Сурхондарё вилоят маъмурий судларининг 2025 йилнинг биринчи чораги давомида одил судловни таъминлаш борасида амалга оширган ишлари юзасидан ахборот

Сурхондарё вилоят маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар бўйича одил судлов амалга ошириш борасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя этилиб келинмоқда.

Жумладан, маъмурий судлар томонидан 2025 йилнинг 1-чораги давомида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар билан боғлиқ жами 219 та маъмурий ишлар мазмунан кўриб тамомланган.

Кўриб тамомланган 219 та маъмурий ишларнинг 76 таси қаноатлантирилган, 114 таси рад қилинган, 9 таси кўрмасдан қолдирилган ва 20 таси иш юритувдан тугатилган.

Бу даврда кўрилган ишларнинг 9 таси сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 1-чораги давомида кўрилган ишларга оид мансабдор шахслар томонидан йўл қўйилган қонунбузилишлар юзасидан жами 26 та хусусий ажримлар чиқарилган ва жойларга муҳокама қилиш учун юборилган.

Шунингдек, 2025 йилнинг 1-чорагида Маъмурий орган, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорини, мансабдор шахснинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ жами 182 та ишлар кўрилган, шундан 66 таси қаноатлантирилган, 97 таси рад этилган, 4 таси кўрмасдан қолдирилган, 15 таси иш юритувдан тугатилган. Ушбу кўрилган ишлар юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан 23 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Маҳаллий ҳокимликлар яъни, ҳоким қарорлари ва ҳаракат (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ жами 28 та низоли ишлар кўрилган бўлиб, шундан 6 таси қаноатлантирилган, 18 таси рад этилган, кўрмасдан қолдирилган ишлар мавжуд эмас, 4 таси иш юритишдан тугатилган. Кўрилган ишлар бўйича мансабдор шахсларга нисбатан 2 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Мажбурий ижро бюросининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ва мансабдор шахснинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ жами 29 та иш кўрилган, шундан 5 таси қаноатлантирилган, 19 таси рад этилган, 1 таси кўрмасдан қолдирилган, 4 таси иш юритувдан тугатилган. Ушбу кўрилган ишлар юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан 4 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги мансабдор шахсининг қарорини ҳақиқий эмас, ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш юзасидан жами 171 та иш кўриб чиқилган, шундан 44 таси қаноатлантирилган, 103 таси рад этилган, 9 таси кўрмасдан қолдирилган, 15 таси иш юритишдан тугатилган. Бу тоифадаги ишлар юзасидан 26 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Солиқ қўмитаси мансабдор шахсининг қарорини ҳақиқий эмас, ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш юзасидан жами 47 та иш кўриб чиқилган, шикоятларнинг 22 таси қаноатлантирилган, 15 таси рад этилган, 5 таси кўрмасдан қолдирилган, 5 таси иш юритишдан тугатилган. Кўрилган ишлар юзасидан 4 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Юқори инстанциялар яъни, апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида кўрилган ишлар:

Жорий йилнинг 1-чораги давомида Сурхондарё вилоят маъмурий судининг апелляция инстанциясида жами 33 та иш мазмунан кўрилган бўлиб, шундан 4 таси (3 таси ажрим) бекор қилинган, 1 та шикоят бўйича апелляция инстанциясида иш юритиш тугатилган ва 28 та ишлар бўйича суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган. Ушбу инстанциядаги ишлар юзасидан
4 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Шунингдек, бу даврда кассация инстанциясида жами 14 та иш мазмунан кўрилган бўлиб, 3 таси (1 таси ажрим) бекор қилинган бўлиб, 11 та ишлар бўйича суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган. Ушбу инстанциядаги ишлар юзасидан 3 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Шу каби, жорий йилнинг 1-чорагида вилоят маъмурий судининг тафтиш инстанциясида жами 13 та иш мазмунан кўрилган бўлиб, барчаси бўйича суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган. Тафтиш инстанцияда 4 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Мурожаатлар билан ишлаш аҳволи:

Сурхондарё вилоят маъмурий судига 2025 йил 1-чораги давомида жами 111 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 41 та мурожаат шахсий ва сайёр қабуллар давомида, 52 та мурожаат Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал ва халқ қабулхона орқали, шунингдек 18 та мурожаатлар эса почта ва бошқа алоқа тармоқлари орқали келиб тушган.

Суд ҳужжатлари ва уларнинг ижроси устидан келиб тушган мурожаатлар сони 41 тани ташкил этган бўлса, бошқа масалалар, яъни Маъмурий судлов фаолиятига тааллуқли бўлмаган аммо мурожаат мазмунида давлат ва бошқа органлар фаолияти, улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини қонунга ҳилоф деб топиб у ёки бу мажбуриятларни юклаш, уларнинг хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаётганлиги юзасидан берилган мурожаатлар сони 70 тани ташкил этган.

Тарғибот-ташвиқот ишлари:

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш мақсадида вилоят ва туманлараро судлари судьялари ҳамда ходимлари томонидан жами 51 маротаба очиқ мулоқот, маърузалар ва давра суҳбатлари ўтказилган, Бу даврда жами 73 маротаба турли ҳуқуқий мавзуларда оммавий ахборот воситаларида чиқишлар амалга оширилиб, Республикамизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда бошқа ҳуқуқий мавзулар кенг ёритилиб келинмоқда.

Хусусан, ўтказилган 51 та маъруза, давра суҳбатлари, семинар ва конференциялар шаклида ҳуқуқий тарғибот ишларининг 18 таси аҳоли ўртасида, 30 таси корхона, муассаса ва ташкилотларда ҳамда 3 таси  ўқув муассасаларида ўтказилган.Оммавий ахборот воситаларида жами 73 маротаба чиқишлар қилинган, шундан 8 маротаба телевидениеда, 30 маротаба радиода, 3 маротаба газета ва журналларда, 32 маротаба веб-сайтларда чиқишлар қилинган.

РАҲМАТИЛЛА ҒУЛОМОВ,

Сурхондарё вилоят маъмурий суди раиси

Сурхондарё вилоят суди иқтисодий судларининг 2025 йилнинг биринчи чораги давомида одил судловни таъминлаш борасида амалга оширган ишлари юзасидан ахборот

Одил судловни амалга ошириш, фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида Сурхондарё вилояти иқтисодий судлар томонидан 2025 йилнинг 1-чораги давомида бир қатор ишлар амалга оширилган.

Жумладан, иқтисодий судлар томонидан жорий йилнинг 1-чорагида жами 12.181 та иқтисодий ишлар кўрилган бўлиб, шундан 3 таси суд буйруғини бериш тартибида кўрилган ишлар ташкил қилади.

Бу даврда жами кўрилган ишларнинг 5.809 таси яъни, 47.7% сайёр суд мажлисларида кўрилган.

Бир судьянинг биринчи инстанция судида кўрган ишлари бўйича ўртача иш ҳажми 405.9 тани ташкил этди. (Ўтган йилги кўрсаткич 63 тани ташкил этган) Вилоят судларида (Биринчи, апелляция, кассация ҳамда тафтиш инстанция) судларида жами 147 таси иш кўрилган бўлиб, бир судьянинг ўртача иш ҳажми 9.8 тани ташкил этади.

2025 йилнинг 1-чорагида кўрибган иқтисодий ишларининг 1.220таси (жами ишнинг 10 %) фуқаролик муносабатларга, 10.412 таси (жами ишнинг 85.5 %) маъмурий-ҳуқуқий муносабатларга, 497 тани (жами ишнинг 4.1 %) корхоналарни банкрот деб эътироф этиш ҳақидаги низолар ва 52тани (жами ишнинг 0.4 %) бошқа муносабатларга оид низолар ташкил этган.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан контрактация шартномаси юзасидан низолар 16 тага, пудрат шартномаси юзасидан низолар 31 тага, ерга оид низо 18 тага, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш юзасидан 82 тага, солиқ қарзи бўйича ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратишга оид 17 тага камайган.

Бироқ, банклардаги ҳисобварақалар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш билан боғлиқ низолар 9.857 тага, кредит шартномаси юзасидан низолар 191 тага, коммунал хизмат кўрсатиш шартномаси юзасидан низолар 25 тага, маҳсулот етказиб бериш шартномаси юзасидан низолар бўйича 88 тага, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасига оид 48 тага ва корхоналар банкротлигига оид низолар 150 тага сезиларли даражада кўпайган.

Жорий йилнинг 1-чораги давомида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 383 та иш кўрилган бўлиб, уларнинг 27.137.200.123 сўмлик 264 таси бўйича даъво аризалари қаноатлантирилган, 89 та даъво аризаси рад қилинган, 14 таси бўйича даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган (шундан 3 таси тарафлар ўртасида ўзаро медиатив келишув тузилганлиги сабабли кўрмасдан қолдирилган), 16 таси бўйича иш юритувидан тугатилган (шундан 2 таси тарафлар ўртасида келишув битими тузилиб, суд томонидан тасдиқланганлиги муносабати билан иш юритиш тугатилган).

Юқори инстанциялар яъни, апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида кўрилган ишлар:

Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясида 2025 йилнинг 1-чорагида давомида жами 83 та шикоятлар ёки протестлар асосида кўрилган. Ушбу ишлардан 3 та суд қарорлари ўзгартирилган, 18 тасибекор қилинган ва 62 та суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган (рад этилган).

Кассация инстанциясида 2025 йил 1-чораги давомида жами 29 та шикоятлар ёки протестлар асосида кўрилган. Ушбу ишлардан 1 та суд қарори ўзгартирилган, 12 таси бекор қилинган ва16 тасиўзгаришсиз қолдирилган (рад этилган).

Шунингдек, бу даврда вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг тафтиш инстанциясида 2025 йил 1-чораги давомида жами 31 та шикоятлар ёки протестлар асосида кўрилган. Ушбу ишлардан 2 та суд қарори ўзгартирилган, 12 та суд қарори бекор қилинган ва 17 та суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган (рад этилган).

Бундан ташқари, Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига 2025 йил 1-чораги давомида жами 268 та шикоят келиб тушган бўлиб, шундан 81 таси кворум бўлмаганлиги сабабли бошқа судга ўтказилган.

Мурожаатлар билан ишлаш бўйича:

Жорий йилнинг 1-чорагида иқтисодий судларга жисмоний ва юридик шахс вакиллари жами 102 тамурожаатлари қабул қилинган. Шундан сайёр қабулларда 13 та ҳамда бевосита идорада 89 та мурожаат қабул қилинган.

Келиб тушган мурожаатларнинг 80 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан ва жойлардаги халқ қабулхоналаридан келиб тушган бўлиб, мурожаатларнинг барчаси масъуллар томонидан ўрганилиб жавоб берилган.

