Сурхондарё вилоят судида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини, оналик ҳамда болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, уларнинг қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун жамиятда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айланди.

Сўнгги йилларда жамиятимиз гултожларининг орзу истакларини рўёбга чиқариши учун давлат ва жамоат ташкилотларида хизмат қилаётган аёллар меҳнати муносиб рағбатлантирилиб келинмоқда.

Вилоятда одил судловни таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизлар улуғланган тантанали тадбирда вилоят суди раисининг ўринбосари Зоир Русьамов юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини оширишга қаратилаётган юксак эътибор ҳақида сўз юритди. Соҳа фидойилик билан хизмат қилаётган хотин-қизлар меҳнатини алоҳида эътироф этиб, уларни байрам билан табриклади.

Маълумки, суд соҳасида ҳам сўнгми йилларда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳада биз, хотин-қизларнинг меҳнат қилишимиз учун ҳам кенг имконият яратиб берилди. Байрамлар арафасида камтарона меҳнатларимиз алоҳида эътиборга олиниб, эътироф этилаётганидан фахр ҳиссини туймоқдамиз. Айниқса, кейинги йилларда тизимда хизмат қилаётган хотин-қизлар сафининг сезиларли ортгани жамиятимизда қонун устуворлиги ва гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида юз берган янгиланишлар натижасидир.

Сурхондарё вилояти судларида юзга яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Уларнинг беш нафари судьялик касбини шараф билан эъзозлаб, одил судловни амалга ошириш ва адолатли жамият барпо этишга муносиб ҳисса қўшаётир.

Вилоят судида ўтказилган тантанали тадбирда ҳам соҳада хизмат қилаётган хотин-қизларга вилоят суди рабариятининг эсдалик совғалари топширилди.

САИДА НУРИЕВА,

Сурхондарё вилоят суди архив мудири

Сурхондарё вилояти суди раҳбариятининг Денов туманида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабули бўлиб ўтди

Денов Тадбиркорлик ва педагогика институти биносида ўтказилган сайёр қабулда суд-ҳуқуқ масалаларига доир жами 25 нафар фуқаролар қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқаролар мурожаатларининг 20 таси жиноят ва 5 таси фуқаролик судловга тааллуқлидир.

Сайёр қабулда вилоят суди раҳбарияти томонидан қабул қилинган 5 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаати тингланиб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, 20 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаати жойида ижобий ҳал этилди.

Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 24 нафар фуқаронинг алимент ундириш тўғрисидаги аризалари кўриб чиқилиб, уларнинг аризалари қаноатлантирилди ва Мажбурий ижро бюросининг тегишли ҳудудий бўлимига юборилди.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Шўрчи, Олтинсой, Сариосиё ва Узун туман судлари томонидан сайёр суд мажлисида тақдимнома (илтимоснома)лар асосида 20 нафармаҳкум ўталмай қолган ахлоқ тузатиш ишлари ва бошқа жазолардан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Бу каби сайёр қабуллар суд тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда судларга бўлган ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

ЗОИР РУСТАМОВ,

Сурхондарё вилоят суди раисининг ўринбосари –

иқтисодий ишлар бўйича ўринбосари

КИТОБ – МАЪНАВИЯТ КЎЗГУСИ

Дарҳақиқат, юртимизда китоб ўқиш маданиятини кенг оммалаштириш, янги нашрларни йўлга қўйиш ҳамда аҳоли орасида китобга қизиқишни кучайтириш, кутубхоналар ва таълим даргоҳларини касбий ҳамда соҳавий адабиётлар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январь кунида “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-9-сонли Қарори қабул қилинди.

Мазкур Қарорга кўра, 2026-2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражаси (бир одам ўқийдиган китоб сони)ни йилига ўртача 10 та китобга етказиш асосий мақсад этиб белгиланган.

Шунингдек, Қарорнинг 7-бандига асосан 2026 йил 1 февраль кунидан бошлаб, давлат органларининг китоб ва китобхонлик ҳақидаги рекламалари ижтимоий ахборот (реклама) сифатида тан олиниши, транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларида (автобус, метро, самолёт, поездлар) симсиз ёки мобиль интернет тармоғи орқали «Mutolaa» платформасидан фойдаланиш имкониятлари яратилиши, қулайлик учун QR кодлар ўрнатилиши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, мазкур Қарорга мувофиқ барча вазирлик ва идораларда 2026 йил 1 апрелга қадар ўзида ва тизимидаги ташкилотларда «Китоб бурчаги» ташкил этилиши, ходимлар учун ҳар ойда «Китоб ўқиш соати» йўлга қўйилиши, китобхонлик бўйича ички рейтинг тизими жорий этилиши, танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга Бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан бир ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилиши белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан ушбу қарорнинг қабул қилинишидан асосий мақсад аҳолининг китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш ҳисобланади.

МАНСУР АБДУРАХМОНОВ,

Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЗАМОНАВИЙ СУД ИСЛОҲОТЛАРИ

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим йўналишларидан бири, суд тизимини тўлиқ рақамлаштиришдан иборат.

Муҳтарам Президентимиз томонидан 2025 йил 21 август куни имзоланган «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон билан суд ишларини юритишни рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш юзасидан муҳим ҳуқуқий асос яратилди.

Ушбу Фармонда суд фаолиятини автоматлаштириш, суд ишларида қоғоз ҳужжат айланмасидан босқичма-босқич воз кечиш ҳамда электрон тизимга тўлиқ ўтиш вазифалари белгиланди.

Хусусан, мазкур фармон билан суд соҳасини рақамлаштиришнинг истиқболдаги режалари ҳам тасдиқланган бўлиб, 2025-2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ҳамда одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш дастури орқали 2026 йил 1 январдан бошлаб “my.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини жорий этиш, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратиш, ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотларини автоматик етказиш, 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкониятини яратиш, йил якунига қадар фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизматларни йўлга қўйиш, шунингдек, суднинг ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” платформасининг фойдаланувчилар учун янада қулай бўлган янги версиясини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Бундан ташқари, 2025 йил 24 ноябрда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг навбатдаги муҳим босқичи сифатида эътироф этилди.

Мазкур Фармонга кўра, судьяларни тайинлаш тартиби икки босқичли қоидалар асосида амалга оширилиши белгилаб олинди. Яъни, дастлаб 5 йиллик муддатга, кейин эса муддатсиз лавозимга тайинлаш. Судьялар корпусида гендер тенглигини таъминлаш мақсадида Одил судлов академияси касбий қайта тайёрлаш курсларига хотин-қизлар учун махсус квота жорий этилди.  

Давлат раҳбарининг халқимиз ва Олий Мажлисга Мурожаатномасининг олтинчи устувор йўналиши суд-ҳуқуқ ислоҳотларига бағишланди. Унга кўра, давлат раҳбари бир қатор истиқболи ислоҳотларни амалга оширилади. Жумладан, “Рақамли суд” концепцияси доирасида терговдан бошлаб судга қадар бўлган барча жараёнлар сунъий интеллект технологиялари орқали автоматлаштирилиши айтилди. Бу эса инсон омилини қисқартириш ва ишларни тезкор ва самарали юритиш имконини беради. Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ва бекор қилиш ҳуқуқи берилиши таъкидланди. Шу билан бирга, ҳар бир инстанцияда жамоатчилик иштирокини ошириш орқали одил судлов жараёнлари шаффофлигини таъминлаш белгилаб олинди.  

Таъкидлаш лозимки, “Рақамли суд” концепцияси суд ҳокимияти фаолиятида очиқлик, шаффофлик, тезкорлик ва адолатни таъминлашга хизмат қилади.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

САЙЁР СУДДА БИР ГУРУҲ МАҲКУМЛАР МАНЗИЛ-КОЛОНИЯСИДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг тумандаги 41-сон манзил-колониясида ўтказган сайёр суд мажлисида колония маъмуриятининг озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 11 нафар маҳкумларга нисбатан киритилган тақдимномаси кўриб чиқилди.

Туман суди раиси Тулкин Туракулов раислигида ўтказилган мазкур сайёр суд мажлисида манзил-колонияси маъмурияти томонидан тақдим этилган тақдимномалар иш ҳужжатлари билан бирга ўрганиб чиқилди.

Суд мажлисида жазо муддатини ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ўрнатилган тартиб-қоидаларига риоя этган, ўзининг хулқини ижобий томонга ўзгартирган, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб, тегишли хулоса чиқарган ўн бир нафар маҳкумларнинг ўталмай қолган жазо муддати Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил-колониясидан озод этилди. Миллатимизга хос инсонпарварлик, кечиримлилик каби тамойилларга асосланган суд мажлисида озод этилганларнинг барчаси турли ёшдагилардир.

Сайёр суд мажлисида ўталмай қолган жазо муддати енгилроқ жазо турига алмаштирилганларнинг барчаси қилмишидан тўғри хулоса чиқаргани ва бу ишидан пушаймонлигини, жиноятлари кечирилгани, ўзларининг жамиятда ҳалол, тўғри яшашига катта имконият берилгани учун давлатимизга, одил судга чуқур миннатдорлик билдирди.  

Манзил-колониясидан озод этилган 11 нафар маҳкумлар эндиликда ўталмай қолган жазо муддатини тегишли тартибда ўз ҳудудидаги пробация хизматида ўтайди.

ТУЛКИН ТУРАКУЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди раиси

АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЙ ЮРГАН ОТА

очерк

Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар. Бу норма Конституция ҳамда қонунларда мустаҳкам белгилаб қўйилган.

Ота – она алоҳида, ҳаттоки бир хонадонда бирга яшаган тақдирда ҳам ота ёки она вояга етмаган болаларига таъминот беришга мажбурдир.

Ана шундай воқеалардан бири, Шўрчилик Фарход Жумаев (исм-фамилия ўзгартирилган) суд ҳужжатига асосан икки нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун жами 42.448.755 сўм алимент пулларини тўлашни унутиб қўйган кўринади.

Суд ҳужжатига асосан Мажбурий ижро бюроси Фарход Жумаевга икки нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун тўлаши лозим бўлган алимент пулларини тўлашни бир неча эслатишига қарамасдан, у эса алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келганлиги сабабли суднинг қарорига мувофиқ, унга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддаси 1-қисми билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланади.

Қарздор Фарход Жумаев ўзига маъмурий қамоқ жазо тайинланганидан кейин қилган қилмиши оқибатларини тушуниб етди шекилли, ўз жигаргўшаларини моддий таъминотини ўйлади-ю, 4 кундан сўнг 42.448.755 сўм алимент пулларини тўлаб берди.

Шундан сўнг Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан Фарход Жумаевга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилиб, амалдаги Қонун нормаларига асосан енгиллик қўлланиб, у маъмурий қамоқ жазосидан озод қилинди. Унга юритилган иш эса Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 271-моддаси 10-бандига асосан тугатилди.

Хулоса шуки, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш жавобгарликка сабаб бўлади. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзанд олдидаги бурчни унутмаслик керак.

ХАДИЧА РАХИМОВА,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг тергов судьяси

ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ

Судлар фаолияти билан яқиндан таништириш, жамоатчиликка суд интерактив хизматлари ва коррупцияга қарши курашишда судларнинг роли ҳақида маълумот бериш мақсадида Сурхондарё вилоят судида ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида бу сафар Тошкент давлат юридик университети талабалари ташриф буюрди.

Мазкур ташриф талабаларнинг суд-ҳуқуқ тизими фаолияти билан яқиндан танишиши, суд органларида хизмат қилиш истиқболлари ҳамда касбий кўникмаларини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.

Ташриф давомида вилоят суди судьялари ва масъул ходимлари томонидан талабаларга суд тизимининг тузилиши, судлов фаолиятининг асосий тамойиллари, одил судловни амалга ошириш жараёнлари, судьяларнинг мақоми ва масъулияти, фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиб ҳамда суд мажлисларида масофадан туриб қатнашиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, талабаларга суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар юзасидан тушунтиришлар берилди.

Ушбу ташкил этилган тадбир очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, талабаларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди. Хусусан, суд тизимида ишлаш тартиби, номзодларга қўйиладиган малака талаблари, амалиёт ўташ ва келгусида ишга қабул қилиш жараёнлари ҳақида зарур тавсиялар берилди.

Ташриф ёшларнинг суд-ҳуқуқ соҳасига бўлган қизиқишини янада ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда малакали юридик кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.

Бу каби тадбирлар Сурхондарё вилоят суди томонидан келгусида ҳам олий таълим муассасалари талабалари билан очиқ мулоқотлар ва амалий учрашувлар ташкил этиш режалаштирилган.

МЕҲРИДДИН ХОЛБЕКОВ,

Сурхондарё вилоят суди Кадрлар бўлими бош консультанти

Сурхондарё вилоят судларига ишга кириш истагида бўлган номзодлар учун эълон

Сурхондарё вилоят суди, вилоят судларидаги бўш иш ўринлар (вакант лавозимлар)га ишга қабул қилиш юзасидан танлов эълон қилади.

Бўш иш ўринлар (вакант лавозимлар):

  1. Сурхондарё вилоят суди – Биринчи бўлим бошлиғи
  2. Сурхондарё вилоят суди – Катта мутахассис 2 нафар

Лавозим бўйича номзодга қўйилган талаблар:

а) Номзодлар юқори малакали, хорижий тилларни (қоида тариқасида устунлик берилади) биладиган, вакант лавозим учун зарур билимга ва бенуқсон обрў-эътиборга эга олий юридик маълумотли Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши шарт.

б) вилоят ва унга тенглаштирилган судларда ишлаш учун қуйи судларда камида 2 йиллик меҳнат стажи бўлиши талаб этилади.

Тақдим этиладиган ҳужжатларнинг рўйхати:

Ариза;

а) номзоднинг маълумотномаси ва яқин қариндошлари тўғрисида маълумотнома;

б) диплом (дипломдан кўчирма)нинг нусхаси, чет элда ўқиганлиги тўғрисида дипломга эса, диплом тан олинганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома (агарда номзод олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса, ўқиш жойидан маълумотнома);

в) номзоднинг паспорт нусхаси;

г) меҳнат дафтарчаси нусхаси (биринчи марта ишга кираётган шахслар бундан мустасно);

д) хорижий тилни билиш бўйича сертификат (мавжуд бўлса).

Боғланиш учун телефон рақами ва электрон почта манзили:

Тел: 76-228-19-00 (ички рақам 75-021)

sur.kadr@sud.uz

Сурхондарё вилоят судининг кадрлар бўлими.

СУД ҚАРОРЛАРИ – ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ВА АДОЛАТНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ АСОСИЙ КАФОЛАТИ

Мамлакатимизда суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи сифатида фаолият юритиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда жамиятда адолат тамойилларини қарор топтиришда ҳал қилувчи ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар одил судлов сифатини ошириш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган.

Суд қарорлари – бу фақатгина муайян иш бўйича чиқарилган ҳукм ёки ажрим эмас, балки қонун нормаларининг амалдаги ифодаси, адолатнинг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган шаклидир. Ҳар бир суд қарори орқали қонун устуворлиги таъминланади, жиноят ёки ҳуқуқбузарликка ҳуқуқий баҳо берилади ва жавобгарликнинг муқаррарлиги амалда намоён бўлади.

Қонун устуворлиги принципи ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан бири ҳисобланади. Унга кўра, барча фуқаролар, мансабдор шахслар ва давлат органлари қонунга бўйсунади. Суд органлари эса мазкур принципнинг амалий кафолати сифатида фаолият юритади.

Суд қарорлари чиқарилаётганда ишнинг барча ҳолатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганилади. Айбланувчининг ҳуқуқлари таъминланади, жабрланувчининг манфаатлари ҳимоя қилинади, далиллар текширилади ва қонун талабларидан келиб чиқиб қарор қабул қилинади. Бу жараён одил судловнинг асосий белгисидир.

Жиноят ишлари бўйича судларда жазо тайинлашда жиноятнинг оғирлиги, унинг содир этилиш шароити, айбдорнинг шахси, қилмишга муносабати ва бошқа муҳим ҳолатлар инобатга олинади. Бу эса жазонинг адолатли ва мутаносиб бўлишини таъминлайди.

