ТАДБИРКОРНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ

Маълумки, иқтисодий суд ишларини юритишдан кўзланган асосий мақсад иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборат.

Иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, улар учун қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш ва улар иштирокидаги низоларни қонун ҳужжатларига асосан синчковлик билан адолатли кўриб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада иқтисодий судлар томонидан ҳам бевосита низоларни кўриб чиқишда тадбиркорлик субъектлари ўзларининг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали тўлиқ ҳимоя қилишларини таъминлаш мақсадида даъво аризаларидаги ҳар бир ҳолат синчковлик билан ўрганилиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари тикланмоқда.

Фикримизга амалий мисол келтирадиган бўлсак, даъвогар “Ш.А” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Агробанк” АТБ Қизириқ филиали ўртасида кредит шартномасига асосан “Банк” “Қарз олувчи”га 350 000 000 сўм кредит маблағи ажратиш, “Қарз олувчи” эса олинган кредит маблағини мазкур кредит шартномасида белгиланган шартларда қайтариш ва унга ҳисобланган фоизлар тўлаш мажбуриятини олган.

Шартноманинг 1.3-бандида кредитдан фойдаланганлик учун “Қарз олувчи” “Банк”ка йиллик 26 фоиз миқдорида фоиз тўлаши, 5.3-бандида “Қарз олувчи” кредитни қайтириш графигига риоя этмаганда ва ўз мажбуриятларини бажармаганда, “Банк” кредит ва фоизлардан қарздорликни “Қарз олувчи”нинг барча, шунингдек, бошқа банклардаги ҳисобварақларидан белгиланган тартибда ундириб олиши, 8.3-бандида кредит ва унинг фоизлари ўз вақтида қайтарилмаганда, “Қарз олувчи” “Банк”ка кечиктирилган ҳар бир кун учун ўз муддатида тўланмаган кредит ва унга ҳисобланган фоизнинг 0,1 фоизи миқдорида пеня тўлаши, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси кечиктирилган сумманинг 10 фоизидан ошиб кетмаслиги лозимлиги қайд этилган.

“Агробанк” АТБ Қизириқ филиали томонидан даъвогарнинг ҳисоб рақамидан ортиқча ҳисобланган 15 088 673,78 сўм олинганлиги асоси билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси “Ш.А” масъулияти чекланган жамияти манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар АТБ “Агробанк” ҳисобидан 15 088 673 сўм асосий қарз ва 2 444 364 сўм пеня ундиришни сўраган.

Ишга Марказий банк Сурхондарё вилоят бош бошқармаси томонидан жалб этилган мутахассиснинг кечиктирилган 322 519 652 сўм кредит қарзи ва 85 214 707 сўм кечиктирилган кредит фоизига банк томонидан тўғри пеня ҳисобланиб ундирилганлиги қайд этилган 2024 йил 2 августдаги маълумотномасига асосан Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорига асосан даъво аризасининг қаноатлантирилиши рад этилган ва даъвогар “Ш.А” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан Республика бюджетига 350 660,76 сўм давлат божи ундирилган.

Мазкур суд ҳужжати тадбиркор томонидан келтирилган кассация шикоятига асосан қайта кўрилганда, Марказий банк Сурхондарё вилоят худудий бошқармаси томонидан жалб этилган мутахассис томонидан тузилган маълумотномада пеня тўғри ҳисобланганлиги ва шартномада белгиланганидек қайтарилмаган кредит ва фоизлар суммасининг 10 фоизидан ошиб кетмаганлиги қайд этилган бўлса-да, маълумотнома ва унга илова қилинган жадвалларда банкнинг Қизириқ филиали томонидан “Ш.А” масъулияти чекланган жамиятига ўз муддатида қайтарилмаган кредит ва фоизлар суммасига кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,1 фоиз миқдорида, яъни муддати ўтган асосий қарзга 37 692 227,15 сўм, муддати ўтган фоизга 4 042 125 сўм пеня ҳисобланганлиги ва ундирилганлиги кўрсатилганлиги аниқланди ва вилоят судининг кассация инстанция судлов ҳайъати томонидан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво аризасини қаноатлантириш ҳамда тадбиркор фойдасига 15 088 673,78 сўм ундириш тўғрисида янги қарор қабул қилиниб, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик субъектлари иштирокида кўрилаётган ҳар бир даъво аризаси қонун ҳужжатлари асосида синчковлик билан кўриб чиқилиши, ишни кўриш жараёнида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қўллаб-қувватланиши ҳамда уларнинг иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш учун қонун доирасида барча зарурий чоралар кўрилиши билан бирга, уларда амалдаги қонунларга нисбатан ҳурматда бўлиш ҳамда шартнома интизомига риоя қилиш муносабатини шакллантириш лозим бўлади.

АСҚАР МАМАРАИМОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

СУД ТОМОНИДАН ВОЯГА ЕТМАГАН ФАРЗАНД ОНА ТАРТИЯСИГА ОЛИБ БЕРИЛДИ

Юртимизда суд ҳокимиятига фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш учун суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, суд фаолиятини тубдан яхшилаш вазифалари белгиланган.

Хусусан, фуқаролик судига даъвогар Лобар Мансурова (исми ва фамилиялар ўзгартирилган) жавобгар Шухрат Шокировга нисбатан “Фарзандини ўз тарбиясига олиб бериш ҳақида”ги даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасига кўра, “Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” деб белгиланган. 

Аниқланишича,  даъвогар Лобар Мансурова ва жавобгар Шухрат Шокиров 2021 йил 11 январь куни  қонуний никоҳдан ўтиб оила қурган бўлиб, уларнинг бир  нафар яъни, 2023 йил 25 апрель куни туғилган  Хайрулла исмли фарзанди бор.

Тарафлар ўзаро келишмовчиликлар сабабли 2024 йил 20 март кунидан буён бир-бирларидан алоҳида яшаб келаётганлиги боис уларнинг фарзанди Хайрулло жавобгар Шухрат Шокировнинг тарбиясида қолган бўлиб, тарафлар ўртасида низо келиб чиққан.

Оила кодексининг 75-моддасига кўра, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олиши назарда тутилган.

Суд томонидан даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантирилиб, 2023 йил 25 апрель куни туғилган Хайрулла исмли фарзанди жавобгар отанинг тарбиясидан даъвогар онанинг тарбиясига олиб берилди.

ЗАРИФ ХЎЖАМУРОТОВ,

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судяси

ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ УЧУН ИМТИЁЗЛАР ЯНАДА КЕНГАЙТИРИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Солиқ кодексида тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг эркинлигини таъминлашга қаратилган бир қатор нормалар белгилаб қўйилган.

Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини барқарорлик рейтинги асосида баҳолаб бориш тизими йўлга қўйилган. Ушбу рейтингни йўлга қўйишдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорлик фаолиятида ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ўз фаолиятини виждонан ва қонунларга оғишмай амал қилган ҳолда юритиб келаётган тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар яратишдан иборатдир. Бу каби мақсадларни амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 15 ноябрдаги ЎРҚ-1000-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур Қонун билан солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига хизматлар кўрсатиш жараёнида юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорларга бир қатор енгилликлар яратилди.

Хусусан, эндиликда юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқлар бўйича ортиқча тўланган суммани қайтариш 3 кунлик муддатда амалга оширилиши белгиланди. Мазкур норма қўшилган қиймат солиғи бўйича ортиқча тўловларни қайтариш жараёнига нисбатан татбиқ қилинмайди.

Ушбу норма солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига хизматлар кўрсатиш муддатини янада қисқартиради ва кўрсатиладиган солиқ хизматлари сифатини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, барқарорлик рейтингида “ААА” тоифадаги тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқ текширувлари ўтказилмаслиги ва мазкур тоифадаги тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш текширувлар ўтказилмасдан 1 кунлик муддатда амалга оширилиши ҳам белгилаб қўйилди. Мазкур имтиёз фақатгина жиноий ишлар доирасида текширувлар ўтказиш жараёнига нисбатан татбиқ қилинмайди.

Тадбиркорлик субъектларига берилган ушбу имтиёзлар тадбиркорлик фаолиятида ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олади ҳамда барқарор рейтингга эга бўлган тадбиркорларни жиноий ҳолатлардан ташқари ҳар қандай солиқ текширувларидан озод қилади. Бу каби имтиёзларга эга бўлиш учун тадбиркорлик субъектларидан фақатгина ўз фаолиятида қонун ҳужжатларига оғишмай риоя қилиш ҳамда солиқ қонунчилиги талабларини қонуний тарзда бажариб бориш талаб этилади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу Қонуннинг моҳияти ўта барқарор фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан ҳам юқори ишонч билдирилиши ҳамда уларнинг фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб борилишидан иборатдир.

