Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар доимий равишда амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-моддасида, пора берганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, шундай жиноятлар учун жазо турлари белгиланган.
Шунга қарамасдан, ҳанузгача юқорида таъкидланган жиноятни содир этиб турилгани аянчли ҳолатдир.
Хусусан, Сурхонлик Жумма Аллаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2023 йилнинг март ойида фуқаро Сайёра Олимовага ўзини олийгоҳларнинг бирида ўқитувчи бўлиб ишлашлигини айтиб, уни давлат ҳокимияти органи вакилига пора беришга қизиқтириб, олий таълим даргоҳларига ўқишга олиб кириб қўйиш ваколати бўлмаса-да, Сайёранинг ишончига кириб, уни алдаб, ундан қизини олийгоҳнинг ректори билан гаплашиб, ўқишга олиб кириб қўйишини айтиб, жами 3.396.000 сўмга тенг бўлган 300 АҚШ доллари ҳамда 2.000.000 сўм пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, қўлга киритилган пул маблағларини ўзининг шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборади.
Бу қарангки, унинг бу ҳаракати жазосиз қолмайди.
Суднинг ҳукмига кўра, Жумма Аллаевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми билан узил-кесил 9 ой 28 кун корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 2 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Суднинг ҳукмига нисбатан ёзилган вапелляция шикояти эса Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.
Хулоса шуки, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррар.
АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси
Сурхондарё вилоят судида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг архив мудири Т.Шаймарданов ва вилоят суди раиси А.Рузиқуловлар раислигида, вилоят давлат архиви мутахассислари Б.Рахмонов, М.Нарзуллаева, Судлар фаолиятини молиявий таъминлаш департаменти Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Д.Умархонов, департамент масъул ходимлари ҳамда вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судлари архив мудирлари (архивариуслари) иштирокида видеоконференция алоқа тизими орқали семинар машғулоти ўтказилди.
Ўтказилган семинарда вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судлари идоравий архивларида ишларни «Архив иши» тўғрисидаги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелда 101-сонли қарори билан тасдиқланган “Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом ҳамда судларда иш юритиш тартиби тўғрисидаги амалдаги Йўриқнома асосида юритилиши ҳамда Президентимизнинг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сонли ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сонли Фармонларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш хусусида сўз олиб борилди.
Жумладан, “Архив иши тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелда 101-сонли қарори билан “Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган бўлиб, архив ишларини жамлаш, уларнинг ҳисобини юритиш, бут сақланишини таъминлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этишнинг ягона тартибини белгилаши, ушбу қарор орқали архив ҳужжатларини сақлашнинг норматив режимлари, архив сақловхоналарини сақлаш воситалари билан жиҳозлаш тартиблари, ҳужжатларни техник-кимёвий ҳолатини текшириш қоидалари, архив ҳужжатларидан фойдаланиш ва берилган архив ҳужжатларининг сақланишини назорат қилиш тартиблари амалга оширилиши белгилаб қўйилганлиги таъкидланди.
Шунингдек, идоравий архивларда мавжуд бўлган ҳужжатларни сақлаш шароитларини яратиш, хоналарни ёнғин хавфсизлигини олдини олиш учун ўт ўчириш қурилмаси билан таъминланганлиги, хоналарни ҳароратнинг нормал ҳолати, ҳавонинг нисбий намлигини доимий назорат қилиб борилиши юзасидан тегишли тавсия ва тушунчалар берилди.
Семинар якунида кун тартибидаги мавзу юзасидан иштирокчилар билан қизғин савол жавоблар ўтказилиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Айрим кимсалар доим бошқаларнинг чўнтагидаги пулларни санаб юради. Фурсат бўлди, дегунча, уларга эгалик қилиш ҳаёлида бўлади. Баъзан бу истак кучлилиги сабабли ўғирлик қилиш ҳолатлари кузатилади.
Термизлик Аваз Тоиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) шундай кимсалар тоифасига қўшиш мумкин. Нега деганда, у муқаддам 6 маротаба ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун тегишли жазога тортилганидан бу гал ҳам тўғри хулоса чиқармади.
Аваз охирги маротаба суд томонидан ўта хавфли рецидивист топилган бўлишига қарамасдан яна эски касбини давом эттириб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш ва шу йўл билан мулкий манфаат кўришни мақсад қилиб, жиноий режасини амалга ошириш мақсадида 2024 йил 13 февраль куни Термиз шаҳар Наврўз маҳалласидаги кўп қаватли уйларнинг бирини кириш эшиги олдида қулфланган ҳолда қўйиб кетилган фуқаро Абдула Қулаевга тегишли бўлган бир дона 1.800.000 (бир миллион саккиз юз минг) сўм бўлган “Velomax” русумли велосипед қулфини бузиш йўли билан ўғирлаб кетади.
Қахрамонимиз ушбу содир этган жинояти учун жазонланмай қолганлигидан фойдаланиб, жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, 2024 йил 27 февраль куни Термиз шаҳар “Каттабоғ” маҳалласида яшовчи Баҳром Алимовнинг яшаш ҳовлисида турган бир дона қора рангли 1.200.000 (бир миллион икки юз минг) сўм бўлган “Алтай” русумли велосипедини ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинади.
Ушбу ҳодисалардан жабр кўрган Абдула Қулаев ва Баҳром Алимовлар туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қиладилар. Олиб борилган тезкор-қидирув суриштирув натижаларига кўра, Авазнинг содир этган жинояти фош этилиб, жиноят иши қўзғатилади.
Суд мажлисида сўралган Аваз Тоиров айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий ва моддий шароити оғир эканлиги сабабли ўғирлик жиноятига қўл урганлигини билдириб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўрайди.
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди унга юқоридаги қилмишлари учун 6 (олти) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, жазони ўташ махсус тартибли колонияда ўтаттиришни белгилади.
Шу каби, суд ҳукми билан судланувчи Аваз Тоировдан жабрланувчиларга етказилган моддий зарарларни ҳам ундиришни белгилади.
Қилмиш – қидирмиш деб шуни айтадилар. Ўз нафсига қул бўлиб, ҳалол ризқ топмасдан, бировларнинг ҳаққини ейишнинг жазосини бу дунёнинг ўзида олди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида, “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас” деб белгиланган.
Жумладан, Алишер Ҳамзаев (исм-фамилияси ўзгартирилган) 2023 йил 11 декабрь куни Музработ туманидаги ўзининг яшаш уйи ҳовлисида ўзига илгаридан таниш бўлган фуқаро Норбўта Холбоев билан ўзаро тортишиб, жанжаллашиб қолади ва жанжал вақтида яшаш уйида бўлган темир қувур (труба) билан унинг ўнг елка соҳасига бир маротаба қасддан уриб, танасининг ўнг елка суягининг ёпиқ синиши тан жароҳати етказган.
Суд ҳукми билан унга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланиб, Алишер Ҳамзаевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “л” банди билан шу кодекснинг 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Мазкур суднинг ҳукмига нисбатан келтирилган апелляция шикояти жиноят иши билан биргаликда Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Фикримиз якунида шуни айтиш жоизки, ҳаётда кечаётган воқеа ва ҳодисалар учун ҳар кимнинг ўзи сабабчи бўлади.
АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси
Аҳолининг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарияти томонидан Сурхондарё вилоятида истиқомат қилувчи фуқаролар учун Термиз шаҳрида сайёр қабул ўтказилди.
Фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш ва ечимини топишда ҳудудларда ўтказилаётган сайёр қабуллар яхши натижа бермоқда. Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов, Олий суд судьялари Носир Расулов, Нурали Рахмонов ва вилоят судлари вакиллари томонидан Термиз шаҳрида ўтказилган сайёр қабул давомида жами 40 нафар фуқаронинг суд-ҳуқуқ масалаларига доир мурожаатлари ўрганилди.
Мурожаатларнинг 27 таси жиноят ишлари бўйича, 7 таси фуқаролик ишлари бўйича, 4 таси маъмурий ишлар бўйича ва 2 таси иқтисодий ишлар бўйича судларга оид масалаларни ташкил қилди. Шундан 21 та мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилди, 19 та шикоят ва ариза қонуний кўриб чиқиш учун қабул қилинди.
Оммавий қабулда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони ўтаётган маҳкумлар жазони енгиллаштиришни сўраб мурожаат қилишди ва шу ернинг ўзида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан очиқ суд мажлислари ўтказилиб, жами 41 нафар шахс тегишли жазосини ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди.
