Фахриддин Эрбоев (исм-шарифлар ўзгартирилган) эндигина ўттиз ёшни тўлдирди, ҳали талаба. Ўшанда Узун туманида тинч бир оқшом эди. Лекин айнан шу кечада икки ёш ўртасида бошланган тортишув жиноят билан якун топди.
Фахриддин ўзига аввалдан таниш бўлган Жўра Қурбоновни номига “Инстаграм” ижтимоий тармоғида профиль очади ва ҳақоратловчи гаплар ёзади. Бундан Жўрани хабари йўқ эди. Кунларнинг бирида ушбу ҳолатдан Жўра хабар топади ва шундан сўнг икки ёш ўртасида низо бошланади. Аммо ижтимоий тармоқда очилган профильни ҳеч ким тан олмайди. Тунги соат 01:50 ларда Фахриддин ва Жўра юқоридаги сабабга кўра кўришиб гаплашиб олишга келишиб, маҳалланинг ички кўчасида кўришади. Шу оддий сабаб билан бошланган тортишув жанжални келтириб чиқарди. Фахриддин ғазабини тия олмай, Жўранинг жағ соҳасига қўли билан бир неча маротаба уриб юборади. Жанжалда бўлганлар эса уларни ажратишади. Ёш йигит жароҳат олади. Оқибатда ҳушини йўқотади.
Бу иш жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман суди томонидан очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Суд жараёнида Фахриддин Эрбоев қилмишини тан олди, пушаймонлигини билдирди ва жабрланувчидан кечирим сўраб, ярашишлигини ҳам айтди. Аммо Жўра судланувчи билан ярашмаслигини, унга жиноят учун жазо тайинланишини суддан сўради.
Суд ҳукмига кўра, Фахриддин Эрбоев Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унинг озодлиги 2 йилга чекланди.
Ачинарлиси, Фахриддинни бир лаҳза жаҳл, ғазабини тия олмагани ва беақл ҳаракат уни жиноят кўчасига етаклади. Бу воқеа барчамизга сабоқ бўлсин. Жаҳлга эргашманг, ақлга қулоқ солинг. Ҳар бир жиноятга жазо муқаррар.
Ҳар бир давлатнинг мустақиллиги ва суверенитетини ифодаловчи рамзлари мавжуд бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетининг белгиси ва рамзи ҳисобланиб, халқаро муносабатларда мамлакатимизни бевосита ифодалайди.
Асосий қонунимиз ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 5-моддасида Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисидаги қонун қабул қилинган. Мазкур қонун 13 моддадан иборат.
“Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи – байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Мовий ранг, оқ ранг ва яшил рангли энларнинг кенглиги бир хил. Ҳар бир эн 40 сантиметрга тенгдир. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг ўртасидаги оқ рангли эннинг четларидан кенглиги 2,5 сантиметрга тенг қизил ҳошиялар ўтказилган.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз байроғи ўзининг тарихий илдизларига эга. Буюк бобомиз Амир Темур давлатининг байроғи ҳам зангори рангда бўлганлиги бизга тарихий манбалардан маълум.
“Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи:
1) доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳларининг, Олий Мажлиси палаталарининг, Вазирлар Маҳкамасининг, республика давлат бошқаруви органларининг, Давлат хавфсизлик хизматининг, Марказий банкининг, Ҳисоб палатасининг, Марказий сайлов комиссиясининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, судларнинг, прокуратура органларининг биноларида;
2) доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг, Вазирлар Маҳкамасининг, Конституциявий суднинг, Олий суднинг, республика давлат бошқаруви органларининг, Бош прокуратуранинг, Давлат хавфсизлик хизматининг, Марказий банкининг, Ҳисоб палатасининг, Марказий сайлов комиссиясининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажлислар залларида;
3) доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг, Олий Мажлиси Сенати Раисининг, Бош вазирнинг, Конституциявий суд, Олий суд раисларининг, республика давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг, Бош прокурорнинг, Давлат хавфсизлик хизмати раисининг, Марказий банк бошқаруви раисининг, Ҳисоб палатаси раисининг, Марказий сайлов комиссияси раисининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раисларининг, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари бошлиқларининг хизмат хоналарида;
4) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган байрам кунларида-Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қарорлари билан белгиланган марказий кўчаларда, майдонларда, бошқа жамоат жойларида ва объектларда;
5) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, халқ депутатлари Кенгашларининг депутатлари сайлови ёки референдум кунларида – овоз бериш ўтказилаётган бинолар ва хоналарда;
6) Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари биноларида ёки ҳудудларида ва транспорт воситаларида – халқаро ҳуқуқ нормаларига, дипломатик протокол қоидаларига ҳамда ваколатхоналар ва муассасалар жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ;
7) хорижий давлатлар давлат ва ҳукумат бошлиқларининг, бошқа расмий делегацияларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига, дипломатик протокол қоидаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасида бўлишининг тасдиқланган дастурига мувофиқ транспорт воситаларида, вокзалларда, аэропортларда, юриш йўналиши бўйича ва бошқа ташриф объектларида;
8) расмий шахслар сифатида Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Ўзбекистон Республикасининг бошқа расмий делегациялари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари бошлиқлари тушган чет элдаги денгиз ва дарё кемаларида, бошқа транспорт воситаларида;
9) Ўзбекистон Республикаси кемалар қатнови инспекциясининг кемалар реестрида рўйхатга олинган денгиз ва дарё кемаларида;
10) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий бирлашмаларида, қўшилмаларида ва қисмларида, шунингдек бошқа ҳарбий тузилмаларида – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг умумҳарбий уставларига мувофиқ;
11) доимий равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш пунктларида;
12) спорт майдонларида – Ўзбекистон Республикаси чемпионатларини, миллий терма командалар иштирокида халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида ҳамда халқаро спорт мусобақаларининг Ўзбекистон Республикаси спорт терма командаларининг вакиллари бўлган ғолибларини мукофотлаш маросимларини ўтказиш вақтида кўтарилади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи унга нисбатан лозим даражадаги ҳурмат таъминланган ҳолда умуммиллий байрамлар ва тантанали тадбирлар вақтида кўтарилиши мумкин.
Юқоридаги қонуннинг 5-2-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи ва унинг тасвири катта-кичиклигидан қатъий назар, ҳамма вақт ушбу Қонунга илова қилинаётган рангли ва схематик тасвирига аниқ мос бўлиши керак.
Қонуннинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини ҳурмат қилишлари шартлиги, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгиланган.
Айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 203-1-моддасида Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга, ҳудди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 215-моддасида Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилиш жинояти базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши кўрсатилган.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи мамлакатимиз мустақиллигининг рамзи ва тимсоли ҳисобланади ва биз у билан фаҳрланишимиз лозим.
АСҚАР МАМАРАИМОВ,
Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси
4k video footage of an unrecognizable man using a cellphone in the city
очерк
Музработлик Салим Норбоев (исм-шарифлар ўзгартирилган) норасмий ишларда фаолият юритиб келар эди. 2024 йил куз фаслида Насиба Мардаева билан турмуш қуради, бироз вақт ўтиб турмуши ўхшамагач Насиба шу йилнинг декабрь ойига қадар бир эмас, уч маротаба яшаш уйига кетиб қолади. Охир-оқибат оилавий низо уни суднинг қора курсисига етаклади.
У 2025 йилнинг март ойларида ишлаб пул топиш мақсадида Қозоғистон Республикасига боради. Шу вақтда турмуш ўртоғи билан ўрталарида юзага келган оилавий низолар туфайли ўзаро жанжаллашиб қолади. Ўрталаридаги муносабат яъни, қайнонасидан олган 30.000.000 сўмни қайтармаслик учун ўзига тегишли бўлган “SAMSUNG A21 S” маркали уяли телефонида сақлаб қўйилган турмуш ўртоғи ҳамда қайнисинглисининг фотосуратларнинг остига турли хил шахсни шарманда қиладиган уйдирмали сўзларни ёзади-ю, қўшни Қозоғистон давлатидан ўзининг номига олинган сим карта орқали инстаграмм тармоғига ушбу фотосуратлар ҳамда ёзувларни жойлаштиради.
Бу қарангки, турмуш ўртоғи ҳамда қайнисинглисининг фотосуратлари остига уйдирмали сўзлар интернет тармоғи орқали тарқаб кетади.
Албатта, бундай ҳақорат ва туҳматга ҳеч ким тоқат қилолмайди. Шунинг учун опа-сингиллар ИИБ ходимларига мурожаат қилиб, ижтимоий тармоқдаги ўзига қаратилган ҳақорат ва туҳмат гаплар тасвирини қонун ҳимоячиларига тақдим этади.
Шундан сўнг Салим Норбоевга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди эса уларни Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисмининг “г” банди билан айбдор деб топиб, унга озодликни чеклаш жазосига маҳкум этди.
Дарвоқе, жиноятчига берилган ҳар қандай жазодан асосий мақсад тарбиядир. Шу маънода қинғир ишлар билан боғлиқ воқелик якунидан судланувчи хулоса чиқариб, жиноят кўчасига қайта қадам босмаслиги учун аччиқ сабоқ бўлса, ажабмас.
Боғдагул Анварова (исм-шарифлари ўзгартирилган) мавсумий ишлаш учун Россия Федерatsiяси Санкт-Петербург шаҳрида, турмуш ўртоғи билан анча йиллардан буён ўзининг ҳамқишлоқлари билан қурилиш ишларида ишлаб келарди. Ишлаши яхши, аниқроғи тайинли ишда.
2023 йилнинг баҳор фаслида турмуш ўртоғи ўзининг ҳамқишлоғи Тўра Холматовни хам мавсумий қурилиш ишларида ишлаш учун Санкт-Петербург шаҳрига ёнига чақириб олади ва уни ўзлари ижарада яшайдиган хонадонга жойлаштиради. Ижарада яшайдиган хонадонда умумий фойдаланиш учун битта хожатхона ва ҳаммом мавжуд. 2023 йилнинг тахминан ноябрь ойлари эди, Тўра Холматов ҳаммомга яширча видеокузатув воситасини жойлаштирган. Унинг бу қабих ниятидан Боғдагул бехабар эди. Ўша куни Боғдагул ҳаммомда кийимларини ечиб чўмилаётган жараёни ва хожатхона унитазига хожатини чиқариш жараёнларини видео тасвирга олинади. Тўранинг яширинча видео кузатув камераси ўрнатганини шу вақтга қадар билмаган.
Уддабурон Тўра Холматов 2025 йил 26 июнь куни интернет ижтимоий тармоғининг «odnoklassniki.ru» сайтидан яширинча Боғдагул билан айнан бир хил «miss KFS» номли профил очиб, ўзини шахсини яширади ва Боғдагулга ўша профилдан ҳаммомда тасвирга олинган видеони скриншот қилиб расм тарзда юборади. Бу қарангки, уддабурон қахрамонимиз юборилган хабар изидан “агар интернет юлдузи бўлишни ҳохламасанг 1.000 АҚШ доллари пул берасан” деб талаб ҳам қўяди. Шунда Боғдагул нотаниш кимсадан юборилган хабарга «кимлигини айт мени турмуш ўртоғим сени кимлигингни билса сени ўлдиради» деб айтганида, Тўра эса турмуш ўртоғини танимаслигини ва турмуш ўртоғини унга қизиғи йўқлигини, агарда айтган пулни бермаса уни хаммомдаги видеоларини ҳаммага тарқатишини билдиради.
Ўша куни Боғдагул ишхонасидан чиқиб уйига борганидан сўнг турмуш ўртоғига бўлган ҳолатни сўзлаб беради. Орадан икки-уч кун ўтиб «miss KFS» номли профилдан яна хабар келади. Тўра унга бегона шахслар билан ёзишмаларни, яланғоч видео ва фотосуратларини тарқатаман деб қўрқитиб бошлайди. Аммо Боғдагул унга ундай қилмаслигини айтади. Бабириб пул беришлигини талаб қилиб, 1000 рубль ташлашини, тушса 1000 АҚШ долларини ташлаб беришини айтиб, икки дона пластик карталарни рақамларини юборади. Боғдагул биринчи картага пул ташлаб кимлигини билиб олмоқчи бўлади, лекин пластик картага пул тушмайди, шу орада иккинчи картага 1000 рубль ташлаганида эса пул тушади.
Шундан сўнг Боғдагул у билан кўпроқ ёзишиб кимлигини билишга ҳаракат қилганида, мусофирликда бир уйда яшаб кун кечирган Тўра Холматов эканини билади. Шахси аниқ бўлган товламачининг бу ҳаракатларига чек қўйиш учун Ички ишлар бўлимига арз қилади. Ҳали таъкидлаганимиздек уддабурон Тўра 2025 йилнинг 10 июль куни кеч соат 21:50 ларда Музработ тумани ҳудудида Термиз-Музработ йўналиши бўйича одам ташувчи киракашдан Боғдагулнинг ялонғоч ҳолатда ювинган ҳолати туширилган видео ва фототасвирларни тарқатмаслиги учун 600 АҚШ доллари ва 1.250.000 сўмни олаётган вақтда жиноят устида ушланади.
Натижада унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди эса Тўра Холматовни Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.
Хулоса шуки, ҳар бир инсоннинг бу дунёда яшашдан мақсади, орзу-ниятлари бор. Ўз умрини ўзининг яхши хислатлари билан энг аввало ўзига, яқинларига ҳамда атрофдагиларга сарфлашга ярамайдиган шахснинг ҳолига вой.
Ер-ризқ рўз манбаидир. Мамлакатимизда сўнгги йилларда ер ресурсларидан оқилона ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, ерларни ноқонуний эгаллаб олишнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бироқ, айрим ҳудудларда ер қонунчилигига риоя қилмаслик, жумладан, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний қурилмалар қуриш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Фикримизни юзасидан бир жиноят тафсилотига тўхталсак.
Мамарасул Хайдаров (исм-фамилия ўзгартирилган) 31 ёшда, оилали, 3 нафар фарзандни отаси, оқ-қорани ажратадиган кимса. У Бандихон тумани “Бағрикенг” маҳалласи ҳудудидаги туман ҳокимлиги захирасида бўлган суғориладиган экин ер майдонининг 40 сотих ер майдонидан фойдаланиб келади. Ушбу ер майдонида 2024 йилнинг сентябрь ойида ноқонуний тарзда 4 хонали уй-жой ва ошхона ҳамда бошқа қурилишлар учун бетон пойдевор қуриб олади. Мамарасулнинг шу тариқа суғориладиган экин ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб оладиган.
Мамарасул Хайдаров ўзбошимчалик билан ноқонуний тарзда амалга оширган қурилиш ишлари натижасида қишлоқ хўжалигига жами 12.517.116 сўм моддий зарар етказиб, уни жиноят кўчасига етаклади.
Жиноят ишлари бўйича Бандихон туман суди томонидан ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида Мамарасул айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, етказилган зарарни қоплаб берганлигини билдириб, енгиллик беришни сўраб кўрсатув берди.
Суд Мамарасул Хайдаровга содир этган жиноятини ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олган ҳолда ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинлади. Жиноят жазоси қолмади.
Ер умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланилиши лозим ва у давлат томонидан муҳофаза этилади деб белгилаб қўйилган. Хулоса шуки, ўзбошимчалик билан эгалланган ер бир қатор салбий оқибатларга олиб келганлиги билан бир қаторда, унга суд томонидан жазо муқаррарлиги таъминланди.
МУРОТАЛИ АБДИМУМИНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Бандихон туман суди тергов судьяси
Орамиздаги айрим кимсалар, енгил пул топиш илинжида қўшмачилик қилиш каби жирканч ишга қўл уриб, шунинг ортидан тирикчилик қилишни ўзларига эп кўришмоқда. Аммо ҳаром топилган пул бир кун келиб, тешиб чиқади.
Ўрозали Болтаев (исм-фамилия ўзгартирилган) ёшга доир пенсияда бўлса-да, масъулияти чекланган жамиятга қарашли автомашиналар вақтинча сақлаш жарима майдонида қоровул вазифасида ишлаб келарди. Аммо у давлат томонидан ажратилган пенсия ва иш жойидан бериладиган маошга қониқмади. У ўзи ишлаб келган МЧЖга қарашли автомобиллар учун мўлжалланган жарима майдончасини қоровул истоватхонага айлантирди.
Кунларни бирида тушдан сўнг Ўрозали ўз иш жойида бўлганида қоровулхонага нотаниш бир нафар аёл ва бир нафар эркак келишади. Аёл ундан ёнида бўлган шериги билан бирга жинсий алоқа қилишлари учун жой кераклигини ва пулини беришини айтади. Шунда у аёлнинг таклифига дарров розилик билдиради-ю, нотаниш аёлдан 200.000 сўм миқдорида пулларни олиб чўнтагига солади.
Ўрозалини рад жавобини қайтармаганидан келган меҳмонларни ҳам хурсанд. У аёл билан эркакни жарима майдони ички қисмидаги қоровулхонасига киритиб, ўзи ташқи томонга чиқиб, қоровулхонанинг эшигини ташқи томондан ёпиб қўяди. Шу онда орадан 10-15 дақиқалар вақт ўтиб ички ишлар ходимлари келишиб, Ўрозалига тезкор тадбир ўтказилаётганлиги билдиради ва ундан 200.000 сўм миқдоридаги пулларни ҳужжатлаштириб олишади.
Бўлиб ўтган ҳолат бўйича жиноят иши очилади ва қонуний тўхтамга келиш учун судга юборилди.
Судда Ўрозали Болтаев қилмишидан пушаймонлиги, ёшини ҳамда моддий аҳволини эътиборга олиб, енгиллик беришни сўраб кўрсатув берди. Унинг ши ва содир этган жинояти ижтимоий хавфлилик даражаси ҳисобга олиниб, озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Қоровул Ўрозали Болтаев жарима майдончасидаги қоровулхонани ишқий учрашувларга айлантиргани унга қимматга тушди. Шунинг учун айтишадида «Кўза кунда эмас, кунида синади» деб.
Жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида низоларни судгача ҳал қилишнинг юқори самарали, муқобил замонавий йўналишларини кенг жорий этишга эътибор қаратилмоқда.
Иқтисодиётга хорижий инвесторларни жалб этишда юзага келадиган низоларни судгача ҳал қилишни ёки суд муҳокамасининг ҳар қандай босқичида низолашаётган тарафлар учун ўзаро келишувга ва мақбул ечимни топишга эришишни таъминловчи механизмларни ишлаб чиқиш алоҳида аҳамият касб этади.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида, низоларни ўзаро тинч (дипломатик) йўл билан ҳал қилиш орқали судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда келишув битими ва медиатив келишув институтлари муҳим аҳамият касб этади.
“Медиация тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига кўра, медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир. Медиатив келишув эса медиацияни қўллаш натижасида медиация тарафлари томонидан эришилган келишув ҳисобланади.
Хусусан, 2025 йил 20 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунда медиация тартиб-таомилларини қўллаш учун рағбатлантирувчи нормалар, медиаторларга оид талабларни ва медиатив келишувларни бажариш қоидалари низоларни муқобил ҳал этиш механизмларидан бири сифатида белгиланмоқда.
Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилади, бундай ҳолатда даъвогар судга даъво аризаси билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.
Ушбу қонун қабул қилунгунга қадар медиатив келишувда гарчи тарафлар маълум мажбуриятларни бажариш ҳақида келишган бўлсалар-да, ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармас эди ҳамда медиатив келишув шартлари бажарилмаган тақдирда, тарафлар такроран судга мурожаат этишга ҳақли эди.
Янги қабул қилинган қонунга асосан тарафлар ўртасида медиатив келишув бўйича шартлашилган мажбуриятларни бажармаслик ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқариши белгиланмоқда.
Эндиликда медиатив келишув тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда медиатив келишув тузган манфаатдор тарафнинг аризасига биноан медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида тегишли судларга мурожаат қилиши мумкин.
Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза медиатив келишувни ихтиёрий ижро этиш муддати тугаган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий протсессуал кодекси “Медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишларни юритиш” деб номланган 292-боб билан тўлдирилмоқда ҳамда унда медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тартиби белгилаб берилмоқда.
Ушбу Қонун фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низоларни самарали ва тезкор равишда ҳал этишга, медиация тартиб-таомилларининг ҳамма жойда қўлланилишини рағбатлантириш орқали судлардаги юкламани мақбуллаштиришга хизмат қилади.
Ҳозирги кунда оиладаги зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги ҳимоясига оид миллий қонунчилик базаси шакллантирилган.
Дарҳақиқат, бош Қомусимизда барча фуқароларнинг бир-хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги, ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эгалиги, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши жамиятда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлигини ифода этиш билан бирга барча фуқароларга бурчлари сифатида Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканликлари белгилаб берилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги ЎРҚ-561-сонли, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрь кунидаги ЎРҚ-562-сонли Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 4 январь кунидаги 3-сонли, 2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари шулар жумласидандир.
Мазкур қонунчилик ва қонуности ҳужжатларида оиладаги зўравонлик, унинг тушунчаси, тазйиқ ҳамда зўравонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва бошқа қоидалар баён этилган.
Юқоридаги қонун ҳужжатларидан “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрь кунидаги ЎРҚ-562-сонли Қонуни алоҳида аҳамият касб этади.
Чунки, ушбу қонун ҳужжатига асосан илгари бирор-бир қонунчилик ҳужжатларида акс эттирилмаган, тартиб-қоидалар, тушунчалар акс эттирилиб, соҳадаги қонун ҳужжатларининг бўшлиқлари тўлдирилди.
Амалдаги қонунларимизга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ёрдам кўрсатган шахсларга маълум бўлиб қолган барча шахсга доир маълумотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик билан қўриқланади.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг шахсига доир маълумотлари ишониб топширилган ҳамда касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан бу маълумотлар ўзига маълум бўлиб қолган, ушбу маълумотларни ошкор этишга йўл қўйган шахслар қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилади.
Оилада зўравонликка йўл қўйган шахсларнинг ҳам жавобгарлик масалалари қатъийлаштирилди.
Шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлишлиги белгилаб қўйилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, юқорида таъкидланган қонун ва меъёрий ҳужжатлар хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилгандир.
АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Оллоқул Жўраев (исм-фамилия ўзгартирилган) Россия Федерациясидаги “Усолье-Сибирский Ҳимфармзавод”да ишлаб чиқарилган “Вenzonal (Benzobarbital) 100 mg” номли дори воситасини тезкор тадбирга жалб қилинган шахсга сотган вақтида ушланади.
Маълум бўлишича, у телефон орқали бир аёл билан танишиб қолади. Кунларнинг бирида ўша аёл Қашқадарё вилоятида яшовчи момосининг соғлиғи йўқлигини, ундан “Бензонол” номли дори воситасини топиб беришини сўраб, пулини беришлигини айтади. Оллоқул танишган аёлга дастлаб қидириб кўришини, топса олиб бориб беришини айтади. Орадан кунлар ўтиб марҳум акасидан олиб, яшаш уйига яшириб қўйган бир қутидаги “Бензонол” дори воситасини олиб, ўша аёлни уйига йўл олади.
