Қишлоқ хўжалиги кооперативи – тадбиркорликка кенг имконият

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда улар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорликнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланган қишлоқ хўжалиги тадбиркорлигини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Фермер хўжаликлари ва кластерлар фаолиятига эркин бозор тамойилларини жорий этиш, фермер хўжаликлари томонидан кластерлар билан шартнома тузиш эркинлиги ҳамда тайёрланган маҳсулотларни реализация қилишда яратилган кенг имкониятлар шулар жумласидандир.
Бироқ, бугунги кунда ижтимоий ҳаётнинг шиддат билан ривожланиши, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида фермер хўжаликлари билан бирга деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг салмоғи ҳам ортиб бораётганлиги қишлоқ хўжалиги тадбиркорлиги ва хизмат кўрсатиш соҳасига замонавий корпоратив бошқарув шаклларини жорий қилиш ва шу орқали соҳанинг келгуси ривожини таъсинлашни тақазо қилмоқда.
Шу мақсадда 2024 йил 8 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 10 боб ва 60 моддадан иборат.
Янги қабул қилинган мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти ҳамда қишлоқ хўжалиги тадбиркорлигини ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.
Қонуннинг 3-моддасига кўра, қишлоқ хўжалиги кооперативи – қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга ошириш учун пай усулига, жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг ихтиёрий равишда бирлашишига асосланган мустақил тижорат ташкилоти ҳисобланади.
Кооператив фаолиятининг асосий тури қишлоқ хўжалиги соҳасида хизматлар кўрсатишдан иборат.
Кооператив қишлоқ хўжалиги соҳасида хизматлар кўрсатиш билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек қонунда тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.
Қонуннинг 7-моддасига кўра, кооператив камида етти нафар жисмоний ва (ёки) юридик шахслардан иборат таркибда ташкил этилиши мумкин.
Қўшма кооператив камида учта кооперативдан иборат таркибда ташкил этилиши мумкин.
Кооператив юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Кооператив қонунчиликда белгиланган тартибда давлат хизматлари марказида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ташкил этилган деб ҳисобланади ва юридик шахс ҳуқуқларига эга бўлади.
Кооператив устави кооперативнинг таъсис ҳужжати ҳисобланади. Кооператив устави ёзма шаклда баён этилиши ва кооператив муассисларининг таъсис йиғилишида тасдиқланади. Кооператив уставида кооперативнинг фирма номи ва жойлашган ери (почта манзили), кооператив фаолиятининг мақсади, ихтисослашуви ва камида битта йўналиши, кооперативга аъзо бўлиб кириш тартиби ва шартлари, кооператив аъзосининг мажбурий пай бадали миқдори, унинг кооперативнинг барча аъзолари учун тенглиги, кооперативнинг фойда ва зарарларини ҳисоблаш ҳамда тақсимлаш тартиби, кооператив бошқаруви органларининг таркиби, ваколатлари ва мажбуриятлари, кооператив аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, кооперативни қайта ташкил этиш ва тугатиш, кооперативнинг қарзларини қоплаш ҳамда қолган активларни кооператив аъзолари ўртасида тақсимлаш тартиби ва шартлари ва бошқа муҳим масалалар ўз аксини топган бўлиши лозим.
Кооператив ўз фаолиятида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
▶ қонунчиликда белгиланган тартибда мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, мол-мулкни, шу жумладан кооперативнинг пай фондига кооператив аъзоси томонидан пай бадали сифатида киритилган мол-мулкни сотиб олиш ёки ҳадя қилиш, лизингга ёки ижарага олиш, сотиш, гаровга қўйиш;
▶ шартномалар (битимлар) тузиш;
▶ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш;
▶ қонунчиликда белгиланган тартибда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;
▶ республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг ушбу Қонунга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, шунингдек кооперативнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан аризалар билан судга мурожаат қилиш ва бошқалар.
