Она тили миллатнинг руҳидир. Тил—давлатнинг тимсоли, мулки.
Тилни асраб авайлаш орқали миллат юксалади.
Республикамиз Конституциясида давлат тилининг мақоми белгилаб қўйилган.
Она тилимизга 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди.
Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди.
“Давлат тили” тўғрисидаги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида хам кенг имкониятлар яратди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрў-эътибори ошди.
Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, саноат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бу борада амалга оширилган ишларнинг энг мухимларидандир.
Тил—миллат қиёфасининг бир бўлаги. Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ.
Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда хар ўн беш кунда битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади.
YUNESKO вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди.
Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир.
Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бебаҳрадир. Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи хамон ўз ёзувларига эга эмас.
Минглаб тиллардан таълим тизимида фойдаланишнинг имконияти йўқ. Янги технологияларнинг ривожланиши туфайли айрим халқлар ўз тилларидан кўра замонавий тиллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бугун интернет тилининг 81фоизи инглиз тилига тўғри келади.
Мазкур рақамлардан кўринадики, хар бир миллат ёки халқ ўз она тилининг ривожи учун амалий харакат қилмаса, вақт ўтиб ўша миллат ўз она тилини йўқотиши мумкин.
Тил нафақат муомала воситаси- балки халқнинг маъданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир.
Турли халқларнинг тилларига ҳурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади.
Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир.
Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва хурмат қилиш тинчликнинг бирдан-бир кафолатидир.
Шу сабабли хам хар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.
Дилором Алмуратова
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, шу жумладан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати сифатида адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда Қонун устиворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустахкамлаш борасидаги ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Судловнинг одиллигини таъминловчи ҳуқуқий майдон – умуминсоний қадриятлар ва умумэътироф этилган ҳуқуқ андозаларига асосланган, шаклан ва моҳиятан янги қонунлар қабул қилинмоқда. Уларнинг асосига қонунийлик, демократизм, одиллик, инсонпарварлик, жиноий қилмиш учун жавобгарликнинг муқаррарлиги каби одилона принциплар қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январда қабул қилинган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, Фармонга асосан қуйидагилар жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланди: биринчидан, аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмуни ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш, фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш ‒ демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш; иккинчидан, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш; учинчидан, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш; тўртинчидан, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш ва бошқалар. Башарти, ҳукмлар элнинг моли ва жонига жорий экан, бунда тўғрилик ва адолат қози ва қуззотнинг шиори бўлиши даркор. Амалиётда қўлланилаётган бу каби ўзгаришлар юридик соҳа ходимлари олдига ҳам улкан вазифаларни кўндаланг қилиб қўя бошлади. Касб малакаларини ошириш, маҳорат сирларини тинмай ўқиб, ўзлаштириш талабини қўймоқда. Биринчи навбатда улардан тўғрилик ва одиллик, сўнг билим ва тажриба сўралади. Инсон тақдирига масъул бўлган касбу кор эгаларига доимо шундай талаб қўйилган.
Ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан бири, уни барпо этишнинг мажбурий шарти – юристлар, аҳоли, мансабдор шахслар ҳуқуқий маданиятининг юксак бўлишидир. Юристларнинг ҳуқуқий тайёргарлиги, шубҳасиз, қонунга итоаткор фуқароларникидан юқори бўлиши, ўз кўлами ва чуқурлигига кўра фарқланиб туриши, билимлар, ҳуқуқ принциплари ва нормаларининг тартиблилик хусусияти, ҳуқуқий кўрсатмаларни қўллай олиш маҳорати билан ажралиб туриши керак. Бу Ўзбекистон Конституцияси, умуман конституциявий қонун ҳужжатлари нормаларини амалиётда қўллай олиш қобилиятига ҳам тааллуқли. Юристлар учун қонунга, Конституцияга ижобий муносабатда бўлиш – ишга касбий муносабатда бўлишнинг асосидир. Юқоридагилардан шундай хулосага келишимиз мумкин.
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ўз танлаган тараққиёт йўлидан олға силжимоқда. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналиши қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга бағишланган бўлиб, унда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган. Дарҳақиқат, истиқлол йилларида мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилди.
Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Конституциямизнинг еттита моддасига суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ принципиал ўзгартишлар киритилгани, судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг янги органи – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилгани, Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд ҳокимиятининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий судлов соҳасида ягона олий органи сифатида давр талаблари асосида янгидан шакллантирилгани, одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган ҳолат – судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётига чек қўйилгани тизим ривожи йўлида муҳим қадам бўлиб, бу йўналишдаги ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганининг яққол исботидир.
