ҚАЙТАРМА ИЖРО БУ НИМА?

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексининг 458-моддасида қайтарма ижро тушунчаси таъриф берилган. Унга кўра, ижро этилган суд ҳужжати ўзгартирилган ёки бекор қилинган ва иш янгидан кўриб чиқилганидан кейин талабларни қаноатлантиришни тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган ёки иш юритишни тугатиш тўғрисида ёхуд аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилган тақдирда, ўзгартирилган ёки бекор қилинган суд ҳужжати бўйича жавобгардан даъвогарнинг фойдасига ундирилган нарсаларнинг барчаси жавобгарга қайтариб берилиши керак (ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси).

Агар ижро этилмаган суд ҳужжати бекор қилинган ёки ўзгартирилган бўлса ва даъвони тўлиқ ёхуд қисман рад этиш тўғрисида янги суд ҳужжати қабул қилинган бўлса ёки ишни юритиш тугатилган ёки даъво кўрмасдан қолдирилган бўлса, суд суд ҳужжатининг бекор қилинган ёхуд ўзгартирилган тегишли қисми бўйича ундиришни тўлиқ ёки қисман тугатиш тўғрисидаги суд ҳужжатини қабул қилади.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала биринчи инстанция суди, апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси суди томонидан ҳал қилиниши тартиби қуйидагича.

Яъни, иш янгидан кўриш учун ўзига топширилган суд ўз ташаббуси билан қайтарма ижро тўғрисидаги масалани кўриши ва уни янги суд ҳужжатида ёки ажримида ҳал қилиши шарт бўлиб, шу билан иш юритиш тамомланади.

Ишни янгидан кўраётган суд бекор қилинган суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилмаган тақдирда, жавобгар бу судга қайтарма ижро тўғрисида ариза беришга ҳақли. Бу ариза ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда, суд мажлисида кўрилади. Бироқ бу шахсларнинг келмаганлиги суд олдига қўйилган масаланинг ҳал этилиши учун тўсқинлик қилмайди.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза давлат божи тўланмаган ҳолда умумий даъво муддати ичида берилиши мумкин.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд томонидан кўрилади.

Аризага илгари қабул қилинган суд ҳужжатининг ижросини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала бўйича суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда, суд ундирилган пул маблағларини, мол-мулкни ёки унинг қийматини қайтариш учун ижро варақаси беради.

Апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси суди ҳуқуқ тўғрисидаги низони узил-кесил ҳал қилса ёки иш юритишни тамомласа, суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилиши ёхуд уни ҳал қилиш учун биринчи инстанция судига топшириши шарт.

Агар юқори турувчи суднинг ажримида суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала бўйича ҳеч қандай кўрсатма бўлмаса, жавобгар биринчи инстанция судига тегишли ариза беришга ҳақли. Биринчи инстанция суди бу аризани ушбу Кодекснинг 459-моддаси қоидаларига биноан кўриб чиқади ва ҳал қилади.

Меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича пул суммаларини ундириш тўғрисидаги, интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун ҳақ ундириш ҳақидаги, алиментлар ундириш тўғрисидаги, майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача шикаст етганлик, шунингдек боқувчининг вафот этиши натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги ишлар бўйича суд ҳужжатлари бекор қилинган тақдирда, агар бекор қилинган суд ҳужжати даъвогар берган сохта маълумотларга ёхуд у тақдим этган қалбаки ҳужжатларга асосланган бўлса, суд ҳужжатининг қайтарма ижросига йўл қўйилади.

Таъкидлаш жоизки, иш янгидан кўриш учун ўзига топширилган суд ўз ташаббуси билан қайтарма ижро тўғрисидаги масалани кўриши ва уни янги суд ҳужжатида ёки ажримида ҳал қилиши шарт бўлиб, шу билан иш юритиш тамомланади. Шунингдек, апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси суди ҳуқуқ тўғрисидаги низони узил-кесил ҳал қилса ёки иш юритишни тамомласа, суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилиши ёхуд уни ҳал қилиш учун биринчи инстанция судига топшириши шартдир.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

СУДЬЯЛАР ОДОБИ КОДЕКСИ

Судьялар касбининг нуфузи ва холислигини таъминлашда «Судьялар одоби кодекси» муҳим ҳужжат ҳисобланади. Мазкур кодекс судьяларнинг касбий одоб-ахлоқ қоидаларини белгилаб беради ҳамда уларнинг фаолиятида юзага келадиган ахлоқий масалаларни ҳал этишда йўл-йўриқ вазифасини ўтайди.

