ҚИЛМИШИДАН ХУЛОСА ЧИҚАРМАГАН ОТАХОН

очерк

Музработлик Хақберди Мардаев (исм-фамилия ўзгартирилган) ёши 63 ёшда, 4 фарзандни отаси, нафақахўр бўлишига қарамасдан, яшаш уйининг томортқасида ўзига хос ҳидли, каннабис (наша) гиёҳвандлик воситасини парваришлаб келаётганлиги сабабли суд томонидан озодлиги чекланган эди. Аммо у тегишли жазо муддатини ўтаган бўлсада, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармади.

“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, отахон яна ўзи истеъмол қилиш мақсадида 2025 йилнинг апрель ойида Музработ туманидаги яшаш хонадонининг томорқасида гуллар орасида таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган жами 2 (икки) дона наша уруғини экиб, уларга ишлов бериди. Буни пайқаган ички ишлар органи ходимлари 2025 йил 9 май куни ўтказилган тадбир вақтида аниқлайди ва отахондан гиёҳванд ўсимлигини ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинади.

Бу гал ҳам нафақахўр Хақберди ота яна суд залида боши эгилган ҳолда ўтирар. Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди томонидан ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида отахон Жиноят кодекси 270-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан айбдор деб топилди ва унга яшаш уйидан чиқишини чеклаган ҳолда 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Хақберди отанинг қилмишидан пушаймонлиги, соғлиғи, нафақахўр эканлиги инобатга олиниб, жазо тайинланди. Аммо отахон бу ёшда невараларини суядиган вақтида жиноят содир этиб, эл-юрт олдида юзи шувут бўлди. Зора, бу шахс жиноятга жазо муқаррарлигини энди тушуниб етса.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

“Ҳаж”га юбориш учун 50 миллион сўмни алдаб олган фирибгарга ҳукм ўқилди

очерк

Ҳозирги кунга келиб бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган одамларнинг кўпаяётганлиги ачинарли ҳолдир. Айниқса, одамни алдаб, ишончини суиистеъмол қилиш ҳам катта гуноҳ бирга жиноят ҳамдир.

Нодавлат ташкилотларни бирида раҳбар бўлиб ишловчи Ахмад Наримонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ёши 57 да, олий маълумотли, оилали инсон. У 2024 йилнинг қиш фаслида Қумқўрғон туманида яшовчи Ойдин Холиқова билан суҳбати чоғида одамларни Саудия Арабистон давлатига “ҳаж зиёрати” сафарига жўнатиш билан шуғулланишини айтади. Шунда Ойдин турмуш ўртоғини “ҳаж зиёрати” сафарига кетишига ёрдам беришини сўрайди. Ёрдамга муҳтож бўлган Ойдин ҳожатбарорнинг оғзини пойлайди ва ўзини фирибгарнинг тузоғига тутиб беради. Ахмад ушбу сафарга кетиш учун жами 68.000.000 сўм давлат тўлови борлигини билдиради.

Бу қарангки, фирибгар тузоғига тушган Ойдин 50 миллион сўм пулларни олиб Ахмадни қўлига бериб юборади. Кунлар ўтиб ҳаж сафари ҳеч амалга ошмайди. Охир оқибат Ойдин эса фириб тузоғига тушганини англшаб етади.

Фириб тўри Ахмад Наримоновни суднинг қора курсиси томон етаклайди. Жиноятига яраша жазосини олган «ҳожатбарор» энди бировнинг ҳақини ўмараётганда ўйлаб иш кўрса ўзига яхши бўларди.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, қонунчилигимизга кўра“Ҳаж” тадбирини ташкил этишга Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси масъул бўлиб, бошқа ҳеч бир шахсни ёки ташкилотларни ваколатига кирмаслигини унутмаслигимиз даркор.

ОЙБЕК ЖУМАНОВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

ФАРЗАНД ТАЪМИНОТИ – ҲАР БИР ОТА-ОНАНИНГ МУҚАДДАС БУРЧИ

Маълумки, алимент – вояга етмаган фарзанднинг таъминоти, тарбияси ва эҳтиёжлари учун ажратиладиган муҳим маблағ ҳисобланади. Суд қарори билан вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун ота ёки онадан алимент ундирилиши белгиланиши мумкин.

Бироқ, айрим ота-оналар томонидан бу масъулиятни бажаришдан бўйин товлаш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Шуни айтиш керакки, алимент нафақат ҳуқуқий, балки ҳар бир ота-онанинг фарзанд олдидаги инсоний бурчидир.

Фикримизни бир маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатига қаратсак. Музработлик бир фуқаро ўзининг бир нафар вояга етмаган фарзанди учун алимент тўлаши лозим эди. Аммо сўнгги икки йил давомида у фарзанди олдидаги мажбуриятини бажармасдан, жами бўли 28 миллион сўмдан ортиқ алимент пулларини тўламасдан келган.

Натижада Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида қарздор шахс пойтахтда юрганлиги аниқланиб, ижро ҳаракатлари давом эттирилди. Бир неча бор огоҳғлантиришларга қарамасдан, алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаган қарздор отага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва иш судга оширилди. Тўпланган ҳужжатлар очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, қарздор отага 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди ва жазо муқаррарлиги таъминланди.

Хулоса шуки, фарзанд таъминоти – қонун талаби бўлиш билан бирга, ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчи эканини унутмаслик лозим.

ХАДИЧА РАҲИМОВА,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди тергов судьяси

ЯНГИ ФАРМОН – АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАР УЧУН КУЧЛИ ҲИМОЯ КАФОЛАТИ

​Жамиятнинг маънавий даражаси унинг аёлларга ва болаларга бўлган муносабати билан белгиланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил 3 мартда қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ-33-сонли Фармони бу борадаги ислоҳотларни мутлақо янги босқичга олиб чиқди.

​Инсон қадри учун ташланган муҳим қадам. Узоқ вақт давомида оилавий зўравонлик «ёпиқ мавзу» бўлиб келган бўлса, бугунги кунда давлат бу муаммони тизимли равишда ҳал этишга киришди. Ушбу Фармон нафақат оқибатлар билан курашиш, балки зўравонликнинг олдини олишга қаратилган профилактик механизмларни кучайтириши билан аҳамиятлидир.

​Фармоннинг асосий устувор йўналишларидан  ҳимоя ордери тизимининг такомиллашуви бўлди, ндиликда ҳимоя ордерини бериш жараёни соддалаштирилди ва унинг ижроси устидан назорат кучайтирилди. Зўравонлик содир этган шахсга нисбатан чекловлар кўлами кенгайтирилди.

​Шунингдек, болаларга нисбатан ҳар қандай шаклдаги зўравонлик учун жавобгарлик чоралари кескинлаштирилди. Мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги талаблар жорий этилди.

Бундан ташқари, ижтимоий ва психологик реабилитация: жабрланган аёлларга нафақат ҳуқуқий, балки психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш тизими «маҳаллабай» ишлаш тамойили асосида йўлга қўйилмоқда.

​Фармонда давлат органлари билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг ролига алоҳида урғу берилган. Зўравонликка нисбатан «муросасизлик» муҳитини шакллантириш – ҳар биримизнинг бурчимиздир. Эндиликда қўшнининг уйидан келаётган бақириққа бефарқ бўлмаслик нафақат инсонийлик, балки қонуний мажбурият сифатида ҳам мустаҳкамланмоқда.

​»Зўравонликка чек қўйиш – фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг иши эмас, балки бутун жамиятнинг ҳамжиҳатлигини талаб қиладиган вазифадир.»

​Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, янги қабул қилинган мазкур Фармон – бу шунчаки ҳужжат эмас, бу аёл ва боланинг қадри, хавфсизлиги ва келажаги учун давлат томонидан берилган қатъий кафолатдир. Уни ҳаётга татбиқ этиш орқали биз ҳар бир хонадонда тинчлик ва ҳар бир боланинг юзида табассум бўлишига эришамиз.

АКМАЛ ХАКИМОВ,

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди тергов судьяси

АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАР ҲИМОЯСИ ЙЎЛИДАГИ ЯНА БИР МУҲИМ ҚАДАМ

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 3 март куни “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди.

