СУД ТИЗИМИДА ТЕРГОВ СУДЬЯСИ ЛАВОЗИМИ ЖОРИЙ ЭТИЛМОҚДА

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари замирида аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашдек устувор вазифалар мужассам.

Барчага маълумки, суд ҳокимиятининг асосий вазифаси – фуқароларнинг қонунчиликда кафолатланган ҳуқуқлари ва эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, тадбикорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Муҳтарам Президентимизнинг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини янада кучайтиришда муҳим қадам бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди ташаббуси билан кенг жамоатчилик иштирокида ташкил этилган давра суҳбатида мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Қабул қилинган Президент Фармонига асосан ишни судга қадар юритиш босқичида Тергов судьяси лавозими жорий этилиши белгиланди.2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади.

Бугунги кунда, жиноят ишлари бўйича судларга маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар, жиноят ишлари, мансабдор шахсларнинг чиқарилган қарорлари устидан берилган шикоятлар ҳамда судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш ваколати берилган. Бу ўз ўрнида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида якка тартибда фаолият юритаётган бир нафар судьянинг ўзига жуда кўп ишларни кўриб чиқиш вазифасини юкламоқда. Бу фуқаролар томонидан ўринли эътирозларга сабаб бўлаётган эди.

2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича ҳудудий судларда иш бошлайдиган тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари, яъни, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги ва бошқа илтимосномаларни кўриб чиқади.

Ушбу Фармон суд тизими тузилмасини ислоҳ қилишга, қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси

ЭҲТИЁТСИЗЛИК ОРҚАСИДАГИ ЖИНОЯТ ….

Ҳаётда кечаётган воқеа-ҳодисалар учун қисмат эмас, ҳар кимнинг ўзи сабабчидир. Зотан, кимдир эзгулик ортидан эргашиб, бахт манзилига етса, яна кимдир гумроҳлигидан, фикри ожизлигидан тақдирига ўзи қора чизиқ тортади.

Фикримизни бир жиноят тавсилотига қаратмоқчимиз.

Эндигина 36 ёшни қаршилаган Бандихонлик Бахтиёр Хакимов (исм фамилиялар ўзгартирилган) жорий йилнинг 29 февраль куни ўзига олдиндан таниш бўлган Примқул Омонов билан дастлаб туманнинг «Наврўз» маҳалласи ҳудудида жойлашган “Бозорбобо балиқлари” оилавий корхонасига қарашли умумий овқатланиш шаҳобчасида, кейинчалик эса туман марказидаги алкоголь маҳсулотлари сотишга мўлжалланган савдо дўконида меъёридан ортиқ спиртли ичимликлар истеъмол қилишиб, маст ҳолатда шу куни соат 21-22 ларга қадар бўлган вақт давомида бирга бўлишиб, шундан сўнг Примқулни мастлик ҳолатида яшаш уйига кета олмаслигини билиб, уни ўзининг яшаш уйига томон олиб бориш мақсадида пиёда юриб, бир-бирини суяган холда етаклашиб кетишади. Йўл-йўлакай кетаётиб қор ёғиб турганлиги, ернинг нам ва сирпанчиқлиги оқибатида бир неча маротаба Примқул оёғи тойиб ерга йиқилиб тушган вақтида Бахтиёр ҳам эҳтиётсизлиги оқибатида унинг устига бориб йиқилиб тушади.

Натижада эса Примқул оғир тан жароҳати олиб, олган тан жароҳати таъсирида ҳаракатлана олмай қолади. Бахтиёр атрофда қор ёғиб тургани ҳамда об-ҳавонинг совуқлигини англаган ҳолда, ўзи ҳамроҳини хавфли аҳволга солиб қўйиб, ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмасдан, аксинча атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ҳодиса жойидан яширинади. Бахтиёр шу тариқа гўёки жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида 2024 йил 02 март куни Тожикистон Республикаси ҳудудига чиқиб кетади.

Маст ҳолатда бўлган Примқул Омонов об-ҳавонинг совуқлиги, ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолиб олган “ҲАЁТ УЧУН ХАВФЛИ БЎЛГАН ОҒИР” жароҳатлари билан вафот этади.

Суд мажлисида судланувчи Бахтиёр Хакимов ҳақиқатдан ҳам 2024 йил 29 февраль куни 01 март кунига ўтар кечаси марҳум Примқул Омонов билан бирга бўлиб, уни маст ҳолатида ташлаб кетаётган вақтида ўзи ҳам маст ҳолатда бўлганлиги сабабли уни олиб кетишининг имкони бўлмаган бўлса-да, ўзининг эътиборсизлиги сабабли шу атрофда яшовчи фуқароларга ёки ИИБ ходимларига ёки тез тиббий ёрдам ходимларига хабар бериш ҳаёлига келмаганлиги, ҳозирги вақтда қилмишидан чин-кўнгилдан пушаймонлигини билдириб суддан ўзига енгиллик беришни сўради.

Марҳумнинг қонуний вакили суддан судланувчи Бахтиёр Хакимовга нисбатан қонуний жазо берилишини сўради.

Суд, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг  суддаги кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо берди.

Судланувчи Бахтиёр Хакимовга нисбатан жазо тури ва муддатини белгилашда, уни ўз айбига иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини, икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, оилавий ва моддий шароитини  жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, мазкур жиноятни ғаразли ва бошқа паст ниятларда содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, унга нисбатан 2 (икки) йил 6 (олти) ой озодликдан махрум қилиш жазоси тайинлади ҳамда уни суд залидан дарҳол қамоққа олди.

Суд, Бахтиёр Хакимовнинг содир этган қилмишлари оқибатида – уни ўз умрини панжара ортида ўташга лойиқ деб топди.

ТАХИР БЕКПУЛАТОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

БОШ ҚОМУСИМИЗ – КОНСТИТУЦИЯ

Бизга маълумки, 2023 йилнинг 30 апрель куни ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири қабул қилинди.

Янги Конституциядаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Бош асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди. 

Янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат устувор принципларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 08 май кунидаги Фармони асосида янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш бўйича давлат органлари ҳамда ташкилотлари олдида турган биринчи галдаги вазифалар белгилаб берилган.

Жумладан, мазкур Фармон билан давлат органлари ва ташкилотлари, хусусан суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш учун қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка тегишли ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилмаганлиги важи билан уни қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланди.

Фармонда янги таҳрирдаги Конституцияни амалда рўёбга чиқариш ва қонунчиликнинг унга зид қоидаларини бекор қилиш бўйича бир қатор кечиктириб бўлмайдиган қуйидаги вазифалар ҳам назарда тутилган:

-эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлашга бўлган конституциявий ҳуқуқларни таъминлашга тўсқинлик қилиб келаётган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга олиш бўйича Қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш ҳамда фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда хабардор қилишнинг янги тартибини жорий этиш (Конституциянинг 32-моддаси);

-мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясига, банк операцияларининг сир тутилишига оид конституциявий кафолатларни таъминлаш мақсадида тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштириш тартибини бекор қилиш (Конституциянинг 41-моддаси);

-тадбиркорлик фаолияти эркинлигига оид нормаларни тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида ҳар қандай турдаги чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг фаолият кўрсатиш вақтига нисбатан чекловларни бекор қилиш (Конституциянинг 65–67-моддалари);

-фуқароларнинг суд ҳимоясида бўлишга оид конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш мақсадида маъмурий судларга шикоят қилишда давлат божини олдиндан ундирмаслик, бунда давлат божини ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича айбдор тарафдан ундириш тартибини жорий этиш (Конституциянинг 55-моддаси);

-ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик принципидан келиб чиқиб, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликда шартномавий ва бошқа фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жавобгарлик чораларини бекор қилиш (Конституциянинг 21-моддаси);

-фуқароларнинг таълим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш учун солиқ тўловчилар томонидан ёшидан қатъи назар, фарзандининг мактабгача, мактаб ва олий таълим ташкилотида таълим олиши учун тўловни солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритиш (Конституциянинг 50-моддаси);

-ҳуқуқбузарликдан жабрланганларга етказилган зарар қопланишида давлатнинг конституциявий мажбуриятларини амалга ошириш мақсадида жиноятдан жабрланганларга кўмаклашишнинг аниқ механизмини ишлаб чиқиш (Конституциянинг 29-моддаси);

-шахсий дахлсизликка бўлган конституциявий ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш мақсадида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашда шахсни ҳибсхонага жойлаштиришдан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини жорий этиш (Конституциянинг 26-моддаси);

-адвокатларнинг конституциявий-ҳуқуқий мақомини тўлақонли реализация қилиш, жиноят процессида унинг ваколатларини прокурор билан тенглаштириш (Конституциянинг 142-моддаси);

-давлатнинг болаларда халқнинг бой маданий ва маънавий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғусини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбуриятини амалга ошириш мақсадида 18 ёшгача бўлган болаларнинг маданий мерос объектларига тўловсиз кириши тартибини жорий этиш (Конституциянинг 78-моддаси).

Бундан ташқари, қонуности ҳужжатларини хатловдан ўтказиш ва Конституцияга зид нормалар, шу жумладан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи нормалар аниқланган тақдирда, уларни бекор қилиш бўйича таклифлар киритилиши белгиланди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, янги киритилган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат тамойили мустаҳкамланди, эндиликда барча жараёнлар қонуний асослар устига қурилади, давлат хизматчиларидан ҳуқуқ доирасида фикрлаш, барча масалаларга ҳуқуқий кўз билан қараш талаб этилади.

МАНСУР АБДУРАХМАНОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ҲАМЖИҲАТЛИК ВА АМАЛИЙ ҲАМКОРЛИК РУҲИНИ САҚЛАШ

Дарҳақиқат, Америка Қўшма Штатининг Нью-Йорк шаҳрида 2023 йилнинг 19 сентябрь куни бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумсиёсий мунозаралари давомида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда мамлакатларни жипслаштириш зарурлигини, ўтган йили умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси”ни илгари сурилганлиги, асосий мақсадимиз мамлакатларимиз ва халқларимизнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ташаббуси билан келгусида Келажак саммити ўтказилиши халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга, Ташкилотнинг таъсири ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.  

Бундан ташқари, юртбошимиз кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ва ортга қайтмас тус олган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, глобал ва минтақавий кун тартибидаги энг долзарб масалалар ечимига қаратилган қатор ташаббусларни илгари суриб, ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттирилаётганлиги, мамлакатимизда “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар олиб борилаётганлигини ҳам эътироф этди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида барчамиз ҳозирги тарихий туб бурилиш палласида келгуси авлодларга сайёрамизни қандай ҳолда қолдириш ҳақида ўйлашимиз лозимлигини қайд этди: «Мустаҳкам тинчлик ва фаровонликка фақат умумий интилишлар ва биргаликдаги ҳаракатлар билан эришиш мумкин. Бизга ўзаро ишонч, бирдамлик ва ҳамкорлик руҳи ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур». 

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институтлари ва барча давлатлар билан кенг кўламли ва узоқ муддатли шерикликни чуқурлаштиришга тайёр экани яна бир бор таъкидланди.

Бўлиб ўтган йиғилиш иштирокчиларининг эътибори мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам бериш борасида эришилган натижаларга қаратилди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, юртимизда инсон қадри, инсонни эъзозлаш – эътиборимиздаги энг асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Буни амалга ошириш ва мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув, қонунчилик ва жамиятимиз ўзгармоқда.

МАНСУР АБДУРАХМАНОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ОДИЛ СУДЛОВ – АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТ ПОЙДЕВОРИ

Жамиятимизда одил судлов тизимида амалга оширалаётган ислоҳатлар замирида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари тикланмоқда. Хусусан, электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш каби маъмурий ва жиноий ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо беришда суриштирув ва тергов органларининг йўл қўйган хато ва камчиликлари  бартараф этилмоқда.

Дастлабки тергов органи томонидан айбланувчи Машраб Аллаев (исм фамилиялар ўзгартирилган) Бойсун туманидаги “Элбек Бахром” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси вазифасида ишлаб келиб, “Хўжамайхона-Бойсун” магистрал ичимлик суви қувури тармоғига ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан уланиб, ўзи бошқариб келаётган фермер хўжалигига қарашли бўлган дала ер майдонларига сувни ишлатиб, 17.03.2023 йилда ўтказилган рейд тадбирига асосан берилган хулосасига кўра, “Сурхондарё сув таъминоти” МЧЖ манфаатларига жами 116.457.360 сўмлик кўп миқдорда зарар етказилганликда айбланган.

Бироқ, жиноят ишни судда кўриш жараёнида тўпланган далилларда айбланувчи Машраб Аллаевнинг айбсизлиги тўлиқ, ҳар томонлама ва холисона текширилиб, уни оқлаш учун асослар етарли бўлгани сабабли жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг 2024 йил 5 январь кунидаги ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 1852-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилиб, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал Кодексининг 83-моддаси 2-қисми билан оқлов ҳукми чиқарилган.

Мазкур суднинг ҳукмига нисбатан туман прокурори томонидан келтирилган апелляция тартибидаги протестда, суд томонидан иш бир томонлама кўрилганлиги, шу сабабли жиноят ишини Жиноят-процессуал кодекси 416-417-моддалари тартибида айблов хулосасини тасдиқлаган прокурорга юбориш лозимлиги, айбланувчи томонидан сувни ҳисобга олиш асбобларининг йўқ  қилинганлигига ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги сабабли суд ҳукмини бекор қилиб, судланувчига айблов ҳукми чиқариш сўралган.

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 12 июнь кунидаги ажрими билан биринчи босқич судининг ҳукми ўзгаришсиз, келтирилган апелляция протести қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Тарафларга келгусида ушбу ажрим юзасидан тафтиш тартибида шикоят ёки протест келтириш ҳуқуқи тушунтирилиб, фуқаронинг қонуний ҳуқуқлари одил судлов томонидан тикланди.

Зеро, янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 20-моддасида “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади” деб кўрсатилган. Шу жиҳатдан мазкур нормаларга амал қилган ҳолда “Одил судлов – адолатли жамият пойдевори” таъмойили асосида фуқароларнинг қонун билан бузилган ҳуқуқлари тўлиқ тикланмоқда.

БОТИР НОРМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ФАРЗАНД УЧУН ТАЪМИНОТ ФАҚАТГИНА 18 ЁШГАЧА ТЎЛАНАДИМИ?

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конститусиясида жамиятимизнинг асосий бўғинларидан бири ҳисобланувчи оила, болалар ва ёшлар тўғрисидаги асосий тамойиллар белгилаб берилган. Конститутсиямизнинг
77-моддасида ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган.

Мамлакатимиз қонунчилигига мувофиқ ота-оналарнинг фарзандларига таъминот бериш мажбуриятига нисбатан “алимент” деб номланувчи махсус юридик атама қўлланилади. Оила кодексининг 96-моддасида белгиланишича, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

Аксарият инсонлар фарзанд учун таъминот бериш дейилганида фарзанд вояга етгунига қадар тўланадиган алимент пулини кўз олдиларига келтирадилар. Миллий қонунчилигимизга кўра эса, ота-оналар нафақат фарзандлари вояга етгунига қадар балки вояга етган бўлса-да, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига ҳам таъминот беришга мажбур ҳисобланадилар. Бу ҳақидаги норма Оила кодексининг 97-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра ота-оналарнинг Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришдаги мажбуриятлари ҳам, вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришдаги мажбуриятлари ҳам тенгдир.

Мазкур нормадан кўринадики, ота-оналар фарзандлари меҳнатга лаёқатсиз ва ёрдамга муҳтож бўлган ҳолларда улар вояга етган бўлсалар ҳам таъминот беришга мажбур ҳисобланадилар.

Шунингдек, ота-оналар фарзандлари таъминоти учун зарур бўладиган фавқулодда қўшимча ҳаражатларда ҳам иштирок этишга мажбур ҳисобланадилар.  Фарзанднинг тан жароҳати олиш, касаллик ҳолатларида ёки таълим олиши учун зарур бўладиган қўшимча ҳаражатларни шулар жумласига киритиш мумкин. Мазкур ҳолатлар ҳам Оила кодексида алоҳида норма билан тартибга солинган бўлиб, ушбу кодекснинг 103-моддасига кўра Ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт.

Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

Бундан кўринадики, ота-оналик нафақат кишига берилган олий бахт, балки фарзандга гўзал тарбия бериш, уни ҳар томонлама соғлом ва баркамол қилиб вояга етказишдек бурчларга эга бўлишни ҳам англатади.

ДИЛМУРОД ЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ФУҚАРОНИ МУОМАЛА ЛАЁҚАТИ ЧЕКЛАНГАН ЁКИ МУОМАЛАГА ЛАЁҚАТСИЗ ДЕБ ТОПИШ ТАРТИБИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик протсессуал кодексининг 310-моддасида спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши натижасида фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ёки фуқарони руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги) туфайли муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги иш унинг оила аъзолари, васийлик ва ҳомийлик органлари, прокурор, даволаш муассасалари ва бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари берган аризалар бўйича қўзғатилиши мумкинлиги қайд этилган.

Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ариза мазкур фуқаро яшаб турган жойдаги, агар бу шахс даволаш муассасасига жойлаштирилган бўлса, мазкур муассаса жойлашган ҳудуддаги судга берилади.

Фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги аризада спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилувчи шахс ўз оиласини моддий жиҳатдан оғир аҳволга солиб қўяётганлигидан далолат берувчи ҳолатлар баён этилиши керак.

Фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги аризада шахснинг руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги), шунинг оқибатида у ўз хатти-ҳаракатларини англай олмаслигидан ёки бошқара олмаслигидан далолат берувчи ҳолатлар баён қилиниши керак.

Судя аризани олгач, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тартибида фуқаронинг руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) тўғрисида етарли маълумотлар мавжуд бўлса, унинг руҳий аҳволини аниқлаш учун суд-психиатрия экспертизасини тайинлайди.

Фуқаро суд-психиатрия экспертизасини ўтишдан бош тортганда суд уни мажбурий тарзда экспертизага юбориш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.

Суд фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ишни албатта мазкур фуқаронинг, прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокида кўради. Агар фуқаро суд мажлисига келмаса, ушбу Кодекс 186-моддасининг қоидалари қўлланади.

Суд фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишни прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг вакили иштирокида кўриб чиқади. Иши кўриб чиқилаётган фуқаро, агар унинг соғлиғи ҳолати имкон берса, суд мажлисига чақирилади.

Суднинг фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори васийлик ва ҳомийлик органининг муомала лаёқати чекланган шахсга ҳомий тайинлаши, муомалага лаёқатсиз шахсга эса, васий тайинлаши учун асос бўлади.

Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топганда суд ҳал қилув қарори кучга кирганидан сўнг уч кун ичида бу ҳақда мазкур шахс яшаб турган жойдаги ҳомийлик ва васийлик органига хабар қилади ва унинг устидан ҳомий ёки васий тайинлаш учун ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхасини юборади.

Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишларни юритиш билан боғлиқ суд харажатлари аризачидан ундирилмайди.

Агар суд ариза фуқаронинг оила аъзолари томонидан инсофсизлик қилиб, асоссиз равишда фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш ёки уни муомала лаёқатидан маҳрум этиш мақсадида атайлаб берилган деб топса, суд харажатларини оила аъзоларидан ундиради.

Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, суд фуқаронинг ўзи, унинг ҳомийси, шунингдек Фуқаролик процессуал Кодекснинг 310-моддасида санаб ўтилган ташкилотлар ва шахслар берган аризага биноан фуқаронинг муомала лаёқатини чеклашни ва унга нисбатан белгиланган ҳомийликни бекор қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаради ёки қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, суд васий, шунингдек мазкур моддада санаб ўтилган ташкилотлар ва шахслар берган аризага биноан, суд-психиатрия экспертизасининг хулосасига асосланиб, соғайган фуқарони муомалага лаёқатли деб топиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилади.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ЭНДИЛИКДА СУД ТИЗИМИДА ТЕРГОВ СУДЬЯСИ ЛАВОЗИМИ ЖОРИЙ ЭТИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2024 йил 10 июнда “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Барчага маълумки, суд ҳокимиятининг асосий вазифаси – фуқароларнинг қонунчиликда кафолатланган ҳуқуқлари ва эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, тадбикорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таҳминлашга қаратилган.

Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга кўтариш ва мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш орқали аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини ошириш давлатимизнинг асосий мақсадларидан биридир.

Суд-тергов амалиётида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича самарали механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлиги, жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали таъминлаш чораларини кучайтириш заруратини келтириб чиқарди.

Қабул қилинган Президент Фармонига асосан ишни судга қадар юритиш босқичида Тергов судьяси лавозими жорий этилиши белгиланди.

2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади.

Тергов судьясига жиноят материалларини, санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатлари берилади.

Шунингдек, тергов судьяси қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш каби санкцияларни бериши мумкин.

Тергов судьяси айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш, гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш каби мажбурлов чораларини қўллаши мумкин бўлади.

Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгиланади.

Президентнинг ушбу фармони суд тизими тузилмасини ислоҳ қилишга, қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

РАҲМАТИЛЛА ҒУЛОМОВ,

Сурхондарё вилоят маъмурмий суди раиси

ФУҚАРОНИ БЕДАРАК ЙЎҚОЛГАН ДЕБ ТОПИШ ВА ФУҚАРОНИ ВАФОТ ЭТГАН ДЕБ ЭЪЛОН ҚИЛИШ ТАРТИБИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик протсессуал кодексининг 305-моддасида фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ариза манфаатдор шахс томондан бедарак йўқолган фуқаронинг охирги маълум бўлган яшаш жойидаги судга берилиши белгиланган.

Суд фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишга қонунчиликда белгиланган муддатлар ўтганидан сўнг киришади.

Аризада фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки уни вафот этган деб эълон қилиш аризачига қандай мақсадлар учун зарур эканлиги кўрсатилиши, шунингдек фуқаронинг бедарак йўқолганлигини тасдиқлайдиган ёхуд бедарак йўқолган шахсга ўлим хавфини солган ёки у муайян бахтсиз воқеа туфайли ҳалок бўлган деб тахмин қилишга асос бўладиган ҳолатлар баён қилиниши керак.

Судя ишни суд муҳокамасига тайёрлашда бедарак йўқолган шахс тўғрисида кимлар (қариндош-уруғлари, бирга ишловчилар ва бошқалар) маълумот бера олиши мумкинлигини аниқлайди, шунингдек бедарак йўқолганнинг маълум бўлган сўнгги яшаш жойи ва иш жойидаги тегишли ташкилотлардан (ички ишлар органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан) бедарак йўқолган шахс тўғрисида бор маълумотларни сўраб олади.

Судя аризани қабул қилиб олгач, айни вақтда васийлик ва ҳомийлик органига бедарак йўқолганнинг мол-мулкини сақлаш, шунингдек уни бошқариш учун шахсни тайинлашни таклиф қилиши мумкин.

Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги ёки фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги ишлар албатта прокурорнинг иштирокида кўрилади.

Суднинг фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори бедарак йўқолган шахснинг мол-мулки турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органининг бу мулкка нисбатан бошқарувчи тайинлаши учун асос бўлади.

Суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтарига мазкур фуқарони вафот этган деб ёзиб қўйиш учун асос бўлади.

Бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган фуқаро қайтиб келган ёки унинг турган жойи аниқланган тақдирда, суд ўзининг илгариги ҳал қилув қарорини янги ҳал қилув қарори билан бекор қилади. Янги ҳал қилув қарори тегишинча мол-мулкка нисбатан бошқарувни ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтаридаги фуқаронинг вафотига доир ёзувни бекор қилиш учун асос бўлади.

Хулоса ўрнида, фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ишлар фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судя катта ёрдамчиси

ЖИНОЯТГА ЖАЗО МУҚАРРАР

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажримига кўра, Хаким Махмудовга (исм фамилиялар ўзгартирилган) нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “б” банди билан 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаш ҳақидаги жиноят ишлари бўйича биринчи босқич судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Жумладан, Хаким Махмудов илгари ҳам бир неча маротаба ўғирлик жиноятларини содир этганлиги учун ўта ҳавфли рецидивист деб топилган ва тайинланган жазоларни тегишли тартибда ўтаб чиққан бўлса-да, бироқ 2021 йил 3 декабрь куни ўзганинг мулкини ўғирлаш мақсадида, Узун туманида жойлашган масжид олдига бориб, шу ерда турган Узун туманида яшовчи Нарзулла Боевга тегишли “Ласетти” русумли автомашинанинг ҳайдовчи томондаги олди эшиги қулфини ўзи билан бирга олиб юрган қайчи билан бузиб очиб, автомашина қутисида бўлган 15.180.000 сўм пулларини яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинган.

Судланувчи судда жиноятни ўзини бошқараолмаган ҳолатда содир қилгани ҳақида важлар келтирса-да, унинг важлари жазодан қутулиб қолишига ёрдам бермади.   

Шундай экан, ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш, жумладан ўғирлик қилиш учун қонунларимизда жавобгарлик муқаррар эканлигини доимо ёдда сақлаш зарур.

Т.БЕКПУЛАТОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

Skip to content