ДИЛМУРОД ЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

КАФОЛАТЛИ ВА КОМПЕНСАЦИЯ ТЎЛОВЛАРИ ҲАМДА УЛАРНИНГ ФАРҚЛАРИ

Маълумки, янги тахрирдаги Меҳнат кодексининг 10-бобида кафолатли тўловлар ва компенсация тўловлари тушунчаси, уларнинг фарқлари ёритиб ўтилган.

Унга кўра, ходим давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётган вақтида (сайлов ҳуқуқини амалга ошириш, депутатлик вазифаларини бажариш, тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси ишида иштирок этиш, ҳарбий бурчни бажариш, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органга, суриштирувчи, терговчи, прокурор ҳузурига ёки судга гувоҳ, жабрланувчи, эксперт, мутахассис, таржимон, холис тариқасида чақирилганда, худди шунингдек суд мажлисларида халқ маслаҳатчиси, жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси, жамоат бирлашмалари ва меҳнат жамоаларининг вакили сифатида иштирок этганда, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда) иш берувчи уни иш жойини (лавозимини) сақлаган ҳолда ишдан озод қилиши шарт. Ана шу вазифаларни бажариш вақтида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади.

Корхоналарнинг, муассасаларнинг ёки ташкилотларнинг раҳбарлари ўз ваколатларини ишлаб чиқаришдан ёки хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосини у сенаторлик мажбуриятларини бажараётган вақтда унинг иш жойи (лавозими) сақланган ҳолда ишдан озод қилиши шарт. Сенаторлик вазифаларини бажараётган вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосининг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатига ва Сенати аъзосига ўттиз олти иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътили берилади, бундан қонунчиликда кўпроқ муддатли таътил назарда тутилган ҳоллар мустасно. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатига ҳар йилги меҳнат таътили, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасининг сессиялари оралиғидаги даврда берилади.

Корхоналарнинг, муассасаларнинг ёки ташкилотларнинг раҳбарлари ўз ваколатларини ишлаб чиқаришдан ёки хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосини у сенаторлик мажбуриятларини бажараётган вақтда унинг иш жойи (лавозими) сақланган ҳолда ишдан озод қилиши шарт. Сенаторлик вазифаларини бажараётган вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосининг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатига ва Сенати аъзосига ўттиз олти иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътили берилади, бундан қонунчиликда кўпроқ муддатли таътил назарда тутилган ҳоллар мустасно. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатига ҳар йилги меҳнат таътили, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасининг сессиялари оралиғидаги даврда берилади.

Ходим жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилганда (авариялар, табиий офатларнинг оқибатларини тугатиш, инсон ҳаётини сақлаб қолиш ва бошқа ҳолларда) ана шу даврда унинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланади.

Тиббий текширувдан ўтадиган куни ва қуйиш учун қон топширадиган куни ходимларга соғлиқни сақлаш муассасаларига боришларига иш берувчи монеликсиз рухсат бериши шарт.

Донорлик қилувчи ходимларга ҳар сафар қуйиш учун қон топширган куннинг албатта эртасига дам олиш учун бир кун берилади. Ходимнинг хоҳишига кўра бу кун таътилга қўшиб берилади. Текширувдан ўтадиган ва қуйиш учун қон топширадиган куни ишдан озод этилган давр учун, шунингдек дам олиш кунлари ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади.

Ходимларнинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажариши, шунингдек жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилиши билан боғлиқ кафолатли тўловларни пул билан таъминлаш манбалари ва бу тўловларни амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.

Ходимга тегишли бўлган ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартиби барча ҳолларда (кафолатли тўловларни бериш, таътил вақти учун ҳақ тўлаш, вақтинча бошқа ишга ўтказилганда, зарарни қоплашда, мажбурий прогул қилинганда ва бошқа ҳолларда иш ҳақи тўлаш), пенсия тайинлаш учун ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқаришни истисно этганда, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.

Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ қўшимча харажатлар қонунчилик, жамоа шартномалари ва келишувлари, шунингдек меҳнат шартномаларида белгиланган шартлар ва тартибда иш берувчи томонидан қопланиши лозим.

Хизмат сафарида ва кўчиб юриш билан боғлиқ ишларда қуйидагилар тўланиши лозим:

-йўл кира харажатлари;

-доимий турар жойидан бошқа жойда яшаш, шу жумладан уй-жой ижараси билан боғлиқ харажатлар;

-ходим томонидан иш берувчининг рухсати ёки розилиги билан қилинган бошқа харажатлар.

