ЯНГИ КОНСТИТУЦИЯДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ВА ИМКОНИЯТЛАР

Янги Конституция мамлакатни янада демократлаштириш, судьяларни, маҳаллий ҳокимият органларини сайлаш ва маҳаллий ҳокимият тармоқларини ажратишнинг ҳуқуқий асосларини яратди.

Президентимиз урғу бериб қайд этганидек, янги Уйғониш даври ҳақида гапирар эканмиз, унинг ҳал қилувчи омилларидан бири дунёга очиқлик ва ташқи алоқаларнинг кенг қамровлилигидир. Бугун янгиланган Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати айнан очиқлик ва ташқи алоқаларнинг ҳамма йўналишини бирдек ривожлантиришга қаратилгани бежиз эмас.

Иқтисодий нуқтаи назардан янги Конституциянинг вазифаси хусусий мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аграр ислоҳот учун ҳуқуқий шарт-шароит яратишдан иборат.           

Шунингдек, Конституция номарказлаштиришни, жумладан, солиқ сиёсатини давом эттириш, давлат бошқаруви тизимини амалга ошириш, бюджет сиёсатини шакллантириш ва амалга татбиқ этиш, ҳудудлар мустақиллигини ошириш, ички ва ташқи инвестицияларни рағбатлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиши лозим.

Маъмурий бошқарув тизимини такомиллаштириш, ҳокимият функцияларини қайта тақсимлаш, давлат аппаратини кескин қисқартириш муҳим масала бўлиб қолмоқда. Давлат хизматчиларини танлашнинг рақобат тизимини жорий этиш жуда зарур.     

Президентимиз таъкидлаганидек, юқори ва ўрта даражадаги кадрлар тайёрлаш даражаси етарли эмас. Кадрлар томонидан ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, зарурлиги, стратегик мақсад ва вазифаларини чуқур англаш бўйича тизимли ишларни кучайтириш муҳимлиги янги Конституцияда ўз аксини топган.

Биз ҳуқуқий давлат барпо этяпмиз. Конституция юридик мазмун ва моҳиятга эга бўлган ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, давлатнинг Асосий қонуни сифатида бутун ҳуқуқий ва қонунчилик тизимларининг ўзагини ташкил этади, жамият ва давлат ҳаётининг, давлат органлари ташкил этилиши ва фаолиятининг асосий принципларини мустаҳкамлайди. Шу сабабли жамиятдаги барча ҳуқуқий ҳаёт ва юридик амалиёт, шу жумладан одил судлов амалиёти конституциявий қоидалар асосида шаклланади.

Конституция халқнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Унда жамият тараққиётига туртки берувчи, муҳим маънавий омил бўлиб хизмат қилувчи ғоялар ўз ифодасини топади. Конституцияда мужассамлашган мафкура жамиятни, халқни муайян мақсадлар сари етаклайди, уларни уддалаш учун сафарбар қилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси миллий истиқлол ғояси ва мустақиллик мафкурасининг ҳуқуқий асосини ташкил этиб, халқимизнинг истиқлолга, эркинликка бўлган интилишини, миллий ахлоқий-маънавий қадриятларини акс эттирган ҳамда уларни жамият онгига, айниқса, ёш авлод онгига сингдиришга хизмат қилади.

Янги конституция  умумхалқ муҳокамасида келиб тушган кўп сонли таклифларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилди. У халқаро стандартларга, энг муҳими, Ўзбекистон халқининг хоҳиш-иродаси ва орзу-истакларига тўлиқ мос келади.

Шунингдек, Янгиланган Конституцияда алоҳида модда ёшлар ҳуқуқларига бағишланган. Унга кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Конституциявий қонунга мувофиқ олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар олиб бориш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи берилиши ҳам қувонарлидир. Олий таълим тизими билан боғлиқ масалаларнинг Конституция даражасида белгиланаётгани олий таълим жараёнига ташқи аралашувларни чеклаш, олий таълим сифати ва дунёда рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Дилором Алмуратова

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ЎЗ ЭГАСИГА КЕЧИКТИРИБ БЕРИЛГАН МЕҲНАТ ДАФТАРЧАСИ

Маълумки, меҳнат дафтарчаси – ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжати ҳисобланади.

Иш жойида беш кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга иш берувчи томонидан меҳнат дафтарчасини тутиши шарт. Бундан фақат ўриндошлик асосида ишловчиларгина мустасно деб амалдаги қонунчилигимизда белгиланган.

Иш берувчи меҳнат дафтарчасига ишга қабул қилиш, бошқа доимий ишга ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни ёзиши шарт бўлиб, ходимнинг илтимосига кўра, меҳнат дафтарчасига ўриндошлик асосида ишлаган ва вақтинча бошқа ишга ўтказилган даврлар ҳақидаги ёзувлар киритилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари, яъни сабаблари меҳнат дафтарчасига ёзилмайди.

Фикримизга бир суд амалиётини мисол қилсак.

Даъвогар туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори фуқаро Муҳиддинова Халиманинг (исми ва фамилияси ўзгартирилган) манфаатини кўзлаб жавобгар АТ “Халқ банки” туман филиалига нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда меҳнат дафтарчасини беришни кечиктирганлиги сабабли иш ҳақи ва маънавий зарар ундиришни сўраган.

Фуқаролике ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг тегишли ҳал қилув қарорига кўра, даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан манфаатдор шахс Ҳ.Муҳиддинованинг фойдасига 32.789.064 сўм иш ҳақи ва 2.709.839 сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланган.

Ушбу фуқаролик иши вилоят суди апелляция инстанциясининг ажрими билан биринчи босқич суднинг ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, манфаатдор шахс Ҳ.Муҳиддинованинг фойдасига 67.883.833 сўм иш ҳақи ундирилиши белгиланган.

Аниқланишича, иш берувчининг 2020 йил 25 декабрдаги буйруғи асосида Ҳ.Муҳиддинова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган бўлса-да, бироқ ходимга меҳнат дафтарчаси берилмаган ёки уни олиб кетиш тўғрисида огоҳлантириш жўнатмаган.

Амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермаганлик оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш тўғрисида низо келиб чиққан тақдирда, меҳнат низоларини кўрувчи орган ходимнинг пул ундиришга доир талабларини тўлиқ қондириши белгиланган.

Шу сабабли, апелляция судлов ҳайъати АТ “Халқ банки” филиали томонидан ҳозиргача Ҳ.Муҳиддиновага меҳнат дафтарчасини тақдим этмаганлиги, иш берувчининг айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилганлиги асосида ҳал қилув қарорини ўзгартириш ҳақида тўхтамга келган.

Мухтасар қилиб айтганда, фуқаро Муҳиддинова Халиманинг паймол бўлган ҳуқуқлари судда тикланиб, унинг мурожаати ижобий ҳал этилди.

Шерзод Элиев

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ҚОНУН УСТУВОР БЎЛГАН ЖАМИЯТ – АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТДИР

Адолатли жамият қуриш деганда – жамиятда қонунлар сонининг кўплигини эмас, балки уларнинг самарали ишлашини йўлга қўйиш, энг асосийси қонунларни адолат манбаи ва мезони сифатида шакллантириш тушунилади.  

Ўз-ўзидан маълумки, адолат, қонунийлик ва одил судлов тушунчалари бир-бири билан ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларни айрича ҳолда тасаввур қилиш мумкин эмас. Жамиятда қабул қилинаётган ҳар бир қонун авваламбор адолатли бўлиши лозимлиги каби, Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилаётган суднинг ҳар бир ҳукми ёки қарори ҳам шундай бўлиши шарт. Янги Конституциямизда бизнинг бош мақсадимиз – фақат ҳуқуқий демократик давлат қуриш эмас, балки адолатли жамият қуриш экани аниқ-равшан белгилаб берилган. Бу мақсад ҳаётимизда мустаҳкам қарор топган оддий ҳақиқатдан, яъни халқимиз ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди, деган сўзларни яққол тушунишдан келиб чиққан. Ана шу йўл билангина жамиятда коррупциянинг кенг томир отишининг олдини олиш мумкин.Қайд этишимиз лозимки, суд ҳокимияти коррупцияга қарши курашишда алоҳида ўрин тутади. Чунки, суд ҳокимияти ўзининг бир қанча муҳим белгилари билан давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқларидан ажралиб туради. Шу белгиларни ҳисобга олганда, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа механизмларга нисбатан афзалликлари, шак-шубҳасиз, жуда муҳимдир.

Президентимиз томонидан суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган “назорат тартибида ишларни кўриш” амалиётидан воз кечиш ва судьянинг адолатли қарор қабул қилишга таъсир кўрсатувчи омиллардан бири – Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг суд қарорларига нисбатан протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифи ҳам илгари сурилди. Ўйлаймизки, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган таклифлар жамиятимизнинг ҳар бир аъзосида мутафаккир шоир Алишер Навоий таъкидлаганидек “Адолат ва қонунийлик – халқ ва мамлакат хотиржамлигининг асосидир” деган эзгу ният пайдо бўлишига хизмат қилади.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида суд ҳокимияти ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси сифатида жамиятда ижтимоий адолатни ўрнатадиган, қонун устуворлигини таъминлайдиган, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган мустақил институтга айланди. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш йўли билангина жамиятда адолатни тўла қарор топтириш ва коррупцияга қарши самарали курашиш мумкин. Судьянинг мустақиллиги, холислиги, беғаразлиги, ҳалол ва поклиги, адолатлилиги, ҳар бир жамият учун ўта долзарб масала бўлиб келган ва ҳозирда ҳам шундай бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, биз тараққиётнинг янги босқичига оид қонунларни қабул қилиш билан чекланиб қолмасдан, шу вақтгача қабул қилинган қонун ва қарорларнинг салоҳият ва имкониятларини қайта таҳлил қилган ҳолда йўл қўйилган хато ва камчиликларимизни тўғирлаб, мавжуд қонунчлигимиздаги бошлиқларни тўлдириш борасида ҳам бир қатор ҳаётий ташаббусларни амалга ошириб келмоқдамиз.

Хулоса қилиб айтганда, халқимиз учун муносиб ҳаёт даражасини яратиб бериш, бугун халқимизнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ҳаётий ташаббусларнинг барчасининг замирида ўзида тўлақонли инсон ҳуқуқ ва манфаатларини акс эттирган Бош қомусимиз асос бўлмоқда. Шуни айтиш жоизки, келгуси фаолиятимизда ҳам тўлақонли Бош қомусимизда белгилаб берилган адолатли ҳамда инсонпарвар ғоя ва ташаббусларни ҳаётга кенг татбиқ этишни дастуриламал вазифамиз, деб биламиз. Чунки жамиятда ижтимоий адолат тамойилини қарор топтириш борасидаги асосий вазифамиз – бу адолатли қонунлар қабул қилишдан иборат.

Дилором Алмуратова

Сурхондарё вилоят суди судьяси

МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ВА УНИНГ ТАРКИБИ

Маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда, қонун ҳужжатларига биноан, маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган шахсга, фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликнинг учта белгиси бор:

1) айбдорлик;

2) ғайриҳуқуқий ҳаракат ёки ҳаракатсизлик;

3) жавобгарликка тортиш.

Маъмурий қонунчилик томонидан тақиқланган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик ғайриҳуқуқий маъмурий ҳуқуқбузарлик деб ҳисобланади.

Айбдорлик қасддан ёки эҳтиётсизлик натижасида юзага келиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 11-моддасига биноан, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлигининг ғайриқонуний эканлигини, унинг зарарли оқибатларини олдиндан билган ва шуни истаган бўлса ёки оқибатларнинг келиб чиқишига онгли равишда йўл қўйган бўлса, бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик қасддан содир этилган ҳисобланади. Мазкур кодекснинг 12-моддасига биноан эса, агар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги зарарли оқибатга олиб келиши мумкинлигига кўзи етса-да, лекин калтабинлик билан унинг олдини олиш мумкин, деб ўйлаган бўлса ёхуд бундай оқибатларнинг келиб чиқиши мумкинлигига олдиндан кўзи етиши лозим ва мумкин бўлгани ҳолда олдиндан кўзи етмаган бўлса, бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик эҳтиётсизлик орқасида содир этилган деб ҳисобланади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар 16 ёшга тўлган пайтдан бошлаб маъмурий жавобгарликка тортиладилар.

Маъмурий ҳуқуқбузарликнинг таркиби тўрт қисмдан иборат: объект, объектив томон, субъект ва субъектив томон.

Маъмурий ҳуқуқбузарликнинг умумий объекти – давлат бошқаруви соҳасида юзага келадиган ва маъмурий ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлар; турдош объекти – фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, мулк, жамоат тартиби, табиий муҳит, бошқарувнинг белгиланган тартиби. Ҳар қайси маъмурий ҳуқуқбузарлик бевосита ўзининг объектига эга, масалан, жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузиш – майда безориликнинг бевосита объектидир.

Маъмурий ҳуқуқбузарликнинг объектив томони – ғайриқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлик. Масалан, жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичиш тақиқланади. Ана шу ғайриқонуний ҳаракатлар маъмурий ҳуқуқбузарликнинг объектив томони ҳисобланади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликнинг субъекти 16 ёшга тўлган фуқаро (умумий субъект); мансабдор шахс, хорижий давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс (махсус субъект); ҳарбий хизматчи, ички ишлар органларининг оддий ва бошлиқлар таркибига мансуб шахс (алоҳида субъект) бўлиши мумкин.

Маъмурий ҳуқуқбузарликнинг субъектив томонига ҳуқуқбузарнинг айби ва содир этган ҳаракатига руҳий муносабати, ушбу ҳаракатларни қасддан ёки эҳтиётсизлик натижасида содир этганлиги киради.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик жиноий қилмишдан ижтимоий хавфлилик даражасининг пастлиги билан ажралиб туради. Маъмурий ҳуқуқбузарлик жамоат тартибини, хизмат интизомини бузиш, ўз вазифасини суиистеъмол қилиш демакдир.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик Олий Мажлис томонидан қабул қилинган қонунлар – Президент фармони, Вазирлар Маҳкамасининг ва ҳокимларнинг қарорлари билан ўрнатилади. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси II-бўлимининг Махсус қисмида алоҳида кўрсатилган. Бу қисмда ҳуқуқбузарликлар турдош объектлари бўйича қуйидагича таснифланади:

1) фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қиладиган ҳуқуқбузарликлар;

2) аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар;

3) мулкка тажовуз қилувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар;

4) табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар;

5) саноатдаги, қурилишдаги ва иссиқлик ҳамда электр энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар;

6) қишлоқ хўжалиги, ветеринария-санитария соҳаларидаги ҳуқуқбузарликлар;

7) транспортдаги, йўл хўжалиги ва алоқа соҳаларидаги ҳуқуқ-бузарликлар;

8) фуқароларнинг турар жой ҳуқуқларига тааллуқли, коммунал хизмат ва ободонлаштириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар;

9) савдо, тадбиркорлик ва молия соҳаларидаги ҳуқуқбузарликлар;

10) одил судловга тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар;

11) жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар; 12) бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар.

Жамолиддин Убайдуллаев

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ДЎППОСЛАНГАН КЕЛИН

Давронбой (исм фамилиялар ўзгартирилган) бироз кўча айланиб, улфатлари билан ширингуфторлик қилиб, кечки пайт уйига қайтди. Уйга кириб ҳовлида уй-ишларини қилиб юрган келини Гулнорага кўзи тушди. У бир паст қаққайиб турдида сўнг келинини камситиб, ҳақорат қила бошлади.

Шунча ҳақоратли ширин гапларни эшитсада, келини у томон бурилиб ҳам қарамади. Уни бундай “нордон” гапларини келини Гулнора кун ора эшитиб “аллергияси” ҳам чиқмай қолган.

Қайноғаси у томон келаётганини кўрса-да, ўз ишини қилаверди. Келини томон яқинлашган Давронбой келини Гулнорани тарсакилаб юборди. Тўсатдан тушган тарсаки зарбидан ерга чўккалаб йиқилган келинини ўнг келган жойига тепди, муштлади. Пичоқ охири суякка бориб етди. Бир деди, ўн деди, охири кўринавермагач, келини Гулнора қайноғаси Давронбой устидан арз қилди.

Ички ишлар масъуллари томонидан воқеа тавсилотлари ўрганилиб, тўпланган ҳужжатлар судга топширилди.

Ўтказилган суд мажлисида Гулнора қайноғаси Давронбойга суддан қонуний чора кўрилишини сўради.

Бундай бўлишини Давронбой сира ҳам кутмаган чоғи, келинидан кўз ёш қилиб, тиз чўкиб кечирим сўрашга тушди, аммо бу вақтда суд ўз қарорини чиқариб бўлган эди.

Давронбой Каримов қилган ҳаракатлари учун энди суд томонидан тайинланган жарима жазосини тўлашга мабуж бўлди.

Ўрал Хидиров

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судья ёрдамчиси

Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар деганда нималар тушунилади ва кимлар яқин қариндошлар ҳисобланади?

Маълумки, никоҳ тузиш Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасида белгиланган қоидаларга риоя қилинган ҳолда, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳланувчиларнинг ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади. Бу муддат никоҳланувчилар учун яна бир бор ўзларининг мақсадларини ўйлаб кўриш имкониятини беради.

Шу билан бирга қонун никоҳланувчиларнинг ўзаро аризалари асосида бир ойлик муддатни қисқартириш мумкинлиги имкониятини ҳам белгилаб берган. Унга кўра, ФҲДЁ органи узрли сабаблар бўлганда бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин. Амалиётда бундай узрли ҳолатларга: ҳомиладорлик, бола туғилиши, узоқ муддатли хизмат сафарига кетиш, армия сафига чақирилиш, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар назарда тутилади.

Оила кодексининг 16-моддасига асосан никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар алоҳида белгилаб қўйилган.

Булар:

-томонлардан биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахс бўлса:

-насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида бўлса;

-туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;

-томонлардан биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар бўлса никоҳ тузиш қонунан ман этилади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 57-моддасига мувофиқ қариндошликнинг икки кўриниши, яъни тўғри ва ён шажара бўйича қариндошлик мавжуд. Қариндош дейилганда бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. Икки шахс ўртасидаги тўғри шажара бўйича қариндошликнинг яқинлиги қариндошлик даражаси, яъни туғилиш сони билан белгиланади.

Болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан — иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан — учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо.

Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади ва ҳоказо. Зеро, ҳозирги замон генетикаси ютуғи ва хулосаларига кўра, бундай никоҳ номақбулдир. Тўғри шажара бўйича қариндошлар ён шажара бўйича қариндошларга нисбатан яқинроқдир.

Туғишган ака-ука ва опа-сингил қариндошликнинг иккинчи даражасида, тоға ва амаки, амма ва хола ўз жиянлари билан қариндошликнинг — учинчи, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар эса — тўртинчи даражасида турадилар.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳар хил оилада туғилган болаларни бир она эмизиши туфайли сут қариндошлиги ҳам вужудга келади. Бошқа аёлдан туғилган болани эмизган аёл болага иккинчи она ҳисобланади. Демак, гўдак бошқа онанинг сутини эмса, бу бола ўша сут берган аёлнинг фарзанди билан турмуш қуриши мумкин эмас.

Фарзандликка олиш муносабатлари ҳам тўғри чизиқ бўйича яқин қариндошликка тенглаштирилади. Чунки фарзандликка олувчи шахс ота-онанинг ўрнини босади. агар улар ўртасида бошқача туйғу ва муносабат бўлса, у фарзандликка олиш ва ахлоқ табиатига зид бўлиб чиқади. Фарзандликка олиш бекор қилинганида никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар йўқолганлиги сабабли кўрсатилган шахслар умумий асосларга кўра никоҳ тузишлари мумкин.

Бехруз Авазов

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

СУД ФУҚАРОНИНГ ТУҒИЛГАНЛИК ФАКТИНИ БЕЛГИЛАДИ

Маълумки, фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати у туғилган пайтдан эътиборан вужудга келади ва вафот этиши билан тугайди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига асосан болаларнинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, болалар туғилган жойидан ёхуд ота-онасидан бири доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида бир ой ичида амалга оширилиши лозим.

Боланинг туғилиши унинг туғилганлиги ҳақидаги тиббий маълумотнома, ота-онанинг оилавий ҳолати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида қайд этилади.

Фуқаронинг ўз ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни бажариш лаёқати (муомала лаёқати) у вояга етгач, яъни ўн саккиз ёшга тўлгач тўла ҳажмда вужудга келади.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судига туман Адлия бўлими Азизов Санжарнинг (исм, шарифлар ўзгартирилган) манфаатини кўзлаб  ариза билан мурожаат қилиб, унда Азизов Санжарни 1995 йил 05 майда Шеробод туманида, онаси 1980 йил 19 июнда Шўрчи туманида туғилган, миллати тожик, марҳума Сарикова Мохира Латифовнадан туғилганлик фактини белгилаб беришни сўраган.

Аниқланишича, Азизов Санжар 1995 йил 05 май куни Шеробод туманида туғилган бўлиб, туғилгандан ҳозирга қадар унинг туғилиш ҳолати ФХДЁ бўлимида қайд этилмаганлиги сабабли фуқарода туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва фуқаролик паспорти мавжуд эмас.

Шунингдек, марҳума Сарикова Мохира Латифовна 1980 йил 19 июнда туғилиб, Шеробод тумани, “Шеробод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаган. Шеробод туман ФҲДЁ бўлимининг 2022 йил 10 февраль кундаги
далолатнома ёзувига асосан Сарикова Мохира Латифовна 2022 йил
19 январь куни вафот этган.

Иш ҳужжатларига илова қилинган далиллар ва манфаатдор шахс вакилларининг суд мажлисида берган тушунтиришлари ва гувоҳ кўрсатувини инобатга олган ҳолда ариза важлари асосли эканлиги ўз тасдиғини топгани сабабли, суднинг ҳал қилув қарорига кўра Азизов Санжарнинг 1995 йил 05 майда Шеробод туманида, онаси 1980 йил 19 июнь куни Шўрчи туманида туғилган, миллати тожик, марҳума Сарикова Мохира Латифовнадан туғилганлик факти белгилаб берилди.

Мухтасар қилиб айтганда, фуқаро Азизов Санжарнинг туғилганлик факти белгиланиши билан у энди ўзининг фуқаролик паспортига ҳам эга бўлди.

Рухиддин Пирназаров

Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг судьяси

ЭСКИ ОДАТ БАЛОСИ

Ҳаётда сўқир кўзи очилмайдиган, қилмишларидан тегишли хулоса чиқариб олишни хаёлига келтирмайдиган кимсалар ҳам учраб туради.

Масалан, Ангор туманида яшовчи Тўлқин Шоймардоновни (исм-шарифлар ўзгартирилган) шундай кимсалар тоифасига қўшиш мумкин. Нега деганда, у 2020 йилда ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун тегишли жазога тортилган.

Буни қарангки, суд томонидан тайинланган жазосини ўтаётган пайтда иккинчи марта содир этган ўғирлик жинояти фош бўлди.

Аниқроқ айтганда, у 2022 йил 22 сентябрь куни соат тахминан 04:00 ларда туман марказида пиёда юриб, атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, йўлнинг чекка қисмига сотиш учун олиб келиб, маълум муддат сақлаш учун қўйилган Аброрқул Жўраевга тегишли бозорда сотилиш баҳоси 208.000 сўм бўлган, 16 кг ловия маҳсулотини яширин равишда талон-тарож қилиб, ўғирлик жиноятини қасддан содир этган ва воқеа жойидан яширинади.

Тўлқин ушбу содир этган жинояти учун жазонланмай қолганлигидан фойдаланиб, яна такроран жиноят содир этиш йўлига кириб, эртаси куни яъни 23 сентябрь куни соат тахминан 04:00 ларда тумани марказига келиб, атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, йўлнинг чекка қисмига сотиш учун олиб келиб, маълум муддат сақлаш учун қўйилган Сарвиноз Орзиевага тегишли бозорда сотилиш баҳоси 450.000 сўм бўлган 25 кг ёнғоқ маҳсулотини яширин равишда талон-тарож қилиб, такроран ўғирлик жиноятини қасддан содир этган ва воқеа жойидан яширинади.

Бу воқеалардан жабр кўрган Аброрқул Жўраев ва Сарвиноз Орзиевалар туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қиладилар. Олиб борилган тезкор-қидирув суриштирув натижаларига кўра, Тўлқиннинг содир этган жинояти фош бўлиб, жиноят иши қўзғатилади.

Жиноят иши доирасида Тўлқин Шоймардонов жиноят ишлари бўйича Ангор тумани суди томонидан ўғирлик жинояти содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан суд томонидан тегишли жазо тайинланди.

Хулоса ўрнида айтганда, ўғри кимсаларнинг қилмишини баён этишдан мақсад шуки, бу ҳаётда ҳеч қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Шундай экан, бебаҳо умрни эзгу ишларга бағишлаш, ҳаётда ўзидан яхши ном қолдиришга не етсин?!

Суюн Бўтаев

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси

ЖИНОЯТ ҚОНУНЧИЛИГИГА КЎРА ЖИНОЯТ ТАРКИБИНИ ТУРЛАРГА АЖРАТИШ

Маълумки, жиноят қонунчилигига кўра, унинг таркибини турларга ажратиш қуйидаги учта мезонларга асосланган ҳолда амалга оширилади:

-жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражасига кўра;

-жиноят таркибининг тузилиши (структураси)га кўра;

-жиноят таркибининг объектив томонининг тузилиши (оқибати)га кўра;

Бундан ташқари, жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражасига кўра таснифлаш асосий (оддий) таркибли жиноятлар, енгиллаштирувчи таркибли жиноятлар, оғирлаштирувчи таркибли жиноятлар ва алоҳида оғирлаштирувчи таркибли жиноятларга бўлиш мумкин.

Жиноятни квалификация қилиш содир этилган ижтимоий хавфли қилмишнинг белгиларини Жиноят Кодекси Махсус қисмининг муайян нормасида назарда тутилган. Жиноят таркиби белгиларига солиштириб, уларнинг мослигини аниқлаш ва юридик жиҳатдан мустаҳкамлашдир. 

Содир этилган жиноятни тўғри квалификация қилиш, энг аввало, одил судловни амалга ошириш ва жиноят содир этишда айбланаётган шахснинг айбига яраша жазо тайинлашнинг асосий шарти ҳисобланади ва бу ўз навбатида муҳим  ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий аҳамиятга эгадир. Суд жиноят содир қилишда айбланаётган шахсга нисбатан ҳукм чиқариш вақтида, содир этилган ижтимоий хавфли қилмишда жиноят таркиби борлигини, агар  муайян жиноят таркиби бўлса, судловга тегишлилик масалалари ҳал қилиши керак. Жиноят қонуни нормасини нотўғри қўлланиши ҳукмни ўзгартиришга ёки бекор бўлишига сабаб бўлади.

Жиноятни квалификация қилиш бир неча босқичлардан  иборат бўлиб, улар қуйидагилардан иборатдир:

1) ижтимоий хавфли қилмиш содир этилган вақтда амалда бўлган жиноят қонунини  қўллаш;

2) Жиноят кодексининг муайян моддаси ёки муайян қисмини, агар қилмиш бир неча жиноятлардан иборат бўлса, содир этилган конкрет ижтимоий хавфли қилмишнинг қонунда белгиланган белгилари бўйича бир неча моддаларни қўллаш;

3) агарда жиноят охирига етказилмаган бўлса, Жиноят кодекси Махсус қисми моддалари билан бирга Умумий қисми моддасини (25-модда) ёки жиноят иштирокчиликда содир қилинган бўлса (28,29-моддалар) бу нормаларнинг белгилари солиштирилиб, Махсус қисми моддалари билан биргаликда қўллаш;

4) бу нормаларнинг белгиларини конкрет содир этилган ижтимоий хавфли қилмишга солиштириш.

Жиноятларни квалификация қилишнинг бу босқичлари фақат битта мақсадга, содир этилган ижтимоий хавфли қилмишни тўғри квалификация қилишга қаратилган бўлиб, ҳаётда содир этилган ижтимоий хавфли қилмишнинг белгиларини қонундаги (ЖК Умумий ва Махсус қисми моддаларида назарда тутилган) нормаларга солиштиришдан иборатдир.

Шахснинг  содир этган ижтимоий хавфли қилмишида муайян жиноят таркибининг асосий ва қўшимча белгилари: жиноятнинг объектини ва айрим жиноятларда жиноятнинг предметини; жиноятнинг объектив томонини (зарурий ва факультатив) белгилари; субъектив томонининг белгиларини ҳамда жиноят субъектининг белгиларини тўғри аниқланиб, ЖК муайян моддаларига тўғри  солиштирилса, жиноят тўғри квалификация қилинган ҳисобланади. Жиноятни тўғри квалификация қилишнинг ягона юридик асоси конкрет жиноят таркибидир. Агарда жиноий қилмишда қонунда назарда тутилган белгилардан кўпроқ белгилар бўлса, суд бу белгиларни жазо тайинлаш вақтида ҳисобга олиши мумкин.