Ушбу Кодекс уч тилда – ўзбек (лотин ва кирилл алифбосида), рус ва инглиз тилларида чоп этилган бўлиб, унда судьянинг холислиги, мустақиллиги, қонун устуворлигини таъминлаши, шахсий ва касбий юксак одоб-ахлоқ талабларига риоя қилиши каби масалалар қамраб олинган.

Кодексга илова сифатида чоп этилган иккинчи китоб – «Судьялар одоби кодексига шарҳлар» – мазкур кодекс моддаларига аниқ ва муфассал изоҳлар келтирилган манба ҳисобланади. Унда амалиётда юзага келадиган воқеалар мисолида кодекс нормаларини тўғри талқин этиш бўйича тавсиялар берилган. Бу икки китоб судьялар учун фаолиятида доимий дастуриламал вазифасини ўташи лозим. Чунки, судья нафақат қонунга, балки жамиятдаги ахлоқий мезонларга ҳам амал қилган ҳолда иш юритиши зарур. Шу жиҳатдан, ушбу адабиётлар ҳар бир судьянинг иш столида бўлиши даркор.

РУҲИДДИН ПИРНАЗАРОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди судьяси

ЖИНОЯТГА ЖАЗО МУҚАРРАР

очерк

Эндигина 23 ёшни қаршилаган Нодир Хасанов (исм фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам ўғирлик жиноятини содир этиб судланганидан ўзига тегишли хулоса чиқармади. Нега? дейсизми, у сўнгги бор содир этган ўғирлик жинояти учун панжара ортида умрини ўтказган бўлса ҳам, буни оқибатини тушунмади.

Нодир ўзининг ўша касби ўғирлик қилиш мақсадида, 2023 йил 6 декабрь куни соат 0900ларда юмушлари билан Термиз шаҳрида жойлашган 11506-сонли ҳарбий қисмнинг орқа томонидан ўтиб кетаётиб, ҳарбий қисмга кириш эшигининг олдида турган Мухтор Номозовга тегишли бўлган “velomax” номли велосипедни олади-ю, атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, жуфтакни рослайди.

Тезкор-тергов қидирув ишлари олиб бориш жараёнида 23 ёшли қахрамонимиз Нодир Хасанов ушланиб, ҳибсга олинади.

Бу гал ҳам Нодир суд залида қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, ўзига енгиллик беришни сўради.

Суд эса, жабрланувчининг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, унининг қилмишига яраша жазо тайинлади.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг ҳукми билан юқорида содир этган жинояти ва аввалги жинояти учун ўталмай қолган жазосини ҳисобга олиб, узил-кесил ўташлик учун 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади ва жазони қаттиқ колонияларда ўташ белгилади.

Ҳаётда сўқир кўзи очилмайдиган, қилмишларидан тегишли хулоса чиқариб олишни хаёлига келтирмайдиган кимсалар ҳам учраб туради.

Хулоса шуки, жиноятга жазо муқаррар.

АБДУСАЛОМ МИРЗАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди раиси

ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА СУД БУЙРУҒИ БЕРИШ ТАРТИБИДА ИШ ЮРИТИШ

Суд буйруғи аризачи томонидан берилган аризани судья томонидан суд муҳокамасисиз, кредитор ва қарздорни чақиртирмасдан, уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан якка тартибда бериладиган суд ҳужжатидир.

Суд буйруғи ундирувчининг пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ёки кўчар мол-мулкни низосиз талаблар бўйича қарздордан талаб қилиб олиш ҳақидаги аризаси юзасидан судья томонидан суд муҳокамасига тайинланмасдан чиқариладиган ҳужжат.

