Мамлакатимиз қонунчилигида халқимизга хос инсонпарварлик, бағрикенглик ва демократик тамойиллар ўзининг теран ифодасини топган.
Хусусан, амалдаги қонунларимизда билиб-билмасдан жиноят кўчасига кирган, аммо қилмиши оқибатини тушуниб етиб, жабрланувчига етказилган зарарни қоплаган шахсга нисбатан озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгилаб қўйилган. Судларда жиноят ишларини кўришда ушбу қонун талабларига қатъий риоя қилинмоқда.
Аввало шуни қайд этиш жоизки, одамларни алдаш, мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишга уриниш ҳеч кимга ва ҳеч қачон яхшилик келтирмаган.
Бирон-бир жойда ёлчитиб ишламаган Илхом Жумаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2022 йилнинг сентябрь ойида фуқаро Карим Ўринов ҳамда Достон Орзиевларнинг ишончига кириб, улардан 6 бош буқасини 74.000.000 сўмга ҳисоблаб, ушбу пулни 10 кун муддат ичида олиб келиб беришини ваъда қилади. Шу тариқа у 6 бош буқани олиб кетиб, ваъда қилган вақтида 74.000.000 сўм миқдоридаги пулларини мол эгаларига бермасдан, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Бу ёлғончининг алдовларига учраган жабрланувчилар пулларини ундириб беришни сўраб ички ишлар органлирига мурожаат қилади. Ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари томонидан олиб борилган ишлар натижасида Илхом Жумаевга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, иш судга тақдим этилади.
Суд мажлисида жабрланувчиларга етказилган зарарлар ўрни қопланиб, фирибгарлик жиноятларини содир этган Илхом Жумаевнинг айби ўз исботини топди.
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида раислик қилувчи ундан фирибгарлик жиноятини содир этиш сабаблари сўралганида, афсус у ер чизишдан нарига ўтолмади. Фақатгина қилмишидан пушаймон эканини қайта-қайта такрорлашдан ўзга чораси қолмади.
Суд томонидан қахрамонимиз Илхом Жумаевга тегишли жазо чорасини тайинланиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, жиноят содир этган кимсанинг кўнгли ва ҳаёти ҳамиша нотинч бўлади. Чунки, уни муқаррар жазо ҳамиша тақиб этаверади. Баён этилган воқеа тафсилоти ҳам бунинг исботидир.
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг очиқ суд мажлисида вояга етмаган фарзандлари учун алиментни тўлашдан бўйин товлаган Навбат Ботировга (исм-шарифлар ўзгартирилган) нисбатан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилди.
Навбат Ботиров фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2016 йил 10 июндаги суд буйруғига кўра, ундирувчи Юлдуз Рахимова фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун алимент ундириш белгиланган бўлиб, 2024 йил 1 ноябрдан 2025 йил 1 март кунига қадар бўлган давр мабойнида моддий ёрдамга муҳтож бўлган икки нафар вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун жами 9.809.582 сўмлик алимент тўловини тўлашдан бўйин товлаган.
Давлат ижрочиси томонидан Навбат Ботировга алимент қарздорлигини тўлаш ҳақида тушунтириш берилгани ва бир неча бор ёзма огоҳлантиришларига қарамасдан, алимент пулларини тўлашни пайсалга солиб, алимент қарзларини тўламасдан бош тортиб юргани уни суд залигача олиб келди.
Суд мажлисида фарзандлари олдидаги масъулиятини эсидан чиқариб, оталик бурчини унутган ҳуқуқбузар Навбат Ботиров суд қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Бош қомусимиз Конституциямизнинг 77-моддасида, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги қайд қилинган.
Шу каби, Оила кодексининг 96-моддаси талабига кўра, “Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт” деб белгиланган.
Шундай экан, ҳар бир ота-она болалар давлатимизнинг эртанги келажаги эканлигини чуқур ҳис этган ҳолда оилада соғлом муҳит яратишга масъул эканлигинини унутмаслиги керак.
Албатта, панжара ортига йўл олган, ўз дилбанди моддий таъминотига бефарқ оталар учун 15 суткалик муддат чуқур ўйлашга ва қарздорликни бартараф этиш ҳақида бош қотиришга етарлидир.
ИКРОМ ШАЙМАНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг тергов судьяси
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Процессуал Кодексининг 251-бобида соддалаштирилган тартибда иш юритиш қоидаси ва тушунчалари қайд этиб ўтилган.
Унга кўра, соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш ушбу Кодексда назарда тутилган даъво ишини юритишнинг умумий қоидаларига кўра, мазкур бобда белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.
Агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ўн бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим.
Агар ушбу модданинг учинчи ва бешинчи қисмларида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлмаса, даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин.
