Тарихга назар. Бухоро амирлиги даврида Сурхон воҳасидаги бекликларда суд ишлари ким томонидан амалга оширилган ва улар ким томонидан тайинланган?

Бухоро амирлигида ислом дини ва уни қонун-қоидалар асосида бошқариш лавозими шайхулислом лавозимидаги олий дин мансабдори ихтиёрида бўлган. Диний ишларни назорат қилиш мақсадида ўроқ, судур ва садр каби учта диний лавозим ҳам жорий этилган.

Суд ишлари назорати қозикалон ихтиёрида бўлган, қонун ижроси ва ислом динига эътиқод назоратини раис бошқарган, у қозикалон олдида ҳисобот берган.

Бекликларда барча маъмурий-бошқарув ҳуқуқлари амир томонидан тайинланган бек қўлида бўлган. Беклар юқори табақа вакилларидан бўлиб, асосан йирик ер эгалари бўлишган. Амирликда мансаблар қариндошлик асосида берилган бўлса ҳам бек лавозими масъулиятли бўлганлиги сабабли оддий фуқаро ҳам бу лавозимга тайинланиши мумкин бўлган.

Бекликнинг суд ишлари қози қўлида бўлиб, у ҳам амир томонидан тайинланган. Қози нафақат суд ишларини бошқарган, балки маҳаллий ҳоким фаолиятини ҳам назорат қилиб турган. Амирликда қози-раислар бекларнинг ҳар бир қадамини кузатиб, бу ҳақда Бухорога хабар бериб турганлар. Улар томонидан юборилган хабар ҳеч бир текширувсиз бекни вазифасида озод қилишга олиб келиши мумки бўлган. Бекни вазифасидан озод қилиш қозини алмаштиришдан осон бўлган. Шу тариқа марказий ҳокимият икки томонлама назоратни йўлга қўйган.

1914 йилда Бухоро амирлигида 67 та маҳаллий қози бўлиб, ҳар бир бекликда амир фармони билан тайинланган 5-12 тагача муфти ҳам бўлган.

Бундан ташқари, маҳаллий бошқарув тизимида диний-миршаблик фаолияти билан шуғулланувчи диний уламолар муҳим ўрин тутган. Улар уч тоифага бўлинган. Булар қози, муфтий ва раислардир. Бутун Бухоро амирлигида 67 та қози ва 68 та раис фаолият юритган.

Хусусан, Сурхон воҳаси бекликларида бу мансабдорлар қуйидагилар бўлишган: Бойсун беклигида мулла Абдулнаимҳожи – қози, мулла Абдулнозир – раис; Денов беклигида мулла Нуъмон – қози, мулла Муҳаммад Қурбон – раис; Шеробод беклигида мулла Абдурахмон – қози, мулла Нусратуллахўжа – раис. Айрим вақтларда қози ва раис лавозимига бир киш тайинланган. 1914 йилда Амир Олимхон томонидан Шеробод беклигининг қозиси ва раиси этиб мулла Салоҳиддин тайинланганлиги бунга мисол бўлади.

Хуллас, ҳар бир бекликда халқ манфаатини ҳимоя қилиш ёки уларни жазолаш бек, қози ва раис қўлида бўлиб, фақат ўлим жазоси амир фармони ила амалга оширилган.

РУФАТ БЕГИМОВ,

Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси

ЯНГИ ФАРМОН – СУД ТИЗИМИДА ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР

Жорий йилнинг 21 август куни Президентимиз томонидан «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-141-сонли Фармони имзоланди.

Фармонга кўра, Судьялар олий мактаби фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилди.

Шунингдек, академияда таълим жараёни “устоз-шогирд” анъанаси асосида “бўлажак судьяни судья ўқитади” тамойилига мувофиқ ташкил этилиши белгиланди.

Судьяларни қайта тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича 2025 йил 1 октябрдан бошлаб:

а) судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш Академиянинг олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида давлат гранти асосида суд ихтисосликлари бўйича ташкил этилиши;

б) касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинган шахслар уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланган ҳолда асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод қилиниши;

в) касбий қайта тайёрлаш курслари тингловчиларига судья ёрдамчисининг бир ойлик меҳнатига ҳақ тўлаш фондининг миқдорида ҳар ойда стипендия тўланиши;

г) касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш психологик, чет тиллари ва суд ихтисослигидан тест синовларидан ўтказиш ҳамда Судьялар олий кенгаши томонидан ташкил этиладиган идоралараро комиссия томонидан ўтказиладиган ёзма имтиҳон ва якка тартибдаги суҳбатдан иборат танлов орқали амалга оширилиши;

д) касбий қайта тайёрлаш курсларини муваффақиятли тугатганлиги тўғрисидаги сертификатга эга бўлган шахслар аризасига асосан бўш судьялик лавозимларига ўтказиладиган танловларда иштирок этиши белгиланди.

Бундан ташқари, 

Академияда малака оширишнинг янгича услубларини татбиқ этиш бўйича:

Академияда судья ва суд аппарати ходимларининг мажбурий малакасини оширишнинг қуйидаги тартиби жорий этилиши:

а) беш йил муддатга тайинланган судьялар – ҳар икки йилда икки ҳафтадан кам бўлмаган;

б) ўн йил муддатга тайинланган судьялар – ҳар уч йилда икки ҳафтадан кам бўлмаган;

в) Олий суд судьялари, суд раислари ва раис ўринбосарлари, шунингдек, муддатсиз даврга тайинланган судьялар – ҳар уч йилда бир ҳафтадан кам бўлмаган;

г) фаолият самарадорлиги рейтингининг паст кўрсаткичларига эга судьялар – навбатдан ташқари икки ҳафтадан кам бўлмаган;

д) суд аппарати ходимлари – ҳар икки йилда бир ҳафтадан кам бўлмаган малака ошириш курсларида ўқитилиши белгиланди.

Шу билан бирга:

а) туман (шаҳар) ва вилоят судларининг тегишли раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьялар давомийлиги икки ойгача бўлган раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш курсларида ўқитилиши;

б) туман (шаҳар) ва вилоят судларида тегишли раҳбарлик лавозимларига, қоида тариқасида, фақат раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаган судьялар тайинланиши белгиланди.

Шунингдек, Академияда ўқитишни ташкил этиш бўйича:

Академияда 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб “Суд фаолияти” мутахассислиги бўйича амалий магистратура дастури асосида ўқитиш ташкил этилади ҳамда магистратура босқичида ўқув жараёни таълимнинг кундузги ва кечки шаклларида ташкил этилади ва магистратура дастури бўйича ўқиш бир йилни ташкил этиб, битирувчиларга давлат намунасидаги диплом берилади. Академия Судьялар олий мактабининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2025 йил 19 августдаги 2039-сонли қарори билан Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига 2025-2026 ўқув йили учун кириш синовларида иштирок этишга рухсат этилган талабгорлар, кириш синовлари натижасига кўра, белгилаган квотага мувофиқ Одил судлов академиясининг судьялик лавозимларига номзодларни қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинади.

ЖАХОНГИР МАМАТАЛИЕВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

Сурхондарё вилоят суди ташаббуси билан Олий суд Пленумининг 2025 йил 23 июндаги “Иқтисодий судлар томонидан “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарори муҳокамасига бағишланган семинар ташкил этилди

Бугунги кунда иқтисодий судлар томонидан мазмунан кўриб ҳал қилинаётган ишларнинг маълум қисмини кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўла ҳажмда бажариш имконига эга бўлмаган юридик шахсларга нисбатан қўзғатилган тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар ташкил қилмоқда.

Мамлакатимизда иқтисодиёт ва тадбиркорлик фаолияти жадал ривожланиб, аксарият тадбиркорлик субъектларининг барқарор ривожланиши кузатилаётган бўлса-да, айрим корхона ва ташкилотларнинг у ёки бу сабаб билан ўз мажбуриятларини бажара олмасдан, тўловга қобилиятсизлик ҳолатига тушиб қолиши ҳолатларини ҳам учратиш мумкин.

Маълумки, юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 12 апрелдаги “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги ЎРҚ-763-сон Қонуни билан тартибга солиниб келинмоқда.

Сўнгги пайтларда судлар томонидан кўрилаётган тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар сонининг ортиб бораётганлиги ҳамда юқоридаги Қонун нормаларини амалиётда бир хилда қўллаш заруратидан келиб чиқиб, 2025 йил 23 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг “Иқтисодий судлар томонидан “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 13-сонли қарори қабул қилинди.

Бугунги ташкил этилган ушбу семинар машғулотида вилоят прокуратураси, Солиқ ва божхона бошқармалари, Давлат активларини бошқариш агентлиги Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоятдаги барча суд бошқарувчилари ҳамда иқтисодий судлар судьялари иштирок этди.

Семинарда туманлараро иқтисодий судлари иш юритувида бўлган тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни юқоридаги Қонун талаблари, шунингдек Олий суди Пленумининг қарорида белгиланган раҳбарий тушунтиришлар асосида олиб бориш, белгиланган муддатларга қатъий риоя қилиш, тўловга қобилиятсизлик таомилларини қонунчилик талаблари асосида амалга ошириш ҳамда бунда тадбиркорлик субъектларини молиявий жиҳатдан соғломлаштириш ҳамда уларнинг фаолиятини тиклашга алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги таъкидланди.

Семинар якунида тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни юритишда амалиётда юзага келаётган муаммоли масалалар қизғин муҳокама қилинди.

Бу каби тадбирларнинг ўтказилиши соҳада одил судловни таъминлашга кўмаклашиши билан бирга, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни юритиш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

АБДУЛЛА САФАРОВ,

Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Манзил-колонияда жазо ўтаётган бир гуруҳ маҳкумларга нисбатан инсонпарварлик тамойиллари қўлланилди

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг навбатдаги сайёр суд мажлиси 41-сон манзил-колониясида бўлиб ўтди.

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш борасида изчил ишлар олиб борилиб, бир қанча ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Бизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасида жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этиш ва шу кодекснинг 74-моддасида эса жазони енгилроғи билан алмаштириш назарда тутилган.

Бугунги  сайёр суд мажлисида жами 11 нафар озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкумларга нисбатан манзил-колонияси маъмурияти томонидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.

Жумладан, мустақиллик байрами арафасида суд инсонпарварлик тамойилига таяниб ҳамда жазо муддатини ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ўрнатилган тартиб-қоидаларига риоя қилган, ўзининг ҳулқини ижобий томонга ўзгартирган, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб етиб, ўзларига тегишли хулоса чиқарган 1 нафар маҳкумларни ўталмай қолган жазо муддати Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод этиш ҳамда 10 нафар маҳкумларни ўталмай қолган жазо муддати Жиноят Кодексининг 74-моддасига асосан енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил-колониясидан озод этилди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши ҳамда бу борада суд ҳокимияти фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда ҳамда одил судловни сифатини оширадиган тизим яратишга алоҳида эътибор қаратилган.

Айнан инсон ва адолатли суд ўртасидаги ўзаро муносабатларда қонунийликни ҳамда адолатни таъминлайдиган ҳаракатлар замирида халқимизнинг осойишта ҳамда рози бўлиб яшаш ҳуқуқи турибди.

Сайёр суд мажлисида жазо муддати енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил-колониясидан озод этилган 10 нафар маҳкум ўталмай қолган жазо муддатини тегишли тартибда ўз ҳудудидаги пробация хизматида ўтайди.

