Биламизки, оила бу – жамиятнинг муқаддас таянчи, инсоний қадриятлар бешигидир. Афсуски, айрим ҳолларда бу муқаддас даргоҳга нисбатан бепарволик, масъулиятсизлик кузатилаётган ҳолатлар эса ачинарли. Энг аянчлиси, оилавий ажримдан сўнг вояга етмаган фарзандлар тақдирига бефарқ қараб, уларнинг қонуний моддий таъминотидан бўйин товлаётган ота-оналар ҳам учрамоқда.
Фикримизни ана шундай бир ҳолатга қаратсак.
Шеробод туманида яшовчи Алишер Сатторов (исм-фамилияси ўзгартирилган) шулар жумласидандир. У турмуш ўртоғи билан ажрашганидан сўнг, 2023 йил июнь ойида чиқарилган суд буйруғига асосан икки нафар вояга етмаган фарзандини алимент билан таъминлаши шарт эди. Бироқ, ота ўз фарзандлари олдидаги бурчини унутиб, суд қарори талабларини қасддан бажармасдан келган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Шеробод туман бўлими давлат ижрочилари томонидан тегишли маъмурий баённома расмийлаштирилади ва иш суд органларига юборилади. Очиқ суд мажлисида мазкур ҳолат атрофлича кўриб чиқилиб, қарздор ота қарийб 30 миллион сўм алимент қарздорлигини тўлашдан бўйин товлагани учун унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Қайд этиш жоизки, Алишер Сатторов қонун олдида сўнгги марта огоҳлантирилди. Агар у бу жазодан тегишли хулоса чиқармай, алимент тўлаш мажбуриятини бажаришдан бош тортишда давом этса, келгусида унга нисбатан жиноий жавобгарлик масаласи қўзғатилиши мумкинлиги қатъий равишда тушунтирилди.
Фарзанд – омонат. Унинг тақдирига бепарво қараш эса нафақат қонунга, балки инсонликка ҳам зиддир.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 20 октябрдаги ЎРҚ-1089-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 4-кичик бўлим билан тўлдирилди.
Мазкур Кодекснинг 38-39-бобларида ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ бўлган ишларни юритишнинг умумий қоидалари ва ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни юритиш тартиби белгиланган.
Унга кўра, Фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан кўриб чиқиладиган, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишлар жумласига:
1) ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги;
2) ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақалари бериш ҳақидаги аризалар бўйича ишлар киради.
Судлар ушбу Кодекснинг 346-моддасида санаб ўтилган ишларни ушбу Кодекснинг 38-40-бобларида кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан бирга фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидаларига биноан кўриб чиқади.
Фуқаролик ишлари бўйича суднинг ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ иш бўйича ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.
Ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судининг фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли низога доир ҳал қилув қарори юзасидан ушбу қарорни олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида фуқаролик ишлари бўйича судга ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза бериш йўли билан низолашиши мумкин.
Ҳакамлик судининг фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли низога доир ҳал қилув қарори юзасидан ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини қабул қилган, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахслар ҳам низолашиши мумкин.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича судга берилади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза берилганлиги ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ижроси юзасидан иш юритишни фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан низо бўйича иш юритиш тугаллангунига қадар тўхтатиб туради.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида берилади ва ҳал қилув қарори юзасидан низолашаётган ҳакамлик муҳокамаси тарафи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) ариза берилаётган фуқаролик ишлари бўйича суднинг номи;
2) низолашилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик судининг номи ва таркиби, унинг жойлашган ери;
3) ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), яшаш жойи ёки турган жойи (почта манзили), шунингдек, агар ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган сана;
5) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этган ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судининг низолашилаётган ҳал қилув қарорини олган сана;
6) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги талаб ва мазкур қарор қандай асослар бўйича низолашилаётганлиги.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризада телефонлар, факслар рақамлари, электрон почта манзиллари ва бошқа маълумотлар кўрсатилиши мумкин.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
2) ҳакамлик битимининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси;
3) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги талабни асослаш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар;
4) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза жавобгарлар сонига қараб кўчирма нусхалари билан бирга фуқаролик ишлари бўйича судга берилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган ариза мустасно.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ҳакамлик муҳокамаси тарафининг вакили томонидан берилган бўлса, унга ишончнома ёки вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши керак.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекс 349-моддасининг биринчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган талаблар, шунингдек ушбу модда қоидалари бузилган ҳолда берилган бўлса, фуқаролик ишлари бўйича суд ушбу Кодекснинг 194-моддасида назарда тутилган қоидаларга биноан бундай аризани қабул қилишни рад этади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Судья ишни ҳакамлик муҳокамаси тарафининг илтимосномасига биноан суд муҳокамасига тайёрлаётганда ҳал қилув қарори фуқаролик ишлари бўйича судда низолашилаётган ишнинг материалларини ҳакамлик судидан ушбу Кодексда далилларни талаб қилиб олиш учун назарда тутилган қоидаларга биноан талаб қилиб олиши мумкин.