Бошқа жойдаги ишга кўчиб борганда қуйидагилар тўланиши лозим:

-кўчиш ва мол-мулкни кўчириб бориш билан боғлиқ харажатлар;

-янги жойда ўрнашиб олиш билан боғлиқ харажатлар;

-ходим томонидан иш берувчи билан келишиб қилинган бошқа харажатлар.

Иш берувчининг розилиги билан ва унинг манфаатлари йўлида ходим ўзига тегишли мол-мулкдан фойдаланганда транспорт воситаларининг амортизацияси ва улардан фойдаланганлик учун қилинган харажатлар, шунингдек асбобларнинг, техник воситаларнинг ёки ўзга мол-мулкнинг амортизацияси иш берувчи ҳисобидан тўланиши лозим. Ана шу харажатларни тўлашнинг миқдори ва тартиби жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгилаб қўйилади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш вақтида бериладиган, ходим жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилганда бериладиган, ходимларнинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажариши, шунингдек жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилиши билан боғлиқ кафолатли тўловлар бўлса, иш билан боғлиқ харажатларнинг компенсацияси ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ қўшимча харажатлар қонунчилик, жамоа шартномалари ва келишувлари, шунингдек меҳнат шартномаларида белгиланган шартлар ҳамда тартибда иш берувчи томонидан қопланиши лозим.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

НИКОҲНИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Оила –  авлодлар давомийлиги, қадриятлар ва урф-одатларни, халқимиз маънавий меъросининг авлоддан авлодга ўтишини таъминловчи омилдир. Оила қанча мустаҳкам бўлса жамият ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади ва ривожланади.

Оила кодексининг 49-моддасига асосан қуйидаги ҳолатларда никоҳ ҳақиқий эмас топилади:

1) никоҳ тузиш ихтиёрийлиги бузилганда; Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади.

2) никоҳ ёшига етмасдан никоҳ тузилганда; Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланади. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.

3) сохта никоҳ тузилганда, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай никоҳ қайд қилдирганда;

4) никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ касаллиги) борлигини иккинчисидан яширганда, агар иккинчиси судга шундай талаб билан мурожаат этса.

Ўз ўрнида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 20.07.2011 йилдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 6-сонли Қарори
34-бандига кўра – Оила кодексининг 49-моддасида кўрсатилган никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш асослари қатъий бўлиб, уларни кенгайтириб талқин этишга йўл қўйилмайди. Бундай асосларга қуйидагилар киради:

Оила кодексининг 14 – 16-моддаларида белгиланган шартлар бузилиши;

-сохта никоҳ тузилиши, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай никоҳ қайд қилдирса;

-никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ/ОИТС касаллиги) борлигини иккинчисидан яширса.

Жумладан, агар никоҳни тузиш вақтида шахс ўз ҳаракати моҳиятини тушунмаганлиги ва уларни идора қила олмаганлиги натижасида никоҳга киришга нисбатан ўзининг ҳақиқий розилигини бермаганлиги аниқланса, никоҳ Оила кодекси 14-моддасида назарда тутилган шартлар бузилган деган асос билан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш фақат суд тартибида амалга оширилади. Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қароридан нусха берилаётганда паспортга ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатга тегишли белги қўйилади. Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида суд чиқарган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ўн кун ичида ундан кўчирма никоҳ тузилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленум қарорининг 33-бандига кўра, Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризасини қабул қилишда, судья никоҳнинг ҳақиқийлиги қандай асос бўйича низолашилаётганлигини ва даъвогар Оила кодекси 51-54 моддаларига кўра, айнан даъво аризасида кўрсатилган асос бўйича никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги масалани қўзғатиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифасига кириш-кирмаслигини аниқлаши лозим. Агар аризачи бундай шахслар доирасига кирмаса, судья унинг даъво аризасини қабул қилишни Фуқаролик процессуал кодекси 194-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан рад этади.

Қонунчилигимизга мувофиқ, никоҳ ёшига етмаган шахс билан тузилган никоҳ ҳали никоҳ ёшига етмай никоҳга кирган шахснинг манфаатлари талаб қилган ҳолларда ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Иш судда ҳал қилиниш пайтигача эр ёки хотин никоҳ ёшига етган бўлса, никоҳ фақат унинг талаби билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Эр-хотиндан бири никоҳ ёшига етмаганлиги туфайли никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги иш, агар эр-хотин (улардан бири) иш судда кўрилаётган пайтда никоҳ ёшига етмаган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органининг иштирокида кўриб чиқилади.

