АЖРАШМАЙ ТУРИБ ЭР – ХОТИН МОЛ-МУЛКИНИ БЎЛИШИ МУМКИНМИ?

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 27-моддасига кўра, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам, шунингдек кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда амалга оширилиши мумкинлиги белгиланган.

Шу ўринда юқоридаги “Ажрашмай туриб эр-хотин мол-мулкини бўлиши мумкинми?” деган савол туғилади.

Демак, эр-хотин никоҳ даврида ҳам низо юзага келган ҳолларда мол-мулкни суд орқали бўлиб олишлари мумкин. Бунинг учун улар тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси билан мурожаат қилишлари лозим.

Умумий мол-мулкни бўлишда суд эр ва хотиннинг ҳар бирига мулкнинг қайси қисми берилиши лозимлигини аниқлайди. Эр (хотин)га унга қарашли улушдан ошиқ қийматга эга бўлган мол-мулк бериладиган ҳолларда, хотин (эр)га тегишли пул ёки ўзга компенсация белгиланиши мумкин.

Дилором Алмуратова

Сурхондарё вилоят суди судьяси

СЕКВЕСТР  ШАРТНОМАСИ – БУ НИМА?

Секвестр – бу молиялашувнинг ўзгарувчан қоидаларидан бири ҳисобланади. Секвестр, шартнома бўйича ашёга эгалик қилиш хусусида ораларида низо чиққан икки ёки бир шахс низоли ашёни учинчи шахсга берадилар. Бунда, учинчи шахс низо ҳал бўлгач, ашёни суд қарори билан ёки низолашаётган ҳамма шахсларнинг келишувига мувофиқ кимга тегишли бўлса, ўша шахсга қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Низоли ашё суднинг қарорига кўра, секвестр тартибда сақлаш учун топширилиши мумкин. Бунда, суд томонидан тайинланган шахс ҳам, шунингдек баҳслашаётган тарафларнинг ўзаро келишувига мувофиқ белгиланадиган шахс ҳам суд секвестр бўйича омонат сақловчи бўлиши мумкин. Ҳар иккала ҳолда ҳам, агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, омонат сақловчининг розилиги талаб қилинади.

Секвестр тартибида сақлашга кўчар мулклар ҳам, шунингдек кўчмас мулклар ҳам топширилиши мумкин. Бунда, молиялашувчи ва молиялашувчи бўлган томонлар ўртасида келишилган тартибга кўра мувофиқлаштирилиши керак.

Секвестрнинг амалий қўлланилиши жуда кўп йўналишларда учрайди. Масалан, шартнома шартларига биноан, хизмат кўрсатувчи бир компания ўз мижозларининг тўловларини секвестр режими остида сақлай олади.

Секвестр омонат сақлаш шартномасининг бир тури ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 900-моддасига кўра, секвестр тўғрисидаги шартнома бўйича ашёга эгалик қилиш хусусида ораларида низо чиққан икки ёки бир неча шахс низоли ашёни учинчи шахсга берадилар. Учинчи шахс низо ҳал бўлгач, ашёни суд қарори билан ёки низолашаётган ҳамма шахсларнинг келишувига мувофиқ кимга тегишли бўлса, ўша шахсга қайтариб бериш мажбуриятини олади (шартнома секвестри).

Низоли ашё суднинг қарорига кўра секвестр тартибида сақлаш учун топширилиши мумкин (суд секвестри).

Суд томонидан тайинланган шахс ҳам, шунингдек баҳслашаётган тарафларнинг ўзаро келишувига мувофиқ белгиланадиган шахс ҳам суд секвестри бўйича омонат сақловчи бўлиши мумкин. Ҳар иккала ҳолда ҳам, агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, омонат сақловчининг розилиги талаб қилинади.

Бехруз Авазов

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ҚЎШМАЧИЛИКНИ ЎЗИГА КАСБ ҚИЛИБ ОЛГАН ШАХСГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

Гуландоннинг (исмлар ўзгартирилган) бемаза қилиқлари оилани барбод қилди. Уни эри яхши бўлиб кетар дея, дея бола-чақали ҳам бўлди. Болалар учтага етсада хотини ўзгармади. Рўзғорига енгил елпи қаради. Характери енгил аёлларга хослигини ташламади. Охири эри бор-э деб чопонини елкасига ташлаб уйидан чиқиб кетди.

Хотинига бу қўл келди. Ўзигаям, ўзгаларгаям “қўш тирноқ” ичида нафи тегиб юрди. Уни уйига келиб кетувчиларни  оёғи узилмади. Қўшнилар охири ўзига рўйи-рост айтди. Ёмон қилиғингни ташла, маҳаллани расво қилдинг дейишдилар. У бироз тўхтатгандек бўлди.

Манзилини “Жар” маҳалласидан “Иқлим” маҳалласига кўчирди.  Аввал опасиникига бориб турувди. У ердан ҳам оёғи кесилди. Шу ердаги акасини уйига дугоналарим, танишларим деб олиб борадиган бўлди. Шундай ҳам бўлди.

У “Мўмин”лик  Камрон билан “Оқтошлик”лик Муҳаббатни акасини уйига эргаштириб олиб борди. Ҳа, айтганча аввал бозордаги дўкондан бир шиша “Тархон” олди. Бу яхши кайф берадиган ичимликда. Уни ахир неча марта татиб кўрган. Колбаса, кола, қатиқ ҳатто чекиш учун “сара” сегаретиниям эсдан чиқармади.

Улар бозорликни кўтаришиб акаси Фирдавсни уйига борди. Ошхонага киришиб апил-тапил келтирганларни татиб кўришиб, барисини калласи қизиди.

Бизга жойни кўрсат,- деди Муҳаббат. У Камрондан олтмиш минг сўмни қуртдай санаб олдида, акасини меҳмонхонасига киритиб юборди.

Эшикни тақиллашидан, яна ким келди экан дея эшикни очганда уч-тўрт фуқаро кийимидаги нотаниш кишиларга кўзи тушди. Улар ҳам иккиланмасдан, қани бизни ичкаридаги меҳмонлар билан таништирчи деди.

Улар меҳмонхонадаги ялонғочларнинг кийимини кийишга мажбур қилди. Гуландоннинг бу қинғир иши юзасидан ҳужжат тўпланиб, иш судга оширилди. Қўшмачи Гуландонни “шўри” қуриди.

Чунки, суд унга эски ишларини ҳам эслатиб қўйди. Қилмишига яраша жазо олди. Гуландон энди қишлоғидан ташқарига чиқолмайдиган бўлиб қолди. Суд эса унга қилмишига кўра шу жазони лозим топди.

Комилжон Назаров

Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман суди раиси

РЕАБИЛИТАЦИЯ ЭТИЛГАН ШАХСЛАРНИ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНМОҚДА

Маълумки, барча ҳуқуқлар қатори фуқароларимизнинг меҳнатга оид  ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатини таъминлаш – бир томондан бу муносабатларнинг не чоғли  тартибга солинганлиги билан, иккинчи тарафдан эса, бундай  ҳуқуқларни амалга оширишнинг реал имконияти  билан белгиланади.  

Маълумки,  мамлакатимизда  ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб шахс ҳуқуқларини чеклашга қаратилган процессуал мажбурлов чораларини одил судлов йўли билан белгилашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шахсни лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги масаланинг муҳимлиги, бу фуқаронинг меҳнат қилиш ҳуқуқининг таркибий қисми бўлганлиги боис қонун бу масалани  ҳам суднинг тегишли қарори асосида амалга оширилишини назарда тутади. Аммо, қонун бир вақтнинг ўзида суд ажрими асосида  айбланувчи, судланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини  суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори билан “бекор қилиниши” мумкинлигини ҳам инкор қилмайди. Фақат бундай ҳолларда суриштирувчи, терговчи, прокурор судни хабардор қилиб қўйиши талаб қилинади.

Реабилитация қилинган шахсларни, айниқса ҳарбий хизматчиларни ишга тиклаш бўйича суд амалиётида  турли ёндашувлар мавжуд.  Бу борадаги суд амалиёти амалдаги қонунлар, қонун ости ҳужжатлари ва шу билан бирга  2019 йил 4 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан барча судларга  юборилган 11-9-10-сонли  хат  ва 2020  йил 26 ноябрда  Ўзбекистон Республикаси Олий судининг  РС-54-20-сонли “2019 йил ва 2020 йил 9 ойи давомида реабилитация билан боғлиқ ишга тиклаш, иш ҳақи, моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида”ги Раёсат қарорига таяниб шаклланган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 111-моддасида, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим, деб белгиланганлиги сабабли реабилитация қилинган шахслар  ишга тиклаш масаласида аксарият ҳолларда фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилишмоқда.  Аммо бундай тоифадаги ишларни фуқаролик ишлари бўйича судлар айрим ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси нормаларига таяниб ҳал этса, бошқа ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси нормалари асосида ҳал этаётганлигини кўришимиз мумкин.

Бугунги кунда амалда бўлган  Ўзбекистон Республикаси Олий судининг  2020  йил 26 ноябрдаги РС-54-20-сонли “2019 йил ва 2020 йил 9 ойи давомида реабилитация билан боғлиқ ишга тиклаш, иш ҳақи, моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида”ги Раёсат қарорида …фуқаролик ишлари бўйича республика судлари томонидан реабилитация билан боғлиқ ишга тиклашга оид низоларни ҳал этиш амалиёти юзасидан ўтказилган умумлаштириш натижалари бу борада ягона суд амалиёти асосан тўғри йўлга қўйилганлигини, …моддий ва процессуал қонун талабларига риоя қилинаётганлиги, айрим ҳолларда моддий ҳуқуқ нормалари бузилганлиги ва процессуал хатоликларга йўл қўйилганлиги қайд этилган бўлиб, қарорда  реабилитация этилган шахснинг ҳуқуқларини тиклаш ва етказилган мулкий зиённи қоплаш Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда реабилитация тўғрисида қарор чиқарган суд, прокурор ёки терговчини ажрими ёхуд қарори асосида амалга оширилиши  лозимлиги қайд этилган бўлсада, аммо ишлар асосан фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриб чиқиб ҳал этилмоқда.

Юқоридаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда биринчи навбатда реабилитация қилинган шахслар, айниқса реабилитация қилинган ҳарбий хизматчиларни ишга тиклаш билан боғлиқ суд амалиётини бир хиллаштириш мақсадида аввало мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини унификациялаш, шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли Пленум қарорини ишлаб чиқиб қабул қилишни тақозо қилади.Мазкур муносабатларнинг кенг қамровлилиги ва ўзига хослигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Реабилитация қилинган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш тўғрисида” қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб қабул қилиниши лозим.

Рамз Тиллаев

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди судьяси

ВЕЛОСИПЕД ЎҒРИСИ ҚЎЛГА ТУШДИ

Бу дунёда ҳалол ишламасдан, текин ва осон пул топиб, бировлрнинг ҳисобига яшайдиганлар, афсуски орамизда учраб туради.

Ботир (исми ўзгартирилган) шундайлардан бири эди, яъни қаерда текин пул излаб, ризқини ҳалол топишни ўйламас эди. У олдин ҳам ўғрилик жинояти билан бир неча марта судланган бўлса-да, ўзига тўғри хулоса чиқармасдан, яна шу йўлга киришга жазм қилди.

Тайинли иши ва пули бўлмаган Ботир кўнгли майишатни истаб, эрталаб кўчага пул дардида чиқди. Доим ҳам пул топиб кўрмаган Ботир бу сафар ҳам нафсини қондиришнинг қинғир йўлларпини излаб, йўлинин бозор томонга бурди.

Бозорга бориб, атрофни кузатиб, айланиб юрди. Ўғирлик эски касби бўлганлиги сабабли атрофни шошмасдан кузатиб, ўзига қулай пайт ва жойни излади. Бунақа ишларга кўзи пишиб кетганлиги сабабли шошмасдан ҳаракат қилди. Кун тушга яқинлашганда ўз ўлжасини аниқлади шекилли, бир жойда қўниб топиб, тўхтаб қолди.

Унинг ўлжаси эгаси вояга етмаган боланинг қаровсиз қолдирилган велосопеди эди. Ботир пайт пойлаб турдида кўзлаган ўлжасини одамларнинг кўзини шамғалат қилиб турдида велосопедни олиб кетди.

У ўғирланган молни тезроқ сотиб қутулишни ўйлаб, ўзига нотаниш бўлган велосопед таъмирлайдиган устахонага бориб, ўзини бечораҳол кўрсатиб, пул зарур бўлганлиги сабабли ўғлига тегишли бўлган велосопедни сотишга мажбур бўлганлигини айтиб, велосопедни сотди.

Ишнинг осон битганидан хурсанд бўлган Ботир пулларни ўз нафсини қондиришга ишлата бошлади.

Бели оғримасдан топилган пулни ишлатиши ҳам осон бўлди. Пулни маишатга ишлатиб, бир ҳафтага бормасдан пулнинг ҳам охири кўриниб қолди.

Биринчи жинояти ҳозирча аниқланмаганидан ҳаволанган Ботир пули қолмагач яна қинғир йўл билан пул топиб, нафсини қондириш йўлини излай бошлади.

Бу сафар чекка туманга бориб, ўз ниятини амалга оширмоқчи бўлди. Аввалги иши хамирдан қил суғургандай осон битганидан, шунингдек, ўзининг маҳортига ишонган Ботир бу сафар ҳам ишни тез тугатишга ва ўз туманига қайтишни ўйлаб, маҳаллани айланиб юрар экан, савдо мажмуаси ёнида турган велосопедни ва унга ортилган юкларни кўрди.

Ўлжасини мўлжаллаб уни узоқдан кузатиб турдида, эгасининг келмаганидан фойдаланиб, гўёки ўзини велосопед эгаси сифатида кўрсатиб, велосопедни олиб кетди.

Иккала ишнинг ҳам осон тугаганидан хурсанд бўлган Ботир ўзига ортиқча баҳо бера бошлади.

Гўёки қўлга тушмас ўғридек ҳис қила бошлади.

Лекин “бузоқнинг югургани сомонхонагача” деган гап бор. Ботир арқоннинг узун ташланганидан билмас эди. Кейинги ўғрилигидан кўп ўтмасдан тезкор-қидирув ходимларининг сайи-ҳаракатлари натижасида Ботирнинг қилмишлари ошкор бўла бошлади ва уни суднинг қора курсисига олиб борди.

Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман суди унга юқоридаги қилмишлари учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Қилмиш – қидирмиш деб шуни айтадилар. Ўз нафсига қул бўлиб, ҳалол ризқ топмасдан, бировларнинг ҳаққини ейишнинг жазосини бу дунёнинг ўзида олди.

Я.Беккамов

Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман суди раиси

ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШ ИМКОНИЯТЛАРИНИ ЯНАДА КЕНГАЙТИРИШ ВА СУДЛАР ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ МУҲИМ ВАЗИФАДИР

Суд тизимида амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини беради.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг 1-иловасига асосан 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.

Шу билан бирга Давлатимиз рахбари “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд – ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.

Шунингдек, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида:

-“Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;

-адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш;

-фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш;

-судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;

-судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш;

-суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш;

-судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш;

-Туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

-вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

-вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

-юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш.

Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қабул қилинган мазкур Фармон мамлакатимизда одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга берилаётган катта ва беқиёс эътиборнинг ёрқин намунасидир.

