КОРРУПЦИЯ НИМАДАН БОШЛАНАДИ ВА УНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШ АСОСЛАРИ

Халқ тилида соддагина қилиб – порахўрлик, кенг маънода коррупция, деб аталувчи ҳодиса барча ислоҳотлар илдизига болта ураркан, ушбу мақолада уни келтириб чиқарувчи сабаб ва қарши кураш чораларини таҳлил этамиз.

Коррупция нима ўзи?

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги расмий сайтида ёзилишича, «Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир»​. Аслида коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир. Атама, энг аввало, сиёсий аппарат ходимларига нисбатан фойдаланиши одатий тусга кирган.

Иқтисодчи Бэрдҳеннинг фикрига кўра, макроиқтисодий ривожланиш кўрсаткичига энг катта салбий тўлқинни олиб кирувчи омил айнан коррупция ҳисобланади. Унинг кўринишлари турлича бўлиши мумкин: порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик, непотизм ва ҳ.к.

Коррупциянинг келиб чиқиш илдизи қаерда?

Унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, коррупцияга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган. Ўзига хос рейтинглар тузилиб, ҳар хил кўрсаткич ва рақамлар қайд этилган жадваллар яратилган. Ҳатто коррупциянинг хилма-хил кўринишидаги формулалари ҳам ишлаб чиқилган. Ҳанузгача, барча миллатлар учун қўл келадиган қарши курашда асқотадиган ягона ечим йўқ. Гап шундаки, коррупциянинг асл илдизи унинг пайдо бўлиш географияси билан ўзгаради. Хўш, Ўзбекистонда қандай омиллар унинг куртак отиб, «гуллаб-яшнаши»​га шароит яратмоқда?

Аввало, Адлия вазирлиги расмий сайтида келтирилган изоҳни қайтадан кўриб чиқиш тавсия этилади: «Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир»​.

Бу ерда калит сўзи «давлат органлари ходимлари»​ саналади. Яъни, ушбу жумланинг ўзи коррупция даражаси юқори эканида давлат хизматчиларининг роли муҳим эканлигини кўрсатади. Давлат органларида хизмат қилаётганларни бундай қабиҳ ишга қўл уришга нима ундамоқда?

Жавоб яна изоҳнинг ўзида ястаниб турибди: «моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида»​! Табиийки, коррупция ортида мўмай даромад топиш илинжи турибди, бироқ ҳар бир қуйи босқичда унинг ҳакалак отишига давлат хизматчиларининг ойлик маоши пастлиги сабаб бўлмоқда.

Масалан, маҳаллий ҳокимиятнинг оддий хизматчисини кўз олдингизга келтиринг, унинг кичик маоши, аслида ходим инсон капиталига мос эмаслиги, коррупцияга қўл уришга мажбур қилади. Соддароқ қилиб айтганда, кучли билим ва тажрибага эга ходим ҳеч қачон кичик маош таклиф этилган иш лавозимида меҳнат қилмайди. Унинг олдида танлаш учун иккита йўл турибди: иш жойини ўзгартириб, кўп ойлик маош ваъда қилиб турган хусусий секторга ўтиб кетиш ёки кичик маошга «қаноат»​ қилиб, коррупцияга қўл уриш. Бундай вазиятда, давлат органларида кадрлар етишмовчилиги кузатилиб, тажрибали ва билимли мутахассисларни йўқотиши ҳам ҳеч гап эмас.

Давлат органларида ойлик маошни ошириш билан коррупцияга барҳам бериш мумкинми? Асло! Коррупция даражасини сусайтириш борасидаги таклифларни қуйида батафсил мушоҳада этамиз, лекин, айни чоғда уни келтириб чиқарувчи яна бир омилга эътибор қаратсак: коррупцияни келтириб чиқарувчи сунъий тўсиқлар.

Сунъий тўсиқ, деб аталмиш жиҳатлар шундан иборатки, уларнинг барчасини сиёсий ирода кучи билан йўқ қилиш мумкин. Улар нималар? Рўйхатнинг бошида давлат органлари ходимларини ишга қабул қилишда юз бериши «белгиланган мантиқсизлик»​ ва шаффофликнинг йўқлигидир. Гап шундаки, инсон капиталининг ҳақиқий қийматини ўзбек моделидаги «объективка»​ орқали аниқлаш мумкин эмас. Бўлғуси кадрнинг салоҳиятини текшириш, унинг психологик ва жисмоний етуклиги ўрнига «Тошкент пропискаси»​, «яқин қариндошининг судланганлиги»​ каби фойдасиз важлар ҳар қандай билимли кишини расмий доирадан узоқроқ юришга ундайди. Агар тажрибали ва билимли мутахассис давлат органида ишлаш истаги билан эшик қоқса, унга бериладиган илк топшириқ ҳам бир талай ҳужжатларни йиғиб келиш бўлади. Ўз ўрнида ҳар бир маълумотномани олиш кичик коррупцияга сабаб бўлиши мумкин.

Ундан ташқари, ишга жойлашиш масаласида ҳар ким «таниш-билиш»​ тизими, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, кланизм каби «ижтимоий ҳодиса»​ларга дуч келиши тайин. Ана шундай барча «-чиликлар»​ замирида коррупцияга бошлаб борувчи йўл​ мужассам. Шунингдек, кучли фуқаролик жамиятининг ҳақиқий белгиси сифатида давлат органларининг халқ олдида ҳисобдорлиги, уларнинг фаолияти ва молиявий ҳаракатлар аниқ рақамлар билан ифодаланиши шарт. Ҳар бир соҳанинг халқ олдидаги ҳисобдорлигидан ташқари, айни пайтда, Олий Мажлис аъзолари, вазир ва давлат қўмита раислари, юқори раҳбарлик лавозимида ишлайдиган амалдорларнинг шахсий мол-мулки, даромадлари ҳамда уларнинг манбаси шу пайтгача кўрсатилмаган. Ҳисобдорлик шакли қандай бўлиши керак? Агар биронта вазирлик мисолида қисқача тушунтириш берилса, ҳисобдорлик белгиланган вазифалар, тақвимдаги масалалар ҳамда бажарилган ишлар каби ҳаракатлар билан тўйинтирилишдан ташқари, молиявий шаффофликни талаб этади. Бунда ҳар қандай оддий халқ вакили истаган саволига жавоб олишга ҳақли бўлиши назарда тутилсин. 

