Мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш мақсадида Президентимиз томонидан 2026 йил 3 мартда қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ-33-сонли Фармон қабул қилинди.
Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда жамиятда бундай иллатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда қабул қилинган Президент Фармони суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш ва жабрланувчиларнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Мазкур Фармон инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва болалар манфаатларини таъминлаш борасида давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқади. Фармон билан аёллар ва болаларга нисбатан содир этиладиган жиноятларни кўриб чиқишда суд тизимига алоҳида масъулият юклатилди.
Хусусан, 2027 йилдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик жиноятлари, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судялар томонидан кўриб чиқилади. Шунингдек, терговчи ва судялар учун “Жиноятдан жабрланган аёллар ва болалар билан ишлашнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари” бўйича махсус ўқув дастурлари жорий этилиши назарда тутилган. Бу амалиёт суд тизимининг ихтисослашувини кучайтиради. Бу эса суд муҳокамасининг профессионал даражасини ошириш, жабрланувчиларнинг манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилиш ва суд жараёнларида инсон ҳуқуқлари стандартларига қатъий риоя этилишини таъминлашга хизмат қилади.
Шуни таъкидлаш керакки, “Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш” бўйича қабул қилинган Фармон, мамлакатимизда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликни камайтириш ва уларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш борасида муҳим қадамдир. Фармон, нафақат ҳуқуқий асосни мустаҳкамлаш, балки жамиятда зўравонликка қарши курашиш бўйича муросасизлик муҳитини яратишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 47-бобида қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тартиби белгилаб берилган.
Ушбу бобнинг 437-моддасига кўра, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари, ажримлар ва қарорлар янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрилиши мумкинлиги назарда тутилган.
Ҳал қилув қарорлари, ажримлар ва қарорларни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун қуйидагилар асос бўлади:
1) аризачига номаълум бўлган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, лекин иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар, агар улар ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлса;
2) суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган, қонунга хилоф, асоссиз ёки адолатсиз қарор чиқарилишига сабаб бўлган ҳолатлар, яъни гувоҳнинг била туриб берган ёлғон кўрсатуви, экспертнинг била туриб берган ёлғон хулосаси, атайин нотўғри қилинган таржима, қалбаки ҳужжатлар ёки далиллар;
3) тарафларнинг, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг ёки судьяларнинг мазкур иш бўйича қонунга хилоф, асослантирилмаган ёхуд адолатсиз суд ҳужжати қабул қилинишига сабаб бўлган, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган жиноий қилмишлари;
4) суд ҳал қилув қарорининг, ҳукмининг, ажримининг ёки қарорининг ёхуд шу ҳал қилув қарори, ажрим ва қарор чиқарилишига сабаб бўлган бошқа орган қарорининг бекор қилиниши.
Қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори янги очилган ҳолатлар бўйича ушбу ҳал қилув қарорини чиқарган суд томонидан янгидан кўрилади. Апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси судларининг қайси ажримлари ва қарорлари бўйича биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгартирилган ёхуд янги ҳал қилув қарори қабул қилинган бўлса, ўша қарорлар ва ажримларни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш суд ҳужжатини ўзгартирган ёки янги ҳал қилув қарори қабул қилган суд томонидан амалга оширилади.
Янги очилган ҳолатлар бўйича ҳал қилув қарорини, ажрим ёки қарорни қайта кўриш ҳақидаги ариза ҳал қилув қарорини, ажримни ёхуд қарорни чиқарган судга ишда иштирок этган шахслар томонидан берилади. Ишда иштирок этувчи шахслар бундай аризани ҳал қилув қарорини, ажримни ёки қарорни қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар маълум бўлган кундан эътиборан уч ой муддат ичида бериши мумкин.
Ариза билан мурожаат этган шахснинг илтимосномасига кўра, ўтказиб юборилган аризани бериш муддати, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, суд томонидан тикланиши мумкин.
Ариза бериш муддати:
-ушбу Кодекс 437-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандида назарда тутилган ҳолларда – иш учун жиддий аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар очилган кундан эътиборан;
-ушбу Кодекс 437-моддаси иккинчи қисмининг 2 ва 3-бандларида назарда тутилган ҳолларда – суднинг ҳукми қонуний кучга кирган кундан эътиборан;
-ушбу Кодекс 437-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган ҳолларда – қайта кўрилаётган ҳал қилув қарорига, ажримга ёки қарорга асос бўлган ҳукмга, ҳал қилув қарорига, ажримга ёхуд қарорга мазмунан қарама-қарши бўлган суд ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан ёхуд бошқа органнинг ана шундай қарори чиқарилган кундан эътиборан ҳисобланади.
Ҳал қилув қарорини, ажримни ёки қарорни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза судга ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида берилади. Ариза уни бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Суд қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ариза берилаётган суднинг номи;
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми (номи), уларнинг яшаш жойи (жойлашган ери) ва почта манзили;
3) аризачи янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни талаб қилаётган суд ҳужжатини қабул қилган суднинг номи, ишнинг рақами, суд ҳужжати қабул қилинган сана;
4) аризачининг фикрига кўра, суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўлаётган янги очилган ҳолатлар, уларни тасдиқловчи ҳужжатлар;
-ариза вакил томонидан имзоланган тақдирда, вакилнинг уни имзолашга бўлган ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат.
Янги очилган ҳолатлар бўйича ҳал қилув қарорини, ажримни ёки қарорни қайта кўриш тўғрисидаги ариза судга келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда суд мажлисида, аризачини ва ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда кўрилади. Бироқ бу шахсларнинг келмаганлиги аризани кўришга тўсқинлик қилмайди.
Суд янги очилган ҳолатлар бўйича ҳал қилув қарорини, ажримни ёки қарорни қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб, уни қаноатлантиради ва ҳал қилув қарорини, ажримни ёки қарорни бекор қилади ёхуд ишни қайта кўришни рад қилади. Ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга тилхат олиб топширилади ёки уларга почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади.
Ҳал қилув қарорини, ажримни ёки қарорни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризани қаноатлантириш ёки рад қилиш тўғрисидаги суд ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.
Хусусий шикоятда (протестда) хусусий шикоят (протест) берган шахснинг ёки унинг вакилининг телефонлари ва факслари рақамлари, электрон почта манзили кўрсатилиши мумкин.
Ҳал қилув қарорини, ажримни ёки қарорни қайта кўриш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда, иш суд томонидан умумий асосларда кўрилади.
Таъкидлаш керакки, янги ҳолатлар аниқланганда уларни қайта кўриб чиқиш тартиби келгусида суд қарорларининг адолатли ва қонуний бўлишини таъминлайди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини, оналик ҳамда болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, уларнинг қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун жамиятда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айланди.
Сўнгги йилларда жамиятимиз гултожларининг орзу истакларини рўёбга чиқариши учун давлат ва жамоат ташкилотларида хизмат қилаётган аёллар меҳнати муносиб рағбатлантирилиб келинмоқда.
Вилоятда одил судловни таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизлар улуғланган тантанали тадбирда вилоят суди раисининг ўринбосари Зоир Русьамов юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини оширишга қаратилаётган юксак эътибор ҳақида сўз юритди. Соҳа фидойилик билан хизмат қилаётган хотин-қизлар меҳнатини алоҳида эътироф этиб, уларни байрам билан табриклади.
Маълумки, суд соҳасида ҳам сўнгми йилларда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳада биз, хотин-қизларнинг меҳнат қилишимиз учун ҳам кенг имконият яратиб берилди. Байрамлар арафасида камтарона меҳнатларимиз алоҳида эътиборга олиниб, эътироф этилаётганидан фахр ҳиссини туймоқдамиз. Айниқса, кейинги йилларда тизимда хизмат қилаётган хотин-қизлар сафининг сезиларли ортгани жамиятимизда қонун устуворлиги ва гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида юз берган янгиланишлар натижасидир.
Сурхондарё вилояти судларида юзга яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Уларнинг беш нафари судьялик касбини шараф билан эъзозлаб, одил судловни амалга ошириш ва адолатли жамият барпо этишга муносиб ҳисса қўшаётир.
Вилоят судида ўтказилган тантанали тадбирда ҳам соҳада хизмат қилаётган хотин-қизларга вилоят суди рабариятининг эсдалик совғалари топширилди.
Денов Тадбиркорлик ва педагогика институти биносида ўтказилган сайёр қабулда суд-ҳуқуқ масалаларига доир жами 25 нафар фуқаролар қабул қилинди.
Қабул қилинган фуқаролар мурожаатларининг 20 таси жиноят ва 5 таси фуқаролик судловга тааллуқлидир.
Сайёр қабулда вилоят суди раҳбарияти томонидан қабул қилинган 5 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаати тингланиб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, 20 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаати жойида ижобий ҳал этилди.
Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 24 нафар фуқаронинг алимент ундириш тўғрисидаги аризалари кўриб чиқилиб, уларнинг аризалари қаноатлантирилди ва Мажбурий ижро бюросининг тегишли ҳудудий бўлимига юборилди.
Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Шўрчи, Олтинсой, Сариосиё ва Узун туман судлари томонидан сайёр суд мажлисида тақдимнома (илтимоснома)лар асосида 20 нафармаҳкум ўталмай қолган ахлоқ тузатиш ишлари ва бошқа жазолардан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Бу каби сайёр қабуллар суд тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда судларга бўлган ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Дарҳақиқат, юртимизда китоб ўқиш маданиятини кенг оммалаштириш, янги нашрларни йўлга қўйиш ҳамда аҳоли орасида китобга қизиқишни кучайтириш, кутубхоналар ва таълим даргоҳларини касбий ҳамда соҳавий адабиётлар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январь кунида “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-9-сонли Қарори қабул қилинди.
Мазкур Қарорга кўра, 2026-2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражаси (бир одам ўқийдиган китоб сони)ни йилига ўртача 10 та китобга етказиш асосий мақсад этиб белгиланган.
Шунингдек, Қарорнинг 7-бандига асосан 2026 йил 1 февраль кунидан бошлаб, давлат органларининг китоб ва китобхонлик ҳақидаги рекламалари ижтимоий ахборот (реклама) сифатида тан олиниши, транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларида (автобус, метро, самолёт, поездлар) симсиз ёки мобиль интернет тармоғи орқали «Mutolaa» платформасидан фойдаланиш имкониятлари яратилиши, қулайлик учун QR кодлар ўрнатилиши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, мазкур Қарорга мувофиқ барча вазирлик ва идораларда 2026 йил 1 апрелга қадар ўзида ва тизимидаги ташкилотларда «Китоб бурчаги» ташкил этилиши, ходимлар учун ҳар ойда «Китоб ўқиш соати» йўлга қўйилиши, китобхонлик бўйича ички рейтинг тизими жорий этилиши, танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга Бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан бир ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилиши белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан ушбу қарорнинг қабул қилинишидан асосий мақсад аҳолининг китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш ҳисобланади.
МАНСУР АБДУРАХМОНОВ,
Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим йўналишларидан бири, суд тизимини тўлиқ рақамлаштиришдан иборат.
Муҳтарам Президентимиз томонидан 2025 йил 21 август куни имзоланган «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон билан суд ишларини юритишни рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш юзасидан муҳим ҳуқуқий асос яратилди.
Ушбу Фармонда суд фаолиятини автоматлаштириш, суд ишларида қоғоз ҳужжат айланмасидан босқичма-босқич воз кечиш ҳамда электрон тизимга тўлиқ ўтиш вазифалари белгиланди.
Хусусан, мазкур фармон билан суд соҳасини рақамлаштиришнинг истиқболдаги режалари ҳам тасдиқланган бўлиб, 2025-2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ҳамда одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш дастури орқали 2026 йил 1 январдан бошлаб “my.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини жорий этиш, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратиш, ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотларини автоматик етказиш, 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкониятини яратиш, йил якунига қадар фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизматларни йўлга қўйиш, шунингдек, суднинг ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” платформасининг фойдаланувчилар учун янада қулай бўлган янги версиясини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, 2025 йил 24 ноябрда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг навбатдаги муҳим босқичи сифатида эътироф этилди.
Мазкур Фармонга кўра, судьяларни тайинлаш тартиби икки босқичли қоидалар асосида амалга оширилиши белгилаб олинди. Яъни, дастлаб 5 йиллик муддатга, кейин эса муддатсиз лавозимга тайинлаш. Судьялар корпусида гендер тенглигини таъминлаш мақсадида Одил судлов академияси касбий қайта тайёрлаш курсларига хотин-қизлар учун махсус квота жорий этилди.
Давлат раҳбарининг халқимиз ва Олий Мажлисга Мурожаатномасининг олтинчи устувор йўналиши суд-ҳуқуқ ислоҳотларига бағишланди. Унга кўра, давлат раҳбари бир қатор истиқболи ислоҳотларни амалга оширилади. Жумладан, “Рақамли суд” концепцияси доирасида терговдан бошлаб судга қадар бўлган барча жараёнлар сунъий интеллект технологиялари орқали автоматлаштирилиши айтилди. Бу эса инсон омилини қисқартириш ва ишларни тезкор ва самарали юритиш имконини беради. Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ва бекор қилиш ҳуқуқи берилиши таъкидланди. Шу билан бирга, ҳар бир инстанцияда жамоатчилик иштирокини ошириш орқали одил судлов жараёнлари шаффофлигини таъминлаш белгилаб олинди.
Таъкидлаш лозимки, “Рақамли суд” концепцияси суд ҳокимияти фаолиятида очиқлик, шаффофлик, тезкорлик ва адолатни таъминлашга хизмат қилади.
АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг тумандаги 41-сон манзил-колониясида ўтказган сайёр суд мажлисида колония маъмуриятининг озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 11 нафар маҳкумларга нисбатан киритилган тақдимномаси кўриб чиқилди.
Туман суди раиси Тулкин Туракулов раислигида ўтказилган мазкур сайёр суд мажлисида манзил-колонияси маъмурияти томонидан тақдим этилган тақдимномалар иш ҳужжатлари билан бирга ўрганиб чиқилди.
Суд мажлисида жазо муддатини ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ўрнатилган тартиб-қоидаларига риоя этган, ўзининг хулқини ижобий томонга ўзгартирган, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб, тегишли хулоса чиқарган ўн бир нафар маҳкумларнинг ўталмай қолган жазо муддати Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил-колониясидан озод этилди. Миллатимизга хос инсонпарварлик, кечиримлилик каби тамойилларга асосланган суд мажлисида озод этилганларнинг барчаси турли ёшдагилардир.
Сайёр суд мажлисида ўталмай қолган жазо муддати енгилроқ жазо турига алмаштирилганларнинг барчаси қилмишидан тўғри хулоса чиқаргани ва бу ишидан пушаймонлигини, жиноятлари кечирилгани, ўзларининг жамиятда ҳалол, тўғри яшашига катта имконият берилгани учун давлатимизга, одил судга чуқур миннатдорлик билдирди.
Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар. Бу норма Конституция ҳамда қонунларда мустаҳкам белгилаб қўйилган.
Ота – она алоҳида, ҳаттоки бир хонадонда бирга яшаган тақдирда ҳам ота ёки она вояга етмаган болаларига таъминот беришга мажбурдир.
Ана шундай воқеалардан бири, Шўрчилик Фарход Жумаев (исм-фамилия ўзгартирилган) суд ҳужжатига асосан икки нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун жами 42.448.755 сўм алимент пулларини тўлашни унутиб қўйган кўринади.
Суд ҳужжатига асосан Мажбурий ижро бюроси Фарход Жумаевга икки нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун тўлаши лозим бўлган алимент пулларини тўлашни бир неча эслатишига қарамасдан, у эса алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келганлиги сабабли суднинг қарорига мувофиқ, унга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддаси 1-қисми билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланади.
Қарздор Фарход Жумаев ўзига маъмурий қамоқ жазо тайинланганидан кейин қилган қилмиши оқибатларини тушуниб етди шекилли, ўз жигаргўшаларини моддий таъминотини ўйлади-ю, 4 кундан сўнг 42.448.755 сўм алимент пулларини тўлаб берди.
Шундан сўнг Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан Фарход Жумаевга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилиб, амалдаги Қонун нормаларига асосан енгиллик қўлланиб, у маъмурий қамоқ жазосидан озод қилинди. Унга юритилган иш эса Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 271-моддаси 10-бандига асосан тугатилди.
Хулоса шуки, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш жавобгарликка сабаб бўлади. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзанд олдидаги бурчни унутмаслик керак.
ХАДИЧА РАХИМОВА,
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг тергов судьяси
Судлар фаолияти билан яқиндан таништириш, жамоатчиликка суд интерактив хизматлари ва коррупцияга қарши курашишда судларнинг роли ҳақида маълумот бериш мақсадида Сурхондарё вилоят судида ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида бу сафар Тошкент давлат юридик университети талабалари ташриф буюрди.
Мазкур ташриф талабаларнинг суд-ҳуқуқ тизими фаолияти билан яқиндан танишиши, суд органларида хизмат қилиш истиқболлари ҳамда касбий кўникмаларини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.
Ташриф давомида вилоят суди судьялари ва масъул ходимлари томонидан талабаларга суд тизимининг тузилиши, судлов фаолиятининг асосий тамойиллари, одил судловни амалга ошириш жараёнлари, судьяларнинг мақоми ва масъулияти, фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиб ҳамда суд мажлисларида масофадан туриб қатнашиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, талабаларга суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Ушбу ташкил этилган тадбир очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, талабаларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди. Хусусан, суд тизимида ишлаш тартиби, номзодларга қўйиладиган малака талаблари, амалиёт ўташ ва келгусида ишга қабул қилиш жараёнлари ҳақида зарур тавсиялар берилди.
Ташриф ёшларнинг суд-ҳуқуқ соҳасига бўлган қизиқишини янада ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда малакали юридик кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.
Бу каби тадбирлар Сурхондарё вилоят суди томонидан келгусида ҳам олий таълим муассасалари талабалари билан очиқ мулоқотлар ва амалий учрашувлар ташкил этиш режалаштирилган.
МЕҲРИДДИН ХОЛБЕКОВ,
Сурхондарё вилоят суди Кадрлар бўлими бош консультанти
Сурхондарё вилоят суди, вилоят судларидаги бўш иш ўринлар (вакант лавозимлар)га ишга қабул қилиш юзасидан танлов эълон қилади.
Бўш иш ўринлар (вакант лавозимлар):
Сурхондарё вилоят суди – Биринчи бўлим бошлиғи
Сурхондарё вилоят суди – Катта мутахассис 2 нафар
Лавозим бўйича номзодга қўйилган талаблар:
а) Номзодлар юқори малакали, хорижий тилларни (қоида тариқасида устунлик берилади) биладиган, вакант лавозим учун зарур билимга ва бенуқсон обрў-эътиборга эга олий юридик маълумотли Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши шарт.
б) вилоят ва унга тенглаштирилган судларда ишлаш учун қуйи судларда камида 2 йиллик меҳнат стажи бўлиши талаб этилади.
Тақдим этиладиган ҳужжатларнинг рўйхати:
Ариза;
а) номзоднинг маълумотномаси ва яқин қариндошлари тўғрисида маълумотнома;
б) диплом (дипломдан кўчирма)нинг нусхаси, чет элда ўқиганлиги тўғрисида дипломга эса, диплом тан олинганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома (агарда номзод олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса, ўқиш жойидан маълумотнома);