Ҳуқуқий тарғибот ишлари бўйича:

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш мақсадида вилоят ва туманлараро судлари судьялари ҳамда ходимлари томонидан жами 97 маротаба очиқ мулоқот, маърузалар ва давра суҳбатлари ўтказилган бўлса, 59 маротаба турли ҳуқуқий мавзуларда оммавий ахборот воситаларида чиқишлар амалга оширилган.

Хусусан, ўтказилган 97 та маъруза, давра суҳбатлари ва очиқ мулоқотлар шаклида ҳуқуқий тарғибот ишлари аҳоли ўртасида, корхона, муассаса ва ташкилотларда ҳамда ўқув муассасаларида ўтказилганлигини кузатишимиз мумкин. Шунингдек, ахборот воситалари орқали ўтказилган 59 маротаба чиқишлардан 10 маротаба телевидениеда, 4 маротаба радиода, 10 маротаба газета ва журналларда ҳамда 35 маротаба веб-сайтларда чиқишлар қилинган.

ЗОИР РУСТАМОВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари-

иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судларининг 2025 йилнинг биринчи чораги давомида одил судловни таъминлаш борасида амалга оширган ишлари юзасидан ахборот

Одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро (туман) судлари томонидан 2025 йилнинг 1-чораги давомида бир қатор ишлар амалга оширилган.

Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати, туманлараро ва туман судлари томонидан жорий йилнинг 1-чораги давомида жами 8.534 та ишлар кўриб ҳал этилган. Шундан 5.717 та фуқаролик иши, 6 та ҳакамлик судининг қарорларига доир ишлар ва 2.811 та материаллар кўрилган.

Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак кўрилган ишлар сони 2024 йилнинг шу даврига нисбатан ишлар 1.790 тага кўпайган.

Жами кўрилган 5.717 та фуқаролик ишларидан 4.126 та иш бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилган, 54 та иш бўйича фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган, 994 та ишлар бўйича даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган.

Бу даврда жами 118 та ишлар сайёр суд мажлисларида кўрилган.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган ишлар сонини ўсиш ва камайиш динамикасига қуйидагича:

Кўриб тамомланган фуқаролик ишининг асосий салмоғини яъни 2.895 таси ёки 50,6 фоизини: никоҳдан ажратиш, кредит шартномаси ва алимент ундиришга оид низолар билан боғлиқ ишлар ташкил этади.

Ушбу тоифа ишларнинг ўсиш динамикаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли равишда кўтарилиб, жумладан 2025 йил 1-чораги давомида:

– иш ҳақини ундириш билан боғлиқ 238 та иш кўриб тамомланган бўлиб, 87 тага ёки 57,6 фоизга;

– никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 1.208 та иш кўриб тамомланган бўлиб, 194 тага ёки 19 фоизга кўпайган.

Аксинча, 2025 йил 1-чораги давомида кредит шартномасига оид низолар 968 та иш кўриб тамомланган бўлиб, 2024 йилга нисбатан 168 тага ёки 14,8 фоизга камайган.

Суд буйруқлари ҳақида маълумотлар:

Жорий йилнинг 1-чорагида фуқаролик ишлари бўйича судларда жами 19.743 та аризалар суд буйруғи тартибида ҳал қилинган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 6.245 тага кўпайган.

Хусусан, суд буйруқлари тоифалар бўйича таҳлил қилинганда:

11.404 та 126 миллиард 504 миллион 421 минг 644 сўм ундириш тўғрисидаги аризалар ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган мажбуриятлар бўйича;

– 4.011 та 10 миллиард 445 миллион 637 минг 667 сўмлик аризалар солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тўғрисида;

– 2.651 та 2 миллиард 748 миллион 103 минг 351 сўмлик коммунал хизматлар тўлови бўйича қазрдорликни тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган ундириш тўғрисида талаб тўғрисида;

– 1.391 таси эса вояга етмаган болалар учун алимент ундириш тўғрисида;

– 144 та 150 миллион 584 минг 920 сўмлик хусусий уй-жой мулкдори ширкатлари аъзоларидан мажбурий бадаллар ва тўловларини ундириш тўғрисида;

– 142 та 1 миллиард 446 миллион 166 минг 307 сўмлик аризалар иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш тўғрисида чиқарилган суд буйруқларини ташкил этади.

Юқори инстанциялар яъни, апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида кўрилган ишлар:

2025 йил 1-чораги давомида апелляция инстанциясида жами 168 та иш шикоятлар ёки протестлар асосида кўрилган. Ушбу ишларнинг 136 тасини ҳал қилув қарорлари ва 32 тасини ажримлар ташкил қилади. Апелляция инстанцияси судлов ҳайъатида кўрилган ишлардан 128 та суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган, 1 та суд қарори ўзгартирилган ва 39 та биринчи босқич судларининг қарорлари эса бекор қилинган.

Бу даврда кассация инстанциясида жами  119 та иш шикоятлар ёки протестлар асосида кўрилган бўлиб, ушбу ишларнинг 110 тасини ҳал қилув қарорлари ва 9 тасини ажримлар ташкил қилади. Кассация инстанцияси судлов ҳайъатида кўрилган ишлардан 82 та суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган, 4 та суд қарори ўзгартирилган ва 33 та биринчи босқич судларининг қарорлари эса бекор қилинган.

