ШЕРОБОДДА СУД ТИЗИМИДА КОРРУПЦИЯ БИЛАН БОҒЛИҚ ҲОЛАТЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ МАСАЛАЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎТКАЗИЛДИ

Сурхондарё вилоят суди судьялари иштирокида жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди, фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди ва Шеробод туманлараро иқтисодий суди судьялари ва ушбу судларда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг ота-онаси ҳамда яқин қариндошлари билан яқиндан танишиб, уларнинг оилавий шароитини ўрганиш, фарзандининг ишдаги ва ишдан ташқари бўлган вақтининг биргаликдаги кунлик назоратини олиб бориш лозимлиги, фарзанд келажагига бефарқ қарамасдан биргаликда  ҳамкорлик ўрнатиш, суд ходимлари ўртасида коррупцион ҳолатларини содир этилмаслиги, коррупцион ҳолатлар юзасидан барвақт хабар бериш лозимлиги, шунингдек суд ходимларининг доимий малакасини ошириб боришда назорат ўрнатиш юзасидан ҳар бир суд ходимининг ота-онаси ва уларнинг яқин қариндошлари билан ўзаро давра суҳбати ташкил этилди.

Мулоқотда судья, суд ходимлари ва уларнинг яқин қариндошларига сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида катта ўзгаришлар амалга оширилаётгани, судьяларга қўйилаётган талаблар нечоғлик маъсульятли экани, судьяларнинг аксарияти суд ходимлари орасидан тайинланишини, бугунги кунда суд ходимларининг маънавияти, одоби ва масъулияти алоҳида эътиборда экани ҳамда суд ходимларнинг хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланмасликлари ҳақида сўз юритди.

-Халқимиз азал-азалдан болажон халқ ва ўз тақдирини фарзандларининг фаровон ҳаёти ва эртанги куни билан белгилайди. Айниқса, суд тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг ота-оналари ўз жигарбандининг танлаган касби билан фахрланса арзийди. Шунингдек, уларнинг зиммасига ана шу фахр туйғусини масъулият билан ҳис қилиш талаби ҳам қўйилмоқда. Бугунги тадбирда ҳам ходимларнинг оила аъзолари билан мулоқотда бўлдик, суд тизимида ишлаётган ҳар бир ходим у қайси лавозим ёки вазифада бўлмасин, коррупцияга қарши иммунитетга эга бўлиши зарурлигини ҳаётий мисоллар билан далилладик, дейди вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Уктам Мамадиев.

Мулоқотда туман (туманлараро) суди раислари ҳам сўзга чиқиб, ҳозирги кунда суд ходимлари ўртасида коррупцион ҳолатларни содир этмаслик борасида фикрлани тингланиб, улар томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида фикрлари тингланди.

Бугунги кунда коррупцияга қарши кураш мақсадларига фақат жиноят-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Ўйлаймизки, бундай маънавий бузилиш ҳолатга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдирлар.

БАХОДИР ДЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

ПЕНСИОНЕРНИНГ ТЎЛАНМАСДАН ҚОЛИНГАН ПЕНСИЯ ПУЛЛАРИ УНДИРИБ БЕРИЛДИ

Даъвогар А.Б.нинг жавобгар Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман бўлимига нисбатан “Тўланмасдан қолинган пенсия тўловларини ундириш ҳақида”ги даъво аризаси билан судга мурожаат этган бўлиб, мазкур даъво аризаси бўйича фуқаролик иши қўзғатилиб, суд мажлисида кўриб чиқилди.

Аниқланишича, А.Б да 2015 йил 01 майда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи вужудга келган бўлсада, илк бор Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлимига 01.03.2017 йилда ёшга доир пенсияга чиқиш учун мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикасининг 03.09.1993 йилдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига кўра, Фуқаролар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганидан сўнг исталган пайтда пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этишлари мумкин.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Денов туман бўлимининг 03.03.2017 йилдаги қарорига асосан даъвогарга 27 йил 4 ой 23 кун стаж билан 545 857 сўм 28 тийин миқдорида ёшга доир пенсия тайинланган ҳамда қайта ҳисобланиб кўпайтириб келинган.

Иш бўйича 16.11.2023 йилда олинган мутахассислик хулосасида, фуқаро А.Б.га туман Пенсия жамғармаси бўлими томонидан пенсия тайинлашда хато-камчиликларга йўл қўйилганлиги, фуқарога туман Пенсия жамғармаси бўлими томонидан пенсия кам тўлаб берилганлиги кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасининг 03.09.1993 йилдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг  59-моддасида “Пенсионерга ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин унинг томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги ўн икки ойдан ошмаган давр учун тўланади.

Пенсияни тайинловчи ёки тўловчи органнинг айби билан ўз вақтида олинмай қолган пенсия пули ўтган давр учун муддати чекланмаган ҳолда тўланади.”-деб кўрсатилган.

Ишдаги аниқланган ҳолатларга қараганда, жавобгар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими томонидан даъвогар А.Б.га 01.03.2017 йилдан 01.03.2023 йилгача 20.802.799 сўм пенсия кам тўлаб берилган.

Суд юқоридаги норматив ҳужжат талаблари ва ишдаги аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириб, даъвогарга тўлаб берилмаган пенсия пулларини ундириб бериш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.

БАХТИЁР МУСТАФАЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ВА УНИНГ ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш сари интилмоқда. Бундай юксак мақсадга эришишда оилага бўлган муносабат муҳим ўрин эгаллайди. Чунки оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб ҳисобланади. Ҳар бир оиланинг фаровонлиги, оиладаги наслнинг соғломлиги, баркамоллиги жамият фаровонлигида, давлатнинг юксалишида кафил бўлиб хизмат қилади.

Оила ва жамият бир-бирига чамбарчас ва узвий боғлиқ бўлиб, жамиятнинг ўзи ҳам оилалардан ташкил топади. Оила ҳам ўз навбатида жамият бағрида вужудга келади, ривожланади. Айни пайтда оиланинг жамиятда ўз вазифалари мавжуд. Улар оиланинг авлод яратиш, фарзандларни тарбиялаш, уларни камолга етказиш, оиладаги иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, оила аъзоларининг дам олишини ва саломатлигини тиклаш, табиатга, жамиятга бўлган ўзаро муносабатларни шакллантиришдан иборат.

Оиладаги ота-она ва болалар ўртасида маълум ҳуқуқий муносабат ва мажбуриятлар борки бу нарса оилани мустаҳкамлигини таъминлайди. Ушбулардан бири бу ота-оналик ҳуқуқ ва мажбуриятларидир.

Ота-оналик ҳуқуқ ва мажбуриятлари уларни ажратиб бўлмайдиган тоифага киради. Аммо улар ўз мақсади бўйича ишлатилмаганда ота-оналик ҳуқуқини йўқотиши оқибатида маҳрум қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 79-моддасига кўра, Ота-она (улардан бири) қуйидаги ҳолларда:

-ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;

-узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;

-ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;

-муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса;

-ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш боланинг туғилишни қайд қилиш ёзувида ота-онаси сифатида кўрсатилган ота-оналарга нисбатан қўлланиладиган оилавий-ҳуқуқий таъсир чоралари ҳисобланади

Ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги ҳуқуқий муносабат, уларнинг бир-бирига бўлган меҳр-оқибати биринчи навбатда оилада намоён бўлади. Аксари ҳолларда, айрим оилаларда маиший бузуқ, спиртли ичимликлар ёки гиёҳвандлик моддаларини суиистеъмол қилувчи, шунингдек бошқа салбий сабаблари билан ота-оналик номига доғ тушираётганлар ҳам йўқ эмас. Бу каби нохушликларнинг олдини олиш ёки уларга муайян таъсир чоралари кўриш мақсадида қонунчилигимизда бир қатор тарбиявий чоралар назарда тутилган

Оила Қонунчилиги талабига кўра, Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш суд тартибида амалга оширилади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишнинг қатор ҳуқуқий оқиабтлари мавжуддир. Унга кўра, Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она қайси болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, шу болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан ундан таъминот олиш, шунингдек болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлади.

Бироқ, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.

Шунингдек, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онанинг (улардан бирининг) бундан кейин бола билан биргаликда яшаш-яшамаслик масаласи суд томонидан уй-жой тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.

Болани ота ёки онасига беришнинг имконияти бўлмаган ёки ота-онанинг ҳар иккаласи ҳам ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган тақдирда, бола васийлик ва ҳомийлик органининг қарамоғига олиб берилади.

Шу боис, ҳар бир ота-она ўзининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўғри англаган ҳолда уни амалга оширишлари жамиятнинг ривожига янада ҳисса қўшиб, бу борада муаммолар вужудга келишининг олдини олишга хизмат хизмат қилади.

БАХТИЁР МУСТАФАЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси

ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ ЧИҚАРИЛГАНИДАН СЎНГ ПЕНЯ ВА ФОИЗ ҲИСОБЛАШ ТЎХТАТИЛИШИ ТАРТИБИ

Банклар ва бошқа кредит ташкилотларидан кредит олган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан айрим сабабларга кўра кредит тўловларини тўлаш кечиктирилган ёки улар қисман тўланган ҳолларда ёки ҳал қилув қарори чиққандан кейин ҳам фоизлар ва пеня ҳисоблаш каби кредит қарздорлигини узишнинг амалдаги тартибини такомиллаштириш зарурати Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилнинг 18 август куни ўтказилган очиқ мулоқотида асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб берилган эди.

Амалда 2023 йил 31 декабрь ҳолатигача ҳал қилув қарори чиқарилгандан кейин ҳам қарздорлик бўйича мажбуриятлар жавобгар томонидан бажарилмай келганда пеня ва фоизлар ҳисобланиши давом этар эди, ҳаттоки суд қарори билан қарздорлик тўлиқ ундириб берилган, ундирув гаров таъминотига қаратилган бўлса ҳам.

Ушбу ҳолат бирмунча адолатсиз бўлиб, кредит ташкилотлари, хусусан банкларнинг қўшимча маблағларни ундиришига ва тадбиркорларга анчагина қийинчиликлар туғдиришига олиб келар эди.

2023 йилнинг 18 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида билдирган таклифларига асосан ҳамда белгиланган устивор вазифаларни бажариш юзасидан Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 2023 йил 4 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-292-сон қарори билан кўплаб тизимли муаммолар ҳал этилди, шу жумладан бизнес юритишни соддалаштириш, солиқ юкини камайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизими ва инфратузилма яратиш ҳамда мулк ҳуқуқини таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилиши белгилаб берилди.

Жумладан, ушбу Қарорнинг 10-бандида 2024 йил 1 январдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилиши, тўлов миқдори кредит мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаганда, маблағларни, биринчи навбатда, мутаносиб равишда муддати ўтган асосий қарз ва фоиз қарздорликларини, иккинчи навбатда жорий тўлов учун ҳисобланган фоизлар ва асосий қарзни, кейинги навбатларда неустойка ва ижро харажатларини қоплашга йўналтириш тартиби ўрнатилиши белгилаб берилди.

Ўз навбатида мазкур қарор ижросини таъминлаш, қонунчиликка ўзгартиришлар киритишни тақазо қиларди.

Шунга мувофиқ, 2024 йил 27 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-914-сонли Қонуни эълон қилинди.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига (кейинги ўринларда Кодекс) амалга оширилган тўлов суммаси қарз олувчи жисмоний шахсга ёки қарз олувчи тадбиркорлик субъектига ажратилган микроқарз ёки кредит бўйича мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлмаган тақдирда, биринчи навбатда асосий қарзнинг узилишини, шунингдек ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, фоизлар ва неустойкани ҳисоблаш тўхтатилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилилди.

Шунингдек, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига микроқарзнинг энг юқори миқдори эллик миллион сўмдан юз миллион сўмгача оширилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилди.

Жумладан, Қонуннинг 1-моддасининг иккинчи банди билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 744-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди:

“Кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган, кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан ушбу Кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида ҳамда 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек неустойка ҳисобланиши тўхтатилади”.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида “бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак.

Фоизлар миқдори кредитор яшайдиган жойда, кредитор юридик шахс бўлганида эса, унинг жойлашган ерида пул мажбурияти ёки унинг тегишли қисми бажарилган кунда мавжуд бўлган банк фоизининг ҳисоб ставкаси билан белгиланади. Қарз суд тартибида ундириб олинганида суд кредиторнинг талабини даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб қондириши мумкин. Ушбу қоидалар қонунда ёки шартномада бошқа фоиз миқдори белгиланган бўлмаса қўлланилиши” белгиланган.

Кодекс 734-моддасининг биринчи қисмида эса “агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлиши” мустаҳкамланган.

2024 йил 27 февраль куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-914-сонли Қонунининг 5-моддаси билан ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан, яъни 2024 йилнинг 27 февраль куни кучга кириши белгиланиши билан, қонун қабул қилувчи, қонуннинг орқага қайтиш кучи каби ажойиб имкониятдан фойдаланиб, киритилаётган меъёрлар 2024 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилишини белгилаб берди.

Энди мазкур Қонунга асосан ҳал қилув қарори чиққанидан кейин 2024 йил 1 январь кунидан бошлаб пеня ва фоизлар ҳисобланиши тўхтатилади.

Бу эса ўз навбатида, кредит олувчилар учун қўшимча қулайликлар, тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларни тежаш ва кўпайтириш, қулай тадбиркорлик муҳитини яратишга ва аҳолининг кредит ва микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришга ва оширишга хизмат қилишига қатъий ишонч билдириб қолсак бўлади.

МАРС МАМАЮСУПОВ,

Денов туманлараро иқтисодий суди судьяси

ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

Эндиликда кредитни ундириш бўйича суд қарори чиқарилганда фоиз ва неустойка ҳисоблаш тўхтатилади. Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 27 февраль кунида имзоланган ЎРҚ-914 сонли Қонуни билан айрим қонун ҳужжатларга ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига киритилган ўзгартиришга кўра:

Агар амалга оширилган тўлов суммаси қарз олувчи жисмоний шахсга ёки қарз олувчи тадбиркорга ажратилган микроқарз ёки кредит бўйича мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлмаса, қарз олувчининг қарзи қуйидаги навбатда қопланади:

-асосий қарз бўйича муддати ўтган қарздорлик ва муддати ўтган фоиз тўловлари мутаносиб равишда;

-жорий давр учун ҳисобланган фоизлар ва жорий давр учун асосий қарз бўйича қарздорлик;

-неустойка (жарима, пеня);

-кредиторнинг қарздорликни узиш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлари.

Шунингдек, кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган, кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан белгиланган тартибда фоизлар, шунингдек неустойка ҳисобланиши тўхтатилади.

Бундан ташқари, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, микроқарзнинг энг юқори миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача оширилди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

ШУКРУЛЛО ҒОЗИЕВ,

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси

Нақд пуллар билан ва нақд пулсиз ҳамда тўлов топшириқномалари билан қилинадиган ҳисоб-китоблар тушунчаси

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг
790-моддасида нақд пуллар билан ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳамда 792-моддасида эса тўлов топшириқномалари билан қилинадиган ҳисоб-китоблар тўғрисида сўз боради.

Унга кўра, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари билан боғлиқ бўлмаган ҳолда улар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ва фуқаролар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пуллар билан ёки нақд пулсиз суммаси чекланмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Юридик шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ ҳолда улар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пулсиз тартибда амалга оширилади. Кўрсатиб ўтилган шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоблар, агар қонунда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, нақд пулда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Агар қонундан бошқача тартиб келиб чиқмаса ва бундай тартибни фойдаланилаётган ҳисоб-китоблар шакли тақозо этмаса, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар уларда қатнашаётган шахсларнинг ҳисобварақлари очилган банклар, бошқа кредит ташкилотлари (бундан буён – банклар) орқали амалга оширилади.

Нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг шакллари қуйидагича:

Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар амалга оширилганда тўлов топшириқномалари, аккредитивлар, чеклар билан ҳисоб-китоб қилишга, инкассо бўйича ҳисоб-китоб қилишга, шунингдек қонунда, қонунга мувофиқ чиқариладиган банк қоидаларида ҳамда банк амалиётида қўлланилаётган иш муомаласи одатларида назарда тутилган бошқа шаклларда ҳисоб-китоб қилишга ҳам йўл қўйилади.

Шартномадаги тарафлар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳисоб-китоб қилиш шаклларининг исталганини танлаб олишга ва шартномада назарда тутишга ҳақли.

Тўлов топшириқномаси билан ҳисоб-китоб қилинганида банк мижознинг топшириғига мувофиқ унинг ҳисобварағидаги маблағлар ҳисобидан маълум миқдор пул суммасини мижоз кўрсатган шахснинг шу ёки бошқа банкдаги ҳисобварағига қонунчиликда назарда тутилган муддатларда, агар банк ҳисобварағи шартномасида қисқароқ муддат назарда тутилган бўлмаса ёки у банк амалиётида қўлланиладиган иш муомаласи одатларида белгиланган бўлмаса, ўтказиш мажбуриятини олади.

Тўлов топшириқномасида маблағларни олувчи сифатида кўрсатилган шахс банкдан тўловни амалга оширишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди, бундай ҳуқуқ қонунда ёки мижознинг банк билан тузган шартномасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Тўлов топшириқномасининг ҳамда у билан бирга тақдим этиладиган ҳисоб-китоб ҳужжатларининг мазмуни ва шакли банк қоидаларида белгилаб қўйилган талабларга мос келиши керак.

Мижознинг топшириғи унинг ҳисобварағида маблағлар бўлган тақдирдагина, агар мижоз билан банк ўртасидаги шартномада бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, банк томонидан ижрога қабул қилинади.

Мижознинг тўлов топшириқномасини қабул қилган банк тегишли пул суммасини топшириқномада кўрсатилган шахснинг ҳисобварағига ўтказиш учун уни маблағ олувчининг банкига ушбу Кодекснинг 792-моддаси биринчи қисмида белгилаб қўйилган муддатларда ўтказиши шарт.

Банк мижознинг топшириқномасида кўрсатилган ҳисобвараққа пул маблағларини ўтказиш операцияларини бажариш учун бошқа банкларни жалб қилишга ҳақли.

Банк мижознинг талабига кўра, агар қонунда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, топшириқнинг бажарилганлиги ҳақида унга дарҳол хабар бериши шарт.

Мижознинг топшириғи бажарилмаган ёки тегишли даражада бажарилмаган тақдирда, банк бунинг учун ушбу Кодекснинг 327-моддасига мувофиқ жавобгар бўлади.

Тўлов топшириқномаси бўйича ҳисоб-китоб операцияларини амалга оширишда иштирок этадиган банклар ушбу топшириқни берган шахс олдида солидар жавобгар бўладилар.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, нақд пуллар билан ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳамда тўлов топшириқномалари билан қилинадиган ҳисоб-китоблар ўртасида фарқ шундаки, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари билан боғлиқ бўлмаган ҳолда улар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ва фуқаролар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пуллар билан ёки нақд пулсиз суммаси чекланмаган ҳолда амалга оширсалар, тўлов топшириқномаси билан ҳисоб-китоб қилинганида банк мижознинг топшириғига мувофиқ унинг ҳисобварағидаги маблағлар ҳисобидан маълум миқдор пул суммасини мижоз кўрсатган шахснинг шу ёки бошқа банкдаги ҳисобварағига ўтказиб бериш тушунилади.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ОДИЛ СУДЛОВ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ САМАРАЛИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Муҳтарам Президентимиз томонидан 2023 йил 16 январда  “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  ПФ-12-сонли Фармон қабул қилинди.

Ушбу Фармонда, одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятида 2023 йил 1 сентябрга қадар «Судларда прокурор иштироки» ахборот тизимини яратиб, 2024 йилдан амалиётга тўлиқ жорий этиш, 2023 йил 1 июлдан Бош прокуратура ва Олий суд ахборот тизимларини интеграция қилиш йўли билан ўзаро ҳужжат алмашинувини тўлиқ йўлга қўйиш белгиланди.

Бундан ташқари, мазкур Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг эмблемаси намунаси тасдиқланди.

Фармонга кўра, Олий судга Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

-илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказиш;

-айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартибини белгилаш;

-фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича тарафларни келиштириш ва медиация институтини кенг жорий этиш бўйича асослантирилган таклифларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилишини таъминлаш юклатилди.

Шунингдек, мазкур Фармон билан Олий судга Судьялар олий кенгаши ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 июлга қадар ушбу бандда назарда тутилган янги механизмлар жорий этилиши натижасида иш юкламаси мақбуллаштирилган судларнинг штат бирликларини самарали тақсимлаш бўйича асослантирилган таклифларни ва  Бош прокурорга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда илғор хорижий тажрибани ҳамда судларда кўриладиган иш ҳажмини инобатга олиб, айрим йўналишларда прокурор назоратини қисқартириш, шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги ташкилотлар штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан Ихтисослашган прокурорлар корпуси штат бирликлари сонини кўпайтириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, юқоридаги Фармоннинг аҳамияти – келгусида одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайиши ва судлар фаолияти самарадорлигини ошишига хизмат қилади.

МАНСУР АБДУРАХМАНОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

АВВАЛИГА ФИРИБГАРЛИК ЭНДИ ЭСА ТРАНСПОРТ ВОСИТАСИНИ ОЛИБ ҚОЧИШ

Санжар Бобоев (исм фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам муқаддам бир неча марта фирибгарлик жиноятини содир этиб судланганидан ўзига тегишли хулоса чиқармади. Сўнгги маротаба содир этган жинояти учун панжара ортида умрини ўтказган бўлса ҳам, буни оқибатини тушунмади.