Жиноятни квалификация қилиш жараёнида инсоннинг конкрет ижтимоий хавфли хулқи туфайли содир этилган актга жиноят-ҳуқуқий нуқтаи назардан баҳо берилади. Бу баҳо бериш тегишли жиноят-процессуал ҳужжатларда (ҳукмда ёки қарорда) қайд қилинганидан кейин, жиноят содир этишда айбланаётган шахсга нисбатан жиноий жазо ёки  мажбурий  хусусиятдаги бошқача таъсир чораси қўлланади.

Жиноятни нотўғри квалификация қилиш, жиноятда айбланаётган шахсга нисбатан асоссиз равишда оғир  жазо чорасини тайинланиши ёки асоссиз равишда енгил жазо чорасини тайинланишига сабаб бўлади. Бу ўз навбатида маҳкум учун ҳам, жамият учун ҳам салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.  Бундан ташқари, жиноятни нотўғри квалификация қилиш энг аввало, маҳкумнинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларига, бошқа шахсларнинг манфаатига, умуман олганда давлат манфаатларига путур етказади.

Фарход Мирзақулов

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси

ВОЯГА ЕТМАГАН ФАРЗАНДГА АЛИМЕНТ ПУЛИ УНДИРИШ БЕЛГИЛАНДИ

Фарзандлар камолоти, таълим-тарбияси ва уларни моддий жиҳатдан таъминлаш барча ота-оналарнинг зиммасидаги  мажбуриятлардан бири ҳисобланади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 117-моддасида “Эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шартлиги, бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида, ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан биринчи гуруҳ ногирони бўлган ўртадаги болага қараган ёрдамга муҳтож эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотин (эр) дан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга эканли”ги белгиланган.

Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман судига даъвогар Пардаева Гулнора (исми, шарифлари ўзгартирилган) даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Шамсиев Умар билан қонуний турмуш қурганлиги, ўрталарида бир нафар фарзанди борлиги, жавобгар моддий томондан таъминламаслиги, жавобгар умуман фарзанди тарбияси билан қизиқмаслиги, ўзи ҳеч қаерда ишламаслиги, бола тарбияси билан бандлиги, моддий ёрдамга муҳтожлигини билдириб, вояга етмаган бир нафар фарзанди уч ёшга тўлгунга қадар жавобгардан моддий таъминот (алимент) ундириб беришни сўраган.

Аниқланишича, даъвогар Пардаева Гулнора ва жавобгар Шамсиев Умар ўртасидаги никоҳ Бойсун туман ФҲДЁ бўлими томонидан 2021 йилда тегишли далолатнома ёзувига асосан қайд этилган, ўрталарида бир нафар фарзанди 2022 йилда туғилган Шамсиев Ғолиб Умарович исмли фарзанди бор бўлиб, даъвогар Г.Пардаева ва жавобгар У.Шамсиевлар ўзаро келишмовчиликлар сабабли, алоҳида яшайдилар, фарзанди уч ёшга тўлмаган, у даъвогар тарбиясида эканлиги, даъвогар ҳеч қаерда ишламаслиги, уч ёшга тўлмаган фарзанди тарбияси билан бандлиги, моддий ёрдамга муҳтожлиги кўринади.

Жавобгар Шамсиев Умар даъвогар турмуш ўртоғи Пардаева Гулнорага моддий ёрдам бериши шарт бўлсада, бундай ёрдам беришдан бош тортган.

Шу сабабли, юқоридаги қонун талабидан келиб чиқиб, суд томонидан даъвогар даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, жавобгар Шамсиев Умарнинг ҳисобидан даъвогар Пардаева Гулноранинг фойдасига 2022 йилда туғилган Шамсиев Ғолиб Умарович исмли фарзанди уч ёшга тўлгунга қадар ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 30 фоизи миқдорида 2023 йил 8 февралдан бошлаб моддий таъминот (алимент) ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилиниб, даъвогар Пардаева Гулноранинг ҳуқуқлари тикланди.

Лочин Усаров

Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман суди раиси

Skip to content