Сайёр қабул давомида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ажрашиш арафасидаги 6 та оила яраштирилди, 2 нафар шахсга нисбатан юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш бўйича аризалар қаноатлантирилди.
Қабулда Термиз туманида истиқомат қилувчи Бобомурод Сатторов 1995 йилда Тожикистон Республикасида туғилганлиги, 2000 йилда эса оила аъзолари билан Сурхондарё вилояти Термиз туманига яшаш учун кўчиб келганлиги, ўшандан буён Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини ололмай юрганлиги, бир неча бор тегишли идораларга мурожаат қилганлиги, аммо мурожаат ечим топмаганлиги, бугунги бўлаётган сайёр қабулда унинг мурожаати юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилганлиги ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олганлигини билдириб, миннатдорчилик билдирди.
Худди шу каби, қабулда Термиз туманида истиқомат қилувчи Асилбек Бозоров ҳам 1998 йилда Турманистон Республикасида туғилганлиги, 2004 йилда доимий яшаш учун оила аъзолари билан Сурхондарё вилояти Термиз туманига яшаш учун кўчиб келганлиги, ўшандан буён Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини ололмай юрганлиги, бир неча бор тегишли идораларга мурожаат қилганлиги, аммо мурожаат ечим топмаганлиги, бугунги бўлаётган сайёр қабулда унинг мурожаати юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилганлиги ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олганлигини билдириб, миннатдорчилик билдирди.
Бундан ташқари, сайёр қабулда дастлабки тергов органи томонидан тақдим этилган 5 нафар шахсга оид жиноят ишлари жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар, Ангор, Жарқўрғон ва Термиз туман судлари томонидан сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиб, судланувчилар томонидан жабрланувчиларга етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги сабабли тарафлар яраштирилиб, жиноят ишлари тугатилди. Шунингдек, 2 нафар шахсга оид жиноят ишлари кўриб чиқилиб, уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди ва қамоқдан озод этилди.
Қабулда муаммолари ҳал бўлган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси номига ёзма ташаккурнома билдирди.
АСҚАР ҚУДРАТОВ,
Сурхондарё вилоят судининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультанти
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган ва ундаги нормалар барча соҳалар бўйича асосий қоидаларни қамраб қолган.
Шундай нормалардан бири Конституциямизнинг “Сиёсий ҳуқуқлар” деб номланган 8-бобида ҳам акс этган.
Жумладан, Конституциямизнинг 36-моддасида, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда шакллантириш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилади. Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади” деб белгилаб қўйилган бўлиб, ушбу моддада фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларининг асосий қоидаларидан бири акс этган.
Шунингдек, 37-моддасида, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгадирлар. Давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан белгиланади” деб белгиланган бўлиб, ушбу янги норма фуқароларнинг давлат хизматига киришдаги тенг ҳуқуққа эгалигини кафолатини таъминлайди.
Шу каби, Конституциямизнинг 39-моддасида фуқароларнинг касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқи, давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқуқларини кафолатловчи нормалар акс этган.
Хулоса шуки, Конституциямиздаги юқоридаги нормалар фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини амалга ошириш кафолатларини белгилайди.
АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси
Ҳозирги кунда одил судлов тизимида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари тикланмоқда. Шахснинг қилмишлари вақт ўтиб бориши билан жиноят ҳисобланмаса-да, бироқ улар судланган бўлиб бир умр юришга мажбур бўлмоқда.
Жумладан, тергов органи ҳужжатларига кўра, Собиров Адхам Салимович (исм-фамилия ўзгартирилган) 2019 йил ноябрь ойининг охирлари тергов давомида аниқлашнинг имкони бўлмаган кунида Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига “ХSERIE-S” русумли учувчисиз учадиган (дрон) аппаратини қонунга хилоф равишда олиб кириб, яшаш уйига сақлаб, ундан фойдаланиб келаётганлиги 2023 йил 15 август куни Сариосиё тумани Ички ишлар бўлими тезкор ходимлари томонидан аниқланиб, “ХSERIE-S” русумли учувчисиз учадиган (дрон) аппарати холислар иштирокида далилий ашё тариқасида хужжатлаштирилиб олинган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги Х.Сулаймонова номидаги Рекспублика Суд экспертиза марказининг хулосасига кўра, экспертиза тадқиқоти учун тақдим этилган “ХSERIE-S” ёзувли қурилма учувчисиз учиш аппарати (дрон) туркумига киришлиги хақида хулоса тақдим этилган.
Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2024 йил 26 февраль кунидаги ҳукми билан А.Собировга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2444-моддаси 1-қисми билан, шу кодекснинг 57-моддаси қўлланган ҳолда 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Ўзбекистон Республикасининг “Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан ўзбекистон республикасининг жиноят кодексига ҳамда ўзбекистон республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 15.03.2024 йилдаги 921-сонли қонуни қабул қилиниб, унга кўра қуйидаги ўзгариш киритилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2444-моддасига қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:
-биринчи қисм қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, –
базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади» деб кўрсатилган.
Судланувчи А.Собиров томонидан келтирилган кассация шикояти ва прокурорининг кассация протести асосида жиноят иши Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси томонидан кўриб чиқилиб, А.Собировнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 2444-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Жинотя процессуал кодекси 83-моддасининг 2-бандига асосан айбсиз деб топилиб, оқланди ҳамда А.Собировнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлигига баҳо бериши учун Сариосиё туман прокурорига юборилди.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, инсон ва давлат ўртасида вужудга келадиган муаммо янги таҳрирдаги Конститутциямизнинг 20-моддасида “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади” деб таъриф бериб ўтилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 13-моддасида қилмишнинг жиноийлиги ва жазога сазоворлиги ана шу қилмиш содир этилган вақтда амалда бўлган қонун билан белгиланади, деб қўйилиб, ҳозирги кунда ушбу қилмиш жиноят таркиби эмаслиги ҳисобланиб, А.Собировни суд тўлиқ равишда оқлаб, уни жамиятга керакли инсон сифатида қайтарди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 2-кичик бўлими 19-бобида, даъво ишини юритиш тартиб-таомиллари белгилаб ўтилган.
Ушбу кодекснинг 182-моддасида суд томонидан даъво ишини юритиш тартибида кўриладиган ишларга таъриф бериб ўтилган.
Яъни, суд томонидан даъво ишини юритиш тартибида кўриладиган ишларга, агар қонунчиликда уларни кўришнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, фуқаролик, меҳнат, оилавий, уй-жой ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган даъволар бўйича ишлар киради.
Даъво ишни юритишга доир ишлар ушбу кичик бўлимда кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан бирга фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўрилади.
Меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимларни ёки ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ходимларни илгариги ишига тиклаш тўғрисидаги ишлар бўйича суд меҳнат шартномасини бекор қилишга ёки бошқа ишга ўтказишга фармойиш берган мансабдор шахсни учинчи шахс сифатида жавобгар тарафида ишда иштирок этиш учун ўз ташаббуси билан жалб қилиши шарт.
Суд меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ёки бошқа ишга ўтказиш очиқдан-очиқ қонунни бузган ҳолда амалга оширилганлигини аниқласа, шу процесснинг ўзидаёқ айбдор мансабдор шахс зиммасига мажбурий прогул ёки кам ҳақ тўланадиган иш бажарилган вақт учун ҳақ тўлаш сабабли ташкилотга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбуриятини юклатади. Бундай ҳолларда мансабдор шахсдан ундириладиган суммаларнинг миқдори меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан белгиланади.
Эр-хотиннинг мол-мулкини бўлиш ҳақидаги талаби, агар бу низони тўғри ҳал этиш учун ишга учинчи шахсларни жалб қилиш зарур бўлса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги иш билан бирга кўрилиши мумкин эмас.
Суд алиментлар ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича жавобгарнинг судга келишини шарт деб топиши мумкин. Агар бундай ҳолда жавобгар суд томонидан узрсиз деб топилган сабабларга кўра суд мажлисига келмаса, у мажбурий тартибда келтирилади ва ушбу Кодекснинг 146-моддасида назарда тутилган тартибда жаримага тортилади.
