Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқи юзасидан

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2023 йил
19 сентябрь куни ўтказилган 78-сессиясида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, аъзо мамлакатлар етакчилари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден, Бразилия Федератив Республикаси Президенти Луис Инасиу Да Силва, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса, Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва бошқа давлатлар раҳбарлари фаол умумсиёсий мунозаралар олиб боришган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида нутқ сўзлаб, унда ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда мамлакатларни жипслаштириш зарурлигини қайд этиб, ўтган йили юртимизда умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси” илгари сурилганлиги, асосий мақсадимиз мамлакатларимиз ва халқларимизнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборат эканлиги ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ва ортга қайтмас тус олган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, глобал ва минтақавий кун тартибидаги энг долзарб масалалар ечимига қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ташаббуси билан келгуси йилда Келажак саммити ўтказилиши халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга, Ташкилотнинг таъсири ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишига ишонч билдирилди ҳамда Ўзбекистонда янгиланган Конституция бўйича ўтказилган умумхалқ референдуми миллий тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилаб берганлиги ва Конституцияда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқат яна бир бор тасдиқланлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, Президент Ш.М.Мирзиёев афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик лозим, деган фикрни билдириб, президент Афғонистоннинг музлатилган халқаро активларини бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтириш учун мақбул механизмларни ишлаб чиқишга, дунё ҳамжамиятини Афғонистон муаммосини ҳал этиш йўлида бирлашишга ва бу борада БМТ раҳнамолигида Афғонистон бўйича биргаликда ишлаб чиқилган, вазиятга мослашувчан ва конструктив позицияни белгилашга чақириб, жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этишни таклиф қилди. Сессияда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институтлари ва барча давлатлар билан кенг кўламли ва узоқ муддатли шерикликни чуқурлаштиришга тайёр экани яна бир бор таъкидланди.

ЗУХРИДДИН МАВЛОНОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ОИЛАВИЙ ЗЎРАВОНЛИК КАБИ ЖИНОЯТЛАР

(очерк)

Оилавий зўравонлик бу – кишининг иккинчи шахсга нисбатан оилавий муносабатларда ўтказиб келган руҳий ва жисмоний тазйиқлари тушунилади. Бу зўрлик ишлатиш мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва меҳнатга оид шаклда ҳам бўлиши мумкин.

Мамлактимизда оилавий зўровонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 592-моддасида “Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, башарти жиноят аломатлари, шунингдек ушбу МЖтКда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари мавжуд бўлмаса, оилавий зўравонлик деб тушунилади.

Энди эса бир воқеа тавсилотига эътибор қаратсак.

Судланувчи Санжар Жўраев (исм фамилиялар ўзгартирилган) 2023 йил 20 май куни соат 20:00ларда ўзининг яшаш уйида турмуш ўртоғи Шоира Ғаниева билан ўзаро торишиб қолиб, жаҳл устида оёғи билан унинг қорин соҳасига тепиб, унга ҳаёти учун оғир тан жароҳати етказган, натижада Шоира Ғаниева касалхонага ётқизилган, аммо тиббий муолажага қарамасдан касалхонада вафот этган.

2023 йил 1 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди ҳукми билан судланувчи Санжар Жўраевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 1261-моддаси 8-қисми “г” банди билан ЖКнинг 60,61-моддалари тартибида узил-кесил 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Судланувчи Санжар Жўраев томонидан келтирилган апелляция шикояти
2024 йил 3 январь куни Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида мазмунан кўрилиб, биринчи босқич суд ҳукми ўзгаришсиз, келтирилган апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирилган.

Биринчи босқич суди жазо тайинлашда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарорининг 3-бандида “Жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши – ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак” деб тушунтириш берилганига алохида эътибор берган.

Биринчи босқич суди судланувчи Санжар Жўраевнинг жиноий ҳаракатини тўғри квалификация қилиб, унга нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда, юқоридаги қонун талаблари  ва пленум қароридаги тушунтиришларига амал қилган ҳолда ишдаги енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни, судланувчининг шахсини, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, жабрланувчининг қонуний вакилининг даъвоси борлигини эътиборга олиб, судланувчига қилмишига мувофиқ меъёрда жазо тайинлаб, қонуний, адолатли ва асосли тўхтамга келган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, жамиятимизда оилавий зўравонлик, унинг иллатларини камайтиришда қонун устуворлигини таъминлаш муҳим саналади. Зеро, Конститутциямизнинг 26-моддасида “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас” деб ҳар бир шахснинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари қонун билан ҳимояланган.

БОТИР НОРМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРНИНГ МОДДИЙ ТАЪМИНОТИДАН БЎЙИН ТОВЛАШ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

Оила – жамиятнинг асосини ташкил этувчи қўрғон. Унда эртанги кунимиз эгалари бўлган фарзандларимиз улғаяди.

Дарҳақиқат, оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, унинг негизини ташкил этади.  Шу боис, давлатимизнинг Бош Қонуни бўлган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида “Оила” хусусида алоҳида боб киритилган.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда оила тўғрисида алоҳида боб ажратилганлигининг ўзи унинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни нечоғлик муҳимлигидан далолат беради.

Жамият ва давлат учун оила, никоҳ, оналик, оталик ва болалик ижтимоий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эгадир, зеро, ушбу тушунчалар жамият ва давлат шаклланишини таъминловчи муҳим омиллар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 14-бобида ота-она ҳамда болаларнинг алимент ҳуқуқи ва мажбуриятлари мустаҳкамланганини таъкидлаш зарур. Ушбу кодекснинг 96-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбу­рия­тини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки онадан алимент суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буй­руғига асосан ундирилади.

Алимент (лотинча сўздан олинган бўлиб, қарамоғидаги ва боқимидаги) бир шахснинг бошқа шахсга мажбуран ёки ихтиёрий равишда тўлайдиган нафақа ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддасида (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш), моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик- ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши, мазкур модданинг 2-қисмида, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши белгилаб қўйилган.

Шундай қилмиш маъмурий жавобгарликка тортилганидан сўнг яна содир этилса, Ўзбекистон Республикасининг жиноят кодексини
122-моддасида (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади; мазкур модданинг 2-қисмида, ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади; мазкур модданинг 3-қисмида, агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.

Амалиётда алимент ундириш билан боғлиқ ишлар эр-хотиннинг ўзаро келишмовчиликлари оиладаги носоғлом муҳит, ёш оилаларни арзимаган сабабларга кўра бирга яшамай қўйишлари оқибатида юзага келмоқда. Натижада болалар отасиз, онасиз улғаймоқда.

Таъкидлаш жоизки, ҳар бир ота-она болалар давлатимизнинг эртанги келажаги эканлигини ҳис қилган ҳолда, оилада соғлом муҳит яратишга маъсул эканлиги, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзандларни баркамол авлод қилиб тарбиялашда уларга маънавий кўмак бўлиш билан бир қаторда моддий таъминотини яхшилаш ҳам мухимлигини ёддан чиқармасликлари лозим.

НИГОРА ХАСАНОВА,

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судья ёрдамчиси

СУДЛАРДА ТАФТИШ ИНСТАНЦИЯСИ ЖОРИЙ ЭТИЛДИ

Сўнгги йилларда ишларини юритиш жараёнида бир қанча янги институтлар жорий этилди ва улар такомиллашиб бормоқда.

Бунга мисол тариқасида дастлабки эшитув, ярашув ҳамда медиация институтларини айтиб ўтишимиз мумкин.

2024 йил 1 январдан бошлаб эса эндиликда судларда ишларни тафтиш тартибида кўриш институти жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатнинг 43-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал Кодексига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун маъқулланди. Мазкур қонун 2024 йил 1 январдан кучга кирди.

Инстанция бу суднинг ишни мазмунан ҳал қилишда қаратилган якуний ҳужжатини адолатли, қонуний ва асосли қабул қилинганлигини текширишни босқичлари ҳисбланади.

Суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида кодексларга бир қатор ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Айтиш керакки, эндиликда биринчи инстанция судида кўрилган ишлар апелляция ёки кассация тартибида кўрилади.

Қонуний кучга кирган суд қарори устидан берилган шикоятни кассация инстанциясида кўрилади.

Биринчи инстанция судининг қароридан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижаларидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади.

Бинобарин, суд ишидан яна норози бўлган тақдирда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатида қайта кўриб чиқилади.

Суд қарорларини барқарорлигини таъминлаш мақсадида барча юқори инстанцияларда иш бўйича нафақат моддий ва процессуал қонун нормаларини  тўғри қўлланилганлигини текшириш, балки уларга тўлиқ суд терговини ўтказиш ваколати берилди.

Иш бўйича юқори инстанция судлар қуйи судлар қарорларини бекор қилиб, қуйи судларга юбориш амалиёти тугатилди. Шу инстанция суди якуний қарор қабул қилади.

Тафтиш инстанцияда ҳам ишларни вилоят судлар кўриб чиқилиши назарда тутилган. Кейинги инстанция Олий судида қайта такроран кўрилади. Бундан ташқари, апелляция шикояти бериш муддати 20 кундан 10 кунга қисқартирилди. Бу ҳам ижобий ҳолат, шахсни бузилган ҳуқуқини тезроқ тиклашга ёрдам беради.

ШУКРУЛЛО ҒОЗИЕВ,

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси

ЎЗБЕКИСТОНДА МЕДИАТИВ КЕЛИШУВНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

Дарҳақиқат, илғор хорижий давлатларда низоларни судга қадар ҳал қилишда медиациянинг ўтказилишини қўллаб-қувватлашга оид бир қатор ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилган. Мазкур давлатлар тажрибасини таҳлил этиш ҳамда мамлакатимиз шароитида жорий этиш истиқболларини ўрганиш соҳани такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

Мутахассисларнинг фикрича ҳозирги кунга қадар, кўп сонли ишлар асоссиз равишда суд тизимига ўтказилади. Шунга асосан тегишли давлат органлари бир қатор низоларни мустақил равишда ҳал қилишга имкон берадиган механизмлар ёки чораларни ишлаб чиқиш истиқболларини кўриб чиқмоқда ва фақат суд жараёни зарур бўлган ҳолатларда судга мурожаат қилинади.

Амалдаги қонунчилигимизда жиноий ҳуқуқий муносабатларда мажбурий медиация қилиш имконияти мавжуд эмас. Суддан ташқари ёки низони судгача ҳал қилишда мажбурий медиацияни жорий қилиш судлар томонидан кўриб чиқиладиган иш юкламасини камайишига олиб келади.

Хорижий мамлакатларда судлар тарафларни медиатор билан учраштиришга ҳаракат қилишади ва тарафларни медиацияга ундаш учун бир қатор имтиёзларни таклиф қилади. Медиацияда ишни кўрилишидан бош тортган томонлар учун жарима солиш назарда тутилган.

Мисол учун: Англияда Фуқаролик процессуал қоидалари медиация тарафлари учун самарали рағбатлантиришнинг энг кучли шакли ҳисобланади, қоидаларда агар бир томон медиацияни асоссиз равишда рад этса, суд рад жавобини берган шахсга нисбатан тўлов топшириғини юборишда кенг эркинликлар назарда тутилган.

Шунингдек, ушбу давлатда медиация орқали амалга оширилган жараёнлар халқаро молиявий низоларни, шунингдек жиноий низолар ва бошқа турдаги низоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда ва низоларни медиатор орқали ҳал қилиш одатий ҳол бўлиб бормоқда. Англияда медиация институти қўлланилишининг тил, инфратузилма ва транспорт алоқалари бўйича ўзининг яққол афзалликларидан ташқари, медиация жараёнини ўтказиш бўйича кўп сонли тажрибали ва ишлашга тайёр медиаторларнинг мавжудлиги ва инглиз ҳуқуқи остида медиацияни қўллаб қувватланганидир.

Англия қонунчилигида медиация – бу низоли томонларга музокаралар олиб боришда мустақил, холис, учинчи томон ёрдам берадиган жараён ҳисобланади. Тарафлардан мунозарани тартибга солиш учун жалб қилинувчи шахс. Медиатор ишни ҳал қилмайди, унинг вазифаси низони қандай ҳал қилиш бўйича муҳокамаларни осонлаштиришдир. Жараённи олиб боришда медиатор холис ва мустақил бўлади. Медиаторнинг жараённи иккала томон манфаатига қараб олиб борилади. Томонлар низони қандай шартлар ва қайси шароит асосида ҳал қилиш кераклигини ҳал қилиб оладилар.

Англияда медиация ҳеч қандай ҳуқуқий нормалар билан тартибга солинмаган, бу шу тарзда тажриба ўтказишга мойил бўлган назариячи-юристлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва жамоатчиликнинг ташаббуси ҳисобланади. Шу сабабли бу ерда маҳаллий хусусиятларга қараб медиациянинг кўп турлари мавжуд.

Мамлакатимизда мажбурий медиация қилиш имконияти жиноий ҳуқуқий муносабатларда жорий этиш масаласи кўрилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шу каби, медиаторларни тайёрлаш ва ўқитиш масалалари бўйича хорижий тажриба ўрганилганда, медиаторлар томонидан медиация жараёнини амалга оширишлари учун ўқув курсларини тугатиш ва сертификат олиш талаби қўйилганлигини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонуни 2018 йилда қабул қилинган бўлиб, 2019 йил 1 январдан кучга кирган. Ҳозирда медиация институтини юқоридаги Қонунда белгиланган соҳаларга (фуқаролик, тадбиркорлик, меҳнат ва оилавий муносабатлари) самарали татбиқ этиш ҳамда профессионал медиаторлар корпусини шакллантириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикасида Профессионал медиаторлар реестри ҳудудий адлия бошқармалари томонидан юритилади ва реестр ҳамма учун очиқ ҳолатда тегишли адлия органлари ҳамда Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади. Шахсни профессионал медиаторлар рўйхатига киритиш тартибининг соддалиги медиаторлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бир мисолидир.

Хусусан, Адлия вазирлигидан 2018 йил 29 ноябрда 3092-сон билан давлат рўйхатида ўтказилган “Профессионал медиаторлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 6-бандига мувофиқ, махсус ўқув курсини тугатган шахс доимий яшаш жойидаги адлия органига, реестрга киритиш ҳақидаги ариза, паспорт нусха, сўровнома ва тегишли курсни тугатганлиги бўйича ҳужжат нусхасини тақдим этади.

Шунингдек, профессионал медиаторлар фаолиятини тартибга солувчи “Медиация тўғрисида”ги қонунда кўрсатилган талаблардан ташқари профессионал медиатор медиация соҳасида кенгроқ амалий кўникмаларга ва билимларга эга бўлиши лозим. Шунингдек, қонунчиликда профессионал медиаторнинг бирор соҳада мутахассислик маʻлумотига эга бўлишлиги лозимлиги аниқ белгиланмаган.

Чунки, профессионал медиатор медиаторлик фаолиятини амалга оширишда оилавий, фуқаролик, меҳнат, уй-жой, иқтисодий ва тадбиркорлик билан боғлиқ низоларни ҳал қилади.

Қонунчиликда бундан ташқари медиаторларга нисбатан малакасини мунтазам ошириб бориш бўйича талаблар белгиланмаган. Медиаторларнинг қанча муддатда аттестациядан ўтиши кераклиги, медиаторлик фаолиятини олиб боришда қўшимча ўқув курсларни ўқиши, мунтазам малакасини ошириб бориши бўйича қоидалар ўрнатилиши лозим деб ҳисоблаймиз. Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, низоларни ҳал этишда медиация институтини жорий этишни кенг кўламда амалга ошириш фуқароларнинг низоларни тинчлик, муроса йўли билан келишган ҳолда амалга оширишнинг муҳим воситаси ҳисобланади.

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси

Шартномавий муносабатларга оид низоларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Бизга маълумки, икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади. Фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Тарафлар айнан маълум шаклдаги бир ва турли шартномаларнинг элементларини ўз ичига оладиган шартнома (аралаш шартнома) тузишлари мумкин.

Дарҳақиқат, аралаш шартнома бўйича тарафларнинг муносабатларига, агар тарафларнинг келишувидан ёки аралаш шартноманинг моҳиятидан бошқача тартиб англашилмаса, элементлари аралаш шартномада бўлган шартномалар тўғрисидаги қоидалар қўлланилади. Шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади. Тарафлар ўзлари тузган шартноманинг шартларини уларнинг шартнома тузишидан олдин вужудга келган муносабатларига нисбатан қўлланилади деб белгилаб қўйишга ҳақлидирлар.

Қонунда ёки шартномада шартноманинг амал қилиш муддати тугаши тарафларнинг шартнома бўйича мажбуриятлари бекор бўлишига олиб келади, деб белгиланиши мумкин. Бундай шарт ёзиб қўйилмаган шартнома тарафлар мажбуриятни бажаришининг шартномада белгилаб қўйилган охирги уддатигача амал қилади, деб ҳисобланади.

Бундан ташқари, шартноманинг амал қилиш муддати тугаши тарафларни уни бузганлик учун жавобгарликдан озод қилмайди. Шартнома бўйича тараф ўз бурчларини бажарганлиги учун ҳақ олиши ёки унга бошқа муқобил тўлов тўланиши лозим бўлса, бундай шартнома ҳақ эвазига тузилган шартнома бўлади.

Шартнома бўйича бир тараф иккинчи тарафга ундан ҳақ ёки бошқа муқобил тўлов олмасдан бирон нарсани бериш мажбуриятини олса, бундай шартнома текинга тузилган шартнома ҳисобланади. Иккитадан ортиқ тарафлар тузадиган шартномаларга, бундай шартномаларнинг кўптарафламалик хусусиятига зид бўлмаса, шартнома тўғрисидаги умумий қоидалар қўлланилади.

Ҳозирги кунда кўплаб ҳуқуқий низолар айнан шартномавий муносабатлардан келиб чиқаётганлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон республикаси Президентининг “Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 14.09.2021 йилда ПФ-6313-сонли Ўзбекистон республикаси Фармони қабул қилинган.

Шартномавий муносабатларга киришиётган вақтда нималарга аҳамият қаратиш ва шартноманинг шакли унда мавжуд бўлиши лозим бўлган бандлар тўғрисида келтириб ўтадиган бўлсак. Агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан шундай ҳолларда талаб қилинадиган шаклда келишувга эришилган бўлса, шартнома тузилган ҳисобланади. Шартноманинг нарсаси тўғрисидаги шартлар, қонунчиликда бундай турдаги шартномалар учун муҳим ёки зарур деб ҳисобланган шартлар, шунингдек тарафлардан бирининг аризасига кўра келишиб олиниши зарур бўлган ҳамма шартлар муҳим шартлар ҳисобланади. Агар қонунга мувофиқ шартнома тузиш учун мол-мулкни топшириш ҳам зарур бўлса, шартнома тегишли мол-мулк топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Шунингдек, шартноманинг шакли тўғрисида қуйидаги маълумотларни келтириб ўтишимиз мумкин. Агар қонунда муайян турдаги шартномалар учун маълум бир шакл белгилаб қўйилган бўлмаса, шартнома битимлар тузиш учун назарда тутилган ҳар қандай шаклда тузилиши мумкин. Нотариал тасдиқланиши ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган шартнома нотариал тасдиқланган ёки рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан, нотариал тасдиқланиши ва рўйхатдан ўтказилиши зарур бўлганда эса — шартнома рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан шартнома тузилган ҳисобланади.

Агар тарафлар шартномани муайян шаклда тузишга келишган бўлсалар, гарчи қонунда бу турдаги шартномалар учун бундай шакл талаб қилинган бўлмаса-да, шартнома белгиланган шаклга келтирилганидан кейин тузилган ҳисобланади. Ёзма шартнома тарафлар имзолаган битта ҳужжатни тузиш йўли билан, шунингдек почта, телеграф, телетайп, тельефон, электрон алоқа ёки ҳужжат шартномадаги тарафдан чиққанлигини ишончли суратда аниқлаш имконини берадиган бошқа алоқа ёрдамида ҳужжатлар алмашиш йўли билан тузилиши мумкин.

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси

ҲИЁНАТ ОРТИДАГИ ҚОТИЛЛИК

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25-моддасида, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқилиги, ва у қонун билан муҳофаза қилиниши, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятлиги, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги қайд қилинган.

Афсуски ҳозирги кунда кенг жамоатчилик орасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан ҳалқимиз орасида одам ўлдириш жинояти учраб турибди.

Бунга бир мисол сифатида Ботир Омонов (исм фамилиялар ўзгартирилган) жиноят содир этиш замирида ўч олишни мақсад қилиб, турмуш ўртоғи Санобар Омоновани бошқа шахслар билан ишқий муносабатда бўлганлиги ва жинсий алоқа қилганлигида гумон қилиб, ўта шафқатсизлик кўринишда унинг баданига кўплаб шикаст етказиш орқали қаттиқ азоб-уқубат етказиб, қасддан ўлдиришни режалаштириб, ўзининг жиноий режасини амалга ошириш мақсадида турмуш ўртоғи Санобар билан 2023 йил 6 апрель куни соат 21:00 лар чамасида уни телефонда бегона эркак билан ишқий маънода гаплашганлиги бўйича ўзаро тортишиб қолиб, ундан телефонда сўзлашган эркак ким эканлигини, у билан яқин алоқада бўлган-бўлмаганлиги ҳақида сўрайди.

Шунда турмуш ўртоғи Санобар жавоб бермасдан йиғлаб ўтирганида, қайта-қайта сўраганидан сўнг, “Жасур” деб айтганида, турмуш ўртоғининг ўзига ҳиёнат қилганини билгач, турмуш ўртоғи Санобарни ўта шафқатсизлик билан юзи, боши ва танасиниг бошқа жойларига жароҳат етказиб, ерга йиқитиб, йиқилганидан сўнг олган кўплаб тан жароҳатлари натижасида инграётганлиги ва жабр кўраётганлигини била туриб, унга қаттиқ азоб етказиш, янада кўпроқ жабр етказиш, бераҳмлик билан янада оғриқли зарбалар беришни ҳоҳлаб, ерда ётган қора рангли электр кабели билан танасининг турли жойларига тўхтовсиз уриши натижасида Санобар ҳушини йўқотиб, беҳуш ҳолатга тушиб қолади.

Ботир Омонов турмуш ўртоғи Санобарга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, шифохонага олиб борса, ҳаётини сақлаб қолиш имконияти борлигини билса-да, лекин ўзининг жиноий ҳаракатларини охирига етказишни мақсад қилиб, қилган ҳиёнати учун ундан ўч олиб, ўзининг олдида жавоб беришини истаб, уни юзига сув сепиб, ҳушига келтириб, турмуш ўртоғини уриб ўлдириш мақсадида қўллари ва оёқлари билан унинг дуч келган жойларига қасддан тўхтовсиз, аямасдан яна уриб кўплаб тан жароҳатлари етказади ва натижада Санобарни қасддан уриб ўлдиради.

Мазкур жиноят иши юзасидан жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди томонидан Ботир Омонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг
97-моддаси 2-қисми “ж” банди билан айбли деб топилиб, 16 (ўн олти) йил озодликдан маҳрум этилди.

Ботир Омонов бундай бўлишини сира ҳам кутмаган чоғи, кўз ёш қилиб, кечирим сўрашга тушди. Бу вақт эса суд ўз ҳукмини чиқариб бўлган эди. Ботир Омонов эса энди умрини панжара ортида ўташга мабуж бўлди.

ИКРОМЖОН ШАЙМАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси

ХОДИМНИНГВА ИШ БЕРУВЧИНИНГ МЕҲНАТГАОИДҲУҚУҚЛАЁҚАТИ ҲАМДА МУОМАЛАЛАЁҚАТИ

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг
20-моддасида ходимнинг меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқатига қуйидагича таъриф берилган.

Меҳнат ҳуқуқлари ва мажбуриятларига эга бўлиш лаёқати (меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати) ҳамда фуқаронинг (жисмоний шахснинг) ўз хатти-ҳаракатлари орқали меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун меҳнат мажбуриятларини олиш ва уларни бажариш лаёқати (меҳнатга оид муомала лаёқати) Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари учун тенг равишда эътироф этилади.

Чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ёки халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, худди Ўзбекистон Республикаси фуқаролари эга бўлган меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқатига ва муомала лаёқатига эга бўлади.

Ходимнинг меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати у ўн олти ёшга тўлган пайтидан эътиборан бир вақтнинг ўзида вужудга келади, бундан мазкур Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 23-моддасида эса иш берувчининг меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати қуйидагича таърифланган.

Иш берувчи ташкилотларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати улар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан вужудга келади.

Ташкилотлар алоҳида бўлинмаларининг меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати уларнинг фаолиятини тартибга солувчи низомлар тасдиқланган пайтдан эътиборан вужудга келади.

Якка тартибдаги тадбиркор бўлган иш берувчининг меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати у якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинган пайтдан эътиборан юзага келади.

Уй ҳўжалигидаги ишларни бажариш учун ва тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа шахсий мақсадларда ёлланма меҳнатдан фойдаланаётган жисмоний шахс бўлган иш берувчининг меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати ҳамда муомала лаёқати у фуқаролик муомала лаёқатига тўлиқ ҳажмда эга бўлган пайтдан эътиборан, кўрсатилган ёшга тўлмаган шахснинг меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати эса у Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида белгиланган ҳолларда ўн саккиз ёшга киргунига қадар фуқаролик муомала лаёқатига тўлиқ ҳажмда эга бўлган кундан эътиборан юзага келади.

Қонунга, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, ташкилотнинг таъсис ҳужжатларига ва ички ҳужжатларга мувофиқ иш берувчининг меҳнатга оид муносабатлардаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари:

-ташкилотнинг мулкдори;

-Ташкилотнинг бошқарув органлари ёки улар ваколат берган бошқа шахслар;

-Иш берувчи бўлган жисмоний шахс томонидан амалга оширилади. Қонунларда мол-мулк эгасининг, юридик шахс мажбуриятлари бўйича муассиснинг (иштирокчининг) субсидиар жавобгарлиги белгиланган ҳолларда юридик шахс бўлган иш берувчининг меҳнатга оид муносабатларидан келиб чиқадиган мажбуриятлари учун мол-мулк эгаси, юридик шахснинг муассиси (иштирокчиси) субсидиар жавобгар бўлади.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ИНСОНИЯТ ТАФАККУРИ ВА ИЛМИЙ ИЗЛАНИШЛАРИ МАҲСУЛИ БЎЛГАН МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ

Ҳозирги ривожланиб бораётган дунёда ҳуқуқ соҳасининг муҳим тармоғи бўлмиш муаллифлик ҳуқуқи ҳамда уни тартибга солиш масалалари анчайин мураккаб жараёнга айланиб бораётгани рост. Сабаби шундаки, кун сайин инсоният тафаккури ва илмий изланишлари маҳсули бўлган ёки унинг дунёқараши ҳамда ички кечинмаларини ифода этган фан, адабиёт ва санъат дурдоналари вужудга келмоқда. Бу каби ижодий фаолият натижалари кўпайиб бораверар экан улар билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар ҳам шаклланиб бораверади.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида муаллифлик ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида бир қатор қонун ва қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига асосан ижодий фаолият натижаси бўлмиш фан, адабиёт ва санъат асарларига нисбатан бўлган ҳуқуқлар муаллифлик ҳуқуқининг объекти ҳисобланади. Бу ҳуқуқ фан, адабиёт, санъат асарларига нисбатан уларнинг мақсади ва қадр-қиммати ҳамда ифодаланиш усулидан қатъий назар татбиқ этилади.

Муаллифлик ҳуқуқи объектлари деганда ижодий фаолият натижаси билан боғлиқ ҳар қандай объект ҳам назарда тутилавермайди. Қонунчиликда ақлий ва ижодий фаолият натижасида вужудга келадиган, аммо муаллифлик ҳуқуқи объекти ҳисобланмайдиган материаллар ҳам белгилаб ўтилган.

Жумладан, расмий ҳужжатлар (қонунлар, қарорлар ва шу кабилар), шунингдек уларнинг расмий таржималари, расмий рамзлар ва белгилар (байроқлар, герблар, орденлар, пул белгилари ва шу кабилар), халқ ижодиёти асарлари, оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир ёки жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар, инсоннинг бевосита индивидуал асар яратишга қаратилган ижодий фаолияти амалга оширилмасдан, муайян турдаги ишлаб чиқариш учун мўлжалланган техника воситалари ёрдамида олинган натижалар бунга мисол бўлади.

Асар кимнинг ижодий меҳнати билан яратилган бўлса, ана шу фуқаро асар муаллифи деб эътироф этилади. Бир нечта фуқаронинг биргаликдаги ижод маҳсули бўлган асар уларнинг ҳаммуаллифликдаги ижод маҳсули ҳисобланади ҳамда мазкур асарга нисбатан муаллифли ҳуқуқи уни яратувчилар ўртасида тенг эътироф этилади.

Фан, адабиёт ва санъат асарига муаллифлик ҳуқуқи уни яратиш факти бўйича юзага келади. Муаллифлик ҳуқуқининг юзага келиши ва амалга оширилиши учун асарни рўйхатдан ўтказиш ёки бирон-бир бошқа расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди.

Алоҳида муаллифлик ҳуқуқининг эгаси ўз ҳуқуқларидан хабардор этиш учун асарнинг ҳар бир нусхасида акс эттириладиган ва қуйидаги уч унсурдан иборат муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя белгисидан фойдаланиши мумкин:

-айлана ичига олинган лотинча «С» ҳарфи;

-алоҳида муаллифлик ҳуқуқлари эгасининг исми (номи);

-асар биринчи марта эълон қилинган йил. Агар бошқа ҳолатлар исботланмаган бўлса, асарнинг муаллифлик ҳимоя ҳуқуқи белгисида кўрсатилган шахс унинг муаллифи ҳисобланади.

ДИЛМУРОД ЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТ СУДИГА СУД АППАРАТИ ХОДИМЛАРИ ЗАХИРАСИ ШАКЛЛАНТИРИЛИНАЁТГАНЛИГИ ТЎҒРИСИДА ЭЪЛОН

Сурхондарё вилоят судига суд аппарати ходимлари захираси шакллантирилинаётганлиги сабабли, вилоят суди қуйидаги лавозимларга номзодларни захирага олиш юзасидан танлов эълон қилади.

Лавозимлар:

Судья катта ёрдамчиси, судья ёрдамчиси, девонхона мудири, архив мудири, архивариус, тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси.

Лавозим бўйича номзодга қўйилган талаблар:

а) Малакали, хорижий тилларни биладиган, судья катта ёрдамчиси, судья ёрдамчиси, девонхона мудири, архив мудири, архивариус лавозимлари учун зарур билимга ва бенуқсон обрў-эътиборга эга олий юридик маълумотли Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши лозим. б) Малакали, тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси лавозими учун зарур билимга ва бенуқсон обрў-эътиборга эга ахборот технологиялари мутахассислиги бўйича олий ёки ўрта-махсус маълумотли Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши лозим.

Тақдим этиладиган ҳужжатларнинг рўйхати:

-Ариза;

-Номзоднинг маълумотномаси ва яқин қариндошлари тўғрисида маълумотнома;

диплом (дипломдан кўчирма)нинг нотариал тасдиқланган нусхаси, чет элда ўқиганлиги тўғрисида дипломга эса, диплом тан олинганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома;

-номзоднинг паспорт нусхаси;

-меҳнат дафтарчаси нусхаси (биринчи марта ишга кираётган шахслар бундан мустасно).

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар электрон шаклда юборилиши ҳам мумкин.

Боғланиш учун телефон рақами ва электрон почта манзили: 76-221-87-57, электрон почта манзили: sur.kadr@sud.uz

Сурхондарё вилоят судининг кадрлар бўлими

Skip to content