ВАСИЯТНОМАНИНГ СИР САҚЛАНИШИ ВА ВАСИЯТ МАЖБУРИЯТИ

Барчамизга маълумки, васиятномага оид маълумотларни ошкор этиш мумкин эмас. Меросхўрлар ўзаро келишиб, васиятноманинг ижросини меросхўрлардан бирига ёки бошқа шахсга топширишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1128-моддасида нотариус, васиятномани тасдиқловчи бошқа мансабдор шахс, шунингдек васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқаро мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмунига, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмаслиги белгиланган.

Васиятнома нотариус, васиятни ижро этувчи ёки суд томонидан талқин қилинганида ундаги сўзлар ва ибораларнинг асл маъноси эътиборга олинади. Васиятномадаги бирон-бир қоиданинг асл маъноси ноаниқ бўлса, у бошқа қоидалар ва умуман васиятноманинг мазмуни билан таққослаш орқали аниқланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1132-моддасида васият мажбурияти тушунчасига таъриф берилган. Унга кўра, васият қилувчи васият бўйича меросхўрнинг зиммасига бир ёки бир неча шахс (васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчилар) фойдасига бирон-бир мажбуриятни (васият мажбуриятини) мерос ҳисобидан бажаришни юклашга ҳақли бўлиб, васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчилар васият мажбурияти бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқини оладилар.

Қонун бўйича ворислар жумласига кирадиган, шунингдек кирмайдиган шахслар ҳам васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчилар бўлишлари мумкин.

Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчига мерос таркибига кирадиган ашёни мулк қилиб ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ қилиб бериш, мерос таркибига кирмайдиган мол-мулкни унинг учун сотиб олиш ва унга бериш, унинг учун муайян ишни бажариш, унга муайян хизматлар кўрсатиш ва ҳоказолар васият мажбурияти нарсаси бўлиши мумкин.

Васият қилувчи томонидан зиммасига васият мажбуриятини бажариш вазифаси юклатилган меросхўр бу вазифани ўзига ўтган мероснинг мерос қолдирувчи қарзларининг ўзи тўлаши лозим бўлган қисмини чегириб ташлагандан кейин қоладиган ҳақиқий қиймати доирасидагина бажариши лозим.

Агар зиммасига васият мажбурияти юклатилган меросхўр меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлса, унинг васият мажбуриятини бажариш вазифаси ўзига ўтган мерос қийматининг мажбурий улуш миқдоридан ортиқ бўлган қисми билан чегараланади.

Васият мажбурияти барча ёки бир неча меросхўр зиммасига юклатилган ҳолларда, агар васиятномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, уларнинг ҳар бири васият мажбуриятини меросдаги ўз улушига мутаносиб равишда бажаради.

Васият қилувчи мерос сифатида уй-жой, квартира ёки бошқа турар жойни оладиган меросхўр зиммасига турар жойни ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга умрбод фойдаланиш учун бериб қўйиш мажбуриятини юклашга ҳақли. Турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи кейинчалик бошқа шахсга ўтганида ҳам умрбод фойдаланиш ҳуқуқи ўз кучида қолади.

Турар жойдан умрбод фойдаланиш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтказилмайди, ўзгага берилмайди ва васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчининг меросхўрларига ўтмайди.

Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчига берилган турар жойдан умрбод фойдаланиш ҳуқуқи, агар васиятномада бошқача тартиб кўрсатилган бўлмаса, унинг оила аъзолари мазкур турар жойда яшаши учун асос ҳисобланмайди.

Зиммасига васият мажбурияти юклатилган меросхўр вафот этган ёки у меросни қабул қилиб олмаган тақдирда, васият мажбуриятини бажариш унинг улушини олган бошқа меросхўрларга ёхуд, агар мол-мулк эгасиз бўлиб қолса, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ўтади.

Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчи мерос очилгунга қадар ёки мерос очилгандан кейин, аммо васиятнома бўйича меросхўр васият мажбуриятини қабул қилиб олишга улгурган пайтга қадар вафот этган тақдирда васият мажбурияти бажарилмайди.

Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчи мерос қолдирувчининг қарзлари учун жавобгар бўлмайди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, васиятномага оид маълумотларни ошкор этиш таъқиқланади. васият қилувчи васиятноманинг ижро этилишини ўзи васиятномада кўрсатган, меросхўр ҳисобланмайдиган шахсга (васиятномани ижро этувчига) топшириши мумкин. Бу шахснинг васиятноманинг ижро этувчиси бўлишга розилиги унинг ўз қўли билан васиятномага ёзган устхатида ёки васиятномага илова қилинган аризасида акс эттирилиши лозим.

БЕҲРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқишда апелляция босқичининг ўрни ва аҳамияти

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини реал таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга суд ҳокимияти мустақиллигини, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслигини таъминлашга оид қатор ислоҳотлар тизимли давом эттирилмоқда.

Мазкур ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияда назарда тутилган суд орқали ҳимоя қилиниш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқларининг кафолатларини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилишга, одил судловдан фойдаланиш даражасини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 декабрдаги  887-сонли Қонуни билан суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқишда апелляция босқичининг ўрни ғоятди муҳим бўлиб, фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўришда, мазкур инстанция судлари биринчи инстанция судларининг ҳал қилув қарорлари ҳамда ажримлари қонунийлиги ва асослилигини текшириб, улар томонидан йўл қўйилган хато-камчиликларни бартараф эта бориб, одил судловнинг тўғри амалга оширилишини ҳамда фуқаролик ҳуқуқий муносабатларида қонунийлик мустаҳкамланишини таъминлаб боради. 

АПЕЛЛЯЦИЯ сўзининг маъноси ҳам (лот. appellatio – мурожаат қилиш; шикоят қилиш; норозилик билдириш) – суд ҳукми устидан шикоят аризаси беришнинг бир шакли ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 3721-моддасига кўра, суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги юзасидан биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикояти ёки апелляция протести бўйича текширув қўзғатилади.

Кодексининг 383-моддасига кўра, тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган бошқа шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил суднинг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори устидан апелляция тартибида шикоят қилиши мумкин, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.

Кодекснинг киритилган  ўзгартиришларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати – тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судларининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган апелляция шикоятларини кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 3851-моддасига кўра, апелляция шикояти (протести) суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин. суднинг соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилиши мумкин. Ўтказиб юборилган муддат, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган ва муддатни ўтказиб юбориш сабаблари узрли деб топилган бўлса, апелляция шикояти (протести) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра апелляция инстанцияси судининг судьяси томонидан тикланиши мумкин.

Кодекснинг 388-моддасига кўра, апелляция шикоятини (протестини) қайтариш, қабул қилишни рад этиш ёки иш юритишга қабул қилиш масаласи апелляция инстанцияси судининг судьяси томонидан якка тартибда шикоят (протест) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал қилинади.Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш, қабул қилишни рад этиш ёки иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 270-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.

Апелляция инстанциясининг суди ишни апелляция тартибида кўриб чиққач, ўз ажрими билан:

1) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга;

2) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқаришга;

3) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни тўлиқ ёки қисман ўзгартиришга;

4) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган асосларга кўра аризани кўрмасдан қолдиришга ёхуд иш юритишни тўлиқ ёки қисман тугатишга;

5) агар иш судга тааллуқлилик тўғрисидаги қоидалар бузилган ҳолда кўриб чиқилган бўлса, ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга ҳақли.

Ушбу Кодекс 3722-моддаси биринчи қисмининг 4-бандида ва 3724-моддаси иккинчи қисмининг 2 ва 4-бандларида назарда тутилган асослар аниқланганда, апелляция инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўради. Ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш ҳақида ажрим чиқарилиб, унда бажарилиши лозим бўлган ҳаракатлар кўрсатилади».

