ТАДБИРКОРЛИККА КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР ЯРАТИЛМОҚДА

Аҳолини тадбиркорликка жалб қилишни янада жадаллаштириш, тадбиркорлик ташаббусини амалга ошириш учун қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шарт-шароитларни таъминлаш, республикамиз тадбиркорлик субъектларининг халқаро ишбилармонлик ҳамжамиятига интеграциялашувини кенгайтириш борасидаги Савдо-саноат палатаси фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 23 январь куни ПҚ-15-сон “Савдо-саноат палатаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарор кўра, микро, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари Савдо-саноат палатаси аъзолигига текин қабул қилинади.

Шу билан бирга, Савдо-саноат палатасига бир қатор ваколатлар берилди.

Жумладан, палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб Олий судга ариза бериши ҳамда иқтисодий, маъмурий, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриб чиқиш юзасидан шикоят киритиши мумкин.

Шунингдек, 2023 йил 1 февралдан микро, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари Палата аъзолигига, аъзолик ва кириш бадалларидан озод қилинган ҳолда, текин қабул қилиниши белгиланган.

Палата тадбиркорларнинг манфаатларида судларга тақдим этадиган ариза, даъволар ҳамда апелляция ва кассация шикоятлари бўйича давлат божи тўловларидан озод этилади.

Мазкур Қарор билан палатанинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида жамоатчилик асосида камида 20 нафар илғор тадбиркорлардан иборат Тадбиркорлик кенгашлари ташкил этилди.

Бу қарордан кўзланган асосий мақсад шуки, мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя этилишда Савдо саноат палатасининг ролини янада оширишдан иборатдир. Бу эса мамлакатда соғлом тадбиркорлик муҳини ва фаол инвестициявий шароитни яратишга хизмат қилади.

Меҳриддин Холбеков

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ОИЛАНИНГ МУСТАҲКАМЛИГИ – ЖАМИЯТ ФАРАВОНЛИГИНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига кўра, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Оила давлат томонидан ҳимоя қилиниши кафолатланганлиги тўғрисидаги нормаларнинг мавжудлиги никоҳ-оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришда судлар зиммасига катта масъулият юкланган.

Судлар оила тўғрисидаги қонунчилик вазифаларидан келиб чиқиб, қонунда назарда тутилган ҳамда оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин ва уларнинг болалари ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча чораларни кўришлари лозим.

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судига даъвогар М.Юсупов (барча исм-шарфлар ўзгартирилган) жавобгар А.Машариповага нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза билан муражаат қилиб, у жавобгар билан 2015 йил 5 август (йил ва кун ойлари ўзгартирилган) куни Қумқўрғон туман ФХДЁ бўлими томонидан қонуний никоҳдан ўтганлиги, ўрталарида бир нафар Нилуфар исмли вояга етмаган фарзанди борлиги, ўрталаридаги келишмовчилик сабабли 2019 йил ноябрдан буён эр-хотинлик муносабатда эмаслиги,  оилани тиклаш имкони йўқлигини кўрсатиб, суддан шу асосларга кўра уларни никоҳдан ажратишни сўраган.

Биринчи инстанция суди томонидан тарафларга ярашиш ва оилани сақлаб қолиш мақсадида берилган олти ой муҳлатда улар ярашмаган ва оилани сақлаб қолиш чораларини кўрмаганлар.

Мазкур даъво аризаси юзасидан иш холатлари ва ишда ўрганилган далиллардан кўринишича, тарафларда мавжуд никоҳни бекор килиш учун ҳақиқий ҳоҳиш-ирода мавжуд бўлмасдан, уларнинг бундай қарорга келишларига уларнинг ўзаро келишмовчиликлари сабаб бўлганлиги, тарафлар ўртасидаги оила бархам топган деб ҳисоблаш учун етарли асослар мавжуд эмаслиги, бу ҳолатлар эса эр-хотинлик муносабатлари тугаган деб ҳисоблашга асос бўла олмаслиги, қурган оилалари ёш оила эканлиги ва ўрталарида вояга етмаган фарзанди келажагини инобатга олиниб, фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 2022 йил 10 декабрдаги ҳал қилув қарорига асосан даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантиришдан рад қилинган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, бундай ҳолатда судлар тарафларнинг никоҳдан ажратмаслиги, жамиятда оила мустаҳкамлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш демократик ҳуқуқий давлат ҳамда эркин фуқаролик жамиятни барпо этиш йўлидаги муҳим вазифа ҳисобланади.

Нилуфар Тўраева

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси

СУДЛАР ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ МУҲИМ ВАЗИФА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январда  “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  ПФ-12-сонли Фармони қабул қилинди.

Фармонда, одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятида 2023 йил 1 сентябрга қадар «Судларда прокурор иштироки» ахборот тизимини яратиб, 2024 йилдан амалиётга тўлиқ жорий этиш, 2023 йил 1 июлдан Бош прокуратура ва Олий суд ахборот тизимларини интеграция қилиш йўли билан ўзаро ҳужжат алмашинувини тўлиқ йўлга қўйиш белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг эмблемаси намунаси тасдиқланди.

  Олий судга Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

-илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказиш;

-айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартибини белгилаш;

-фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича тарафларни келиштириш ва медиация институтини кенг жорий этиш бўйича асослантирилган таклифларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилишини таъминлаш юклатилди.

Бундан ташқари, мазкур Фармон билан Олий судга Судьялар олий кенгаши ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 июлга қадар ушбу бандда назарда тутилган янги механизмлар жорий этилиши натижасида иш юкламаси мақбуллаштирилган судларнинг штат бирликларини самарали тақсимлаш бўйича асослантирилган таклифларни ва  Бош прокурорга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда илғор хорижий тажрибани ҳамда судларда кўриладиган иш ҳажмини инобатга олиб, айрим йўналишларда прокурор назоратини қисқартириш, шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги ташкилотлар штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан Ихтисослашган прокурорлар корпуси штат бирликлари сонини кўпайтириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш белгиланди.

Бинобарин, ушбу Фармоннинг аҳамияти – келгусида одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайиши ва судлар фаолияти самарадорлигини ошишига хизмат қилади.

Мансур Абдурахманов

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

ДЎКОНГА КИРГАН ЎҒРИ

Баъзи бир кимсалар ҳамиша бошқаларнинг чўнтагидаги пулларни санаб юради. Фурсат бўлди, дегунча, уларга эгалик қилиш ҳаёлида бўлади. Баъзан бу истак кучлилиги сабабли ўғирлик қилиш ҳолатлари кузатилади. Масалан, бундай кимсалар олдиндан тузилган режа асосида ўзгаларнинг мол-мулки ёки пулларини қўлга киритиш ёки тортиб олишга ҳаракат қилади.

Ангор туманида 1985 йилда туғилган, бир неча бор жиноят содир этганлиги сабабли суднинг қора курсисида ўтириб, тавба қилмаган Р.Ботиров (исм-шарифи ўзгартирилган) текин даромад топиш илинжида ўзгалар мол-мулкини яширин равишда қўлга киритиш учун жиноятга қўл урди.

Жумладан, у аввал ҳам ўғрилик содир этиб, ўзгаларнинг мол-мулкини талон-торож қилиб, пулларини ўз эҳтиёжи учун ишлатиб келган. Бу кимса ҳар гал бозорлар оралаб, савдогарларни келиш ва кетиш вақтини кузатади. Шу тариқа 2022 йил 4 январь кунидан 5 январь кунига ўтар кечаси соат тахминан 01:30 ларда тумандаги Наврўз махалласи ҳудудида жойлашган савдо дўконларини олд томонида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиладиган жойдан фуқаро А.Кга тегишли ёнғоқ ва писта маҳсулотлари қаровсиз қолдирилганлигидан фойдаланиб, ушбу маҳсулотларини яширин равишда қўлга киритган ва Термиз шаҳрида жойлашган “Яшил дунё” номли озиқ-овқат бозорига олиб бориб жами 1.600.000 сўмга сотиб юборган. Р.Ботиров харидордан олган ушбу пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган.

Албатта, ўзгалар мулкини ўғрилик қўлга киритиш қонунларимизда жиноят ҳисобланади. Жиноятни содир қилган кишига эса жазо ҳамиша муқаррар.

Текин даромад, ўзгалар мол-мулкига кўз олайтириш, ўғирлик қилиш ҳеч қачон яхшилик билан тугаган эмас. Йиллар давомида ўзгаларнинг мулкларини ўғирлик йўли билан қўлга киритиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юрган Р.Ботировнинг ўғриликлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан фош этилди ва суд унга қилмишига яраша жазо тайинлади .

Фикримиз сўнгида ўғирлик жинояти жабрланувчисига айланиб қолишдан сақланинг деймиз.

Бекзод Чаршанбиев

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди девонхона мудири

“ЗЎРАВОНЛИКДАН ЖАБРЛАНГАНЛАР ҲУҚУҚЛАРИ – ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА”

Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича комплекс чора-тадбирлар, хусусан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, бу борада давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини такомиллаштириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017– 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида“ нотинч оилалар фарзандлари, уюшмаган ёшлар, иш билан банд бўлмаган, “оммавий маданият” таъсирига тушиб қолган йигит-қизларнинг хатти-ҳаракатларини назоратга олишда уларнинг ота-оналари масъулиятини ошириш, кашандалик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилиш ва бошқа иллатлар профилактикаси каби долзарб вазифалар назарда тутилган. Бу эса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига илғор иш усулларини жорий этиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш бўйича фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлик ташкил этишни тақозо этади. Бугунги кунда ҳудудларда содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, жиноятларнинг содир этилиши сабаблари, шахсда ғайриижтимоий хулқ-атвор ва хусусиятларнинг шаклланишига ҳамда турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишига, қонунга ёки қонун ижросига путур етказадиган, унга риоя қилишга тўсқинлик қиладиган омиллар оиладаги муҳит таъсирида юзага келади. Зеро, ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг келиб чиқишида оиладаги носоғлом ижтимоий-руҳий муҳит муҳим рол ўйнайди. Маълумки, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ва салбий иллатларнинг томири оилада шаклланади. Оила шахсни ижтимоий ҳаётга тайёрлаш, маънавий ва ахлоқий тарбиялаш,шахслар билан бўладиган ижтимоий муносабатлар жараёнида ўзини тутиш каби инсоний хусусиятларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда шахс ҳаёти ва соғлиғига қарши жиноятларнинг 40 фоизи, ҳар тўртта қотилликнинг биттаси, қасддан баданга шикаст етказишларнинг ҳар бештадан биттаси, ҳақорат қилиш ва туҳматнинг саккизтадан биттаси айнан оила-турмуш соҳасида содир этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг: “Оилаларда носоғлом муносабатлар, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги жанжаллар, хотин-қизларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари борлиги шахсан мени қаттиқ изтиробга солмоқда” деган фикрлари мавзунинг қанчалик долзарб эканлигини яққол кўрсатиб туриб.

Ички ишлар органлари ходимлари тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда биринчи бўғинлардан бири бўлиб, ходимларнинг малакаси ва зўравонлик содир этилган ҳолларда амалга оширилган дастлабки ҳаракатлари катта аҳамиятга эгадир.

Дунёдаги барча давлатларнинг миллий қонунчилигида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, хусусан шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини турли жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишга алоҳида аҳамият берилган.Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида “инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси эканлиги“3 эътироф этилган. Зўравонликдан эркаклар ҳам жабрланиши мумкин, лекин хотин-қизларнингзўравонликдан жабрланиш эҳтимоли юқорилиги, зўравонлик турлари, оғирлик даражаси ва келиб чиқадиган оқибатлар кескин фарқланишини инобатга олган ҳолда, сўнгги ислоҳотлар айнан уларни ҳимоя қилишга қаратилган. Мазкур муаммо (латентлиги)нинг юқорилиги шундаки, жабрланувчилар ўзларига етказилган зарарни нормал ҳаёт деб тушуниши, оиласининг сири овоза бўлиб кетмаслиги ёки оила бузилиб кетмаслиги, ота-онаси ёхуд турмуш ўртоғининг обрўсини тўкмаслик учун ҳеч қаерга мурожаат қилмайдилар. Зўравонликнинг кўринишлари турлича бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ Қонунида зўравонликнинг тўрт асосий тури белгиланган. Руҳий зўравонликдан зулм ўтказаётганшахс анонимлиги, Интернет орқали ёқимсиз хабарлар туну кун кенг оммага тарқалиши билан фарқланиб, жабрланувчига ғоят катта азоб-уқубат келтириши билан кескин фарқланади. Интернет тармоғидан фойдаланиб, иш ёки ўқиш жойи, оилада турли хил ҳақоратлар, туҳмат, таъна, миш-мишлар, уйдирма хабарлар тарқатишда ифодаланади. Шунингдек, Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали инсонинг руҳиятига қаттиқ таъсир этувчи, уни изтиробга солувчи бешафқат муносабат ва зўравонлик саҳналарини намойиш этишни ҳам шахсга бўлган зўравонлик, деб эътироф этишимиз мумкин. Оилада содир этиладиган зўравонлик иш жойидаги ва таълим муассасаларида содир этилган қилмишлардан ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради: Зўравон шахс жабрланувчини тўлиқ назорат эта олади, жабрланувчи зўравондан қочиши ва хавфсиз қолишининг имкони йўқ; Зўравонлик бир шахснинг бошқа шахсга нисбатан устунлик қилиш ва уни назорат қилиш мақсадида содир этилади; Деярли барча оила аъзолари зўравонликдан жабр чекадилар; Зўравон шахс ва жабрланувчи ўртасида эмоционал боғлиқлик мавжуд. Жабрланувчи зўравонга нисбатан кучли эмоционал қарамликни ҳис этиши ва учинчи шахс ёрдам бермоқчи бўлганида зўравоннинг ёнини олиши мумкин. Жабрланувчининг бундай хулқ-атвори психологияда «Стокгольм синдроми» номи билан машҳур; Жамият аъзолари оила ишига аралашишни хоҳламайдилар ва жабрланувчиларнинг ўзлари ҳам оиладаги вазият ҳақида сукут сақлашни афзал биладилар; Оилада содир этилган зўравонлик даврий характерга эгадир. Доктор Ленор Уолкер назариясига кўра, оилавий зўравонлик тўрт босқичдан иборат бўлган ва такрорланиши ортиб борадиган ҳаракатлар циклидан иборат.

Муротали Абдимўминов

Жиноят ишлари бўйичаБандихон туман суди раиси

НИКОҲДАН АЖРАТИШ ҚАНЧА МУДДАТГА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида никоҳ тузиш тартиби ва никоҳдан ажратиш тартиби белгиланган.

Никоҳ – фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади.

 Шунингдек, Оила кодексининг 14-моддасига кўра,  никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади.

Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланади.

Бундан ташқари,Оила кодексида никоҳнинг тугатилиши, никоҳдан ажратиш тартиби белгиланган.

 Эр-хотиндан бирининг вафоти ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши оқибатида никоҳ тугайди.

Никоҳ эр-хотиндан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига мувофиқ никоҳдан ажратиш йўли билан, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган эр ёки хотиннинг васийси берган аризага мувофиқ тугатилиши мумкин.

Никоҳдан ажратиш суд тартибида ва Оила кодекснинг 42 ва 43-моддаларида назарда тутилган ҳолларда (вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, агар эр-хотиндан бири суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса, суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса) эса, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади.

 Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Суд ишнинг кўрилиши жараёнида эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли.

Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Оила муқаддаслиги боис маҳалла, оила ва хотин-қизлар ташкилотлари, бутун жамоатчилик томонидан ажрим ёқасига келган оилаларни тиклаш, яраштириш чоралари кўрилади.

Оилани яраштириш ва сақлаб қолиш чоралари кўрилгандан кейин, кодекснинг 41-моддасига кўра, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.

Юқорида никоҳдан ажратиш ҳақида сўз юритдик, аммо таъкидлаш жоизки судлар энг аввало оила тўғрисидаги қонунчилик вазифаларидан келиб чиқиб, қонунда назарда тутилган ҳамда оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин ва уларнинг болалари ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча чораларни кўришлари лозим.

Мансур Абдурахманов

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

ЯШАШ ЖОЙИГА ЭГА БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИ РЕАБИЛИТАЦИЯ МАРКАЗИГА ЖОЙЛАШТИРИШНИНГ ЯНГИ ТАРТИБИ БЕЛГИЛАНДИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини мустаҳкамлашга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш орқали уларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатишга, шунингдек уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари яратилган.

Бугунги кунга қадар ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномалари туманлараро маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилаётган эди.

Бу эса, туманлараро маъмурий судлар фақат вилоят марказларида жойлашганлиги, ҳудудлар географик жойлашуви бўйича бир-биридан узоқда жойлашганлиги ва ички ишлар органлари ходими мазкур иш билан шуғулланиши давомида ўз хизмат жойини узоқ муддат бўш қолдираётганлиги туфайли муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш амалиётини фуқароларга қулайликлар яратиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келтирмоқда эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 16 декабрь куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқишга доир нормаларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўтказиш ҳамда тегишли ишларни кўриб чиқишни маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларга ўтказиш белгиланди.

Қонунда белгиланган нормалар муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш билан боғлиқ қийинчиликларнинг ва ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ички ишлар органлари материалларни тайёрлаб,   шахс аниқланган ёки марказ жойлашган жиноят ишлари бўйича судга муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни 30 суткагача реабилитация марказига жойлаштириш ҳақида илтимоснома киритади.

Илтимоснома келиб тушгандан бошлаб 24 соат ичида ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Шахсни реабилитация марказига жойлаштириш ёки илтимосномани рад этиш ҳақидаги қарор эълон қилинган пайтдан кучга киради ва зудлик билан ижро этилиши лозим.

Шахсни реабилитация марказига жойлаштириш ҳақидаги қарорга 3 кун ичида шахс томонидан, унинг қонуний вакили ва адвокати томонидан апелляция шикояти, прокурор томонидан – протест келтирилиши мумкин. Мазкур Қонун “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган ва 2022 йил 17 декабрь кунидан кучга кирди.

З.Мавлонов

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

КЎЧМАС МУЛККА БЎЛГАН ҲУҚУҚЛАРНИ ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ҚОНУН БИЛАН БЕЛГИЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 28 ноябрь куни имзоланган «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, ер участкаларига, биноларга, иншоотларга, шу жумладан қурилиши тугалланмаган объектларга, кўп йиллик дов-дарахтларга, мулкий мажмуа сифатидаги корхоналарга бўлган мулкий ҳуқуқларининг кафолатлари белгиланди.

Мазкур Қонун жамоатчилик муҳокамасидан сўнг, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 21 июнь куни қабул қилинган ва Олий Мажлиснинг Сенати томонидан 2022 йил 7 октябрь куни маъқулланган.

Ушбу Қонун асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат орган сифатида, ушбу Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси эса кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган сифатида белгиланди.

Шунингдек, мазкур Қонунда давлат рўйхатидан ўтказиладиган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва чекловлар ҳам белгиландики, унга кўра мулк ҳуқуқи, доимий эгалик қилиш ҳуқуқи, доимий фойдаланиш ҳуқуқи, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи, ижара ҳуқуқи, иккиламчи ижара ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи, оператив бошқариш ҳуқуқи, кўчмас мулкни ишончли бошқариш ҳуқуқи, бепул фойдаланиш ҳуқуқи, рента, ипотека, сервитут ҳуқуқлари ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларга нисбатан қонундан келиб чиқадиган ёки ваколатли давлат органлари томонидан қўйилган (белгиланган) чекловлар давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим:

Ушбу Қонун билан кўчмас мулкнинг кадастр йиғмажилдини шакллантириш учун ер участкаларининг белгиланганлиги (реализация қилинганлиги), бинонинг, иншоотнинг қурилганлиги ва фойдаланишга топширилганлиги, белгиланган тартибда ажратилган ер участкасида қурилиши тугалланмаган объектнинг мавжудлиги, ️кўчмас мулкнинг бўлинганлиги, кўчмас мулкнинг бирлаштирилганлиги асос бўлиши ҳамда давлат реестри кўчмас мулк, унга бўлган ҳуқуқлар, шунингдек ҳуқуқ эгалари тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси тарздаги тизимлаштирилган маълумотлар тўпламидан иборат эканлиги ҳам белгиланди.

Бундан ташқари, мазкур Қонун билан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ бўлган низоларни судгача ҳал этиш тартиби ҳам белгиландикик, унга кўра мазкур низоларни судгача ҳал этиш учун рўйхатдан ўтказувчи орган раҳбарининг буйруғига мувофиқ беш кишидан кам бўлмаган рўйхатдан ўтказувчи орган ҳудудий бошқармасининг, Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаларининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаларининг масъул ходимларидан иборат таркибда Комиссия тузилади.

Мазкур комиссия мурожаатни кўриб чиқиш натижаларига кўра, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни бекор қилиш ҳақидаги, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишни бекор қилиш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ўз кучида қолдирилиши ҳақидаги, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ўз кучида қолдирилиши ҳақидаги қарорлардан бирини қабул қилади.

Ушбу Қонуннинг якунловчи қоидаларида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши ҳам алоҳида белгиланди. Мазкур Қонун матбуотда 2022 йилнинг 28 ноябрь куни расмий эълон қилинган бўлиб, ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

З.Мавлонов

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

СУД АЁЛДАН УНИНГ КАСАЛЛИГИ ТУФАЙЛИ ФАРЗАНДИНИ ЭРИГА ОЛИБ БЕРИШИ МУМКИНМИ?

Маълумки, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Мазкур Кодекснинг 74-моддасига асосан ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олишлиги қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорида суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Оила кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда, вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим. Бунда суд ота-онадан бирининг моддий-маиший аҳволи устунлигининг ўзи болани унга олиб бериш учун асос бўла оладиган шарт ҳисобланмаслигини назарга олган ҳолда, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлигини, болаларнинг ёшини ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлигини, ота-онанинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг маълумот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини эътиборга олишлиги белгиланган.

Дарҳақиқат, суд 10 ёшга тўлган боланинг ота-онасининг қайси бири билан яшаш истаги борлигини ҳам эътиборга олиши мумкин. Юқоридаги қонун талабларида кўрсатилганидек, ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Судлар болани алоҳида яшаётган ота-онадан бирида қолдиришда боланинг манфаатини эътиборга олишади. Ота-онадан бирининг моддий аҳволининг устунлиги болани унга олиб бериш учун асосий шарти ҳисобланмайди. Шунингдек, онанинг касаллиги ундан болани олиб, отага бериш учун асосий шарт ҳисобланмайди. Бундай ҳолатларда судлар она ўзининг касаллиги туфайли болага қай даражада ғамхўрлик ва эътибор кўрсата олаётганлигини, она касаллиги туфайли боланинг тарбияси билан шуғуллана олаётган ёки олмаётганлиги каби ҳолатларни, шунингдек боланинг ҳам фикри ва хохишларини инобатга олган ҳолда иш ҳолатларидан келиб чиқиб, қарор чиқаради.

Б.Авазов

Сурхондарё вилоят суди

судья катта ёрдамчиси

ЯНГИ ТАҲРИРДА МЕҲНАТ КОДЕКСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 28 октябрда “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги ЎРҚ-798 сонли Қонуни имзоланди.

Таъкидланишича, 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслиги ва хусусий тадбиркорлик ривожланиши жараёнида иш берувчининг масъулиятини, фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги, турли хил шаклларининг фаол ривожланишини ҳисобга олмайди.

Шунингдек, иш берувчиларга, хусусан қўшимча ишчиларни меҳнатга жалб қилишнинг содда шаклларини танлашга имкон берадиган етарли шарт-шароитлар яратмайди.

Янги таҳрирда кодексга кўра, якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий принциплари этиб қуйидагилар белгиланди:

-меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш;

-меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш;

-меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик;

-меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги;

-ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги.

Жумладан, меҳнат эркинлиги ҳар кимнинг меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, машғулот турини, касбни ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқини англатади.

Давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди.

Бунда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари жумласига қуйидагилар киради:

-14 ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота-она, шунингдек кўп болали оилалардаги ота-оналар;

-умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларини, касб-ҳунар мактаблари ва коллежлари ҳамда техникумларини тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар;

-“Меҳрибонлик” уйларининг битирувчилари, шунингдек олий таълим ташкилотларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари;

-Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;

-ногиронлиги бўлган шахслар;

-пенсияолди ёшидаги шахслар (қонунда белгиланган пенсия ёшига қадар икки йил олдин);

-жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар ёки суднинг қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар;

-одам савдосидан жабрланганлар.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.

Қонун кучга кириши билан “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун (21.12.1995 й.) ўз кучини йўқотади.

Кодекс меҳнат ҳуқуқининг айрим институтларига бағишланган ва бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби янги нормаларни ўз ичига олган. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилиниши бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилар манфаатлари мувозанатини таъминлайди. Шунингдек, Меҳнат кодекси қоидаларини халқаро ҳуқуқ нормалари, шу жумладан, Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларга мослаштиришга хизмат қилади.

С.Бўтаев

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси

Skip to content