Хулоса шундаки, коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ана шу ҳодиса яшаб турган жамият яратган тизимнинг носоғлом яшашида намоён бўлади. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашдаги асосий вазифаси ижтимоий кайфиятни ёритиш: чўққининг ўткир нуқтасига етиб келганимизни эслатиб туришдан иборат.

Зуфар Нарзиев

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА БАРЧА МАСЪУЛ

Бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган жамики ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг бахтли яшашини таъминлашдан иборатдир.

Оилаларнинг, айниқса, ёш оилалар бахтли яшаши учун қулай шарт-шароит яратиш, хусусан, уларни уй-жой билан таъминлаш, турли ижтимоий ёрдам ва имтиёзлар бериш орқали қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ўта муҳим бўлиб, келгусида ўз ижобий натижасини бериши шубҳасиз.

Аммо таъкидлаш керакки, инсоннинг бахтли яшаши фақат моддий таъминот билангина ўлчанмайди. Ҳаётий мисоллар,  таҳлилларга суяниб айтадиган бўлсак, бахтли яшашнинг яна бир энг муҳим омили — маънавият, ахлоқ масаласидир.

Зеро, адиб Тоҳир Малик қайд этганидек, «… бахт тушунчасининг моддий томонидан кўра маънавий томони ортиқроқ»дир.

Дарҳақиқат, оиласидан ажрашиб, фарзандлари меҳр-муҳаббатидан жудо бўлган бой одамни бахтли деб бўлмаганидек, камхаржроқ бўлса-да оиласи, фарзандлари қобил, ўзаро меҳр-муҳаббатли оила  аъзоларини бахтсиз, дея олмаймиз.

Айни пайтда  турмушда дуппа-дуруст ака-ука, ота-бола ёки эр-хотин ўртасида турли низоларнинг вужудга келаётганини кўриб, ҳайрон қоласан киши.  Ҳатто, ўзаро низолашув натижасида бири иккинчисининг жонига қасд қилиш,  бир сиқим пул эвазига ўз фарзандидан воз кечиб, гўдагини  тирик етим қилиш ҳоллари ҳам одатга айланиб бормоқда. Буларнинг асл сабаби нимада, нега бағрикенгликда оламга ибрат бўлган халқимиз орасида бундайлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда?!

Мулк илинжида “бой ўғил”нинг ўз отасини руҳий касаллар шифохонасига жойлаштирганини, шифохонадан чиққач, бир хонали уйда бошқа фарзанди (қизи)га кўрсатмасдан сақлаганига ёки бошқа бир “бой ўғил”нинг бир нечта уйи бўла туриб, ўз онасини уйдан ҳайдаб юборганини қандай тушуниш лозим? Булар ақл бовар қилмайдиган ишлар, тўғрими? Аммо, минг афсуски, бу каби жирканч ҳодисаларга кам бўлса-да дуч келяпмиз.

Ёки ҳавас қилса, арзигудек турмуш ўртоғи, фарзандлари бўла туриб, уларни тарбиялаш, йўлга солиш, уйлантириш-узатиш каби  фараҳли ташвишлар билан яшаш ўрнига, оиласини сабабсиз ташлаб, ўзи бошқасига уйланиб кетган отага, оиласига хиёнат қилиб, фарзандларини  хору зорликка ташлаб,  бошқа эрнинг этагини тутиб кетаётган, “она” деган мўътабар номга  номуносиб аёлни ким деб аташ мумкин?! 

Нега оила аъзоси бўлган эр-хотин ёки фарзандлар ўз жонига қасд қилиш орқали ҳаётига якун ясамоқда? Оилавий низоларнинг бу каби  оқибатларига нималар  сабаб бўлмоқда?

Ушбу саволларнинг биронтасига сабаб моддий томонда деб жавоб бера олмаймиз ва шунингдек, муаммони моддий жиҳатдан, яъни пул ва бойлик билан ҳал этиб ҳам бўлмаслиги барчага аён. Ахир Иккинчи жаҳон уруши йилларида, аҳоли оч-наҳор қолганида ҳам бу каби қабиҳликларга борилмаган эди-ку!  Буларнинг бари омма орасида кенг тарқалиб бораётган маънавий инқирознинг оқибатларидир.

Такрор бўлса-да, таъкидлаш лозим. Муаммо бой ўғилнинг маънавий қашшоқлиги, яъни унинг ўз вақтида олмаган меҳри ва тарбиясидаги бўшлиқда, ажрашаётган ота-онанинг масъулиятсизлигида, бир сўз билан айтганда, бош масала шахс маънавияти ва ахлоқи  билан боғлиқ эканлигидадир.

Ҳеч кимга сир эмас, жамиятда маълум бир масалада ўзгаришга эришишда жамоатчиликнинг фикри, муносабати ва саъй-ҳаракати жуда муҳим омил ҳисобланади. 

Оилаларда маънавий муҳитни яхшилаш, ота-оналар масъулияти ва оиладаги муносабатлар масаласига, айниқса, муаммоли, нотинч оилалар билан ишлашга хотин-қизлар қўмиталари, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда ёшлар ташкилоти вакиллари – кенг жамоатчилик томони-дан алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Тўғри, бу бирдан ҳал бўлиб қоладиган масалалар эмас. 

Шунинг учун фикримизча, биринчидан, мустаҳкам, рисоладагидек оилалар вужудга келиши масаласига доимий эътибор қаратиш, лозим бўлса, вақтинча, аҳоли орасида ушбу масалада қатъий тўхтамга келингунга қадар хотин-қизлар қўмиталари, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда маҳалла фаоллари ва бошқалар томонидан жиддий жамоат назорати ўрнатилиши керак.

Бунда асосий эътиборни мактаб ва Олий ўқув юртларида ёшлар маънавиятини шакллантириш ҳамда уларни оилага тайёрлаш масаласига қаратиб, айни пайтда бу борада олиб борилаётган ишлар, дарсларни таҳлилий ўрганиб, уларни такомиллаштириш борасида тегишли чоралар кўриш керак.

Шунингдек, масалан, ФХДЁларда оила қуриш истагида мурожаат қилган ёшлар билан ишлаш тартибини йўлга қўйиш, керак бўлса, бунинг учун ФХДЁ масъулиятини ошириш, уларга қўшимча ваколатлар бериш, дин идоралари вакиллари иштирокида ёшларга амалдаги оила қонунчилиги талаблари билан биргаликда, шариат  қоидалари, хусусан, эр-хотинлик, эр-хотиннинг бурчи, хотиннинг эрдаги ҳаққи, эрнинг хотиндаги ҳаққи, уларнинг бўлажак фарзандлари олдидаги бурчи масалаларини батафсил тушунтириш, турмуш қурмоқчи бўлган ёшлар бу масалада бирор тўхтамга келгандан сўнг уларнинг никоҳ тўйларига оқ йўл тилаш ва бу борада  дуч келиниши мумкин бўлган барча қийинчиликларга ҳамжиҳатлик билан барҳам бериш лозим. Чунки оила ҳамон жамиятнинг бир бўлаги экан, унинг соғлом бўлиши ҳам жамият аъзоларининг Ватан манфаати, миллат тақдири олдидаги муқаддас бурчига айланиши керак!

Иккинчидан,  омма орасида одоб-ахлоқ, нафс тарбияси, яхшилик ва ёмонлик, гуноҳ ва савобнинг сифатлари ҳамда инсон ва унинг масъулияти борасида тегишли мутахассислар, адиблар, олим ва файласуфлар, имом-хатиблар иштирокида кенг қамровли ва тизимли ҳамда таъсирчан тарбиявий иш олиб бориш лозим кўринади ва бунда оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари имкониятларидан кенг фойдаланиш керак.

Тинч ва аҳил яшаб, фарзандларини яхши тарбиялаб, умргузаронлик қилиб келаётган ота-оналар, уларнинг ҳаёт йўли ҳамда бошқалар бахти учун холис ёрдам қўлини чўзаётган инсонлар тўғрисида маълумотлар бериб борилиши ҳам жамоатчилик, айниқса, ёшлар маънавияти ва ахлоқига ижобий таъсир этувчи муҳим омил бўлиши мумкин.  

Шунинг учун бугун оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари орқали  жамоатчилик содир этилаётган оилавий низо ва жиноятлардан хабардор қилиб борилаётганлиги каби, оилалардаги ижобий ҳолатларни ҳам ёритиб бориш лозим кўринади. Зеро, ўқувчи, хусусан, ёшларнинг масалага муносабатини шакллантиришда биргина салбий ҳолатларни кўрсатиш эмас, балки ўрнак оладиган ҳолатларни ҳам улар ҳукмига ҳавола қилиш мақсадга мувофиқдир. Бунда асосий эътиборни оила мустаҳкамлиги нимага олиб келиши, шунингдек, ажралишлар оқибати инсон ҳаётига қандай таъсир этишини аниқ мисолларда, масалан, ажрашган оила аъзолари, ота-она ва фарзандларнинг жиноят кўчасига кириб кетганлиги каби ҳолатларни кўрсатиш лозим ва бу яхши самара бериши табиий.

Нотинч, ажрашиб яшаётган оила аъзолари, уларнинг ота-оналари билан Олий суд ва Хотин-қизлар қўмитаси томонидан очиқ мулоқот ўтказилиб, аёллар ва вояга етмаган болалар жазо ўташ муассасасидан олинган видеолавҳаларни намойиш этиш, улардан айримларининг тақдирини баён қилиб, ажралиш оиладаги барча муаммолар бошланиши эканлигини тушунтириш орқали республика бўйича минглаб оилаларни тиклашга муваффақ бўлингани бунинг исботидир.

Қачонки оила аъзолари ўзаро тотув ва иноқ бўлса, улар ўртасидаги муносабатлар азалий қадриятларимизга асосланган бўлса, у оила бахтли бўлади ва жамият таянчига айланади, бахтсиз, нотинч-носоғлом оила жамият учун муаммолар манбаидир. 

Муқаддас ҳадисда “Мўминлар бир-бирларини севишда ва бир-бирларига марҳамат кўрсатишда бир тан — бир жонга ўхшайдилар. Таннинг бир аъзоси хасталанган пайтда бошқа аъзолар уни даволашга ҳаракат қилади”, деб такидланади.

Оила бахти – жамият бахти, оила муаммоси – жамият аъзолари, яъни сиз ва бизнинг муаммоимиздир!

Агарда ҳар қандай оила муаммосига  “бу менинг муаммом эмас, менга нима” қабилида эмас, аксинча, “бу бизнинг муаммомиз” деб қарасак, бирини ака, бошқа бирини ука, опа-синглим десак, зарур маънавий кўмак берсак, оиладаги фарзандларни ўз фарзандимиз қаторида кўрсак ва кимгадир моддий ва кимгадир маънавий кўмак қўлимизни чўзсак, адашганга тўғри йўлни кўрсатсак ёки далда берсак, натижа ўта ижобий бўлиши, юқорида қайд этилган, бугун оммавий ахборот воситаларида бот-бот ёритилаётган оилавий низолар, бир-бирини уриб жароҳатлаш, жонига қасд қилиш ҳолатлари, қолаверса, бутун жамиятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар кескин камайишига олиб келиши шубҳасиз.

Шунингдек, адиб Тоҳир Малик: “Зиммангиздаги инсоний вазифаларни адо этинг — бахтнинг ўзи сизни излаб топади. Инсоний вазифаларни адо этиш учун эса кучли ирода талаб этилади. Ҳа, бизнинг бахтимиз ўз ҳаётимизни ирода қилувчи ўз иродамизга боғлиқ. Шу боис бахтиёр бўлишни истаган кимса иродасини тарбия қилиши шарт” деб уқдирганидек, ҳар қандай инсон ўз иродасини тарбия қилиши жамиятимиздаги салбий ҳолатларга барҳам бериб, нафақат ўзининг, балки бутун жамият аъзоларининг бахтли бўлишига олиб келади. Ана шундагина жамият аъзоларининг бахту саодати йўлида давлатимиз томонидан олиб борилаётган улкан ишларга ҳамоҳанг иш олиб борган, жамият олдидаги бурчимизни мукаммал бажарган бўламиз.

Зуфар Нарзиев

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

“ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ КУРАШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ”

Экстремизмга қарши кураш давлат ва конституциявий тузумни мустаҳкамлаш, фуқаролар ва миллатлараро тинчликни, ҳудудий яхлитликни таъминлаш, демократик сиёсий тизимни ривожлантиришга бўлган эътиборни кучайтиришни талаб қилади. Республикамизда экстремизмга қарши кураш асослари, усуллари таҳлил қилинганда, мафкуравий, ижтимоий-иқтисодий, жиноий-хуқуқий, маъмурий-хуқуқий усуллар қўлланилаётганлигининг гувоҳи бўламиз. Улар бир тарафдан экстремизмнинг тарқалишига олиб келадиган сабаб ва шароитларни бартараф этишга қаратилган бўлса, бошқа тарафдан экстремистик ҳаракатларни амалга ошираётган шахслар, гуруҳлар ва ташкилотларга қарши маъмурий-ҳуқуқий ва суд идоралари томонидан олиб борилмоқда. Экстремизмга қарши курашдан комплекс чора-тадбирларнинг муҳим асосий қисми норматив-ҳуқуқий асосни яратиш, ривожлантириш ва амалга татбиқ этиш ҳисобланади. Республикамизда экстремизмга қарши курашнинг норматив ҳуқуқий асосини тартибга солишга, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, экстремизм ва фундаментализмга қарши кураш барча имкониятлар сафарбар этилган ҳолда олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасига асосан қонунда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият идоралари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортиш учун асос бўлади. Асосий қонуннинг ана шу меъёрлари асосида амалдаги Жиноят кодексининг қатор моддаларида жиноий жавобгарлик белгиланган. Булар виждон эркинлигини бузиш (ЖКнинг 145- моддаси), миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш (ЖКнинг 156-моддаси), Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш (ЖК 159-модда), жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш (ЖКнинг 216-моддаси), ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар фаолиятида қатнашишга ундаш ( ЖКнинг 216-1 моддаси), диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш (ЖК 216-2 моддаси), диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш (ЖК 229-2 моддаси), жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш (ЖК 244-1 моддаси), диний – экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа таъқиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш (ЖК нинг 244-2 моддаси), диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш жиноятлари (ЖК нинг 244-3 моддаси) бўлиб ҳисобланади.

Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам экстремистик фаолият тарқалишининг олдини олиш мақсадида бир қатор маъмурий жавобгарликни белгиловчи моддалар киритилди. Булар МЖтКнинг 184-моддасида белгиланганидек, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш мақсадида сақлаганлик учун, диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатганлик учун (МЖтКнинг 184-2-моддаси), миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатганлик учун(МжтКнинг 184-3-моддаси), ғайриқонуний нодавлат нотижорат ташкилотлари, оқимлар, секталарнинг фаолиятида қатнашишга ундаганлик учун (МжтКнинг 202-1-моддаси), диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун (МЖтКнинг 240-моддаси), диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузганлик учун (МжтКнинг 241-моддаси) белгиланган жавобгарлик меъёрлардир.

Шунингдек, бу борада республикамизда қабул қилинган бир қатор қонунлар, Президент Фармонлари ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам жамиятда жиноятчиликнинг шу турига қарши курашиш мақсадида киритилган ҳуқуқий меъёрлар ўз аксини топди. Бу борада, айниқса, 1998 йил 1 майда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги (янги таҳрир) қонунни эътироф этиш лозим. Амалдаги Жиноят кодексига киритилган экстремистик ва фундаменталистик фаолият билан боғлиқ қилмишлар учун жавобгарлик белгиланган моддаларнинг барчаси айнан шу қонуннинг меъёрларига асосан қабул қилинди. Мазкур қонуннинг 3-моддасига кўра, фуқарони динга, динга эътиқод қилиш ёки қилмасликка, ибодат қилишга, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди (Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуни.(Янги таҳрирда).Т.: «Адолат», 1998 йил, 5- бет). Шунинг учун бир қатор қонунлар «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун меъёрларига мувофиқлаштирилган ҳолда қабул қилинди. Масалан, 1999 йил 14 апрелида қабул қилинган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунининг 12-моддасида фуқаролар йиғини кенгашининг ваколатлари сифатида рўйхатдан ўтмаган диний ташкилотлар фаолият кўрсатишининг олдини олиш, фуқароларнинг диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўриш, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриб чиқиши белгилаб қўйилган (Ўзбекистоннинг янги қонунлари. 21-сон, Т. «Адолат», 1999 йил, 120- бет). Фикримизча, ушбу қонун такомиллаштирилиши лозим, негаки, кенгаш бирор-бир давлат органи ҳам, мансабдор шахс ҳам бўлмасдан, фуқаролар йиғинининг раиси, унинг маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар раислари ва йиғиннинг масъул котибидан иборат таркибдир. Юқоридаги ваколат кенгаш томонидан бажарилмаганда ёки назорат қилинмаганида бирон-бир мансабдор шахснинг жавобгарлиги назарда тутилган ҳуқуқий меъёрлар мавжуд эмас.

Президентимизнинг 1998 йил 21 апрелдаги «Диний жамоалар, оқимлар ва гуруҳлар фаолиятининг қонунийлигини ўрганиш бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи комиссияни ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонига кўра, республикада барқарор ижтимоий-сиёсий муҳитни сақлаб қолиш, диний кўринишдаги экстремизм ва террорчиликка йўл қўймаслик ҳамда амалдаги қонунларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида мамлакатда мавжуд бўлган барча диний жамоа, оқим ва гуруҳлар фаолияти қонунийлигини ўрганиш ва амалдаги қонун талабларига мослаштириш бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи комиссия ҳамда унинг таркибида ишчи гуруҳлари тузилиши белгиланди.

Экстремизмга қарши курашга жамоатчиликни жалб этмасдан, фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ёки бошқа давлат органларининг олиб бораётган ҳаракатлари билан муайян натижаларга эришиш мушкул. Шунинг учун бу борада жамиятнинг асосий қатлами бўлган аёлларга ҳам масъулиятли вазифалар топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 25 майдаги «Ўзбекистон хотин – қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб- қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига кўра, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва уларнинг жойлардаги бўлинмалари фаолиятининг энг муҳим вазифалари ва йўналишларидан бири сифатида жойларда (оила, маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида) миллий-диний анъаналарни тушунтириш ва уларга риоя қилиш, хотин-қизларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш, бузғунчи кучларнинг хотин-қизлар онгига таъсир ўтказиш, уларни экстремистик ва террористик фаолиятга жалб этиш йўлидаги уринишларига қарши қаратилган ишларни самарали ташкил қилиш белгилаб қўйилди (Маҳаллада диний-маърифат ва маънавий – ахлоқий тарбия ишларини ташкил этиш(услубий тавсиялар). Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Маҳалла» хайрия жамғармаси, «Оила» илмий амалий маркази. Т.: «Ўзбекистон», 2006.-160б. 9-бет).

Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 25 майдаги «Ўзбекистон хотин – қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб- қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПФ-3434-сонли фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори юқоридаги Фармоннинг ижроси юзасидан қабул қилинди. Ушбу қарорнинг 5- бандига кўра, оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш комплекси, «Маънавият ва маърифат» маркази, Дин ишлари бўйича қўмитага хотин-қизларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш ва уларга таълим беришни кучайтириш бўйича хотин-қизларга диний билимлар ва миллий-диний анъаналар асосларини эгаллашда ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларни диний бағрикенглик, бошқа диний конфессияларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш, жамиятда дунёвий ва диний қарашлар қарама-қаршилигига йўл қўймаслик, диний экстремизм ва ақидапарастликнинг мамлакатимиздаги осойишда ҳаёт ва ижтимоий-сиёсий барқарорликни бузишга қаратилган, ғайриинсоний, зарарли ғояларининг жамиятда тарқалишига қарши курашиш мақсадида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишини таъминлаш юклатилган (Маҳаллада диний-маърифат ва маънавий – ахлоқий тарбия ишларини ташкил этиш(услубий тавсиялар).Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Маҳалла» хайрия жамғармаси, «Оила» илмий амалий маркази. Т.: «Ўзбекистон», 2006.-160б.18-бет).

Бу борада республикамизда маҳалла институтининг имкониятидан ҳам кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ деб топилиб, юқоридаги Фармон ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкилий, ташвиқот чора-тадбирлар Дастурида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида барча маҳаллаларда, шаҳарча, қишлоқ ва овулларда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди.

Экстремизм ва фундаментализмга қарши кураш нафақат маъмурий ёки жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган қонунларда, балки бошқа қонуний ҳужжатларда ҳам ўз аксини топган. Масалан, 2007 йил 16 январдан кучга кирган янги таҳрирдаги «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига кўра, оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилинишига йўл қўйилмайди (Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 26.12.08 й).

Шунингдек, «Ахборот эркинлигининг принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддаси билан давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигининг таъминланиш йўллари ҳам кўрсатилган. Булар:

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳудудий яхлитлигини, суверенитетини бузишга;

ҳокимиятни эгаллашга ёки қонуний равишда сайлаб қўйилган ёхуд тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ва давлат тузумига қарши бошқача тажовуз қилишга очиқдан-очиқ даъват этишни ўз ичига олган ахборот тарқатилишидан ҳимоя қилиш;

урушни ва зўравонликни, шафқатсизликни тарғиб қилишни, ижтимоий, миллий, ирсий ва диний адоват уйғотишга қаратилган, терроризм ва диний экстремизм ғояларини ёйишни ўз ичига олган ахборот тарқатилишига қарши ҳаракатлар қилиш.

Экстремизмга қарши кураш турли қонун меъёрларини такомиллаштириш билангина эмас, балки аҳолини мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружлардан ҳимоя қилиш йўллари билан ҳам олиб борилмоқда. Жумладан, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 август кунги «Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги қарорини эътироф этиш зарур.

Албатта, жамоат хавфсизлигини, фуқароларимиз ҳаёти ва саломатлигини қонунга хилоф тажовузлардан ҳимоя қилишда юқоридаги қонунларнинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Самад Сувонқулов

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

ОДАМ САВДОСИ – ОЛАМ МУАММОСИ

Бугун дунё ҳамжамиятини одам савдосидек кенг урчиган жиноят ташвишга солмоқда. Бу муаммо кейинги пайтда кенг муҳокама этилмоқда. Буни оммавий ахборот воситаларида бўлаётган чиқишлардан, ўтказилаётган анжуманлардан билиб турибмиз.

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан ташкил этилган тадбирда ҳам бевосита одам савдоси жиноятининг судларда кўрилиши, уларга биргаликда кураш масалалари муҳокама этилди.

Бугунги кунда одам савдоси жаҳон миқёсида энг хавфли жиноят тури сифатида баҳоланмоқда. У ноқонуний қурол-яроғ сотиш ва наркобизнес каби трансмиллий жиноятлар қаторидан жой олган. Шу боис одам савдосига бефарқ қараб бўлмайди ва унга қарши курашишда ҳамкорлик муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон мустақил тараққиётнинг илк йилларидан бошлаб, бу трансмиллий жиноятга қарши қатъият билан кураш олиб бормоқда. Мамлакатимиз ушбу йўналишда қатор халқаро шартномаларга қўшилган. Муҳими, юртимиз улар юзасидан ўз зиммасига олган мажбуриятларни юксак масъулият билан бажариб келаяпти.

Менимча ҳам, ушбу трансмиллий жиноятнинг инсон ҳаётига солаётган хавфини инобатга олиб, иллатга қарши муросасиз кураш олиб бориш, аниқ йўналишлар бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, бу борада халқаро ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш яхши самара беради, деб ўйлайман.

Зуфар Нарзиев

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Муомала лаёқати чекланган деб топиш ҳақидаги ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Ўзбекистон Республикакси Фуқаролик кодексининг 31-моддасига кўра, спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмол қилиш натижасида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяётган фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан фуқаролик процессуал қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чеклаб қўйилиши мумкин. Унга ҳомийлик белгиланади. Бундай фуқаро майда маиший битимларни мустақил тузиш ҳуқуқига эга. У бошқа битимларни ҳомийнинг розилиги билангина тузиши, шунингдек иш ҳақи, пенсия ва бошқа даромадлар олиши ҳамда уларни тасарруф этиши мумкин. Бироқ бундай фуқаро ўзи тузган битимлар бўйича ва етказган зарари учун мустақил равишда мулкий жавобгар бўлади.

Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши натижасида унинг оила аъзолари, васийлик ва ҳомийлик органлари, прокурор, даволаш муассасалари ва бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари томонидан “Муомала лаёқати чекланган деб топиш ҳақида” судга ариза бериши мумкин.

Мазкур тоифадаги ишлар юзасидан аризалар фуқаро яшаб турган жойдаги, агар бу шахс даволаш муассасасига жойлаштирилган бўлса, мазкур муассаса жойлашган ҳудуддаги судга берилади.

Фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ишларни юритиш билан боғлиқ суд харажатлари аризачидан ундирилмайди.

Агар суд ариза фуқаронинг оила аъзолари томонидан инсофсизлик қилиб, асоссиз равишда фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш мақсадида атайлаб берилган деб топса, суд харажатларини оила аъзоларидан ундиради.

Суд фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ишни албатта мазкур фуқаронинг, прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокида кўради. Агар фуқаро суд мажлисига келмаса, у мажбурий тартибда судга келтирилиши лозим.

Шуни таъкидлаш лозимки, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, суд фуқаронинг ўзи, унинг ҳомийси, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 310-моддасида санаб ўтилган ташкилотлар ва шахслар берган аризага биноан фуқаронинг муомала лаёқатини чеклашни ва унга нисбатан белгиланган ҳомийликни бекор қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

Баходир Джумаев

Сурхондарё вилоят суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Фарзандликка олишга оид ишларни судда кўрилиши

Оила қонунчилигида мавжуд бўлган фарзандликка олиш инсти­тути – ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш шаклларидан бири ҳисобланади. Шу маънода фарзандликка олиш – болаларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вужудга кела­диган муносабат саналади. Мазкур муносабат вояга етмаган, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нисбатан ихтиёрийлик асосида пайдо бўлиб, бевосита қонунга биноан биологик ота-оналик ҳуқуқий мақомига тенглаштирилган.

Фарзандликка олиш муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар ота-онаси бўлмаган ёки ҳар хил сабабларга кўра улар тарбиясидан маҳрум бўлиб колган болаларга оилавий тарбияни таъминлаб, болалар ҳукуқ ва манфаатларини қўриқлашга каратилган.

Фарзандликка олиш фарзандликка олувчи (ва унинг қариндошлари) ҳамда фарзандликка олинганлар (ва уларнинг бўлғуси авлодлари) ўртасида қонунда ота-она ва болаларга нисбатан белгиланган конун ҳужжатларида махсус кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигидан қатъи назар, барча шахсий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларни вужудга келтиради, шунингдек фарзандликка олиш бу ҳуқуқий муносабатни вужудга келтирувчи ва бекор қилувчи ҳужжат бўлиб ҳисобланади.

Фарзандликка олишга доир низоли ишлар болалар тарбияси би­лан боғлиқ низолар туркумига кириб, оила ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар сифатида қаралади. Бундай низоларнинг суд­лар томонидан тўғри ҳал этилиши бола ҳуқуқларининг муҳофазасини таъминлашга хизмат қилади. Фарзандликка олишга доир низоли иш­лар фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида даъво қўзғатиш усу­ли орқали мазмунан кўрилиб, бундай муносабатлар Ўзбекистон Рес­публикасининг Оила кодекси ва Фуқаролик процессуал кодекси нор­малари орқали ҳуқуқий тартибга солинади. Чунки мазкур низолар­нинг ҳуқуқий табиатини ўрганишда унинг моддий ва процессуал ҳуқуқий нормалардан иборат эканлигини назарда тутишга тўғри ке­лади.

Фарзандликка олишга доир низолар икки туркумга, яъни фар­зандликка олишни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ва фарзанд­ликка олишни бекор қилиш тўғрисидаги низоларга ажратилади. Уш­бу низоларнинг тааллуқлилиги фақат судлар ваколатига тегишли бўлиб, бундай низоларни ҳал қилиш судсиз тартибда низони ҳал қилиш ваколатига эга бўлган давлат бошқарув органларига (ФҲДЁ, васийлик ва ҳомийлик органларига) тааллуқли бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 152-моддасининг 1-қисми, 7-бандида “қасддан жиноят содир этганлиги учун илгари ҳукм қилинган шахслар” фарзандликка олиши мумкин эмаслиги қайд этилган.

Бироқ, ҳозирги кунда амалиётда яқин қариндошлар (ака-ука, опа-сингил ва ҳакозо) болаларини фарзандликка олмоқдалар.

Айрим ҳолатларда болани ўзига фарзандликка олаётган яқин қариндош бўлган боланинг амакиси-аммаси ёки тоғаси-холаси содир этган жиноят учун ҳукм қилинган бўлиб чиқмоқда. Фарзандликка олиш ҳақидаги фуқаролик иши бўйича тарафлар бўлган яқин қариндошлар аввалдан келишиб, болани фарзанд қилиб олиш ниятида юриб, айрим ҳолатларда худди ҳақиқий ота-онадек болани тарбиялаб келмоқдалар.

Шу боис, яқин қариндошларга бу масала бўйича имтиёз берилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 154-моддасида фарзандликка олиш бўйича яқин қариндошлар устунлик ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган.

Хулоса қилиб айтганда, судлар томонидан мазкур туркумдаги ишларни кўриб чиқиш жараёнида вояга етмаган болаларни фарзандликка олишда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиб, болаларга таълим-тарбия бериш бўйича фарзандликка олаётган бўлғуси ота-оналарнинг олдидаги вазифалари ва бурчларига қай тарзда амал қилиши ҳолатларини атрофлича муҳокама қилишлари лозим бўлади.

Шерзод Элиев 

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Қарз шартномасига оид муносабатларни тартибга солишнинг қонуний асослари

Амалдаги қонунчилик талабига кўра, фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатлари битимлар деб юритилади. Кундалик ҳаётда инсонлар тули хил мазмунда ўзаро битимлар тузишади. Шунингдек ушбу битимлар ўзаро келишувга мувофиқ ҳар хил усулда тузилиши билан бирга қонунда назарда тутилганидек ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради.

Одатда, битимлар оғзаки ёки ёзма (оддий ёки нотариал тасдиқланган) шаклда тузилади. Хуш, оғзаки битимнинг тузилиши қандай ҳолларда қонуний ҳисобланади ёки низо чиққан тақдирда унинг ечими қандай ҳал этилади. Қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида ёзма шакл белгилаб қўйилмаган, жумладан у тузилаётган вақтнинг ўзидаёқ бажариладиган битим оғзаки тузилиши мумкин. Шахснинг хатти-ҳаракатидан унинг битим тузишга бўлган хоҳиш-иродаси билиниб турган ҳолда ҳам бундай битим тузилган ҳисобланади. Дейлик жетон, патта ёки одатда қабул қилинган бошқа белги бериш йўли билан тасдиқланган битим, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, оғзаки шаклда тузилган битим ҳисобланади. Ҳаётда биз оғзаки шаклдаги битимни деярли ҳар куни тузамиз ва шу билан қаторда оғзаки шаклдаги тузилган битимлар юзасидан низо ёки муамоларга дуч келмаймиз.

Ҳаётда фуқаролар ўртасида қарз муносабатлари вужудга келади. Ўзаро бир-бирига ишонч туфайли мазкур қарз муносабатлари фуқаролар ўртасида оғзаки равишда ҳам тузилади. Бироқ, тарафлар ўртасида кейинчалик совуқчилик тушиб, низо судгача ҳам етиб боришига, судлар томонидан низони қонуний ҳал этиш учун бир қатор қийинчиликларни вужудга келтиришига сабаб бўлмоқда. Чунки, амалдаги қонунчилик талабига кўра, тарафлар ўртасидаги ҳақиқатда ҳам қарз муносабатлари бўлганлигини исботловчи бирдан бир манба ёзма шаклда тузилган қарз шартномаси ёхуд қарз берувчи томонидан муайян сумма топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат ҳисобланади. 

Хўш, бундай низолар судлар томонидан қандай ҳал этилади. Мисолларга мурожаат этадиган бўлсак, даъвогар М.Ч. жавобгар Ш.Т.га нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг даъво аризасида 50.000.000 сўм қарз пулини ундиришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2021 йил
22 ноябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантирилган.

Аниқланишича, жавобгар Ш.Т. даъвогар М.Ч.дан 2020 йил 14 декабрда 50.000.000 сўм миқдоридаги пул маблағини 2020 йил 28 декабрга қадар қайтариб бериш шарти билан қарзга олган. Ушбу ҳақида жавобгар Ш.Т.
2020 йил 14 декабрда тилхат ёзиб берган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 733-моддаси
3-қисмига кўра, агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 735-моддаси
1-қисмига кўра, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт.

Биринчи инстанция суди юқоридаги қонун талаблари ва иш ҳужжатларига асосланиб, яъни тарафлар ўртасида қарз муносабати қонуний асосларда вужудга келганлиги, жавобгар Ш.Т. томонидан ёзилган тилхатга кўра жавобгар қарзга олган пул маблағларини қайтариб бериш мажбуриятини олганлигини инобатга олиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида қонуний тўхтамга келган.    

Шу боис, апелляция судлов ҳайъатининг 2022 йил 11 январдаги ажрими билан туманлараро судининг 2021 йил 22 ноябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Мухтасар қилиб айтганда, қарз олди-берди муносабатлари тарафларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этишлиги сабабли, мазкур тоифадаги ҳуқуқий муносабатларга киришишда амалдаги қонун талабларига тўлиқ риоя этилиши тарафлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган турли низоларнинг олдини олган бўлади.

                                                                                                  Шерзод Элиев  

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси 

«Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш борасидаги вазифалар»

Мамлакатимизда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Бу борада охирги пайтда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 07 декабрдаги судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПФ-6127-сонли Фармони одил судловни таъминлаш  борасида қилинаётган ислоҳотларга туб бурилиш ясади.

Мазкур Фармонга кўра;

Судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган.

  • судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш;
  • судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш;
  • судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш;
  • судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш.

2021 йил 1 февралдан бошлаб суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Кенгаш ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида:

  • илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб боришни йўлга қўйиш;
  • судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастурни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;
  • судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилиши муносабати билан 2021 йил 1 январдан ушбу судларнинг малака ҳайъатларини шакллантириш.

Фармон талабларига кўра,  судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш, «Ибратли судья» мукофотини, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун «Суд фахрийси» кўкрак нишонини жорий этиш;

  • Кенгаш ҳузурида амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга бўлган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клубини (кейинги ўринларда — Клуб) ташкил этиш.
  • Белгилансинки, Клуб ўз фаолиятини Кенгаш томонидан тасдиқланадиган Низом асосида амалга оширади ва унинг доимий масъул аъзолари таркиби кўп йиллик иш тажрибасига, чуқур билим ва юксак обрў-эътиборга эга бўлган амалдаги ва фахрий судьялар орасидан шакллантирилади.

Ушбу ислоҳотлар мамлакатимизда кейинги йилларда судларнинг чинаккам мустақиллигини  таъминлаш орқали одил судловга эришиш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга  хизмат қилади.

Аблқосим Рузиқулов

Сурхондарё вилоят суди раиси

“Одам савдоси жиноятининг мазмуни-моҳияти

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддасида: Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишжиноятини содир этган шахс учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилганлиги, ушбу жиноятни биринчи маротаба содир этган шахс уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкинлиги, ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали, икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан, ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан, айбдорга моддий жиҳатдан ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда ёки уни чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб турган ҳолда, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, худди шунингдек жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйган, яширган ёхуд йўқ қилиб юборган ҳолда, киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантат) мақсадида содир этилган бўлса беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкинлиги, агарда ушбу жиноятни ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил
24 ноябрь
кунидаги 12-сонли ОДАМ САВДОСИГА оид ишлар бўйича суд Амалиёти тўғрисидаги қарори мазмунини тушунтириб унга кўра Одам меҳнати ва хизматларидан меҳнат, фуқаролик қонунчилиги нормаларига мувофиқ (масалан, қурилиш ёки маиший пудрат, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш, йўловчи ва юк ташиш, транспорт экспедицияси ва ҳ.к. шартномалар бўйича) фойдаланилган барча ҳолларда одам эксплуатацияси мавжуд бўлмайди. Бундай ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик билан боғлиқ низолар фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳал этилиши лозим.

Я.Беккамов

Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман суди раиси

Судлар мустақиллиги кафолатлари кучайтирилмоқда.

Мамлакатимизда юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан 2017 йил
7 февраль куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сон фармон билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”даги иккинчи йўналиш бевосита қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга бағишланган бўлиб, ушбу йўналишда белгилаб берилган асосий вазифаларни изчил амалга ошириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Айтиш мумкинки, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган энг долзарб ва устувор вазифалар ҳар йили Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига йўлланаётган Мурожаатномада, қолаверса унда белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган фармон асосида қабул қилинадиган Давлат дастурида белгилаб берилмоқда ҳамда изчиллик билан ҳаётга татбиқ қилинмоқда.

Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан 2020 йил 24 июль куни имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли фармон соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.

Хусусан, фармоннинг кириш қисмида судлар томонидан одил судловни таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиққанлиги, ноҳақ айбланган 2,3 мингга яқин киши оқланганлиги, адашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга маҳалла ва жамоатчилик кафилликлари асосида енгилроқ жазолар тайинланиб, ўз оилалари бағрида қолдирилганлиги, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузган 60 нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари жиноий жавобгарликка тортилганлиги эътироф этилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида Фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Судьялар олий кенгаши ва судьялар ҳамжамияти билан биргаликда қонунчилик ташаббуси асосида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинган:

вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;

→ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш;

→ маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш, бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши;

→ Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом туманлари иқтисодий судларини тугатиш;

→ фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судини, фуқаролик ишлари бўйича Ургут, Сўх, Хатирчи, Пахтакор туманлари судларини, Пастдарғом туманлараро иқтисодий судини, жиноят ишлари бўйича Бўзатов, Тахиатош, Бандихон, Тупроққалъа туманлари судларини ташкил этиш;

→ Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқини бериш.

Бундан ташқари, юқоридаги Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратураси ва Адвокатлар палатасининг 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларни жорий этишни назарда тутувчи таклифлари маъқулланмоқда:

а) суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш;

б) жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи “дастлабки эшитув” босқичини киритиш;

в) қуйидаги тартибларни жорий этиш:

→ туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;

→ апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

→ Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш;

→ давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;

→ прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш;

→ қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш.

Шу билан бирга, мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳамда инвесторларнинг ҳуқуқлари ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича Судлов таркиби тузилиши ҳақидаги таклиф маъқулланди.

Мазкур Судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар, яъни йирик инвесторлар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилиши, бунда инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши, қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Ҳудди шунингдек, фармон асосида Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида Олий суд бошқармалари фаолиятини ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати раҳбари лавозимининг жорий этилиши, қолаверса Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси, Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида матбуот хизматларининг ташкил этилганлиги судларнинг одил судловни таъминлаш борасидаги фаолиятларини такомиллаштириши билан бирга, соҳага оид қонунчиликни таҳлил қилган ҳолда, мавжуд муаммоларни барвақт аниқлаш ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни ва фуқароларни доимий равишда тезкорлик билан хабардор қилиб бориш имконини беради.

Фармоннинг 7-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига 2020 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Судьялар олий кенгаши, Олий суди, қуйи суд тизими судьялари, Судьялар олий мактаби ва уларнинг аппарати ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари иш ҳақлари ва қўшимча тўловларини тўлиқлигича Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга ўтказилишини ҳамда иш ҳақлари миқдорларини оширилишини назарда тутувчи таклифлар киритиш вазифаси юклатилганлиги судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш ҳамда уларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбир бўлиб ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, юқоридаги фармоннинг қабул қилиниши Президентимиз раҳбарлигида 2020 йил 30 июнь куни ўтказилган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида юртбошимиз томонидан илгари сурилган “бир суд – бир инстанция” тамойилини амалиётга жорий этишга қаратилган бўлиб, унинг амалга оширилиши ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали фуқароларнинг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш, судларнинг ҳамда судьяларнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш ва пировардида юридик ва жисмоний шахслар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кучли ҳимоясини таъминлашда муҳим омил қилиб белгиланганлиги сабабли, бу омил ҳозирги кунда ўз самарасини кўрсатмоқда.   

Собиржон Кадиров

Термиз туманлараро иқтисодий суди судьяси

Skip to content