Хулоса қилиб айтганда, суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқишда апелляция босқичининг такомиллаштирилиши фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

СОХИБ РАХИМОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ДАВЛАТ БОЖИ БЕЛГИЛАНГАН МИҚДОРДА ТЎЛАНИШИ ЛОЗИМ

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январдаги “Давлат божи тўғрисида”ги ЎРҚ-600-сонли Қонунига кўра, давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўловдир.

Ушбу қонунда давлат божи иқтисодий судларга бериладиган даъво аризаларидан, ташкилотларни ва фуқароларни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризалардан, низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида ишга киришиш ҳақидаги аризалардан, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалардан, иқтисодий суднинг ҳал қилув қарорлари, иш юритишни тугатиш ҳақидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги, суд жарималарини солиш ҳақидаги ажримлар устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги, арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тўғрисидаги, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги аризалардан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги, арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тўғрисидаги, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги ишлар бўйича иқтисодий суд ажримлари устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, чет давлат судининг, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризалардан, чет давлат судининг, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги ишлар бўйича суд ажримлари устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, шунингдек иқтисодий судлар томонидан ҳужжатларнинг дубликатларини ва кўчирма нусхаларини берганлик учун ундирилиши белгиланган.

Давлат божи ставкаларининг миқдорлари ушбу Қонун иловаси – “Давлат божи ставкаларининг миқдорлари”га асосан белгиланган.

Давлат божи миқдорлари Қонун билан аниқ белгиланиб қўйилган бўлса-да, айрим иқтисодий судлар фаолиятида Қонун талабларига тўлиқ амал қилмасдан, белгиланган миқдорда кам миқдорда давлат божи ундирилган ҳолатлари учрамоқда.

Энди эса бир амалиётдаги ҳолатга эътибор қаратсак.

Жумладан, даъвогар “ААА” акциядорлик жамияти “ББ” жавобгарга нисбатан даъвогарга тегишли жавобгардаги акцияларнинг ҳаммаси (45 000 дона)ни 1 дона акциянинг бозор нархи 10 152,22 сўм, жами 456 849 900 сўмлик акцияларни қайтариб сотиб олиш мажбуриятини юклаш ҳақида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Даъвогар ушбу даъво аризасини судга тақдим этиш учун Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни билан белгиланган “Давлат божи ставкаларининг миқдорлари”нинг 2-банди, б) кичик бандига ҳамда иккинчи изоҳига асосланиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида 1.650.000 сўм давлат божи тўлаган.

Биринчи инстанция суди ушбу даъво талабини номулкий даъво талаби деб ҳисоблаб, даъво аризасини нотўғри иш юритувга қабул қилган ва ишни мазмунан кўриб чиқиб, 2023 йил 27 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилган. Жавобгар зиммасига даъвогарга тегишли бўлган 45.000 дона акцияни бир дона акциянинг бозор баҳоси 10.152,22 сўмдан жами 456.849.900 сўмлик акцияларни қайтариб сотиб олиш мажбурияти юклатилган. Шунингдек, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига олдиндан тўланган 1. 650.000 сўм давлат божи ва 33.000 сўм почта харажати, Олий суд депозитига 85.000 сўм ВКА харажатлари ундирилган.

Бироқ, биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъво талаби 456 849 900 сўмлик акцияларни акциядорлар жамияти томонидан қайтариб сотиб олиш мажбуриятини юклатиш бўлганлиги сабабли иш натижаси бўйича ундирилиши лозим бўлган давлат божини даъво талаби мулкий тусдаги талаб эканлигидан келиб чиқиб ундириши лозим эди.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни билан белгиланган “Давлат божи ставкаларининг миқдорлари”нинг 2-банди, “а” кичик бандида, мулкий хусусиятга эга даъво аризаларидан даъво баҳосининг 2 фоизи миқдорида, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда деб, “д” бандида, апелляция, кассация ва назорат тартибида берилган шикоятлардан биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун аризалар берилганда тўланадиган ставканинг 50 фоизи миқдорида деб, ушбу банднинг биринчи изоҳида, мулкий хусусиятга эга низолар бўйича давлат божи низолашилаётган суммадан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ставкалар деб, иккинчи изоҳида, иккинчи изоҳида, кичик тадбиркорлик субъектлари амалга оширадиган тадбиркорлик фаолияти доирасида судларга мурожаат қилиш чоғида ушбу банднинг «а» – «г» ва «е» кичик бандларида кўрсатилган белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлайди деб белгиланган.

Юқоридаги қонунбузилиши ҳолати Сурхондарё вилоят суди иқтисодий судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг тегишли қарори билан тўғриланиб, даъво талаби рад этилганли сабабли даъвогардан Республика бюджетига биринчи инстанция учун 2.918.499 сўм, апелляция шикояти учун 1.459.249,5 сўм, жами 4.377.748,5 сўм давлат божи ундирилди.

РУФАТ БЕГИМОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

СУДЬЯЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ САМАРАДОРЛИГИНИ ЭЛЕКТРОН РЕЙТИНГ ОРҚАЛИ БАҲОЛАШ ТИЗИМИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.12.2020 йилда “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сонли Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонга кўра, 2021 йил 1 февралдан суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Судьялар олий кенгаши (Кенгаш) ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида:

-илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнлари Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб бориш йўлга қўйилади;

-судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур (“психологик тест”) ишлаб чиқилади;

-судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар амалиётга (рейтинг дастури) татбиқ этилди.

Шунингдек, Президент томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган, фаолиятини доимий асосда амалга оширадиган Кенгаш раисининг ўринбосари лавозими жорий қилинди.

-Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси тузилди.

-Судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш, “Ибратли судья” мукофоти, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилди.

Бундан ташқари, Судьялар Олий Кенгаши ҳузурида амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга бўлган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клуби ташкил этилди.

Судьялар олий кенгашининг 2021 йил 6 декабрдаги 1646-сонли қарори билан “Судьялар фаолияти самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланди.

Низомга кўра судьялар фаолиятининг самарадорлиги инсон омилисиз ва аралашувисиз 100 баллик баҳолаш тизимида асосий ва қўшимча мезонлар асосида баҳоланади.

Суд қарорларининг сифати, судьянинг масъулияти ва одоби, ҳуқуқий тарғибот ишлари ҳамда судьянинг чет тилларини билиши асосий баҳолаш мезонлари ҳисобланади.

Судьянинг иш ҳажми катталиги, Судьялар клуби онлайн форумидаги фаоллиги, илмий даражага эгалиги ва касбий малака оширганлиги қўшимча баҳолаш мезонлари ҳисобланади.

Судья ўз фаолияти самарадорлигининг рейтинг баҳоси ҳамда баҳолаш мезонлари бўйича кўрсаткичлари билан бевосита танишиб бориши имкониятини яратиш орқали баҳолаш жараёнининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланади.

Судьялар малака ҳайъатлари рейтингда ижобий натижаларга эришиш учун судьяларнинг касбий малакасини ошириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширади Кенгашнинг ахборот тизимига кирилади.

УКТАМ МАМАДИЕВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқи юзасидан

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2023 йил
19 сентябрь куни ўтказилган 78-сессиясида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, аъзо мамлакатлар етакчилари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден, Бразилия Федератив Республикаси Президенти Луис Инасиу Да Силва, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса, Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва бошқа давлатлар раҳбарлари фаол умумсиёсий мунозаралар олиб боришган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида нутқ сўзлаб, унда ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда мамлакатларни жипслаштириш зарурлигини қайд этиб, ўтган йили юртимизда умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси” илгари сурилганлиги, асосий мақсадимиз мамлакатларимиз ва халқларимизнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборат эканлиги ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ва ортга қайтмас тус олган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, глобал ва минтақавий кун тартибидаги энг долзарб масалалар ечимига қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ташаббуси билан келгуси йилда Келажак саммити ўтказилиши халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга, Ташкилотнинг таъсири ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишига ишонч билдирилди ҳамда Ўзбекистонда янгиланган Конституция бўйича ўтказилган умумхалқ референдуми миллий тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилаб берганлиги ва Конституцияда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқат яна бир бор тасдиқланлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, Президент Ш.М.Мирзиёев афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик лозим, деган фикрни билдириб, президент Афғонистоннинг музлатилган халқаро активларини бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтириш учун мақбул механизмларни ишлаб чиқишга, дунё ҳамжамиятини Афғонистон муаммосини ҳал этиш йўлида бирлашишга ва бу борада БМТ раҳнамолигида Афғонистон бўйича биргаликда ишлаб чиқилган, вазиятга мослашувчан ва конструктив позицияни белгилашга чақириб, жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этишни таклиф қилди. Сессияда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институтлари ва барча давлатлар билан кенг кўламли ва узоқ муддатли шерикликни чуқурлаштиришга тайёр экани яна бир бор таъкидланди.

ЗУХРИДДИН МАВЛОНОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ОИЛАВИЙ ЗЎРАВОНЛИК КАБИ ЖИНОЯТЛАР

(очерк)

Оилавий зўравонлик бу – кишининг иккинчи шахсга нисбатан оилавий муносабатларда ўтказиб келган руҳий ва жисмоний тазйиқлари тушунилади. Бу зўрлик ишлатиш мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва меҳнатга оид шаклда ҳам бўлиши мумкин.

Мамлактимизда оилавий зўровонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 592-моддасида “Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, башарти жиноят аломатлари, шунингдек ушбу МЖтКда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари мавжуд бўлмаса, оилавий зўравонлик деб тушунилади.

Энди эса бир воқеа тавсилотига эътибор қаратсак.

Судланувчи Санжар Жўраев (исм фамилиялар ўзгартирилган) 2023 йил 20 май куни соат 20:00ларда ўзининг яшаш уйида турмуш ўртоғи Шоира Ғаниева билан ўзаро торишиб қолиб, жаҳл устида оёғи билан унинг қорин соҳасига тепиб, унга ҳаёти учун оғир тан жароҳати етказган, натижада Шоира Ғаниева касалхонага ётқизилган, аммо тиббий муолажага қарамасдан касалхонада вафот этган.

2023 йил 1 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди ҳукми билан судланувчи Санжар Жўраевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 1261-моддаси 8-қисми “г” банди билан ЖКнинг 60,61-моддалари тартибида узил-кесил 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Судланувчи Санжар Жўраев томонидан келтирилган апелляция шикояти
2024 йил 3 январь куни Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида мазмунан кўрилиб, биринчи босқич суд ҳукми ўзгаришсиз, келтирилган апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирилган.

Биринчи босқич суди жазо тайинлашда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарорининг 3-бандида “Жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши – ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак” деб тушунтириш берилганига алохида эътибор берган.

Биринчи босқич суди судланувчи Санжар Жўраевнинг жиноий ҳаракатини тўғри квалификация қилиб, унга нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда, юқоридаги қонун талаблари  ва пленум қароридаги тушунтиришларига амал қилган ҳолда ишдаги енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни, судланувчининг шахсини, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, жабрланувчининг қонуний вакилининг даъвоси борлигини эътиборга олиб, судланувчига қилмишига мувофиқ меъёрда жазо тайинлаб, қонуний, адолатли ва асосли тўхтамга келган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, жамиятимизда оилавий зўравонлик, унинг иллатларини камайтиришда қонун устуворлигини таъминлаш муҳим саналади. Зеро, Конститутциямизнинг 26-моддасида “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас” деб ҳар бир шахснинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари қонун билан ҳимояланган.

БОТИР НОРМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРНИНГ МОДДИЙ ТАЪМИНОТИДАН БЎЙИН ТОВЛАШ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

Оила – жамиятнинг асосини ташкил этувчи қўрғон. Унда эртанги кунимиз эгалари бўлган фарзандларимиз улғаяди.

Дарҳақиқат, оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, унинг негизини ташкил этади.  Шу боис, давлатимизнинг Бош Қонуни бўлган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида “Оила” хусусида алоҳида боб киритилган.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда оила тўғрисида алоҳида боб ажратилганлигининг ўзи унинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни нечоғлик муҳимлигидан далолат беради.

Жамият ва давлат учун оила, никоҳ, оналик, оталик ва болалик ижтимоий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эгадир, зеро, ушбу тушунчалар жамият ва давлат шаклланишини таъминловчи муҳим омиллар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 14-бобида ота-она ҳамда болаларнинг алимент ҳуқуқи ва мажбуриятлари мустаҳкамланганини таъкидлаш зарур. Ушбу кодекснинг 96-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбу­рия­тини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки онадан алимент суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буй­руғига асосан ундирилади.

Алимент (лотинча сўздан олинган бўлиб, қарамоғидаги ва боқимидаги) бир шахснинг бошқа шахсга мажбуран ёки ихтиёрий равишда тўлайдиган нафақа ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддасида (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш), моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик- ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши, мазкур модданинг 2-қисмида, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши белгилаб қўйилган.

Шундай қилмиш маъмурий жавобгарликка тортилганидан сўнг яна содир этилса, Ўзбекистон Республикасининг жиноят кодексини
122-моддасида (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади; мазкур модданинг 2-қисмида, ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади; мазкур модданинг 3-қисмида, агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.

Амалиётда алимент ундириш билан боғлиқ ишлар эр-хотиннинг ўзаро келишмовчиликлари оиладаги носоғлом муҳит, ёш оилаларни арзимаган сабабларга кўра бирга яшамай қўйишлари оқибатида юзага келмоқда. Натижада болалар отасиз, онасиз улғаймоқда.

Таъкидлаш жоизки, ҳар бир ота-она болалар давлатимизнинг эртанги келажаги эканлигини ҳис қилган ҳолда, оилада соғлом муҳит яратишга маъсул эканлиги, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзандларни баркамол авлод қилиб тарбиялашда уларга маънавий кўмак бўлиш билан бир қаторда моддий таъминотини яхшилаш ҳам мухимлигини ёддан чиқармасликлари лозим.

НИГОРА ХАСАНОВА,

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судья ёрдамчиси

СУДЛАРДА ТАФТИШ ИНСТАНЦИЯСИ ЖОРИЙ ЭТИЛДИ

Сўнгги йилларда ишларини юритиш жараёнида бир қанча янги институтлар жорий этилди ва улар такомиллашиб бормоқда.

Бунга мисол тариқасида дастлабки эшитув, ярашув ҳамда медиация институтларини айтиб ўтишимиз мумкин.

2024 йил 1 январдан бошлаб эса эндиликда судларда ишларни тафтиш тартибида кўриш институти жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатнинг 43-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал Кодексига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун маъқулланди. Мазкур қонун 2024 йил 1 январдан кучга кирди.

Инстанция бу суднинг ишни мазмунан ҳал қилишда қаратилган якуний ҳужжатини адолатли, қонуний ва асосли қабул қилинганлигини текширишни босқичлари ҳисбланади.

Суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида кодексларга бир қатор ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Айтиш керакки, эндиликда биринчи инстанция судида кўрилган ишлар апелляция ёки кассация тартибида кўрилади.

Қонуний кучга кирган суд қарори устидан берилган шикоятни кассация инстанциясида кўрилади.

Биринчи инстанция судининг қароридан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижаларидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади.

Бинобарин, суд ишидан яна норози бўлган тақдирда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатида қайта кўриб чиқилади.

Суд қарорларини барқарорлигини таъминлаш мақсадида барча юқори инстанцияларда иш бўйича нафақат моддий ва процессуал қонун нормаларини  тўғри қўлланилганлигини текшириш, балки уларга тўлиқ суд терговини ўтказиш ваколати берилди.

Иш бўйича юқори инстанция судлар қуйи судлар қарорларини бекор қилиб, қуйи судларга юбориш амалиёти тугатилди. Шу инстанция суди якуний қарор қабул қилади.