Шунингдек, тафтиш инстанциясида эса бу даврда жами 87 та иш шикоятлар ёки протестлар асосида кўрилган. Тафтиш инстанцияси судлов ҳайъатида кўрилган ишлардан 73 та суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган, 1 та суд қарори ўзгартирилган ва 13 та биринчи босқич ва апелляция инстанцияси судларининг қарорлари эса бекор қилинган.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан жорий йилнинг 1-чораги давомида жами 92 та хусусий ажримлар чиқарилган ва жойларга муҳокама қилиш учун юборилган.

Мурожаатлар билан ишлаш аҳволи:

2025 йилнинг 1-чораги давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Ўзбекситон Респубдикаси Олий суди орқали ҳамда Ўзбекистон Республикасининг жойлардаги халқ қабул хоналаридан, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари томонидан фуқаролик ишлари бўйича жами 540 та мурожаатлар келиб тушган ҳамда масъуллар томонидан ўрганилган.

Ҳисобот даврида суд раислари томонидан сайёр қабулларда ҳамда бевосита идораларда жами 468 нафар жисмоний ва юридик шахслар қабул қилинган бўлиб, вилоят суди раиси, ўринбосари ва судьялари ҳамда туманлараро (туман) суди раислари шахсий қабулида бўлди.

Тарғибот-ташвиқот ишлари:

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш мақсадида вилоят ва туманлараро (туман) судлари судьялари ҳамда ходимлари томонидан жами 221 маротаба очиқ мулоқот, давра суҳбатлари ўтказилган бўлса, 78 маротаба турли ҳуқуқий мавзуларда оммавий ахборот воситаларида чиқишлар амалга оширилиб, Республикамизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда бошқа ҳуқуқий мавзулар кенг ёритилиб келинган.

Хусусан, ўтказилган 221 та маъруза, давра суҳбатлари ва очиқ мулоқотлар шаклида ҳуқуқий тарғибот ишлари аҳоли ўртасида, корхона, муассаса ва ташкилотларда ҳамда ўқув муассасаларида ўтказилганлигини кузатишимиз мумкин. Шунингдек, ахборот воситалари орқали ўтказилган 78 маротаба чиқишлардан 36 маротаба телевидениеда, 9 маротаба радиода, 8 маротаба газета ва журналларда ҳамда 25маротаба веб-сайтларда чиқишлар қилинган.

УКТАМ МАМАДИЕВ,

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2025 йилнинг биринчи чораги давомида одил судловни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлари юзасидан ахборот

Одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида Сурхондарё вилоят жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2025 йилнинг 1-чораги давомида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Сурхондарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2025 йилнинг 1-чораги давосида 990 шахсга нисбатан 755 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Таҳлилларга кўра,  ўтган йилга нисбатан 141 та жиноят иши ёки 15,7 фоизга камайган.

Жами кўрилган 990 нафар шахсдан 824 нафар шахсга айблов ҳукми чиқарилган, 1 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган ва 165 нафар шахсларга оид жиноят ишлари тугатилган.

Айблов ҳукми чиқарилган ишлардан 108 нафарига жарима, 1 нафарига нисбатан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 5 нафарига мажбурий жамоат ишлари, 201 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 275 нафарига озодликни чеклаш ва 198 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, 160 нафар шахсларга оид жиноят ишлари Жиноят кодексининг 66-1 моддасига асосан ҳамда 5 нафар шахсларга оид ишлар эса бошқа асосларга кўра тугатилган.

Ушбу даврда 177 та сайёр суд мажлислари ўтказилган бўлиб, бу жами кўриб тамомланган ишларининг 23,44 фоизини ташкил этади. Жиноятларни олдини олиш мақсадида, жиноят содир этилишига йўл қўйган ва шарт-шароит яратган шахсларга нисбатан жами 506 та ёки 67,02 фоиз жиноят ишлари бўйича хусусий ажримлар чиқарилиб, жойларга муҳокама қилиш учун юборилган.

Суд қарорларини ўзгартирилиши ва бекор қилиниши билан боғлиқ маълумотлар.

Жиноят ишлари бўйича вилоят, туман (шаҳар) судлари томонидан биринчи босқичда якунланган ишлардан 2025 йилнинг 1-чорагида жами 175 нафар шахсга нисбатан 130 та жиноят ишлари вилоят судининг апелляция инстанциясида кўрилган. Шундан 124 нафар шахсга нисбатан 94 та жиноят иши бўйича суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган, 42 нафар шахсга нисбатан 29 та жиноят иши бўйича чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган ва 4 нафар шахсга нисбатан 3 та жиноят иши бўйича суд ҳукми бекор қилинган.

Жиноят ишлари бўйича вилоят, туман (шаҳар) судлари томонидан биринчи босқичда якунланган ишлардан 2025 йил 1-чорагида жами 107 нафар шахсга нисбатан 88 та жиноят ишлари вилоят судининг кассация инстанциясида кўрилган.

Шундан 67 нафар шахсга нисбатан 59 та жиноят иши бўйича суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган, 32 нафар шахсга нисбатан 22 та жиноят иши бўйича чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган ва 2 нафар шахсга нисбатан 2 та жиноят иши бўйича суд қарорлари бекор қилинган.

Бундан ташқари, жиноят ишлари бўйича вилоят, туман (шаҳар) судлари томонидан биринчи босқичда якунланган ишлардан 2025 йилнинг 1-чорагида жами
101 нафар шахсга нисбатан 85 та жиноят ишлари вилоят судининг тафтиш инстанциясида кўрилган. Шундан 85 нафар шахсга нисбатан 69 та жиноят иши бўйича биринчи ва апелляция инстанцияси судларининг суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилган, 9 нафар шахсга нисбатан 9 та жиноят иши бўйича биринчи ва апелляция инстанцияси судларининг суд ҳужжатлари ўзгартирилган ва 3 нафар шахсга нисбатан 3 та жиноят иши бўйича суд ҳукми бекор қилинган.

Шунингдек, жорий йилнинг 1-чораги давомида жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 119 шахсга нисбатан 102 та жиноят иши аёлларга нисбатан, 56 шахсга нисбатан 49 та жиноят иши вояга етмаганларга нисбатан, 410 шахсга нисбатан 314 та жиноят иши ёшларга нисбатан ҳамда29 шахсга нисбатан 29 та жиноят иши 60 ёшдан ошганларга нисбатан кўриб тамомланган.

Судлар томонидан инсонпарварлик тамойилларига амал қилиниши.

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2025 йилнинг 1-чорагида 1 нафар шахс биринчи босқич судида, 4 нафар шахс апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан (реабилитация) тугатилган, 6 нафар шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланилиб, шарт ҳукм чиқарилган. Яна 13 нафар шахсларга нисбатан жазо тайинланмасдан ҳукм чиқарилган. 145 нафар шахсларга нисбатан ишлар тугатилган бўлса, яна 62 нафар шахслар суд залидан қамоқдан озод қилинган.

Мурожаатлар билан ишлаш аҳволи.

Сурхондарё вилоят судига 2025 йилнинг 1-чораги давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Ўзбекситон Респубдикаси Олий суди орқали ҳамда Ўзбекистон Республикасининг жойлардаги халқ қабул хоналаридан, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари томонидан жиноят ишлари бўйича жами 59 та мурожаатлар келиб тушган ҳамда масъуллар томонидан ўрганилган.

Ҳисобот даврида суд раислари томонидан сайёр қабулларда ҳамда бевосита идораларда жами 122 нафар жисмоний ва юридик шахслар қабул қилинган бўлиб, вилоят суди раиси, ўринбосари ва судьялари ҳамда туман суди раислари шахсий қабулида бўлди.

Тарғибот-ташвиқот ишлари:

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш мақсадида вилоят ва туман (шаҳар) судлари судьялари ҳамда ходимлари томонидан жами 332 маротаба очиқ мулоқот, давра суҳбатлари ўтказилган бўлса, 236 маротаба турли ҳуқуқий мавзуларда оммавий ахборот воситаларида чиқишлар амалга оширилиб, Республикамизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда бошқа ҳуқуқий мавзулар кенг ёритилиб келинган.

Хусусан, ўтказилган 332 та маъруза, давра суҳбатлари ва очиқ мулоқотлар шаклида ҳуқуқий тарғибот ишларидан 167маротаба аҳоли ўртасида, 43 маротаба корхона, муассаса ва ташкилотларда ҳамда 122маротабаўқув муассасаларида ўтказилганлигини кузатишимиз мумкин. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали 236 маротаба чиқишлардан 69 маротаба телевидениеда, 2 маротаба радиода, 35 маротаба газета ва журналларда ҳамда 130маротаба веб-сайтларда чиқишлар қилинган.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман суди биносида “Медиация хонаси” ва “Она ва бола хонаси” ташкил этилди

Сурхондарё вилоят судлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги Қонунига асосан фуқаровий-ҳуқуқий, шу жумладан, оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга нисбатан медиация келишувини қўллаш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман суди биносида “Медиация хонаси” ва суд мажлисига келган томонлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун “Она ва бола хонаси” ҳам ташкил этилди.

Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, турмушнинг дарз кетиши ва у билан боғлиқ можаролар, айрим хонадонлардаги мавжуд нотинч маънавий-руҳий муҳит натижасида содир бўлаётган никоҳдан ажралишлар бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлган масаладир.

Эътиборли жиҳати шундаки, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан оилаларни яраштиришда медиатор, оила ва хотин-қизлар бўлими масъул ходими, Адлия бу́лими, туман имом хатиби ва бошқалар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.

Энг муҳими, суд мажлисига киришдан аввал “Медиация хонаси”даги суҳбатда қатнашган тарафларда оила муқаддас қўрғон эканлиги ҳақида ҳаётий тушунча пайдо бўлади. Бу эса қонуний никоҳни бекор қилиш жараёнида эр ёки хотиннинг ажрим ҳақидаги қарорини ўзгартириши учун хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Таъкидлаш жоизки, “Медиация хонаси” ва суд мажлисига келган томонлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун “Она ва бола хонаси” жисмоний ва юридик шахслар ўртасида юзага келадиган фуқаролик ва меҳнатга оид низоларни тинч йўл билан ҳал этиш ҳамда тарафларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим ўрин эгаллайди.

БАХОДИР ДЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари –

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Бугун Термизда фуқаролик ишлари бўйича судларда меҳнат низоларини ҳал этишда вужудга келаётган муаммолар, уларнинг ечимлари ва ҳуқуқий оқибатлари мавзусида семинар ташкил этилди

Унда Олий суд ва вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьялари, воҳамизда фаолият юритувчи ташкилот, муассаса ва корхоналарнинг кадрлар масалалари бўйича масъуллари ҳамда касаба уюшма қўмиталари раислари иштирок этишди. Семинар бугунги куннинг энг долзарб мавзуларидан бири – меҳнат муносабатлари ва унга риоя этиш, фуқароларни бузилган меҳнат ҳуқуқларининг ҳимояланишига бағишланди.

