Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг барча соҳалари ривожланишига жиддий путур етказади, тараққиётни секинлаштиради, давлатни ич-ичидан емириб боради, халқни хонавайрон этади, ҳуқуқ ва манфаатлар бузилишига сабаб бўлади.
Бугунги кунда бутун жаҳон миқёсида ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан бирига айланган. Айни пайтда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Бу борада ҳар биримиздан ҳушёрлик ва масъулиятлилик талаб этилади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз» деган гапларида улкан маъно мужассам.
Дарҳақиқат, коррупция бор жойда ҳақиқат ва адолат, ҳеч қайси бир соҳанинг ривожланишига, олдимизга қўйган мақсадимизга эриша олмаймиз. Коррупция – қонуннинг қўпол равишда бузилишидир. Коррупцияга йўл қўйганнинг куни қисқа.
Коррупция бу – шахснинг ўз мансаб ва хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.
Коррупция даражасининг юқорилиги мамлакатнинг халқаро миқёсда обрўсини туширадиган, инвестициявий муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган омилдир. Шу боис коррупция билан муроса қилиб бўлмайди.
Мамлакатимиз ушбу иллатга қарши курашишни жаҳон талаблари асосида ташкил этиш мақсадида 2008 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2003 йил 13 октябрдаги «Коррупцияга қарши» Конвенциясини ратификация қилди, шунингдек, «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Коррупцияга қарши» Конвенциясига Ўзбекистон Республикаси қўшилиши тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Шу билан бирга, давлатимиз 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилди.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда бу иллатга қарши курашиш, унинг келиб чиқишига шароит яратиб бераётган омилларни бартараф этиш, олдини олиш, уни таг-томири билан йўқ қилиш учун давлатимиз жиддий бел боғлади. Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ва унинг асосида бир қатор қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб ижрога қаратилган. Шу ўринда ҳар бир давлат органи томонидан бу иллатга қарши курашиш мақсадида дастурлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий судида коррупция биринчи рақамли душман деб эълон қилинган. Тизимни коррупциясиз соҳага айлантириш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилиб, самарали натижаларга эришилмоқда.
Антикорруциявий комплаенснинг ижобий томони шундаки, у коррупцияга бўлган мойилликни пасайтиради, ходимлар томонидан коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар хавфи, ходимларнинг шахсий манфаати ёки бойиш учун ташкилотнинг моддий ресурсларидан фойдаланиш натижасида ташкилот обрўига ва иқтисодига зарар етказиш каби хавфларни бартараф этишга мўлжалланган дастур ҳисобланади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, фуқароларимизнинг фаоллиги кузатилмаса, коррупция ҳуқубузарликлари, тамагирлик каби ҳолатлар ҳақида тегишли давлат идораларини огоҳлантирмаса, хабар бермаса ушбу иллатдан бутунлай қутилишнинг иложи йўқ. Коррупцияга қўл уриш натижасида айрим ғаразли мақсадга эга шахсларнинг бу каби иллати сабабли ҳалол ва ўз меҳнат фаолиятига содиқлик билан сидқидилдан хизмат қилиб келаётган ходимларнинг ҳам номига доғ тушиши ачинарли ҳолатлардан яна биридир. Ҳар қандай кўринишдаги коррупциянинг содир этилишида, уларнинг кўпайишида ва ўз вақтида барҳам берилмаслигига ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлиб келмоқда. Ҳар бир фуқаро коррупция жиноятларига гувоҳ бўлганида бундай ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қўрқмасдан хабар бериши лозим. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг давлат ҳимоясида бўлиши кафолатланган ҳамда бу тўғрисида ахборот бераётган шахсларни таъқиб этиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган (“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддаси). Давлатимизнинг фаровонлиги, халқимизнинг эртанги куни, келажагимиз йўлида бир мақсад сари бирлашсаккина бу иллатнинг илдизини қуритишга эриша оламиз. Барчамиз коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишни аввал ўзимиздан бошлашимиз, бунга қарши маънан ва ҳуқуқий тайёрланишимиз, ушбу иллатнинг жамиятимиз келажаги учун хавфлилик даражасини тушуниб етишимиз зарур. Фуқароларимизнинг яъни ҳар бир шахснинг ўзи унинг жамиятдаги ўрни, хатти-ҳаракати қанчалик муҳим аҳамият касб этишини тушунганида ва ўзида масъулият ҳис этган ҳолдагина коррупцияга қарши курашишда самарали натижага эришса бўлади. Ҳар бир фуқаро қўрқмасдан ўз ҳуқуқларини тўлақонли амалга ошириши, ҳар қандай қонуний йўл билан уларнинг бузилишига йўл қўймаслиги, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига бефарқлик билан қарамаслиги, адолатсизлик бўлаётган пайтда шароитга бўйсуниш орқали вазиятга индамай кетмаслиги ва ўзининг мажбуриятларини сидқидилдан бажариши орқали нафақат коррупцияга, балки ҳар қандай жиноятга мукаммал қарши курашиш имкони юзага келади.
Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони (ПФ–198-сон, 24.08.2022 й.) қабул қилинди.
Президент фармонига кўра, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:
-мулкдор билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш талаб этилмайди.
Охирги 2,5 йилда фуқаролик судларига шахсни турар жойдан рўйхатдан чиқариш бўйича 8 954 та даъво аризалари киритилган, шундан 7 311 таси (82 фоизи) қаноатлантирилган;
– хусусий мулк объекти ва у жойлашган ҳудудга мулкдорнинг рухсатисиз кириш учун жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар қўлланиши мумкин;
– эндиликда мулкдор ёки унинг вакили ўз мулкини ҳар қандай тажовуздан ҳуқуқни бузишга мутаносиб равишда ва ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш учун зарур ҳаракатлар доирасида мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлади;
– фуқаролик судларида мол-мулкни ўзганинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар юзасидан даъвогарлар (давлат органлари ва ташкилотлари бундан мустасно) давлат божини тўлашдан озод қилинади, бунда даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, ундан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда давлат божи ундириш назарда тутилади.
– суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 3 йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш. 2023 йил 1 январдан Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими (UZKAD) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ва унга оид маълумотлар юритиладиган, маълумотларининг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими ҳисобланади.
Президент ва ҳукумат томнидан кўплаб фармонлар ва қарорлар қабул қилинмоқда. Ушбу ҳужжатларга асосан барча соҳа ва тармоқларни ривожлантириш учун катта маблағлар ажратилмоқда. Ҳозир мамлакатимизда коррупция муаммосини ҳал этишга катта еътибор қаратилмоқда. Коррупция инглиз тилидан занглаб, ишламайдиган тизим сифатида таржима қилинади.
2017 йилда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унда мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, уларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари, коррупцияга оид жиноятларга қарши курашишнинг асосий тамойиллари белгилаб берилган. Биринчи марта манфаатлар тўқнашуви ва коррупцияга қарши ҳуқуқбузарлик каби тушунчалар аниқланди.
Бундан ташқари, ушбу қонун коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий тизимини шакллантириш ва ривожлантириш учун асос бўлди. 60 дан ортиқ Президент фармон ва қарорлари, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш чора-тадбирларини белгилаб берган бир қатор давлат дастурлари қабул қилинди.
Ўзбекистонда барча ишлаб чиқилган ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади. Қонунчилик фаолиятида салмоқли натижаларга эришган хорижий мамлакатлар тажрибасидан кенг фойдаланилмоқда. Давлат харидларини амалга ошириш ва бюджет маблағларидан фойдаланиш, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг кредитлари, давлат активларини сотиш бўйича Қонунчилик базаси такомиллаштирилмоқда.
Таъкидлаш керакки, коррупция ва коррупция муносабатларига қарши кураш соҳасидаги халқаро Қонунчилик давлатларнинг ушбу ҳодисага қарши курашда мувофиқлаштирилган фаолияти учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Унда коррупцияга қарши кураш фаолиятининг мақсадлари ва тамойилларини эълон қилувчи, унинг концептуал ва ҳуқуқий асосларини, коррупцияга қарши кураш механизмларини шакллантирувчи одатий характердаги ҳужжатлар мавжуд. Бугунги кунда судьяларни танлаш суд ҳамжамияти вакилларидан иборат махсус Олий суд Кенгаши томонидан очиқ ва ошкора амалга оширилмоқда. Судьялар ишининг ошкоралиги, уларнинг мустақиллиги, тарафларнинг процессуал тенглиги ва суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг аниқ процессуал механизми коррупцияга қарши самарали курашнинг асосий омилидир.
Б.Чаршанбиев
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг девонхона мудири
Баҳодир ўзининг автомашинаси билан киракашлик қилиб юрувди. Ҳар кўчада чиққанида уйдагилари, айниқса отаси эҳтиёт бўлиб юргинда, деб тайинларди. У кўчага чиққач ўз билганидан қолмади. Ҳохлаган томонга мижоз чиқса кетаверадиган одат чиқарди. Бир, икки марта отаси ҳам, кечаси юришингни тўхтат, бир бўлмаса, бир панд йейсанда, болам деганди.
Шу куни ҳам у қўшни туманга мижозларини ташлаб қайтаёганда вақт алламаҳал бўлувди.
“Оқтумшуқ”ни шундай тумшуғига келганда, машинаси “тақ” этиб бир нарсага урилди. У кўзи кетганини шунда билди. Тўхтаб қараса машина олдида бир одам чўзилиб ётибди. Қўрққанидан бир сесканиб тушдида, дарров қочишни ўйлаб, атрофда ҳеч ким йўқлигини билгач, машинасини озроқ орқага олдида, бироз буриб тўғри ҳайдаб кетди. Уйига келасолиб, машина устини ёпиб қўйди ва хонасига кириб кетди. Бемаҳал келган ўғлини, уйғоқ отаси безовта қилмади. Тонг вақти турган ота қараса, ҳеч усти ёпилмайдиган машинани усти ёпиқ. Машинани устини очиб у, бу томонига синчковлик билан қараса, машинани олд ўнг томони пачақ бўлган жойига кўзи тушиб қолди. Ичига ваҳима оралаган ота, ўғлини исмини айтиб, деразаси ёнидан чақираверди. Ўғли уйқу аралаш чиқиб келиб, ҳа ота деганида, бу нима, – деб ҳалиги пачақ бўлган жойини кўрсатди.
Сенга неча марта айтдим-а, кечаси юрма, -деб. Уйдагилар энди нонуштага, дастурхон атрофига ўтиришган ҳам эдики, дарвоза томондан, эшикнинг тақиллагани эшитилди. Ичкарига кириб келган ички ишлар ходимларини кўрган отаси, ўғли томон, ҳа сеними, деб жеркиди. Ходимлар машинани атрофлича текшириб, кўриб суртмалар олди. Баҳодирнинг машинаси билан олиб кетишди. Ўзини ички ишларга, машинасини махсус жойга олиб боришди. Ҳаммасини бўйнига олиб, рўйи-рост айтиб берди. Қўққанидан қочиб кетганмиш. Агар қочмасдан уриб юборган одамини шифохонага олиб борганида ҳаёти сақлаб қолинармиди? Нима бўлганда ҳам бир инсон ҳаётдан кўз юмди, бир аёл бева қолди, икки нафар фарзандлар отасиз етим бўлиб қолди. Баҳодирга суд тегишли жазосини берди. “Саёқ юрсанг, таёқ ерсан” деган нақл Баҳодирларга ўхшаганларга айтилган бўлса не ажаб.
Урал Хидиров
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судья ёрдамчиси
Жазо беришдан аввал ҳар доим гуноҳдан ўтишнинг иложи йўқмикан, дея ўйлаб кўриш лозим.
Г.ЛИХТЕНБЕРГ
Юртимизда азалдан инсонпарварлик тамойиллари, инсон шаъни ва қадр қиммати олий масала сифатида баҳоланган.
Жиноят учун жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги қонунларга оғишмай амал қилиш судларнинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади.
Жазо адолатли бўлиши — ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак.
Адолатли жазо тайинланиши ундан кўзланган мақсадларга — маҳкумни ахлоқан тузатиш, маҳкум ва бошқа шахслар томонидан янги жиноятлар содир этилишининг олдини олишга эришиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Бу суд ҳаракатларининг самарали услубини ишлаб чиқиш имконини беради, қолаверса иш бўйича ҳақиқатни тўла аниқлаш, адолатли ҳукм чиқариш, шахсни қайта тарбиялаш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олишга кўмаклашади.
Суд процессида айбланувчининг шахсини мукаммал ўрганиш унинг руҳий хусусиятларини, шахс сифатида шаклланиш жараёнларини ўрганишликни талаб қилади.
Айбланувчи шахсининг фақат салбий хусусиятларини ўрганишга чекланмасдан, балки ундаги мавжуд ижобий фазилатларини ўрганиш холис ҳукм чиқариш учун ғоят муҳимдир.
Абдинаби (исм шарфлар ўзгартирилган) бир нуфузли ташкилотга ёнбош ходимдай бўлиб ишлаб юрган эди. Уни, буни илтимосини ҳам йўқ демади. Шундай қилиб чой-чақа қилиб, рўзғорини тебратиб, бир амаллаб юрувди.
Тома-тома кўл бўлгани яхши эди. Бироқ, у бирланига кўл қилиб, лаққа балиқ боқмоқчи бўлди. Шу ишлайдиган жойини сал нарироғида турган бир йигитга кўзи тушиб, уни имлади.
У келгач, машина ҳужжатларини инспекторлар олиб, яхшигина жарима солишганини айтди. Шу ҳам муоммами деб, исми шарифини сўраб билгач, буни менга қўяверинг, ҳал қиламан,- деди.
Жаримани миқдорини эшитгач, менга икки миллион икки юз беринг, ҳозир олдингизча гаплашиб олиб бераман,-деди. инспектор Хаким Абдиевга телефон қилиб, Эргаш Назаровни ҳужжатларини бериб юбор, квитанциясини ўзим олиб бораман,- деди.
Эргашга ҳайдовчилик гувоҳномаси, талони ва автомашина техпаспортини олиб бериш эвазига ундан роппа-росса икки миллион икки юз минг сўмини қуртдай санаб олган маҳали, қўлига кишан солинди.
Каттагина кўл қилиб “лаққа” боқмоқчи бўлган Абдинаби Мардоновни тўппа-тўғри тегишли идорага олиб борилди. Унга нисбатан расмий ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳужжатлар судга тақдим этилди. Суд, Абдинаби Мардоновга фирибгарлик жинояти учун ҳукм эълон қилди.
Коррупция бир неча минг йиллик тарихга эга. Ёзма манбаларда коррупция ҳақида эрамиздан аввалги Шумер подшолиги даврида эслатиб ўтилади. Коррупция бизнинг кунларгача етиб келганлиги шундан далолат берадики, бошқа иллатлар каби, уни ҳам таг-туги билан йўқотиб бўлмайди. Ҳатто ривожланган ўарб давлатлари ҳам коррупциядан буткул халос бўлолмаган. Бироқ жамият ривожига хавф солувчи коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш Ер юзидаги барча давлатларда ҳамиша ва ҳамма замонда давом этган.
Қуръони каримда порахўрлик бевосита тақиқланади: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг” (Бақара сураси, 188).
Лекин шунга қарамай, порахўрлик Усмонийлар халифалигида ҳам мавжуд бўлган. Аввалига халифа турли идоралар фаолиятини шахсан ўзи назорат қиларди, лекин вақт ўтиши билан бу ишни ўзига яқин одам — халифанинг турли ишлар бўйича шахсий ёрдамчиси бўлган вазирга топшириб қўйди. Вақт ўтиши билан вазирлар кенг тармоқли давлат аппаратини шакллантирди. X асрнинг ўрталарига келиб, у ёки бу лавозимга тайинланиш учун амалдорлар томонидан вазирларга пора бериш амалиёти шаклланиб бўлганди.
Бундан, масалан, халифа Муқтадирнинг вазири бўлган Убайдуллоҳ Ҳоқоний (926 йил вафот этган) амалдорларни турли лавозимларга тайинлаш ва олиб ташлашда фаол фойдаланди. Пулга қаттиқ муҳтожлик се-заётган давлат солиқлар тўплашни хусусий шахсларга топширгани боис бу турли суиистеъмолликларни юзага келтирарди. Шу тариқа порахўрлик халифалик таназзулга юз тутишининг сабабларидан бирига айланди.
Бу ҳолат Усмонийлар салтанатида ҳам истисно эмасди. Хусусан, деҳқонлардан турли солиқларни тўплашда ҳарбий хизматчилар қинғирликлар содир этарди. Бу суиистеъмол ҳолатларини ҳаттоки Усмонийлар салтанати шайхулисломлари чиқарган махсус фатволар ҳам бартараф қила олмади. Сипоҳилар нимадир “узатиш” эвазига аста-секинлик билан ҳарбий юришларга бормай қўйди, ўзларига тақдим этилган ерларда муқим қолиб, амалда давлат мулкини шахсий мулк қилиб олишди. Давлат эса, ўз навбатида, вазирлар тимсолида кўнгилсиз реакциядан хавфсираган ҳолда, ҳарбийлар билан тўқнашувга боришдан ҳадиксирарди.
Усмонийлар салтанатида порахўрлик оқибати шу бўлдики, қўшинлар ҳарбий тайёргарлигини йўқотди, натижада XVIII аср охири ва XIX аср бошларида қатор мағлубиятларга учраб, давлатнинг қудратига путур етказди.
Хуллас, қадим замонлардаёқ ушбу иллатга қарши қаттиқ жазолар белгиланганига қарамасдан, бу ҳамиша ҳам кўнгилдагидек натижа бермаган.
Моҳияти:
Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида фуқаролик жамиятини қуришда тўғаноқ бўладиган муаммолардан бири коррупциядир, деб қайд этган. Бозор иқтисодиёти тизими кушандаси, давлатлар ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик, бизнес ҳамда инвестиция ривожида шафқатсиз тўсиқ ҳам айни шу коррупция ҳисобланади. Ҳар йили ўнлаб қўшма корхоналарнинг очилиши ва ёпилиши замирида ана шу “кўринмас қўллар” ётади. Коррупция даражаси юқорилашган давлатга чет эл инвестициясини киритиш камайиб бораётганининг асл сабабларини ҳам шу хавфли иллатдан излаш лозимга ўхшайди.
Олдин Ғарб, кейинроқ Осиё давлатларида бу масала чуқурлашиб, жамиятда “касаллик” ҳудуди, кўлами ва даражаси кучайиб бораётган экан, нима қилмоқ керак, деган доимий савол пайдо бўлади. Нима қилса, дунёни эгаллаб, мамлакатлар иқтисодиётига рахна солаётган бундай бало-қазонинг таъсир доираси камаяди?!
Коррупция кенг қамровли тушунча бўлиб, у жамиятнинг айрим қатламлари, тоифалари, гуруҳларикундалик фаолиятига айланиб, ўзаро бир-бирига боғланиб, чирмашиб кетганлигидан кўз юмиб бўлмайди. “Нозик”, “чигалроқ” ушбу масалада давлатнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари бирмунча ҳушёр, зийрак бўлиши, шунингдек, нодавлат ташкилотлари, турли комиссиялар, журналистлар, мустақил судлар тизими фаолроқ ишлаши ҳақида тадқиқотчилар анчадан бери ёзиб келади. Сиёсатчилар, социологлар, психологлар, тарихчилар, давлат ҳамда жамоат органлари, сиёсий партиялар, энг муҳими, амалиётчилар масалани таҳлил этиш ва ечимини топиш устида бош қотириши лозим.
Кейинги йилларда хориж, жумладан, МДҲ мамлакатлари матбуотида коррупцияга қарши курашиш йўллари ҳақида мақолалар пайдо бўла бошлади. МДҲга аъзо мамлакатларда олиб борилган тадқиқотлар таҳлили шундан далолат берадики, биз шўролар тузумидан қутулганимизга ўттиз йилбўлганига қарамай, суд-ҳуқуқ органлари ҳамон давлат ҳокимиятининг итоаткор органига айланганича турибди. Бу жамият кушандаси, ярамас иллат ҳақида давлатимиз раҳбари деярли ҳар бир чиқишида таъкидлаб ўтади. Биз вилоятлар сессияларида ташкилий масала кўрилганда, биринчи навбатда, мазкур масалага рўбарў келмоқдамиз.
Порахўрлик ва коррупция ўзбек жамиятининг ривожланишига, хусусан, демократик янгиланиш ҳамда модернизациялаш жараёнига ҳар жиҳатдан халақит бермоқда. Гарчи бу масала узоқ йиллардан бери таъкидланиб, “қўлга тушган” амалдорлар телевидение ва матбуотда намойиш этилганига қарамасдан, суд, прокуратура, идора раҳбарлари ҳамда оддий фуқароларнинг қон-қонига сингиб кетган феодализм сарқитлари, тамагирлик, бюрократия жамиятимиз ҳаётидан йўқолиб кетмаяпти.
Коррупция, биринчидан, жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди; иккинчидан, фуқароларимизда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишини кўпайтиради; учинчидан, сиёсий институтлар, жамоат ташкилотлари шаклан демократик мезон, ўарб андозасига ўхшаса-да, мазмун-моҳиятига кўра, замон талабидан орқада қолмоқда, бу камчилик эса олдинга силжишимизга халақит беради.
Бизнингча, бу борада битта ташкилот — адлия органлари роли кучайиб, имтиёзлари кўпайиб бориши керак. Янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам Адлия вазирлиги билан қонун устуворлигини тўлиқ таъминлаган ҳолда, барча ишни бирга олиб бориши давр талаби.
Ҳолати:
Давлат ва жамиятда инсон онги, дунёқараши билан боғлиқ муаммолар таҳлилидан келиб чиқсак, собиқ иттифоқдан мерос қолган коррупция иллатига қарши курашда ҳали анча азият чекишга тўғри келади. Сабаби Хитой ва Сингапурникига ўхшаган юқоридан қуйигача қатъий ишлайдиган иерархия тизими ҳали тўлиқ ишга тушмаган.
Лекин бу табиий жараённи сунъий равишда секинлаштирмаслик ёки айрим кучларнинг тазйиқи остида “тўхтатмаслик” лозим. Бу борада ривожланган давлатлар бой тажрибасидан унумли фойдаланиш зарур. Масалан, АҚШда репортёр-журналистлар коррупцияга қарши курашда энг самарали жамоат назоратини ўрнатган. МДҲда, жумладан, Ўзбекистонда суриштирув журналистикаси саёз ҳолатда бўлиб, бугунги давр эҳтиёжидан орқада қолмоқда.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, жиноятчилар “кирдикор”ларини фош этишга уриниб, мустақил суриштирув олиб борадиган фидойи журналистлар ҳимояси ишламайди. Бундан ҳам ачинарлиси, ҳозирги кунда бирон-бир раҳбарнинг яширин бойлик орттиришини исботлаган мақола матбуотда чоп қилинса-да, унга қатъий чоралар кўрилмайди, аҳвол ҳам ўзгармайди. Масалан, бир вақтлар раҳбар ҳақида фельетон чиқса, партиядан ўчирилар, қамалар, шунинг учун амалдорлар “тўртинчи ҳокимият”дан ҳайиқарди.
Демак, “Муштум”га ўхшаган икки-учта кучли вақтли матбуот нашри фаолияти қўллаб-қувватланса ва телевидениеда махсус кўрсатувлар деярли ҳар куни (хоҳ катта, хоҳ кичик тамагирлик ҳолати бўлсин) бериб борилса, кўпчилик ҳушёр тортиши аниқ. Танқидсиз тараққиёт бўлмаслиги фуқаролар онгига сингдириб борилиши -керак, деб ҳисоблаймиз.
Жамиятда устувор соҳа — таълим тизимида таҳсил оладиган ўсмирлар, ёшлар онгида толерантликни уйғотиш муаммоси олдимизда кўндаланг турибди. “Жамиятда порахўрлик иллатини енгиб бўлмайди”, деган фикр ёшлар онгида шаклланиб қолгани (Япония ёки Хитой фуқароси онгида нега у шаклланмаганлиги алоҳида мавзу) энг катта камчилигимиз.
Бу борада ўнгланиш, силжиш қилмасак, миллатимиз обрўсига коррупция иллати соя солиб тураверади. Токи, биз оилада, боғчада, мактабда ўғил-қизларимиз онгига, руҳиятига тамагирлик, порахўрлик ёмон иллатгина эмас, балки у жамиятимиз таназзули, иқтисодиётимиз орқага кетиши сабаби эканлиги ҳақида кўпроқ тарбиявий ва тарғибот ишларини олиб бормасак, мақсад-муддаога эриша олишимиз қийин.
Сўнгги йилларда Юртбошимиз томонидан илгари сурилган давлат халққа хизмат қилиши керак, деган улкан ғоя фуқаролик жамияти институтларига тизим ва дастурларни ишлаб чиқиш имкониятини берган эди. Аммо нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар бу борада ташаббус ҳамда ташкилий ишларни амалга оширишни негадир пайсалга солмоқда.
Тўғри, кейинги вақтларда, хусусан, 2017 йилдан бошлаб, мамлакатимизда “парламент назорати”, “жамоатчилик назорати”, деган атамалар таомилга киритилди, бу борада илк қонунлар қабул қилинди. Демак, биз мазкур соҳада ишлайдиган тизимни тезликда яратишимиз, миллий менталитетни ҳисобга олган ҳолда, Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари илғор тажрибасини қўллашга ўтишимиз лозим. Жамоатчилик назоратисиз Ўзбекистонда сиёсий тизим ислоҳотларини амалга ошириб бўлмайди.
Айниқса, модернизация, янгиланиш, ислоҳотлар билан коррупциянинг бир-бирига “қони қўшилмайди”, янгилик билан эскилик тарафдорлари, фан, инновация, креатив фикрловчилар билан эски бюрократия авлоди ўртасида муттасил кураш давом этади.
Схемалари ва индекси:
Коррупция — чегара билмас “аждаҳо”, у алдамчилик, порахўрлик ва пулни “ювиш”нинг аниқ “чизма” (схема)ларидан ташкил топган. Россияда кечроқ бўлса-да, унга қарши янги механизм чоралари қидирилмоқда.
Сабаби Б. Ельцин ҳокимияти даврида мамлакатда иқтисодиётни режали ва мақсадли бошқариш тизими бутунлай издан чиқиб, кўпроқ ўарбнинг таъсирига тушиб қолганди, параллел равишда режасиз (миясиз) ҳамда жиноий иқтисодиёт баравар олиб борилган эди.
Россия Ички ишлар вазирлиги Иқтисодий хавфсизлик академиясининг маълумотига кўра, 2015 йил охирида мамлакатда иқтисодиётнинг жиноятлашганлиги даражасижуда “танг” аҳволда бўлиб, “хуфиёна иқтисодиёт” ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг 40 фоиз кўрсаткичи даражасига етган, 1991 йилда эса бор-йўғи 11 фоиз бўлганди.
“Transparency Int” (TI) коррупцияга қарши тадқиқот марказининг 2017 йилдаги маълумотига кўра, Россияда коррупция ҳолатини ўзлаштириш индекси 2,3 баллни ташкил қилиб, 180 давлат ичида 143-ўринга — Гамбия, Индонезия ва Того даражасига тушиб қолган…
Юқорида таъкидланган халқаро ташкилот 2018 йилги коррупцияни қабул қилиш индексини эълон қилди. 100 баллик индексга кўра, Ўзбекистон 23 балл олиб, умумий рейтингда 180 мамлакат ва ҳудудлар орасида 158-ўриндан жой олган. Ушбу рейтинг 0 (коррупцияни идрок этишнинг жуда юқори даражаси) дан 100 гача (жуда паст) шкалада ҳисоблаб чиқилади.
Коррупцияни идрок этиш индексини — давлат секторидаги коррупция даражасини эксперт ва бизнес вакиллари баҳолайди. Аввалги йилларда бўлгани каби, дунё мамлакатларининг учдан икки қисмидан кўпроғининг ўртача бали 43 дан 50 гача кўрсаткичда турибди. Индекс тузувчиларнинг фикрича, бу аксарият мамлакатларнинг -коррупцияни жиддий назорат қила олмаганлиги ва демократиянинг инқирозидан далолат беради.
Дания 88 “очко” билан пешқадамликни Янги Зеландиядан қайтариб олди. Кучли ўнликка Финляндия, Сингапур, Швеция ва Швейцария (ҳар бири 85 балл), Норвегия (84), Нидерландия (82), Канада ва Люксембург (81 балл) кирган. Энг ёмон кўрсаткич Сомали (10), Сурия, Жанубий Судан (13), Яман ва Шимолий Кореяда (14).
“Бизнинг тадқиқотларимиз соғлом демократия билан давлат секторидаги коррупцияга қарши кураш ўртасида аниқ боғлиқликни кўрсатиб берди”, дейди халқаро ташкилот раиси Делиа Феррейра Рубио. Мухтасар айтганда, коррупция — тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш тегишли органларнинггина эмас, барчанинг иши бўлиши зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этган бўламиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2022 йил 08 август куни имзоланган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунга кўра, давлат фуқаролик хизмати деганда давлат хизматининг бир тури, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат фуқаролик хизмати лавозимларидаги давлат органлари ваколатлари амалга оширилишини таъминлашга доир ҳақ тўланадиган касбий фаолияти тушунилади.
Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимлардаги давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилади. У Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ҳамда бошқа маҳаллий давлат ҳокимият органлари депутатлари, юқори ва қуйи палаталар девонлари ходимлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, судьялар ва суд тизими ходимлари, Марказий банк бошқаруви аъзолари, прокуратура, ички ишлар, мудофаа ишлари, фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси ва ДХХ органларида хизмат қилаётганлар, шу жумладан, ҳарбий хизматчилар, қолаверса, давлат органларининг техник, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ходимларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди.
Қонунга мувофиқ, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли орган этиб Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланмоқда. У ўз ваколатлари доирасида давлат идораларининг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради, давлат хизматига кадрларни танлов асосида танлашни ташкил қилади, давлат хизматчиларининг самарадорлигини баҳолаш учун индикаторлар (асосий кўрсаткичлар) тизимини жорий қилади ва уларнинг натижаларини таҳлил қилади, жамоатчилик фикрини ўрганади ва давлат органлари раҳбарларининг очиқ рейтингини шакллантиришда иштирок этади.
Шунингдек, агентлик давлат хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамда уларнинг ишлаши ва ижтимоий ҳимояси учун тегишли шарт-шароитлар яратишда ёрдам кўрсатади.
Қонун билан давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар ҳам ўрнатилган. Унга кўра, давлат фуқаролик хизматчиси қуйидагиларга ҳақли эмас:
ўзаро яқин қариндошликка ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар билан (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари) айнан битта давлат оранида бирга хизмат қилиши, агар уларнинг бирга хизмат қилиши улардан бирининг иккинчисига бевосита бўйсунишига ёки унинг назорати остида бўладиган давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллашга, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;
педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга, Ўзбекистон қонунларида ҳамда президент қарорларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно;
тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;
тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга, бундан АЖларнинг эркин муомалада бўлган акцияларига қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида эгалик қилиш ҳоллари мустасно;
ўзи хизмат қилаётган давлат органи назорати остидаги ёки у билан алоқалар ва манфаатларга эга бўлган ташкилотлардаги улушларни, пайларни ва акцияларни бевосита ёки вакиллар орқали олишга;
ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олишга;
чет давлат фуқаролигини олишга;
қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар ёки афзалликлардан ўз хизмат мавқеи билан боғлиқ ҳолда фойдаланишга;
Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ва уларга эга бўлишга, кўчмас мулкка ва бошқа мол-мулкка эгалик қилишга, бундан чет давлатда таълим олиш, стажировка ўташ ва тиббий хизматлардан фойдаланиш мақсадида очилган ҳисобварақлар, шунингдек давлат фуқаролик хизматига киришдан олдин олинган ва ошкор қилинган мол-мулк мустасно;
ўзининг ваколатларини сиёсий партияларнинг, бошқа жамоат бирлашмалари ва улар органларининг манфаатларини кўзлаб амалга оширишга.
Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс давлат хизматига қабул қилингандан кейин тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Қонунга асосан манфаатлар тўқнашуви давлат фуқаролик хизматчисининг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз хизмат ваколатларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёҳуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда фуқароларнинг, жамиятнинг ёки давлат органининг шахсий манфаатдорлиги ва ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келадиган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазиятдир.
Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, давлат фуқаролик хизматчиси ўзининг раҳбарига ёки юқори турувчи органига дарҳол ёзма шаклда хабар қилиши керак. Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган давлат органининг раҳбари ёки юқори турувчи орган ушбу тўқнашувни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши шарт.
Манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ва ҳал этиш тартиби қонун билан белгиланади.
Бундан ташқари, қонунда давлат фуқаролик хизматчиси белгиланган муддатларда ва тартибда даромадлари ҳамда мол-мулки тўғрисида декларация тақдим этиши шарт. Мазкур қабул қилинган Қонун расмий эълон қилинган кундан яъни, 2022 йил 09 август кунидан уч ой ўтгач кучга киради.
Собиржон Кадиров
Термиз туманлараро иқтисодий суди судьяси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Сурхондарё вилоят суди