Тафтиш инстанцияда ҳам ишларни вилоят судлар кўриб чиқилиши назарда тутилган. Кейинги инстанция Олий судида қайта такроран кўрилади. Бундан ташқари, апелляция шикояти бериш муддати 20 кундан 10 кунга қисқартирилди. Бу ҳам ижобий ҳолат, шахсни бузилган ҳуқуқини тезроқ тиклашга ёрдам беради.

ШУКРУЛЛО ҒОЗИЕВ,

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси

ЎЗБЕКИСТОНДА МЕДИАТИВ КЕЛИШУВНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

Дарҳақиқат, илғор хорижий давлатларда низоларни судга қадар ҳал қилишда медиациянинг ўтказилишини қўллаб-қувватлашга оид бир қатор ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилган. Мазкур давлатлар тажрибасини таҳлил этиш ҳамда мамлакатимиз шароитида жорий этиш истиқболларини ўрганиш соҳани такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

Мутахассисларнинг фикрича ҳозирги кунга қадар, кўп сонли ишлар асоссиз равишда суд тизимига ўтказилади. Шунга асосан тегишли давлат органлари бир қатор низоларни мустақил равишда ҳал қилишга имкон берадиган механизмлар ёки чораларни ишлаб чиқиш истиқболларини кўриб чиқмоқда ва фақат суд жараёни зарур бўлган ҳолатларда судга мурожаат қилинади.

Амалдаги қонунчилигимизда жиноий ҳуқуқий муносабатларда мажбурий медиация қилиш имконияти мавжуд эмас. Суддан ташқари ёки низони судгача ҳал қилишда мажбурий медиацияни жорий қилиш судлар томонидан кўриб чиқиладиган иш юкламасини камайишига олиб келади.

Хорижий мамлакатларда судлар тарафларни медиатор билан учраштиришга ҳаракат қилишади ва тарафларни медиацияга ундаш учун бир қатор имтиёзларни таклиф қилади. Медиацияда ишни кўрилишидан бош тортган томонлар учун жарима солиш назарда тутилган.

Мисол учун: Англияда Фуқаролик процессуал қоидалари медиация тарафлари учун самарали рағбатлантиришнинг энг кучли шакли ҳисобланади, қоидаларда агар бир томон медиацияни асоссиз равишда рад этса, суд рад жавобини берган шахсга нисбатан тўлов топшириғини юборишда кенг эркинликлар назарда тутилган.

Шунингдек, ушбу давлатда медиация орқали амалга оширилган жараёнлар халқаро молиявий низоларни, шунингдек жиноий низолар ва бошқа турдаги низоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда ва низоларни медиатор орқали ҳал қилиш одатий ҳол бўлиб бормоқда. Англияда медиация институти қўлланилишининг тил, инфратузилма ва транспорт алоқалари бўйича ўзининг яққол афзалликларидан ташқари, медиация жараёнини ўтказиш бўйича кўп сонли тажрибали ва ишлашга тайёр медиаторларнинг мавжудлиги ва инглиз ҳуқуқи остида медиацияни қўллаб қувватланганидир.

Англия қонунчилигида медиация – бу низоли томонларга музокаралар олиб боришда мустақил, холис, учинчи томон ёрдам берадиган жараён ҳисобланади. Тарафлардан мунозарани тартибга солиш учун жалб қилинувчи шахс. Медиатор ишни ҳал қилмайди, унинг вазифаси низони қандай ҳал қилиш бўйича муҳокамаларни осонлаштиришдир. Жараённи олиб боришда медиатор холис ва мустақил бўлади. Медиаторнинг жараённи иккала томон манфаатига қараб олиб борилади. Томонлар низони қандай шартлар ва қайси шароит асосида ҳал қилиш кераклигини ҳал қилиб оладилар.

Англияда медиация ҳеч қандай ҳуқуқий нормалар билан тартибга солинмаган, бу шу тарзда тажриба ўтказишга мойил бўлган назариячи-юристлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва жамоатчиликнинг ташаббуси ҳисобланади. Шу сабабли бу ерда маҳаллий хусусиятларга қараб медиациянинг кўп турлари мавжуд.