Шу ўринда таъкидлаш лозим, истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида ташланган катта қадамлардан бири, бу – ҳуқуқий-демократик жамият қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган мамлакатимизда ҳокимиятлар бўлиниши ва мустақил суд ҳокимиятининг вужудга келиши бўлди. Бу бош Қомусимизнинг 106-моддасида “Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади”деган ҳуқуқий нормада ўз аксини топди.
Мамлакатимизда нафақат қонунчилик соҳасида, балки қонунларни амалиётда қўллаш, жазо тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш соҳасида ҳам жиддий ўзгаришлар амалга оширилди.
Ўтган шу тарихан қисқа вақт мобайнида амалга оширилган ишларнинг салмоғи беқиёс. Ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамияти шаклланишида суд ислоҳотлари алоҳида ўрин тутади. У давлатимиздаги уч забардаст ҳокимиятнинг бири сифатида, фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари дахлсизлиги, қонун олдида барчанинг баробарлиги, мамлакат манфаати ва эл фаравонлиги йўлида қабул қилинаётган қонунлар ва ижронинг Конституцияга мувофиқлигини таъминлаш – бир сўз билан айтганда жамиятда қонун ва адолат тамойилларини барқарор тутиш кафолатидир.
Жамшид Хомидов
Сурхондарё вилоят суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси.
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти
Ярашганлик муносабати билан жазодан озод қилиш амалиёти 2001 йилда жиноят кодексига 661-модда сифатида киритилган эди. Бу институт амалиётда ўзини оқлади ва бугунги кунда ҳам самарали фойдаланиб келинмоқда. Ярашганлик институти жорий қилиниши туфайли жуда кўп фуқаролар жиноий жавобгарликдан озод қилинди ва ҳозирда ҳам озод қилинмоқда.
Шу билан бирга билиб-билмай жиноят содир қилган фуқаролар қонунчиликдаги бу имкониятдан оқилона фойдаланиб, қилмишидан пушаймон бўлиб, ўзаро ярашиб, тўғри хулоса чиқармоқда.
Бу борада суд статистикаси маълумотлари ҳамда ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиётини ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, жиноят қонунчилигига ушбу институтнинг киритилиши жиноий ҳуқуқий муносабатларни эркинлаштиришда самарали восита бўлди. Ушбу институт жабрланувчининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, республикада судланганлик ҳолатини камайтириш, жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг кенгроқ қўлланилишига имкон яратди.
Ярашув институти жиноий жавобгарликдан озод қилиш тури сифатида шахснинг айбдорлиги масаласини ҳал этмай туриб жиноят ишларини тугатиш учун асос бўлади. Синовдан ижобий ўтган мазкур амалиёт эндиликда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишларга қўлланилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати жорий йилнинг 30 сентябрь кунида ўтказган ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун маъқулланди.
Унга кўра, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-720-сонли қонун 2021 йил 4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди. Мазкур қонунга асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 212-модда билан тўлдирилди.
Мазкур модда ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш деб номланиб, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексидаги жами 12 та модда ярашув институтига тушиши кўрсатилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддасида (туҳмат), 41-моддасида (ҳақорат қилиш), 45-моддасида (фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 46-моддасида (фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш), 461-моддасида (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш), 52-моддасида (енгил тан жароҳати етказиш), 612– моддасида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) ва шунга ўхшаш маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши қайд этилган.
Илгари тарафлар ярашган, ўзаро келишган, зарарлар қопланиб, ўртада адоват қолмаган ҳолатларда ҳам суд маъмурий жазога тортишга мажбур эди.
Эндиликда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 4 октябрь кунидаги ЎРҚ-720-сонли Қонуни билан “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар”га кўра, юқоридаги кўрсатилган моддалар бўйича ҳуқуқбузар ўз айбига иқрор бўлиб, жабрланувчи билан ярашиб, етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилади.
Амалиётда қўлланилаётган бу каби ўзгаришлар судьялар олдига ҳам улкан вазифаларни ошириш, маҳорат сирларини тинмай ўқиб, ўзлаштириш талабини қўймоқда. Инсон тақдирига масъул бўлган касбу-кор эгаларига доимо шундай талаб қўйилган.
Аблқосим Рузиқулов
Сурхондарё вилоят суди раиси.
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти
Кейинги йилларда юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 майда “Рақамли иқтисодиёт ва «Электрон ҳукумат» тизими инфратузилмаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4321-сон Қарори қабул қилиниб, қарорга асосан «Электрон ҳукумат» ва рақамли иқтисодиёт тизимини ривожлантириш доирасида идоралараро ва идоравий ахборот тизимлари, маълумотлар базалари, дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш бўйича қарорлар буюртмачини мажбурий тарзда белгилаш, шунингдек, ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини яратиш ва кейинчалик қўллаб-қувватлашда молиялаштириш манбаларини аниқ кўрсатган ҳолда қабул қилиниши белгиланган эди.
Шунингдек, Президентимиз томонидан 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилиши муносабати билан ҳам мазкур маърузада “Рақамли иқтисодиёт”га фаол ўтиш келгуси 5 йилдаги энг устувор фазифалардан бўлиши таъкидланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.09.2020 йилдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилишини муносабати билан Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6034-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги ПҚ–3250-сон қарори билан тасдиқланган 2017-2020 йилларда Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилди.
Қарорга асосан қуйидагилар суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари этиб белгиланди:
-фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш;
-судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш;
-махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;
-суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан, мобиль қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек, иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш;
-суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш.
Шунингдек, мазкур Қарорга асосан 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди: Унга кўра 2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;
-2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;
-2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;
-2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;
-2022 йил 1 июлга қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;
-2023 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш;
-судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш.
Шунингдек, Қарорга асосан Судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди: унга асосан 28 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич улаш;
-судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотларни электрон шаклда юбориш;
-муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш;
-судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва бошқа ахборот тизимларининг интеграцияси орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан танишиш;
-судлар томонидан алимент миқдорини белгилашда туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олиш каби масалалар ёритилган.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз лозимки сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга ҳизмат қилади.
Жамшед Бобоев
Сурхондарё вилоят маъмурий суди Суд ҳужжатлари ижроси мониторинги бўлими бош мутахассиси
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти
Давлатимиз мустақилликка эришган илк йилларидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш масаласи асосий вазифалардан бири этиб белгиланиши натижасида, 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган. Давлатимизнинг Асосий Қонуни бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақиллик йилларида ҳаёт синовидан ўтиб, миллий давлатчилик ва унинг демократик тамойиллари асосида қурилган сиёсий ҳамда иқтисодий тизимни шакллантиришнинг ҳуқуқий пойдевори вазифасини ўтаб келмоқда.
Конституция ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш ҳар қандай жамият тараққиётида энг муҳим омиллардан биридир. Қонун устувор бўлган жамиятда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан чиқарилаётган ҳужжатлар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари Конституция ва қонунларга мувофиқ бўлади. Аксинча бўлса, жамиятда тушкунлик кайфияти ошиб, одамларнинг давлатга бўлган ишончига путур етади, алалоқибат давлатнинг тараққиётга эришиши хомхаёлга айланиб қолади.
Истиқлолимизнинг илк даврида қабул қилинган Конституциямиз шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар ва уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб берди. Айни чоғда унда жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглиги кафолатланган бўлиб, бу, замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.
Энг аввало, қонунларнинг ижросини самарали ташкил этиш, тизимли муаммоларни олдиндан кўра билиш, қонунбузарликларнинг салбий оқибатларига қарши курашиш билан бирга, бундай ҳолатларни барвақт бартараф этишга қаратилган тизимни шакллантириш чоралари кўрилаётир. Шу мақсадда қонунлар, Президент Фармон ва қарорлари қабул қилинмоқда. Буларнинг барчасидан кўзланган мақсад битта, у ҳам бўлса, халқимиз фаровонлигини таъминлаш.
Дарҳақиқат, одамларимиз энди кечаги одамлар эмас, улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билади, муҳокамаларда эса қандай фикр ёки таклифни илгари суришни ўзлаштирмоқда.
«Жамоатчилик назорати» дегани фақатгина давлат идоралари фаолияти устидан назоратгина эмас, балки жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан бири бўлгани боис ҳам уни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, молия, банк, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, энергетика ҳамда транспорт соҳаларида ҳам йўлга қўйиш айни зарурат. Қолаверса, бозорлар ва савдо мажмуаларидаги маҳсулотлар ҳамда хизматлар сифати бўйича ҳам доимий жамоатчилик назорати ўрнатилса, ишларимиз олға силжишини тушуниш унчалик қийин эмас.
Охирги йилларда янги Ўзбекистонга мос бўлган тартибот, қадрият ва муносабатларнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилмоқда.
Натижада тилимизга янги иборалар, масалан, «халқ билан мулоқот», «халқ қабулхоналари», «электрон ҳукумат», «виртуал қабулхона», «портал», «ташаббускорлик», «арзон уйлар», «халқ дарду ташвиши», «ҳалоллик вакцинаси», «давлат-хусусий шериклиги», «йўл харитаси», «кафолатланган хавфсизлик» каби бир қатор эзгуликка йўғрилган тушунчалар кириб келди. Муҳими, шу иборалар ҳаётимизга кўчиб, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш мезонида намоён бўлмоқда.
Эътиборлиси, ҳозирги шароитда аҳолини қўллаб-қувватлаш, турмуш фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатларимиз, бир зумга бўлсин, тўхтаб қолгани йўқ, аксинча тобора кенг қамров ҳосил қилиб бормоқда.
Умуман, бугун эришаётган ютуқларимиз, давлатимизнинг халқаро майдонда ташлаётган ҳар бир қадами, ички сиёсатдаги туб ўзгаришлар, тинч ва осуда ҳаётимиз, мамлакатимиз ривожи ҳамда халқимиз фаровонлигини ўйлаб қабул қилинаётган Фармон, қарор ва қонунларга Бош қомусимиз — Конституциямизда белгилаб берилган инсонпарварлик тамойиллари ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Зухриддин Мавлонов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси.
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.
Якка тартибда уй қуриш фуқароларнинг уй-жойга бўлган талаб-эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилади ва давлат якка тартибдаги уй-жой қурилишига ер участкаларини ажратиш, уй қуришга ссуда ва кредитлар бериш йўли билан ҳар тарафлама кўмаклашади.
Уйга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низоларга доир ишларнинг тўғри ҳал этилиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда якка тартибда уй қуришнинг белгиланган тартибига қатъий риоя этилишини таъминлашда, муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.
Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.
Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.
Хуш, суд амалиётида ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни бартараф этишнинг қандай ҳуқуқий асослари бор деган савол туғилиши табиий.
Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги, шу жумладан ана шундай уйга нисбатан олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш, мерос олиш билан, шунингдек уйни бўлиш билан боғлиқ даъволар, ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс ёки бошқа манфаатдор шахс томонидан тақдим қилинганидан қатъи назар, судларга тааллуқли эмас.
Бундай даъволар билан арз қилинганда, суд аризани қабул қилишни рад этади, агар иш қўзғатилган бўлса иш юритишни тугатади ва аризачига ушбу талаб билан тегишли ҳокимиятга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиради.
Айни вақтда шуни ҳам назарда тутиш зарурки, қонун ўзбошимчалик билан уй қурган шахснинг ва бошқа манфаатдор шахснинг даъволари, агар талаб мулк ҳуқуқи билан боғлиқ бўлмаган, хусусан қурилиш материалларига бўлган ҳуқуқни эътироф этиш, уйга кўчириб киритиш, уйдан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисида берилган бўлса, судлар томонидан кўриб чиқилишини истисно этмайди.
Судлар ишни кўришда уйга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи далилларни (қурилган уйга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, олди-сотди, ҳадя шартномаси ва шу кабиларни), уйнинг ва ер участкасининг режасини тақдим этишни тарафларга таклиф қилади ёки ўз ташаббуси билан уларни талаб қилиб олади.
Шунингдек, белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида қурилган янги уйга бўлган мулк ҳуқуқи Фуқаролик кодексининг 210-моддасига асосан давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан вужудга келади.
Уй қурилиши тамом бўлгунига ва давлат рўйхатидан ўтказилгунига қадар уй маҳаллий ҳокимият органларининг рухсатисиз бошқа шахсга берилиши мумкин эмас.
Уйни биргаликда қураётган эр-хотиннинг, иморат солувчининг оила аъзоларининг, шунингдек меросхўрларнинг даъвосига кўра суд қурилиши тугалланмаган уйни, агар унинг битай деб қолганлик даражасини инобатга олиб, алоҳида қилиб ажратиб бериш мумкин бўлган қисмларини кейинчалик уларнинг мазкур шахслар томонидан қурилиши охирига етказилиши техник имкониятлари мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш мумкин бўлса, бўлишга ҳақли.
Ҳокимият ўзбошимчалик билан қурилган иморат жойлашган ер участкасини даъвогарга ажратишни рад қилган тақдирда, суд ҳуқуқ тўғрисида низо мавжудлиги сабабли даъвогарга рад этиш ҳақидаги қарор устидан маъмурий суд орқали низолашишга ҳақли эканлигини тушунтиради.
Даъвогарнинг ўзбошимчалик билан қурилган иморат жойлашган ер участкасини ажратишни рад қилиш ҳақидаги ҳокимият қарорини ғайриқонуний деб топиш ҳақидаги даъвоси ҳамда ҳокимиятнинг ушбу ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиш ҳақидаги даъвоси биргаликда кўриб чиқилиши ҳам мумкин.
Мухтасар қилиб айтганда, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан тегишли туман ҳокимининг қарори асосида мулк ҳуқуқини қонуний асосларда қўлга киритиши, кадастр идораси томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши, мулкдор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги, ҳар ким қонуний асосларда мулкдор бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Джуманазар Бабатов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оиланинг давлат ва жамият муҳофазасида эканлиги назарда тутилган бўлса, оила аъзоларининг шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, никоҳ шартномасига оид қоидалар Оила кодексида белгиланган.
Ўзбекистон Республикасси Оила кодексининг VI-боби эр-хотин мол-мулкининг шартномавий тартибига бағишланган. Никоҳ шартномаси никоҳланувчи шахсларнинг, яъни эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи келишувдир. Эндиликда қонуний (расмий) мулк тартиби билан бирга мулкнинг шартномавий тартибига ҳам ўрин берилди. Бунда эр-хотин ўзларининг мол-мулкига, унинг айрим турларига ёки эр-хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақли эканлиги белгиланди.
Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин. Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради.
Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.
Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг келишуви билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Никоҳ шартномаси қандай шаклда тузилган бўлса, унинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши ҳам шундай шаклда амалга оширилади.
Никоҳ шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди. Никоҳ шартномаси эр-хотиндан бирининг талаби билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган асослар ва тартибда суднинг ҳал қилув қарори билан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Унга кўра, даъвогар Ш.Анварованинг фойдасига жавобгар А.Одиловдан 4 турдаги 1.180.000 сўмлик мулклар олиб берилган.
Юқоридаги фуқаролик ишидан кўринишича, тарафлар ўртасида никоҳ шартномаси тузилмаган, даъвогар томонидан низоли мулклар ҳақиқатда ҳам мавжудлиги ҳақида далиллар тақдим этилмаган, суд томонидан даъво аризада кўрсатилган мулклар бўйича даъвони таъминлаш чораларини кўрган бўлишига қарамасдан жавобгарнинг яшаш уйида юқоридаги мулклар тўлиқ мавжуд эмаслиги аниқланди.
Никоҳ шартномасининг афзаллиги шундаки, у мулкий муносабатларни тартибга солиш орқали оилани мустаҳкамлайди, эр-хотинни бир-бирига тегишли мулкдан тўғри фойдаланишга ва уни яхши сақлашга, мулкий мажбуриятларини ўз вақтида бажаришга ундайди. Дарҳақиқат, суд орқали мулкни бўлишдек кўнгилсиз тортишувларни бошидан кечирганлар никоҳ шартномасини зарурлигини тасдиқламоқдалар.
Мухтасар қилиб айтганда, никоҳ шартномаси тўғрисида ҳуқуқий тарғиботнинг кўчайтирилиши, никоҳланувчиларнинг никоҳ шартномалари қоидалари билан таништирилиши келгусида никоҳ шартномаларининг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратади.
Шерзод Элиев
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси,
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти
Жорий йилнинг 20 октябрь куни Ангор туман 3-сектор ҳудудида жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг раиси К.Хидировнинг ташаббуси билан, маҳаллаларда ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда амалдаги қонунчиликдаги ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан давра муҳбати ўтказилди.
Ўтказилган давра суҳбатида жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси К.Хидиров, Ангор туман ИИБ масъул ходимлари ҳамда фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари вакиллари иштирок этдилар.
Семинарда сўз олган туман суди раиси К.Хидиров, 2021 йил 20 сентябрь кунидаги «Ўзбекистон Республикаси судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ЎРҚ-717-сонли Қонуни қабул қилинди унга кўра, Судьялар фаолияти очиқ ва шаффоф электрон рейтинг дастури асосида баҳоланади.
“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.
“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, Кенгаш:
➖ судьялар орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиб, уларни барвақт аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўради;
➖ суд тизимида аниқланган ҳар бир коррупция ҳолатини кўриб чиқади ва принципиал баҳолайди.
Шунингдек, киритилган ўзгартиришларга кўра, Кенгаш судьялар фаолиятини очиқ ва шаффоф электрон рейтинг дастури асосида баҳолаш мезонларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўради.
Қонун билан Кенгаш раиси ўринбосари ваколатларига ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, Кенгаш раиси ўринбосари:
Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади, унинг фаолияти самарадорлигини таъминлаш учун жавобгар бўлади;
Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга, шунингдек ахборот хавфсизлигини таъминлашга доир ишларни ташкил этади.
Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, Кенгаш раиси судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга оширишга аралашганлик ҳолатлари юзасидан прокуратура органларига тақдимнома киритиши мумкин.
Прокуратура органларига киритилган тақдимнома 1 ой муддатда кўриб чиқилади ва Кенгаш жиноят иши қўзғатилганлиги тўғрисида ёки уни қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Бош прокуратура томонидан хабардор қилинади.
Давра суҳбати якунида аҳолининг маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш борасида олиб бораётган ишларнинг самарадорлигини ошириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш шунингдек, хотин-қизлар орасида жиноятларнинг олдини олишга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга оширишга келишиб олинди.
Давра суҳбати асносида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлари ҳамда масалалари бўйича керакли маълумот олдилар.
Камолиддин Хидиров
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти
Маълумки Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 22.12.2006 йилда “КРЕДИТ ШАРТНОМАЛАРИДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН МАЖБУРИЯТЛАР БАЖАРИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ ФУҚАРОЛИК ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ҲАҚИДА” ги қарори қабул қилинган.
Кредит шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар ижросини таъминлаш усули ҳисобланган кафиллик, гаров шартномадаги ва кафолатдаги тарафлар ҳамда учинчи шахслар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси «Гаров тўғрисида»ги, «Гаров реестри тўғрисида»ги, «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кейинги ўринларда — кредит ташкилоти) ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномасидан келиб чиқадиган ҳуқуқий муносабат кредит ташкилотининг кейинчалик, келишилган муддатларда, кредит бериш (кредит линиясини очиш) мажбуриятини ва қарз олувчининг олинган кредитни қайтариш ва у бўйича фоизларни тўлаш мажбуриятини ўз ичига олади.
Бунда кредит ташкилотининг қарз олувчига кредит суммасини бериш (ҳисобвараққа ўтказиш) бўйича реал шартномавий мажбуриятлари шартнома тузилган пайтдан бошлаб, қарз олувчининг фоизларни тўлаш, кредитни қайтариш бўйича шартномавий мажбуриятлари эса, агар тарафлар келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, кредит суммаси реал олинган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Шу муносабат билан судлар кредит ташкилотлари ва қарз олувчиларнинг тарафларни кредит шартномасини бажаришга мажбурлаш тўғрисидаги даъволарини кўришда тарафларнинг тузилган ушбу шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келган пайтни инобатга олишлари лозим.
Кредит шартномаси суд тартибида тарафлардан бирининг талаби билан бошқа тараф томонидан шартнома шартлари жиддий равишда бузилганда ёки вазият жиддий ўзгарганда, шунингдек қонун ёки шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Юқори фоиз ставкаларини белгилаш, кредитни қайтариш ёки фоиз тўлашни кечиктирганлик учун жарима қўллаш, кредит валютаси курсининг ўзгариши кредит ўзгартирилиши ёки бекор қилинишига олиб келадиган вазиятнинг жиддий ўзгариши деб ҳисобланиши мумкин эмас.
Судлар кредит суммаларини муддатидан олдин ундириш тўғрисидаги даъволарни кўришда кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисидаги талабнинг йўқлиги кредит суммаси ва фоизларни муддатидан олдин ундириш ҳақидаги талабларни қаноатлантиришни рад этиш учун асос ҳисобланмаслигини эътиборга олишлари лозим.
Қарз олувчилар (қарздорлар)нинг кредитларни қайтармаганлик учун кредит ташкилотлари олдидаги жавобгарлиги доирасини аниқлашда судлар қарз таркибига кредитнинг ёки унинг бир қисмининг суммаси, кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар, кредит шартномасида белгиланган ҳажмда бошқа тўловлар (комиссиялар) киришидан келиб чиқишлари зарур.
Кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар, кредит ташкилоти томонидан қарз олувчи (қарздор) банкнинг пул маблағларидан амалда фойдаланган бутун даври учун, ҳатто актив (кредит/қарз) ўстирмаслик мақомига ўтказилган тақдирда ҳам, пул мажбуриятларини кечиктириш даврини қўшган ҳолда ҳисобланиши мумкин.
Кредит маблағларини ундириш тўғрисидаги талаблардан келиб чиқадиган низоларни кўришда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, гаров, кафиллик шартномалари ҳамда кафолат, ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимлардан ташқари, уларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида тегишли даъволар мавжуд бўлган тақдирдагина ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги келишувнинг ҳақиқий эмаслиги асосий мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди.
Асосий мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслиги унинг бажарилишини таъминлайдиган мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.
ФКнинг 114-моддаси иккинчи қисмига кўра қарз (кредит) шартномасининг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллашда судлар қарз маблағларидан фойдаланган тараф кредитордан олган маблағларини қайтариши, шунингдек улардан фойдаланган ҳамма даври учун ФКнинг 327-моддасига мувофиқ фоизлар тўлаши лозим эканлигини ҳисобга олишлари керак.
Кредит суммалари ва фоизларни қайтариш тўғрисидаги даъво қаноатлантирилганда бир вақтнинг ўзида кредит шартномасида назарда тутилган ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган неустойка ҳам ундирилиши мумкин, агар уни ундириш талаб қилинган бўлса.
Кредит шартномасида тарафлар томонидан кредитни қайтаришни кечиктирганлик (кредит мажбуриятини бузганлик) учун юқори фоиз тури сифатида белгиланган жавобгарлик узлуксиз жорий санкция ҳисобланади.
Судлар инобатга олишлари лозимки, кредит мажбуриятларининг ижроси кечиктирилган давр учун неустойка (пеня ва жарима шаклида) ёки мажбуриятларнинг бажарилишини ўз вақтида таъминламаганлик учун оширилган фоизлар белгиланишидан фарқли ўлароқ, кредит шартномасида мазкур шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши муддати кредит ташкилоти томонидан узайтирилган тақдирда кредитдан фойдаланганлик учун фоиз устамасининг оширилиши (кўпайтирилиши) назарда тутилиши мумкин.
