Сурхондарё вилоят судига суд аппарати ходимлари захираси шакллантирилинаётганлиги сабабли, вилоят суди қуйидаги лавозимларга номзодларни захирага олиш юзасидан танлов эълон қилади.
Лавозимлар:
Судья катта ёрдамчиси, судья ёрдамчиси, девонхона мудири, архив мудири, архивариус, тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси.
Лавозим бўйича номзодга қўйилган талаблар:
а) Малакали, хорижий тилларни биладиган, судья катта ёрдамчиси, судья ёрдамчиси, девонхона мудири, архив мудири, архивариус лавозимлари учун зарур билимга ва бенуқсон обрў-эътиборга эга олий юридик маълумотли Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши лозим.
б) Малакали, тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси лавозими учун зарур билимга ва бенуқсон обрў-эътиборга эга ахборот технологиялари мутахассислиги бўйича олий ёки ўрта-махсус маълумотли Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши лозим.
Тақдим этиладиган ҳужжатларнинг рўйхати:
-Ариза;
-Номзоднинг маълумотномаси ва яқин қариндошлари тўғрисида маълумотнома;
диплом (дипломдан кўчирма)нинг нотариал тасдиқланган нусхаси, чет элда ўқиганлиги тўғрисида дипломга эса, диплом тан олинганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома;
-номзоднинг паспорт нусхаси;
-меҳнат дафтарчаси нусхаси (биринчи марта ишга кираётган шахслар бундан мустасно).
Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар электрон шаклда юборилиши ҳам мумкин.
Боғланиш учун телефон рақами ва электрон почта манзили:
Бош қомусимиз бўлган Конституциямизнинг XIV боби “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланган ва ушбу бобга тегишли 76-моддадасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир” деб белгилаб қўйилган.
Албатта, жамиятимизда биринчи галда “Ватан” тушунчаси устувор бўлса, иккинчи ўринда оила ҳам муқаддас даргоҳ сифатида доимо эъзозлаб келинган. Ўтган асрнинг 30-йилларида миллий тараққиёт ҳаракатининг кўзга кўринган вакилларидан бўлган Абдурауф Фитрат ўзининг “Оила” асарида оила асосини тўғри қуриш, оилада ёш авлодга жисмоний, ақлий ва ахлоқий таълим ва тарбия бериш орқали турғунликдаги жамиятни ислоҳ қилиш мумкинлигини баён қилиб, “Миллат тақдири мана шу миллат вакиллари яшаган оиланинг ҳолатига боғлиқдир. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва тартибли бўлади” деб эътироф этган.
Психолог В.П.Левкович тадқиқотлари натижаси шуни кўрсатдики, шахслараро муносабатлар ёмон бўлган оиладаги болаларда душманлик, ишончсизлик, бефарқлик ва бошқа салбий сифатлар шаклланган ва бу боланинг ички дунёсига ҳам зарар етказган бўлади. Ота-оналарнинг фарзандларига меҳр-муҳаббатли бўлишлари ва буни тўғри ифодалаб беришлари оиладаги психологик муҳитнинг ҳар томонлама соғлом, маънавий мустаҳкам бўлишига эришишда асосий манба бўлиб ҳисобланади.
Албатта, замон бир жойда тургани йўқ, доимо ривожланиб бормоқда. Бундан 30-40 йил олдин комьютер, уяли телефон, интернет деган тушунчалар сизу бизга бегона эди. Бугун булар шунчалик оммалашиб кетдики, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қила олмайдиган бўлиб қолдик. Табиийки, мана шулар билан “оммавий маданият” деган тушунча ҳам кириб келди ва яшаш тарзимизга, урф-одату қадриятларимизга гоҳида ўзининг салбий таъсирини ҳам кўрсатмоқда.
Буларнинг акс-садосини, энг аввало, “Зангори экран” орқали тез-тез намойиш этилаётган эр ўз хотинини уриб ўлдиргани, ака-ука, ҳатто ота-бола ўртасида муроса қочиб, жиноят юз беришигача етиб бораётгани ва бошқа кўпдан-кўп оилавий зўравонликлар акс эттирилган ҳолатлар орқали кўриб била турибмиз.
Ваҳоланки, инсоннинг оиласи тинч, яқинлари соғ-саломат бўлсагина ҳотиржам яшай олади.
