш қобилияти беқиёс аҳамиятга эга. Айни шу нуқтада савол туғилади: фуқаролар ўз-ўзига юридик хизмат кўрсатиши мумкинми? Мазкур саволга ҳуқуқий асослар, суд амалиёти ва давлат томонидан яратилан ҳуқуқий электрон платформаларга таяниб жавоб берамиз.

Фуқаролик процессуал кодекси 22-моддасига кўра, ҳар бир шахс судга ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида мустақил равишда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Фуқаролик процессуал кодекси 69-моддасида вакиллик масаласи тартибга солинган: фуқаро ўз манфаатларини судда шахсан ёки вакил орқали ҳимоя қилиши мумкин. Бу норма оддий фуқаролик даъволарида адвокат ёллаш мажбурий эмаслигини англатади.

Шунингдек, Иқтисодий процессуал кодекси 41-моддаси асосан иқтисодий судга даъво аризасини тарафлар ўзлари ёки вакиллари орқали топширишлари мумкин. Демак, тадбиркор ёки ташкилот раҳбари судга мурожаат қилиш учун адвокат ёллашга мажбур эмас. Иқтисодий процессуал кодекси 63-моддасида эса вакиллик тартиби белгиланган. Лекин бу фақат вакил жалб этилган ҳолларда татбиқ қилинади.

“Адвокатура тўғрисида”ги қонунда адвокатнинг ваколатлари ва фаолият тартиби белгиланган бўлиб, унда фуқароларнинг адвокат ёллаш ҳуқуқи борлиги қайд этилади, бироқ мажбурийлик фақат айрим махсус ишлар (масалан, жиноят ишлари) учун амал қилади.

Бундан ташқари, фуқаролар учун электрон ҳуқуқий манбалар ҳам мавжуд.

  1. Lex.uz – Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари миллий базаси бўлиб, унда барча қонунлар, фармонлар ва қарорлар бепул очиқ. Фуқаро исталган вақтда керакли ҳуқуқий нормани топиб, ўзи учун ҳуқуқий хизмат кўрсатиши мумкин.
  2. Sud.uz – Ўзбекистон Республикаси Олий Суднинг расмий веб-сайти. Сайтда юзга яқин даъво аризаси ва аризалар намунаси мавжуд. Масалан, никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, қарзни қайтариш, мол-мулкни бўлиш каби ариза шаклларини оддий фуқаро бепул юклаб олиши мумкин. Ушбу ҳужжатлар Word форматида тақдим этилади, фуқаро уларни таҳрир қилиб, шахсий ҳолатига мослаштириб судга шахсан ўзи бориб, почта орқали ёхуд электрон шаклда ўзининг суд тизимидаги шахсий кабинети, cabinet.sud.uz орқали электрон топшириши мумкин.
  3. Cabinet.sud.uz – ҳар бир фуқаронинг “ADOLAT” ахборот тизимлари комплекцида шахсий кабинети. Эндиликда фуқаролар исталган жойдан туриб, исталган судларга даъво аризалар, ариза ва илтимосномалар киритиши, уларнинг ҳолатини билиши, суд мажлиси куни, вақти ва жойи ҳақида маълумотга эга бўлиши, суд ҳужжатларини, жумладан тарафлар томонидан иш агар электрон киритилган бўлса даъво аризаси ва унга илова ҳужжатлар, чақирув қоғозлари, ҳал қилув қарори, ажримлар ва устхатлар, сўров хатлари, шикоятлар, ижро варақаси ёки суд буйруқлари, ижро ҳужжатининг ижрога юборилганлиги ва бошқа ҳужжатларни электрон шаклда юклаб олиши мумкин.

Шунингдек, порталда давлат божи ҳисоблаш калкулятори, электрон мурожаат қилиш имкониятлари мавжуд.

Бундан ташқари, суд-ҳуқуқ соҳасида сунъий интеллект асосида маслаҳат берувчи чат-бот ишга тушурилган.

  • Yurxizmat.uz – Юридик хизматлар yaгона электрон тизими. Ушбу платформа Адлия вазилги қошидаги “ADOLAT” миллий-ҳуқуқий ахборот маркази томонидан ишлаб чиqилган ва ўз-ўзига юридик хизмат кўрсатишга мўлжалланган ягона тизим. Платформа фуқароларга шартнома, даъво аризаси, шикоyaт каби ҳужжатларни конструктор тизими орqали автоматик тайёрлаб беради. Масалан, Етказилган зарарни ундириш тўғрисида даъво аризаси”ни тайёрлаш учун фойдаланувчи суд номи, даъвогарнинг ва жавобгарнинг маълумотлари, зарар суммаси каби майдонларни киритади. Тизим ҳужжатни тайёр ҳолда чиқариб беради.

Платформада турли шартнома намуналари ҳам мавжуд: хизмат кўрсатиш шартномаси, ижара шартномаси, туристик хизмат шартномаси ва ҳоказо. Энг муҳими, асосий функсиyaлар бепул бўлиб, фуқароларга адвокат ёрдамисиз ҳам ҳужжат тайёрлаш имконини беради.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, lex.uz, sud.uz, cabinet.sud.uz ҳамда yurxizmat.uz платформалари фуқароларга ҳуқуқий ҳужжатларни мустақил тайёрлаш имконини беради. Ҳар бир фуқаро шуни ёдда тутиши керакки, қонун барча учун баробар ва Конституциямизнинг 15-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасида Конституция ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

Яъни барча давлат органлари фойдаланадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан барча эркин фойдаланиши мумкин. Хулоса ўрнида айтиш керакки, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнида ўз-ўзига бепул юридик хизмат кўрсатиши мумкин. Демак, ҳар бир фуқаро фуқаролик ва иқтисодий судларга оид кўплаб масалаларда ўз-ўзига юридик хизмат кўрсатиши мумкин ва бу хизмат амалда мутлақо бепулдир.

АБДУЛАЗИЗ БЎРИЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди девонхона мудири

СУД ТИЗИМИДА СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

Жорий йилнинг 21 август куни «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-140-сонли Фармон қабул қилинди.

Янги фармонга кўра, суд тизими рақамлаштирилиб, сунъий интеллект ёрдамида ариза ва ҳужжатлар автоматик тарзда шакллантирилади.

Фармонда суд ишларини қоғоз шаклидан бутунлай воз кечиб, босқичма-босқич электрон тарзга ўтказиш белгиланган. Судга ариза берган шахс сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг эҳтимолий натижасини ва харажатларини олдиндан билиши мумкин бўлади. Бу эса мурожаатларнинг самарадорлигини ошириш ва фуқароларнинг вақт ҳамда маблағини тежашга хизмат қилади.

Шунингдек, мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади, ҳужжатлар эса автоматик равишда шакллантирилади. Бу жараён учун зарур техник инфратузилма яратилади, Олий суд ахборот тизимида суд ҳужжатлари архиви модули ишлаб чиқилади. Судялар ва ходимларнинг рақамли саводхонлигини ошириш мақсадида «Киберҳуқуқ» йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказилади.

Бундан ташқари, мазкур Фармонга кўра, 2025 йил 1 декабрдан фуқаролар, адвокатлар ва юристлар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилади. Йил якунигача суд ҳужжатларини автоматик тайёрлайдиган дастур яратилиши режалаштирилган. Шу каби, 2026 йилдан my.sud.uz порталининг янги интерактив хизматлари ишга туширилади. Сунъий интеллект асосидаги виртуал маслаҳатчи фуқароларга ҳуқуқий масалаларда йўл-йўриқ кўрсатади ҳамда суд маълумотларини автоматик етказади.

Cуд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузига, жумладан суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг нуфузи ошишига ҳам муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

АЪЗАМБЕРДИ АЛИКУЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди тергов судяси

Skip to content