Суд буйруғида эса умумий тартибдаги иш юритиш каби суд муҳокамасини ўтказиш учун уни ишда иштирок этувчи тараф вакилларини хабардор қилиш, уларнинг иштирокини таъминлаш, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаш, суд мажлиси баённомаси юритиш каби вазифаларни амалга ошириш талаб этилмайди.

Суд бўйруғи бериш асослари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 17-бобида қайд этилган.

Суд буйруғи беришнинг асосий элементларидан бири бўлиб ундаги тарафларнинг яъни кредитор ва қарздорнинг юзага келган қарздорликни ҳужжатлар асосида тан олинганлик фактининг мавжудлигидадир.

Суд буйруғи беришда кредитор томонидан биринчи навбатда қўйидаги ҳолатларга эътибор берилиши шарт бўлиб ҳисобланади. Яъни, Иқтисодий процессуал кодексининг 135-моддасида қайд этилганидек, суд буйруғи биринчидан, солиқ қарзини ундиришни юридик шахсларнинг ва фуқароларнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса, иккинчидан, коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўлови бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган талаб билдирилган бўлса, учинчидан, ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзини ундириш тўғрисида талаб билдирилган бўлса, тўртинчидан, талаб тўланмаган, акцептланмаган ва акцептга сана қўйилмаган вексель нотариус томонидан протест қилинишига асосланган бўлса ва ниҳоят бешинчидан, ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса судья томонидан якка тартибда берилади.

Албатта суд буйруғи бериш ҳақидаги ариза билан  мурожаат қилишда кредитор Иқтисодий процессуал кодексининг 136-139-моддаларида қайд этилган талабларга қатъий тартибда рия қилган бўлиши лозим. Бунда кредитор, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмунига риоя қилиши, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза судга ёзма шаклда, судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилганлигига, суд буйруғи кредитор ёки унинг вакили (ваколатларини тасдиқловчи ишончнома асосида) томонидан имзоланганлигига эътибор қаратиши лозим бўлади.

Суд буйруғи бериш ҳақидаги аризада қуйидагилар ариза берилаётган суднинг номи, кредиторнинг, қарздорнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, кредиторнинг қонун ҳужжатларига асосланган талаби, талабга асос бўлган ҳолатлар ва уларни тасдиқловчи далиллар, ундириладиган сумманинг ҳисоб-китоби, ундирув қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган кўчар мол-мулкка қаратилган тақдирда эса, ундирилаётган кўчар мол-мулкнинг тавсифи ва тўланмаган тўловлар суммасининг ҳисоб-китоби, ундирилаётган қарздорлик вужудга келган давр, илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилиши лозим. Шу билан бирга аризада кредиторнинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши ҳам мумкин.

Кредитор суд буйруғини бериш тўғрисида ариза берганида қарздорга шу аризанинг кўчирма нусхасини топшириши шарт.

Шунингдек, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага давлат божи ҳамда почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси қарздорга топширилганлигини, талабга асос бўлган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар билдирилганида суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага эса, истеъмолчи билан тузилган шартноманинг, қарздор тан олган қарз юзага келган давр кўрсатилган қарз ҳисоб-китобининг, пеня ҳисобланиши тўғрисидаги ва истеъмолчини тегишли коммуникация тармоқларидан узиш ҳақида огоҳлантириш кўрсатилган, қарзни узиш тўғрисидаги талабнинг, истеъмолчини тегишли коммуникация тармоқларидан узиш ҳақидаги ёхуд етказиб беришни технологик ёки авария захираси даражасигача чеклаш тўғрисидаги далолатноманинг кўчирма нусхалари илова қилинади.

Юқорида қайд этилган ҳолатларга эътибор қаратилгандан сўнг, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза учун судга даъво билан умумий тартибда мурожаат қилинганда низолашилаётган суммадан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ставканинг эллик фоизи миқдорида давлат божи тўланади.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш рад этилган тақдирда, ундирувчи тўлаган давлат божи ундирувчи томонидан қарздорга умумий тартибда даъво тақдим этилганда тўланиши лозим бўлган давлат божи ҳисобига ўтказилади.

Судья томонидан юқорида қайд этилган ҳолатлар инобатга олингандан сўнг, Иқтисодий процессуал кодексининг 143-моддасида қайд этилганидек, қарздор кредиторнинг талабларига қарши эътирозини суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси унга топширилган пайтдан эътиборан ўн кунлик муддатда судга тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли.

Қарздорнинг эътирозни белгиланган муддатда тақдим этмаганлиги, шунингдек унинг билдирилган талабга розилиги суд буйруғини бериш учун асос бўлади.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага эътироз қарздор ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган эътирозга ишончнома илова қилинади.

Иқтисодий процессуал кодексининг 143-моддасида қайд этилган эътирознома ўн кун муддат ичида судга ёзма ёки электрон тарзда келиб тушмаса, судья томонидан суд буйруғи кредиторга (аризанинг кўчирма нусхаси қарздорга топширилган кундан эътиборан) ўн кун ўтгач (суд буйруғининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси ёки электрон ҳужжат тарзида) берилади.

Суд буйруғи судья томонидан икки нусхада имзоланади, улардан бири ишнинг йиғма жилдида қолади, бошқаси суднинг гербли муҳри билан тасдиқланади ва кредиторга берилади. Қарздорга суд буйруғининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси юборилади.

Суд буйруғи электрон ҳужжат тарзида ҳам юборилиши мумкин.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар инобатга олинган ҳолда қарздор томонидан билдирилган талабга нисбатан эътироз билдирилмаган бўлса, судья томонидан бериладиган суд буйруғида  суднинг номи, жойлашган ери ва буйруқ берилган сана, ишнинг рақами, судьянинг фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари, талаб нима ҳақдалиги, кредиторнинг, қарздорнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, ундирилиши лозим бўлган пул суммаларининг миқдори ёки ундирув қаратилаётган, қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган кўчар мол-мулк, унинг тавсифи ва баҳоси,  ундирилаётган қарз ҳосил бўлган давр, неустойка, агар у тўланиши лозим бўлса ва қарздор томонидан тан олинган бўлса, ундирилиши лозим бўлган давлат божининг ва почта харажатларининг суммаси кўрсатилган бўлиши керак.

Суд буйруғи у берилганидан сўнг ўн кунлик муддат ўтгач қонуний кучга киради.

Суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга ва у суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда ижро этилиши лозим.

Ўз навбатида суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга эканлиги қайд этилар экан, судлар томонидан ушбу суд ҳужжатини қабул қилишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда 2013 йил 5 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Суд буйруғи бериш тўғрисидаги ишларни кўришда иқтисодий судлар томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 254-сонли қарори талабларига қаътий риоя қилиниши лозим бўлади.

АБДУЛЛА САФАРОВ,

Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

ҚИЛМИШ – ҚИДИРМИШ

очерк

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 апрелдаги “Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида”ги 532-сонли Қонуни қабул қилинган.

Маъмурий назоратнинг асосий вазифаси жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида уларга якка тартибда профилактик таъсир кўрсатишдан иборатдир.

Энди фикримизни юқоридаги қонун талабини бузган Термиз шаҳрида яшовчи Махмуд Пардаев (исм-фамилия ўзгартирилган) ҳақида юритмоқчимиз.

Махмуд содир этган ҳуқуқбузарлиги учун суд қарори билан 6 ой муддатга маъмурий назорат ўрнатилиб, кеч соат 2200дан эрталаб соат
0600 га қадар яшаш жойидан чиқиб кетиши, шунингдек ресторан, бар, кафе ва бошқа шу каби кўнгилочар жойларда бўлиши, шаҳар ҳудудидан чиқиб кетиши тақиқланиб, белгиланган кунлари рўйхатдан ўтиши мажбурияти борлигини унутди чоғи.

Нега дейсизми? У 2024 йил 20 июнь куни рўйхатдан ўтиш учун шаҳар Ички ишлар бўлимига сабабсиз келмасдан, маъмурий назорат тартибини қўпол равишда бузганлиги учун жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг қарори билан жарима жазоси тайинланади. Бу билан ҳам ўзига тегишли хулоса чиқариб олмасдан, ҳар ойнинг 15, 30 кунлари рўйхатдан ўтиш учун ички ишлар бўлими келиб учрашиш мажбурияти юклатилади. Маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг 2024 йил 15 ноябрь кунига қадар ҳеч қандай узрли сабабларсиз рўйхатдан ўтишдан бош тортиб, такроран маъмурий назорат қоидаларини бузади.

Бу ҳаракати уни яна судга етаклади. Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг ҳукми билан 1 (бир) йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Хулоса шуки, жиноятга жазо муқаррар деб бежизга айтилмаган.

АБДУСАЛОМ МИРЗАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди раиси

МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИ БУ….

Муҳтарам Президентимиз 2024 йил 5 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг Манфаатлар тўқнашуви тўғриисдаги қонунни имзолади. Мазкур Қонуннинг асосий мақсади манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Манфаатлар тўқнашуви – шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазиятдир.

Қабул қилинган ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, қонун билан қуйидаги соҳалар тартибга солинади яъни, ушбу қонуннинг амал қилиши давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига (бундан буён матнда давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.

Қонуннинг амал қилиши:

-ўз устав фондида (устав капиталида) давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан;

-ўз устав фондида (устав капиталида) ушбу модда учинчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан фақат уларнинг давлат харидлари соҳасидаги муносабатларига татбиқ этилади.

Бундан ташқари, ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи эканлиги белгиланган ва унга қуйидаги ваколатлар берилган:

-манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ахборотни ва материалларни давлат органларидан ёки бошқа ташкилотлардан сўраб олади ва ўрганади;

-давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

-давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги фаолиятини, шу жумладан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида ўрганади;

-манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда, битимни бекор қилиш, қарорни ҳамда бошқа ҳужжатни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида давлат органларига ёки бошқа ташкилотларга тақдимнома киритади ёхуд уларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга даъво киритади;

-манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг, мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарноманинг ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг намунавий шаклларини тасдиқлайди;

-давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар учун манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича услубий тавсияларни эълон қилади;

-манфаатлар тўқнашуви натижасида фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг манфаатларига етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланишига эришилиши устидан назоратни амалга оширади;

-махсус бўлинмалар ходимларининг тизимли равишда малакасини оширишни, уларда тегишли кўникмаларни шакллантиришга қаратилган ўқитишни ташкил этади;

-маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этмаганлик билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида баённомани тузади ва уни кўриб чиқиш учун судга юборади.

Таъкидлаш жоизки, махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

НУРАЛИ МУМИНОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси

ЖИНОЯТ ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАЙДИ

очерк

Маънавияти нуқсонли бўлган киши борки, хатти-ҳаракати оқибатини ўйламай  иш қилиб, жиноятчи, деган тамғани орттириб олади. Бугун эътиборингизга ҳавола этилаётган жиноят тафсилоти иштирокчи ҳам бир оилага бош, кимнингдир отаси, яна бир умидвор муштипар онанинг дилбанди,  фарзандларининг отаси, қариганимда суянч бўлади деган умидда улғайтирган ота.  

Афсуски, жиноят йўлини танлаган инсон жисмонан соғлом, тоғни урса талқон қиладиган навқирон ёшда. Бироқ, у оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтишни афзал кўрган одам. 

Фарход Чориев (исм-фамилиялари ўзгартирилган) оқ-қорани тўла ажрата оладиган бир даврда спиртли ичимлик истеъмол қилишдан ўзини тия олмасдан маҳалладошининг тўй маросимида кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, спиртли ичимликнинг ножўя таъсиридан ўзини шер билган Фарход тўйхона ҳовлисида маҳалладоши Ўктам Дониевни учратиб, у билан ҳеч бир сабабсиз тортишиб қолади. Шунда у маст ҳолда Ўктамни бош ва юз соҳасига бир неча маротаба тепиб, итариб юбориши натижасида боши билан ерга йиқилади. Шу вақтда Ўктам жойидан турмоқчи бўлган вақтда Фарход мушт билан уриб калтаклаш билан ҳовуридан туша кўрмай, яна бир неча маротаба юз соҳасига уриб, тепиб уни бу ёруғ оламдан кўз юмишига сабабчи бўлади.

Судда судланган Фарход Чориев айбига тўлиқ иқрор ва пушаймонлик билдириб, ўзига суддан қонуний енгиллик беришни сўради. 

Судланувчига Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қилмишига яраша жазо тайинланди.

Мана кўза кунда эмас, кунида синадиган кун келди. Қонуннинг қўли узун, нигоҳлари ўткир. Унинг назаридан, қатъий талабидан, қолаверса, жазодан қочиб қутилиб бўлмайди.

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси

КОРРУПЦИЯ – РИВОЖЛАНИШИМИЗГА ТЎСИҚ

Коррупция бу – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади. Коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан биридир. Аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат хизматчилари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида халқдан пора олиш, қонунга хилоф пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади. Аммо, умуман олганда, давлат амалдорларигина эмас, балки, давлат ташкилотида ишламайдиган фуқаролар ҳам коррупцияга доир муносабатларнинг иштирокчилари бўлиши, пора пул эмас, балки бошқа нарса эвазига маълум хизматни амалга оширишлари мумкин.

Демократик қадриятлар қарор топиб бораётган бир вақтда давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этилиши ҳокимиятнинг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади. Коррупциянинг маълум бир мамлакатда ривожланиши эса ўша давлатнинг таназзулига олиб келади.

Коррупция – илдизлари давлат хизматини ташкил этишдаги нуқсонларга ва давлат хизматчиларининг ўзига хос психологиясига бориб тақаладиган ижтимоий ҳодиса. Бу коррупцияга қарши аввало маъмурий-ҳуқуқий ва ташкилий-бошқарув чора-тадбирлари кўрилиши зарурлигидан дарак беради.

Шунингдек, коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқаради. “Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир.

Давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан кучли жамоатчилик назоратини амалга ошириш фуқаролик жамиятини барпо этишнинг энг муҳим шартларидан ҳисобланади. Зотан, фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолиятини жамоатчилик назорати остида эканлигини чуқур ҳис этиб бориши фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашнинг муҳим шартидир. Буни давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, биз давлатнинг назорат функцияларини қанча кучайтирсак, назорат билан шуғулланувчи давлат тузилмалари ва органларини қанча кўпайтирсак, амалдорларнинг зўравонлиги ва коррупция шунча авж олаверади.

Бугунги кунда республикамизда жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда, фош этилган коррупциячилар қаттиқ жазоланмоқда. Мамлакат ичидаги жиноятчилик доимо давлат томонидан қаттиқ назорат қилиб борилади. Жиноятчилик кенг авж олиб кетишига ва коррупциячилар домига илинган амалдорларнинг бебошлигига йўл қўймаслик мақсадида бир қатор узоқ муддатли чора-тадбирлар ишга солинган. Улар жиноятчиликка қарши кураш стратегиямизни белгилаб беради.

Таъкидлаш керакки, жиноятни жазолашдан кўра, уни олдини олиш сингари профилактик тадбирларнинг йўлга қўйилиши қай даражада оқилоналиги аллақачон исботланган. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2-моддасида жиноятларнинг олдини олиш жиноят қонунининг асосий вазифаларидан бири сифатида бежиз белгилаб қўйилмаган.

ТАХИР БЕКПУЛАТОВ,

Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман суди раиси

КУЧЛИ ТАЪСИР ҚИЛУВЧИ ДОРИ ВОСИТАЛАРИНИ СОТГАН ШАХСНИНГ ОЗОДЛИГИ ЧЕКЛАНДИ

ОЧЕРК

Орамизда шундай инсонлар ҳам борки, текин даромад топиш ниятида юради. Фақат эркаклар десак хато бўлади, чунки улар орасида аёллар ҳам бор.

Термиздаги  бозорларнинг бирида анча йиллардан буён савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланувчи Малохат Султонованинг (исм фамилиялар ўзгартирилган) савдоси ишлари яхши эди. Шундай бўлса-да, у негадир жиноий йўл билан моддий даромад кўриш истагида бўлди.

Хусусан, Малохат 2024 йилнинг январь ойида ўзига олдиндан таниш бўлмаган шахсдан “Сибутрамин, флоксетин ва фенолфталеин”, “Fatzorb” ва “Редуксин лайт” номли дори воситаларини келишилган нархда сотиб олади. Шу тариқа у олган дори воситаларини ўзи раҳбарлик қилаётган буюм бозоридаги савдо дўконининг растасига сотиш мақсадида жойлаштиради. Малохатнинг бу ҳаракатларини тезкор ходимлар пайқаб қолади. Шундан сўнг 2024 йил 19 апрель куни тезкор тадбирда таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг 3 дона металл қутида бўлган жами 108 дона капсула “Fatzorb” номли ва 1 дона металл қутида бўлган жами 36 дона капсула “Редуксин лайт” номли дори воситаларини тадбирга мижоз сифатида жалб қилинган “Х” исмли шахсга жами 450 минг сўмга сотган вақтда тадбир иштирокчилари томонидан ушланади ва ундан дори воситалари далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинади.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида ўтказилган очиқ суд мажлисида Малохат Султонованинг қилмишга лойиқ жазо берилади яъни, унинг 1 (бир) йилга озодлиги чекланди.  

Кўза кунда эмас, кунида синади, деган нақл бежиз айтилмаган. Унинг кучли таъсир қилувчи моддаларни сотиш ҳаракатларига чек қўйилди. Шу маънода қинғир ишлар билан боғлиқ воқелик якунидан судланувчи хулоса чиқариб, жиноят кўчасига қайта қадам босмаслиги учун аччиқ сабоқ бўлса, ажабмас.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

ҚОЧОҚ ОТА

очерк

Болалар соғлом ва баркамол авлод сифатида вояга етишида ота-оналар маъсул ҳамда улар ўзларининг вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларини ижтимоий таъминлашга мажбур бўлиб, ушбу мажбуриятни ихтиёрий равишда бажармаган ота-онадан алимент суднинг ҳал қилув қарори ва суд буйруғи чиқариш орқали ундирилади. 

Фикримизни бир суд жараёнига қаратсак.

Ангорлик Нозим Абдуллаевдан тегишли суд буйруғига кўра, икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун улар вояга етгунга қадар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланади. Бироқ, Нозим 2020 йил 13 октябрдан 2025 йил 5 май кунига қадар ундирилиши лозим бўлган жами 77.712.951 сўм алимент пулларини вояга етмаган фарзандлари учун тўламасдан номаълум томонга қочиб юради.

Нозимни қочоқлиги узоққа чўзилмади, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари уни ушлаб, судга олиб келинганида, ҳозирда ҳеч жойга ишламаётганлигини ва алимент қарздорлигини тўлашга имконияти йўқлигини билдиради.

Суд мажлисида жабрланувчи собиқ турмуш ўртоғи Насиба Гадоева вояга етмаган фарзандларини ота-онасининг нафақаси ҳисобидан боқиб келаётганлигини, ўзи касаллиги сабабли ҳеч қаерда ишламаётганлигини, уни устига бир нафар фарзанди ҳам бетоблигини, унга ҳозирги кунда фарзандини даволатиш учун моддий ёрдам кераклигини, қарздор собиқ турмуш ўртоғи Нозим Абдуллаев болаларини моддий таъминлашдан қочиб, алимент пулларини тўламасдан келаётганлиги сабаби унга қонуний чора кўришни сўради.

Нозим Абдуллаевнинг ушбу ҳаракати суд мажлисида аниқланган ҳолатлар қолаверса, иш ҳужжатларида тўпланган бошқа далиллар билан исботланган.

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг қарори билан қаҳрамонимиз Нозим Абдуллаевга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Шу каби, унга келгусида бу ҳаракатларини давом эттирса ва алимент қарздорлигини тўламаган тақдирда, жиноий жавобгарликка тортилиши ҳам тушунтирилди.

Хулоса қилиб айтганда, вояга етмаган фарзандларининг отаси алимент қарздорлигини тўлаш мажбуриятидан қочиб, узоққа боролмади, у ушланиб, Қонун олдида жавоб бериши ҳамда жазо муқаррарлиги таъминланди.

ХАДИЧА РАХИМОВА,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди тергов судьяси

Skip to content