Хусусан, сўнгги вақтларда маҳалла билан давлат ўртасида кўприк вазифасини ўтай оладиган қатор янги тизимлар яратилдики, буларнинг барчаси биринчигалда оилани мустаҳкамлаш, тинчликни таъминлашдек эзгу тамойилга эгалиги билан аҳамиятли бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 18 февралда “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5938-сонли Фармони эълон қилиниб, ҳаётга тадбиқ этиб келинмоқда. Худди шу куни Президентимиз Фармони ортидан “Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 4602-сонли қарорини ҳам имзолади.
Албатта, глобаллашув жараёнида маҳалла ва оилани янада қўллаб-қувватлашга қаратилган юқоридаги жиддий саъй-ҳаракатлар ўзининг самараларини бермоқда. Жойлардаги кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, ажримларни олдини олиш, жиноятчиликка қарши профилактик тадбирларни кучайтириш, хотин-қизлар, ёшларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган ҳаракатлар давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
“Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга тадбиқ этишга йўналтирилган сиёсатнинг олиб борилаётгани оилавий зўравонликларнинг камайишига, жойларда “Жиноятдан ҳоли маҳалла”, “Жиноятдан ҳоли қишлоқ”ларнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги “Ижтимоий реабилитация қилиш мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жойларда Ижтимоий мослашув марказлари фаолият олиб бора бошлади.
Мазкур марказлар оилаларни асраш учун оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган шахслар, шунингдек, хотин-қизларга руҳий-психологик, маънавий ва тезкор ижтимоий ёрдамлар кўрсатишни ташкил этмоқдалар.
Зеро, жамиятимиз тараққий этиб борар экан, бугунги кунда “Никоҳ шартномаси” ҳам аста-секин истеъмолимизга кириб, оммалашиб бормоқда. Гарчанд, ривожланган Европа мамлакатларида никоҳ шартномасига жуда кўплаб оилалар риоя этсаларда, никоҳ шартномаси сизу биз учун ҳозирча оммалашмаган янгиликдир.
Бундан ташқари, “Гендер тенглик” тушунчаси БМТнинг 2015 йил қабул қилган 70-сонли резолюциясида ўз ифодасини топган эди. Миллий қонунчилигимизда юз бераётган ўзгаришлар ифодаси сифатида қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунимизни ҳаётга кенгроқ тадбиқ этишимиз учун ҳали кўп саъй-ҳаракат қилишимизга тўғри келади. Чунки, миллий қонунчилигимиз тарғиботининг кун тартибидан ушбу қонун ҳам ўрин олгандир. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, оиладаги зўравонликнинг юзага келиши, энг аввало, оиладаги муҳит, таълим-тарбиянинг нечоғлик мукаммал эмаслиги билан изоҳланмоқда.
САЙДУЛЛА МИХЛИЕВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси
Дарҳақиқат, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда суд тизимини демократлаштириш, судлар фаолияти шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтиришга қаратилган салмоқли ишлар амалга оширилди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш, хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш ваколатлари бекор қилинди.
Шунингдек, амалга оширилган ислоҳатлар давоми сифатида жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмлари жорий этиш белгилаб берилди.
Мазкур ислоҳатларнинг мантиқий давомчиси сифатида жорий йилнинг 16 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сонли Фармони қабул қилинди.
Ушбу Фармонда «Янги Ўзбекистон – янги суд» тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этаётганлигига алоҳида урғу берилди.
Хусусан, Фармон билан 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси тасдиқланди.
Стратегия доирасида «Инсон қадри учун» ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;
-адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш;
-фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш;
-судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;
-судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш;
-суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш;
-судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгиланди.
Шу каби, Фармонда суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш мақсадида туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
-вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
-вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
-юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги қайд эитб ўтилди.
Мухтасар айтиш мумкинки вақт ўтиб борар экан, ижтимоий муносабатлар янгиланади, ўзгаради ва ривожланиб бораверади. Шу нуқтаи назардан жамиятда амал қилган қоидалар, нормалар ҳам янгиланиши, ўзгариши ва такомиллашиб боришни тоқазо этади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексига кўра, ариза берган прокурор даъвогарнинг барча процессуал ҳуқуқларидан фойдаланади ва барча процессуал мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳуқуқи ва суд харажатларини тўлаш мажбурияти мустасно.
Прокурор берган аризасидан бутунлай ёки қисман воз кечиш, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўзи арз қилган талаблар бўйича судга тушунтиришлар бериш, иш мазмуни юзасидан, шунингдек ишнинг муҳокамаси вақтида келиб чиққан айрим масалалар бўйича ўз фикрини баён этиш, суд ҳужжати устидан протест келтириш ҳуқуқига эга.
Агар даъвогар рози бўлмаса, прокурор ўзи арз қилган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, қўшимча талаблар билдиришга, даъво талабларининг миқдорини кўпайтиришга ёхуд камайтиришга ҳақли эмас.
Прокурор томонидан даъвогарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тақдим этилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши, агар бу учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилмаса, даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиришга олиб келади.
Прокурорнинг бошқа шахс манфаатларини ҳимоя қилиш учун тақдим этган ўз даъвосидан (аризасидан) воз кечиши, ушбу шахсни ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Шунингдек, суд мажлисида прокурор ёки адвокат раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунмаган тақдирда, улар огоҳлантирилади. Мазкур шахслар раислик қилувчининг фармойишларига яна бўйсунмаса, агар уларни ишга зарар етказмаган ҳолда бошқа шахс билан алмаштиришнинг имкони бўлмаса, ишни кўриш суднинг ажримига биноан кейинга қолдирилиши мумкин. Суд бир вақтнинг ўзида хусусий ажрим чиқаради, ушбу ажрим тегишинча юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига юборилади.
Бундан ташқари, суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган прокурор ёки адвокатнинг суд мажлисига узрсиз сабаблар билан келмаган тақдирда суд хусусий ажрим чиқаради, бу ҳақда тегишинча юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига маълум қилади.
Ишда иштирок этувчи прокурор суд музокараларидан кейин низонинг моҳияти бўйича ўз фикрини баён этади, бундан прокурорнинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берган аризаси бўйича қўзғатилган ишлар мустасно.
Жарқўрғон туманида ўтказилган ушбу семинарда Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Шўрчи туманлари ички ишлар бўлими терговчи ва суриштирувчилари иштирок этиб, унда фирибгарлик жиноятини фуқаролик ҳуқуқий муносабатдан фарқлаш, бу турдаги жиноятларни юритишда суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида йўл қўйиладиган хато ва камчиликлар хусусида сўз юритилди.
Мазкур семинарда вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси Мухиддин Маликов ўз нутқида ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ жиноятлар орасида фирибгарлик турли хил янги усулларда содир этилаётганлиги, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланилган ҳолда содир этиш ҳолатлари ортиб бораётгани ушбу тоифадаги ишларни доимий таҳлил қилиш орқали жиноят содир этилишига олиб келаётган омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозимлигини таъкидлаб, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнларида фирибгарлик билан боғлиқ жиноят ишларини кўришда, айниқса, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиққан низоларни фирибгарлик жиноятларидан фарқлашда англашилмовчиликлар келиб чиқаётгани туфайли ҳамда қонун нормалари бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги пленум қарори янги таҳрирда ишлаб чиқилганлигини билдирди.
Шунингдек, маърузачи судья Мухиддин Маликов Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 23 июндаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Пленум қарори мазмун-моҳияти хусусида тўхталиб, мазкур ҳужжатни қабул қилишдан кўзланган мақсад фирибгарликка оид ишларни тергов қилиш ва судда кўриш жараёнида қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш билан бир қаторда фуқаролик ҳуқуқий муносабат билан фирибгарлик жиноятини фарқлаш зарурлигини таъкидлади.
– Тузилган битимга асосан ўзга шахснинг эгалигига ўтказилган ёки гаров таъминоти сифатида топширилган мулк юзасидан шахснинг битим тузилишида бошқа мақсад кўзлангани ҳақидаги важлари, битим қонунга мувофиқ тузилгани аниқланган ҳолларда фирибгарлик сифатида баҳоланмаслиги лозим, – деди М.Маликов.
–Агар шахс ўзаро ихтиёрий ёзма битим, келишувлар (қарз шартномаси, тилхат, кафолат хати ва бошқалар) асосида ўз зиммасига олган мажбуриятларини уни ижро этиш жараёнида айрим объектив сабабларга кўра (масалан, мулкий ночорлиги, шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, оғир касаллиги, фавқулодда ҳолат туфайли) бажара олмаса ёки ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд мавжудлигини исботлашнинг имкони бўлмаса, бундай ҳолатлар фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низо сифатида баҳоланиб, фуқаролик, иқтисодий суд иши юритуви тартибида ҳал этилиши кераклигини билдирди.
Мухтасар айтганда, сўнгги пайтларда мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ жиноятлар орасида фирибгарлик иллати турли усулларда содир этилиши мазкур пленум қарори эса, бу тоифадаги жиноятга қонуний, асосли баҳо бериш, қилмишни тўғри квалификация қилишда жиноят таркиби ва фуқаролик ҳуқуқий муносабат ўртасидаги ягона суд амалиётида учраётган муаммоларга ечим бўлади.
МУХИДДИН МАЛИКОВ
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси
Мамлакатимизда сўнгги йилларда ишларини юритиш жараёнида бир қанча янги институтлар жорий этилди ва улар такомиллашиб бормоқа, бунга дастлабки эшитув, ярашув, медиация институтларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатнинг 43-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун маъқулланди. Ушбу қонун 2024 йил 1 январдан кучга киради. Бу ўзгаришлар фуқароларни таклифларидан, эътирозларидан келиб чиқиб, ўрганилди, тахлил қилинди, халқаро тажрибалардан фойдаланилди.
Бу инстанция суднинг ишни мазмунан ҳал қилишда қаратилган якуний ҳужжатини адолатли, қонуний, асосли қабул қилинганлигини текширишни босқичлари ҳисбланади.
Суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида кодексларга бир қатор ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди.
Эндиликда биринчи инстанция судида кўрилган ишлар ёки апелляция ёки кассация тартибида кўрилади.
Биринчи инстанция судининг қароридан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижаларидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади.
Суд ишидан яна норози бўлган тақдирда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатида қайта кўриб чиқилади.
Суд қарорларини барқарорлигини таъминлаш мақсадида барча юқори инстанцияларда иш бўйича на фақат моддий ва процессуал қонун нормаларини тўғри қўлланилганлигини текшириш, балки тўлиқ суд терговини ўтказиш ваколати берилди.
Иш бўйича юқори инстанция судлар қуйи судлар қарорларини бекор қилиб, қуйи судларга юбориш амалиёти тугатилди. Шу инстанция суди якуний қарор қабул қилади.
Ушбу инстанцияларни вилоят судларига берилиши, фуқароларга қулайлик яратади. Энди ўрта буғим- вилоят судларига масъулият янада оширилди.
Тафтиш инстанцияда ҳам ишларни вилоят судлар кўриб чиқилиши назарда тутилган. Кейинги инстанция Олий судида қайта такроран кўрилади.
Апелляция шикояти бериш муддати 20 кундан 10 кунга қисқартирилмоқда.
Мухтасар айтганда бу ҳам ижобий ҳолат, шахсни бузилган ҳуқуқини тезроқ тиклашга ёрдам беради.
Воситачилик шартномаси бўйича бир тараф (воситачи) иккинчи тарафнинг (комитент) топшириғи бўйича ўз номидан, бироқ комитент ҳисобидан бир ёки бир неча битимни ҳақ эвазига тузиш мажбуриятини олади. Воситачилик шартномаси ёзма равишда тузилиши шарт.
Воситачи томонидан учинчи шахс билан тузилган битим бўйича, гарчи битимда комитентнинг номи тилга олинган ёки у битимни бажариш бўйича учинчи шахс билан бевосита муносабатларга киришган бўлса ҳам, воситачи ҳуқуқларга эга бўлади ва зиммасига мажбурият олади.
Воситачилик шартномаси муайян муддатга ёки амал қилиш муддати кўрсатилмаган ҳолда, қайси ҳудудда бажарилиши кўрсатилган ёки кўрсатилмаган ҳолда, комитент воситачига топширган комитентнинг манфаатларини кўзлаб ва унинг ҳисобидан битим тузиш ҳуқуқини учинчи шахсларга бермаслик ҳақида мажбурият олган ҳолда ёки бундай мажбуриятни олмаган ҳолда, воситачилик нарсаси бўлган товарларнинг ассортименти хусусида шартлар қўйилган ёки қўйилмаган ҳолда тузилиши мумкин.
Қонунчиликда айрим турдаги воситачилик шартномасининг хусусиятлари назарда тутилган бўлиши мумкин.
Воситачи учинчи шахс билан ўзи тузган битимдан келиб чиқадиган ҳамма мажбуриятларни бажариши ва ҳамма ҳуқуқларни амалга ошириши шарт.
Воситачи ўз зиммасига олган топшириқни комитентнинг кўрсатмаларига мувофиқ, воситачилик шартномасида бундай кўрсатмалар бўлмаганда эса — иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ комитент учун энг фойдали шартлар асосида бажариши лозим. Агар воситачи битимни комитент кўрсатганидан ҳам фойдалироқ шартлар асосида тузган бўлса, қўшимча фойда, башарти шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тарафлар ўртасида баравар тақсимланади.
Воситачи битимнинг ижроси учун комитентга кафолат берган (делкредере) ҳолларда у воситачилик шартномасида келишилган миқдорда қўшимча ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Комитент ҳисобидан учинчи шахс билан тузилган битим учинчи шахс томонидан бажарилмаганлиги учун воситачи комитент олдида жавобгар бўлмайди, воситачи ушбу шахсни танлашда зарур эҳтиёткорлик қилмаган ёки битимнинг бажарилишига кафолат берган (делкредере) ҳоллар бундан мустасно.
Воситачи учинчи шахс билан тузган битимни учинчи шахс бажармаган тақдирда, воситачи бу ҳақда дарҳол комитентга хабар бериши, зарур далил-исботларни тўплаши ва таъминлаши, шунингдек комитентнинг талабига кўра бундай битим юзасидан ҳуқуқларни талабларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги қоидаларга риоя қилган ҳолда унга топшириши шарт.
Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 65-моддасига кўра, жамоа шартномаси ташкилотда ёки якка тартибдаги тадбиркорда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳамда ходимлар томонидан ўз вакиллари орқали ва иш берувчи томонидан тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатдир.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 80-моддасига кўра эса, жамоа келишуви якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи, ходимлар учун ҳудудий, тармоқ ва республика даражаларида тарафларнинг меҳнат шароитларини, бандликни ҳамда ижтимоий кафолатларни белгилашга доир мажбуриятларини ўз ичига олган, ходимлар ва иш берувчиларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини келишиб олиш мақсадида тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатдир.
Жамоа шартномаси субъектларига кўра бир тарафдан, ходимлар томонидан касаба уюшмалари ёки ўзлари ваколат берган бошқа вакиллик органлари орқали, иккинчи тарафдан – бевосита иш берувчи ёки у ваколат берган вакиллар томонидан тузилади . Яъни фақат бипартизм шаклида яъни икки тарафлама тузилади.
Жамоа келишувлари эса музокараларда иштирок этаётган тарафларнинг келишувига мувофиқ икки тарафлама ва уч тарафлама бўлиши мумкин. Келишувни тузиш вақтида учинчи тараф сифатида ижро этувчи ҳокимият органи иштирок этиши мумкин. Яъни икки тарафлама ёки 3 тарафлама (трипартизм) бўлиши мумкин.
Жамоа шартномаси амал қилиш доирасига кўра иш берувчига ва мазкур корхонанинг барча ходимларига, шу жумладан жамоа шартномаси кучга кирганидан кейин ишга қабул қилинган шахсларга ҳам татбиқ этилади. Яъни жамоа шартномаси фақатгина у қабул қилинган корхона ҳудудидагина амал қилади.
Тартибга солинадиган муносабатлар соҳаси, ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларнинг хусусиятларига қараб бош, тармоқ ва ҳудудий (минтақавий) жамоа келишувлари тузилиши мумкин. Демак, жамоа келишувининг амал қилиш доираси кенг ҳисобланади. У турига қараб бутун Республика ҳудуди бўйича (Бош келишув), муайян тақмоқ ходимлари учун (Тармоқ келишуви) ва маълум бир ҳудуд (вилоят, туман) бўйлаб (Ҳудудий (минтақавий) келишувлар) амал қилади.
Бу икки тушунча мазмунига кўра бир-бирига жуда ўхшаш бўлсада, жамоа шартномалари мазмунига кўра жамоа келишувларидан кенгроқ бўлиши ҳам мумкин.
Чунки корхона ўзининг молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, жамоа шартномасида жамоа келишувида назарда тутилган кафолатларданда зиёдроқ кафолатларни белгилаши мумкин (бироқ камайтириши мумкин эмас).
Сўнги йилларда мамлакатимиз ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларида босқичма-босқич амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар энг муҳим ва долзарб масалаларини қамраб олганлиги туфайли нафақат халқимиз, ҳатто халқаро жамоатчиликнинг ҳам юксак эътибори ва эътирофига сазовор бўлмоқда.
Олиб борилаётган ишлар замирида инсон қадрини улуғлаш, соғлом, илмли ва юқори савияли авлодни тарбиялаш, жамиятда аёлларнинг ролини ошириш ва уларга тўлақонли шарт-шароитлар яратиш каби мақсадлар ётибди.
Бу борадаги энг катта қадам сифатида 2023 йил 30 апрель куни умумхалқ овоз бериш орқали ўтказилган референдумни кўрсатиш мумкин. Референдум натижасида аҳолининг орзу истакларини акс эттирган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинди. Мазкур Конституция Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади деб ишонаман.
Давлатимиз олдига қўйган муҳим вазифалар ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳисобланади.
Бу вазифаларни ҳар томонлама ва мукаммал амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрь кунги ПФ-158-сонли Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон-2030» стратегияси ишлаб чиқилди.
Унда қуйидаги асосий ғоялар ўз аксини топган:
-барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш;
– аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш;
– аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш;
– халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш;
– мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш.
Стратегиянинг муҳим йўналишларидан бири сифатида аҳоли саломатлиги ва аёлларнинг жамиятдаги ролини ошириш эканлиги кўрсатилган.
Аҳоли саломатлигини таъминлаш учун қандли диабет ва юрак-қон томир касалликларига мойиллиги бор фуқароларга тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш, хавф гуруҳига мансуб аёлларни хавфли ўсма касаллигини эрта аниқлаш бўйича скрининг текширувидан ўтказиш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, туғишлар ўртасидаги мақбул оралиққа риоя қилиш, ирсий касалликлар профилактикаси долзарблигини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш бўлиб, буларнинг барчаси соғлом турмуш тарзини шакллантиришга ва касалликларни барвақт аниқлаш юзасидан чора-тадбирлар белгиланган.
Бундан ташқари, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш мақсадида «Соғлом оила — соғлом жамият!» шиори остида тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Стратегия доирасида «Оқила аёллар» ҳаракати фаоллигини оширилиб, оилавий зўравонликка нисбатан муросасиз муҳитни шакллантирилади ҳамда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича тизимли чоралари кўрилади.
«Ўзбекистон-2030» стратегияси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг ижроси ва белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳолати юзасидан аҳолига холис ва тўлиқ маълумот етказиш вазифаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига юкланган.
Ҳулоса қилиш мумкинки, президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли юртимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини оширилиши натижасида, уларга ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларда ўзларининг истеъдодлари ҳамда имкониятларини намоён этишга имкон яратилмоқда.
Бугунги кунда, мамлакатимизда сиёсий жиҳатдан жуда муҳим бўлган тарихий ҳодиса янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш юзасидан ўтказилиши белгиланган референдум нафақат Ўзбекистон фуқаролари балки бутун жаҳон ҳамжамиятининг диққат эътиборида бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 10 март куни «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида»ги қарори қабул қилинган.
Қарорга биноан, «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини 2023 йил 30 апрель – якшанба куни ўтказиш белгиланган бўлиб, 30 апрель куни Ўзбекистон тарихида том маънода “Халқ Конституцияси” қабул қилинган кун сифатида эътироф этилади.
Янги таҳрирдаги Конституцияни “Халқ Конституцияси” деб таъкидлашимизга асосий сабаб Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасини яратилишида “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи халқ бўлиши керак” ғояси илгари сурилиб, даставвал халқимизнинг фикри, таклифлари ўрганилган, шундан сўнггина Конституция лойиҳаси тайёрланган.
Жумладан, биринчи босқичда Конституция лойиҳасини шакллантириш учун фуқароларимиз 60 мингдан зиёд таклиф беришди. Уларнинг тахминан ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олди; иккинчи босқичда Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоқлари орқали лойиҳа билан 5 миллион аҳоли танишиб, 150 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар айтилди.
Янги таҳрирдаги Конституция муқаддима, 6 бўлим, 27 боб ва 155 моддадан иборат таркибда тузилган. Демак, янги таҳрирдаги Конституция амалдаги Конституциямизга нисбатан 1 боб ва 27 моддага кенгайган.
Янги таҳрирдаги Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинларини давлат томонидан кафолатланганлик даражасини янги босқичга олиб чиқмоқда десак муболаға бўлмайди, зеро янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган норма ва моддаларнинг аксарияти давлат томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда ижтимоий ҳимояни таъминлашга кенг эътибор қаратилган.
Фикримиз исботи сифатида янги таҳрирдаги Конституция эътиборга молик бўлган қуйидаги янги нормалар билан бойитилган:
– инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади;
– ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга. Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас;
– Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади.
– ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас.
Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади;
– давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўради;
– ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади;
– ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга;
-Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.
Янги таҳрирдаги Конституцияда одил судловни амалга ошириш жараёнида ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, янги таҳрирдаги Конституцияга фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тўғрисидаги норма киритилган.
Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Конституция – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади ҳисобланади.
Рамазон Назаров
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Сурхандарьинский областной суд