Дастлаб семинарда 2024 йил давомида судларга манфаатдор идоралар томонидан киритилган даъво аризалари таҳлил қилиниб, фуқароларнинг бузилган меҳнат муносабатларини тиклаш ҳақида мурожаат қилиш тартиблари, судгача Медиация тўғрисидаги Қонун талабларидан кенг фойдаланиш, корхона ва ташкилотларга ходимнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тақдимномалар чиқарилиши, ходим ҳуқуқлари ўз вақтида тикланмаган ҳолларда судларга манфаатдор шахс манфаатида даъво аризаси бериш мақсадга мувофиқлиги, қолаверса, мазкур ҳаракатлар кўпчилик бюджет ташкилотларини тўланиши лозим бўлган ортиқча харажатлардан сақлаб қолиши тушунтирилди.

Шундан сўнг сўзга Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Нурали Рахмонов сўзга чиқиб, иштирокчиларга ҳар бир юзага келаётган меҳнат низолари авваламбор, ходим ишлаб келган ёки ишлаётган корхона, муассаса ва ташкилотнинг ўзидаги касаба уюшмасида ёки меҳнат низолари бўйича комиссияларда кўриб чиқилиб, ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чораларини кўриш лозимлиги, бундан ташқари судгача бўлган босқичда низоларни тарафлар ўртасида келишув ва Медиация тартиб-тамойиллари асосида ечим топиш ҳамда ходимларнинг ҳуқуқларини тиклаш шунингдек, уларнинг меҳнат қонунчилигида белгиланган ва қонун билан кафолатланган ҳуқуқларини таъминлаб бориш зарурлиги таъкидланди. 

Тадбирда вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси Шерали Тогоев томонидан меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари, ходим ўз меҳнат мажбуриятларини бузган ҳолларда интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилиши ёки меҳнат қонунчилиги ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган таъсир чораларининг қўлланилиши ҳамда қонунларда, интизом тўғрисидаги уставлар ёки низомларда назарда тутилмаган интизомий жазо чораларини қўллашга йўл қўйилмаслиги юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, прокуратура органларининг фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан олиб бораётган ишлари, Касаба уюшмалари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси давлат инспекторларининг интизомий жазо чораларини қўллаш юзасидан маърузалари эшитилди.

Қизғин тарзда бўлиб ўтган семинар давомида иштирокчилар амалиётда юзага келаётган баҳсли мавзулар ва муаммолар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.

БАХОДИР ДЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари –

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида  ўтказилган семинарда судьялар, Агентликнинг вилоят бошқармаси, жойлардаги “Инсон” марказларининг ҳуқуқий масалаларда эксперт маслаҳатчилари ҳамда Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шўъбаси масъуллари иштирок этишди.

Семинарда қонунчиликдаги янгиликлар, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги қонуни ижроси,  шунингдек “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятлар киритилиш тартиби, илова қилинадиган ҳужжатлар юзасидан фикр алмашилди. Қонунчиликка кўра, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, шунингдек, ёлғиз она қарамоғидаги болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқларини таъминлашда алимент тўловлари, болаларнинг соғлигини тиклаш ва реабилитацияси учун қўшимча харажатларни ота-она ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслардан бола фойдасига ундириш бўйича судга ариза киритиш, боланинг ота-онасини бедарак йўқолган деб топиш ва вафот этган деб эълон қилиш бўйича судга ариза киритиш ҳуқуқи белгиланган.

Шунингдек, семинарда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан таъзйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этилмаган ҳолда ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилиб, таъзйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ҳамда уларнинг фарзандлари шунингдек, вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича судларга даъволар киритишда давлат божидан озод қилинишига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидлаб ўтилди.

Семинар доирасида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига юридик ёрдам ва ҳуқуқий маслаҳатлар юзасидан тақдимот ўтказилди.

Якунда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий марказлари томонидан судларга даъво аризалари киритилишида амалиётда учраётган муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

БАХОДИР ДЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Қишлоқ хўжалиги кооперативи – тадбиркорликка кенг имконият

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда улар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорликнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланган қишлоқ хўжалиги тадбиркорлигини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Фермер хўжаликлари ва кластерлар фаолиятига эркин бозор тамойилларини жорий этиш, фермер хўжаликлари томонидан кластерлар билан шартнома тузиш эркинлиги ҳамда тайёрланган маҳсулотларни реализация қилишда яратилган кенг имкониятлар шулар жумласидандир.

Бироқ, бугунги кунда ижтимоий ҳаётнинг шиддат билан ривожланиши, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида фермер хўжаликлари билан бирга деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг салмоғи ҳам ортиб бораётганлиги қишлоқ хўжалиги тадбиркорлиги ва хизмат кўрсатиш соҳасига замонавий корпоратив бошқарув шаклларини жорий қилиш ва шу орқали соҳанинг келгуси ривожини таъсинлашни тақазо қилмоқда.

Шу мақсадда 2024 йил 8 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 10 боб ва 60 моддадан иборат.

Янги қабул қилинган мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти ҳамда қишлоқ хўжалиги тадбиркорлигини ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Қонуннинг 3-моддасига кўра, қишлоқ хўжалиги кооперативи – қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга ошириш учун пай усулига, жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг ихтиёрий равишда бирлашишига асосланган мустақил тижорат ташкилоти ҳисобланади.