Суд қарорлари фақатгина муайян шахсга нисбатан чиқарилган ҳуқуқий ҳужжат эмас, балки жамият учун муҳим профилактик аҳамиятга эга бўлган воситадир. Жазонинг муқаррарлиги бошқа шахсларни қонунбузарликдан тийилишга ундайди.

Суд амалиёти таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ҳуқуқбузарликлар кўпинча қонун талабларини билмаслик ёки унинг оқибатларини етарлича англамаслик натижасида содир этилади. Шу боис, суд қарорларини оммавий ахборот воситалари ва расмий веб-сайтларда ёритиш аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Фуқаролар суд қарорлари билан танишиш орқали қонунбузарликнинг ҳуқуқий оқибатларини англайди, ўз хатти-ҳаракатларига нисбатан масъулият билан ёндашишни ўрганади.

Эътиборлиси шундаки, бугунги кунда суд тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Очиқ суд мажлислари, қарорларнинг эълон қилиниши, электрон мурожаат тизимлари суд фаолиятининг замонавий талаблар асосида ташкил этилганини кўрсатади.

Таъкидлаш керакки, фуқароларнинг судларга мурожаат қилиш имконияти кенгайиб бораётгани, ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши суд жараёнларининг самарадорлигини оширмоқда. Бу эса одил судловнинг шаффоф ва очиқ амалга оширилишига хизмат қилмоқда.

АЪЗАМБЕРДИ АЛИКУЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг тергов судьяси

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ – ДАВЛАТ СТРАТЕГИЯСИНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ

Ҳар бир соҳада бўлгани каби, бугуннинг долзарб муаммоси бўлган коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳам мамлакатимизда чуқур ислоҳотлар амалга ошириб борилмоқда.

Жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ва унинг қўлланилиши режалари янги таҳрирларда қабул қилинмоқда. Шунингдек, жиноий жавобгарликни кучайтириш ва коррупцияга алоқадорликдаги аниқ нормалар жорий этишга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Шу каби, ушбу соҳадаги мутахассисларни тайёрлаш ва жамоатчиликни хабардор қилиш юзасдан кўплаб семинарлар, тренинглар ва маърузалар орқали давлат ходимлари, соҳибкорлар ҳамда жамоатчилик орасида коррупциянинг зарарлари ва қарши курашиш усуллари бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бу чоралар фуқароларнинг коррупцияга нисбатан нафратини оширишга кўмаклашмасдан қолмайди.

Қолаверса, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан БМТ, Жаҳон банки ва бошқа институтлар билан ҳамкорликда коррупцияга қарши стратегик режаларни амалга оширилиб, халқаро стандартлар асосида миллий дастурлар ишлаб чиқилди. Ўзбекистонда махсус хусусиятларга эга бўлган коррупцияга қарши курашиш органлари — Бош прокуратуранинг антикоррупция бўлими, Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат фискал хизмати тизимида коррупция фактларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича фаолият кенгайтирилди.

Таъқидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашиш соҳасида Давлатимиз раҳбарининг ўрни беқиёс ва диққатга сазовордир. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йилдан бошлаб амалга ошираётган ислоҳотлари асосида коррупцияга қарши қатъий күраш давлат стратегиясининг устувор йўналишига айланди дейиш мумкин. Президентимиз шахсан коррупцияга қарши курашишда қатъий тизим яратишга алоҳида эътибор бериб, унинг олдини олиш ва аниқлаш учун кескин чоралар кўришни доимий равишда қатъий топшириқлар сифатида бериб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан коррупцияга қарши қонунчилик базаси мустаҳкамланди, давлат органлари фаолияти очиқлаштирилди ва ҳокимият органларида коррупциявий ҳолатлар аниқланганда, дахлдорларни қаттиқ жазолаш бўйича қатъий кўрсатмалар берилмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида фаол чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу эса, давлат бошқарувининг шаффофлигини ошириш ва мамлакат иқтисодий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Янги қонунчилик, мутахассислар тайёрлаш ва халқаро ҳамкорлик жараёнлари коррупциянинг турли кўринишларига қарши самарали курашишни кафолатлайди.

ХАСАН АБРАЕВ,

Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Skip to content