Қонуннинг 12-моддасида ўн олти ёшга тўлган жисмоний шахслар, шунингдек кооператив устави талабларига жавоб берадиган юридик шахслар кооператив аъзолари бўлиши мумкинлиги белгиланганлиги тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёш тадбиркорлар учун ҳам катта имконият ҳисобланади.
Кооперативга аъзо бўлиб кириш истагини билдирган жисмоний ва юридик шахслар кооператив давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин кооператив аъзолигига қабул қилиш тўғрисида кооператив бошқарувига ариза беради. Кооператив бошқарувининг кооператив аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги қарори кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланиши лозим.
Кооперативда қуйидаги бошқарув органлари фаолият кўрсатади:
▶ кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши – кооперативнинг юқори бошқарув органи;
▶ кооперативнинг бошқаруви – кооперативнинг ижро этувчи органи;
▶ кооперативнинг кузатув кенгаши – кооперативнинг назорат қилувчи органи.
Агар кооператив аъзоларининг сони йигирма бир нафардан кўп бўлмаса, кооператив уставида кооперативнинг кузатув кенгаши сайланмаслиги ва унинг ваколатларини кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши амалга ошириши назарда тутилиши мумкин. Мазкур қоида қўшма кооперативга нисбатан, агар унинг аъзолари сони ўн нафардан ошмаса, қўлланилади.
Агар кооператив аъзоларининг сони йигирма бир нафардан иборат бўлса, кооперативнинг кузатув кенгаши мажбурий тартибда ташкил этилади.
Кооперативнинг ўз капитали кооператив аъзоларининг кооператив уставида назарда тутилган мажбурий пай бадаллари ва қўшимча пай бадаллари, инвестиция киритувчи кооператив аъзоларининг мажбурий пай бадаллари ва қўшимча пай бадаллари, кооператив фаолияти натижасида олинган йиллик соф фойданинг кооперативнинг захира, бўлинмас ва бошқа жамғармаларига ажратилиши керак бўлган қисми ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кооператив ўз капиталининг бошқа манбалари ҳисобидан шакллантирилади.
Кооператив томонидан солиқлар ва йиғимлар тўлиқ тўланганидан кейин қолган йиллик соф фойдани тақсимлаш тўғрисидаги қарор кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида қабул қилинади.
Кооператив ўз фаолияти билан боғлиқ мажбуриятлари бўйича ўзининг бутун мол-мулки доирасида жавобгар бўлади. Кооператив ўз аъзоларининг учинчи шахслар олдидаги мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Кооператив аъзоси кооперативнинг мажбуриятлари бўйича ўз мол-мулки билан жавобгар бўлмайди.
Кооператив ва кооператив аъзолари ўртасидаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган муносабатларни тартибга солиш мақсадида кооператив етиштириладиган маҳсулотларни харид қилиш, хизматлардан фойдаланиш, маҳсулотни реализация қилиш тўғрисида кооператив аъзолари билан битимлар тузади, шунингдек кооператив фаолиятининг мақсадлари доирасидаги шартномавий мажбуриятларни бажариш учун тарафларнинг жавобгарлигини назарда тутувчи битимлар ва қонунчиликка мувофиқ бошқа битимлар тузади.
Қонуннинг 46-моддасида давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар кооперативнинг қонунчиликка мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмаслиги, кооперативга етказилган ҳақиқий зарарларнинг ўрни, шу жумладан бой берилган фойда ушбу зарарларни етказган шахс томонидан тўлиқ қопланиши кераклиги билан боғлиқ нормаларнинг белгиланганлиги қишлоқ хўжалиги кооперативлари фаолиятининг давлат томонидан муҳофаза қилинганлигининг ёрқин исботи бўлиб ҳисобланади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур Қонун билан тартибга солинган янги институт қишлоқ хўжалиги тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, соҳада ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш даражасини ошириш ҳамда пировардида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
АСҚАР МАМАРАИМОВ,
Сурхондарё вилоят суди судьяси