Кооператив фаолиятининг асосий тури қишлоқ хўжалиги соҳасида хизматлар кўрсатишдан иборат.

Кооператив қишлоқ хўжалиги соҳасида хизматлар кўрсатиш билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек қонунда тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Қонуннинг 7-моддасига кўра, кооператив камида етти нафар жисмоний ва (ёки) юридик шахслардан иборат таркибда ташкил этилиши мумкин.

Қўшма кооператив камида учта кооперативдан иборат таркибда ташкил этилиши мумкин.

Кооператив юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Кооператив қонунчиликда белгиланган тартибда давлат хизматлари марказида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ташкил этилган деб ҳисобланади ва юридик шахс ҳуқуқларига эга бўлади.

Кооператив устави кооперативнинг таъсис ҳужжати ҳисобланади. Кооператив устави ёзма шаклда баён этилиши ва кооператив муассисларининг таъсис йиғилишида тасдиқланади. Кооператив уставида кооперативнинг фирма номи ва жойлашган ери (почта манзили), кооператив фаолиятининг мақсади, ихтисослашуви ва камида битта йўналиши, кооперативга аъзо бўлиб кириш тартиби ва шартлари, кооператив аъзосининг мажбурий пай бадали миқдори, унинг кооперативнинг барча аъзолари учун тенглиги, кооперативнинг фойда ва зарарларини ҳисоблаш ҳамда тақсимлаш тартиби, кооператив бошқаруви органларининг таркиби, ваколатлари ва мажбуриятлари, кооператив аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, кооперативни қайта ташкил этиш ва тугатиш, кооперативнинг қарзларини қоплаш ҳамда қолган активларни кооператив аъзолари ўртасида тақсимлаш тартиби ва шартлари ва бошқа муҳим масалалар ўз аксини топган бўлиши лозим.

Кооператив ўз фаолиятида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

▶ қонунчиликда белгиланган тартибда мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, мол-мулкни, шу жумладан кооперативнинг пай фондига кооператив аъзоси томонидан пай бадали сифатида киритилган мол-мулкни сотиб олиш ёки ҳадя қилиш, лизингга ёки ижарага олиш, сотиш, гаровга қўйиш;

▶ шартномалар (битимлар) тузиш;

▶ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш;

▶ қонунчиликда белгиланган тартибда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;

▶ республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг ушбу Қонунга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, шунингдек кооперативнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан аризалар билан судга мурожаат қилиш ва бошқалар.

Қонуннинг 12-моддасида ўн олти ёшга тўлган жисмоний шахслар, шунингдек кооператив устави талабларига жавоб берадиган юридик шахслар кооператив аъзолари бўлиши мумкинлиги белгиланганлиги тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёш тадбиркорлар учун ҳам катта имконият ҳисобланади.

Кооперативга аъзо бўлиб кириш истагини билдирган жисмоний ва юридик шахслар кооператив давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин кооператив аъзолигига қабул қилиш тўғрисида кооператив бошқарувига ариза беради. Кооператив бошқарувининг кооператив аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги қарори кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланиши лозим.

Кооперативда қуйидаги бошқарув органлари фаолият кўрсатади:

▶ кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши – кооперативнинг юқори бошқарув органи;

▶ кооперативнинг бошқаруви – кооперативнинг ижро этувчи органи;

▶ кооперативнинг кузатув кенгаши – кооперативнинг назорат қилувчи органи.  

Агар кооператив аъзоларининг сони йигирма бир нафардан кўп бўлмаса, кооператив уставида кооперативнинг кузатув кенгаши сайланмаслиги ва унинг ваколатларини кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши амалга ошириши назарда тутилиши мумкин. Мазкур қоида қўшма кооперативга нисбатан, агар унинг аъзолари сони ўн нафардан ошмаса, қўлланилади.

Агар кооператив аъзоларининг сони йигирма бир нафардан иборат бўлса, кооперативнинг кузатув кенгаши мажбурий тартибда ташкил этилади.

Кооперативнинг ўз капитали кооператив аъзоларининг кооператив уставида назарда тутилган мажбурий пай бадаллари ва қўшимча пай бадаллари, инвестиция киритувчи кооператив аъзоларининг мажбурий пай бадаллари ва қўшимча пай бадаллари, кооператив фаолияти натижасида олинган йиллик соф фойданинг кооперативнинг захира, бўлинмас ва бошқа жамғармаларига ажратилиши керак бўлган қисми ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кооператив ўз капиталининг бошқа манбалари ҳисобидан шакллантирилади.

Кооператив томонидан солиқлар ва йиғимлар тўлиқ тўланганидан кейин қолган йиллик соф фойдани тақсимлаш тўғрисидаги қарор кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида қабул қилинади.

Кооператив ўз фаолияти билан боғлиқ мажбуриятлари бўйича ўзининг бутун мол-мулки доирасида жавобгар бўлади. Кооператив ўз аъзоларининг учинчи шахслар олдидаги мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Кооператив аъзоси кооперативнинг мажбуриятлари бўйича ўз мол-мулки билан жавобгар бўлмайди.