Фуқаролик ишлари бўйича суд ҳакамлик муҳокамаси тарафларини суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Суд ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун ушбу Кодекснинг 352-моддасида назарда тутилган асослар мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини билдирилган талаблар ва эътирозларни асослаш учун судга тақдим этилган далилларни текшириш йўли билан аниқлайди.
Суд ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёхуд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори, агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза берган ҳакамлик муҳокамаси тарафи қуйидагиларни исботловчи далилларни тақдим этса, фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан бекор қилиниши керак:
1) ҳакамлик битимининг қонунда назарда тутилган асосларга кўра ҳақиқий эмаслигини;
2) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлигини ёхуд унда ҳакамлик битими доирасидан четга чиқувчи масалалар бўйича хулосалар мавжудлигини. Агар ҳакамлик судининг ҳакамлик битими билан қамраб олинадиган масалалар бўйича хулосаларини бундай битим билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосаларидан ажратиб олиш мумкин бўлса, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг фақат ҳакамлик битими билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосалари бўлган қисми бекор қилиниши мумкин;
3) ҳакамлик суди таркибининг ёки ҳакамлик муҳокамасининг «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14, 15, 16 ва 25-моддалари қоидаларига мувофиқ эмаслигини;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 10-моддасининг биринчи ва учинчи қисмлари талаблари бузилган ҳолда чиқарилганлигини;
5) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирига қарши қабул қилинган бўлса, ўша тараф ҳакамлик судьяларини сайлаш (тайинлаш) тўғрисида ёки ҳакамлик суди мажлисининг вақти ва жойи ҳақида зарур тарзда хабардор қилинмаганлигини ҳамда шу сабабли у ҳакамлик судига ўз тушунтиришларини тақдим эта олмаганлигини.
Агар ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилган низо қонунга мувофиқ ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлмаса, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори суд томонидан бекор қилиниши лозим.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг бекор қилинганлиги ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг, агар ҳакамлик судига мурожаат этиш имконияти йўқолмаган бўлса, ҳакамлик битимига мувофиқ ҳакамлик судига янгидан мурожаат этишига ёки ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясининг 1-моддасида, Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатэканлиги қайд этиб ўтилган.
Ҳуқуқий давлат – бу ҳуқуқий асосда ташкил топадиган ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида ҳуқуқ устуворлик қиладиган давлатдир. Яъни давлатда конституция ва қонунларни устунлиги, барчанинг мустақил суд олдида тенглиги таъминланадиган, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланадиган, ҳокимият ваколатларнинг бўлиниши принципи асосида ташкил этилган демократик давлатдир.
Конституциямизда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий давлат эканлигини асослари келтирилган бўлиб, жумладан:
Конституция олий юридик кучга эга ва тўғридан-тўғри амал қилади.
Қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал этилади.
Ўзбекистонда барча мулк шакллари тенгдир ва ҳуқуқий томондан ҳимоя қилинади.
Қонунда назарда тутилган ҳолларда, юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.
Мулкдор ўз мол-мулкидан суд қарорисиз ҳамда қонунга зид тарзда маҳрум қилиниши мумкин эмас.
Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.
Ҳеч ким суд қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас.
Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунлардаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайди.
Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас.
Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланган.
Ҳуқуқий давлатда барча жараёнлар қонунга асосланиб қурилади, шунингдек жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, барча шахслар қонун олдида тенг, ҳаттоки давлатнинг олий органлари ҳам қонунга бўйсунади ва қонуннинг ижросини таъминлайди.
Барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, қонун йўли билан кафоталанган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг аксарияти ижтимоий соҳага йўналтирилганини кўришимиз мумкин. Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларга давлат томонидан кафолатлар тизими орқали ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган. Одамларнинг фаровон ва ҳаётдан рози бўлиб турмуш кечириши учун муносиб шароит яратиш, бандликни таъминлаш ва даромадини ошириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, турмуш шароити ва сифати жиҳатидан табақаланишга йўл қўймаслик каби масалаларга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Конституциямизга кўра, Ўзбекистон ўзини ижтимоий давлат деб эълон қилиши билан ҳар бир фуқаросига муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароитлар яратиш мажбуриятини олмоқда. Мавжуд ресурсларни ижтимоий адолат тамойиллари асосида тақсимлаш, жамиятда кучли табақаланиш авж олишига йўл қўймаслик, энг заиф қатламлар учун ҳам сифатли таълим ва тиббиёт кафолатланиши, самарали ижтимоий ҳимоя дастурлари ишлаши, имконияти чекланган ва мухтож фуқароларни қўллаб-қуватлаш, меҳнатга лаёқатсиўз қатламни пенсия ва нафақалар билан таъминлаб бориш, адолатли меҳнат қонунчилиги тизимини мустаҳкамланиши каби фуқароларни ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлайди
Дунёвий давлат- давлатнинг конституциявий ҳуқуқий тавсифи бўлиб, Дунёвий давлат деганда, давлат билан дин ўртасидаги нисбат, яъни давлатнинг динга муносабати, диндан ҳоли мавжуд бўлиши ва ривожланишини тушуниш мумкин. Аниқроқ айтганда, дунёвий давлат ҳеч бир динга давлат дини, расмий дин мақомини бермайди, диннинг сиёсийлашувига йўл қўймайди, таълим тизими ва давлат бошқарувини дин таъсиридан ҳоли қилиб, ўз юрисдиксиясида қайд этилган давлат назарда тутилади. Шу маънода дунёвий давлат учун истиқболли муносабат шакли давлатни диндан ажратилганлиги ҳисобланади. Бундай давлатлар сирасига АҚШ, Франция, Россия Федерацияси, Болгария, Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар мисол бўла олади.
Янги таҳрирдаги конституциямизга кўра, Ўзбекистон – дунёвий давлат тушунчаси аниқ термин сифатида киритилди. Ваҳоланки, дунёвий давлат эканимизни мустақиллик эълон қилинган даврдан эътироф этилади. Давлат ва дин бир-биридан ажратилган бўлиб, давлат диний эътиқодидан қатъи назар барчага бир хил муносабатда бўлади, динга оид масалаларда нейтрал позициясини эгаллайди.
Ўзбекистон Республикаси Контитуциясининг 75-моддасидадиний ташкилотлар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятига аралашмайди.
Давлат қонунда белгиланган тартибда фаолият кўрсатаётган диний ташкилотлар фаолиятининг эркинлигини кафолатлайди.
Виждон ва эътиқод эркинлигини ўрнатувчи конституцивий норма қоидаларининг амал қилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда 1998 йил 1 май куни “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, қонун виждон эркинлигини фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқи сифатида белгиланган. Дунёвий давлатнинг акси теократик давлат бўлиб, унда ҳокимиятни черков иерархияси бошқаради. Бундай давлатга Ватикан давлати мисол бўла олади.
Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги,яъниинсон фаровонлиги, демократик-ҳуқуқий давлатчиликка асосланганлигини, қонун барча учун баробар эканлигини ва диний қарашлар эркин эканлиги бош қомусимиз Конституция билан кофолатланганлигини англаш мумкин.
БЕҲРУЗ СИДИҚОВ,
Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг тергов судьяси
Мамалакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда давлатимизда кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳаларни қамраб олганлиги барчамизга маьлум.
Ушбу ислоҳотларда инсон қадри энг олий қадрият сифатида мустаҳкамланиб, ижтимоий давлат тамойили конституциявий даражада белгилаб қўйилди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари янада кучайтирилди. Суд-ҳуқуқ тизимида эса судларнинг мустақиллиги таъминланди, фуқароларнинг судга мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилди, одил судловга эришишда очиқлик ва шаффофлик тамойиллари изчил жорий этилди.
Бунга мамлакатимизда қабул қилинган бир қанча қарор, қонунларни мисол келтиришимиз мумкин.
Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 21 августда имзоланган фармон асосида судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва “Рақамли суд” концепциясига босқичма-босқич ўтиш белгиланди.
Мазкур ислоҳотлар жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди фаолиятида ҳам ўз натижасини бермоқда. Хусусан, 2025 йилда туман судида 203 нафар шахсга нисбатан 145 та жиноят иши кўриб тамомланган бўлиб, шундан 153 нафар шахсга нисбатан 107 та жиноят иши бўйича жазо тайинланиб ҳукм чиқарилган, 45 нафар шахсга нисбатан 35 та жиноят ишлари тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан харакатдан тугутилган.
Бу даврда маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича эса 2567 нафар шахсга нисбатан 2197 та маьмурий иш кўриб тамомланган, 1566 нафар шахсга нисбатан 1456 та маьмурий иш бўйича маьмурий жазо қўлланилган, 1001 нафар шахсга нисбатан 744 та маьмурий иш тугатилган.
Шунингдек, туман суди раиси томонидан ўтган 2025 йилда жами 79 нафар фуқаролар қабул қилинган бўлиб, 21 та мурожаатлар сайёр қабулда, 5 та мурожаатлар халқ қабулхонасида, 53 мурожаатлар бевосита идорада қабул қилинган.
Бундан ташқари, туман суди томонидан 2025 йил давомида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича кенг қамровли тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, жами 171 маротаба тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди.
Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар амалиётда ўзининг самарали натижасини кўрсатмоқда десак хато бўлмайди. Ушбу ютуқларни аҳолининг кенг қатламига тўлиқ ва тушунарли етказиш эса барқарор ривожланиш ҳамда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим омили ҳисобланади.
Бугунги кунда гиёҳвандлик ва уюшган жиноятчилик бутун жаҳон ҳамжамияти учун энг хавфли ижтимоий таҳдидлардан бири ҳисобланади. Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси инсон саломатлигига, жамият барқарорлигига ва давлат хавфсизлигига жиддий зарар етказади. Уюшган жиноятчилик эса айнан гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар орқали молиявий қудратга эга бўлиб, бошқа оғир жиноятларни ҳам келтириб чиқаради.
Мамлакатимизда мазкур иллатларга қарши кураш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Гиёҳвандлик тушунчаси ва унинг хавфи.
Гиёҳвандлик инсон организмининг наркотик ёки психотроп моддаларга руҳий ва жисмоний қарам бўлиб қолиши ҳолатидир. Бу ҳолат инсоннинг онги, иродаси, соғлиги ва ижтимоий ҳаётини издан чиқаради.
Гиёҳвандликнинг асосий хавфлари:
-инсон саломатлигининг оғир зарарланиши;
-руҳий касалликлар ва ўлим ҳолатларининг кўпайиши;
-оилаларнинг пароканда бўлиши;
-жиноятчилик даражасининг ошиши;
-ёшлар келажагининг барбод бўлиши.
Айниқса, ёшлар орасида гиёҳвандликнинг тарқалиши миллат генофондига жиддий таҳдид солади.
Уюшган жиноятчилик олдиндан режалаштирилган, барқарор жиноий гуруҳлар томонидан содир этиладиган жиноятлар тизимидир.
Гиёҳвандлик уюшган жиноятчиликнинг асосий молиявий манбаси ҳисобланади. У қора бозор иқтисодиётини шакллантиради, коррупцияни кучайтиради ва трансмиллий жиноий тармоқларни вужудга келтиради.
Шу сабабли, гиёҳвандликка қарши кураш бир вақтнинг ўзида уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳам ҳисобланади.
Гиёҳвандликнинг олдини олишда қуйидаги йўналишлар муҳим аҳамиятга эга:
-профилактик тадбирлар;
-таълим муассасаларида ҳуқуқий ва маънавий тарбияни кучайтириш;
-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш;
-оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш ишларини олиб бориш.
Бу борада тиббий ёрдам учун гиёҳвандликка чалинган шахсларни даволаш ва реабилитация қилиш ҳамда махфий ва бепул тиббий хизматларни кенгайтириш лозим бўлади.
Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркотик моддалар айланмасига қарши қатъий қонунчилик мавжуд бўлиб, махсус давлат органлари фаолият юритмоқда.
Мазкур ислоҳотлар жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди фаолиятида ҳам ўз самарасини бермоқда. Хусусан, 2025 йил даваомида гиёҳвандлик воситалари билан 67 нафар шахсга нисбатан 54 та жиноят иши кўриб тамомланган.
Ушбу турдаги жиноятларни аксарият ёшлар ўртасида содир этилаётганлиги ачирнали ҳолдир. Жиноятларни келиб чиқиш сабаблари ва шароитларини бартараф этиш бўйича хусусий ажримлар чиқарилган.
Хулоса қилиб айтганда, гиёҳвандлик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш фақат давлат органларининг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий вазифасидир. Ҳар бир фуқаро соғлом ҳаёт тарзини танлаб, қонунларга риоя этган ҳолда, бу иллатларга қарши курашда фаол иштирок этса, жамият барқарорлиги ҳамда келажак авлод бахти таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрь кунидаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–253-сон Фармони қабул қилинди.
Ушбу Фармонга кўра, Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди.
Жумладан:
–фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий одил
–судловга эришиш, уларнинг бузилган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш имкониятларини кенгайтириш;
Конституциявий судга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқи субъекти бўлмаган фуқаро ёки юридик шахс томонидан Конституциявий судга тааллуқли масала юзасидан йўлланган мурожаат Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектга юборилади.
Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга субъект томонидан шахснинг мурожаатидаги масала Конституциявий судга киритилмаганда муаллифга ушбу масалани киритишга асос мавжуд эмаслиги тушунтирилиб хабар берилади ва Конституциявий судга ахборот тақдим этилади.
Конституциявий шикоят институти бўйича:
–муайян иш бўйича суд томонидан қўлланилган қонуннинг Конституциявий суд томонидан Конституцияга мувофиқ эмас деб топилиши суд ҳужжатини ўрнатилган тартибда қайта кўришга;
–муайян иш бўйича қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан Конституциявий судга Олий суд томонидан мурожаат киритилиши ҳолатини судда тегишли иш бўйича иш юритувини тўхтатишга асос сифатида белгиланади.
Мазкур Фармонга кўра, 2026-2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди. Унда қуйидагилар назарда тутилди:
–суд иштирокчиларини Конституциявий суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида “Суд хабарномаси” электрон хизмати ва ЯИДХП (my.gov.uz)нинг мобил иловаси орқали электрон тарзда хабардор қилиш;
–суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида, шу жумладан, мобил иловадан фойдаланган ҳолда ўтказилишини таъминлаш;
–суд мажлисларини аудиоёзув орқали қайд этиб бориш ҳамда суд мажлиси баённомаларини ушбу тизим ёрдамида шакллантириш.
Шунингдек, 2027 йил 1 августдан Конституциявий суд фаолиятига қуйидаги имкониятларга эга “E-KSUD” ахборот тизими синов тариқасида жорий этилади:
▪️ Конституциявий судга электрон шаклда мурожаат қилиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш;
▪️ фуқаролар ва юридик шахсларга одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида интерактив хизматлар кўрсатиш;
▪️ суд мажлисларини жонли эфирга узатиш имкониятини яратиш;▪️ ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шарт-шароитларни яратиш.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасига кўра, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ҳамда ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхорлик қилишга мажбурдирлар.
Бироқ, жамиятга айрим ота оналар борки, бу мажбуриятларини бажармасдан, фарзандини чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдирганлиги оқибатида қонун олдида жавобгар бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026-2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар қандай зўравонликдан асраш ва ғамхорлик қилиш Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган шунингдек, бир қанча қонунлар ҳам қабул қилинган.
Аммо айрим фуқаролар ҳозирги кунга қадар ўз фарзандларини чет эл давлатларида назратсиз қолдириши оқибатида жавобгарликка тортилмоқда.
Хусусан, Санобар Кимсанова (исм-шарифлар ўзгаритирилган) 2025 йил 08 июнь куни вояга етмаган фарзандини Россия Федерациясига юбориб, чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдирганлиги аниқланган.
Суд ҳуқуқбузарнинг ҳаракатинит иш ҳужжатларида мавжуд бошқа объектив далиллар мажмуи билан тўлиқ исботланган деб топиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 476-моддаси 1-қисми билан жарима жазоси тайинлади ва унга вояга етмаган фарзандини Россия Федерациясидан қарор чиқарилган кундан бошлаб бир ой муддатда олиб келиш мажбурияти юклади.
Суд масъулиятсиз онага қилмишига яраша жазо тайинлаб, жазо муқаррарлигини таъминлади.
ХАДИЧА РАХИМОВА,
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг тергов судьяси
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоясини кафолатлайдиган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан биридир.
Шу муносабат билан мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди.
Албатта, ҳар қандай жамиятдаги адолат мезони шу жамиятдаги фуқароларининг ҳуқуқ-эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиниши қай даражада кафолатланганлиги билан бевосита боғлиқдир.
Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан 2025 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Ўтган 2025 йилда фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан жами 4.987 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган. Ушбу кўриб тамомланган 4.987 та ишлардан 4.031 таси (ёки 80.8 фоизи) бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинган. Шунингдек, 53 таси (ёки 1.06 фоизи) иш юритишдан тугатилган ҳамда 903 таси (ёки 18.1 фоизи) бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган.
Бу даврда ҳал қилув қарори чиқариб кўрилган 4.031 та ишлардан 3.507 таси (ёки 87 фоизи) бўйича даъволар қаноатлантирилган бўлса, 524 таси (ёки 12.9 фоизи) бўйича даъволар рад этилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан 2025 йил давомида кўрилган ишлардан асосий қисмини оилавий муносабатлар ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ низолар ташкил қилади.
Оилавий муносабатлар билан боғлиқ кўрилган 1.402 та ишлардан 634 таси (ёки 45.2 фоизи) никохдан ажратиш билан боғлиқ ишларни ташкил қилади. Бу даврда кўрилган 634 та ишлардан 345 таси (ёки 54.4 фоизи) қаноатлантирилган, 191 таси (ёки 30.1 фоизи) рад этилган, 81 таси (ёки 12.7 фоизи) бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган бўлса, яна 17 таси (ёки 2.6 фоизи) иш юритишдан тугатилган.
Таҳлилларга кўра, ўтган 2025 йил давомида никохдан ажратиш билан боғлиқ низоларни кўришда туманлараро суди томонидан 98 та иш бўйича тарафлар яраштирилиб, оилалар сақлаб қолинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ва Сурхондарё вилоят ҳокими томонидан 2023 йил 8 октабрда тасдиқланган Сурхондарё вилоятининг суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 21-бандида оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, низолар ҳамда ажримларнинг олдини олиш вазифаси қўйилганлиги, бунда мутасадди идоралар оилалардаги маънавий-аҳлоқий муҳитни янада яхшилаш, оилаларни мустаҳкамлаш, эрта никоҳ ва оилавий ажримларни олдини олиш бўйича ҳамкорликда қилинадиган чора-тадбирлар белгиланган.
Шунга асосан фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан Оила ва хотин-қизлар бўлимлари билан ҳамкорликда ҳар чоракда маҳалла фуқаролар йиғинларида оилавий ажримларни олдини олиш ҳамда ажралиш ёқасига келган оилаларни яраштириш чораларини кўриш бўйича тадбирлар ўтказиб келинган.
Шунингдек, оила ва хотин-қизлар бўлимлари билан биргаликда жойларда нотинч, ажралиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказиш ҳамда оилавий ажримларни олдини олиш бўйича қўшма учрашувлар ўтказилиши йўлга қўйилиб, олиб борилаётган ишлар оммавий ахборот воситалари, веб-сайтларда ёритиб келинди.
Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан томонидан 77 та хусусий ажрим, 76 та хабарномалар чиқарилиб, тегишли идораларга муҳокама қилиш учун юборилган.
Бугун суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар, фақат сўздангина иборат бўлиб қолмаслиги, балки амалий қиёфа касб этиши учун ислоҳотлар жараёни собитқадамлик билан давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш керакки, судларнинг мустақиллиги, фуқароларнинг уларга нисбатан ишончининг ортиши, жамиятимизда кенг кузатила бошланди. Социологик тадқиқотлар, ўз муаммоларига ечим топиш учун, арзларини икки энлик қоғозга тушириб, турли катта-кичик ташкилотларнинг қабулхоналарида сарғайиб юргувчиларнинг сони камайиб, судларга мурожаат этишлар кўпая бошлаганини эътироф этмоқдалар. Бу эса юртдошларимизнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти юксалиб бораётганидан ҳам дарак беради.
БОТИР САНАЕВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди судьяси
Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги, шахсий ҳамда оилавий сири, шаъни ва қадр-қиммати ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 137-моддасига кўра ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 12-моддасига кўра, давлат сирига, фарзандликка олиш сирига тааллуқли маълумотлар мавжуд бўлган ишлар бўйича ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ишнинг муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар ошкор бўлишининг олдини олиш, ёзишмалар сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш мақсадида ёпиқ суд муҳокамаси ўтказилишига йўл қўйилади.
Иш суднинг ёпиқ мажлисида кўрилаётганида ишда иштирок этувчи шахслар, зарур ҳолларда эса тутилган бошқа ҳолларда ишнинг муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар ошкор бўлишининг олдини олиш, ёзишмалар сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш мақсадида ёпиқ суд муҳокамаси ўтказилишига йўл қўйилади.
Иш суднинг ёпиқ мажлисида кўрилаётганида ишда иштирок этувчи шахслар, зарур ҳолларда эса гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар ҳам ҳозир бўлади.
Ишни суднинг ёпиқ мажлисида эшитиш фуқаролик суд ишлари юритишнинг барча қоидаларига риоя қилинган ҳолда олиб борилади. Суднинг ёпиқ мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Суднинг ҳал қилув қарори барча ҳолларда ошкора ўқиб эшиттирилади.
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари тарафларнинг розилиги билан ёки шахсини кўрсатмаган тарзда суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши мумкин, бундан суднинг ёпиқ мажлисида қабул қилинган суд ҳужжатлари мустаснодир.
Фуқаролик ишлари судида ёпиқ суд мажлислари қонунда назарда тутилган ҳолларда ишда иштирок этувчи шахсларнинг талабига ёки суднинг ташаббусига кўра ўтказилади.
Яъни, ёпиқ суд мажлисида иштирок этган судья, суд мажлиси котиби, прокурор, даъвогар, жавобгар, учинчи шахслар, умуман олганда барча суд мажлиси иштирокчилари ёпиқ суд мажлисида ўзларига маълум бўлган иш тафсилотлари ва бошқа маълумотларни бошқа шахсларга ошкор қилиши мумкин эмас.
Ҳозирги вақтда процессуал кодексларда ёпиқ суд мажлисларида иштирок этган шахслар маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилиши кўрсатилган. Бироқ, қонунчиликда бундай маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган. Шу сабабли ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш зарурияти юзага келмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ЎРҚ-1084-сонли қонуни қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси, Жиноят- кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик-процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини ошкор қилишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги огоҳлантирилган ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар томонидан уларни суднинг рухсатисиз ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 60, 62, 64, 98, 208-моддаларига ўзгартириш киритилиб, унга кўра, эксперт, мутахассис ва таржимон ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Киритилган қўшимчаларга кўра, ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш учун асослар мавжуд бўлганда суд ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисида ажрим чиқаради.
Ажрим чиқарилганда ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар суд муҳокамаси маълумотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик тўғрисида огоҳлантирилиб, улардан тилхат олинади.
Тилхатда мазкур мажбуриятни бузганлик учун Жиноят кодексининг 239-моддасига мувофиқ жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантириш ҳам акс эттирилади.
Хулоса ўрнида, мазкур киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ёпиқ суд мажлисида кўрилган ишларни маълумотларини анонимлигини таъминлаш ва ушбу тафсилотларни ошкор этганлик учун жавобгарлик белгиланганлигини ҳамда фуқароларни ҳуқуқ ва манфаатларини қонун билан ҳимояланганлиги суднинг нуфузини оширишга хизмат қилади.
НИЛУФАР ТЎРАЕВА,
Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси” тасдиқланди. Бу ҳужжат жамиятимизда бола ҳуқуқларини олий қадрият даражасига кўтариш йўлидаги қатъий ирода ифодасидир. Зеро, ҳар бир бола зўравонликдан қўрқмасдан, меҳр ва хавфсизлик муҳитида улғайишга ҳақли.
Стратегиянинг туб моҳияти ва мақсади:
Янги стратегия болаларга нисбатан “муросасизлик” тамойили асосига қурилган бўлиб, бир нечта муҳим йўналишларни қамраб олади. Эндиликда нафақат жисмоний, балки руҳий, жинсий ва иқтисодий зўравонликка қарши курашиш тизими янги босқичга чиқади. Асосий эътибор муаммо билан унинг оқибатида эмас, балки пайдо бўлишидан олдин курашишга қаратилади. Маҳалла ва таълим муассасаларида хавф остида бўлган болалар билан ишлашнинг янги механизми жорий этилади.
Асосий ислоҳотлар ва чора-тадбирлар:
Давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида болаларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарликни янада кучайтириш ва қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш белгиланди. Жабрланган болаларга мажбурий тартибда бепул психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизими яратилмоқда. Шу билан бирга, ота-оналарнинг ҳуқуқий саводхонлигини, тарбия маданиятини ошириш ва мактабларда хавфсиз муҳитни таъминлаш чоралари кўрилади.
Замон талабидан келиб чиқиб, болаларни интернетдаги таҳдидлар, хусусан, кибербуллинг ва номақбул контентдан ҳимоя қилиш механизми кучайтирилади. Болалар учун хавфсиз рақамли муҳит яратиш стратегиянинг ажралмас қисмига айланади.
Болалар учун янги кафолатлар:
Стратегия доирасида жабрланган болаларга кўмак бериш тизими сезиларли даражада соддалаштирилади. Ҳимоя ордери бериш ва уни ижро этиш механизми такомиллаштирилиб, боланинг манфаатлари ҳар қандай ҳолатда биринчи ўринга қўйилади. Давлат томонидан болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича доимий мониторинг тизими йўлга қўйилиши ҳар бир боланинг хавфсизлигини кафолатлайди.
“Болаларга нисбатан зўравонлик – бу нафақат жиноят, балки миллат келажагига қилинган хиёнатдир. Бизнинг вазифамиз – ҳар бир боланинг табассумини ҳимоя қилишдан иборат”.
Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, ушбу стратегиянинг муваффақияти нафақат давлат идораларига, балки ҳар бир фуқарога боғлиқ. Кўчада, қўшничиликда ёки ижтимоий тармоқларда бола ҳуқуқи бузилаётганига гувоҳ бўлганда бефарқ бўлмаслик – энг муҳим бурчимиздир. Янги Ўзбекистонда ҳар бир бола давлат ва жамиятнинг доимий ҳимоясида бўлади. Зеро, бахтли болалик – кучли ва фаровон давлат пойдеворидир.
АКМАЛ ХАКИМОВ,
Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг тергов судьяси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2026 | Сурхондарё вилоят суди