Алиментлар ундириш тўғрисидаги ишларни кўриш вақтида суд зарур бўлган тақдирда, ишни мазмунан ҳал қилгунига қадар тарафларнинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, эр (хотин) ўз хотинини (эрини) боқишга қанча миқдорда вақтинча маблағ бериб туриши кераклиги, болаларни боқиш ва тарбиялашга эр-хотиндан қайси бири ва қанча миқдорда вақтинча маблағ бериб туриши кераклиги, шунингдек болалардан қайси бири ота-оналарини боқишга қанча миқдорда вақтинча маблағ бериб туриши кераклиги тўғрисида ажрим чиқаришга ҳақли.
Суднинг ажрими дарҳол ижро этилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, суд буйруғи низосиз талаблар бўйича суд муҳокамаси ўтказмасдан берилган суд ҳужжат бўлиб, суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга. Суд буйруғи бўйича ундирув буйруқ берилганидан кейин ўн кунлик муддат ўтгандан кейин ва суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
Бордию, суд томонидан чиқарилган суд буйруғи иккинчи тарафнинг эътирозномаси асосида бекор қилинган тақдирда низо даъво ишини юритиш тартибида кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддаси 3-қисмига кўра, Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгилаб қўйилган.
Даъвогар Бердиева Назокат (исм-фамилиялар ўзгартирилган) судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, суддан жавобгар Баҳромов Мансурдан 2024 йил 10 февраль куни туғилган фарзанди уч ёшга тулгунига қадар ҳар ойда таъминот ундиришни сўраган.
Аниқланишича, Баҳромов Мансур ва Бердиева Назокат қонуний никоҳдан ўтган ҳолда оила қуриб бирга яшаб келишган. Уларнинг турмушларидан бир нафар вояга етмаган фарзанди бўлиб, фарзанди уч ёшга тўлмаган.
Ҳозирги кунда Баҳромов Мансур ва Бердиева Назокат ўзаро келишмовчилик сабабли алоҳида яшаб келишмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 117-моддасига кўра, эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт, бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаеқатсиз эр ёки хотин, шунингдек, хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида, ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган ўртадаги болага қараган ёрдамга муҳтож эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотин (эр)дан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.
Бундай ҳолда Баҳромов Мансур фарзанди уч ёшга етгунга қадар Бердиева Назокатга моддий ёрдам бериб туриши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 119-моддасида, эр-хотин (собиқ эр-хотин) ўртасида алимент тўлаш тўғрисида келишув мавжуд бўлмаган ҳолларда эр ёки хотинга (собиқ эр ёки хотинга) суд тартибида ундириб бериладиган алимент миқдори суд томонидан эр ёки хотиннинг (собиқ эр ёки хотиннинг) моддий ва оилавий аҳволини ҳамда тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини эътиборга олиб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади, бироқ бу сумма қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги лозимлиги белгиланган.
Суд томонидан даъвогарнинг даъвосини қаноатлантириб, Баҳромов Мансурдан Бердиева Назокатнинг фойдасига вояга етмаган фарзанди уч ёшга етгунга қадар ҳар ойда қатъий суммада алимент ундириб бориш белгиланди.
ЗАРИФ ХЎЖАМУРОТОВ,
Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси
Маълумки, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини «Инсон қадри учун» тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, суд-тергов амалиёти инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича самарали механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлиги, шунингдек, жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ҳамда шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали ишончли таъминлаш чораларини кучайтириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.
Дарҳақиқат, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида:
-жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартибини жорий этиш;
-жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини киритиш;
-жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгилаш;
-тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш;
-тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолиш белгиланди.
Бундан ташқари, тергов судьясига қуйидаги жиноят материалларини, шу жумладан санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилди:
а) қуйидагилар бўйича санкциялар:
-қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;
-қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлик, илтимоснома;
-паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;
-мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;
-почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;
-тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;
-телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома;
-мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;
б) қуйидагилар бўйича мажбурлов чоралари:
-айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;
-шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;
-айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;
-ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома;
в) прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаси.
Шунингдек, қуйидагилар тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
-қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш;
-фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилиш.
Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги;
-тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофик, амалга оширилиши;
-тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раислари томонидан амалга оширилиши белгилаб берилди.
Таъкидлаш керакки, “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони келгусида суд тизими тузилмасини ислоҳ қилишга, қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга, фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, шунингдек қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Т.БЕКПУЛАТОВ,
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Сурхондарё вилоят суди