Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 23 июндаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Пленум қарори мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди

Жарқўрғон туманида ўтказилган ушбу семинарда Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Шўрчи туманлари ички ишлар бўлими терговчи ва суриштирувчилари иштирок этиб, унда фирибгарлик жиноятини фуқаролик ҳуқуқий муносабатдан фарқлаш, бу турдаги жиноятларни юритишда суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида йўл қўйиладиган хато ва камчиликлар хусусида сўз юритилди.

Мазкур семинарда вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси Мухиддин Маликов ўз нутқида ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ жиноятлар орасида фирибгарлик турли хил янги усулларда содир этилаётганлиги, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланилган ҳолда содир этиш ҳолатлари ортиб бораётгани ушбу тоифадаги ишларни доимий таҳлил қилиш орқали жиноят содир этилишига олиб келаётган омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозимлигини таъкидлаб, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнларида фирибгарлик билан боғлиқ жиноят ишларини кўришда, айниқса, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиққан низоларни фирибгарлик жиноятларидан фарқлашда англашилмовчиликлар келиб чиқаётгани туфайли ҳамда қонун нормалари бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги пленум қарори янги таҳрирда ишлаб чиқилганлигини билдирди.

Шунингдек, маърузачи судья Мухиддин Маликов Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 23 июндаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Пленум қарори мазмун-моҳияти хусусида тўхталиб, мазкур ҳужжатни қабул қилишдан кўзланган мақсад фирибгарликка оид ишларни тергов қилиш ва судда кўриш жараёнида қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш билан бир қаторда фуқаролик ҳуқуқий муносабат билан фирибгарлик жиноятини фарқлаш зарурлигини таъкидлади. 

– Тузилган битимга асосан ўзга шахснинг эгалигига ўтказилган ёки гаров таъминоти сифатида топширилган мулк юзасидан шахснинг битим тузилишида бошқа мақсад кўзлангани ҳақидаги важлари, битим қонунга мувофиқ тузилгани аниқланган ҳолларда фирибгарлик сифатида баҳоланмаслиги лозим, – деди М.Маликов.

–Агар шахс ўзаро ихтиёрий ёзма битим, келишувлар (қарз шартномаси, тилхат, кафолат хати ва бошқалар) асосида ўз зиммасига олган мажбуриятларини уни ижро этиш жараёнида айрим объектив сабабларга кўра (масалан, мулкий ночорлиги, шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, оғир касаллиги, фавқулодда ҳолат туфайли) бажара олмаса ёки ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд мавжудлигини исботлашнинг имкони бўлмаса, бундай ҳолатлар фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низо сифатида баҳоланиб, фуқаролик, иқтисодий суд иши юритуви тартибида ҳал этилиши кераклигини билдирди.

Мухтасар айтганда, сўнгги пайтларда мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ жиноятлар орасида фирибгарлик иллати турли усулларда содир этилиши мазкур пленум қарори эса, бу тоифадаги жиноятга қонуний, асосли баҳо бериш, қилмишни тўғри квалификация қилишда жиноят таркиби ва фуқаролик ҳуқуқий муносабат ўртасидаги ягона суд амалиётида учраётган муаммоларга ечим бўлади.

МУХИДДИН МАЛИКОВ

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

ЯНГИ ҚОНУН БИЛАН СУДЛАРДА ТАФТИШ ИНСТАНЦИЯСИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

Мамлакатимизда сўнгги йилларда ишларини юритиш жараёнида бир қанча янги институтлар жорий этилди ва улар такомиллашиб бормоқа, бунга дастлабки эшитув, ярашув, медиация институтларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Дарҳақиқат, судларда ишларни тафтиш тартибида кўриш институти жорий этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатнинг 43-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун маъқулланди. Ушбу қонун 2024 йил 1 январдан кучга киради. Бу ўзгаришлар фуқароларни таклифларидан, эътирозларидан келиб чиқиб, ўрганилди, тахлил қилинди, халқаро тажрибалардан фойдаланилди.

Бу инстанция суднинг ишни мазмунан ҳал қилишда қаратилган якуний ҳужжатини адолатли, қонуний, асосли қабул қилинганлигини текширишни босқичлари ҳисбланади.

Суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида кодексларга бир қатор ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Эндиликда биринчи инстанция судида кўрилган ишлар ёки апелляция ёки кассация тартибида кўрилади.

Қонуний кучга кирган суд қарори устидан берилган шикоятни кассация инстанциясида кўрилади.

Биринчи инстанция судининг қароридан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижаларидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади.

Суд ишидан яна норози бўлган тақдирда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатида қайта кўриб чиқилади.

Суд қарорларини барқарорлигини таъминлаш мақсадида барча юқори инстанцияларда иш бўйича  на фақат моддий ва процессуал қонун нормаларини  тўғри қўлланилганлигини текшириш, балки тўлиқ суд терговини ўтказиш ваколати берилди.

Иш бўйича юқори инстанция судлар қуйи судлар қарорларини бекор қилиб, қуйи судларга юбориш амалиёти тугатилди. Шу инстанция суди якуний қарор қабул қилади.

Ушбу инстанцияларни вилоят судларига берилиши, фуқароларга қулайлик яратади. Энди ўрта буғим- вилоят судларига масъулият янада оширилди.

Тафтиш инстанцияда ҳам ишларни вилоят судлар кўриб чиқилиши назарда тутилган. Кейинги инстанция Олий судида қайта такроран кўрилади.

Апелляция шикояти бериш муддати 20 кундан 10 кунга қисқартирилмоқда.

Мухтасар айтганда бу ҳам ижобий ҳолат, шахсни бузилган ҳуқуқини тезроқ тиклашга ёрдам беради.

МАНСУР АБДУРАХМОНОВ

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ВОСИТАЧИЛИК ШАРТНОМАСИ БУ ….

Воситачилик шартномаси бўйича бир тараф (воситачи) иккинчи тарафнинг (комитент) топшириғи бўйича ўз номидан, бироқ комитент ҳисобидан бир ёки бир неча битимни ҳақ эвазига тузиш мажбуриятини олади. Воситачилик шартномаси ёзма равишда тузилиши шарт.

Воситачи томонидан учинчи шахс билан тузилган битим бўйича, гарчи битимда комитентнинг номи тилга олинган ёки у битимни бажариш бўйича учинчи шахс билан бевосита муносабатларга киришган бўлса ҳам, воситачи ҳуқуқларга эга бўлади ва зиммасига мажбурият олади.

Воситачилик шартномаси муайян муддатга ёки амал қилиш муддати кўрсатилмаган ҳолда, қайси ҳудудда бажарилиши кўрсатилган ёки кўрсатилмаган ҳолда, комитент воситачига топширган комитентнинг манфаатларини кўзлаб ва унинг ҳисобидан битим тузиш ҳуқуқини учинчи шахсларга бермаслик ҳақида мажбурият олган ҳолда ёки бундай мажбуриятни олмаган ҳолда, воситачилик нарсаси бўлган товарларнинг ассортименти хусусида шартлар қўйилган ёки қўйилмаган ҳолда тузилиши мумкин.

Қонунчиликда айрим турдаги воситачилик шартномасининг хусусиятлари назарда тутилган бўлиши мумкин.

Воситачи учинчи шахс билан ўзи тузган битимдан келиб чиқадиган ҳамма мажбуриятларни бажариши ва ҳамма ҳуқуқларни амалга ошириши шарт.

Воситачи ўз зиммасига олган топшириқни комитентнинг кўрсатмаларига мувофиқ, воситачилик шартномасида бундай кўрсатмалар бўлмаганда эса — иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ комитент учун энг фойдали шартлар асосида бажариши лозим. Агар воситачи битимни комитент кўрсатганидан ҳам фойдалироқ шартлар асосида тузган бўлса, қўшимча фойда, башарти шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тарафлар ўртасида баравар тақсимланади.

Воситачи битимнинг ижроси учун комитентга кафолат берган (делкредере) ҳолларда у воситачилик шартномасида келишилган миқдорда қўшимча ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Комитент ҳисобидан учинчи шахс билан тузилган битим учинчи шахс томонидан бажарилмаганлиги учун воситачи комитент олдида жавобгар бўлмайди, воситачи ушбу шахсни танлашда зарур эҳтиёткорлик қилмаган ёки битимнинг бажарилишига кафолат берган (делкредере) ҳоллар бундан мустасно.

Воситачи учинчи шахс билан тузган битимни учинчи шахс бажармаган тақдирда, воситачи бу ҳақда дарҳол комитентга хабар бериши, зарур далил-исботларни тўплаши ва таъминлаши, шунингдек комитентнинг талабига кўра бундай битим юзасидан ҳуқуқларни талабларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги қоидаларга риоя қилган ҳолда унга топшириши шарт.

ДИЛОРОМ АЛМУРАТОВА

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ЖАМОАСИ ШАРТНОМАСИ ВА ЖАМОА КЕЛИШУВЛАРИНИНГ ФАРҚИ НИМАДА?

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 65-моддасига кўра, жамоа шартномаси ташкилотда ёки якка тартибдаги тадбиркорда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳамда ходимлар томонидан ўз вакиллари орқали ва иш берувчи томонидан тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатдир.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 80-моддасига кўра эса, жамоа келишуви якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи, ходимлар учун ҳудудий, тармоқ ва республика даражаларида тарафларнинг меҳнат шароитларини, бандликни ҳамда ижтимоий кафолатларни белгилашга доир мажбуриятларини ўз ичига олган, ходимлар ва иш берувчиларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини келишиб олиш мақсадида тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатдир.

Жамоа шартномаси субъектларига кўра бир тарафдан, ходимлар томонидан касаба уюшмалари ёки ўзлари ваколат берган бошқа вакиллик органлари орқали, иккинчи тарафдан – бевосита иш берувчи ёки у ваколат берган вакиллар томонидан тузилади . Яъни фақат бипартизм шаклида яъни икки тарафлама тузилади.

Жамоа келишувлари эса музокараларда иштирок этаётган тарафларнинг келишувига мувофиқ икки тарафлама ва уч тарафлама бўлиши мумкин. Келишувни тузиш вақтида учинчи тараф сифатида ижро этувчи ҳокимият органи иштирок этиши мумкин. Яъни икки тарафлама ёки 3 тарафлама (трипартизм) бўлиши мумкин.

Жамоа шартномаси амал қилиш доирасига кўра иш берувчига ва мазкур корхонанинг барча ходимларига, шу жумладан жамоа шартномаси кучга кирганидан кейин ишга қабул қилинган шахсларга ҳам татбиқ этилади. Яъни жамоа шартномаси фақатгина у қабул қилинган корхона ҳудудидагина амал қилади.

Тартибга солинадиган муносабатлар соҳаси, ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларнинг хусусиятларига қараб бош, тармоқ ва ҳудудий (минтақавий) жамоа келишувлари тузилиши мумкин. Демак, жамоа келишувининг амал қилиш доираси кенг ҳисобланади. У турига қараб бутун Республика ҳудуди бўйича (Бош келишув), муайян тақмоқ ходимлари учун (Тармоқ келишуви) ва маълум бир ҳудуд (вилоят, туман) бўйлаб (Ҳудудий (минтақавий) келишувлар) амал қилади.

Бу икки тушунча мазмунига кўра бир-бирига жуда ўхшаш бўлсада, жамоа шартномалари мазмунига кўра жамоа келишувларидан кенгроқ бўлиши ҳам мумкин.

Чунки корхона ўзининг молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, жамоа шартномасида жамоа келишувида назарда тутилган кафолатларданда зиёдроқ кафолатларни белгилаши мумкин (бироқ камайтириши мумкин эмас).

БЕХРУЗ АВАЗОВ

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

Skip to content