ФИРИБГАР ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИЛДИ

очерк

Термиз туманида яшовчи Бахрулло Рўзиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) илгари ҳам фирибгарлик жиноятини содир этгани учун унга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди. Аммо у бундан ўзига тўғри хулоса қилмади.

Бахрулло алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилишни ўзига касб қилиб олган. 2023 йил апрель ойида Термиз шаҳрида яшовчи Халима Норбоева билан учрашиб қолади. У аслида ҳеч қаерда ишламасада, ўзини кадастр идораси ходими деб таништириб, ўзига тегишли ер майдонини сотишини билдиради. Ваҳоланки, ўша ер майдони ҳам мавжуд эмас. Мижоз бўлган Халима Норбоевани бошқа бир фуқарога тегишли Термиз тумани, “Янгиер” маҳалласи ҳудудидаги 4 сотих ер майдонини кўрсатиб, Халима Норбоевадан ер майдони учун 16.000.000 сўмни ҳужжатларини расмийлаштириб бериши учун деб олади. Шундан сўнг Бахрулло пулларни қўлга киритгач, ер майдони учун ҳужжатларни расмийлаштирмасдан, жуфтакни ростлайди.

Бахрулло бу жиноий ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилмасдан қолганлигидан фойдаланиб, эгаллаган касбини давом эттиради. 2023 йил октябрь ойида Термиз шаҳрида яшовчи яна бир фуқаро Салим Сатторов билан учрашади. У ҳар доимгидек аслида ҳеч қаерда ишламасада, ўзини кадастр идораси ходими деб таништиради. Бу гал ҳам бир хил гаплар яъни, бошқа бир фуқарога тегишли Термиз тумани, “Янгиер” маҳалласи ҳудудидаги 5 сотих ер майдонини кўрсатиб, Салим Сатторовнинг ишончига кириб, ундан ер майдони учун 45.000.000 сўм миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга  киритади.

Гарчи у ўзгалар пулларини осонгина қўлга киритиб, хурсанд бўлган бўлса-да, унинг бу хурсандчилиги узоққа чўзилмади, негаки Бахруллони бу қилмишларини уни панжара ортига етаклади.

Қирғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади деганларидек, тез фурсатларда фирибгар содир этган Бахруллонинг ҳам қилмишлари фош этилиб, унга жиноят иши қўзғатилди. Тергов ва суд жараёнларида эса унинг жиноий хатта-ҳаракатлари исботланди. Суд эса унга бу гал 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Ҳакалак отган ҳавойи ҳавас ва нафсни жиловлай олмаслик Бахрулло Рўзиевга қимматга тушди. Бу гал у қилмишларидан тўғри хулоса чиқарса, ажаб эмас. Чунки тўғри сабоқ кишини ҳамиша эзгу амалларга етаклайди.

ОЙБЕК ЖУМАНОВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

ОТА ФАРЗАНДИНИ КАСАЛЛИГИДАН ФОЙДАЛАНМОҚЧИ БЎЛДИ

очерк

Шўрчилик Махмуд Қораев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўттиз беш ёшни қоралаган ва тўрт фарзандни отаси, гарчи ҳеч қаерда ишламаса-да, аммо оқ-қорани ажрата билади.

Махмуд Қораевни фарзанди бетоблиги сабабли шифокорлар рўйхатига олинган ва унга шифокор тавсияси билан кучли таъсир қилувчи дорилар ичириб келинади. 2025 йилнинг баҳор фасли эди, Шўрчи туманида жойлашгани ошхоналарни бирида Махмуд овқатланиб ўтирган вақтида бир Мунаввар исмли аёл билан танишиб қолади ва у билан бир ҳафта давомида телефон орқали гаплашиб юради. Кунларнинг бирида суҳбат давомида Мунаввар ўғил фарзанди бетоб эканини ва ундан “Бензонол” номли дорини топиб беришни илтимос қилади. Уни илтимосини бажариш учун Махмуд розиб бўлиб, Шўрчи туманидаги кўп тармоқли марказий поликилиникага боради. Буни қарангки, бировни хожатини қондириш учун Махмудга фарзандини бетоблиги қўл келади. У шикофорга фарзанди касал экани ва бир-неча маротаба фарзандини қабулига олиб келганлигини айтиб, 50 дона бензонал дориси учун рецепт ёздиради. Бу ердан чиқиб туманидаги яна бир хусусий клиникага бориб, бошқа бир шифокорга фарзандининг касал экан ва уни бир неча маротаба ушбу клиникага олиб келганлигини айтиб, фарзанди номига 100 дона бензонал дори воситасини олиши учун рецепт ёздириб олади.

Иши бароридан келган Махмуд биринчи Шўрчи туманидаги дорихонадан 50 дона, сўнг эса Қумқўрғон туманидаги дорихонадан
100 дона бензонал номли дори воситасини сотиб олади. Кайфияти кўтарилган Махмуд энди Мунавварга қўнғироқ қилиб, унга “илтимоси” бажарилганини билдиради. Шунда Мунаввар топилган дориларни Қизириқ туманига олиб келиб беришини айтиб, манзилни тушунтиради. Буни қарангки, бир зумда Қизириққа етиб келган Махмуд тумандаги ошхоналарнинг бирида Мунаввар билан кўришади. Шунда у олиб келган 150 дона дорини Мунавварга беради, эвазига йўл ҳақи билан бирга 500.000 сўм пулларни Мунаввардан олган вақтида унинг бу қилмишига чек қўйилади. Улар ўтирган жойга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари кириб келишиб, дори ва пуллар ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинади.

Фарзандини касаллигидан фойдаланмоқчи бўлган Махмуд Қораевни тергов органи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2511-моддаси 5-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айблаб, ишни судга оширди.

Судда Махмуд Қораев қилган ишини тушуниб етганлигини, айбига иқрор ва пушаймон экани, оилавий шароитини ҳисобга олиб енгиллик сўради. Уни бу қилмиши панжара ортига етаклади. Суд қилмишига яраша жазо тайинлади.

Хулоса шуки, ўйламай босилган қадам салбий оқибатларга олиб келганлиги билан бир қаторда, унга суд томонидан жазо муқаррарлиги таъминланди.

ОЙБЕК ЖУМАНОВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

ФИРИБГАРГА ЖАЗО МУҚАРРАР

очерк

Қилмиш-қидирмиш, деб бежизга айтишмайди. Ҳар бир қилган жиноятнинг албатта, жазоси бор.

Бахром Аннаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) бир ташкилотда яхшигина нуфузли иш қилиб келарди. Уни кўрган одам, яхши баҳо беради. Лекин, ҳа бир лекини борда. Уни фақат иши тушганлар билади.

Кунларнинг бирида у бир фуқаро билан телефон орқали суҳбатлашиб, фуқарони давлат ишига, яъни ким божхона органларига танишлари орқали ишга жойлаштириб қўйишини айтади. Албатта текинга эмас, эвазига хизмат ҳаққига 1.000 АҚШ доллари беришини талаб қилади. Бахромни бу ҳаракатлари қонунга хилоф эканлигини билган фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар беради.

Шундан сўнг Бахром ўзи талаб қилган 1.000 АҚШ долларини келишилган жойда фуқародан олган тезкор-қидирув гуруҳ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинади.

Энди эса у бу қилмиши учун судда жавоб берадиган бўлди. Суд мажлисида судланувчи Бахром Аннаев айбига тўлиқ иқрор ва қилмишидан пушаймонлигини билдириб, суддан қонуний енгиллик беришни сўради. Афсус надомадлар эса кеч.

Суд Бахромни Жиноят кодексининг тегишли моддалари айбдор деб топиб, унга қилган жиноятига мос равишда бюджет ва давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилан ҳолда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Хулоса қилиб айтганда, ёлғон ҳамиша зарар келтиришини, ёлғон гап талофат келтиришини ўзимиз англаб етишимиз зарур.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

ТАДБИРКОРНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚИ ТИКЛАНДИ

очерк

Маълумки, иқтисодий суд ишларини юритишдан кўзланган асосий мақсад иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборат.

Иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, улар учун қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш ва улар иштирокидаги низоларни қонун ҳужжатларига асосан синчковлик билан адолатли кўриб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада иқтисодий судлар томонидан ҳам бевосита низоларни кўриб чиқишда тадбиркорлик субъектлари ўзларининг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали тўлиқ ҳимоя қилишларини таъминлаш мақсадида даъво аризаларидаги ҳар бир ҳолат синчковлик билан ўрганилиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари тикланмоқда.

Жумладан, сўнгги пайтларда иқтисодий судларда мазмунан кўрилаётган ишлар орасида банк кафолати шартномасидан келиб чиқувчи низолар ҳам учраб турибди. Бу борада судлар томонидан тарафларга низони ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиш, келишув битими ва медиатив келишув институтлари орқали низони ҳал этишнинг аҳамияти ва афзалликлари борасида тушунтиришлар берилиб келинмоқда.

Фикримизни амалий мисол билан давом эттирадиган бўлсак, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси даъвогар акциядорлик тижорат банки манфаатида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “W.I.S” масъулияти чекланган жамиятидан 130 012 АҚШ доллари қарздорлик, 24 850 АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик фоиз, жами 154 862 АҚШ доллари қарздорликни ундириш ва ундирувни қўшимча жавобгар “Z.Z” масъулияти чекланган жамиятига тегишли гаров мулкига қаратиш ва гаров мулкининг ким ошди савдосидаги бошланғич реализация баҳосини белгилаб беришни сўраган.

Денов туманлараро иқтисодий судининг 2025 йил 22 августдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилган.

Ишни Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида қайта кўриш жараёнида суд мажлисида иштирок этган тадбиркорлик субъекти вакиллари биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг 24 850 АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик фоиз ундириш қисмини 3 004,06 АҚШ долларига камайтириш ҳақида қарор қабул қилишни сўрашган.

Судлов ҳайъати томонидан биринчи инстанция суди даъво аризасини тўлиқ қаноатлантириш тўғрисида барвақт хулосага келганлиги, ишни мазмунан кўриб чиқишда моддий ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилганлиги аниқланди.

Жумладан, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2020 йил 30 декабрда тузилган 950-сонли кафолат тўлов хизмати шартномасига асосан даъвогар банк (кредитор) жавобгар мижоз (қарздор)нинг хусусий секторни ривожлантириш Ислом корпорацияси томонидан ажратилган қарз маблағлари учун тузилган шартномасига кўра 52 ой муддатга, СВОП курс +4,7 фоиз маржа устама ҳақ билан 600 000 АҚШ долларигача миқдорида қарзларини тўлаб бериш кафолатини олган.

Банк томонидан жавобгарга 2024 йил 3 декабрда 44 681,36 АҚШ доллари, 2025 йил 6 мартда 44 681,36 АҚШ доллари, 2025 йил 5 июнда 44 681,36 АҚШ доллари кафолат суммалари тўлаб берилган бўлиб, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг иловаси ҳисобланган тўлов жадвалининг 13, 14, 15-қаторларида кафолат суммасига нисбатан банк кафолат хизмати фоизи 2025 йилнинг 10 июнь ҳолатига жами 24 850 АҚШ долларини эмас, балки 3 004,06 АҚШ долларини ташкил қилганлиги аниқланди.

Шу асосга кўра, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, даъво аризасидаги 24 850 АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик банк фоизи ундириш талабининг 21 845 АҚШ долларига тенг қисми асоссизлиги учун бекор қилиниб, тадбиркордан банк ҳисобига    24 850 АҚШ доллари ўрнига 3 004,06 АҚШ доллари ундирилиши белгиланди ҳамда тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик субъектлари иштирокида кўрилаётган ҳар бир даъво аризаси қонун ҳужжатлари асосида синчковлик билан кўриб чиқилиши, ишни кўриш жараёнида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қўллаб-қувватланиши ҳамда уларнинг иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш учун қонун доирасида барча зарурий чоралар кўрилиши билан бирга, уларда амалдаги қонунларга нисбатан ҳурматда бўлиш ҳамда шартнома интизомига риоя қилиш муносабати шакллантириб борилмоқда.

АСҚАР МАМАРАИМОВ,

Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Қонунчиликдаги янгиликлар: Кредит низоларига нисбатан замонавий ёндашувлар

Мамлакатимизда банк соҳасини ривожлантириш, фуқароларга банк хизматларидан фойдаланишда янада қулайликлар яратиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда банк хизматларига бўлган эҳтиёжнинг ўсиши бараварида кредит битимларига оид низолар ва уларнинг турлари ҳам кўпайиб бормоқда. Айниқса яқин вақтлар оралиғида фирибгарлик ёки ҳужжатларни сохталаштириш йўллари билан ўзга шахсларнинг номига кредит маблағлари олишга эришиш ва уни ўз эҳтиёжлари йўлида сарф этиш ҳолатларига жуда кўп маротаба дуч келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Марказий банк томонидан 2026 йил 21 январь кунида қабул қилинган “Кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизими операторлари томонидан жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда фрод ҳолатларининг олдини олиш бўйича минимал талаблар тўғрисида”ги Низом қабул қилиниши юқоридаги каби ҳолатлардан жабрланган шахсларга қонуний ёрдам кўсатишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бирига айланди.

Унга кўра, кредит ташкилоти фрод ҳолати натижасида номига онлайн кредит расмийлаштирилган фуқарога у суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажримига асосан жабрланувчи деб эътироф этилганда, мазкур онлайн кредит ва у билан боғлиқ фоизларни ҳисоблашни ҳамда ундан ундиришни тўхтатади.

Кредит ташкилоти эса ўз навбатида онлайн кредит ажратишда фрод ҳолатини содир этган шахсдан етказилган моддий зарарни регресс тартибида ундириш ҳуқуқига, агар фрод ҳолатига шубҳа қилган тақдирида эса қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агар суриштирув, дастлабки тергов натижалари ёки суднинг қарорига асосан фрод ҳолати юз бермаганлиги аниқланса кредит ташкилоти кредит ташкилоти онлайн кредит ва у билан боғлиқ фоизларни ҳисоблашни ҳамда ундиришни давом эттиради.

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат жиноят оқибатида зарар кўрган жабрланувчи ҳамда кредиторларнинг ўз ҳуқуқларини тиклашга бўлган ишончини ошириш билан бир қаторда, кредит ташкилотларидан онлайн тарзда кредитлар ажратиш тизимини ва шахсни идентификация қилиш жараёнини такомиллаштириш бўйича замонавий чора-тадбирлар амалга оширишни ҳам талаб қилади.

ДИЛМУРОД ЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ОИЛАВИЙ ЗЎРАВОНЛИККА УЧРАГАН ШАХСЛАР ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Сўнги йилларда аёллар ва болаларни турли зўравонлик ҳамда таҳдидларга учрагани ҳолати бўйича судларда келиб тушган иш материаллари кўрилиб, қонун доирасида чора кўрилмоқда. Жабрланувчилар бегона шахсларнинг зуғумидан кўра оилавий зўравонликдан кўпроқ азият чекмоқда.

Бундай аянчли ҳолатлар аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоясини кучайтиришни тақозо этади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 592-моддасига кўра, х592-моддасига кўра,  Оилавий (маиший) зўравонлик хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, башарти жиноят аломатлари, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари мавжуд бўлмаса, – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Ушбу ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этган шахс Жиноят кодексининг 1261-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилишига асос бўлади.

Энг асосийси қонунчиликнинг мазкур нормаларидан айрим фуқароларнинг бехабарлиги натижасида бу турдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сони кўпаймоқда.

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судига кўрилган оилавий зўровонлик билан боғлиқ бўлган ишлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда.

Айбдор шахслар  жабрланувчидан кечирим сўраб ярашган бўлса-да, айбдор шахснинг вояга етмаган фарзандлари кўз ўнгида жанжаллашиб, вояга етмаган болаларга маънавий зарба берганлиги, жабрланувчилар айбдорга моддий қарам бўлганлиги учун даъвосидан воз кечганлиги ҳолатлари инобатга олиниб, айбдор шахсга қонун доирасида жазо тайинланиш билан таъсир чораси кўрсатилмоқда.

Суд амалиётида кўрилган оилавий зўравонлик билан боғлик ишларнинг аксарияти айбдор шахснинг спиртли ичимликни ичишга ружу қўйганлиги, эри ҳеч жойга ишламаслиги натижасида оиладаги моддий етишмовчилик, рашк асосида содир бўлган жанжаллар ташкил қилади.

Таъкидлаш керакки, судлар томонидан хотин-қизларга  ва болаларга ҳар қандай зўровонлик учун жавобгарликни муқаррарлигини таъминланади. Шунингдек, аёлларга оилавий низоларга тилига эҳтиёткорроқ бўлиши ҳам ҳар қандай зўровонликни олдини олиши мумкинлиги тушунтирилади.

ХАДИЧА РАХИМОВА,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди тергов судьяси

ИҚЛИМ ЎЗГАРИШИ ИНСОН ҲАЁТИНИНГ ЎЗГАРИШИГА ОЛИБ КЕЛАДИ

Бизни ўраб турган атроф-муҳит ягона тизимга бирлашган бўлиб, иқлимнинг табиий жараёнлари мамлакатлар чегараларини ўзгартира олмаса-да, инсонларнинг ҳаётига ва яшаш тарзига жиддий таъсир қила олади.

Янги асрда бутун дунё бўйлаб иқлим ўзгаришлари тезлашиб, унинг айрим омиллари инсоният ривожланишини секинлаштириб, баъзи ҳолларда одамлар ҳаёти учун яроқсиз бўлган маконларнинг кенгайишига олиб келмоқда.

Хусусан, ўзимиз яшаб турган Марказий Осиё ҳудудида ҳам табиий иқлим ўзгаришлари натижасида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши, қурғоқчилик каби ноодатий жараёнлар тез-тез такрорланиб бормоқда. Бундай ўзгаришларнинг оқибатида ўсимлик ва ҳайвонларнинг табиий маконларини қисқариши, айрим турларининг йўқолиб кетиши ҳолатлари кузатилмоқда.

Шунинг учун кейинги даврда мамлакат даражасида иқлим ўзгаришларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 октабрдаги 648-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, унинг Низоми тасдиқланди.

Ушбу Низомга кўра, республикада маиший, қурилиш, суюқ, заҳарли-кимёвий, тиббиёт ва электрон чиқиндиларни бошқариш соҳасини такомиллаштириш, шунингдек, уларни қайта ишлаш ва утилизатсия қилишнинг замонавий усулларини татбиқ қилиш ҳамда «нол чиқинди» тамойилини жорий этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Мазкур Ҳукумат қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октабрдаги 787-сон қарори билан тасдиқланган “Санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси обйектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш Қоидалари”га ҳам ўзгартиришлар киритилди.

Ушбу ўзгартиришларга кўра маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш ҳақидаги шартнома (битим) томонлар келишуви ёки суд қарори асосида бекор қилинган, унинг амал қилиш муддати тугаган, хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг тўловга қобилиятсизлиги ёки фаолияти тўхтатилган ҳолларда, хизмат кўрсатувчи ташкилотга бириктириб берилган ҳудуд давлат-хусусий шериклик асосида бошқа хизмат кўрсатувчи ташкилотга бириктирилгунга қадар Агентликнинг таклифига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан вақтинча хизмат кўрсатиш шартномаси орқали хизмат кўрсатувчи хусусий ташкилотга ёки номуайян муддатга хизмат кўрсатувчи давлат ташкилотига тўғридан-тўғри бириктириб берилишига йўл қўйилади.

Бунда фаолияти давомида алоҳида кўчмас мулкдан фойдаланадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар мазкур кўчмас мулк жойлашган ҳудудга бириктирилган хизмат кўрсатувчи ташкилот билан ушбу Қоидаларнинг 21-бобида белгиланган тартибда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича шартнома тузади.

Хулоса қилиб айтганда, экология инсон тақдирига – ҳаёт тарзи ва ривожланишига доимий боғлиқ бўлган муҳим омил ҳисобланади. Демак, аждодларимизнинг хоки ётган ушбу муқаддас макондан оқилона фойдаланиш, асраб авайлаш, уни ифлослантирмасдан яроқли ҳолатда келажак авлодларга қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини унутмаслик зарур.

ЖАСУР ОЧИЛОВ,

Термиз туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Сурхондарё вилояти судлари мутасаддиларининг Термиз шаҳрида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабули бўлиб ўтди

Термиз шаҳридаги “Санъат саройи”да ўтказилган сайёр қабулда суд-ҳуқуқ масалаларига доир жами 10 нафар фуқаролар қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқаролар мурожаатларининг 2 таси жиноят, 6 таси фуқаролик, 1 таси иқтисодий ва 1 таси маъмурий судловга тааллуқлидир.

Сайёр қабулда вилоят судлари мутасаддилари томонидан 10 нафар фуқароларнинг оғзаки мурожаати тингланиб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 4 нафар фуқаронинг алимент ундириш тўғрисидаги аризалари кўриб чиқилиб, уларнинг аризалари қаноатлантирилди ва Мажбурий ижро бюросининг тегишли ҳудудий бўлимига юборилди.

Бу каби сайёр қабуллар суд тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда судларга бўлган ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

ЗОИР РУСТАМОВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари –

иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси

Янги Ўзбекистон шароитида низоли оилалар муаммосини бартараф этиш – давлат сиёсатининг муҳим йўналишидир

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янги лойиҳасида мамлакат ижтимоий тараққиётига доир бир қатор устувор йўналишлар белгиланган бўлиб, улар орасида оилани мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш асосий вазифалардан бири сифатида қайд этилган. Жумладан, Стратегиянинг 25-мақсади айнан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган.  

Мазкур мақсад доирасида оилавий низоларни ҳал этиш, низоли оилаларни соғлом муҳитга қайтариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, ҳар қандай жамиятнинг пойдевори бўлган оила мустаҳкам ва тинч бўлсагина, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигига эришиш мумкин. Шу боис, Янги Ўзбекистон шароитида низоли оилалар муаммосини бартараф этиш – давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янги лойиҳаси Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларининг тобора илдамлашувида янги истиқболларни очмоқда.

Оилаларда муроса ва тотувлик – «Ўзбекистон–2030» стратегиясининг устувор мақсадларидан бири ҳисобланади.

Сўнги йилларда юртимизда оилалардаги низоли ҳолатларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Дарҳақиқат, ҳар бир маҳалла ва ҳудудда тегишли идоралар ва жамоат тузилмалари ҳамкорлигида “нормал муҳитдан чиқиб қолган” оилаларни рўйхатга олиш ва улар билан индивидуал ишлаш тизими йўлга қўйилди.  

Шу каби, ҳудудларда махсус  гуруҳлар “нотинч” оилалар билан суҳбатлар, маслаҳатлар ўтказиб, зарур ҳолларда психологик ёрдам ва ҳуқуқий кўмак бериб келмоқда. Шунингдек, маҳаллалар даражасида хотин-қизлар фаоллари фаолиятини баҳолаш мезонлари такомиллаштирилгани эътиборга молик. Шу нуқтаи назаридан бугунги кунда низоли оилалар билан ишлаш давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан комплекс ва тизимли амалга оширилмоқда.

Ушбу “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида низоли оилалар муаммосини ечиш юзасидан аниқ мақсад ва кўрсаткичлар белгилангани ушбу саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқмоқда.

Низоли оилаларни соғломлаштириш – фақат рақамгина эмас, балки минглаб аёллар ва болаларнинг тақдири, уларнинг хонадонига тинчлик ҳамда бахт олиб келиш демак. Стратегияда белгиланган мазкур кўрсаткичлар тўғри ва вақтида қўйилган чора деб баҳолаш мумкин. Зеро, у давлат органларини аниқ натижага йўналтириб, масъулиятни оширади.

Яна бир ҳолат, низоли муҳитда ўсиб келаётган болаларнинг келгусида ўша низони қайта такрорлаш эҳтимоли юқори бўлади. Демак, ҳар бир муросага эришилган оила нафақат бугунги кун учун, балки келажак авлоднинг барқарор ва соғлом ривожланиши учун қўйилган муҳим қадам ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, бу  каби чора-тадбирлар ижтимоий барқарорликни таъминлаш, хотин-қизлар хавфсизлигини кафолатлаш ва оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Болаларни зўравонликдан асраш – келажакда соғлом, барқарор ва маънавий етук авлодни тарбиялашдир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 24 декабрда қабул қилинган фармонга мувофиқ, “2026-2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси” тасдиқланди. Бу ҳужжат мамлакатда болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни турли кўринишдаги зўравонликдан асрашга қаратилган муҳим дастурий чора-тадбирлар мажмуасини белгилайди. 

Стратегиянинг асосий мақсади – болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш, шунингдек, жамиятда муросасизлик муҳитини шакллантиришдир. Ҳужжатда болаларга нисбатан жисмоний, руҳий, иқтисодий ва рақамли зўравонликка қарши қатъий чоралар кўриш назарда тутилган. 

Фармонга кўра, мамлакатда профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади. Бу хизмат орқали ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёки хавфли вазиятга тушган болаларни вақтинча тарбияга олиш тизими шакллантирилади. Шу билан бирга, болаларни муассасаларга жойлаштириш ўрнига уларнинг жамиятга мослашуви учун ижтимоий интеграция марказлари ташкил этилади. 

Стратегияда ота-оналарни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Болаларни тарбиялашда қийинчиликка дуч келган оилалар учун махсус хизматлар йўлга қўйилади. Бу орқали ота-оналарга маслаҳат, психологик ёрдам ва ижтимоий кўмак кўрсатиш тизими кенгайтирилади. 

Қонунчилик соҳасида ҳам муҳим қадамлар белгиланган. “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг самарали ижросини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш назарда тутилган. 

Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 февралдан бошлаб, зўравонлик натижасида оиласидан олинган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади.

Бунда:

-профессионал тутинган оилани ташкил этишга номзодлар зўравонликдан жабрланган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши ҳавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалардаги зўравонлик натижасида олинган руҳий жароҳатнинг салбий таъсирини камайтириш, хулқ-атворидаги оғишишларни ёки оила аъзолари, тенгдошлари билан муносабатларидаги бузилишларни ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган ижтимоий-реабилитация дастурлари асосида ўқитилади;

-зўравонлик натижасида оиласидан олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар профессионал тутинган оилага “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва мазкур оилалар ўртасида тузилган шартнома асосида жойлаштирилади;

-профессионал тутинган оилага ҳар бир жойлаштирилган болани парваришлаш учун ҳар ойда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки баравари миқдорида маблағ тўлаб борилади;

-профессионал тутинган оилага жойлаштирилган ҳар бир боланинг яшаш харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ оилавий болалар уйи тарбияланувчиларининг яшаш харажатлари учун белгиланган миқдорларда маблағ ажратилади;

-дастлаб Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида, 2026 йил якунига қадар республиканинг бошқа ҳудудларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказлари фаолияти йўлга қўйилади;

-жинсий зўравонликдан жабрланганлиги туфайли оиласидан олинган болалар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг ҳудудий марказларига ҳам бошқалардан алоҳида жойлаштирилиши мумкинлиги белгиланди.

Ўзбекистон халқаро майдонда ҳам ўз позициясини мустаҳкамламоқда. Мамлакат Болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича глобал альянсга қўшилди. Бу ташаббус орқали халқаро тажрибалардан фойдаланиш, илғор амалиётларни жорий этиш ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳамкорликни кучайтириш имконияти яратилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, жамият учун бу стратегиянинг аҳамияти катта. Болаларни зўравонликдан асраш – келажакда соғлом, барқарор ва маънавий етук авлодни тарбиялаш демакдир. Президент фармони билан тасдиқланган стратегия мамлакатда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янги босқични бошлаб берди. 

Мазкур фармон билан тасдиқланган стратегия нафақат болаларни зўравонликдан асраш, балки келажакда маънавий етук ва соғлом авлодни тарбиялашга хизмат қилади. Бу эса мамлакатнинг ижтимоий барқарорлиги ҳамда тараққиёти учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

БЕҲРУЗ СИДИҚОВ,

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг тергов судьяси

Skip to content