СОДДАЛАШТИРИЛГАН ТАРТИБДА ИШ ЮРИТИШ

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Процессуал Кодексининг 251-бобида соддалаштирилган тартибда иш юритиш қоидаси ва тушунчалари қайд этиб ўтилган.
Унга кўра, соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш ушбу Кодексда назарда тутилган даъво ишини юритишнинг умумий қоидаларига кўра, мазкур бобда белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.
Агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ўн бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим.
Агар ушбу модданинг учинчи ва бешинчи қисмларида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлмаса, даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин.
Агар ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида қуйидаги ҳолатлар белгиланадиган бўлса, суд ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриш ҳақида ажрим чиқаради:
1) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор этилишига олиб келиши мумкин бўлса;
2) қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш, экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур бўлса;
3) билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса;
4) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида ушбу бобда белгиланган қоидалар бўйича кўриб чиқилиши лозим бўлмаган қарши даъво берилган бўлса.
Ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўришга ўтиш тўғрисидаги ажримда умумий тартибга ўтиш учун асослар кўрсатилади. Ажрим чиқарилганидан кейин ишни кўриш бошидан бошланади.
Ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб билдирилган бўлиб, улардан бири ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган талабларга тааллуқли бўлган, бошқалари эса уларга тааллуқли бўлмаган тақдирда, барча талаблар даъво ишини юритишнинг ушбу Кодексда белгиланган умумий қоидалари бўйича кўрилиши лозим.
Ишни кўриш муддати ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриб чиқиш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан ҳисобланади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризаси ушбу Кодекснинг 189-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризасига ушбу Кодекснинг 191-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинади.
Аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида суд ажрим чиқаради, ажримда иш соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўрилишини ҳамда иш кўриб чиқиладиган санани кўрсатади.
Суд аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақидаги ажримда жавобгарга даъво аризасига доир ёзма фикрини ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар тақдим этиши зарурлигини кўрсатади.
Суд ажрим билан бир вақтда жавобгарга даъво аризасининг (аризанинг) кўчирма нусхасини ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини дарҳол почта орқали ёки электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали юборади.
Жавобгар даъво аризасига доир ёзма фикрини судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли.
Ёзма фикрга унинг кўчирма нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади. Даъво аризасига доир ёзма фикр жавобгар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга унинг ваколатларини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат илова қилинади.
Жавобгар томонидан даъво аризасига доир ёзма фикр тақдим этилмаганлиги даъво аризасини соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилаётган иш аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди.
Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.
Суд тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва (ёки) важларни текширади, далиллар билан танишади ҳамда ҳал қилув қарорини қабул қилади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 23-бобида назарда тутилган умумий қоидаларга кўра, мазкур бобда белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан қабул қилинади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори суд томонидан ушбу Кодекс V бўлимининг қоидаларига кўра бериладиган ижро варақаси асосида ижро этилиши лозим.
Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
БЕХРУЗ АВАЗОВ,
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси