СУРИШТИРУВЧИЛАР УЧУН СЕМИНАР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида суд-ҳуқуқ тизимида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди ташаббуси билан тумандаги 3-сектор штабида соҳага доир қонунчиликдаги янгиликлар ва Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти суриштирувчиларга тушунтириш юзасидан семинар ўтказилди. Унда туман суди раиси, ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари ва профилактика инспекторлари, давлат солиқ инспекцияси ҳамда мажбурий ижро бюроси масъуллари иштирок этишди.
Семинарда дастлаб Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти туман суди раиси томонидан иштирокчиларга тушунтирилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишда энг аввало маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизликка эътибор берилишилозимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги тизимида маъмурий ҳуқуқбузарлик тушунчаси мавжуд бўлиб, бу тушунча бевосита фуқаро, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда юзага келади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик ўзининг кам аҳамиятлиги жиҳатидан жиноий жавобгарликдан фарқ қилишлиги, бу қонун фақат уни ҳуқуқий жиҳатдан бевосита татбиқ этувчиларгагина эмас, шу билан бирга фуқаролар учун ҳам тушунарли бўлиб, улар томонидан идрок этилсагина, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги ўзаро ҳуқуқий муносабатларнинг кенг амалиётига кириб борсагина самарали бўлади. Шу билан бирга, тажрибаларнинг кўрсатишича, янги қонунни оммавий равишда эгаллаш учун муайян вақт талаб қилинади.
Юқорида баён этилганлардан хулоса қиладиган бўлсак, агар ҳар бир фуқаро Конституция ва қонунларга риоя қилиб, уларга ҳурмат рухида бўлса, жамиятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка сезиларли даражада бархам берилади.
АББОС ХОЛМУМИНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси