НИКОҲНИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ
Оила – авлодлар давомийлиги, қадриятлар ва урф-одатларни, халқимиз маънавий меъросининг авлоддан авлодга ўтишини таъминловчи омилдир. Оила қанча мустаҳкам бўлса жамият ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади ва ривожланади.
Оила кодексининг 49-моддасига асосан қуйидаги ҳолатларда никоҳ ҳақиқий эмас топилади:
1) никоҳ тузиш ихтиёрийлиги бузилганда; Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади.
2) никоҳ ёшига етмасдан никоҳ тузилганда; Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланади. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.
3) сохта никоҳ тузилганда, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай никоҳ қайд қилдирганда;
4) никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ касаллиги) борлигини иккинчисидан яширганда, агар иккинчиси судга шундай талаб билан мурожаат этса.
Ўз ўрнида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 20.07.2011 йилдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 6-сонли Қарори
34-бандига кўра – Оила кодексининг 49-моддасида кўрсатилган никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш асослари қатъий бўлиб, уларни кенгайтириб талқин этишга йўл қўйилмайди. Бундай асосларга қуйидагилар киради:
Оила кодексининг 14 – 16-моддаларида белгиланган шартлар бузилиши;
-сохта никоҳ тузилиши, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай никоҳ қайд қилдирса;
-никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ/ОИТС касаллиги) борлигини иккинчисидан яширса.
Жумладан, агар никоҳни тузиш вақтида шахс ўз ҳаракати моҳиятини тушунмаганлиги ва уларни идора қила олмаганлиги натижасида никоҳга киришга нисбатан ўзининг ҳақиқий розилигини бермаганлиги аниқланса, никоҳ Оила кодекси 14-моддасида назарда тутилган шартлар бузилган деган асос билан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш фақат суд тартибида амалга оширилади. Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қароридан нусха берилаётганда паспортга ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатга тегишли белги қўйилади. Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида суд чиқарган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ўн кун ичида ундан кўчирма никоҳ тузилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленум қарорининг 33-бандига кўра, Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризасини қабул қилишда, судья никоҳнинг ҳақиқийлиги қандай асос бўйича низолашилаётганлигини ва даъвогар Оила кодекси 51-54 моддаларига кўра, айнан даъво аризасида кўрсатилган асос бўйича никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги масалани қўзғатиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифасига кириш-кирмаслигини аниқлаши лозим. Агар аризачи бундай шахслар доирасига кирмаса, судья унинг даъво аризасини қабул қилишни Фуқаролик процессуал кодекси 194-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан рад этади.
Қонунчилигимизга мувофиқ, никоҳ ёшига етмаган шахс билан тузилган никоҳ ҳали никоҳ ёшига етмай никоҳга кирган шахснинг манфаатлари талаб қилган ҳолларда ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Иш судда ҳал қилиниш пайтигача эр ёки хотин никоҳ ёшига етган бўлса, никоҳ фақат унинг талаби билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Эр-хотиндан бири никоҳ ёшига етмаганлиги туфайли никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги иш, агар эр-хотин (улардан бири) иш судда кўрилаётган пайтда никоҳ ёшига етмаган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органининг иштирокида кўриб чиқилади.
Фуқаролик кодексининг 16-моддасида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлганда тузилган никоҳ ҳақиқий эмас деб топилади. Яъни Никоҳ тузишга: лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида; насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида; лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди.
Агар иш ҳал қилиниш пайтигача никоҳни тузиш учун монелик қиладиган ҳолатлар тугаган бўлса, суд никоҳни ўша ҳолатлар тугаган пайтдан бошлаб ҳақиқий деб топишга ҳақли.
Фуқаролик кодексининг 16-моддасида кўрсатилган асослар бўйича никоҳни ҳақиқий эмас деб топишни эр-хотин, шу никоҳнинг тузилиши натижасида ҳуқуқлари бузилган шахслар, шунингдек васийлик ва ҳомийлик органи ҳамда прокурор талаб қилишга ҳақлидир.
Муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс билан тузилган никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишни суд васийлик ва ҳомийлик органининг иштирокида кўриб чиқади.
Мажбурлаб тузилган никоҳ жабрланувчи (унинг қонуний вакиллари) ёки прокурорнинг аризаси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Эр-хотин сохта никоҳ қайд қилдирган ва оила қурмаган бўлсалар, никоҳ ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Сохта никоҳни ҳақиқий эмас деб топишни прокурор талаб қилишга ҳақли, эр (хотин) оила қуриш мақсадисиз никоҳга кирган ҳолларда эса, бундай талаб хотин (эр) томонидан ҳам қўйилиши мумкин.
Пленум қарорининг 34-банди 6 хатбошисида, сохта никоҳ тузган шахслар иш суд томонидан кўрилгунга қадар амалда оила қурган бўлсалар, бундай никоҳ эр-хотин ҳуқуқларини қўриқлаш мақсадида сохта деб топилиши мумкин эмас.
Шуни алохида таъкидлаш лозимки, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган никоҳ тузилган вақтидан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Ҳақиқий эмас деб топилган никоҳ эр-хотин учун ушбу Оила Кодексида белгиланган шахсий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларни вужудга келтирмайди.
Никоҳи ҳақиқий эмас деб топилган шахсларнинг мулкий ҳуқуқий муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.
Никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши шундай никоҳдан туғилган ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб топилган кундан кейин уч юз кун ичида туғилган болаларнинг ҳуқуқларига таъсир этмайди.
Суд никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаришда шундай никоҳ тузилиши билан ҳуқуқи бузилган эр (хотин)ни (инсофли эр (хотин)ни) ушбу Кодекснинг 118 ва 119-моддаларига мувофиқ хотин ёки эридан таъминот олиш ҳуқуқига эга деб топишга ҳақлидир, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш вақтига қадар биргаликда орттирилган мол-мулкни бўлишга нисбатан эса, Оила Кодекснинг 23, 27 ва 28-моддаларида белгиланган қоидаларни татбиқ этишга, шунингдек никоҳ шартномасини тўла ёки қисман ҳақиқий деб топишга ҳақлидир.
Инсофли эр (хотин) ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашни фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган қоидалар бўйича талаб қилишга ҳақли. Инсофли эр (хотин) никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганда, никоҳ тузиш давлат рўйхатига олинган вақтда танлаган фамилиясини сақлаб қолишга ҳақлидир.
АКМАЛ АКРАМОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси