Коррупция – нафақат инсон ҳуқуқлари бузилишига, балки хавфсизликка таҳдид солувчи уюшган жиноятчиликнинг ривожланишига ҳам шароит яратувчи хавфли жиноят саналганлиги учун ҳам уни ҳозирда жамиятимиз олдида турган энг катта таҳдид сифатида баҳолаш мумкин.
Ҳар бир давлат ўз ривожланиши давомида миллий манфаатларига энг кўп зиён келтирувчи таҳдидларга қарши курашишни устувор вазифа ҳисоблаб, унга қарши қатъий чоралар кўради. Шунинг учун ҳам халқимиз азалдан коррупцияни, айниқса, унинг азалий кўринишларидан бири бўлган порахўрликни қоралаб келган.
Аммо инсоният тараққий этиб боргани сари айрим иллатлар, хусусан, корррупция ҳам ривожланиб, унинг инсониятга, жаҳон иқтисодиётига, шу жумладан, республикамиз иқтисодиётига ҳам салбий таъсири кучаяётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, коррупция балосидан халос бўлиш мамлакатимиз олдидаги долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Таъкидлаш жоизки, жамият ҳаётида муаммоларни ҳал этишда ривожланган давлатлар тажрибасини чуқур ўрганиш, миллийлигимиз ва менталитетимизга мос келадиган усулларни тарғиб этиш орқали ижобий натижаларга эришиш мумкин.
Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар миллий дастур асосида тизимли амалга ошириб келинмоқда.
2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганидан сўнг, республикада коррупцияга қарши курашишнинг янги даври бошланди.
Президент Ш.Мирзиёевнинг шахсан ташаббуси остида ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлардаги коррупцион жиноятларга қарши курашиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар дунёнинг ривожланган давлатлари ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган сифатида Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия тузилди.
Шунингдек, ҳукумат доирасида амалга оширилаётган ишлар доирасида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида – Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари ташкил этилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу иллат инсон ҳуқуқларининг бузилиши, мамлакат тараққиёти ва жамият равнақига жиддий таъсир этар экан коррупцияга қарши курашиш, бу иллатни барча соҳа ва жабҳалардан сиқиб чиқариш, юртимизни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш биргина давлат идораси ёки жамоат ташкилотининг вазифаси эмас, балки, шу давлат фуқароси, жамият аъзоларига бирдек тегишли бўлган вазифа, масъулият ҳисобланади.
Коррупцияга қарши курашишни такомиллаштириш орқали жамиятимиздаги ўз ечимини топилишини кутиб ётган иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал этилишига ва ривожланган мамлакатлар қаторига киришимиз имкониятларини кенгайишига ҳамда иқтисодиётимизга инвестиция оқимини ортишига имкон яратади.
Шерзод Элиев
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Бугунги даврда Янги Ўзбекистон “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат” деган муҳим ғоя негизида барпо этилмоқда. Давлатимиз Раҳбари белгилаб берган бу улуғвор мақсад асосида халқимиз янгидан-янги ислоҳотларнинг ҳақиқий муаллифига айланиб бормоқда.
Шу муносабат билан, “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида кейинги беш йилликда мамлакатимизда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асосларини яратиб беришга қаратилган Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди.
Тараққиёт стратегияси:
– инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;
– мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;
– миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш;
– адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;
– маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш;
– умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш;
– мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган 7 та устувор йўналишдаги масалаларни қамраб олади.
Стратегияда мутлақо янги ёндашув қўлланилиб, режалаштирилган ислоҳотлар натижадорлигини тараққиётнинг мақсадларига эришганлик даражаси асосида баҳолаш тизими жорий этилган.
Тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да мамлакатимизни ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналишидан бири сифатида миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш йўналишида қуйидаги мақсадларга эришишга қаратилган 133 та чора-тадбир белгиланган. Жумладан:
– аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотни 1,6 баравар ҳамда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 баравар кўпайтириш; – банк тизимида хусусий сектор улушини амалдаги 18 фоиздан 60 фоизгача ошириш ҳамда фонд бозори ҳажмини 7 млрд долларга етказиш; – қўшилган қиймат солиғини амалдаги 15 фоиздан 12 фоизгача, телекоммуникация, банк ва молия каби соҳаларда фойда солиғини амалдаги 20 фоиздан 15 фоизгача тушириш;
– иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 10 фоизга қисқартириш;
– иқтисодиётга 120 млрд, шу жумладан 70 млрд доллар миқдорида хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини 30 млрд долларга етказиш;
– деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш; – сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни тежаш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш, ҳар йили камида 7 млрд м3 сувни тежаш; – чорвачилик озуқа базасини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5-2 баравар кўпайтириш;
– мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, интенсив боғлар майдонини 3 баравар ва иссиқхоналарни 2 баравар кўпайтириб, экспорт салоҳиятини 1 млрд долларга ошириш;
– шароити “оғир” бўлган 14 та туманларда тадбиркорликни ривожлантириш учун пасайтирилган солиқ ставкаларини ўрнатиш; – “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” дастури доирасида маҳаллий сайёҳлар сонини 12 млн нафардан ошириш ҳамда хорижий туристлар сонини 9 млн нафарга етказиш.
Яна шуни айтиш жоизки, олиб борилган ислоҳотлар натижалари таҳлили уларнинг юқори самарадорлигини кўрсатмоқда. Ислоҳотларнинг қисқа ва ўрта муддатли мақсадлари изчил амалга оширилиб, белгиланган мезонларга эришилди. Ўзбекистоннинг кўплаб халқаро рейтинглардаги ўрни жадал юксалиб бораётгани ҳам бунинг яққол далилидир.
Пировардида, шуни айтиш керакки, ислоҳотлар бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратилаётгани боис изчил амалга оширилмоқда. Бунга мисол тариқасида давлат мулкини хусусийлаштиришга ёндашувни келтириш мумкин. Уни хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароит мавжуд бўлмаганда ёки инвестиция салоҳияти паст бўлганида амалга ошириш ўта мулоҳазасиз иш бўларди. Бироқ ислоҳотларнинг биринчи босқичида бунинг учун шароитлар яратилди ва иккинчи босқичда хусусийлаштириш ислоҳотларнинг долзарб йўналишига айланди.
Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 11-январдаги “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245 ва 2458-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-744-сонли Қонуни қабул қилинган.
Мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 17 ноябрда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2021 йил 15 декабрда маъқулланган.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритилган:
Кодекснинг 245-модданинг биринчи қисмидаги «43» рақами «43 (бундан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг бузилиши ҳоллари мустасно)» деган сўзлар билан, «1972» рақами «1972, 1973» рақамлари билан, «2002» рақами «2002 (бундан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг бузилиши ҳоллари мустасно)» деган сўзлар билан, «2411 — 2418 ва 24110» деган сўзлар «2415 ва 2417» деган сўзлар билан алмаштирилди.
Шунингдек, Кодекснинг 2458-модда қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«2458-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда унинг девони ходимлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга ушбу Кодекснинг 43 (тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари қисмида), 2002 (тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари бузилиши қисмида), 2411-2414, 2416, 2418, 24110-моддалари-да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима тарзидаги маъмурий жазоларни қўллашга унинг ўринбосарлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони бош инспекторлари ҳақлидир».
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти
Инсон умри давомида жамиятда ижтимоий фойдали фаолият билан шуғулланар экан, бу жараёнда унинг шахсий манфаатлари билан халқ манфаатлари тўқнаш келиши табиий ҳолатдир. Бундай вазиятда миллат келажагини, давлат ва жамият манфаатларини ҳамда виждонини ўзининг нафсидан, мол-дунёга бўлган хой-ҳавасларидан, умуман, ўз манфаатларидан устун қўймай туриб Ватан равнақига ҳисса қўшиб бўлмайди. Бунинг учун инсонда юксак маънавият ва унинг негизида юксак ҳуқуқий маданият шаклланган бўлиши керак.
Бироқ, инсоннинг ана шундай олий мақсадларга бўлган интилишига тўсиқ бўлувчи ва унга хавф солувчи бир иллат борки, у “коррупция” деб аталади. Коррупция халқона тилда содда қилиб айтганда, инсонни ўз нафси йўлида хизмат ёки мансаб мавқеидан фойдаланиб моддий наф ёки номоддий манфаат кўришидир.
Ушбу иллатга қарши кескин курашмай туриб давлат ва жамиятни ривожлантириш мумкин эмаслигини кундалик хаётнинг ўзи исботлаб берди. Шу боисдан, 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул килинди. Ушбу қонуннинг асосий мақсади ҳам коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Коррупция (лот. Corrumpere — бузмоқ) термини одатда мансабдор шахслар томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади.
Мазкур қонунда коррупция тушунчасига қуйидагича таъриф берилган бўлиб, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб ўзиниг шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий манфаат олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши билан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Унга кўра жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупцияни олдини олишга доир чора тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқубузарликларни содир этганлиги учун жавобгарликнинг муқарралиги принципини таъминлашдан иборатдир.
Шунга кўра коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини амалга оширувчи давлат органлари билан унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика Идоралараро комиссияси ташкил этилди.
Коррупция нафақат суд тизими, балки жамият танасидаги ярага айланиб улгургани ҳеч кимга сир эмас. Судлар адолат қўрғонига айланиши шарт қилиб қўйилган экан, тизимда бу балонинг ҳатто ҳиди сезилмаслиги керак.
Руҳий тарбия омиллари ҳар қандай иллатга, жумладан, коррупцияга қарши курашда муҳим фактор ҳисобланади. Зеро, ҳар қандай иллатга қарши курашишни инсон аввало ўзидан бошламоғи лозим. Қолаверса, донишманд ҳамзамонимиз тўғри таъриф берганидек, ҳалоллик вакцияси, бу – харомдан хазар деганидир!
Жамоатчилик, айниқса маҳалла аҳли, қишлоқ фуқаролар йиғинлари, фуқаролар билан бўладиган очиқ мулоқотларда коррупция-порахўрлик иллатининг зарарли оқибатларини тушунтириб, тарғибот ишларини амалга оширишда тизимли дастурлар қабул қилиб, унда қонунларни ҳурмат қилиш, акс ҳолда жазо муқаррар эканлигини тушунишлари лозим.
Судлар томонидан одил судловни амалга ошириш соҳасида фаолият олиб борувчи судья ва суд ходимларининг ҳам коррупцияга оид жиноятларни содир этишлари ачинарли ҳолат албатта. Шу каби салбий ҳолатларни олдини олиш, судьянинг суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига бўлган ишончини янада орттириш, суд ҳокимятини нуфузини ошириш, фуқароларнинг судга бўлган ишончини орттиришни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилда судьялар билан тарихий учрашув ўтказган. Бу учрашув давомида Президентимизнинг “Судьянинг дилида поклик, тилида ҳақиқат, онгида адолат бўлиши керак” дея айтган сўзлари ҳар бир судьянинг амалий фаолиятидаги дастуриламал бўлиши шарт.
Қайсики судья ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида кўнгли дили пок бўлиб, тили ҳақиқатдан ўзга нарсани сўзламаса, онгида ўз нафсини, ўз манфаатини давлат ва жамият, халқ манфаатидан устун қўйишни ўйламаса, у чинакам адолатни юзага чиқарган бўлади.
Суд ишларини юритишда шаффофликни таъминлаш, миллий электрон суд тизимининг жорий этилиши эса адолатни таъминлашнинг мезонларидан ҳисобланади. Адолат – хукмрон, қонун – устувор бўлган мамлакат барқарордир. Зеро, соҳибқирон Амир Темур давлатни бошқаришда “Куч-адолатда” тамойилига қатъий амал қилган. Адолат ҳар нарсадан устун бўлган Темурийлар давлатининг қудрати дунёни ларзага келтирганига тарих гувоҳлик беради.
Шундай экан, коррупция мавжуд бўлган ҳар қандай давлат бошқарувида, ҳар қандай жамиятнинг хаётида ривожланиш тараққиёт бўлмаслиги аниқ. Зеро Коррупция – миллатнинг заволи дейилиши бежизга эмас.
Албатта, жонажон Ўзбекистонимизнинг равнақи, истиқболи бахту-камоли учун ҳар биримиз бу иллат билан муросасиз курашишимиз шарт ва зарур.
Бир сўз билан айтганда, суд тизимини мутлақо коррупциясиз соҳага айлантиришга эришиш учун ҳаммамиз барча чора ва имкониятларни ишга солишимиз лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 16 сентябрь куни қонунчиликка фуқаролик процессида соддалаштирилган тартибда иш юритиш институтини киритишни кўзда тутган қонунни имзолади.
Унга кўра, Фуқаролик процессуал кодекси “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” деб номланган 251 –боб билан тўлдирилган ва қуйидагилар белгиланган:
-соддалаштирилган иш юритиши тартибида кўриб чиқиладиган ишлар, уларни кўриб чиқиш тартиби ва ўзига хос хусусиятлари;
-соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризасига доир талаблар.
Даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан Базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан, Якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан 10 бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса 5 бараваридан ошмаса, ишлар соддалаштирилган тартибида кўриб чиқилади.
Соддалаштириладиган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризаси ФПКнинг 189-моддасида наъзарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши лозим.
Соддалаштирилган тартибида иш қўзғатиш тўғрисидаги ажримда жавобгарга даъво аризасига доир ёзма фикрини тақдим этиши зарурлигини кўрсатади ва уни жавобгарга юборади. Жавобгар даъво аризасига доир ёзма фикрини судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли.
Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди.
Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.
Суд тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва важларни такширади, далиллар билан танишади ҳамда ҳал қилув қарорини қабул қилади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича хал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протест) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин 10 кун ўтгач кучга киради. Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Апелляция шикояти (протести) хал қилув қарори қабул қилингандан кейин 10 кун ичида берилиши мумкин ва ушбу шикоят судга келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида кўриб чиқилиши лозим.
Суднинг хал қилув қарори кассация тартибида, шу жумладан кассация инстанцияси судида такроран, шунингдек янги очилган холатлар бўйича қайта кўриб чиқилиши мумкин.
ФПКнинг 53 ва 122-моддалари тегишинча 2-қисми ва 91 –банди билан тўлдирилган, уларга мувофиқ давлат органи, ташкилот ва бошқа шахс томонидан даъвогарнинг ҳуқуқларини химоя қилиш учун тақдим этилган даъво аризсидан (аризадан) даъвогарнинг (аризачининг) воз кечиши, агар бу учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига даҳл қилмаса, даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиришга олиб келади.
Дилором Алмуратова
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Коррупция иқтисодиёт ривожи, чинакам қулай тадбиркорлик ва инвестиция муҳити учун энг асосий тўсиқлардан биридир. Таҳлилларга кўра, бу иллат жахон иқтисодиётига хар йили ўртача 2,6 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар келтиради. Мамлакатимиз хам коррупция муаммосидан халос бўлмаган. Дунёдаги коррупция даражасини ўрганувчи “Transparency International” халқаро ташкилоти индексида Ўзбекистон охирги 3 йилда 12-поғонага кўтарилган бўлса-да, хали бу иллат барҳам топмаган.
Юртбошимизнинг фикрича, соғлиқни сақлаш, таълим, банк, божхона, суд, прокуратура, ички ишлар, коммунал ҳизмат соҳаларида, шунингдек, фуқароларни ишга қабул қилишда коррупция кенг тарқалган.
Мисол учун таҳлилларга кўра, соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳаражатларнинг 25-30 фоизи самарасиз сарфланмоқда. Кўплаб соҳаларда давлат харидлари очиқ-ойдин эмас.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномада коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан кўра барвақт олдини олишга ўтиш кераклигини таъкидлаб, унга кўра коррупция қарши курашишга маъсул орган ташкил қилинган.
Коррупция даражаси юқори бўлган сохаларда бу иллатдан қутилиш бўйича дастур ишлаб чиқилиб, ижросини ташкил этиш юзаидан кўрсатмалар берилган.
Коррупцияга қарши курашишнинг энг осон йўли давлат органлари фаолияти ва иш жараёнларини шаффоф қилишдир.
Коррупцияга қарши курашиш юзасидан тузилма ташкил қилиниб, мазкур тузилма нафақат бу борада давлат сиёсатини амалга ошириши ва мувофиқлаштириши, балки коррупцияга қарши курашишда барча куч ва воситаларга эга бўлиши кераклиги белгиланган.
Коррупциянинг салбий иллатлари аввало унинг демократия ва қонун устуворлигига путур етказишида намоён бўлади. Коррупция оқибатида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қўпол равишда бузилади, қонунларга хурмат руҳи пасаяди, иқтисодий ривожланиш издан чиқади, энг дахшатлиси давлат ва жамият учун ўта хавфли бўлган уюшган жиноятчилик кенг ёйилишига шароит яратилади. Хар бир давлат коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг мақсади ва объекти сифатида алоҳида олинган коррупционерга эмас, балки ушбу ҳатти-ҳаракатларни амалга оширишга шароит яратиб берувчи холатларни бартараф қилиш ва профилактик олдини олиш чораларида намоён бўлади.
Хулоса ўрнида айтганда, коррупцияга қарши курашиш, бу борада жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаш ҳамда ахолининг ҳуқуқий билими ва маъданиятини юксалтириш бугун энг асосий вазифалардан бири этиб белгиланган. Сабаби халқимиз адолат қарор топган жамиятда яшасагина – давлат органларига нисбатан ишончи ортади, қолаверса, мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиши янада ижобий томонга юксалаверади.
Бу йўлда эса нафақат тегишли давлат органлари, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши зарур.
Дилором Алмуратова
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида коррупцияга қарши курашиш, уни келтириб чиқараётган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳолаш механизмлари мавжуд эмаслиги соҳада амалга оширилаётган тадбирларга ягона мезон асосида холисона баҳо бериш ва уларнинг натижадорлигини янада оширишга тўсқинлик қилмоқда.
Ушбу қарорда давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятига оид самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш ва уларни илғор халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимини жорий этиш назарда тутилган.
Қарорга кўра Коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш, баҳолаш ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади.
Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш қуйидаги бешта йўналиш бўйича белгиланган индикаторлар асосида амалга оширилиши белгиланди:
1.давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги ҳамда амалиётга татбиқ этилганлиги;
2.коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилганлиги;
3.давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги;
4.ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилганлиги;
5.коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги.
2022 йил 1 февралдан бошлаб рейтинг баҳолаш тизими, эксперимент тариқасида, ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган давлат ташкилотлари фаолиятига;
2022 йил 1 июлдан бошлаб эксперимент натижаларини инобатга олган ҳолда рейтинг баҳолаш тизими барча давлат ташкилотлари фаолиятига жорий этилади.
Рейтинг баҳолаш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан «E-Anticor.uz» электрон платформаси орқали ташкил этилади.
Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, фаолият самарадорлиги «яхши», «қониқарли» ва «қониқарсиз» тоифаларга ажратилади.
Рейтинг баҳолаш натижалари электрон платформада ҳисоблаб чиқилади ва ҳар йили 1 мартга қадар кенг жамоатчилик учун оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилади.
Ҳар йили олдинги йилнинг 1 январидан баҳоланиш ўтказилаётган йилнинг 1 январига қадар бўлган давр рейтинг баҳолаш тизими билан қамраб олинади.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда рейтинг баҳолаш якунларига кўра:
«яхши» деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибасини оммалаштириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш ва амалга ошириш;
«қониқарли» деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар киритиш ва уларни амалга оширишда кўмаклашиш;
«қониқарсиз» деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилишини таъминлаб, унинг ижроси юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботларини ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг йиғилишларида эшитиш чораларини кўриб боради.
Мансур Абдурахманов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Киритилган ўзгартиришларга эътибор қаратадиган бўлсак, янги меъёрлар суд тизимининг фаолият кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириб, судьялар мустақиллиги кафолатларини кучайтириб, судьялик касбининг жамият ҳаётидаги обрўсини кўтаришга хизмат қилишини кўришимиз мумкин. Масалан, унда белгиланган судья биринчи марта 5 йиллик муддатга, навбатдаги 10 йиллик муддатга ва лавозимда бўлишнинг муддатсиз даврига сайланиши ёки тайинланишини олайлик. Ушбу тартиб умумэътироф этилган халқаро принцип ва стандартларга тўла мос келади. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Суд органлари мустақиллиги асосий принципларида судьянинг ваколати муддатлари судьялик лавозимида юқори ёшига қадар сақланиб қолишини назарда тутади.
Янгиликлардан яна бири – 35 ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкинлиги белгиланганидир. Судда халқ маслаҳатчисининг аҳамияти жуда муҳим. Бежиз, 35 ёшдан кичик бўлмаган фуқаронинг халқ маслаҳатчиси бўлиб сайланиши белгиланаётгани йўқ. Кейинги йиллардаги чуқур суд ислоҳотлари натижасида мамлакатимизда судьялик лавозимига тайинланадиган ёки сайланадиган номзодларнинг ёш цензи оширилди. Янги ислоҳотлар давригача ўттиз ёшдан кичик бўлмаган шахслар судья лавозимига тайинланиши мумкин бўлган бўлса, энди ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси туманлараро, туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги ўргартиш киритилди. Зеро, адолатли ва қонуний қарор қабул қилиш учун судьяларда етарли ҳаётий тажриба ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Шунга мослаштирилган ҳолда 35 ёшдан кичик бўлмаган фуқаролар халқ маслаҳатчиси бўлиши белгиланди.
Шу ўринда судья ёки унинг маслаҳатчисининг ёш цензи бўйича хорижий давлатлар тажрибасини ҳам келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ деб биламан. Айрим ривожланган демократик мамлакатларда судьялар ёшига нисбатан анча юқори талаб белгиланган. Масалан, АҚШ ва Францияда судьялар учун аниқ ёш цензи белгиланмаган бўлсада, бироқ мутахассислик бўйича зарур меҳнат стажининг юқорилиги ва бошқа талаблардан келиб чиқиб, ушбу лавозимга АҚШда 40-45 ёшдан, Францияда 40 ёшдан сўнггина амалда тайинланиш мумкин. Буюк Британияда эса мустақил адвокат лавозимида 10 йилдан 20 йилгача ишлаган шахсларгина судья мақомига эга бўлиши мумкинлигидан келиб чиқиб, ёш цензи ўртача 35-45 ёшни ташкил этади.
Бундан олдинроқ, судьялар учун ёш цензининг оширилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикасининг Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунга ҳам тегишли ўзгартириш киритилган эди. Унга мувофиқ, судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасига кириш ёши ҳам оширилди. Унга биноан захирага судьялик лавозимлари учун зарур билимга, етарли ҳаётий тажрибага ва бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган юқори малакали юристлар орасидан ўттиз уч ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик ихтисос бўйича камида беш йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари киритилиши мумкин. Ушбу ёшнинг белгиланишида, шу жумладан, номзодларнинг шахсий фазилатларини ва касбий фаолиятини ўрганиш ҳамда Судьялар олий мактабида ўқиш муддатлари эътиборга олинган.
Янги таҳрирда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ўзига хос жиҳатларидан бири, унга инсонпарварлик тамойилларининг сингдирилганидир. Хусусан, ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда қамоққа олиниши мумкин эмаслиги тўғрисидаги принципиал тартиб белгиланди.
Бундай ислоҳотларнинг натижасида судларнинг чинакам мустақил ҳокимият тармоғига айланаётганлиги бугунги кун амалиётида яққол кўзга ташланмоқда. Биргина, 2020 йилнинг ўзида судлар томонидан 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганлиги, судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланганлиги, 5 958 та шахсга нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилганлиги ёки ўзгартирилганлиги, охирги икки йилда ҳокимият ва назорат органларининг 2,5 мингга яқин қарори жисмоний ва юридик шахслар аризасига кўра судлар томонидан бекор қилингани фикримизнинг далилидир.
Фазлиддин ХИДИРОВ
фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси
Маълумки, шартнома — икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишувидир. Фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркин ҳисобланадилар.
Масалан, Маҳсулот етказиб бериш шартномаси Ўзбекистон Республикасининг Фуқоролик кодексида батафсил баён қилинган. Унга кўра шартнома тузиш тартиби шартлари хусусида батафсил ёритилган.
Фуқаролик қонун ҳужжатлари улар томонидан тартибга солинадиган муносабатлар иштирокчиларининг тенглигини эътироф этишга, мулкнинг дахлсизлигига, шартноманинг эркинлигига, хусусий ишларга бирон-бир кишининг ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмаслигига, фуқаролик ҳуқуқлари тўсқинликсиз амалга оширилишини, бузилган ҳуқуқлар тикланишини, уларнинг суд орқали ҳимоя қилинишини таъминлаш зарурлигига асосланади.
Фуқаролар (жисмоний шахслар) ва юридик шахслар ўз фуқаролик ҳуқуқларига ўз эркларига мувофиқ эга бўладилар ва бу ҳуқуқларини ўз манфаатларини кўзлаб амалга оширадилар. Улар шартнома асосида ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилашда ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳар қандай шартнома шартларини аниқлашда эркиндирлар.
Товарлар, хизматлар ва молиявий маблағлар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида эркин ҳаракатда бўлади.
Хавфсизликни таъминлаш, инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, табиатни ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш учун зарур бўлса, товарлар ва хизматлар ҳаракатда бўлишини чеклаш қонун ҳужжатларига мувофиқ жорий этилиши мумкин.
Махсулот етказиб бериш шартномаси
[СПиТ:
1.Шартномалар турлари / Маҳсулот етказиб бериш]
Маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи — сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.
Маҳсулот етказиб бериш шартномасининг амал қилиш муддати
Маҳсулот етказиб бериш шартномаси бир йилга, бир йилдан ортиқ муддатга (узоқ муддатли шартнома) ёки тарафлар келишувида назарда тутилган бошқа муддатга тузилиши мумкин.
Агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида унинг амал қилиш муддати белгиланмаган бўлса, шартнома бир йилга тузилган деб ҳисобланади.
Агар узоқ муддатли шартномада етказиб берилиши лозим бўлган товарлар миқдори ёки шартноманинг бошқа шартлари бир йилга ёки ундан ортиқ муддатга белгиланган бўлса, шартномада тарафларнинг бу шартларни шартноманинг амал қилиш муддати тугагунга қадар кейинги даврлар учун келишиб олиш тартиби белгиланиши лозим. Шартномада бундай тартиб бўлмаса, шартнома тегишинча бир йилга ёки шартнома шартлари келишилган муддатга тузилган ҳисобланади.
Узоқ муддатли шартнома тарафларидан бири етказиб берилиши лозим бўлган товарлар миқдорини ёки шартноманинг бошқа шартларини кейинги даврлар учун шартномада белгиланган тартибда келишиб олишни рад қилган ёки ундан бош тортган тақдирда бошқа тараф тегишли даврларда товарларни етказиб бериш шартларини белгилаш тўғрисидаги ёхуд шартномани бекор қилиш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Маҳсулот етказиб бериш шартномасини тузиш вақтида келиб чиқадиган келишмовчиликларни ҳал қилиш
Бир тарафнинг товарлар етказиб бериш шартномасини тузиш ҳақидаги таклифи шартнома лойиҳаси шаклида бошқа тарафга юборилган тақдирда, иккинчи тараф шартномани бошқа шартларда тузишга рози бўлса, лойиҳани олганидан сўнг кечи билан ўттиз кун ичида келишмовчиликлар баённомасини тузади ва уни имзоланган шартнома билан қайтаради, келишмовчиликлар баённомасини олган тараф ўттиз кунлик муддатда шартнома шартларини келишиш чораларини кўриши (имконият бўлса, бошқа тараф билан биргаликда) ёки шартнома тузишни рад этишини бошқа тарафга ёзма равишда билдириши лозим.
Маҳсулот етказиб бериш шартномаси шартлари бўйича келишмовчиликлар баённомасини олган, бироқ шартнома шартларини келишиш чораларини кўрмаган ва шартнома тузишни рад этишини ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатда бошқа тарафга маълум қилмаган тараф шартнома шартларини келишиб олишдан бош тортиш оқибатида етказилган зарарни қоплашга мажбур.
Маҳсулот етказиб бериш даврлари
Агар тарафлар товарларни шартноманинг амал қилиш муддати мобайнида туркум-туркум қилиб етказиб беришни назарда тутган бўлсалар ва унда алоҳида туркумларни етказиб бериш муддатлари (етказиб бериш даврлари) белгиланмаган бўлса, товарлар ҳар ойда бир хил туркумларда етказиб берилиши лозим, башарти қонун ҳужжатларидан, мажбуриятнинг моҳиятидан ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб англашилмаса.
Шартномада маҳсулот етказиб бериш даврларини белгилаш билан бир қаторда товарларни етказиб бериш (ўн кунлик, суткалик, соатлик ва ҳоказо) жадвали ҳам белгиланиши мумкин.
Товарларни муддатидан олдин етказиб бериш сотиб олувчининг розилиги билан амалга оширилиши мумкин. Муддатидан олдин етказиб берилган ва сотиб олувчи томонидан қабул қилинган товарлар кейинги даврда етказиб берилиши лозим бўлган товарлар миқдорига киритилади.
Маҳсулот етказиб бериш шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортиш
Маҳсулот етказиб бериш шартномасини бажаришдан бир томонлама (тўлиқ ёки қисман) бош тортишга тарафларнинг бири шартномани жиддий бузган тақдирда йўл қўйилади.
Маҳсулот етказиб берувчининг маҳсулот етказиб бериш шартномасини бузиши қуйидаги ҳолларда жиддий деб ҳисобланиши мумкин:
тегишли даражада сифатли бўлмаган, сотиб олувчи учун мақбул муддатда бартараф қилиб бўлмайдиган камчиликларга эга бўлган товарларни етказиб бериш;
товарларни етказиб бериш муддатларини бир неча бор бузиш.
Сотиб олувчининг маҳсулот етказиб бериш шартномасини бузиши қуйидаги ҳолларда жиддий деб ҳисобланиши мумкин:
товарлар ҳақини тўлаш муддатларини бир неча бор бузиш;
товарларни бир неча бор олиб кетмаслик.
Тарафларнинг келишувида маҳсулот етказиб бериш шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортиш ёки уни бир томонлама ўзгартиришнинг бошқа асослари ҳам назарда тутилиши мумкин.
Агар маҳсулот етказиб бериш шартномасини бекор қилиш ёки ўзгартиришнинг бошқа муддати билдириш хатида назарда тутилмаган ёки тарафлар келишувида белгиланмаган бўлса, шартнома бир тараф бошқа тарафдан шартномани бажаришдан тўла ёки қисман бир тарафлама бош тортиш тўғрисида билдириш хати олган пайтдан бошлаб ўзгартирилган ёки бекор қилинган ҳисобланади.
Бугунги кунда юртимизда коррупцияга қарши курашишда унинг таг томири билан йўқтиш борасида салмоқли ишлари олиб борилмоқда, биргина ўтган 2019 йилда ушбу ишлар натижаси ўлароқ юртимизда 1400 дан ортиқ, 2020 йилда 1130 га яқин мансабдор шахслар, 2021 йилда эса 3500 дан ортиқ шахслар коррупцияда алоқадорлиги натижасида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилган.
Коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини ошириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 май кунидаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармони қабул қилинган.
Хусусан, мазкур Фармонга асосан, 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқланганлигини, коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг янгиланган таркиби тасдиқланганлигини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар Фармон эълон қилинганидан сўнг икки ой муддатда Давлат дастурининг ҳар бир банди бўйича мақсадларга эришишда самарадорлик индикаторларини ишлаб чиқишлари ва Идоралараро комиссия билан келишиб олишлари лозимлигини баён этилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарида коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталар ташкил этилганлиги, идоралараро комиссия Фармон эълон қилинганидан сўнг икки ой муддатда коррупцияга қарши курашиш бўйича намунавий тадбирларнинг идоравий дастурини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталарига муҳокама қилиш ва келишиш учун киритишлари белгиланганлигини, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашлари, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссияларини ташкил этиш қилиниб, уларнинг зиммасига:
жойларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганиш;
жойларда коррупция кўринишлари намоён бўлишига олиб келадиган тизимли муаммолар ва коррупциянинг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталарига ушбу соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритган ҳолда мунтазам равишда ахборот бериб бориш функциялари юклатилганлигини айтиб ўтди.
2003 йил 9 декабрда Мексиканинг Мерида шаҳрида коррупцияга қарши курашишда давлатлар ўртасидаги алоқаларни янада кучайтириш мақсадида конференция ташкил этилиб, ушбу конференция давомида 100 дан ортиқ давлат томонидан Коррупцияга қарши ҳақаро конвенция си имзоланди. Ушбу конвенциянинг қабул қилиниши ва кучга кириш (2003 йил 31 октябрь) дунё мамлакатларининг коррупцияга қарши курашдаги ҳамкорлигини янги поғонага кўтарганлигини айтиб ўтди.
Конвенцияда коррупциянинг ривожланиши уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа жамият учун хавфли бўлган салбий омилларга қарши курашга улкан тўсиқ бўлиши мумкинлигига алоҳида урғу берилганлигини айтиб ўтди.
Юртимизда ушбу иллатга қарши жиддий кураш олиб борилаётганлиги, мамлакатимизда бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги, «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида» қонуни, «Давлат харидлари тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги ва бошқа бир қанча коррупциявий жиноятларни олдини олишга йўналтирилган қонун ҳужжатлари қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 май кунидаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармоннинг 4-бандига мувофиқ, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ўрта муддатли истиқболда қуйидагилардан иборат эканлиги, яъни:
суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш;
давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш;
давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;
аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш;
давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш;
фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш;
Мазкур қонун билан 33 қонун ва 10 кодексларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенция талабларидан келиб чиқиб «Мансабдор шахс» атамасининг ҳуқуқий маъноси янги таҳрирда баён этилди.
Шу билан бирга, «Масъул мансабдор шахс» деган атама чиқариб ташланди; «Давлат иштирокидаги ташкилот» «Хизматчи» каби атамалар киритилди.
Шунингдек, Президент Қарорига асосан Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилиши, унинг ҳуқуқий мақоми, вазифалари, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, бундан ташқари, фаолият доирасининг белгиланиши ҳам мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишда муросасизликка йўналтирилганлигидан далолат беради.
Маързачи сўзида давом этар экан, бу иллатни аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш масалаларига доир тушунтириш ишларини амалга ошириш, ҳуқуқий тарбия ва таълимни, илмий-амалий тадбирларни ташкил этиш, ўқув-услубий ва илмий адабиётларни ишлаб чиқиш каби воситалардан фаол фойдаланиш лозим бўлади.
Санжар Аллабердиев
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Сурхондарё вилоят суди