ҚОЧОҚ ОТА

очерк
Болалар соғлом ва баркамол авлод сифатида вояга етишида ота-оналар маъсул ҳамда улар ўзларининг вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларини ижтимоий таъминлашга мажбур бўлиб, ушбу мажбуриятни ихтиёрий равишда бажармаган ота-онадан алимент суднинг ҳал қилув қарори ва суд буйруғи чиқариш орқали ундирилади.
Фикримизни бир суд жараёнига қаратсак.
Ангорлик Нозим Абдуллаевдан тегишли суд буйруғига кўра, икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун улар вояга етгунга қадар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланади. Бироқ, Нозим 2020 йил 13 октябрдан 2025 йил 5 май кунига қадар ундирилиши лозим бўлган жами 77.712.951 сўм алимент пулларини вояга етмаган фарзандлари учун тўламасдан номаълум томонга қочиб юради.
Нозимни қочоқлиги узоққа чўзилмади, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари уни ушлаб, судга олиб келинганида, ҳозирда ҳеч жойга ишламаётганлигини ва алимент қарздорлигини тўлашга имконияти йўқлигини билдиради.
Суд мажлисида жабрланувчи собиқ турмуш ўртоғи Насиба Гадоева вояга етмаган фарзандларини ота-онасининг нафақаси ҳисобидан боқиб келаётганлигини, ўзи касаллиги сабабли ҳеч қаерда ишламаётганлигини, уни устига бир нафар фарзанди ҳам бетоблигини, унга ҳозирги кунда фарзандини даволатиш учун моддий ёрдам кераклигини, қарздор собиқ турмуш ўртоғи Нозим Абдуллаев болаларини моддий таъминлашдан қочиб, алимент пулларини тўламасдан келаётганлиги сабаби унга қонуний чора кўришни сўради.
Нозим Абдуллаевнинг ушбу ҳаракати суд мажлисида аниқланган ҳолатлар қолаверса, иш ҳужжатларида тўпланган бошқа далиллар билан исботланган.
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг қарори билан қаҳрамонимиз Нозим Абдуллаевга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Шу каби, унга келгусида бу ҳаракатларини давом эттирса ва алимент қарздорлигини тўламаган тақдирда, жиноий жавобгарликка тортилиши ҳам тушунтирилди.
Хулоса қилиб айтганда, вояга етмаган фарзандларининг отаси алимент қарздорлигини тўлаш мажбуриятидан қочиб, узоққа боролмади, у ушланиб, Қонун олдида жавоб бериши ҳамда жазо муқаррарлиги таъминланди.
ХАДИЧА РАХИМОВА,
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди тергов судьяси