Ушбу Фармон, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, айниқса аёллар ва болаларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ташаббус ҳисобланади.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қонунчилик базаси мустаҳкамланиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Албатта, янги қабул қилинган фармон эса мазкур соҳадаги ишларни янада такомиллаштириш, мавжуд тизимни мустаҳкамлаш ва амалдаги чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, янги қабул қилинган Фармонда аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгилаб берилган. Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳалла ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, профилактик тадбирларни кенгайтириш, жабрланган шахсларга ҳуқуқий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш назарда тутилган.

Шунингдек, жамиятда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш ва оилада соғлом муҳитни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали кенг қамровли тарғибот ишларини олиб бориш муҳим аҳамият касб этади.

Аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – нафақат давлат органларининг, балки бутун жамиятнинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Шу боис ҳар бир фуқаро ушбу йўналишдаги ишларга бефарқ бўлмаслиги, жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиши зарур.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, мазкур фармоннинг қабул қилиниши мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ва келажак авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган давлат сиёсатининг изчил давоми ҳисобланиб, келгусида жамиятда адолат, хавфсизлик ва барқарорлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

ШЕРАЛИ ҚОДИРОВ,

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг тергов судьяси

АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ – ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва болалар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. 2026 йил 3 март куни мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, айниқса аёллар ва болаларни ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳужжат қабул қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёйев томонидан имзоланган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ-33-сонли Фармон бу борадаги ислоҳотларни янада янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Мазкур Фармоннинг асосий мақсади – жамиятда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда профилактика ишларини кучайтиришдан иборат.

Бу Фармон ана шу йўналишдаги ислоҳотларни янада тизимли ва самарали ташкил этишга қаратилган.

Фармонда аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини барвақт аниқлаш ва бартараф этиш бўйича қатор янги механизмлар назарда тутилган. Жумладан:

-профилактик чора-тадбирларни кучайтириш;

-ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим ва тиббиёт муассасалари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш;

-зўравонликдан жабр кўрган шахсларга ҳуқуқий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш;

-жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш.

Шунингдек, маҳаллалар, таълим муассасалари ва жамоат ташкилотларининг бу борадаги масъулиятини ошириш ҳам муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Фармонга мувофиқ, аёллар ва болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг таълим олиши, соғлом ўсиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган.

Бу орқали:

-оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш,

-болалар тарбиясига эътиборни кучайтириш,

-аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш каби вазифалар амалга оширилади.

Мухтасар айтганда, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – нафақат давлат органларининг, балки бутун жамиятнинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Мазкур Фармоннинг амалий ижроси эса юртимизда янада адолатли ва хавфсиз ижтимоий муҳитни шакллантиради.

Қабул қилинган ушбу Фармон эса мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги давлат сиёсатининг изчил давоми ҳисобланади. Ушбу ҳужжат жамиятда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва адолат муҳитини мустаҳкамлаш, шунингдек келажак авлоднинг соғлом ва баркамол вояга етишига хизмат қилади.

ТОҲИРБЕК УСМОНОВ,

Термиз туманлараро иқтисодий суди судьяси

ОҚ ХАЛАТЛИ ФИРИБГАР

очерк

Сўнгги йилларда жамиятда фирибгарлик жиноятлари кўпайиб бораётгани ташвишли ҳолатдир. Деярли ҳар куни оммавий ахборот воситаларида одамларни алдаш, уларнинг ишончидан фойдаланиб пул ундириш каби жиноятлар ҳақида хабарлар берилади. Телевидение ва радио орқали “Эҳтиёт бўлинглар, фирибгарларга алданманглар!” деган огоҳлантиришлар тез-тез эълон қилинади.

Аммо, афсуски, содда ва ишонувчан одамлар ҳали-ҳамон бундай тузоқларга тушиб қолмоқда.

Фирибгарлар турли соҳаларда учрамоқда. Баъзан улар ўзларини тадбиркор, баъзан мутахассис, баъзан шифокор сифатида таништириб, одамларнинг дарди ва ишончидан фойдаланишга уринмоқда. Қуйидаги воқеа эса айнан шундай ҳолатлардан бири бўлиб, оқ халат кийган инсоннинг фириб йўлига кириб кетиши қандай оқибатларга олиб келишига бир мисол.

Али Худоёров (исм-шарифи ўзгартирилган) ўттиз саккиз ёшни қаршилаган бўлса-да, бу вақт ичида икки марта озодликдан маҳрум этилиб, жазони ҳам ўтаб улгурган. Унинг аввалги жиноятлариям айнан фирибгарлик билан боғлиқ эди.

Озодликка чиққач, у яна ўз касби – шифокорлик фаолиятини давом эттириб, вилоят марказидаги нуфузли шифо масканларидан бирида ишлай бошлади.

Оппоқ халат кийиб юргани учун кўпчилик уни ҳурмат билан “дўхтир ака” деб саломлашарди. Илгари унинг тузоғига тушиб, алданиб қолганлар ёки қилмишлари ҳақида эшитганлар бу “шифокор”га дуч келмасликка ҳаракат қилишарди.

Али Худоёров танишларининг ўзига муносабатини яхши билса-да, бундан унчалик ташвишланмасди. Чунки фирибгарлик унинг учун иккинчи “касб”га айланиб улгурган эди. Алдов орқали қўлга киритилган мўмайгина пул уни яна шу эгри йўлга киришга ундайверарди.

Бир куни у ижтимоий тармоқларни кўздан кечираркан, навбатдаги фирибгарлик “режа”си ярқ этиб хаёлига келди. Кўп ўйлаб ўтирмай, дарҳол интернетда саҳифа очди ва унда шундай эълон жойлаштирди: “Ҳиндистондан машҳур шифокорлар келиб, оғир касалликларни даволаш бўйича қабул ўтказади. Мурожаат қилиш учун эса қуйидаги манзил орқали онлайн рўйхатдан ўтинг” деб айнан ўша саҳифани кўрсатди. Эълонга ўзининг телефон рақамини ҳам қўшиб қўйди.

Кўп ўтмай, телефонига бирин-кетин қўнғироқлар кела бошлади. У ҳар бир мурожаат қилувчи билан хушмуомала оҳангда гаплашиб, уларни “рўйхат”га ола бошлади.

– Алло, ассалому алайкум! Сиз Али аками?

– Ҳа, менман, – деб жавоб берарди у.

Мурожаат қилганларга у гўёки мутахассислар қабули учун олдиндан пул тўлаб навбатга ёзилиш лозимлиги, касаллик турига қараб керакли дори-дармон учун олдиндан тўлов қилиш ҳам талаб этилишини эринмай тушунтирарди.

Қумқўрғонлик Жалил Эгамов (исм-шарифи ўзгартирилган) ҳам ана шундай мурожаат қилувчилардан бири бўлди. У қизининг терисида пайдо бўлган касаллик туфайли кўп шифокорларга мурожаат қилган, аммо кутилган натижани ололмаган эди.

-Али ака, қизимнинг терисида дард бор, ўзимиздан шифо тополмадик, — деди у илтижо билан.

-Ўша жойни расмга тушириб юборинг, – деди дўхтир.

Жалил ака қизининг қўлидаги ярани суратга олиб юборди. Шундан сўнг Али Худоёров ўзича “мутахассислар хулосаси”ни баён қилиб, қабул учун уч юз минг сўм, дори-дармон учун эса икки миллион сўм керак бўлишини билдирди. Пулни ўтказиш учун ўзининг пластик карта рақамини юборди.

Шифога умид қилган одамлар унинг айтганларига ишониб, ана шу тарзда бирин-кетин пулларни ўтказа бошладилар. Али Худоёров эса келиб тушаётган маблағларни ўз эҳтиёжига ишлатиб, тараллабедод қилиб юраверди. Мурожаат қилувчилар қачон хориждан шифокорлар келишини сўрашса, у: “Яқин кунларда келади”, деб алдашда давом этарди.

Кунлар ойларга уланди. Бир куни мижозлардан бири Жалил Эгамов яна қўнғироқ қилиб, шифокорлар қачон келишини сўраганида, Али Худоёров бепарво тарзда:

-Дўхтирлар келмас экан, – деб жавоб берди.

-У ҳолда пулларимизни қайтаринг, – деган талабга эса у:

-Пуллар кетди, энди йўқ, – деди яна совуққонлик билан.

Шундан сўнг Жалил Эгамов алданганини тушуниб етди ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди.

Кўп ўтмай, Али Худоёровнинг уйига формадаги ходимлар келиб, уни қўлга олдилар. У ички ишлар бўлимига олиб келиниб, тергов ҳаракатлари бошланди.

Жабрланувчилар уни аввалдан танимаган бўлса-да, телефон рақами ва пластик карта орқали жиноят излари аниқланди.

Сўроқлар чоғида Али Худоёров қилмишларини яшириб ўтирмади. Илгари ҳам шу каби жиноятлар учун судлангани сабабли у бундай сўроқ-саволларга кўникиб кетган эди. Шўрчи туман судида кўрилган иш жараёнида у айбига тўлиқ иқрорлик билдирди ва қилган фирибгарликларини бирма-бир баён қилди.

Суд унинг аввал ҳам шу турдаги жиноятлар содир этгани боис, уни хавфли рецидивист деб топди ҳамда қилмишига яраша жазо тайинлади.

Бу воқеа барчага яна бир бор сабоқ бўлиши керак: инсон қанчалик ҳурматли касб эгаси бўлмасин, агар у қинғир йўлни танласа, оқибатда қонун олдида жавоб бериши муқаррар. Зеро, оқ халат инсонни эмас, инсон оқ халатни улуғлайди.

Тўлқин АБДИРАИМОВ,

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди раиси

Гиёҳвандлик иллатини тарқалишини олдини олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир

очерк

Ҳеч кимга сир эмаски гиёҳвандлик иллати бугунги кунда ҳаммамизга ташвиш бўлмоқда. Инсон учун энг бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига, имон-эътиқодига хавф-хатар солиш билан бир қаторда мустақил мамлакатимиз ривожланиши ва тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.

Фикримизни бир жиноят тафсилотига қаратсак.

Термизлик Хасан Қулбоев (исм-фамилия ўзгартирилган) эндигина 23 ёшда, ҳеч қаерда ишламайди, аниқроғи ишлашга ҳам улгурмаган. Унинг гиёҳвандлик моддасини қонунга ҳилоф равишда сақлаб келаётганлиги ҳақидаги Термиз шаҳар Ички ишлар бўлимига маълумот келиб тушади. Шундан сўнг тезкор ходимлар олинган маълумот ва “Х” исмли шахснинг аризасига асосан 2025 йилнинг 9 сентябрь куни “Ўзбекистон” маҳалласи ҳудудида тезкор тадбир ўтказилади. Шартли равишда тадбирга жалб этилган “Х” исмли шахснинг бошқарувида бўлган “Тracker 2” русумли автомашинасининг бар қисмига Хасан гашиш гиёҳвандлик моддасини қолдириб, шу ердаги савдо маркетига сигарет олиш учун тушиб кетади.

Хасан савдо маркетида чиқиб келганидан сўнг ёнига тезкор ходимлар келишиб, тезкор тадбир бўлаётьганини маълум қилиб, автомашина ичидаги бардан унга тегишли бўлган гашиш гиёҳвандлик моддасисини холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олишади.

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг очиқ сайёр суд мажлисида судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тингланиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, тарафларнинг музокара нутқларини муҳокама қилиб, суд Хасан Қулбоевга нисбатан ўз ҳукмини эълон қилди.

Эндигина 23 ёшни қаршилаган Хасан Қулбоевнинг бу қилмиши унинг 3 йил 6 ойга озодлигини чеклашига етаклади. Яна ҳам суд ҳукми билан жазони ўташ жойларида унга наркомания касаллигига қарши мажбурий тиббий даволаш чорасини ҳам қўлланилди.