Кооператив ва кооператив аъзолари ўртасидаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган муносабатларни тартибга солиш мақсадида кооператив етиштириладиган маҳсулотларни харид қилиш, хизматлардан фойдаланиш, маҳсулотни реализация қилиш тўғрисида кооператив аъзолари билан битимлар тузади, шунингдек кооператив фаолиятининг мақсадлари доирасидаги шартномавий мажбуриятларни бажариш учун тарафларнинг жавобгарлигини назарда тутувчи битимлар ва қонунчиликка мувофиқ бошқа битимлар тузади.

Қонуннинг 46-моддасида давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар кооперативнинг қонунчиликка мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмаслиги, кооперативга етказилган ҳақиқий зарарларнинг ўрни, шу жумладан бой берилган фойда ушбу зарарларни етказган шахс томонидан тўлиқ қопланиши кераклиги билан боғлиқ нормаларнинг белгиланганлиги қишлоқ хўжалиги кооперативлари фаолиятининг давлат томонидан муҳофаза қилинганлигининг ёрқин исботи бўлиб ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур Қонун билан тартибга солинган янги институт қишлоқ хўжалиги тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, соҳада ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш даражасини ошириш ҳамда пировардида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

АСҚАР МАМАРАИМОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ФИРИБГАРЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

очерк

Мамлакатимиз қонунчилигида халқимизга хос инсонпарварлик, бағрикенглик ва демократик тамойиллар ўзининг теран ифодасини топган.

Хусусан, амалдаги қонунларимизда билиб-билмасдан жиноят кўчасига кирган, аммо қилмиши оқибатини тушуниб етиб, жабрланувчига етказилган зарарни қоплаган шахсга нисбатан озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгилаб қўйилган. Судларда жиноят ишларини кўришда ушбу қонун талабларига қатъий риоя қилинмоқда.

Аввало шуни қайд этиш жоизки, одамларни алдаш, мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишга уриниш ҳеч кимга ва ҳеч қачон яхшилик келтирмаган.

Бирон-бир жойда ёлчитиб ишламаган Илхом Жумаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2022 йилнинг сентябрь ойида фуқаро Карим Ўринов ҳамда Достон Орзиевларнинг ишончига кириб, улардан 6 бош буқасини 74.000.000 сўмга ҳисоблаб, ушбу пулни 10 кун муддат ичида олиб келиб беришини ваъда қилади. Шу тариқа у 6 бош буқани олиб кетиб, ваъда қилган вақтида 74.000.000 сўм миқдоридаги пулларини мол эгаларига бермасдан, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Бу ёлғончининг алдовларига учраган жабрланувчилар пулларини ундириб беришни сўраб ички ишлар органлирига мурожаат қилади. Ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари томонидан олиб борилган ишлар натижасида Илхом Жумаевга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, иш судга тақдим этилади.

Суд мажлисида жабрланувчиларга етказилган зарарлар ўрни қопланиб, фирибгарлик жиноятларини содир этган Илхом Жумаевнинг айби ўз исботини топди.

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида раислик қилувчи ундан фирибгарлик жиноятини содир этиш сабаблари сўралганида, афсус у ер чизишдан нарига ўтолмади. Фақатгина қилмишидан пушаймон эканини қайта-қайта такрорлашдан ўзга чораси қолмади.

Суд томонидан қахрамонимиз Илхом Жумаевга тегишли жазо чорасини тайинланиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, жиноят содир этган кимсанинг кўнгли ва ҳаёти ҳамиша нотинч бўлади. Чунки, уни муқаррар жазо ҳамиша тақиб этаверади. Баён этилган воқеа тафсилоти ҳам бунинг исботидир.

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси

АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЙ ЮРГАН ОТА

очерк

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг очиқ суд мажлисида вояга етмаган фарзандлари учун алиментни тўлашдан бўйин товлаган Навбат Ботировга (исм-шарифлар ўзгартирилган) нисбатан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилди.

Навбат Ботиров фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2016 йил 10 июндаги суд буйруғига кўра, ундирувчи Юлдуз Рахимова фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун алимент ундириш белгиланган бўлиб, 2024 йил 1 ноябрдан 2025  йил 1 март кунига қадар бўлган давр мабойнида моддий ёрдамга муҳтож бўлган икки нафар вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун жами 9.809.582 сўмлик алимент тўловини тўлашдан бўйин товлаган.

Давлат ижрочиси томонидан Навбат Ботировга алимент қарздорлигини тўлаш ҳақида тушунтириш берилгани ва бир неча бор ёзма огоҳлантиришларига қарамасдан, алимент пулларини тўлашни пайсалга солиб, алимент қарзларини тўламасдан бош тортиб юргани уни суд залигача олиб келди.

Суд мажлисида фарзандлари олдидаги масъулиятини эсидан чиқариб, оталик бурчини унутган ҳуқуқбузар Навбат Ботиров суд қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Бош қомусимиз Конституциямизнинг 77-моддасида, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама  камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги қайд қилинган.

Шу каби, Оила кодексининг 96-моддаси талабига кўра, “Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт” деб белгиланган.

Шундай экан, ҳар бир ота-она болалар давлатимизнинг эртанги келажаги эканлигини чуқур ҳис этган ҳолда оилада соғлом муҳит яратишга масъул эканлигинини унутмаслиги керак.

Албатта, панжара ортига йўл олган, ўз дилбанди моддий таъминотига бефарқ оталар учун 15 суткалик муддат чуқур ўйлашга ва қарздорликни бартараф этиш ҳақида бош қотиришга етарлидир.

ИКРОМ  ШАЙМАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг тергов судьяси

Skip to content