Фуқаролик кодексининг 16-моддасида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлганда тузилган никоҳ ҳақиқий эмас деб топилади.  Яъни Никоҳ тузишга: лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида; насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида; лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди.

Агар иш ҳал қилиниш пайтигача никоҳни тузиш учун монелик қиладиган ҳолатлар тугаган бўлса, суд никоҳни ўша ҳолатлар тугаган пайтдан бошлаб ҳақиқий деб топишга ҳақли.

Фуқаролик кодексининг 16-моддасида кўрсатилган асослар бўйича никоҳни ҳақиқий эмас деб топишни эр-хотин, шу никоҳнинг тузилиши натижасида ҳуқуқлари бузилган шахслар, шунингдек васийлик ва ҳомийлик органи ҳамда прокурор талаб қилишга ҳақлидир.

Муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс билан тузилган никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишни суд васийлик ва ҳомийлик органининг иштирокида кўриб чиқади.

Мажбурлаб тузилган никоҳ жабрланувчи (унинг қонуний вакиллари) ёки прокурорнинг аризаси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Эр-хотин сохта никоҳ қайд қилдирган ва оила қурмаган бўлсалар, никоҳ ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Сохта никоҳни ҳақиқий эмас деб топишни прокурор талаб қилишга ҳақли, эр (хотин) оила қуриш мақсадисиз никоҳга кирган ҳолларда эса, бундай талаб хотин (эр) томонидан ҳам қўйилиши мумкин.

Пленум қарорининг 34-банди 6 хатбошисида, сохта никоҳ тузган шахслар иш суд томонидан кўрилгунга қадар амалда оила қурган бўлсалар, бундай никоҳ эр-хотин ҳуқуқларини қўриқлаш мақсадида сохта деб топилиши мумкин эмас.

Шуни алохида таъкидлаш лозимки, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган никоҳ тузилган вақтидан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Ҳақиқий эмас деб топилган никоҳ эр-хотин учун ушбу Оила Кодексида белгиланган шахсий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларни вужудга келтирмайди.

Никоҳи ҳақиқий эмас деб топилган шахсларнинг мулкий ҳуқуқий муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.

Никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши шундай никоҳдан туғилган ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб топилган кундан кейин уч юз кун ичида туғилган болаларнинг ҳуқуқларига таъсир этмайди.

Суд никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаришда шундай никоҳ тузилиши билан ҳуқуқи бузилган эр (хотин)ни (инсофли эр (хотин)ни) ушбу Кодекснинг 118 ва 119-моддаларига мувофиқ хотин ёки эридан таъминот олиш ҳуқуқига эга деб топишга ҳақлидир, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш вақтига қадар биргаликда орттирилган мол-мулкни бўлишга нисбатан эса, Оила Кодекснинг 23, 27 ва 28-моддаларида белгиланган қоидаларни татбиқ этишга, шунингдек никоҳ шартномасини тўла ёки қисман ҳақиқий деб топишга ҳақлидир.

Инсофли эр (хотин) ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашни фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган қоидалар бўйича талаб қилишга ҳақли. Инсофли эр (хотин) никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганда, никоҳ тузиш давлат рўйхатига олинган вақтда танлаган фамилиясини сақлаб қолишга ҳақлидир.

АКМАЛ АКРАМОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси

АЛИМЕНТ ТЎЛАШДАН БОШ ТОРТГАН ОТА ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛДИ

Ўзбекистонда оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбиясига аҳамият бериш ва бу йўлда қайғуришга асосий вазифа сифатида ёндашилади. Бу эса ўз навбатида ҳар бир оиланинг фарзанд олдидаги бурчини янада теранроқ англашини, оилада тарбия учун зарур бўлган муҳит – аҳиллик ва якдилликни талаб қилади.

Афсуски, оиладаги бир бутунлик ҳамиша ҳам сақлаб қолинавермайди. Бу эр ва хотин ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб юз бериши ҳаммага маълум. Булар натижасидан қанчадан-қанча норасида гўдакларнинг “тирик етим” бўлиб қолишлари, шу билан бирга, фарзанднинг моддий таъминоти учун иккинчи тарафдан алимент пули ундириш каби масалалар билан судга мурожаат қилиш ҳолатларининг кўпайиши ачинарли.

Ангор туманида яшовчи Шерхон Ботиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам вояга етмаган фарзандининг тақдирига масъулиятсизлик билан қараб, оилавий низолар туфайли турмуш ўртоғи билан ажрашди.

Шерхон Ботировдан уч нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун алимент ундириш белгиланиб, аммо фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлашдан кўр-кўрона бош тортиб, бир неча маротаба жавобгарликка тортилди. Буни қарангки, жазодан сўнг ҳам унинг сўқир кўзлари очилмади.

Охир-оқибат унинг алиментдан қарздорлиги 28 миллион сўмдан ошди. Судда Шерхон Ботиров ишлари юришмагани сабабли алимент пулларини ўз вақтида тўлай олмаганини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканини маълум қилди.

Суд судланувчи Шерхон Ботировни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топ­ди ва 1 йилу 9 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шунингдек, судланувчидан жабрланувчининг фойдасига 28 миллион сўм алимент пули ундириш белгиланди.

Буни баён этишдан мақсад шуки, фарзандлар нафақат, моддий таъминотдан, балки ота тарбиясидан, меҳридан айрилиб қолмаслиги даркор. Инсон ҳақиқий бахтни фақат оилада топади. Айниқса, фарзандлар меҳри, уларнинг беғубор кулгуси ўрнини ҳеч нарса босолмайди.

Шу маънода фарзандига меҳр бериш, уни баркамол қилиб воя­га етказиш чинакам инсоний бурчдир. Бу инсоний бурчни унутиш ҳеч шубҳасиз, тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

ХАДИЧА РАХИМОВА,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди судьяси

ГИЁҲВАНДЛИК – АСР ВАБОСИ

Амалдаги қонунчилигимизда “Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар” учун қатъий жазо чоралари белгиланган. Аммо жазо қанчалик оғир ва муқаррар бўлмасин, ўз қилмишининг оқибатини ўйламаган айрим инсонларнинг кўзи очилиши қийин.

Юртимизда ҳам наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш мақсадида бир қатор амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Эътиборингизни бир жиноят тафсилотига қаратмоқчимиз.

Қумқурғон туман Ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлинмаси тезкор ходимлари томонидан 2024 йилнинг 26 март куни соат 20:00 ларда Шўрчи тумани “Саксонкапа” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “Олтинсой-Шўрчи” автомабиль йўли четида ўтказилган тезкор тадбир вақтида Ғайрат Амонов (исм-фамилия ўзгартирилган) ёнида кўп миқдордаги “опий” гиёҳванд воситасини қонунга хилоф равишда ўзи истеъмол қилиш мақсадида сақлаб юрганлиги аниқланади ва тезкор ходимлар томонидан ушбу моддалар холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинади.

Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлимининг хулосасида, фуқаро Ғайрам Амоновдан олинган модда “Опий” гиёхвандлик воситаси ва унинг соф оғирлиги 2,60 (икки бутун юздан олтмиш) граммни эканлиги маълум бўлган.

Шунингдек, суд-наркология экспертизасининг тегишли хулосасига кўра, қахрамонимиз Ғайрат Амоновни наркомания “опий” истеъмол қилиш ҳолати мавжудлиги ҳамда мажбурий тиббий даволанишга муҳтож эканлиги аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида судланувчи ва гувоҳнинг кўрсатувларини тингланиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқилиб, ишда мавжуд бўлган далилларни текширилиб, Ғайрат Амонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 276-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топиб, 3 (уч) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, у дарҳол суд залида қамоққа олинди.

Таъкидлаш жоизки, жиноятга албатта жазо муқарар! Зеро, жазо маҳкумни ва бошқа шахсларни янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади.

ШЕРАЛИ ҚОДИРОВ,

Жиноят ишлари Шўрчи туман суди судьяси

МАИШИЙ ШОВҚИН УНИ ЖИНОЯТГА ЕТАКЛАДИ

Пора бериш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш – жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Узунлик Акмал Раимов (исм-фамилия ўзгартирилган) олий маълумотли, 3 нафар фарзандни отаси, боз устига тумандаги умумий ўрта таълим мактабининг бирида ўқитувчи бўлиб ишлайди.

Кунларнинг бирида Акмал иш юзасидан Термиз шаҳрига келади, шаҳарда дўсти-биродарлари билан кўришиб, кечки овқатланишга боради, шу куни кечаси соат 1:30 ларда маст ҳолда Термиз шаҳридаги ўқитувчилар малака ошириш институтига бориб, тунда институт қўриқчиси билан ўзаро тортишиб қолиб, шовқин қилади. Шу вақтда қўриқчи унинг маст ҳолатда эканини ва тинчланишини ҳоҳламаётганини билиб, ички ишлар бўлимига хабар беради, тунги хизматни олиб борувчи жамоат тартибини сақлаш ходимлари келиб уни олиб кетади.

Бу вақтда Акмални ички ишлар ходимлари наркология диспансерига олиб бориб, мастлик ҳолатини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтказишади ва унга тунги вақтда маиший шовқин қилганини тушунтириб, маъмурий баённома расмийлаштириб, жавоб бермоқчи бўлишади, Акмал эса қахрамонлик қилиб ўзининг “Redmi Note 11” русумли қўл телефонини чўнтагидан чиқариб, кузатиб турганида ходимлардан бири эса унинг бўлиб ўтган гап-сўзларни телефонига ёзиб олаётганини пайқаб қолади. Шунда ундан телефонини олиб, аудио ёзувларни ўчиришини айтиб, телефонини хотирасига кирганида, порнографик расмларни борлиги маълум бўлади.

Шу тариқа Акмални қўл телефонини кўздан кечирганида интернет тармоқларидан олинган турли порнографик фото ва видео тасмалар борлиги аниқланади. Сўнг эса ходимлар Акмални хизмат хонасига олиб бориб, телефонни ҳужжатлаштириб олишади ўзига эса ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирилиб, ҳолат юзасидан тушунтириш хати ёзиб беришни сўрайди. Акмал Раимов тушунтириш хати ёзишдан бош тортиб, шу ҳужжатларни расмийлаштиримаслик ва телефонини қайтариб бериш учун ходимга ҳозир чўнтагида бўлган 200.000 сўмни, эртага яна 800.000 сўм беришни айтиб пора таклиф қилади. Ходим томонидан унга бу ҳаракати билан пора бермоқчи бўлаётганини, пора бериш жиноят эканини, жиноий жавобгар бўлиши мумкинлигини айтса-да, Акмал Раимов қайта-қайта 1 млн. сўм пулни пора сифатида таклиф қилаверади.

Акмалнинг бу қинғир ишидан ходим раҳбариятига билдирги билан мурожаат қилади. 2024 йил 1 апрель куни вилоят Ички ишлар бошқармаси Шахсий хавфсизлик бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Термиз шаҳар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида Акмал Раимов ходимнинг хизмат хонасига келиб, ўзига оид маъмурий ҳужжатларни судга юбормаслик, телефонини қайтиб бериш эвазига 1.500.000 сўм қора рангли целлофан пакетга солинган пулларни ходимга берган вақтида ушланади ва ундан берилмоқчи бўлган пуллар ҳужжатлаштириб олинади.

Бу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши доирасида олиб борилган тергов ҳаракатлари якунланиб, иш судга оширилди.

Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди томонидан тумандаги “Янги рўзғор” маҳалласи биносида ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида Акмал Раимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унинг 2 (икки) йил муддатга озодлиги чекланади.

Биргина маиший шовқин уни жиноят кўчасига етаклади.

Фикримиз якунида шуни айтиш жоизки, ҳаётда кечаётган воқеа ва ҳодисалар учун ҳар кимнинг ўзи сабабчи бўлади.

ОЙБЕК ЖУМАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди раиси

ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ БАРВАҚТ ОЛДИНИ ОЛИШ ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИШ

Музработ туман ҳокимлиги фаоллар залида жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди  раиси ва туман Ички ишлар бўлими бошлиғи иштирокида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида Пробация назоратида турган шахслар билан маърифий-ҳуқуқий тадбир ўтказилди.

Маърифий-ҳуқуқий тадбирда Пробация хизмати назорат остида турган шахслар билан жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш юзасидан вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва диний экстремизмга қарши курашиш, фирибгарлик ҳамда ўғирлик, ёшлар ўртасида ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Пробация тўғрисидаги Қонунининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Суд-ҳуқуқ тизимида амалга ошириладиган барча ишлар замирида қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришиш каби эзгу ғоялар ётади. Айнан инсон ва адолатли суд ўртасидаги ўзаро муносабатларда қонунийликни ва адолатни таъминлайдиган ҳаракатлар замирида халқимизнинг осойишта ҳамда рози бўлиб яшаш ҳуқуқи турибди.

Хусусан, ушбу куни ҳам жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, туман Ички ишлар бўлими Пробация гуруҳида жазо ўтаб турган 9 нафар маҳкумларни ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ва 1 нафар маҳкумни эса муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш юзасидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилиб, инсонпарварлик тамойилларига таяниб, Пробация гуруҳи ҳисобида туриб, ҳақиқатда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ва жазо ўташнинг тартиб қоиаларига риоя қилиб, тузалиш йўлига ўтган, судлар томонидан ўрнатилган тақиқ ва чекловларга тўлиқ риоя қилган, ўзининг ҳулқини ижобий томонга ўзгартирган 10 нафар назоратдаги шахслар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Сайёр суд мажлиси якунида раислик қилувчи томонидан иштирокчиларга ҳуқуқ ва мажбуриятларини, жазони ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозимлигини, жазони ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоидаларни бузганлик учун уларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган интизомий чораларни, шунингдек жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниб, жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинланиш оқибатларини тушунтирди.

Мухтасар қилиб айтганда, суд-ҳуқуқ соҳасида Конституциявий талаблар асосида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатлари тўла таъминланмоқда.

ИКРОМЖОН ШАЙМАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси

Яшаш уйида ноқонуний майнинг қурилмаси ўрнатиб олган шахсга ҳукм ўқилди

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида истиқомат қилувчи 34 ёшли йигит Халим Жумаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) яшаш уйида ноқонуний майнинг қурилмаси ўрнатиб олиб, ҳар бири 1,6 кВт дан жами 3,2 кВт бўлган 2 дона “BITMAIN ANTMINER L3+” русумли майнинг қурилмаларини ўзбошимчалик билан электр тармоғига тўғридан-тўғри улаб олганлик ҳолати тезкор тадбир давомида аниқланади. Электр тармоғидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси манфаатига 178.329.060 сўм миқдорда моддий зарар етказган.

Ушбу ҳолат юзасидан тезкор тадбир давомида Халим Жумаевнинг хонадонидан 2 дона “BITMAIN ANTMINER L3+” русумли майнинг қурилма, 1 дона “Kenweiiрc” номли электр таъминловчи қурилма, 1 дона “Shenzhen cloudic Technology” номли электр таъминловчи қурилма, 1 дона“iON” номли UPS, 1 дона “Huawei” номли Wi-Fi аппарати, 1 дона “Huawei” номли Wi-Fi аппарати, 1 дона “Prima” номли электр токини меёрлаштирувчи қурилма, 1 дона “Iphone Рro Мах.12” (ичидаги барча маълумотлар ўчирилган ҳолда) маркали телефон аппарати, 1 дона “Elit ва Mercury” номли UPS ҳамда 1 дона “Tenda” номли қурилма, 10,5 метр “АПР-2х8мм2” русумли электр токини ўтказувчи сим, 4 та розетка, 18,5 метр шиша толали сим, 1 дона “Драйвер”, 1 дона “VIDEO PLAYER RF CHANGEOVER” ва 2 дона “UZTELEKOM” маркали қурилмалар, 2 дона қувватлаш мосламаси, 1 дона “FSP GROUP INC” маркали қурилмалар тегишли тартибда ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.

Мутахассислар хулосасига кўра, ушбу фуқаро ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиб олиб, ноқонуний фойдаланиши натижасида, 20.11.2021 йилдан 14.06.2023 йилгача электр энергиясига 118.402.560 сўмлик, шунингдек 15.06.2023 йилдан 29.01.2024 йилгача ўғирлаган электр энергиясидан 59.926.500 сўмлик моддий зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, судланувчи, фуқаровий даъвогар ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқилиб, ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо берилиб, суднинг ҳукми эълон қилинди.

Судланувчи Халим Жумаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1852-моддаси 3-қисми ва 169-моддаси 2-қисми “б,д” бандлари билан айбли деб топилиб, унга нисбатан узил-кесил 3 (уч) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.

Шунингдек, суд ҳукми билан судланувчидан Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси фойдасига 108.329.060 сўм зарар ундириш белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу кимсаларнинг қилмишини баён этишдан мақсад шуки, бу ҳаётда ҳеч қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Шундай экан, бебаҳо умрни эзгу ишларга бағишлаш, ҳаётда ўзидан яхши ном қолдиришга не етсин?!

Хулоса шуки, қонун устувор ва жазо муқаррар.

АББОС РАХМАТОВ,

Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман суди раиси

Skip to content