Оғуфурушга нисбатан суд ҳукми ўқилди

Маълумки, сўнги вақтларда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш жинояти ҳолатлари учраётганлигига гувоҳ бўлаяпмиз.

Ушбу ҳаракатларни содир этганларга қонунчилигимизга кўра, жазо муқаррарлиги белгиланган.

Фикримизни эса бир воқеа тавсилотига қаратсак.

Равшан Набиев (исм-фамилия ўзгартирилган) муқаддам ушбу турдаги жиноятни бир неча маротаба содир этган бўлса-да, яна бойлик орттириш мақсадида, 2024 йил 15 май куни соат 16:55 ларда кўп миқдордаги “героин” гиёҳвандлик воситасини ўзининг Термиз шаҳридаги яшаш уйида “Назорат остида олиш” тезкор тадбирга шартли харидор сифатида киритилган шахсга 20.700 АҚШ долларига сотиб ўтказаётган вақтда тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга тушади.

Буни қарангки, оғуфурушнинг савдоси якунланмай қолди.

Қахрамонимиз бўлган Равшан юқоридаги бу жиноий ҳаракатларини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олмасдан, тезкор тадбир давом эттирилиб унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида, ётоқхонасида фалга қоғозга ўралган “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сақлаб келганлиги аниқланган ва ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Сурхондарё вилоят наркология диспансерининг хулосасида Равшан Набиев «наркомания гашиш» гиёҳвандлик моддаси истеъмол қилиш билан касалланганлиги ва у мажбурий тартибда тиббий даволанишга муҳтож эканлиги аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида ўтказилган очиқ суд мажлисида судланувчи Равшан Набиев қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, оилавий шароитини инобатга олиб, суддан ўзига енгиллик беришни сўради.

Суд судланувчига жазо тури ва унинг миқдорини тайинлашда, жиноятни ғаразли мақсадларда содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида, айбига иқрор ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида эътиборга олиб, муқаддам судланиб ўзига тегишли хулоса чиқармасдан қасддан жиноят содир этганини оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,273-моддасининг 5-қисми ва 276-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга нисбатан узил-кесил 10 (ўн) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Шу билан бирга жазони махсус тартибли колонияларда ўтаттиришни ҳамда унга нисбатан жазони ўташ жойларида наркоманияга қарши мажбурий тиббий даволаниш чораси ҳам қўлланилди.

Чунки, қахрамонимиз бўлган Равшан Набиев муқаддам ҳам гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш каби жиноятини содир этгани унинг суд томонидан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлишига қарамасдан, муқаддам содир этган жиноятидан ўзига тегишли хулоса чиқармаганлиги унга панд берди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар қандай ёвуз ишни халқ нигоҳидан яшириб бўлмайди. Эртами кечми, қилган нотўғри ишнинг жавоби берилади.

ШЕРЗОД ЮЛДАШЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судьяси

ОДАМ САВДОСИ ҚУРБОНИ

Жамиятимизда сўнги йилларда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони йилдан йилга ошмоқда. Ушбу турдаги жиноятларни содир этилиши нафақат ўзга шахсгнинг ҳуқуқлари, балки Конститутцияда белгиланган яшаш ва унга узвий боғлиқ бўлган бошқа ҳуқуқларини ҳам чеклайди.

Бу каби жиноятларни содир этилишида хаттоки ўз фарзандини сотиб юбориш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Фикримизни бир жиноят иши тафсилотига қаратмоқчимиз.  

Дастлабки тергов органи ҳужжатларига кўра, Махмадиёрова Барчин (исм фамилялар ўзгартирилган) ўзининг фарзанди бўлган 2024 йил 25 январь куни туғилган Махмадиёрова Маликани ўзининг жиноий шериги бўлган Алишерова Машхура билан бир гуруҳга бирлашган холда сотиш орқали моддий бойлик орттириш ҳамда мулкий манфаат кўришни мақсад қилиб, ўзларининг жиноий режасини тузишиб, ушбу жиноий режасини амалга ошириш мақсади йўлида, ўзларига олдиндан таниш бўлмаган Музработ тумани “Халқ йўли” маҳалласида яшовчи Хайитова Дилоромга ўзларида соталидаган чақалоқ борлигини маълум қилиб, 2024 йил 29 январь куни Термиз шаҳар “Боғишамол” маҳалласида жойлашган “Турон” номли ошхонада ўзининг жиноий шериги Машхура Алишерова билан биргаликда ўзининг фарзанди бўлган Малика Махмадиёрованинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлигини олдиндан билгани ҳолда ушбу фарзандини Дилором Хайитовага 25 миллион сўм эвазига сотишган вақтда тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланди.

Ушбу ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан кўриб чиқилган жиноят иши юзасидан суднинг тегишли ҳукми билан судланувчилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, уларнинг аёл эканлиги, қилмишларига пушаймонлиги, биринчи маротаба жиноят содир этганлигини инобатга олиб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мазкур суднинг ҳукмига нисбатан судланувчилар ва уларнинг адвокатлари томонидан келтирилган апелляция шикояти жиноят иши билан биргаликда Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, биринчи босқич суди ҳукми судланувчиларнинг жиноий ҳаракатларини тўғри квалификация қилиб, уларга нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда, айбдорларнинг шахсига, шунингдек жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларига мувофиқ ҳолатларига, шахсларини, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини эътиборга олиб, қилмишларига мувофиқ озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, қонуний, адолатли ва асосли тўхтамга келган, деб хулоса қилинган ҳамда суд ҳукмини ўзгаришсиз, келтирилган апелляция шикоятларини қаноатлантирмасдан қолдирилган.     

Инсоннинг шахсий ҳуқуқи ва эркинлиги бу ҳар бир шахснинг Конститутцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқи саналади. Зеро, янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 26-моддасида “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас” деб кўрсатилган.

Шу жиҳатдан мазкур нормаларга амал қилган ҳолда “Одам савдоси” каби жиноятларни олдини олиш, бу турдаги жиноятларга қарши кескин курашиш, жамиятда соғлом муҳитни шакллантириш ҳозирги куннинг муҳим устувор вазифаси ҳисобланади.

БОТИР НОРМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

Cурхондарё вилоят суди вилоят судларидаги бўш иш ўринлар (вакант лавозимлар)га ишга қабул қилиш бўйича танлов эълон қилади!

Лавозим бўйича номзодга қўйилган талаблар:

а) Номзодлар юқори малакали, хорижий тилларни (қоида тариқасида) биладиган, вакант лавозим учун зарур билимга ва бенуқсон обрў-эътиборга эга олий юридик маълумотли Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши шарт.

Тақдим этиладиган ҳужжатларнинг рўйхати:

Ариза;
а) номзоднинг маълумотномаси ва яқин қариндошлари тўғрисида маълумотнома;
б) диплом (дипломдан кўчирма)нинг нусхаси, чет элда ўқиганлиги тўғрисида дипломга эса, диплом тан олинганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома (агарда номзод олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса, ўқиш жойидан маълумотнома);
в) номзоднинг паспорт нусхаси;
г) меҳнат дафтарчаси нусхаси (биринчи марта ишга кираётган шахслар бундан мустасно);
д) хорижий тилни билиш бўйича сертификат (мавжуд бўлса).

Мурожаат учун телефон: 76-228-19-00 (75025)
kadr.oliy@sud.uz

Сурхондарё вилоят суди Кадрлар бўлими

СУДДА ФУҚАРОНИНГ ҚАРЗ МУНОСАБАТИ БЎЙИЧА НИЗОСИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Юртимизда суд ҳокимиятига фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш учун суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, суд фаолиятини тубдан яхшилаш вазифалари белгиланган.

Хусусан, фуқаролик судига даъвогар Алиева Асила (исми ва фамилияси ўзгартирилган) даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Шокирова Шоирага 2022 йил 20 мартда қарз сўраганлиги учун унга 15.000.000 сўм миқдорида қарз берганлиги, қарзни 2023 йил 20 мартга қадар қайтариб бериши лозим бўлганлиги, бу ҳақида тилхат ёзиб берганлиги, ҳозирги кунга қадар қайтариб бермаганлигини кўрсатиб, 15.000.000 сўм қарзини ундириб беришни сўраган.

Аниқланишича, 2022 йил 20 мартда жавобгар Шокирова Шоира даъвогар Алиева Асиладан 15.000.000 сўм қарз олган, Шокирова Шора 2022 йил 20 мартда ёзган тилхатида қарзини 2023 йил 20 мартга қадар қайтаришини қайд этган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Шокирова Шоира томонидан ёзилган тилхат қарз шартномасининг тузилганлигидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 735-моддасига кўра, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт. Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.

Шокирова Шоира олган қарзини Алиева Асилага белгиланган муддатда қайтармаган.

Шу сабабли, суд томонидан Шокирова Шоиранинг ҳисобидан Алиева Асиланинг фойдасига 15.000.000 сўмни ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилиниб, Алиева Асиланинг ҳуқуқлари тикланди.

Хулоса қилиб айтганда, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш одил судловнинг асосий мезони ҳисобланади.

ЗАРИФ ХЎЖАМУРОТОВ,

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судяси

ҚОНУН – БАРЧАГА БАРОБАР

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 15-моддаси 1-қисмига кўра, суд тақдим этилган материаллар ва тушунтиришлар билан чекланмасдан, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш учун қонунга мувофиқ чоралар кўришга ҳақли.

Даъвогар Мансур Муродов (исм фамилия ўзгартирилган) жавобгар «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг 2023 йил 13 январдаги буйруғини бекор қилиш, ўзини ушбу банкнинг кассири (ғазначиси) лавозимига ишга тиклаш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра, жавобгар «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг 2023 йил 13 январдаги буйруғи ғайриқонуний деб топилиб, бекор қилинган ва даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилиб, ўз лавозимига ишга тикланган.

Суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан апелляция шикояти келиб тушган.

Аниқланишича, даъвогар Мансур Муродов «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ кассири лавозимида 2023 йил 13 январь кунига қадар ишлаб келиб, иш берувчи номига 2023 йил 13 январь куни ишдан бўшаш ҳақида ариза билан мурожаат қилган ва аризасида ўзи билан тузилган меҳнат шартномасини шу кундан бекор қилишни сўраган.

«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг 2023 йил 13 январдаги буйруғига кўра, даъвогар Мансур Муродов билан тузилган меҳнат шартномаси 2023 йил 13 январь кунидан 2023 йил 30 апрелга қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 99-моддасига асосан бекор қилинган.

2023 йил 30 апрелга қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 97-моддаси 2-бандига кўра, меҳнат шартномаси тарафлардан бирининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин деб қайд этилган.

2023 йил 30 апрелга қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 99-моддасига мувофиқ, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт деб белгиланган.

Шу каби, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугамасдан олдин ҳам бекор қилиниши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ёки тарафлар келишуви бўйича белгиланган огоҳлантириш муддати давомида ходим берган аризасини қайтариб олишга ҳақлидир.

Агар огоҳлантириш муддати тугагандан кейин ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаган ва меҳнат муносабатлари давом этаётган бўлса, ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини  бекор қилиш ҳақидаги ариза ўз кучини йўқотади, бундай ҳолда меҳнат шартномасини шу аризага мувофиқ бекор қилишга эса йўл қўйилмайди.

Юқорида қайд қилинган қонун нормаси ҳамда Олий суд Пленуми раҳбарий тушунтиришларидан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун ходимнинг ҳақиқатдан ҳам ишдан бўшаш хоҳишини билдирган ёзма аризаси асос ҳисобланади. Бунда ходим ишдан бўшаш ҳақидаги аризасида ўз хоҳишига кўра муайян санада, яъни огоҳлантириш муддати тугамасидан олдин бўлган муддатда у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ чиқарилгунига қадар ходим ва иш берувчи ўртасида огоҳлантириш муддатини қисқартириш ҳақида келишувга эришилган бўлиши керак.

Даъвогар Мансур Муродовнинг 2023 йил 13 январдаги аризасига кўра, у иш берувчидан ушбу кундан эътиборан ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатишни сўраган бўлиб, иш берувчи айнан ходим билан ўзаро келишувга асосан у билан тузилган меҳнат шартномасини ходим сўраган муддатда бекор қилган.

Бироқ, биринчи инстанция суди даъвогар Мансур Муродов у 2023 йил 13 январь куни  меҳнат  шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризасида уни муайян сана, яъни 2023 йил 13 январь кунидан лавозимидан озод қилишни сўраганлигига ҳуқуқий баҳо бермасдан, мазкур меҳнат низосини ҳал этишда икки ҳафталик огоҳлантириш муддати ўтмасдан туриб, ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ариза берган кунидан бошлаб бекор қилинганлиги ҳолатидан келиб чиқиб даъво талабини қаноатлантириш ҳақида асоссиз тўхтамга келган.