ТЎЛҚИН ТЎРАҚУЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди раиси

   

ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИ СУДЛАРДА КЎРИШНИНГ АЙРИМ МУҲИМ ЖИҲАТЛАРИ

Халқимиз менталитетининг ўзига хос ажралмас қисмларидан бири бу оиланинг муқаддас деб ҳисобланишидир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила кодекси ва бошқа норматив-ҳуққий ҳужжатларда оилалар мустаҳкамлагини ва бу орқали миллий қадриятларимизни ривожлантиришга қаратилган бир қатор нормалар белгилаб берилган. Ҳар бир инсон оила қуриш орқали ўзининг умри давомидаги муносиб жуфтига эга бўлиш, мустақил фикрга эга бўлган соғлом авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш, шу оила бағрида тинч-тотувликда ҳаёт кечиришни истайди.

Аммо фарзанд аталмиш неъмат кимгадир эрта, кимгадир кеч насиб қилса, яна кимдир тақдирнинг мураккаб синови – фарзандсизлик муаммосига дуч келиши мумкин. Фарзандсизлик оилаларнинг тинч-тотув ҳаёт кечиришига раҳна солувчи ва ажримларга энг кўп сабаб бўлувчи омиллардан бири ҳисобланади.

Мамлакатимиз қонунчилиги оилаларнинг мустаҳкамлиги ва бола ҳуқуқларининг чинакам кафолатини таъминлашга қаратилган нормаларни ифода этади. Уларда қандай ҳолат бўлмасин оилани сақлаб қолиш, уни жамиятнинг асосий бўғини сифатида эъзозлаш энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Жумладан, оила ва фуқаролик қонунчилигида тақдирнинг синови туфайли фарзандсизлик синовига дуч келган оилаларни, шунингдек ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган соҳалардан бири бу фарзандликка олиш ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процсессуал кодексида  фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишнинг ўзига хос жиҳатлари белгилаб берилган. Ундаги энг асосий жиҳатлардан бири боланинг ҳар томонлама соғлом муҳитда тарбия олишини таъминлаш учун фарзандликка олувчиларга қўйилган бир қатор талабларда намоён бўлади.

Масалан, Фуқаролик процсессуал кодексининг 300-моддасига мувофиқ судга фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) соғлиғи ҳолати тўғрисидаги тиббий хулоса (психиатрия, сил касаллигига қарши кураш ва наркология муассасаларидан, шунингдек ОИТСга қарши кураш марказидан маълумотномалар) тақдим қилиниши лозим.

Бундан ташқари, фарзандликка олувчилар турар жойга ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқига эга шахслар эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам судга тақдим қилишлари лозим.

Ушбу қоидалар боланинг ўз яшаш жойига эга бўлган соғлом оилада камол топишини мустаҳкамлашга қаратилган нормалар ҳисобланади.

Бола ҳуқуқларининг чинакам таъминланиши мақсадида ушбу тоифадаги ишлар албатта васийлик ва ҳомийлик органи ҳамда прокурор иштирокида кўриб чиқилади.

Суд фарзандликка олиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишда Фуқаролик процсессуал кодексининг 300-моддасида кўрсатиб ўтилган ҳолатларни тасдиқловчи далилларни синчиклаб ўрганади ва фарзандликка олувчилар ҳамда боланинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ишни мазмунан кўриб ҳал қилади. Суднинг ҳал қилув қарорида фарзандликка олиш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш ёки рад қилишга асос бўлган ҳолатлар кўрсатиб ўтилади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилигига асосан фарзандликка олиш тўғрисидаги маълумотлар сир ҳисобланиб, уни ошкор қилганлик Жиноят кодексининг 125-моддасига мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

ДИЛМУРОД ЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси

СУД ХОДИМЛАРИ БИЛАН МУЛОҚОТ

Тараққиётимиз кушандаси – коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш энг долзарб вазифалардан биридир. Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида коррупциядан ҳоли бўлган адолатли суд тизими яратиш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар, шунингдек Олий суд раисининг тизимда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашиш бўйича судья ва суд ходимларига йўллаган мурожаати ҳам ғоятда муҳим аҳамият касб этди.

Сурхондарё вилоят суди Кадрлар бўлими бош консультанти М.Холбеков Сурхондарё вилоят судларининг суд аппарати ходимлари иштирокида айнан шу долзарб масала юзасидан мулоқот ўтказди.

Кадрлар бўлими бош консультанти М.Холбеков вилоят, туманлараро ва туман (шаҳар) судларининг ходимлари билан ўтказилган ушбу мулоқотда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида катта ўзгаришлар амалга оширилаётгани, судьяларга қўйилаётган талаблар нечоғлик маъсульятли экани, судьяларнинг аксарияти суд ходимлари орасидан тайинланишини, бугунги кунда суд ходимларининг маънавияти, одоби ва масъулияти алоҳида эътиборда экани ҳамда суд ходимларнинг хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланмасликлари ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, мулоқотда коррупциядан ҳоли бўлган адолатли суд тизимини яратиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, соҳада мавжуд тизимли хато ва камчиликларни бартараф этиш кўтарилган масалалар ижросини тўлиқ, ўз вақтида ҳамда сифатли таъминлаш юзасидан кўрилаётган чоралар муҳокама этилди.

Салоҳиятли, ҳар томонлама малакали суд кадрларининг шаклланиши, судларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди. Шу маънода соҳада фаолият юритаётган суд ходимларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтириш, малакасини ошириш, умуман, кадрлар сифатини яхшилаш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этаётганлиги қайд этилди.

Мулоқот якунида бугунги кунда судда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходим одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилган ҳолда, ўз вазифасини сидқидилдан адо этиши, мазкур жараёнда таъмагирлик, коррупция каби иллатларга қўл урмаслиги лозимлиги яна бир бор ходимларга уқтирилди.

СИРОЖИДДИН ЖАЛИЛОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ЖИНОЯТГА ЖАЗО МУҚАРРАР!!!

очерк

Мамлакатимизда ўтган йиллар давомида суд-ҳуқуқ соҳасида ҳаётга татбиқ этилган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида кенг кўламли чора-тадбирлар самараси  инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қадрият экани бугун жамиятимиз ҳар бир аъзосининг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари таъминланаётганида ўз ифодасини топмоқда.

Энг аввало таъкидлаш жоизки, ўғрилик учун жиноят кодексининг 169-моддасида жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишда ифодаланади.

Аммо орамизда қонунларимизни четлаб ўтаётган фуқаролар ҳам йўқ эмас. Ангор туманида яшовчи Қахрамон Жўраев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож мақсад қилиб, жорий йилнинг 25 май куни соат 10:00 ларда фуқаро Шерали Бозоровнинг яшаш хонадонига атрофда ҳеч ким йўқлигидан жинояткорона фойдаланиб ғайриқонуний равишда киради. Ушбу хонадондан бозорда сотилиш нархи 1.500.000 сўмлик 1 дона “Артел” номли телевизорини, нархи 700.000 сўм бўлган 1 дона “ZQS6210W” номли калонкасини, нархи 280.000 сўм бўлган бир дона тарозисини оғирлиги 10.30 грамм бўлган 7.000.000 сўмлик тилла занжирини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

Жиноят “иссиқ изидан” фош этилганлиги сабабли, ўғирланган мулклар эгасига қайтарилди. Содмир этилган ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судида ушбу жиноят иши очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Суд, Қахрамон Жўраевнинг айбига тўлиқ иқрорлиги ва пушаймонлигини, етказилган зарарни қоплаганлигини, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини эътиборга олиб, тегишли жазо чорасини тайинланди.

Ҳа, жиноятга албатта жазо муқарар! Зеро, жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олишдан иборатдир.

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси

Сурхондарё вилоят судида кўп квартирали уйларда жойлашган уй-жой ҳамда нотурар жой мулкдорлари ва уй-жойни бошқариш органлари ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича семинар ташкил этилди

Семинарда Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьялари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро-туман судлари судьялари, вилоят маъмурий суди судьялари, вилоят прокуратураси масъул ходимлари, туман-шаҳар бошқарув сервис компания раҳбарлари иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 47-моддасига муфовиқ, ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга.  Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратади.

Ижтимоий муносабатлар тизимида хусусий мулк тушунчаси жумладан, кўчмас мулкдан иборат уй-жой ва нотурар жойлар тушунчаларни пайдо бўлиши ҳамда жамият ҳаётига чуқур кириб бориши ўз-ўзидан биринчи навбатда мазкур жараённи ҳуқуқий нормалар орқали тўғри ва тўлиқ тартибга солиш заруратини юзага келтиради.

Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантириш ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитларни яратиш мақсадида охирги йилларида  мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида кўп қаватли яъни кўп квартирали мингдан зиёд турар-жойлар барпо қилиниб, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи қондириб келинмоқда.

Ўз-ўзидан кўп қаватли кўп квартирали уйлардаги умумий фойдаланишдаги шунингдек, кўп квартирали уйга туташ ер участкаларининг санитария ҳолати ва ободонлаштирилиши учун алоҳида эътибор талаб қилади.

Шу боисдан, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги ЎРҚ-581-сонли қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 15 августдаги “Кўп квартирали уйларни бошқаришни янада самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-278-сонли қарорининг қабул қилиниши кўп квартирали уйларни айниқса, улардаги умумфойдаланишдаги жойлар ва уйга туташ ер участкаларини бошқариш соҳасида уй-жой ҳамда нотурар жой мулкдорлари, шунингдек уй-жойни бошқариш органлари ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларни аниқ белгилаб берди.

Уй-жой инсон ҳаётининг узвий ва ажралмас бир қисми бўлганлиги учун кўп квартирали уйларда жойлашган уй-жой ҳамда нотурар жой мулкдорлари ва уй-жойни бошқариш органлари ўртасидаги муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни ўз вақтида кўриб, қонуний ҳал этилиши муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташаббусига кўра “Кўп квартирали уйларда жойлашган уй-жой ҳамда нотурар жой мулкдорлари ва уй-жойни бошқариш органлари ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича” амалий қўлланма ишлаб чиқилди.

Мазкур қўлланма кўп квартирали уйларда жойлашган уй-жой ҳамда нотурар жой мулкдорлари ва уй-жойни бошқариш органлари ўртасидаги муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни амалдаги қонунчиликни бир хилда қўлланилишини таъминлаш, шунингдек судларда ушбу тоифа низолар юзасидан ягона суд амалиётини жорий этиш мақсадида айнан кўп квартирали уйларни бошқариш органлари масъуллари ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судлар судьялари учун хизматда фойдаланиш учун зарур ҳисобланади.

Бугун ташкил этилган семинарда вилоят суди судьяси Шерали Тогоев томонидан айнан ушбу қўлланмада юқоридаги низоларни ҳал этишда суд амалиётида қўлланилиши лозим бўлган қонун хужжатларидан ташқари, бошқарув органларини уй-жойлар мулкдорлари томонидан танланиши, улар ўртасида тузилиши лозим бўлган шартномалар, шартномаларнинг тузилиш тартиблари, шартномаларга кўра тарафларнинг ўзаро шартномавий ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ушбу соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари, судларга ариза ва даъво аризаларни беришга ваколатли шахслар, ариза ва даъво аризаларнинг намуналари, уларга илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар, давлат божидан иборат суд ҳаражати юзасидан берилган имтиёзлар, ариза ва даъво аризаларининг судловга тегишлилиги, уларни қайтарилиши ёки қабул қилишдан рад қилинишига асос бўлувчи ҳолатлар, судларда суд буйруғи тартибида ҳамда даъво тартибида иш юритиш жараёнлари батафсил ёритилганлиги тушунтириб берилди.

Семинар якунида ушбу соҳада йўл қўйилаётган ҳамда фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган хато ва камчиликлар, мавжуд муаммолар, келгусида уларни бартараф қилиш учун амалга оширилиши лозим бўлган зарурий ечимлар ҳақида фикрлар алмашилди.

Фикримизча ушбу қўлланма келгусида мазкур йўналишдаги бошқарув органлари масъуллари ва судьялар учун ўз фаолиятларида дастурул амал бўлиб хизмат қилади.

БАХОДИР ДЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари –

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

ҲАДЯ ШАРТНОМАСИ

Ҳадя деб – бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текин мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятни олади ёхуд унга, ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (тлтбини) беради ё бериш мажбкриятни олади. Унинг моҳияти шудаки бунда мулк текин топширилади яъни ҳадя қилувчининг тасарруфида бўлган ашё ҳадя олувчига мол – мулк қилиб ўтказилади.

Фуқаролик кодексида ҳадяни ҳадя қилувчининг вафотидан кейин топширилишини назарда тутувчи шарнома тан олинмайди. Бундай ҳадяга нисбатан васиятнома тўғрисида қоидалар қўлланилади. Ҳадянинг васиятномадан фарқи шундаки, мулк ҳадя қилувчининг тириглигида топширилади, бу унинг мулки камайишига олиб келади. Васиятномада эса инсоннинг ҳаётлигида унинг мулкий ҳуқуқларида акс этмайди. Васиятнома бекор қилиниши ўзгартирилиши мумкин, ҳадя эса қоида тариқасида орқага қайтмайди.

Фуқаролик ҳуқуқида мавжуд бўлган аксарият битимлар ҳақ бараварига тузилиб, қарама-қарши тарафларда ўзаро мос ҳуқуқ ва бурчлар мавжуд бўлади. Кўриб чиқилаётган ҳадя шартномаси асосан бир томонлама, бепул тузиладиган шартномалар жумласига киради.

Фуқаролик кодекси 502-моддасининг 2-қисмида, ҳадя қилувчи ҳадя эвазига ҳадя олувчи билан муқобил ашё бериш ҳақида ёки муқобил мажбуриятни ижро этиш ҳақида келишилган бўлса, у ҳолда бундай битимлар тузилиши пайтининг ўзидаёқ ҳақиқий ҳисобланмайди ва бундай муносабатга нисбатан Фуқаролик Кодекси 124-моддасига мувофиқ юридик оқибатлар, яъни ашёни бепул топшириш ҳуқуқий оқибатини туғдириш нияти бўлмаган ҳолда номигагина тузилган деб қаралиши керак ва бу битим бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилган бўлса, ҳақиқатда назарда тутилган битимлар ҳақидаги қоида қўлланилади.

Шунингдек, Фуқаролик кодекси 502-моддасининг иккинчи қисмида ашёнинг ёки ҳуқуқнинг муқобил ўзаро ўтказилиши ҳадя шартномасини келтириб чиқармайди, деб таъкидланади. Чунки бу ҳолат ҳадя шартномаси бир томонлама битим принципига хилоф ҳисобланади ва шутуфайли 124-модданинг 2-қисми қоидалари қўлланади.

Кўчар мулклар бўйича қўйидаги ҳолларда ҳадя шартномаси ёзма шаклда тузилади:

– ҳадя қилувчи юридик шахс бўлганда;

– фуқаролар ўртасидаги энг кам иш ҳақини ўн бараваридан ортиқ суммага шартнома тузилаётганда;

-шартнома буйича келажакда ҳадя қилиш ваъда қилинган ҳолларда;

Кўчмас мулкнинг ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Ҳадя институтини амалдаги ҳуқуққа хилоф равишда фойдаланишга йўл қўймаслик учун амалдаги Фуқаролик Кодекси ҳадя шартномасининг кўз бўяш учун тузилишининг олдини олиш мақсадида айрим тўсиқларни белгилайди.

Бундай битимни тузишни чеклашнинг махсус сабабларига қараб қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:

Биринчидан, мулк эгаси бўлмаган шахс томонидан мулкни унинг эгаси манфаатига хилоф равишда бепул фойдаланиш ҳолларининг олдини олиш учун ФК мулкдор ҳуқуқини қўриқлаш мақсадида мулк эгаси бўлмаган шахс томонидан мулкни ҳадя қилиш мумкин эмаслигини мустаҳкамлаган.

Иккинчидан, Фуқаролик Кодекси хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида юридик шахсларга тегишли бўлган мулкни ҳадя қилишлари мумкинлигини белгилайди, Аммо бунинг учун мулкдорнинг розилиги талаб қилинади.

Учинчидан, Фуқаролик Кодексидаги ҳадя берувчининг ҳадя олувчига тобе деб тахмин қилинган ҳолат учун тобе нуқтаи назари ва улар ўртасида бепул тузиладиган шартномавий мулкий муносабатларининг вужудга келиши мақсадга мувофиқ эмаслигидир.

ШЕРАЛИ ТОГОЕВ,

Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

МЕРОС ҲУҚУҚИ

Дарҳақиқат, мерос ҳуқуқи фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқи билан чамбарчас боғлиқдир. Хусусий мулк эгасининг ўз мулкига нисбатан эркинлиги, манфаатлари ва ҳуқуқлари муҳофазаси Конституциямиз ва миллий қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйилган.

Амалдаги Фуқаролик кодекси меъёрларига мувофиқ, вафот этган фуқаронинг мол-мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлари фақат икки ҳолатда қонун бўйича ворисларига ўтади. Биринчидан, фуқаро мулкининг ўзи вафот этгандан кейинги тақдирини олдиндан белгилаган, яъни васиятнома қолдирган ҳолларда васиятнома асосида унинг мол-мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун бўйича ворисларига ўтишини кўзда тутса, иккинчидан, вафот этган фуқаро васиятнома қолдирмаган ҳол билан боғлиқдир.

Фуқаролик кодексига кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, шунингдек ушбу Кодексда белгиланган бошқа ҳолларда амалга оширилади. Мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради.

Мерос очилиши ҳақида сўз борганда, фуқаронинг ўлими ёки фуқарони вафот этган деб топиш мерос очилишига ягона асос бўлишини таъкидлаш жоиз. Мероснинг очилиши маълум бир вақт билан белгиланади. Жумладан, мерос қолдирувчининг ўлган куни, у вафот этган деб эълон қилинганда эса, агар суднинг қарорида муддат кўрсатилган бўлмаса, вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирган кун, мерос очилган вақт ҳисобланади.

Мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек, давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин. Демак, қонун бўйича меросхўрлар доирасига асосан мерос қолдирувчи билан қариндошлик муносабатларида бўлган ва мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахслар кирса, васият бўйича меросхўрларни тайинлаш мерос қолдирувчининг мутлақ ҳуқуқи ҳисобланади ва фақатгина унинг хоҳиш-иродаси билан эркин танланади.

Шунингдек, Фуқаролик кодексида васият бўйича ворисликнинг умумий қоидалари белгиланган бўлиб, унга кўра, фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади. Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди. Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек, кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга, юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.

Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечтасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли. Қонун бўйича меросхўрни меросдан маҳрум этиш, агар васиятномадан бошқа мазмун келиб чиқмаса, бу васият қилувчининг тақдим этиш ҳуқуқи бўйича ворислик қиладиган авлодларига нисбатан тадбиқ этилмайди.

Мерос қолдирувчи ҳар қандай мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Мерос қолдирувчи васият қилаётган пайтида ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Агар мерос очилган пайтга келиб, бундай мол-мулк унга тегишли бўлиб қолса, тегишли фармойиш ҳақиқий ҳисобланади. Мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ва ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга мажбур эмас.

Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр бирон-бир асос бўйича меросдан оладиган ҳамма нарса, шу жумладан, оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам мажбурий улушга қўшилади.

Меросдан мажбурий улуш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг фақат мажбурий улушдан ортиқча қисмига нисбатан ҳақиқийдир.

МАНСУР АБДУРАХМАНОВ,

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Skip to content