М.Муроталиев

Шеробод туманлараро иқтисодий суди тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси

ВАСИЯТ ВА ҚОНУН БЎЙИЧА МЕРОСНИНГ ФАРҚИ

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилигига асосан мерос мол-мулк меросхўрлар ўртасида икки хил усулда, яъни васият бўйича ҳамда қонун бўйича амалга оширилади.

Васиятнома орқали мерос қолдирувчи ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродасини ифода этади.

Васиятнома асосида мерос қолдирилганида васият қолдирувчи ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.

Вафот этган шахс томонидан у ҳаётлик вақтида васиятнома орқали мерос қилиб қолдирилмаган мол-мулклари ва мулкка бўлган ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган тартибда қонун бўйича меросхўрлар ўртасида тақсимланади.

Қонун бўйича меросхўрларга Фуқаролик кодексининг 1135-1141-моддаларида кўрсатилган ва навбат тартибида ворисликка чақириладиган шахслар киради. Қонунда  тўртинчи навбатда ворисликка чақирилувчи шахслар доираси аниқ кўрсатилмаганлиги сабабли, тўртинчи, бешинчи ва олтинчи даражадаги қариндошларга кирувчи меросхўрларни аниқлашда Оила кодекси 57-моддасига риоя этиш лозимлиги белгиланган.

Васият бўйича ва қонун бўйича мероснинг асосий фарқли жиҳати шундаки, шахс вафот этишидан олдин у томонидан васиятнома қолдирилганида мерос мол-мулкнинг васиятномада кўрсатилган қисми бўйича айнан ўша васиятномада кўрсатилган меросхўрга мол-мулк ёки мулкка бўлган ҳуқуқлар ўтказилади, қонун бўйича мерос эса вафот этган шахснинг меросхўрлари ўртасида васиятнома мавжуд бўлмаганида бутун мерос бўйича ёки мероснинг васиятнома орқали васият қилинмаган қисми бўйича тақсимланади.

Бу орқали қонунчиликда дастлаб мол-мулк ва ва мулкка бўлган ҳуқуқларнинг эгаси сифатида мерос қолдирувчининг хоҳиш-иродасига, васиятнома бўлмаган ёки шахс вафот этишидан олдин ўз хоҳиш-иродасини баён этмаган тақдирда эса эса қонун орқали меросхўрларни аниқлаш ва меросни тақсимлаш тартиби жорий қилинганлигини кўриш мумкин.

Дилмурод Жумаев

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ЖИНОЯТ ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ ҚИЛМИШИНИ КВАЛИФИКАЦИЯ ҚИЛИШ

Ҳозирги кунда жиноят ҳуқуқида долзарб мавзулардар бири ҳисобланган жиноятда иштирокчиликка қарши сиёсий кураш олиб борилмоқда. Иштирокчиликда жиноятиликни содир этишда уюшган гуруҳ аҳамиятлидир. Бундай жиноятлар жамият учун хавфли, қўпол, қурол ишлатиш билан жиноят содир этиш кам учрайди.

Амалдаги Жиноят кодексининг 27-моддасида жиноятда иштирокчилик тушунчаси берилган, унга кўра икки ёки ундан ортиқ шахснинг қасддан жиноят содир этишда биргалашиб қатнашишига айтилади. Қонунчиликдаги бундай кичкина таърифга кўра объектив ва субъектив белгилар тартибга солинмоғи лозим.

Иштирокчиликнинг асосий тузилиши тушунчаси иштирокчилик турлари, шакллари ва иштирокчиликда жиноий жавобгарликни белгиланишини кўрсатади.

Объектив томондан иштирокчиликда сифат ва миқдор белгилари ўзига хосдир. Миқдор белгисига кўра 2 ёки ундан ортиқ шахсни биргалашиб жиноят содир этиши кўрсатилади. Жиноятда иштирокчиликда иштирокчи шахсларнинг ёши аҳамиятли яъни содир этган жиноятларига яраша жазо белгилашда уюшган жиноятчиларни зиммасига юклатилган вазифа кўрсатилади. Хар қандай ёшдаги шахс ҳам жиноятда иштирокчи бўла олмайди. Масалан, вояга етган шахс 13 ёшли болани ўғирлик жинояти содир қилишга жалб қилди. Бундай ҳолларда жиноят ҳуқуқи бўйича иштирокчилик деб тан олинмайди.

Сифат белгиси- бунда уюшиб иштирок этган шахс жиноятни субъекти бўлади. Уюшган иштирокчиликда фаолият иштирокчиларининг барчасини розилигида амалга оширилади. Улар жиноят содир этишга қаттиқ бирлашадилар, бир-бирини тўлдирадилар: бир шахс ўғирлик қилишга бошқасини жалб қилади, бошқаси жиноят қуролини ясайди, учинчиси жиноят қуролини ишлатади, ўғирликни содин этади.

Кейин жиноий уюшма аниқ жиноий натижага эришишини мўл­жаллайди. Иштирокчиликда шахсларни бир мақсад бирлаштирмайди, яъни уларни мақсади бошқа бошқа бўлиши мумкин, аммо уларни на­тижа бирлаштиради. Масалан, бизнесдаги рақобатчисини ўлдириш учун буюртмачи топшириқ беради, бажарувчи бўлса иши учун пул талаб қилади. Аммо жиноий натижа битта одам ўлдириш. Охир оқи­бат уюшга жиноятчиликда улар фаолият олиб боришга бирлашадилар ва аниқ жиноий натижа асосида алоқа олиб борадилар. Иштирокчиликда асосий алоқа ёйиш ва уни қабул қилиш асосий эҳтиёжидир. Лекин бу унинг турланишига олиб келади, ташкилотчи, далолатчи, ёрдамчилар фаолияти ўртасида сабабий боғланиш аниқ натижага эришишда қўшимча поғонадаги фаолиятда бажарувчи туради.

Объектив томондан таснифланишига биргаликда жиноий ҳара­катларни содир этиш, умумий, ягона жиноий натижа ҳамда қилмиш билан унинг оқибатлари ўртасидаги сабабий алоқадан иборат. Бу ҳолат жиноятни квалификациясига катта таъсир кўрсатади, асосан қўриқланадиган худуддаги ўғирликда.

Бундай ҳолатларда уюшган жиноятчиликда бир бирини тушуниш, ўзаро алоқа ва булар ўртасидаги аниқ натижага эришишнинг асосидир. Қонун шуни таъкидлайдики, иштрокчилик фақат қасддан содир этиладиган жиноятларда ифодаланади, иштирокчилик ҳеч қачон эҳтиётсизликда мавжуд эмас.

Мохинисо Йўлдошева

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ТАМОМ БЎЛМАГАН ЖИНОЯТЛАРНИ КВАЛИФИКАЦИЯ ҚИЛИШ

Маълумки, Жиноят кодекси махсус қисмининг зарурий белгиси тугалланган жиноятларни ўз ичига олади. Лекин амалиётда кўп учрайдиган жиноий хатти-ҳаракатлар айбдорнинг ихтиёри ва ихтиёрига боғлиқ бўлма­ган ҳолларда мақсад охирига етказилмайди. Шахс қуролни эгаллаш вақтида ушланса, жиноят қуроли, квартирани бузиш вақтида ва бошқа ҳолатларда жиноят қасддан амалга оширилади. Қонунчиликда, суд амалиётида, жиноят ҳуқуқи назариясидагига ўхшаб жиноят бос­қичлари кўпроқ қасддар содир қилинган жиноятлардан иборат. Жиноят содир этиш босқичлари- бу турли хил босқичларда айбдорнинг хатти-ҳаракатлари сифатини, қилмиш қасднинг турли ҳолатларини характерини изохлайди.

Қонунда жиноят босқичлари 3 та дейилган:

-тугалланган жиноятлар;

-жиноятга тайёргарлик;

-жиноятга суиқасд.

Тугалланган жиноятлар агар вояга етган шахслар томонидан содир этилса жиноятнинг барча белгиларини ташкил этади дейилган. Жиноят кодексида субъектнинг мияда қасднинг бирдан пайдо бўли­ши: жанжал вақтида ўлдирадиган даражада пичоқни тақиши. Қачон жиноий чилмиш ҳамма босқичларда амалга оширилиши мумкин: шахс бошида пухта тайёрланади, масалан, ўғирликда (тайёрлов) кейин хатарни бартараф этади (суиқасд) ва охирида мол-мулк ўғирлана­ди. Бу ерда тайёрлов ва суиқасд босқичи тугалланган жиноятларни сингдиради.

Тугалланган жиноятларни қонуний характери объектив томонига боғлиқлиги билан ифодаланади. Тулалланган жиноятлар кутилган натижага эришмасликдан гувоҳлик беради, мақсаднинг аниқлиги ҳаракатнинг бошланиши ва бажарилиши натижаси, нормани диспозициясида берилади. Буларни жиноят тузилиши таркибида келгуси қонунимизда инобатга олинади. Моддий таркибли жиноятлар таркиби жиноят бошланган пайтдан охиригача тугалланган ҳисобланади. Масалан, талончиликда моддий зарар етказилиши шарт. (мол-мулк олинса ва айбдор ҳақиқий имкониятларидан келиб чиқиб идрок қилади).

Формал таркибли жиноятларда тугалланган жиноятлар диспозициясида кўрсатилган бўлади, бу мазмунига таъсир қилмайди, субъектнинг кўзланган натижага эришиши аҳамиятсиз. Масалан, босқин­чилик жиноятида зўрлик ишлатиш билан ҳужум қилинади, бу соғлиқ ва ҳаёт учун хавфли ёки босқинчилик ҳаракатини содир этиб, зўрлик ишлатиш билан жиноят тугалланган ҳисобланади.

Жиноятга тайёргарлик кўриш- бу изланишдир. Жиноят содир этиш учун жиноят қуролини тайёрлаш ёки уни мослаштириш жиноятчилар гуруҳини излаш, шу жиноятни содир этишга келишиш ёки қасддан шароит яратишни жиноят содир этувчи шахснинг ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолларда жиноятни охирига етказилмаганлиги тушунилади.

Қасддан содир этилган жиноят бошланиб, шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган бўлса, жиноят содир этишга суиқасд деб топилади. Қасддан содир этилган жиноят билан жиноятга тайёргарлик кўрганликни фарқи шундаки, субъект объектга яқинлашади ва жамиятга хавф етказилиш билан ифодаланади.

Жамолиддин Убайдуллаев

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

САЙЛОВ ТУШУНЧАСИ

Ҳаммамизга маълумки, жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов ўтказилади. Шу муносабат билан, барчамиз Конституциямизда белгиланган ҳуқуқимиздан фойдаланган ҳолда давлатимиз келажаги учун ушбу сайловда фаол қатнашиб, ўз овозимизни беришимиз фуқаролик бурчимиздир.

Сайлов тизими ҳақида янги таҳрирдаги Конституциямизнинг
22-бобидаги 128-129-моддаларида батафсил кўрсатилган.

Сайлов бу – шахсни депутатликка, бирор ташкилот аъзолигига ёхуд мансабга очиқ ёки ёпиқ шаклда овоз бериш йўли билан сайлаш.

Кишиларнинг бирлашмаси – жамият деб номланади. Жамият бўлиб яшаш одамларга кўплаб қулайликлар келтиради. Зеро жамиятда одамлар бирлашиб ўз ҳаётий муаммоларини ҳал қилишади. Жамият қанчалик жипс бўлса, шунчалик муваффақиятли бўлади. Тарқоқ бўлса – муваффақиятсиз. Жамиятни ҳақиқий жамият қилувчи омиллардан бири – ҳаётий қарорларни кўпчилик бўлиб қабул қилишдир. Бунинг яхши тарафи шундаки, қарорлар қабул қилишда якка шахслар ёхуд жамиятнинг баъзи гуруҳлари эмас, балки ҳамма бевосита ёки билвосита иштирок этади.

Кўпчиликнинг ақлий салоҳияти ишга солинади. Бу нарсани рўёбга чиқариш воситаларидан бири – сайловдир. Бунда кишилар ичларидан энг салоҳиятлиларини сайлаб олишади ва уларга қарорлар қабул қилишни ишониб топшириб, улардан кенгаш тузишади. Аммо иш шу билан тугамайди – сайлаганлар сайланганлардан мудом қабул қилинган қарорлардан ҳисобот сўраб туришади, фаолиятларини кузатиб боришади. Шу тарзда баъзиларгина эмас, балки ҳамма жамият ишларида, қарорларни қабул қилишда иштирок этади ва шу тарзда барчанинг манфаати инобатга олинади.

Демак, сайлов – муҳим ва керакли нарса, Сайловнинг асосий жиҳати деб омма ичидаги салоҳиятли, жонкуяр кишиларни сайлаб олиш деб айтдик. Агарда бу юз бермаса, яъни салоҳиятли кишилар эмас, балки баъзи гуруҳларнинг бошқаларга босим ўтказиши ёки бошқа ҳаракатлар натижасида нолойиқ кишилар сайланиб олинса, унда сайлов ўзининг ҳақиқий маъносини йўқотиб қўяди. Бу эса одамларда жамият ишларига дахлдорлик ҳисси пасайиб кетади, дегани. Чунки, бунда ҳаётий муаммолар энди кўпчилик бўлиб ҳал қилинмайди, қарорлар кўпчилик бўлиб қабул қилинмайди. Бу энди жамият эмас, балки шунчаки одамлар тўплами бўлиб, бу ҳолда муваффақият қозонилмайди. Фуқаролар эса муаммолар ичида яшаб, уларни ҳал қила олишмайди. Бунда давлат бойликларга ҳамма эмас, балки баъзи гуруҳлар эга чиқади, кўпчилик эса қашшоқ ҳолатда яшайди. Шунинг учун ҳам сайлов ҳақиқий сайлов бўлиши ҳар бир юрт учун муҳим аҳамият касб этади. Бунда сайловчиларнинг фаол, салоҳиятли, ишончли кишини сайлашга интилишлари муҳимдир, зеро сайловчиларнинг фаолсизлиги жамиятнинг фақат баъзи гуруҳларигина ўзлари хоҳлаган одамларни сайлаб олиши ва бошқаларнинг манфаатларини чеккага суриб қўйишига олиб боради. Бундай бўлмаслиги учун ҳар бир сайловчи сайловчилик масъулиятини ҳис этмоғи ва сайлов нималигини билиши лозим. Сайловларга бефарқлик, кимни сайлаётганини билмаслик, номзодларни саволлар билан тергамаслик – булар жамият учун оғир оқибатлар келтириши мумкин.

2023 йил 7 июнь куни Ўзбекистон Президентлигига сайлов олди ташвиқотлари бошланиб, Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловда кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинди. Бунда:

-Халқ демократик партиясидан – Улуғбек Иноятовни;

-Либерал-демократик партиясидан – Шавкат Мирзиёевни;

-“Адолат” социал-демократик партиясидан – Робахон Маҳмудовани;

-Экологик партиясидан – Абдушукур Ҳамзаевни, Ўзбекистон Президентлигига номзод этиб рўйхатга олиш тўғрисидаги Марказий сайлов комиссиясининг қарори қабул қилинди.

Шунингдек, фуқароларимиз 2023 йилнинг 28 июнидан то 5 июлига қадар Ўзбекистон Президентлигига муддатидан илгари овоз беришлари белгиланди. 2023 йил 9 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов куни деб расман эълон қилинди.

Мақолани тайёрлашда интернет манбаларидан фойдаланилди.

Ж.Маматалиев

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

Skip to content