Бундан ташқари, даъвогарнинг тазйиқ остида ариза ёзганлиги ҳақидаги важлари ҳам бирор-бир тарзда ўз исботини топмаган, суд томонидан ҳам бундай далиллар аниқланмаган.

Бундай ҳолатда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини қонуний деб бўлмайди, шу сабабли  апелляция инстанцияси суди биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришдан рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқаришни лозим топган.

ДИЛОРОМ АЛМУРАТОВА,

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

ЯНГИ КОНСТИТУЦИЯДАГИ ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда эришган ютуқларимиз, жумладан иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги юзлаб чекловларнинг олиб ташлангани, нақд пул, валюта, кредит масалаларидаги муаммолар ҳал қилингани, шунингдек бошқа ижобий ҳаракатлар ортга қайтмаслигининг конституциявий ҳимоясини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз ҳам эмин-эркин фойдаланиши учун уларни, албатта, Конституцияда муҳрлаб қўйиш талаб этилди.

Натижада эса янги Конституциядаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди ва янги қонунимиз халқимиз таклифлари асосида янгиланди.  

Хусусан, Конституциянинг 1-моддасидаги “Ўзбекистон – суверен демократик республика” жумласи Янгиланган Конституциямизда “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” деган норма мустаҳкамланди.  

Бундан ташқари, янги киритилган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат тамойили мустаҳкамланди, эндиликда барча жараёнлар қонуний асослар устига қурилади, давлат хизматчиларидан ҳуқуқ доирасида фикрлаш, барча масалаларга ҳуқуқий кўз билан қараш талаб этилади. Қолаверса, ҳуқуқий давлатда барча фуқаролар қонун олдида тенг бўлади, давлат ҳокимиятининг олий органлари ҳам қонунларга бўйсунади ва қонунларнинг муқаррар ижросини таъминлайди.  

Ўзбекистон ўзини ижтимоий давлат деб эълон қилиши билан, ҳар бир фуқаросига муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароит яратиш мажбуриятини олмоқда. Бу – мавжуд ресурсларни ижтимоий адолат тамойиллари асосида тақсимлаш, жамиятда кучли табақаланиш авж олишига йўл қўймаслик, энг заиф қатламлар учун ҳам сифатли таълим ва тиббиёт кафолатланиши, самарали ижтимоий ҳимоя дастурлари ишлаши, имконияти чекланган ва қўлловга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, адолатли меҳнат қонунчилиги ва жозибадор пенсия тизими кабиларни англатади. Оддийроқ айтганда, энг камбағал оиланинг болаларида ҳам соғ-саломат ўсиб-улғайиб, яхши таълим олиб, фаровонликка эришиш имконияти бўлиши керак.  

Эътибор берсак, дунёвий давлатда давлат ва дин бир-биридан ажратилган бўлади. Давлат диний эътиқодидан қатъи назар барчага бир хил муносабатда бўлади, динга оид масалаларда нейтрал позицияни эгаллайди.  

Шунингдек, Янги Конституциянинг 154-моддаси билан, 1-моддадаги қоидаларни қайта кўриб чиқиш мумкин эмас, деб белгиланди. Худди шунингдек, 154-модданинг ўзидаги айнан шу қоидадан иборат банд ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас. Бошқача айтганда, бу норма – Ўзбекистон ҳеч қачон демократиядан воз кечмаслиги, ҳуқуқий давлатчиликка содиқлиги, монархияга ёки исломий республикага айланмаслигини назарда тутади.  

Янгиланган Конституциямиздаги муҳим ўзгаришлардан яна бири, унинг 15-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.  

Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши фуқароларга нафақат қонунлар, балки бевосита Конституциядаги нормаларга ҳам асосланган ҳолда иш олиб боришга, хусусан, судга мурожаат қилишга имкон беради.  

Шу каби, Конституциямиздаги яна бир муҳим ўзгартириш: барча ноаниқликлар – инсон фойдасига ҳал этилади. Конституциянинг янги таҳририга асосан  “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади”. Яъни эндиликда қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган масалаларда зиддият юзага келса, масала давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади.Бундан ташқари, турли ҳужжатларни юритишда давлат органлари томонидан хато-камчилик ўтган тақдирда, масалан, пенсия тайинлашда тегишли ҳужжатлар базадан топилмай, ноаниқлик юзага келганида ҳам вазият фуқаро фойдасига ҳал этилиши керак.

Бундан ташқари, Янги Конституциямизга ўқитувчилар ҳақида модда қўшилди. Ушбу модда икки банддан иборат: Яъни “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади”. “Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”.

Шу тариқа, устозлар ҳуқуқ соҳаси вакили бўлмаган, лекин олий қонунда алоҳида тилга олинган ягона касб эгаларига айланди. 

Таъкидлаш жоизки, янги қабул қилинган Конституциямиз билан ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган. Бу билан юртимизнинг инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги ҳуқуқий асосланди.

Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституцияси – мамлакатимиз тараққиёти, фуқароларимиз турмуш тарзини юксалтиришга хизмат қилади.

ТАХИР БЕКПУЛАТОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

“ДИЛИ ПОКНИНГ – ИШИ ПОК”

Бу дунёда ҳалол ишламасдан, текин ва осон пул топиб, бировлрнинг ҳисобига яшайдиганлар, афсуски орамизда учраб туради.

Ботир (исми ўзгартирилган) шундайлардан эди, яъни қаерда текин пул излаб, ризқини ҳалол топишни ўйламас эди. У олдин ҳам ўғрилик жинояти билан бир неча марта судланган бўлса-да, ўзига тўғри хулоса чиқармасдан, яна шу йўлга киришга жазм қилди.

Тайинли иши ва пули бўлмаган Ботир кўнгли майишатни истаб, эрталаб кўчага пул дардида чиқди. Доим ҳам пул топиб кўрмаган Ботир бу сафар ҳам нафсини қондиришнинг қинғир йўлларпини излаб, йўлинин бозор томонга бурди.

Бозорга бориб, атрофни кузатиб, айланиб юрди. Ўғирлик эски касби бўлганлиги сабабли трофни шошмасдан кузатиб, ўзига қулай пайт ва жойни излади. Бунақа ишларга кўзи пишиб кетганлиги сабабли шошмасдан ҳаракат қилди. Кун тушга яқинлашганда ўз ўлжасини аниқлади шекилли, бир жойда қўниб топиб, тўхтаб қолди.

Унинг ўлжаси эгаси вояга етмаган боланинг қаровсиз қолдирилган велосопеди эди. Ботир пайт пойлаб турдида кўзлаган ўлжасини одамларнинг кўзини шамғалат қилиб турдида велосопедни олиб кетди.

У ўғирланган молни тезроқ сотиб қутулишни ўйлаб, ўзига нотаниш бўлган велосопед таъмирлайдиган устахонага бориб, ўзини бечораҳол кўрсатиб, пул зарур бўлганлиги сабабли ўғлига тегишли бўлган велосопедни сотишга мажбур бўлганлигини айтиб, велосопедни сотди.

Ишнинг осон битганидан хурсанд бўлган Ботир пулларни ўз нафсини қондиришга ишлата бошлади.

Бели оғримасдан топилган пулни ишлатиши ҳам осон бўлди. Пулни маишатга ишлатиб, бир ҳафтага бормасдан пулнинг ҳам охири кўриниб қолди.

Биринчи жинояти ҳозирча аниқланмаганидан ҳаволанган Ботир пули қолмагач яна қинғир йўл билан пул топиб, нафсини қондириш йўлини излай бошлади.

Бу сафар чекка туманга бориб, ўз ниятини амалга оширмоқчи бўлди. Аввалги иши хамирдан қил суғургандай осон битганидан, шунингдек, шўзининг маҳортига ишонган Ботир бу сафар ҳам ишни тез тугатишга ва ўз туманига қайтишни ўйлаб, маҳаллани айланиб юрар экан, савдо мажмуаси ёнида турган велосопедни ва унга ортилган юкларни кўрди.

Ўлжасини мўлжаллаб уни узоқдан кузатиб турдида, эгасининг келмаганидан фойдаланиб, гўёки ўзини велосопед эгаси сифатида кўрсатиб, велосопедни олиб кетди.

Иккала ишнинг ҳам осон тугаганидан хурсанд бўлган Ботир ўзига ортиқча баҳо бера бошлади.

Гўёки қўлга тушмас ўғридек ҳис қила бошлади.

Лекин “бузоқнинг югургани сомонхонагача” деган гап бор. Ботир арқоннинг узун ташланганидан билмас эди. Кейинги ўғрилигидан кўп ўтмасдан тезкор -қидирув ходимларининг сайи-ҳаракатлари натижасида ботирнинг қилмишлари ошкор бўла бошлади ва уни суднинг қора курсисига олиб борди.

Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман судининг ҳукми билан Ботир Ахмедов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодесининг тегишли моддалари билан айбли деб топилиб, узил-кесил 5 (беш) йил 1 (бир) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланди.

Қилмиш – қидирмиш деб шуни айтадилар. Ўз нафсига қул бўлиб, ҳалол ризқ топмасдан, бировларнинг ҳаққини ейишнинг жазосини бу дунёнинг ўзида олди.

Я.БЕККАМОВ,

Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман суди раиси

ШАХСНИ БЕДАРАК ЙЎҚОЛГАН ДЕБ ТОПИШ ВА ВАФОТ ЭТГАН ДЕБ ЭЪЛОН ҚИЛИШ ИНСТИТУТИНИНГ АҲАМИЯТИ

Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки фуқаро вафот этган деб эълон қилиш институтининг мақсади, авваламбор бедарак йўқолган деб топилаётган ёки вафот этган деб эълон қилинаётган фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилишини олдини олишга ҳамда бошқа фуқароларнинг муайян ҳуқуқий муносабатларга киришиб, уларни ҳал қилиш жараёнларида вужудга келган тўсиқларни бартараф этишга қаратилган.        

Мазкур тоифадаги ишларни кўришда йиллар кесимида ўсиш ва камайганлиги динамикасига жиддий урғу бериш бизнинг фикримизча бир томондан нотўғри қиёслаш ҳисобланади, сабаби манфаатдор шахслар томонидан ўз яқинларини бедарак йўқолган ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ариза билан судларга мурожаат қилишда амалда ушбу шахслар билан анча вақтлардан буён алоқа узилган ёки улар тўғрисида бирор бир маълумотлар мавжуд бўлмайди. Маълум бир даврда бедарак йўқолган фуқароларнинг яқин қариндошлари жисмоний ва юридик шахслар билан бирор бир ҳуқуқий муносабатларга киришиш жараёнида муаммоларга дуч келишишлари оқибатда ушбу вужудга келган муаммоларни ҳал қилиш учун фақатгина ўша вақтда қонуний ечим излаб фуқаролик судларига ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлишади. Ушбу ҳолатда ҳуқуқий муносабатлар деганда яқин қариндошлари томонидан ижтимоий таъминот олиш, фарзандларини ҳорижга олиб чиқиш учун эр ёки хотиннинг рухсатини олиш, мерос мулкини тақдирини ҳал қилиш билан боғлиқ заруратларни тушуниш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 33-моддасига кўра,  агар фуқаронинг қаердалиги ҳақида унинг яшаш жойида бир йил давомида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд бу фуқарони бедарак йўқолган деб топилиши мумкинлиги, бундан ташқари Фуқаролик кодексининг 36-моддасига биноан, агар фуқаронинг қаерда турганлиги ҳақида унинг яшаш жойида уч йил мобайнида маълумот бўлмаса, башарти у ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган бўлиб, унинг қаердалиги ҳақида олти ой мобайнида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд уни вафот этган деб эълон қилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.

Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш билан вафот этганлик фактини белгилаш ишлари ўзининг мазмуни, асослари, процессуал қонун нормаси талаблари бўйича бир-биридан фарқ қилади, яъни фуқарони вафот этган деб эълон қилишда фуқаронинг қачон ва қаерда вафот этганлиги тўғрисида маълумот бўлмайди, фақатгина ушбу ҳодиса фараз қилинади, аксинча вафри этганлик фактини белгилаш билан боғлиқ ишларда шахснинг вафот этганлиги аниқ бўлади фақатгина маълум сабаблар билан ушбу ҳолат қонуний расмийлаштирилмасдан қолган бўлади, бундан ташқари вафот этганлик фактини белгилашда қонун талаби бўйича шахсни вафот этган деб эълон қилиш учун талаб этиладиган 3 йиллик муддат ўтиши талаб қилинмайди ва бошқа ҳолатлар мазкур икки тоифаги ишларни бир-биридан фарқлайди.

Мамлакатимиз қонунчилигидаги фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони вафот этган деб эълон қилиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишдаги ҳуқуқий нормалар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги мамлакатларнинг қонунчилик нормалари билан бир-бирига жуда ўхшашдир, бу ўхшашлик асосан аризаларни кўриш тартибида, ариза билан судларга мурожаат қилиш асосларида ва бошқа ҳолатларда яққол кўринади.

Лекин шундай бўлишига қарамасдан бизнинг қонунчиликдаги нормаларнинг бошқа давлатлар қонунчилигидаги нормалари ўртасида маълум бир фарқли жиҳатлари ҳам мавжуд.

Мамлакатимиз қонунчилигининг бошқа давлат қонунчилиги билан ўзаро ўхшаш ва фарқли жиҳатларини қонун нормалари мисолида келтириб ўтамиз:

1. Агар фуқаронинг қаердалиги ҳақида унинг яшаш жойида бир йил давомида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд бу фуқарони бедарак йўқолган деб топиши мумкин. Фуқарони бедарак йўқолган деб топишдаги бир йиллик муддатнинг белгиланиши (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, 33-модда)

2. Агар фуқаронинг қаерда турганлиги ҳақида унинг яшаш жойида уч йил мобайнида маълумот бўлмаса, башарти у ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган бўлиб, унинг қаердалиги ҳақида олти ой мобайнида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд уни вафот этган деб эълон қилиши мумкин. Фуқарони вафот этган деб эълон қилишдаги уч йиллик муддатнинг белгиланиши (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, 36-модда)

3. Судья ишни суд муҳокамасига тайёрлаш ажримида аризачига ўз ҳисобидан фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони ўлган деб эълон қилиш ҳақидаги фуқаролик иши қўзғатилганлиги тўғрисидаги маълумотларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш мажбуриятини юклайди. (Қозоғистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси, 319-моддасининг 2-қисми)

Хитой Халқ Республикаси қонунчилигида Қозоғистон Республикасидан фарқли ўлароқ, суднинг ўзи томонидан шахс қидирилаётганлиги тўғрисида оммавий эълон берилади. Ушбу ҳолатда оммавий эълон муддати бедарак йўқолган шахсларга нисбатан 3 ой, шахсни вафот этган деб эълон қилишда 1 йил белгиланади. (Хитой Халқ Республикаси фуқаролик процессуал қонуни, 168-модда) 

4. Судлар томонидан фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги аризаларни кўришдан асосий мақсад фуқаронинг мулкий ҳуқуқ ва эркинлигини ҳимоя қилиш, мол-мулкининг бегоналаштирилиши ёки бўлмаса зарар етказилиши мумкин бўлган ҳолатларни олдини олиш билан боғлиқ чора-тадбирларни ўз вақтида белгилаш ҳисобланади, бу мақсадга эришишда:

биринчи ҳолатда – бевосита суднинг қарорига асосан суд томонидан фуқаронинг мол-мулкига нисбатан васийлик белгиланади (Қозоғистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси, 29-модда);

иккичи ҳолатда – суднинг қарорига асосан фуқаронинг мол-мулки ҳудудий васийлик ва ҳомийлик органи томонидан тайинланган ишончли шахсга берилади (Турманистон, Россия ва Белорус давлатлари).

5. Ҳорижий давлатлар қонунчилигини ўрганиш жараёнида бизнинг қонунчиликка янгилик бўлган фуқаронинг мол-мулкини бегоналаштирилишини олдини олишга қаратилган яна бир чора-тадбир, яъни фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қонуний кучга кирган қарор нусхаси шахснинг мулкини ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриш учун мерос очилган жойдаги нотариусга ёки нотариус мавжуд бўлмаган ҳудудларда ўзини-ўзи бошқариш органларига юборилиши белгиланган. (Украина Республикаси фуқаролик процессуал кодекси, 308-модда)

Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки фуқарони вафот этган деб эълон қилиш институти фақатгина фуқаролик ҳуқуқининг институти бўлиб қолмасдан, ўзининг мазмун-моҳияти жиҳатидан кенгроқ яъни оила ҳуқуқи, жиноят ҳуқуқи, ижтимоий ҳимоя ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқ соҳаларининг ҳам ўрганиш объекти ҳисобланади.

Фуқарони бедарак йўқолган ёки фуқарони вафот этган деб эълон қилиш – маълум вақт мобайнида фуқаро тўғрисида бирор бир маълумотларнинг мавжуд эмаслиги, унинг тириклиги шубҳа остига олинадиган ва бир вақтнинг ўзида вафот этганлиги тўғрисида маълумотларни тасдиқлаш имкониятининг мавжуд эмаслиги билан боғлиқ ҳолатларнинг суд томонидан белгилинаши десак муболаға бўлмайди.

РАМАЗОН НАЗАРОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

БОСҚИНЧИГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

Босқинчилик – ўзганинг мол-мулкига қарши қаратилган энг хавфли жиноятлардан бири бўлиб, уни содир этганлик учун жавобгарлик амалдаги Жиноят кодексининг 164-моддасида назарда тутилган.

Босқинчиликнинг ижтимоий хавфлилигини юқорилиги, аввало, шу билан боғлиқки, бу жиноят натижасида ўзганинг мол-мулки эгаллаб олинаётганда жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиғига ҳам зиён етказилади ёхуд бундай зиён етказилиши учун реал хавф вужудга келади.

Фикримизни бир жиноят тавсилотига қаратмоқчимиз.

Судланувчи Адхам Жовлиев (исм фамилиялар ўзгартирилган) ўта ҳавфли ресидивист бўлгани ҳолда, ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш йўли билан босқинчилик жиноятини қуйидаги ҳолатларда содир қилган.

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди томонидан жорий йилнинг
10 январ санасида кўрилган ишда Анвар муқаддам бир неча маротаба судланиб ўзига тўғри хулоса чиқармасдан, Ангор туманида яшовчи фуқаро Озода Чориеванинг боқувчиси йўқлигини ҳамда яшаш уйида ёлғиз яшашини олдиндан билиб, 2023 йил 24 ноябр кунига ўтар кечаси соат тунги 02:00 ларда Озоданинг яшаш уйига кириб унга тегишли пуллар ва моддий қимматликларни қўлга киритиш мақсадида икки қўли билан Озоданинг юзини тирналаб, унинг юзини тахминан ярим соат босиб туриб, шу ҳаракатлари билан Озодада қўрқув хиссини уйғотиб, унга тегишли бўлган пуллар ва моддий қимматликларни қўлга киритган. Шу тариқа Анвар воқеа жойидан қочиб кетган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчи Анвар Жовлиевга нисбатан тегишли жазо чоралари одил суд томонидан таъминланиб, суд ҳукми билан жабрланувчига етказилган зарарларни ундириш белгиланди.

Анвар Жовлиев ўз ҳаёт йўлида ўзгалар мулкини босқинчилик йўли билан эгаллаш деб номланувчи қинғир йўлни танлади. Албатта, у бошқа турдаги касб корни амалга ошириши маҳалласининг, халқининг корига ярайдиган шахс бўлиши мумкин эди

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси

САЙЁР СУДДА БИР ГУРУҲ МАҲКУМЛАР МАНЗИЛ-КОЛОНИЯСИДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

Маълумки, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш борасида изчил ишлар олиб борилиб, бир қанча ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Суд-ҳуқуқ тизимида амалга ошириладиган барча ишлар замирида қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришиш каби эзгу ғоялар ётади. Айнан инсон ва адолатли суд ўртасидаги ўзаро муносабатларда қонунийликни ва адолатни таъминлайдиган ҳаракатлар замирида халқимизнинг осойишта ҳамда рози бўлиб яшаш ҳуқуқи турибди.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасида жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этиш ва шу кодекснинг 74-моддасида эса жазони енгилроғи билан алмаштириш назарда тутилган.

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди томонидан 41-сон манзил-колониясида ўтказилган сайёр суд мажлисида жами 18 нафар озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкумларга нисбатан колония маъмурияти томонидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.

Суд, инсонпарварлик тамойилига таяниб ҳамда жазо муддатини ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ўрнатилган тартиб-қоидаларига риоя қилган, ўзининг ҳулқини ижобий томонга ўзгартирган, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб етиб, ўзларига тегишли хулоса чиқарган 3 нафар маҳкумларни ўталмай қолган жазо муддати Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод этиш ҳамда 15 нафар маҳкумларни ўталмай қолган жазо муддати Жиноят Кодексининг 74-моддасига асосан енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил-колониясидан озод этилди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши ва бу борада суд ҳокимияти фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда ҳамда одил судловни сифатини оширадиган тизим яратишга алоҳида эътибор қаратилган.

Эндиликда 15 нафар маҳкумлар ўталмай қолган жазо муддатини тегишли тартибда Пробация хизматида ўтайдилар.

ОЛИМ ТОҒАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди раиси

Skip to content