Таъкидлашимиз керакки, инсон ҳаётига хавф туғдирадиган, айниқса, ёшлар ҳаётига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар биримизнинг муҳим ишларимиздан бўлмоғи керак. Зеро, миллатимиз, динимиз, яшаётган жамиятимиз учун  зарарли бўлган гиёҳвандлик иллатини йўқотиш  ва бу иллатни тарқалишини олдини олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

ОЙБЕК ЖУМАНОВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

ҚЎШМАЧИ ЙИГИТГА ЖАЗО ТАЙИНЛАНДИ

очерк

Охирги пайтларда қўшмачилик ёки фоҳишахона сақлаган аёллар ҳақида кўп гапирилмоқда, шундай жиноят содир этганлари тегишли тартибда жазога тортилаётгани ҳам бор гап. Эркак киши бўла туриб қўшмачилик қилса-чи…

Аллаберди Шодиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) 23 ёшли бўйдоқ бу йигит таассуфки, бирон фойдали юмуш билан шуғулланмаган. Табиийки, топиш-тутишининг ҳам аниқ манбаси бўлмаган.

У Жарқўрғон тумани “Қораёнтоқ” маҳалласида жойлашган қариндошига тегишли бўлган яшаш ҳонадонида фоҳишахона ташкил қилиб, ушбу йўл билан мўмайгина даромад кўришни бошлайди. Жорий йилнинг 20 январ куни соат 20:50 ларда ушбу хонадонда ўзига таниш бўлмаган йигит ва қизни жинсий алоқада бўлишлари учун шароит яратиб беради. Эвазига эса жувондан 200.000 сўм пул олади. Афсуски, унинг бу қилмиши жиноят билан якунланди. Уйига мижоз бўлиб келган шахслар жинсий алоқага киришаётган вақтида ички ишлар органи ҳодимлари кириб келишади. Аллабердидан пуллар эса ашёвий далил сифатида олиниб, ҳужжатлаштирилади.

Қўзғатилган жиноят иши очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Қўшмачилик қилиш ва фоҳишахона сақлаш жиноятини содир этганликда айбланган Аллаберди Шодиевга нисбатан ҳукм ўқилди.

Хулоса қилиб айтганда, Аллаберди Шодиев каби шахслар бу каби қилмишлар сабоғидан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олишлари шарт. Зеро, жиноий қилмиш ҳеч қачон жазосиз қолмайди.

МУРОТАЛИ АБДИМЎМИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Бандихон

туман судининг тергов судьяси

САВДОСИ ЎХШАМАГАН ФИРИБГАР

очерк

Ҳаётда турли хил табиатли кишилар учрайди. Кимдир пешона тери тўкиб, меҳнат қилишни афзал билса, яна кимдир осон йўл билан даромад топиш илинжида турли хил қилмишлар, хусусан, фирибгарликка қўл уришдан ҳам тоймайди.

Ангорлик 35 ёшли Собир Бутаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) осон йўл билан даромад топиш илинжига тушади. У ўзига илгаридан таниш бўлмаган фуқаро билан учрашиб, Жарқўрғон туманидаги “Гулистон” маҳалласи ҳудудида бўлган туман ҳокимлиги заҳирасидаги 0.70 гектар майдонини сотишини айтади. Аслида бу ерни Собир 2021 йилнинг декабрь ойида ҳеч кимнинг рухсатимиз ноқонуний равишда эгаллаб олади. У мижозга ушбу ерни кадастр ҳужжатларини танишлари орқали ҳужжатлаштириб беришигига ёрдам қилишини айтиб ишонтиради ва 170.000.000 сўмга сотишга келишади.

Собирнинг бу қилмиши жиноят эканини пайқаган мижоз дархол аризға билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорларга мурожаат қилади. Собир Термиз шаҳрига келиб, мижоз билан учрашади ва ер майдони учун савдолашган 170.000.000 сўм пулларни мижоздан олган вақтида тезкор ходимлари томонидан қўлга олинади.

Ҳа, одатда фирибгар кимсалар ғараз мақсадини амалга ошириш учун кўпроқ содда ва ишонувчан кишиларни чув туширишни кўзлашини қайд этиш жоиз. Лекин Собирни савдоси ўхшамади.

Натижада Собир Бутаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Иш судда кўриб чиқилди, суд уни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топиб, жазо муқаррарлигини таъаминлади.

Буларни баён этишдан мақсад – ҳаётда жиноий қилмиш ҳеч қачон жазосиз қолмаслигини таъкидлашдир.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Skip to content