Кредит шартномаси бўйича асосий қарзни (ёки асосий қарзнинг бир қисмини) қайтариш муддати узайтирилган даврдаги банк фоизлари устамасининг оширилиши қарздор томонидан мажбуриятларни ўз вақтида бажармаганлик учун тўланадиган неустойка ёки оширилган фоизлар шаклидаги жавобгарлик бўлмай, судлар томонидан унга кредит маблағларидан фойдаланганлик учун шартномавий тўлов шакли сифатида қаралиши лозим.
Муқаддам кечиктирилган мажбуриятларни ўз вақтида бажармаганлик учун (мажбуриятларнинг бажарилиши узайтирилган қисми ижроси кечиктирилганлиги учун) жавобгарлик чоралари судлар томонидан кредит шартномасида белгиланган шартлар бўйича қўлланилади. Агар кредит шартномасида мажбуриятларни ўз вақтида бажармаганлик учун жавобгарлик чоралари кўрсатилмаган бўлса, кредит ташкилотлари ФКнинг 736-моддаси биринчи қисмига мувофиқ жавобгарлик чораларини қўллашни талаб қилишга ҳақлидир.
ФКнинг 736-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи қарз суммасини вақтида қайтармаган ҳолларда ФКнинг 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар тўланган бўлишидан қатъи назар, қарз қайтариб берилиши керак бўлган кундан бошлаб то у қарз берувчига қайтариб берилган кунгача бу сумма юзасидан ФКнинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган миқдорда фоизлар тўланиши керак.
Кредит шартномасининг муддатидан олдин бекор қилиниши кредит ташкилотини кредит шартномасини бекор қилиш пайтидан бошлаб қайтариш кунига қадар пул маблағларидан фойдаланилган бутун давр учун ФКнинг 327-моддасида назарда тутилган фоизларни олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
Агар шартномада қарз тўловининг кечиктирилганлиги муносабати билан фоизлар миқдори оширилиши белгиланган бўлса, қарз маблағларидан фойдаланганлик учун тўлов оширилган ставка миқдори ФКнинг 327-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ шартномада белгиланган бошқа фоизлар миқдори деб ҳисобланиши лозим.
ФКнинг 736-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик чораси ҳисобланади. Кўрсатилган, қарз суммасини қайтаришни кечиктириш муносабати билан ундириладиган фоизлар, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, пул маблағларидан фойдаланганлик учун қайтариш кунига ҳисобланган фоизларсиз ушбу суммага ҳисобланади.
Агар даъвогар томонидан ФКнинг 327-моддасига асосан фоизларни ундириш ва айнан шу қонунбузилиши учун неустойка ундириш ҳақида талаблар билдирилган бўлса, суд ўз хоҳишига кўра фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик чораларидан бирини қўллаши ва талабни ёки фоизлар ундириш қисми бўйича, ёхуд неустойка ундириш қисми бўйича қаноатлантириши мумкин.
Судлар эътиборга шуни олишлари лозимки, агар қарз шартномасига кўра қарз берувчи қарз олувчидан фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлса, лекин шартномада фоизлар миқдори белгиланмаган бўлса, фоизлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қарз суммаси берилган кундан қайтарилган кунгача бўлган даврда белгиланган қайта молиялаш ставкаси миқдорлари бўйича ундирилиши керак.
ФКнинг 327-моддасида назарда тутилган фоизлар кредит маблағларининг тегишли суммасига ва шу маблағлардан фойдаланганлик учун фоизларга тўланади.
Суднинг бошқа шахсларнинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоизларни қарздордан ундириш тўғрисидаги қарори фоизлар ҳисобланган пул суммаси, шунингдек тегишинча даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб ҳисобланган фоизлар суммаси ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак.
Кредит шартномаси шартларининг кредит ташкилоти томонидан бузилганлиги муносабати билан юзага келган зарарни ундириш юзасидан қарз олувчиларнинг даъволари бўйича низоларни кўришда судлар шуни инобатга олишлари лозимки, мажбуриятлар бузилиши оқибатларига: даъвогар томонидан олинмай қолган мулк ва пул маблағлари; кўрилган зарарлар (шу жумладан бой берилган фойда); даъвогар амалдаги қонун ҳужжатлари ва шартномага мувофиқ умид қилишга ҳақли бўлган бошқа мулкий ҳуқуқлар киритилиши мумкин. Даъвогар зарарни ундириш учун мажбуриятларнинг бузилиши ҳолатини, йўл қўйилган бузилиш ва юзага келган зарар ўртасида сабабий боғланиш мавжудлигини, шунингдек талаб қилинаётган зарарлар (олинмай қолган фойда) миқдорини исботлаши керак.
