ТАДБИРКОРНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ

очерк
Иқтисодий суд ишларини юритишдан кўзланган асосий мақсад иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборат.
Иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, улар учун қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш ва улар иштирокидаги низоларни қонун ҳужжатларига асосан синчковлик билан адолатли кўриб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.
Бу борада иқтисодий судлар томонидан ҳам бевосита низоларни кўриб чиқишда тадбиркорлик субъектлари ўзларининг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали тўлиқ ҳимоя қилишларини таъминлаш мақсадида даъво аризаларидаги ҳар бир ҳолат синчковлик билан ўрганилиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари тикланмоқда.
Фикримизга амалий мисол келтирадиган бўлсак, даъвогар Сурхондарё вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Сурхондарё вилояти бўйича ҳудудий шўъбаси билан келишилган ҳолдаги “Текшириш ўтказиш тўғрисида”ги буйруққа асосан жавобгар Термиз шаҳридаги “A.S.B” масъулияти чекланган жамияти томонидан Термиз шаҳар, “Боғишамол” МФЙ, И.Каримов кўчаси ёқасида қурилиш ишлари олиб борилаётган кўп қаватли турар-жой биносининг қурилишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган “Қурилиш соҳасига оид ягона маъмурий-қурилиш Регламенти” талабларига риоя этилиши юзасидан текшириш ўтказилган.
Текшириш натижасида жавобгар томонидан амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда қурилиши тугалланмаган объектда қуриш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмасдан, экспертизадан ўтказилмасдан ҳамда белгиланган тартибда “Ягона интерактив давлат хизматлари портали” орқали электрон шаклда рўйхатдан ўтмасдан қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилаётганлиги аниқланган ва бу ҳақида далолатнома тузилган.
Жавобгар “A.S.B” масъулияти чекланган жамиятига қурилиш-меъёрий ҳужжатларни қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштириш ҳақида юборилган 2024 йил 19 ноябрдаги ҳамда 2024 йил 11 декабрдаги ёзма кўрсатмалар талаблари бажарилмаганлиги муносабати билан Сурхондарё вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “A.S.B” масъулияти чекланган жамияти томонидан олиб борилаётган кўп қаватли тураржой биносини қурилиш монтаж ишларини тўхтатиш ва қурган шахс томонидан демонтаж ишларини амалга ошириш мажбуриятини юклашни сўраган.
Термиз туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилиб, суд харажатлари жавобгар зиммасига юклатилган.
Ишни Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида қайта кўриш жараёнида биринчи инстанция суди томонидан даъво аризасини қаноатлантириш тўғрисида барвақт хулосага келинганлиги аниқланиб, суднинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво аризасининг қаноатлантирилишини рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилинди ҳамда тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Хусусан, Сурхондарё вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан жавобгар “A.S.B” масъулияти чекланган жамияти ушбу объектда пудрат шартномаси асосида фаолият олиб бораётганлиги, аслида объект бошқа бир юридик шахс “Т.М.Р” масъулияти чекланган жамияти номига “Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш” акциядорлик жамиятининг 2023 йил 7 августдаги электрон онлайн-аукцион натижалари бўйича кўп қаватли турар жой биноси қурилиши юзасидан YU 145-963219-cонли баённома расмийлаштирилганлиги ҳамда Архитектура ва шаҳарсозлик кенгашининг 2023 йил 13 декабрдаги хулосаси мавжудлиги ҳолатлари тўлиқ ва атрофлича ўрганилмасдан, судга даъво аризаси тақдим қилинган. Биринчи инстанция суди томонидан эса ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилмасдан, даъво аризасини қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик субъектлари иштирокида кўрилаётган ҳар бир даъво аризаси қонун ҳужжатлари асосида синчковлик билан кўриб чиқилиши, ишни кўриш жараёнида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қўллаб-қувватланиши ҳамда уларнинг иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш учун қонун доирасида барча зарурий чоралар кўрилиши билан бирга, уларда амалдаги қонунларга нисбатан ҳурматда бўлиш ҳамда шартнома интизомига риоя қилиш муносабатини шакллантириш лозим бўлади.
АСҚАР МАМАРАИМОВ,
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси