Гиёҳвандлик – умр заволи. Инсоният тарақиётнинг янги-янги чўққиларини забт этмоқда. Аммо жахонда халқлар, миллатлар келажагига таҳдид туғдирувчи бир қанча омиллар хамон сақланиб қолмоқда. Ана шундай хатарлардан бири гиёҳвандлик балосидир.
Асримизнинг глобал муаммосига айланган ушбу иллатга қарши курашишда ҳар бир фуқаронинг сергаклиги алоҳида ахамият касб этади.
Орамизда шундай инсонлар борки, бу иллат савдоси билан шуғулланганлиги учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб келиб, ўзига тегишли хулоса чиқармади.
Денов туманида яшовчи Шерзод Ахмедов (исм-фамилия ўзгартирилган) муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жинояь кодексининг 270-моддаси 1-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун суд томонидан 10 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланади. У ушбу жазони ўтаб чиққанини эсидан чиқарди шекилли, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, яна гиёҳвандлик воситаларини сотиш йўлини танлади. 2025 йил 1 март куни тезкор ходимлар томонидан Денов туманидаги “Ораста” тўйхонаси олдида ўтказилган тезкор тадбирда, тадбирга мижоз сифатида киритилган “Х” исмли шахсга 19,19 грамм кўп миқдордаги гашиш гиёҳвандлик воситасини 1.600.000 сўмга сотган вақти жиноят устида ушланади.
Унинг бу қилмиши жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, суднинг ҳукми билан Шерзод Ахмедовга 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шу билан бирга бу гал у Жиноят кодексининг 34-моддаси “а” бандига мувофиқ ўта хавфли рецидивист деб топилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 6-бобида эр ва хотин мол-мулкининг шартномавий тартиб қоидалари белгилаб ўтилган.
Унга кўра, никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.
Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин.
Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради.
Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.
Эр ва хотин никоҳ шартномасига кўра биргаликдаги умумий мулкнинг қонунда белгиланган (ушбу Кодекснинг 23-моддаси) тартибини ўзгартиришга, эр ва хотиннинг барча мол-мулкига, унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақлидир.
Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мавжуд мол-мулкига нисбатан ҳам, бўлғуси мол-мулкига нисбатан ҳам тузилиши мумкин.
Эр ва хотин никоҳ шартномасида ўзаро моддий таъминот бериш, оила харажатларини кўтариш, бир-бирининг даромадида иштирок этиш, бошқа шахслар билан мулкий шартномалар тузиш, биргаликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб олишга, никоҳдан ажралганда эр ва хотиндан ҳар бирига бериладиган мулкни аниқлаб олишга, шунингдек никоҳ шартномасига эр ва хотиннинг мулкий муносабатларига оид бошқа қоидалар киритишга ҳақли.
Никоҳ шартномасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар муайян муддат билан чекланиши ёки муайян шарт-шароитнинг юзага келиши ёхуд келмаслигига боғлиқ қилиб қўйилиши мумкин.
Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг ҳуқуқ лаёқати ёки муомала лаёқатини, уларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини чеклашни, эр-хотин ўртасидаги шахсий номулкий муносабатларни, эр-хотиннинг болаларга нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солишни, меҳнатга лаёқатсиз таъминот олишга муҳтож эр ёки хотиннинг ҳуқуқини чекловчи қоидаларни, эр ва хотиндан бирини ўта ноқулай ҳолатга солиб қўювчи ёхуд оила тўғрисидаги қонунчиликнинг нормаларига зид келувчи бошқа шартларни назарда тута олмайди.
Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг келишуви билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Никоҳ шартномаси қандай шаклда тузилган бўлса, унинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши ҳам шундай шаклда амалга оширилади.
Никоҳ шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди. Никоҳ шартномаси эр-хотиндан бирининг талаби билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган асослар ва тартибда суднинг ҳал қилув қарори билан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Никоҳ тугатилган пайтдан бошлаб никоҳ шартномасининг амал қилиши ҳам тугайди, никоҳ шартномасида никоҳ тугатилганидан кейинги давр учун назарда тутилган мажбуриятлар бундан мустасно.
Никоҳ шартномаси суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида назарда тутилган асослар бўйича тўла ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Никоҳ шартномасининг шартлари ушбу Кодекс 31-моддаси бешинчи қисмининг талабларига зид келса, суд эр-хотиндан бирининг талабига биноан никоҳ шартномасини тўла ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.
Эр (хотин)нинг мажбуриятлари бўйича ҳақ ундириш фақат унинг мол-мулкига қаратилиши мумкин. Ушбу мол-мулк етарли бўлмаган тақдирда ҳақ ундиришни эр-хотиннинг мол-мулкига қаратиш учун кредитор қарздор эр (хотин) улушини эр-хотиннинг умумий мол-мулкидан ажратиб ундириб берилишини талаб қилишга ҳақлидир.
Агар суд эр (хотин)нинг мажбуриятлари бўйича орттирилган барча ашёлар оила эҳтиёжлари учун ишлатилганлигини аниқласа, эр-хотиннинг умумий мажбуриятлари бўйича, шунингдек эр (хотин)нинг мажбуриятлари бўйича ҳақ ундириш эр-хотиннинг умумий мол-мулкига қаратилади. Бу мол-мулк етарли бўлмаган тақдирда эр-хотин кўрсатиб ўтилган мажбуриятлар юзасидан уларнинг ҳар бирига қарашли мол-мулк билан шерик жавобгар бўладилар.
Агар эр-хотиннинг умумий мол-мулки уларнинг бири томонидан жиноий йўл билан топилган маблағ ҳисобига орттирилгани ёки кўпайгани суд ҳукми билан аниқланган бўлса, ҳақни ундириш тегишли равишда эр-хотиннинг умумий мол-мулкига ёки унинг бир қисмига қаратилиши мумкин.
Эр-хотиннинг вояга етмаган болалари етказган зарар учун жавобгарлиги фуқаролик қонунчилиги билан белгиланади.
Эр (хотин) никоҳ шартномаси тузаётгани, уни ўзгартираётгани ёки бекор қилаётгани тўғрисида ўз кредиторини (кредиторларини) хабардор қилиши шарт. Ушбу мажбуриятни бажармаган тақдирда эр ёки хотин, никоҳ шартномаси мазмунидан қатъи назар, ўз мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлади.
Қарздор эр (хотин)нинг кредитори (кредиторлари) шароит жиддий ўзгаргани туфайли никоҳ шартномасининг шартларини қонунда белгиланган тартибда ўзгартириш ёки бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, эр-хотин қонунда йўл қўйиладиган барча мулкий-шартномавий муносабатларга ўзаро киришишга ҳақлидир. Зеро, эр-хотин ўртасида тузилган, улардан бирининг ҳуқуқларини чеклашга қаратилган келишувлар ҳақиқий ҳисобланмайди.
Маълумки, жорий йилнинг 9 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг 1067-сонли қонуни қабул қилинди. Мазкур қонунга кўра, “Судлар тўғрисида”ги қонунининг тегишли моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
«Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.
Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас»;
Шунингдек, 6-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга ошириладиган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга»;
Шу каби, 8-модданинг матнидаги «қонунга» деган сўз «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига» деган сўзлар билан алмаштирилди;
Бундан ташқари, 9-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Судьялар мустақилдирлар, фақат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди»;
Шу модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди:
«Судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилади»;
Янги ўзгартириш билан 13-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда ёхуд қонунга мувофиқ бошқа тилда олиб борилади»;
Шу каби, 14-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорларидан, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлигидан, шу жумладан уларнинг қариндошлари судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар муносабати билан ҳуқуқларининг чекланишидан, шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ҳамда қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Юридик шахслар ҳам суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эгадир»;
15-модда қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«15-модда. Одил судловни амалга оширишда малакали юридик ёрдам.
Одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ҳимояланиш ҳуқуқи ва ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади.
Қонун билан 16-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади.
Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.
Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас»;
Шу қатори 19-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Ўзбекистон Республикаси Олий суди раис, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари-маъмурий, фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари раислари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяларидан иборатдир»;
Шунингдек, 60-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисидаги «қонунга» деган сўз «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига» деган сўзлар билан алмаштирилди;
79-модда қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилди:
«Суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас»;
Шу модданинг бешинчи қисми олтинчи қисм деб ҳисобланди;
Яна бир ҳолат 90-модда биринчи қисмининг биринчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Судларнинг фаолиятини молиялаштириш, уларнинг биноларини қўриқлаш ва сақлаб туриш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда одил судловни тўлиқ ва мустақил равишда амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак».
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан ташкил этилган семинарда вилоят суди судлов ҳайъати судьялари, туманлараро судлари судьялари ҳамда прокуратура масъуллари иштирок этишди.
Семинарда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-968-сонли Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга алохида тўхталиб ўтилди.
Хусусан, мазкур Қонунга кўра, прокурор ўзининг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда, шунингдек давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этиши мумкинлиги белгиланган.
Ушбу семинарда Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 49-моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан масъуллар томонидан иштирокчиларга тушунтиришлар берилди.
Якунда кун тартибидаги масалалар юзасидан амалиётда учраётган муаммолар ва уларни ечими бўйича масъулларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.
РУФАТ БЕГИМОВ,
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси
Сўнгги йилларда республикамизда суд-ҳуқуқ соҳасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Мазкур ислоҳотлар жамиятда инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, мулк даҳлсизлигини ишончли ҳимояллаш, бозор муносабатларида мулкий ҳуқуқларни вужудга келиши, бекор бўлиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади.
Кейинги йилларда мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида берилган мол-мулкка нисбатан кредиторлар ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш, гаровга қўйилган мол-мулкни аукцион орқали сотиш жараёнларини соддалаштириш, шунингдек гаров билан таъминланган мажбуриятларни суддан ташқари тартибда ундириш амалиётини такомиллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилиб, ҳуқуқий ислоҳотлар давом эттирилмоқда.
Шу билан бирга амалиётда кредит (ипотека) шартномаси бўйича мажбуриятларни қарздор томонидан ўз вақтида ва (ёки) лозим даражада бажарилишини, кредиторнинг гаров билан таъминланган талаблари қондирилишини, суд тартибида ва суддан ташқари тартибда ундирувни гаров нарсасига қаратишни, гаровга олувчининг гаров нарсасига бўлган ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги яққол сезилмоқда.
Ушбу Қонун кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга, гаров нарсасини суддан ташқари тартибда реализация қилиш тизимини такомиллаштиришга, мажбуриятларни гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштиришга ва кредит ташкилотларининг кредит портфелидаги муаммоли активлар улушини камайтиришга хизмат қилиш билан бирга, кредит ташкилотлари томонидан кредит олувчи ва гаровга қўйувчиларга нисбатан асоссиз даъволарни судларга киритилишини ҳам тартибгга солади.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган «Гаров тўғрисида»ги 736-ХII-сонли Қонунига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, Жумладан:
1) 19-модданинг олтинчи қисмидаги «26-моддасининг тўртинчи қисми» деган сўзлар «26-моддасининг бешинчи қисми» деган сўзлар билан алмаштирилди, яъни
«1) қонунда бошқа шахснинг ёки органнинг гаров тўғрисида шартнома тузиш учун розилиги ёхуд рухсати ҳақидаги талаб белгиланган бўлса, бундан мазкур мол-мулкни гаровга бериш чоғида зарур бўлган розилик ёки рухсат олинган ҳоллар мустасно»;
«Агар мол-мулк бир нечта кредитор олдидаги мажбуриятларнинг бажарилишини таъминласа, гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган пул маблағлари мазкур мажбуриятларни қонунда белгиланган навбат бўйича бажаришга йўналтирилади.
Гаровга қўйилган, суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган мол-мулк кимошди савдосида сотиш, бевосита сотиш, кредитга, лизингга, ижарага бериш, бўлиб-бўлиб сотиш йўли билан ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиниши мумкин.
Гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдосидаги бошланғич сотиш нархи гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасидаги келишувга асосан белгиланади. Гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасида мол-мулк нархи бўйича келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда, мустақил баҳоловчи ташкилот жалб этилади ва гаровнинг дастлабки қиймати бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда баҳолаш билан боғлиқ барча харажатлар мустақил баҳоловчи ташкилотни жалб қилган тараф томонидан қопланади».
Мазкур қонун 2025 йилнинг22 апрель кунидан эътиборан кучга кирган бўлиб, унинг суд ишларини юритишда қўлланилиши, қарздор томонидан мажбуриятни бузилиши жуда арзимас бўлган ҳолларда, ундирувни гаров мулкига эмас, балки муддати ўтган қарздорликни ундиришга қаратиш лозимлигини назарда тутади. Бунинг оқибатида кредиторлар томонидан асосли даъво киритилишига ва қарздорга муддати ўтган қарздорликни бартараф этишга имконият яратади.
ДИЛМУРОД БЎРИЕВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси
Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 9 июндаги ЎРҚ-1067-сонли қонунига кўра, айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги белгиланди.
Шунингдек, шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кўзда тутилди.
Ўзбекистон Республикаси «Судлар тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, судьяларнинг муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги белгиланди.
Шунингдек, судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилиши кўрсатилди.
Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси
Жорий йилнинг 10 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган йиғилишда депутатлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Фуқаролик процессуал кодексига тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича суд томонидан кўриб чиқиладиган ишларда мажбурий тартибда прокурорнинг иштирокини таъминлаш билан боғлиқ қўшимчалар киритилмоқда.
Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, бирламчи кўмак хоналарига ёки Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар учун банк картасини тиклаш соддалаштирилади.
Шу каби, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар – уларга ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига тегишинча никоҳни қайд этганлик тўғрисида ва туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берганлик учун давлат божини тўлашдан озод қилиш назарда тутилмоқда.
Таъкидлаш керакки, мазкур ҳужжат келгусида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандлари манзилли ва самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини кучайтириш, ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, уларнинг сифатини оширишга хизмат қилади.
Жиноят ишларри бўйича Термиз шаҳар судининг очиқ суд мажлисида вояга етмаган фарзандлари учун алимент тўлашдан бўйин товлаган Рустам Ахмедов (исм-шарифи ўзгартирилган)га оид жавобгарлик масаласи кўриб чиқилди.
Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг ҳал қилув қарорига аоссан, қарздор Рустам Ахмедовдан ундирувчи Ноила Сафарова (исм-шарифи ўзгартирилган) фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти барча иш ҳақи ва бошқа барча ишлаб топган даромадларининг 1\3 қисми миқдорида алимент тўлаш лозимлиги белгиланган. Бироқ, қарздор Рустам Ахмедов 2025 йил 1 январдан 2025 йил 1 июнга қадар бўлган давр учун жами бўлиб 8.162.810 сўм алимент пулларини тўламасдан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандларига икки ойдан ортиқ муддат мобайнида моддий таъминлашдан бўйин товлаб келган.
Унинг бу ҳаракатлари Мажбурий ижро бюросининг Термиз шаҳар бўлими ходимлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддаси билан тўпланган маъмурий иш материали жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида кўриб чиқилди.
Давлат ижрочиси томонидан Рустам Ахмедовга алимент қарздорлигини тўлаш ҳақида ҳуқуқий тушунтиришлар ва бир неча бор ёзма равишда огоҳлантиришларига қарамасдан, алимент пулларини тўлашни пайсалга солиб, алимент қарзларини тўламасдан бош тортиб юргани уни суд залигача олиб келди.
Конституциямизнинг 77-моддасида, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларниннг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши ҳусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги қайд қилинган.
Шундай экан ҳар бир ота-она болалар давлатимизнинг эртанги келажаги эканлигини чуқур ҳис этган ҳолда оилада соғлом муҳит яратишга масъул эканлигини унутмаслиги керак.
ИКРОМ ШАЙМАНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг тергов судьяси
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июнда қабул қилинган «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу янги лавозимнинг жорий этилишига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.
Шу билан бирга, суд-тергов амалиёти инсон ҳуқуқ ва ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича самарали механизмлар тўлиқ ишга солинганлигини, шунингдек жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали ишончли таъминлаш чораларини кучайтириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.
Муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
2025 йил 3 июнь куни жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг ташаббуси билан Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармаси Жамоат Хавфсизлиги Хизмати Пробация бўлими биносида сайёр суд мажлиси ўтказилди.
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг тергов судьялари Икром Шайманов ва Ғайбулла Остонов раислигида ўтказилган сайёр суд мажлисида Термиз шаҳар ички ишлар бўлими томонидан тақдим қилинган жами 42 та маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар кўриб чиқилди.
Профилактика инспекторлари томонидан 27 та маъмурий иш тақдим қилинган бўлиб, шундан 12 та иш юзасидан жазо муқарарлиги таьминланиб, ҳуқуқбузарларнинг қилимишига яраша жазо тайинланди, Шунингдек, 15 та маъмурий ҳуқуқбузарлик иши бўйича тарафларнинг ярашуви муносабати билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 271-моддаси 10-1-бандига асосан иш юритувдан тугатилиб, маъмурий жавобгарликдан озод қилинди.
Бундан ташқари, Йул ҳаракат хавфсизлиги бўлими томонидан 14 та маъмурий иш тақдим қилинган маъмурий ишлар бўйича 12 та иш юзасидан ҳуқуқбузарлик содир этганларга жазо тайинланди, 2 та маъмурий иш эса қўшимча суриштирув ҳаракатлари ўтказиш учун маъмурий органга юборилди.
Сайёр суд мажлиси якунида судьялар томонидан йиғилиш иштирокчиларига қабул қилинган суд қарорларининг мазмун-моҳияти ҳамда амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар, шунингдек “Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қўлай шароитлар яратилишии муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1047 сонли Қонуни мазмун моҳияти юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
ИКРОМ ШАЙМАНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг тергов судьяси
Шахсий телефонида ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни сақлаб келган шахс қамоққа олинди.
Мамлакатимизда таъқиқланган миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади. Афсуски, кўп юртдошларимиз ижтимоий тармоқлардан нотўғри фойдаланишлари натижасида жавобгарликка тортилиб қолмоқдалар.
Шўрчи тумани “Хайробод” маҳалласида яшовчи Салим Баҳодиров (исм-фамилияси ўзгартирилган) ҳаётда ҳали оқу-қорани танишга улгургани йўқ. Аниқроғи, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва уни тарғиб этувчи маърузаларни ўзининг телефон аппаратига юклаб олиб, мунтазам равишда эшитиб келган. Ҳуқуқни муфоза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Салимнинг ана шу қилмиши фош бўлди. У томонидан фойдаланиб келинаётган телефон аппарати кўздан кечирилганида, унинг хотирасида диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни сақлаб келаётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича Қўмитасининг Диншунослик экспертиза хулосасига кўра, Салим Баҳодировнинг телефон аппаратида сақланиб келаётган нашидалар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материаллар туркумига кириши қайд этилган.
Куни кеча Шўрчи туманидаги “Маданият уйи”нинг мажлислар залида жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида 100 дан ортиқ фуқаролар иштирок этди. Сайёр суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 184-3-моддаси билан Баҳодиров Салимга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, суд томонидан у айбдор деб топилди.
Суд жазо тайинлаш чоғида ҳуқуқбузарликнинг хусусиятини, ҳуқуқбузарнинг шахси, айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиб, унга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Шунингдек, суд, ашёвий далил тариқасида олинган телефон аппаратини тегишли тартибда мусодара қилишни белгилашликни лозим деб топди.
Муқим иш жойига эга бўлмаган, ҳаётининг энг мазмунли кунларини илм олишга ёки фойдали ишларга сарфлаш билан эмас, балки кўп вақтини ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва уни тарғиб этувчи маърузаларни юклаб олиб, мунтазам равишда эшитиш билан ўтказган. Салимнинг нотўғри ҳатти-ҳаракатлари уни темир панжаралар ортига равона қилди.
ШЕРАЛИ ҚОДИРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди тергов судьяси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Сурхондарё вилоят суди