МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯДА

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасида, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.

Ҳар бир шахс меҳнат муносабатлари жараёнига киришар экан, унда ўзининг эгаллаб турган мақомига кўра, иш берувчи ёки ходим сифатида меҳнат шартномасининг тарафларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Меҳнат муносабатларини амалга ошириш жараёнида турли хил узрли ва узрсиз сабаблар натижасида иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ тушунмовчиликлар юзага келиши мумкин. Бу каби ҳолатларга ҳуқуқий ечим топиш масаласида меҳнат қонунчилиги соҳасида назорат қилувчи ва қонунийликни таъминловчи ташкилотлар хизматига эҳтиёж туғилади.

Мамлакатимизда меҳнат муносабатларини тартибга солиш бўйича ваколатли органлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси, прокуратура органлари ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳисобланади.

Бугунги глобаллашув ва фуқароларнинг ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданияти юксалиб бориши жараёнларида юзага келаётган меҳнат низоларини тартибга солиш борасида фуқаролик ишлари бўйича судларнинг кўмагига эҳтиёжлар ҳам ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процсессуал кодекси 26-моддасининг 1-бандида меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқиш ваколати фуқаролик ишлари бўйича судларга тегишли эканлиги белгиланган.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 207-моддаси 2-қисмида меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар йигирма кунлик муддатда биринчи инстанция суди томонидан кўриб чиқилиши лозимлиги белгиланган.

Юқорида келтириб ўтилган қонун нормаларининг мазмун-моҳияти судлар томонидан меҳнат низолари юзасидан бузилган ҳуқуқларни тиклашнинг самаралари механизмларини яратиш мақсадида белгиланган бўлиб, уларнинг моҳияти ушбу турдаги низоларни максимал даражада тезроқ ва сифатли кўриб томомлаш ва суд ҳужжатининг ижросини дарҳол таъминлаш тўғрисида нормалар мавжудлигида кўринади.

Фикримиз сўнгида барча меҳнат муносабатлари иштирокчиларини ташкилот ички-тартиб қоидалари, жамоа шартномаси ҳамда лавозим йўриқномасида белгилаб қўйилган мажбуриятларни виждонан бажаришга чорлаган ҳолда меҳнат қилишга доир ҳуқуқлари бузилган  тақдирда ушбу низо юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судлар бузилган меҳнат ҳуқуларини тиклашнинг ишончли ҳимоячиси эканлигини эслатиб ўтиш лозим деб ҳисоблаймиз.

Дилмурод Жумаев,

Сурхондарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси

ШАҲАРСОЗЛИК НОРМАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК МАВЖУД

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда турар жойлар ва ижтимоий-маиший объектлар қурилишини ривожлантириш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг замонавий архитектура қиёфасини шакллантирувчи шаҳарсозлик ҳужжатлари билан таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар тизимли амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида бир неча шаҳарлар ва шаҳар посёлкалари бош режалар билан таъминланди, қишлоқлар фуқаролр йиғинлари ҳудудларни архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш лойиҳаларига эга бўлди.

Шаҳарсозлик жадал суратлар билан ривожланиб бораётган юртимизда ушбу соҳани қатъий қонун билан тартибга солиш муҳим аҳамиятга эга эди.      

Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 мартдаги ЎРҚ-1050-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритилиб, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди яъни лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишлари бажарилаётганда талабларни бузиш, шунингдек қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳамда йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияларининг кўрсатмаларини бажаришдан қасддан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаслик (бундан 300 куб метрдан ортиқ бўлмаган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар ҳамда икки қаватдан юқори бўлмаган (соколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жой қурилиш объектлари мустасно) -фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари, мансабдор шахсларга эса етмиш баравари миқдорда жарима белгиланди.

Шунингдек, қурилиши тугалланган бинолар ва иншоотлардан фойдаланишга доир рухсатнома бериш ҳамда уларни фойдаланишга қабул қилиш қоидаларини бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, кўп квартирали уйлардаги таянч конструкцияларни қонунчиликни ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни бузган ҳолда ўзгартириш ва (ёки) реконструкция қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шу каби, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга тақиқлар (чекловлар) белгиланган зоналарда ушбу ишларни бажариш ёки аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига, уларни режалаштириш ва қуриш лойиҳаларига зид равишда (бош режаларда назарда тутилмаган) бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуриш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, шу жумладан ўзининг тарихий-маданий қимматига кўра Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шуни ёддан чиқамаслигимиз лозимки, шаҳарсозлик нормаларига амал қилиш ўзимиз ва оиламиз хавфсизлиги учун муҳим аҳамият каб этади, шаҳарсозлик нормаларини бузиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликдан ташқари ўзимиз ва оиламиз учун оғир ва кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун барчамиз белгиланган нормаларга қатъий амал қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

ФАРХОД ХУШБОҚОВ,

Сурхондарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси

Аҳолининг ҳордиқ чиқаришига мўлжалланган ерларга қурилиш қилиш тақиқланди ва бундай чекловни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

Сўнгги йилларда давлат мулки ҳисобланган умумий фойдаланишдаги боғлар, сайилгоҳ, хиёбонлар, дарахтзорлар, умуман олганда, маданий ҳордиқ масканлари ҳудудида бино ва иншоотларни қуриш ҳолатлари кўпайди. Оқибатда кўп йиллик дарахтлар кесилиб, атроф-муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўлди. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозини келтириб чиқарди.  

Дарҳақиқат, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил» иқтисодиёт йили»да амалга ошириш бўйича давлат дастури доирасида экологик ҳолатни яхшилаш ҳамда ер участкаларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш кўзда тутилган. 

Хусусан, жорий йилнинг 5 май кунида “Ер участкаларидан фойдаланиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни кучга кирди.

Қонунга кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб ер ресурсларини муҳофаза қилиш,  тупроқнинг унумдор қатлами йўқолиб кетишининг олдини олиш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасида табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар, тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар, ўрмон ҳамда сув фонди ерларида тупроқ карьерлари фаолияти тақиқланади.  

Таъкидлаш жоизки, ер ва шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиш, шаҳарсозлик регламентлари талабларини таъминлаш, ердан фойдаланувчиларнинг, ижарачиларнинг, ер участкаси мулкдорларининг ердан фойдаланиш тартибидан  хабардорлигини ошириш мақсадида ердан рухсат этилган ҳолларда фойдаланиш турларини аниқлаштириш зарурияти юзага келган эди.  

Амалдаги қонунчиликка кўра, «ер участкасидан рухсат этилган фойдаланиш тури» деган тушунчанинг таърифи мавжуд эмас эди ҳамда унинг мазмуни очиқланмаган эди.

Шунингдек, ер участкасини сотиб олиш ёки инвестиция лойиҳасини амалга оширишни бошлашдан олдин ер участкасидан рухсат этилган фойдаланиш турлари ҳақида аниқ тушунчага ёки тасаввурга эга бўлиш керак.

Шу каби ҳолатларни тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турларини жорий этишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.  

Бундан ташқари, истироҳат боғларнинг ерларини маҳаллий ҳокимият захирасига олиш, кейинчалик бегоналаштириш амалиёти кенгайиб, янгидан қайта-қайта кадастр ҳужжатини тузиш орқали боғлар ҳудуди қисқариб кетаётгани ҳам кузатилмоқда.

Бинобарин, янги қабул қилинган қонун билан амалдаги 4 кодекс ва 7 қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Жиноят, Шаҳарсозлик, Маъмурий жавобгарлик ва Ер кодексларига, шунингдек “Фермер хўжалиги тўғрисида”, “Давлат ер кадастри тўғрисида”, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”, “Томорқа хўжалиги тўғрисида”, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”, “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.  

Мазкур қонун ҳужжатларига ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари жорий этилишини, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш мақсадида дам олиш учун фойдаланиладиган ерларни хусусийлаштириш ёки бегоналаштириш, ҳудудни қисқартириш, мазкур ҳудудларда бино ва иншоотлар қуришни тақиқлаш, ушбу чекловларни бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи нормалар киритилди.  

Ер ва шаҳарсозлик қонунчилиги ўртасидаги муносабатларни таъминлаш, шунингдек улардан фойдаланиш мақсади устидан назорат қилиш самарадорлиги  кучайтирилди.  

Эндиликда ердан фойдаланувчилар, ижарачилар, ер мулкдорларининг ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари бўйича хабардорлиги оширилади.  

Мухтасар айтганда, ушбу Қонун экология ва атроф – муҳитнинг  яхшиланишига ҳамда  мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

МАНСУР АБДУРАХМАНОВ,

Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

Дарҳақиқат, ер, сув ва бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойлик, халқимиз ҳаёти ва фаровонлигининг асоси бўлиб, улардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан биридир.

Ерларни ноқишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун иқтисодий ва технологик асосланмасдан ўтказилиши ҳамда ерлар унумдорлигининг пасайиб кетиши ҳолатлари ўз ўрнида жараёнларни самарали бошқариш заруратини пайдо қилди.  

Хусусан, жорий йилнинг 5 май куни кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун шундай муаммоларга барҳам беришга қаратилган.  

Қишлоқ хўжалигига ушбу объектларни жойлаштириш чекланганлиги даладаги ишчиларнинг дам олиши учун қулай шароит яратишга, одамларни ва юкларни ташиш харажатлари ва вақтининг ошишига, етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратишга таъсир қилмоқда. Оқибатда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши харажатлари ортиб бормоқда.

Соҳага оид рухсат берувчи тартиб-тамойиллар содда ва шаффоф бўлишига қарамасдан, ер ости сувларидан назоратсиз ва ҳисобсиз фойдаланиш ҳолатлари йилдан йилга ортиб бормоқда.

Ер ости сувларидан назоратсиз ва ҳисобсиз фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ер ости сувларига қудуқни қонунга хилоф равишда бурғилаганлик учун жавобгарликни белгиловчи, ер ости сувларидан назоратсиз ва ҳисобсиз фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтирувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.    

Солиқ кодексига киритилган қўшимчага кўра, ер ости сувларидан фойдаланувчилар томонидан сувни ҳисобга олиш воситаларисиз сув олинганида солиқ тўловини белгиланган солиқ ставкасининг беш баравари миқдорида ундирилади.

Ер кодексига суғориладиган ерларни бошқа тоифага ўтказиш бўйича талабларни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш киритилди. Тоифаси ўзгартирилган ерлардан келгусида фойдаланиш бўйича аниқ шартларни белгиловчи, ер участкасини олганлик ва ердан фойдаланганлик учун ҳақ бўйича қарздорлик 6 ой ичида бартараф этилмаса, ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилишни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар ҳам кодексдан ўрин олди.  

Мухтасар айтганда эндиликда ер ости сувларидан рухсатсиз фойдаланиш ҳолатлари камайтирилади ҳамда соҳада давлат назорати кучаяди. Ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари учун қулайликлар яратилди.

ОДИЛ НОРМАҲМАТОВ,

Сурхондарё вилоят суди раисининг ўринбосари –

жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш тартиби

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳамда шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш тартиби қайд этиб ўтилган.

Унга кўра, шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг стационарда ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги ариза судга шахс ётган психиатрия муассасаси томонидан берилади.

Ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш учун қонунда назарда тутилган асослар кўрсатилган аризага шифокор психиатрлардан иборат комиссиянинг шахснинг психиатрия стационарида бундан кейин бўлиши зарурлиги тўғрисидаги асослантирилган хулосаси илова қилинади.

Ариза психиатрия муассасаси жойлашган ердаги суд томонидан кўриб чиқилади.

Суд аризани қабул қилиш билан бир пайтда аризани судда кўриб чиқиш учун зарур бўлган муддатда шахснинг психиатрия стационарида бўлиб туриши масаласини ҳал этади.

Шахсни психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг стационарда ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги иш суд томонидан стационарга ётқизилаётган шахснинг қонуний вакили ва стационарга ётқизишнинг асослилиги тўғрисида хулоса берган комиссия таркибидаги шифокор психиатр, прокурор, шунингдек шахс ётган психиатрия муассасаси вакили иштирокида ўн кунлик муддат ичида кўриб чиқилади.

Суд мажлисига психиатрия муассасаси вакилининг узрсиз сабабларга кўра келмаганлиги аризани кўриб чиқишга монелик қилмайди, бироқ суд унинг келишини шарт деб топиши мумкин.

Суднинг аризани қаноатлантириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори тегишинча шахсни психиатрия стационарига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки унинг стационарда ётиши муддатини узайтириш учун асос бўлади.

Шунингдек, сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги ариза судга мазкур шахс диспансер ҳисобида турган ёхуд даволанаётган ёки унинг яшаш (турган) жойидаги сил касаллигига қарши кураш муассасаси томонидан берилади.

Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги ариза мазкур шахс диспансер ҳисобида турган ёхуд даволанаётган сил касаллигига қарши кураш муассасаси жойлашган ердаги ёки унинг яшаш (турган) жойидаги судда кўриб чиқилади.

Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ариза ушбу муассаса тиббий комиссиясининг тиббий текширувдан ва (ёки) даволанишдан бўйин товлаётган мазкур шахсни ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш зарурлиги ҳақидаги хулосаси қабул қилинган кундан эътиборан бир сутка ичида берилади. Хулосада даволаш ўтказиладиган муддат кўрсатилади.

Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахснинг сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимида ғайриихтиёрий тартибда ётиши муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза ушбу муассаса тиббий комиссиясининг шахснинг даволанишда бўлган муассасада ётиши муддатини узайтириш зарурлиги ҳақидаги хулосаси асосида берилади. Хулосада даволаш ўтказиладиган муддат кўрсатилади.

Шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги иш сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисида ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақида ариза берилган кундан эътиборан уч кунлик муддатда суд томонидан мазкур шахс диспансер ҳисобида турган ёхуд даволанаётган сил касаллигига қарши кураш муассасасининг вакили — тиббий комиссияси аъзоси, сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахснинг вакили, шунингдек прокурор иштирокида кўриб чиқилади. Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган, иши судда кўриб чиқилаётган шахс, агар унинг соғлиғи ҳолати имкон берса, суд мажлисига чақирилиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, сил касаллигига қарши кураш муассасаси вакилининг – тиббий комиссияси аъзосининг, сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахс вакилининг суд мажлисига узрсиз сабабга кўра келмаганлиги ишни кўриб чиқишга монелик қилмайди, бироқ суд бу шахсларнинг келишини шарт деб топиши мумкин. Суднинг аризани қаноатлантириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни тегишинча сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш учун асос бўлади.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

“Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун 2025 йил 22 апрелда кучга кирди

Кредит бўйича қарздорликни мол-мулкка қаратиш мумкинми?

Мазкур Қонун билан ундирувни гаров мулкига суд тартибида ва суддан ташқари тартибда қаратиш, гаровга олувчининг гаров мулкига бўлган ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашдаги муаммолар ва қонун ҳужжатларидаги номувофиқликлар бартараф этилди.  

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ва “Гаров тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан тўланмаган суммаси гаров қийматининг ўн беш фоизидан камроқни ташкил қилса ва гаров билан таъминланган мажбурият бажарилишининг кечикиши узлуксиз уч ойдан кам бўлса, гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бузилиши жуда арзимас, деб ҳисобланади. 

Шунингдек, гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчи талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига аниқ мос келмаса, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш рад этилиши мумкин.

Гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдосидаги бошланғич сотув нархи гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасидаги келишув асосида, улар ўртасида келишмовчилик бўлган тақдирда эса, мустақил баҳоловчи ташкилотни жалб қилган ҳолда бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланади.  

Гаров ҳисобланган мол-мулк гаровга қўювчидан жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қонунда белгиланган тартибда олиб қўйилганда, гаровга олувчида ўз талабларини ана шу мол-мулк ҳисобидан устувор тарзда қаноатлантириш ҳуқуқи сақлаб қолинди.

Бундан ташқари, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунга гаровга қўйилган мол-мулк билан таъминланган мажбуриятларни ижро этишда ундирув ушбу мол-мулкка қаратилган тақдирда, гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган бошланғич реализация қилиш нархи суд қарори билан белгиланиши бўйича норма киритилди.

Шу каби, “Ипотека тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, тўловларни тўлаш муддатлари мунтазам равишда ўн икки ой давомида узлуксиз уч ойдан ортиқ бузилган тақдирда ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилиши белгиланди.

МАНСУР АБДУРАХМАНОВ,

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади

Мазкур Қарор билан кибержиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларни фош этиш самарадорлигини ошириш бўйича амалдаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш ва қатор ташкилий-техник чораларни кўриш белгиланди.

Жумладан, кибержиноятларга қарши курашиш йўналишида ягона ишлаш амалиётини йўлга қўйишни назарда тутувчи алоҳида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамла юридик шахслар томонидан киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлик учун, шунингдек, ахборот технологиялари соҳасидаги барча жиноятлар юзасидан жавобгарликни кучайтириш бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш топширилди.  

Шунингдек, Банклар, тўлов тизими операторлари, тўлов ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлиги натижасида йўл қўйилган кибержиноят оқибатида келиб чиққан моддий зарарни улар ҳисобидан ундириш тартибини жорий этиш белгиланди.

Шу билан бирга, бундан кейин кибержиноятни содир этишда ўз номидаги банк картасидан, банк ҳисобрақами, электрон ҳамёнидан ва бошқа шахсига доир маълумотларидан (SIM картаси, электрон аккаунти) фойдаланишга йўл қўйган шахслар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари ўрнатилади.

Бундан ташқари, Кибержиноятларнинг олдини олиш йўналишида ахборот тизимидаги заифликлар ва камчиликлар натижасида кибержиноят содир этилишига йўл қўйган  банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхатини оммага эълон қилиш ҳамда аҳоли пул маблағларини жалб қилишга қаратилган онлайн фирибгарлик схемалари (“молиявий пирамида”)ни барвақт аниқлаш амалиёти йўлга қўйилади.

Шунингдек, қарор билан шахсларнинг банк карталаридаги пуллари талон-торож қилинишини тўхтатиш мақсадида банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига замонавий антифрод ва антивирус ҳимоя тизимларини жорий этиш ҳамда фирибгарлар томонидан сохта рақамлар орқали фуқароларга қўнғироқ қилишларини техник (имконсиз қилиш) чеклаш каби чоралар белгиланди.

Жорий йилдан бошлаб, ҳар йили бир ой давомида “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” комплекс тарғибот ойлигини ўтказиш ҳамда ташвиқот ишлари соҳага оид барча давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан фаол тарзда олиб бориш орқали аҳолининг рақамли иммунитети ва огоҳлигини оширишнинг доимий тизими йўлга қўйилади.

Ушбу Қарорга мувофиқ, кибержиноятларни фош этиш йўналишида Марказий банк, тўлов тизими ва ички ишлар органлари вакилларидан иборат тезкор ҳаракатланиш гуруҳи фаолияти йўлга қўйилади ва мазкур гуруҳ томонидан шубҳали пул ўтказма амалиётларига алоқадор банк карталарини тезкорлик билан аниқлаш ва блоклаш каби чоралар кўриб борилади.  

Бунинг натижасида, кибержиноят орқали жиноятчилар томонидан ўзлаштирилган пулларни республика ҳудудидан чиқиб кетишини олдини олиш ва жабрланувчига қайтариш имконияти таъминланади.  

Шулар қаторида, қарор билан кибержиноятларни тергов қилиш ва фош этиш фаолиятининг сифати ва самарадорлиги ошириш мақсадида ушбу жараёнида қонунчилик ижроси устидан прокурорлик назорати ҳамда илмий тадқиқот фаолияти йўлга қўйилади.  

Бундан ташқари, кибержиноятларга қарши курашиш йўналишида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда соҳадаги ходимларнинг малакасини ошириш бўйича чоралар белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур қарорда кўрсатилган вазифаларнинг амалга оширилиши бу – масъул давлат органлари, ташкилотлар, банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг фуқароларнинг кибержиноятлардан жабрланиб қолишининг олдини олиш ҳамда уларнинг молиявий хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича масъулиятини ошишига хизмат қилади.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

ҲАР ҚАНДАЙ ҲОЛАТДА ҲАМ УНДИРУВНИ ГАРОВ МУЛКИГА ҚАРАТИШ МУМКИН ЭМАС

Ўзбекистон Республикаси “Гаров тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддаси биринчи қисмига кўра,гаровга олувчининг (кредиторнинг) талабларини қондириш учун ундирувни қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни ўзи жавобгар бўлган вазиятларда бажармаган тақдирда ёки лозим даражада бажармаганда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиши мумкин.

Бироқ, ҳар қандай қарздорликни ундиришда ундирувни гаров мулкига қаратиш мумкин эмас.

Мазкур Қонуннинг учинчи қисмига кўра, агар гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчи талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига аниқ мос келмаса, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни рад этиш мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 22 апрелдаги “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги
ЎРҚ-1060-сонли Қонуни 1-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан “Гаров тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддаси тўртинчи қисм билан тўлдирилди.

Унга кўра, гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бузилиши қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлган тақдирда, жуда арзимас деб ҳисобланади:
1) агар гаров билан таъминланган, қарздор томонидан қопланмаган мажбуриятнинг суммаси гаров қийматининг ўн беш фоизидан камроқни ташкил қилса;
2) агар гаров билан таъминланган мажбурият бажарилишининг кечикиши кетма-кет уч ойдан ошмаган бўлса.

Шунингдек, ушбу Қонуннинг 2-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 279-моддасига шу мазмундаги учинчи қисм билан тўдирилди.

Бундай ҳолатда, судлар томонидан низони мазмунан ҳал этишда даъво талабидаги қарз миқдорининг гаров мулки қийматига нисбатини ва қарздорликни юзага келган даврини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади.

РУФАТ БЕГИМОВ,

Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси

АСОССИЗ ОЛИНГАН ОРТИҚЧА ДАРОМАД ҚАЙТАРИЛДИ

Бугунги кунда иқтисодий судлар томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда рақобатга оид қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги ҳолатлари билан боғлиқ ишлар ҳам мазмунан кўрилиб, истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, давлат органлари, корхона, муассаса ва ташкилотлар томонидан қонунчилик талабларини бузган ҳолда олинган ортиқча даромадларнинг қайтарилиши таъминланмоқда.

Жумладан, даъвогар Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси жавобгар Жарқўрғон туман Тиббиёт бирлашмасига нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар томонидан асоссиз олинган 15.235.988 сўм ортиқча даромадни қўмита ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантириш жамғармасининг ҳисоб рақамига ундиришни сўраган.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Жарқўрғон тумани Тиббиёт бирлашмасида истеъмолчиларга кўрсатилаётан пуллик тиббий хизматларнинг Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа меъёрий ҳужжатлар талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ўтказилган.

Ўрганишда Жарқўрғон туман Тиббиёт бирлашмаси томонидан 2024 йилда жисмоний ва юридик шахсларга пуллик хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берувчи рухсатномага асосан пуллик хизмат кўрсатиш йўлга қўйилганлиги, ушбу рухсатномаларга кўра, тиббиёт бирлашмаси томонидан фуқароларга юракнинг умумий текшируви бўйича пуллик тиббий хизматлар кўрсатилганлиги, мазкур тиббий хизматлар HS80G-L турдаги Электрокардиограф тиббий аппарати орқали кўрсатилганлиги, ушбу аппаратга “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат муассасаси томонидан 2021 йил 8 ноябрда ўлчаш воситасини метрологик атесстациядан ўтказиш сертификати берилганлиги, унинг амал қилиш муддати 2022 йил 8 октябргача этиб белгиланганлиги, мазкур аппарат белгиланган тартибда давлат қиёслов кўригидан ўтказилмаган ҳолда беморларга хизмат кўрсатиб келинганлиги, бу эса истеъмолчиларнинг соғлиғини сақлашга доир ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланмаслигига олиб келганлиги, бунинг оқибатида 2022 йил 8 октябрдан 2024 йил 16 июл кунига қадар Жарқўрғон тиббиёт бирлашмаси томонидан жами 1.028 та истеъмолчиларга
15.235.988 сўмлик сифати ва хавфсизлиги тегишли даражада бўлмаган тиббий хизмат кўрсатилганлиги, бунинг оқибатида Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни талаблари бузилган ҳолда истъмолчилардан асоссиз даромад олинганлиги аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси Махсус комиссияси томонидан мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган 3-19-2024/90-сонли иш 2024 йил 22 июлда кўриб чиқилиб, тиббиёт бирлашмасига нисбатан асоссиз олинган 15.235.988 сўм даромадни истеъмолчилари аниқ бўлса, истеъмолчиларга қайтариш, истеъмолчиларни аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда 2024 йил 1 августга қадар ихтиёрий равишда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантириш жамғармаси ҳисоб рақамга тўлаб бериш тўғрисида қарор қабул қилиниб, жавобгарга ёзма кўрсатма тақдим этилган.

Жавобгар Жарқўрғон туман Тиббиёт бирлашмаси томонидан ёзма кўрсатма ижро қилинмасдан, қарорда кўрсатилган маблағлар ихтиёрий равишда тўлаб берилмагач, даъвогар иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддасида истеъмолчи ўзи сотиб олган товар (иш, хизмат) санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлишига ва унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги, 20-моддасида, товар (иш, хизмат)нинг тузилишига, ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар, мосламалар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозимлиги белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги “Тиббиётда қўлланиладиган лаборатория ва диагностика ускуналарининг метрологик назоратини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 112-сонли қарорининг 6-бандида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, тузилмасида тиббий муассасалар бўлган вазирликлар ва идоралар, шунингдек, хусусий тиббиёт ташкилотлари ўлчаш функциясига эга бўлган тиббий техниканинг метрологик назорати ўтказилишини, тиббий техникалар даврий синовлардан ўтказилишини таъминлашлари лозимлиги назарда тутилган.

Мазкур иқтисодий иш бўйича Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судининг даъво аризасини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясида қайта кўрилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво аризасини қаноатлантириш ва жавобгар Жарқўрғон туман Тиббиёт бирлашмаси ҳисобидан даъвогар Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси орқали Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантириш жамғармасига асоссиз олинган 15.235.988 сўм ортиқча даромадни ундириш тўғрисида янги қарор қабул қилинди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда рақобатга оид қонунчиликка тўлиқ риоя этилиши иқтисодий барқарорликни таъминлаши билан бирга, юқоридаги каби ҳолатларда бевосита фуқароларнинг соғлиғини сақлашга ва уларга малакали ҳамда сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш кафолати бўлиб ҳисобланади.

АСҚАР МАМАРАИМОВ,

Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Сурхондарё вилоят маъмурий судларининг 2025 йилнинг биринчи чораги давомида одил судловни таъминлаш борасида амалга оширган ишлари юзасидан ахборот

Сурхондарё вилоят маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар бўйича одил судлов амалга ошириш борасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя этилиб келинмоқда.

Жумладан, маъмурий судлар томонидан 2025 йилнинг 1-чораги давомида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар билан боғлиқ жами 219 та маъмурий ишлар мазмунан кўриб тамомланган.

Кўриб тамомланган 219 та маъмурий ишларнинг 76 таси қаноатлантирилган, 114 таси рад қилинган, 9 таси кўрмасдан қолдирилган ва 20 таси иш юритувдан тугатилган.

Бу даврда кўрилган ишларнинг 9 таси сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 1-чораги давомида кўрилган ишларга оид мансабдор шахслар томонидан йўл қўйилган қонунбузилишлар юзасидан жами 26 та хусусий ажримлар чиқарилган ва жойларга муҳокама қилиш учун юборилган.

Шунингдек, 2025 йилнинг 1-чорагида Маъмурий орган, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорини, мансабдор шахснинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ жами 182 та ишлар кўрилган, шундан 66 таси қаноатлантирилган, 97 таси рад этилган, 4 таси кўрмасдан қолдирилган, 15 таси иш юритувдан тугатилган. Ушбу кўрилган ишлар юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан 23 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Маҳаллий ҳокимликлар яъни, ҳоким қарорлари ва ҳаракат (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ жами 28 та низоли ишлар кўрилган бўлиб, шундан 6 таси қаноатлантирилган, 18 таси рад этилган, кўрмасдан қолдирилган ишлар мавжуд эмас, 4 таси иш юритишдан тугатилган. Кўрилган ишлар бўйича мансабдор шахсларга нисбатан 2 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Мажбурий ижро бюросининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ва мансабдор шахснинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ жами 29 та иш кўрилган, шундан 5 таси қаноатлантирилган, 19 таси рад этилган, 1 таси кўрмасдан қолдирилган, 4 таси иш юритувдан тугатилган. Ушбу кўрилган ишлар юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан 4 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги мансабдор шахсининг қарорини ҳақиқий эмас, ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш юзасидан жами 171 та иш кўриб чиқилган, шундан 44 таси қаноатлантирилган, 103 таси рад этилган, 9 таси кўрмасдан қолдирилган, 15 таси иш юритишдан тугатилган. Бу тоифадаги ишлар юзасидан 26 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Солиқ қўмитаси мансабдор шахсининг қарорини ҳақиқий эмас, ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш юзасидан жами 47 та иш кўриб чиқилган, шикоятларнинг 22 таси қаноатлантирилган, 15 таси рад этилган, 5 таси кўрмасдан қолдирилган, 5 таси иш юритишдан тугатилган. Кўрилган ишлар юзасидан 4 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Юқори инстанциялар яъни, апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида кўрилган ишлар:

Жорий йилнинг 1-чораги давомида Сурхондарё вилоят маъмурий судининг апелляция инстанциясида жами 33 та иш мазмунан кўрилган бўлиб, шундан 4 таси (3 таси ажрим) бекор қилинган, 1 та шикоят бўйича апелляция инстанциясида иш юритиш тугатилган ва 28 та ишлар бўйича суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган. Ушбу инстанциядаги ишлар юзасидан
4 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Шунингдек, бу даврда кассация инстанциясида жами 14 та иш мазмунан кўрилган бўлиб, 3 таси (1 таси ажрим) бекор қилинган бўлиб, 11 та ишлар бўйича суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган. Ушбу инстанциядаги ишлар юзасидан 3 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Шу каби, жорий йилнинг 1-чорагида вилоят маъмурий судининг тафтиш инстанциясида жами 13 та иш мазмунан кўрилган бўлиб, барчаси бўйича суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган. Тафтиш инстанцияда 4 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Мурожаатлар билан ишлаш аҳволи:

Сурхондарё вилоят маъмурий судига 2025 йил 1-чораги давомида жами 111 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 41 та мурожаат шахсий ва сайёр қабуллар давомида, 52 та мурожаат Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал ва халқ қабулхона орқали, шунингдек 18 та мурожаатлар эса почта ва бошқа алоқа тармоқлари орқали келиб тушган.

Суд ҳужжатлари ва уларнинг ижроси устидан келиб тушган мурожаатлар сони 41 тани ташкил этган бўлса, бошқа масалалар, яъни Маъмурий судлов фаолиятига тааллуқли бўлмаган аммо мурожаат мазмунида давлат ва бошқа органлар фаолияти, улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини қонунга ҳилоф деб топиб у ёки бу мажбуриятларни юклаш, уларнинг хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаётганлиги юзасидан берилган мурожаатлар сони 70 тани ташкил этган.

Тарғибот-ташвиқот ишлари:

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш мақсадида вилоят ва туманлараро судлари судьялари ҳамда ходимлари томонидан жами 51 маротаба очиқ мулоқот, маърузалар ва давра суҳбатлари ўтказилган, Бу даврда жами 73 маротаба турли ҳуқуқий мавзуларда оммавий ахборот воситаларида чиқишлар амалга оширилиб, Республикамизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда бошқа ҳуқуқий мавзулар кенг ёритилиб келинмоқда.

Хусусан, ўтказилган 51 та маъруза, давра суҳбатлари, семинар ва конференциялар шаклида ҳуқуқий тарғибот ишларининг 18 таси аҳоли ўртасида, 30 таси корхона, муассаса ва ташкилотларда ҳамда 3 таси  ўқув муассасаларида ўтказилган.Оммавий ахборот воситаларида жами 73 маротаба чиқишлар қилинган, шундан 8 маротаба телевидениеда, 30 маротаба радиода, 3 маротаба газета ва журналларда, 32 маротаба веб-сайтларда чиқишлар қилинган.

РАҲМАТИЛЛА ҒУЛОМОВ,

Сурхондарё вилоят маъмурий суди раиси

Skip to content