Санжар Бобоев Узун туманида яшаб келиб, 2023 йил 5 сентябрь куни соат тахминан 20-30 ларда туманнинг “Ўзбекистон” маҳалласи ҳудудида жойлашган Автошоҳбекатга бориб, у ерда фуқаро Шароф Олимовга “Gеntra” русумли автомашинасида Узун тумани “Меҳнат” маҳалласида яшовчи бир қариндошини уйига олиб бориб келишини айтади. Шунда Шароф эса розиб бўлиб, Санжарнинг айтган манзили томон автомашинасини бошқаради, йўлда “Меҳнат” маҳалласи ҳудудига борганидан сўнг у ерда ҳайдовчи Шаров машинасини тўхтатиб, тушиб сув ичиб турганида Санжар ўз ниятини амалга оширишни кўзлаб, автомашинанинг рулига ўтириб, “Gеntra” русумли автомашинани ҳайдаб қочиб кетади. Шунда Шароф унга “тўхта” деб ишорасига қилишига қарамасдан автомашинани бошқаришини давом этади ва кейинчалик эса ушбу автомашинани “Ўзбекистон” маҳалласи ҳудудида қаровсиз ҳолда ташлаб кетган.

Олиб борилган тезкор-тергов қидирувлар натижасида 23 ёшли қахрамонимиз Санжар Бобоев ушланиб, ҳибсга олинади.

Суд мажлисида Санжар Бобоев айбига иқрорлик билдириб, ҳақиқатдан ҳам, муқаддам жиноят содир этгани учун озодликдан маҳрум этилганлигини, 2023 йил 22 август куни жазосининг бир қисми ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилиб, Қашқадарё вилоятидаги 35-сонли манзил колониядан озодликка чиққанлигини, шундан кейин бирор жойга ишга кирмасдан ва ИИБ га учрашмасдан юрганлигини, ҳозирда қилган иши учун жабрланувчидан кечирим сўраганлигини, ёшлигини, оилавий шароити оғирлигини инобатга олиб, ўзига нисбатан енгиллик беришни сўради.

Суд эса, судланувчи, жабрланувчининг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, унга қилмишига яраша жазо тайинлади.

Жиноят ишлари бўйича бўйича Узун туман судининг тегишли ҳукми билан Санжар Бобоев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 267-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топилиб, унинг муқаддам қасддан содир этган жинояти учун тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилгандан сўнг қасддан янги жиноят содир этганлиги сабабли, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни ва жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташини белгилашни лозим топди.

Ҳаётда сўқир кўзи очилмайдиган, қилмишларидан тегишли хулоса чиқариб олишни хаёлига келтирмайдиган кимсалар ҳам учраб туради.

Хулоса ўрнида айтганда, жиноятга жазо муқаррар. Шундай экан, бебаҳо умрни эзгу ишларга бағишлаш, ҳаётда ўзидан яхши ном қолдиришга не етсин?!

ОЙБЕК ЖУМАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди раиси

Сурхондарё вилоят судларига ишга кириш истаги бўлган номзодлар учун

Э Ъ Л О Н

Сурхондарё вилоят суди, вилоят судларидаги бўш иш ўринлар (вакант лавозимлар)га ишга қабул қилиш юзасидан танлов эълон қилади.

Бўш иш ўринлар (вакант лавозимлар):

Суднинг номиСудья ёрдамчисиДевонхона мудириАрхивариус
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди 1 
Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди1  
Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман суди1  
Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман суди1  
Жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман суди1  
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди1  
Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди1  
Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди1  
Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди1  
Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди1  
Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди1  
Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди1  
Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро суди1  
Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман суди  1

Лавозим бўйича номзодга қўйилган талаблар:

а) Номзодлар юқори малакали, хорижий тилларни (қоида тариқасида) биладиган, вакант лавозим учун зарур билимга ва бенуқсон обрў-эътиборга эга олий юридик маълумотли Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши шарт.

Тақдим этиладиган ҳужжатларнинг рўйхати:

Ариза;

а) номзоднинг маълумотномаси ва яқин қариндошлари тўғрисида маълумотнома;

б) диплом (дипломдан кўчирма)нинг нусхаси, чет элда ўқиганлиги тўғрисида дипломга эса, диплом тан олинганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома (агарда номзод олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса, ўқиш жойидан маълумотнома);

в) номзоднинг паспорт нусхаси;

г) меҳнат дафтарчаси нусхаси (биринчи марта ишга кираётган шахслар бундан мустасно);

д) хорижий тилни билиш бўйича сертификат (мавжуд бўлса).

Боғланиш учун телефон рақами ва электрон почта манзили:

76-221-87-57             kadr.oliy@sud.uz

Сурхондарё вилоят суди кадрлар бўлими

СОБИҚ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИГА МАЪНАВИЙ ЗАРАР УНДИРИБ БЕРИЛДИ

Даъвогар Шароф Аллаев (исм-фамилия ўзгартирилган) жавобгар Шўрчи  туман Молия бўлимига нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, аризасида ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий судининг ҳукмига асосан айбдор деб топилганлиги, шундан сўнг мазкур суднинг ҳукмига нисбатан берилган апелляция шикоятига асосан Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди апелляция инстанциясининг ҳукмига кўра, айбсиз деб топилиб оқланганлиги, анчадан буён терговма-тергов, судма-суд сарсон бўлганлиги, бўлиб ўтган ишлар натижасида ўн йил давомида қаттиқ руҳий тушкунликка тушганлиги, жисмоний ва руҳан азоб чекганлиги учун маънавий зарар кўрганлиги ҳамда ноҳақдан айбланганлиги натижасида зарар кўрганлигини баён этиб, ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундиришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судига киритилган даъво аризаси юзасидан суд мажлисида тарафларнинг тушунтиришлари тингланиб, ишда тўпланган ҳужжатлар ва материалларни ўрганилиб, муҳокама ва таҳлил қилиниб, иш юзасидан қуйидаги асосларга кўра даъвогарнинг даъво аризасини қисман қаноатлантирилган.  

Хусусан, Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий судининг ҳукмига асосан, Шароф Аллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси 1-қисми, 28,301-моддаси 1-қисми, 28,25,301-моддасининг 1-қисми билан айбдор деб топилиб, пул таъминотининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда 2 (икки) йил 6 (олти) ой муддатга хизмат бўйича чеклаш жазоси тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 2023 йилдаги ҳукми билан Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округи ҳарбий судининг ҳукмининг Шароф Аллаевга оид қисми бекор қилиниб, жиноят ишининг унга оид қисми тугатилиб, реабилитация этилган (оқланган).

Судлов ҳайъати ҳукми билан Шароф Аллаевга етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини бартараф қилиш юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 304-313-моддалари тартибида судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилган.

Аниқланишича, даъвогарга нисбатан ноҳақдан жиноят иши қўзғатилиб, айбсиз бўлган ҳолда суд ва тергов органларида сўроқ ҳамда кўрсатма бериш учун сарсон бўлганлиги, 2014 йилдан 2023 йил июль  ойига қадар судланганлик ҳолати билан юрганлиги, тергов ҳибсхонасида 15 кун қамоқда сақланганлиги, нотўғри айбланиши натижасида оиласида тинчлик йўқолганлиги, иқтисодий қийинчилик юзага келганлиги, соғлиги ёмонлашганлиги, моддий зарар кўрганлиги, руҳий тушкунликка тушганлиги ва бошқа ҳолатларни инобатга олиб, маънавий зарар кўрган деб баҳолаб, унинг маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво талабини муҳокама қилиб, даъвогарга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланмаганлиги, қамоқхонада узоқ муддат сақланмаганлиги, жамиятдан ва оиласидан бутунлай ажралиб қолмаганлиги, жамият орасида шаъни ва қадр-қиммати камситилганлиги, ишдан ёки турар жойдан ва бошқалардан маҳрум бўлмаганлигини инобатга олиб, даъвони қисман қаноатлантириб, жавобгар Шўрчи туман Молия бўлими орқали давлат бюджетидан 60.000.000 сўм маънавий зарар ундирилган.

Мазкур биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар Сурхондарё вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси томонидан келтирилган апелляция шикояти Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан кўриб чиқилиб, фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, келтирилган апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Хулоса қилиб айтганда, судлар инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади ҳамда бу каби низоларни судларда кўрилишида қонуний, асосли ва адолатли ҳал этилишини таъминлайди.

НУРАЛИ МУМИНОВ,

Фуқаролик ишлари буйича Денов туманлараро суди судьяси

Skip to content