Қизириқ тумани марказига келиб ўзига таниш бўлган аёлга телефон қилади, туман марказига келганлигини айтганида, аёл уни уйига таклиф қилади. Аёлни кўрсатмаси билан унинг яшаш хонадонини топиб боради ва унга дориларни олиб келганлигини билдириб, ёнида бўлган 1 қутидаги жами 50 дона “Бензонол” дорини аёлга беради. Ушбу дорилар учун аёлдан 150.000 сўм пулни олиб эгнида бўлган курткасининг чўнтагига солган вақтида хонадонга тезкор ходимлар келиб ашёвий далиллар билан ушланади.
Суд экспертизаси хулосасига кўра, Оллоқул Жўраевдан олинган дори воситалари кучли таъсир қилувчи модда эканлиги тасдиқланган.
Оллоқул Жўраев ушбу ҳаракатини жиноят эканини кеч пайқади. Мазкур жиноий иш судда атрофлича кўриб чиқилди.
Судда судланувчи Оллоқул Жўраев айбига иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди. Айтиш керакки, Оллоқул бу дорилар олди-сотдиси қонунга биноан таъқиқланганлигини билса-да, даромад топиш мақсадида кучли таъсир қилувчи дори воситаларни қонунга хилоф равишда ўтказмоқчи бўлган.
Суднинг ҳукми билан Оллоқул Жўраевни озодлиги чекланди. Бир ҳунарни эгалламасдан, қонуний даромад топишни ўйламасдан, енгил-елпи ҳаётни орзу қилиш уни шу куйга солди. Бу бошқаларга ҳам сабоқ бўлиши керак.
ОЙБЕК ЖУМАНОВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Ҳозирги вақтда кунда-кунора оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда фирибгарликнинг турли кўринишлари, усулларидан огоҳ этувчи хабар, лавҳа ёки суд очеркларига кўзимиз тушади. Лекин айрим юртдошларимиз пешоналари деворга урилиб, ўзлари жабрланувчи ёки судланувчига айланмагунча кўзларини очишмаяпти.
Адхам Турдиев (исм-фамилия ўзгартирилган) Ободонлаштириш бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келгани ҳолда, фирибгарлик йўли билан моддий бойлик орттириш мақсадида бир неча фуқароларни алдаб, уларнинг номига онлайн шаклда турли банк мобиль иловаси орқали микроқарз сифатида пулларни олишга эришади. Олинган пулларни эса ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. Соддадил инсонлар Адхамни гапларига ишониб, унинг тузоғига илинган.
Турли банк мобиль иловаси орқали микроқарз сифатида жами 44 нафар фуқарони номига олинган пуллар миқдори 700 миллионга етди. Адхамни бу ҳаракати уни панжара ортига етаклади.
Халқимизда бировнинг ҳақидан ҳазар қилиш, ҳаром луқмадан узоқроқ бўлиш ҳақида кўплаб ибратомуз ўгитлар бор. Бундай ўгитларга амал қилганлар ҳалол, покиза яшайдилар. Аммо амал қилмайдиганлар эса ҳам жиноятчи, ҳам гуноҳкор тамғасини оладилар.
Судда Адхам Турдиев айбига иқрорлигини ва чин дилдан пушаймонлигини, агар имконият берилса, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо берилса, барча жабрланувчиларнинг моддий зарарини қоплаб беришини билдирди. Суд эса жабрланувчиларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда тўпланган далилларга баҳо бериб, мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамдаа озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни лозим топди.
Шуни айтишадида, бундай одамларни орамизда озгина борлиги жамият ривожига ҳам, одамларнинг фаровон турмуш кечиришига ҳам салбий таъсир қилади. Бир кун келиб қилмишлари фош бўлганида эса қонун олдида жавоб бериб, тегишли тартибда жазо оладилар.
Шундай экан, фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг!
ОЙБЕК ҲАЙИТОВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2026 | Сурхондарё вилоят суди