Судлар зарарни қоплашда мажбуриятларни бажариш имконсизлиги ёки бажармаслик оқибатида етказилган зарарлар миқдорининг ошишида кредитор ёки қарз олувчининг айби бор-йўқлигини, улар томонидан мажбуриятлар бажарилмаслигидан келиб чиққан зарарни камайтириш чоралари кўрилган-кўрилмаганлигини текширишлари лозим.
Қонун ҳужжатларининг мазмунига кўра, қонун бўйича ҳар қандай ҳақиқий мажбурият гаров билан таъминланиши мумкин. Фуқаролик муомаласидан чиқарилмаган, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилишига йўл қўйиладиган ҳар қандай мол-мулк (корхона, бино, иншоот, жиҳоз, бошқа ишлаб чиқариш жамламалари, қимматбаҳо қоғозлар, пул маблағлари, мулкий ҳуқуқлар ва ҳоказо) гаров нарсаси бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, гаров ҳуқуқи шартнома билан гаровга қўювчининг мулки (тўла хўжалик юритиши)га келгусида қўшиладиган мол-мулкига ҳам татбиқ этилиши мумкин.
Қарздорнинг ўзи ҳам, учинчи шахс ҳам гаровга қўювчи бўлиши мумкин.
Судлар гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан кредитни қайтариш ва фоизларни тўлаш тўғрисидаги даъволарни кўришда кредит ташкилоти ва гаровга қўювчи ўртасида мустақил гаров шартномаси шаклига эга ёки кредит шартномасига таркибий қисм бўлиб кириши мумкин бўлган ёзма гаров шартномаси мавжудлигини аниқлашлари керак. Охирги ҳолатда кредит шартномасининг таркибидаги гаров мажбурияти ФКнинг 271-моддаси ва «Гаров тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасида белгиланган гаровнинг зарур ҳуқуқий шартларини ўз ичига олиши лозим.
Кредит шартномасининг таркибига киритилган гаров мажбурияти, агар қонун ҳужжатларида бундай шартномаларни рўйхатга олиш назарда тутилган бўлса, тегишли мол-мулк гарови шартномасини рўйхатга олиш тартиби каби рўйхатга олиниши керак.
Мансур Абдураҳманов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Тил-муқаддас ва эъзозланган тушунча, ҳар бир инсон учун ўз онаси каби азиз ва мўътабар.
Инсон ўз она тили ёрдамида янги тушунчалар ва муносабатларни англай бошлайди. Она тили бизга она сути билан сингдирилади.
Дунёнинг барча давлатлари ўз она тилларини асраб-авайлашга интилишади, шунинг учун ҳар қандай давлат ўзининг маданий мероси ва она тилини алоҳида ҳурмат қилади.
Миллатларни ажратиб турувчи асосий белгилардан бири бу тил экан, ҳар бир инсон ўз она тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга бошқа миллатларнинг она тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим.
Шундагина тилнинг, миллатнинг қадри ва обрўйи, нуфузи ошади.
Юқори ривожланган давлатлар даражасига эришиш учун Ўзбекистон фуқаролари халқаро тилларни билишлари мумкин, лекин шуни унутмаслик керакки, ўзбек тили дунёдаги барча расмий тиллар қатори суверен тил мақомини олган экан. Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат тилини билиши шарт. Хеч ким ҳеч қачон ўз она тилига бўлган ҳурматни йўқотмаслиги керак. Тилга ҳурмат-бу халққа ҳурмат.
Ўзбек тилининг Ватанимизда давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари қонунан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни уч тамойилга: умумийлик, мажбурийлик ва ҳуқуқий кафолатга асосланади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз бермоқда. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўйи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашув ва музокараларда тилимиз кенг қўлланилаётганлиги бунинг яққол далилидир.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва нуфузини ошириш борасида ҳар бир соҳада ниҳоятда муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, суд тизимида ҳам суд биноларининг пешлавҳалари, бинонинг ички ва ташқи ёзувлари тўлиқ лотин алифбосида бўлиши, ижтимоий тармоқдаги барча саҳифалар давлат тилидаги қонун ҳужжатларига амал қилиниши таъминланган.
Шу билан бир қаторда, суд тизимида суд ҳужжатлари матнини тайёрлашда тил тўғрисидаги қоидаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида Термиз Давлат университетида фаолият кўрсатаётган филологларни таклиф қилган ҳолда судьялар ҳамда суд ходимлари билан амалий машғулотлар ўтказилиши йўлга қўйилган.
Хулоса қилиб айтганда, тил-жамиятнинг асосий таянчи, инсоний мулоқот-муносабатларнинг бирламчи воситасидир.
Шундай экан, тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақомини юксалтириш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз бўлиб қолади.
Дилором Алмуратова
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2026 | Сурхондарё вилоят суди