Агар ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида қуйидаги ҳолатлар белгиланадиган бўлса, суд ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриш ҳақида ажрим чиқаради:
1) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор этилишига олиб келиши мумкин бўлса;
2) қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш, экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур бўлса;
3) билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса;
4) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида ушбу бобда белгиланган қоидалар бўйича кўриб чиқилиши лозим бўлмаган қарши даъво берилган бўлса.
Ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўришга ўтиш тўғрисидаги ажримда умумий тартибга ўтиш учун асослар кўрсатилади. Ажрим чиқарилганидан кейин ишни кўриш бошидан бошланади.
Ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб билдирилган бўлиб, улардан бири ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган талабларга тааллуқли бўлган, бошқалари эса уларга тааллуқли бўлмаган тақдирда, барча талаблар даъво ишини юритишнинг ушбу Кодексда белгиланган умумий қоидалари бўйича кўрилиши лозим.
Ишни кўриш муддати ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриб чиқиш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан ҳисобланади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризаси ушбу Кодекснинг 189-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризасига ушбу Кодекснинг 191-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинади.
Аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида суд ажрим чиқаради, ажримда иш соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўрилишини ҳамда иш кўриб чиқиладиган санани кўрсатади.
Суд аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақидаги ажримда жавобгарга даъво аризасига доир ёзма фикрини ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар тақдим этиши зарурлигини кўрсатади.
Суд ажрим билан бир вақтда жавобгарга даъво аризасининг (аризанинг) кўчирма нусхасини ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини дарҳол почта орқали ёки электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали юборади.
Жавобгар даъво аризасига доир ёзма фикрини судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли.
Ёзма фикрга унинг кўчирма нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади. Даъво аризасига доир ёзма фикр жавобгар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга унинг ваколатларини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат илова қилинади.
Жавобгар томонидан даъво аризасига доир ёзма фикр тақдим этилмаганлиги даъво аризасини соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилаётган иш аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди.
Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.
Суд тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва (ёки) важларни текширади, далиллар билан танишади ҳамда ҳал қилув қарорини қабул қилади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 23-бобида назарда тутилган умумий қоидаларга кўра, мазкур бобда белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан қабул қилинади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори суд томонидан ушбу Кодекс V бўлимининг қоидаларига кўра бериладиган ижро варақаси асосида ижро этилиши лозим.
Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Сурхондарё вилоят суди, вилоят судларидаги бўш иш ўринлар (вакант лавозимлар)га ишга қабул қилиш юзасидан танлов эълон қилади.
Бўш иш ўринлар (вакант лавозимлар):
Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман суди – Архивариус
Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман суди – Девонхона мудири
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди – Архивариус
Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди – Архивариус
Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди – Судья ёрдамчиси
Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди – Судья ёрдамчиси
Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро суди – Архив мудири
Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди – Тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси (АКТ ходими)
Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди– Тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси (АКТ ходими)
Лавозим бўйича номзодга қўйилган талаблар:
а) Номзодлар юқори малакали, хорижий тилларни (қоида тариқасида) биладиган, вакант лавозим учун зарур билимга ва бенуқсон обрў-эътиборга эга олий юридик маълумотли Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши шарт.
Тақдим этиладиган ҳужжатларнинг рўйхати:
Ариза;
а) номзоднинг маълумотномаси ва яқин қариндошлари тўғрисида маълумотнома;
б) диплом (дипломдан кўчирма)нинг нусхаси, чет элда ўқиганлиги тўғрисида дипломга эса, диплом тан олинганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома (агарда номзод олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса, ўқиш жойидан маълумотнома);
Республикамизда ҳар бир соҳада кенг миқиёсда ислоҳотлар олиб борилаётганлигини таърифлаб, уларга алоҳида тўхталишнинг ҳожати йўқ. Зеро, қилинаётган ҳар бир ҳаракат ва ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро нуфузини умум эътироф этилишига замин яратиши билан бир қаторда, юртимиздаги юридик ва жисмоний шахсларнинг шу билан биргаликда инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг ўз мақсад ва вазифаларини тўла-тукис руёбга чиқариши учун қўйилаётган пойдевордир.
Ҳар бир тадбиркор ёки бошқа бир хўжалик юритувчи субъект энг аввало ўз фаолиятини фойда олишни мақсад қилиб олиб боради.
Лекин, шу билан бир қаторда айрим тадбиркорлар борки ўз фаолиятида зиммаларига олган мажбуриятларини бажармаслиги натижасида бошқа бир тадбиркорга моддий ёки маънавий зарар етказиши айни ҳақиқатдир.
Жамиятимизда, умум эътироф этилган қоидаги кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса – иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши кераклиги, шу билан бир қаторда, мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ва шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмаслиги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 236-237-моддаларида қайд этиб ўтилган.
Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади, хўш шартнома бўйича олинган мажбуриятнинг лозим даражада бажарилмаслигининг ҳуқуқий оқибати нима билан якун топади???
Айтайлик, “А” МЧЖ “Б” МЧЖ билан маҳсулот етказиб бериш ёки бошқа бир шартнома имзолади. Шартноманинг умумий қиймати шартли равишда 100 миллион сўм.
Тарафлар ўртасида шартномавий ҳуқуқий муносабат вужудга келдими, албатта ушбу шартноманинг бажарилиши билан ҳуқуқий муносабат ўз якунига етади ёки тарафларнинг ҳоҳишига кўра давом эттирилади.
Мажбуриятларнинг бажарилиши қонунчилик нормасида неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат, закалат ҳамда қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкинлиги қайд этилган.
Мазкур ҳолатда, юқорида қайд этилган тадбикорлик субъекти ўз мажбуриятини лозим даражада бажармаслиги натижасида, бошқа бир тадбиркорлик субъектига асосий мажбуриятидан ташқари пеня ёки жарима тарзидаги қўшимча тўловларни тўлаши ҳам мумкин бўлиб қолади.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 261-моддасида, қарздор мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда тўлайдиган ва, қоида тариқасида, қатъий пул суммасида ҳисобланадиган неустойка жарима ҳисобланиши, қарздор мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириб юборганида тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка пеня ҳисобланиши белгилаб ўтилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддаси иккинчи қисмида, етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини ўз вақтида тўламаганлик учун сотиб олувчи (буюртмачи) етказиб берувчига ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, аммо кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорида пеня тўлаши қайд этилган.
Шу ўринда мазкур ҳуқуқ нормаларини қайд этишдан асосий мақсадимиз ҳар бир хўжалик юритувчи субъект ўз мажбуриятларини лозим даражада бажариши унинг пеня ёки жарима шаклидаги қўшимча тўловлардан озод қилинишига олиб келади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, тадбиркорлик соҳасида ҳалол ва виждонан фаолият олиб бориш унинг ривожланишига ҳамда тараққий этишига замин яратиши ҳам айни ҳақиқатдир.
АБДУЛЛА САФАРОВ,
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йил 17 март кунидаги бешинчи ялпи мажлисида “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қамоққа олинганларга нисбатан қийноққа солиш ҳолларининг олдини олишга қаратилган қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур қонун муҳокамасида сенаторлар томонидан кейинги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Қонун мазкум ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин ўша ернинг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши назарда тутилган.
Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатлари янада мустаҳкамланишига, давлатимизнинг инсон ҳуқуқлари таъминланиши бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги нуфузи ошишига хизмат қилади.
Таъкидлаш керакки, маъқуллаган ушбу қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди.
АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси
Музработ туман ҳокимлиги фаоллар залида жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси, туман прокуратураси ва туман Ички ишлар бўлими масъуллари иштирокида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида Пробация назоратида турган шахслар билан маърифий-ҳуқуқий тадбир ўтказилди.
Маърифий-ҳуқуқий тадбирда Пробация хизмати назорат остида турган шахслар билан жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш юзасидан вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва диний экстремизмга қарши курашиш, фирибгарлик ҳамда ўғирлик, ёшлар ўртасида ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Пробация тўғрисидаги Қонунининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Суд-ҳуқуқ тизимида амалга ошириладиган барча ишлар замирида қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришиш каби эзгу ғоялар ётади. Айнан инсон ва адолатли суд ўртасидаги ўзаро муносабатларда қонунийликни ва адолатни таъминлайдиган ҳаракатлар замирида халқимизнинг осойишта ҳамда рози бўлиб яшаш ҳуқуқи турибди.
Хусусан, ушбу куни ҳам жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, туман Ички ишлар бўлими Пробация гуруҳида жазо ўтаб турган 9 нафар маҳкумларни ахлоқ тузатиш ишлари жазосини, 3 нафар маҳкумларни озодликни чеклаш жазосидан ва 1 нафар маҳкумни эса муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш юзасидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилиб, инсонпарварлик тамойилларига таяниб, Пробация гуруҳи ҳисобида туриб, ҳақиқатда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ва жазо ўташнинг тартиб қоидаларига риоя қилиб, тузалиш йўлига ўтган, судлар томонидан ўрнатилган тақиқ ва чекловларга тўлиқ риоя қилган, ўзининг ҳулқини ижобий томонга ўзгартирган 13 нафар назоратдаги шахслар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Шунингдек, Пробация гуруҳи ҳисобида турган 1 нафар маҳкумга нисбатан суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси
Сайёр суд мажлиси якунида раислик қилувчи томонидан иштирокчиларга ҳуқуқ ва мажбуриятларини, жазони ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозимлигини, жазони ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоидаларни бузганлик учун уларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган интизомий чораларни, шунингдек жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниб, жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинланиш оқибатларини тушунтирди.
Жорий йил 20 февраль куни йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи ЎРҚ-1033-сон Қонун қабул қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди тергов судьяси А.Алиқулов томонидан мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида Узун туман Ички ишлар бўйими йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи биносида очиқ мулоқот тарзида давра суҳбати ташкил этилди.
Қонунда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмасликнинг салбий оқибатларининг олдини олишга хизмат қилувчи янги нормалар ўрин олган.
Хусусан, Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Бундан ташқари, Жиноят кодексида автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузганлик, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқарганлик ва сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда транспортда безорилик, яъни айрим ҳайдовчилар томонидан бошқариш маданиятига риоя қилмай, транспорт воситасини кескин бошқариш ва бошқа ҳаракатларда ифодаланган “агрессив бошқариш”, “дрифт”, “шахмат” шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда мазкур Қонуннинг қабул қилиниши, йўл ҳаракати иштирокчиларини йўлларда ҳаракатланиш маданиятини оширишга, йўл ҳаракати иштирокчилари ҳаракат давомида белгиланган қоидаларга амал қилишини таъминлашга, пировардида йўл-транспорт ҳодисалари сони камайишига хизмат қилади.
А.АЛИҚУЛОВ,
Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг тергов судьяси
Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг навбатдаги сайёр суд мажлисида 41-сон манзил-колонияси маъмурияти киритган тақдимномалар кўриб чиқилди.
Сайёр судда жазо муддатини ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ўрнатилган тартиб-қоидаларига қатъий риоя этган, хулқини ижобий томонга ўзгартириб, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб олган ва тегишли хулоса чиқарган 1 нафар маҳкум ўталмай қолган жазо муддатидан инсонпарварлик тамойили асосида Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод этилган бўлса, яна 6 нафар маҳкумларни ўталмай қолган жазо муддати Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил-колониясидан озод этилди.
Кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар қонун устуворлигини таъминлаб, одил судловга эришишга йўналмоқда. Инсон ва одил суднинг ўзаро муносабатларидаги қонунийлик ҳамда адолатни таъминлайдиган ҳаракатлар негизида халқимизнинг осойишта ҳамда ҳаётидан рози бўлиб яшаш ҳуқуқи туради.
Суд тизими йилдан-йилга такомиллашиб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинаётгани, одил судлов самарали таъминланаётгани сайёр суд мажлисларида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Мазкур манзил-колонияда ўтказилган сайёр суд мажлисида ҳам халқимизнинг кечиримлилик, бағрикенглик каби юксак фазилатлари кенг намоён бўлди.
Термиз давлат университетида вилоят суди судьялари, прокуратура, адлия органлари ва ички ишлар бошқармаси масъуллари иштирокида Президентимиз раислигида жорий йилнинг 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси таъминлаш мақсадида очиқ мулоқот ўтказилди.
Очиқ мулоқотда университетнинг “Спорт фаолияти ва бошқаруви” факультети ўқитувчи ва талабалари иштирок этиб, кун тартибидаги мавзу юзасидан масъулларнинг фикр ва тушунтиришлари тингланди.
Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган мазкур йиғилишда коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли органлар, қолаверса, бошқа вазирлик ва идоралар йўл қўйган камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари асосан коррупцияни аниқлаш ва жазолаш билан ишлаб, коррупцион омилларни таг-томири билан йўқотадиган превентив, яъни, коррупцион ҳуқуқбузарликларнинг олдини-олишга қаратилган чораларни эътиборсиз қолдираётгани алоҳида таъкидланди.
Коррупция – бу ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов экани, у халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга бўлган ишончига путур етказиши, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланиши, коррупцияга қарши курашишда фақат давлатнинг саъй-ҳаракати билан кутилган натижага эришиб бўлмаслиги, бу бутун жамиятимизнинг иши экани ҳам қайд этилди.
Жаҳонда бу иллат ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида давлатларнинг ривожига тўсқинлик қиладиган, одил судлов самарадорлигига салбий таъсир кўрсатадиган ва охир-оқибат фуқароларнинг суд тизими ва давлат идораларига бўлган ишончига путур етказадиган омиллардан бирига айланаётгани сир эмас. Янги Ўзбекистонда эса судьяларнинг мустақиллиги, фақат Конституция ва қонунга бўйсуниши, уларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.
Коррупция – тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноятдир. Бу иллатга қарши курашиш барчамизнинг вазифамиз бўлиши зарур.
Ушбу бўлиб ўтган очиқ мулоқотда коррупциянинг олдини олиш юзасидан таклиф ва фикр-мулоҳазалар эшитилди ҳамда унга қарши курашиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиши лозимлиги таъкидланди.
ИЛХОМ АБРАЕВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Сурхондарё вилоят суди