Мамлакатимизда мажбурий медиация қилиш имконияти жиноий ҳуқуқий муносабатларда жорий этиш масаласи кўрилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шу каби, медиаторларни тайёрлаш ва ўқитиш масалалари бўйича хорижий тажриба ўрганилганда, медиаторлар томонидан медиация жараёнини амалга оширишлари учун ўқув курсларини тугатиш ва сертификат олиш талаби қўйилганлигини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонуни 2018 йилда қабул қилинган бўлиб, 2019 йил 1 январдан кучга кирган. Ҳозирда медиация институтини юқоридаги Қонунда белгиланган соҳаларга (фуқаролик, тадбиркорлик, меҳнат ва оилавий муносабатлари) самарали татбиқ этиш ҳамда профессионал медиаторлар корпусини шакллантириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикасида Профессионал медиаторлар реестри ҳудудий адлия бошқармалари томонидан юритилади ва реестр ҳамма учун очиқ ҳолатда тегишли адлия органлари ҳамда Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади. Шахсни профессионал медиаторлар рўйхатига киритиш тартибининг соддалиги медиаторлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бир мисолидир.

Хусусан, Адлия вазирлигидан 2018 йил 29 ноябрда 3092-сон билан давлат рўйхатида ўтказилган “Профессионал медиаторлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 6-бандига мувофиқ, махсус ўқув курсини тугатган шахс доимий яшаш жойидаги адлия органига, реестрга киритиш ҳақидаги ариза, паспорт нусха, сўровнома ва тегишли курсни тугатганлиги бўйича ҳужжат нусхасини тақдим этади.

Шунингдек, профессионал медиаторлар фаолиятини тартибга солувчи “Медиация тўғрисида”ги қонунда кўрсатилган талаблардан ташқари профессионал медиатор медиация соҳасида кенгроқ амалий кўникмаларга ва билимларга эга бўлиши лозим. Шунингдек, қонунчиликда профессионал медиаторнинг бирор соҳада мутахассислик маʻлумотига эга бўлишлиги лозимлиги аниқ белгиланмаган.

Чунки, профессионал медиатор медиаторлик фаолиятини амалга оширишда оилавий, фуқаролик, меҳнат, уй-жой, иқтисодий ва тадбиркорлик билан боғлиқ низоларни ҳал қилади.

Қонунчиликда бундан ташқари медиаторларга нисбатан малакасини мунтазам ошириб бориш бўйича талаблар белгиланмаган. Медиаторларнинг қанча муддатда аттестациядан ўтиши кераклиги, медиаторлик фаолиятини олиб боришда қўшимча ўқув курсларни ўқиши, мунтазам малакасини ошириб бориши бўйича қоидалар ўрнатилиши лозим деб ҳисоблаймиз. Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, низоларни ҳал этишда медиация институтини жорий этишни кенг кўламда амалга ошириш фуқароларнинг низоларни тинчлик, муроса йўли билан келишган ҳолда амалга оширишнинг муҳим воситаси ҳисобланади.

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси

Шартномавий муносабатларга оид низоларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Бизга маълумки, икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади. Фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Тарафлар айнан маълум шаклдаги бир ва турли шартномаларнинг элементларини ўз ичига оладиган шартнома (аралаш шартнома) тузишлари мумкин.

Дарҳақиқат, аралаш шартнома бўйича тарафларнинг муносабатларига, агар тарафларнинг келишувидан ёки аралаш шартноманинг моҳиятидан бошқача тартиб англашилмаса, элементлари аралаш шартномада бўлган шартномалар тўғрисидаги қоидалар қўлланилади. Шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади. Тарафлар ўзлари тузган шартноманинг шартларини уларнинг шартнома тузишидан олдин вужудга келган муносабатларига нисбатан қўлланилади деб белгилаб қўйишга ҳақлидирлар.

Қонунда ёки шартномада шартноманинг амал қилиш муддати тугаши тарафларнинг шартнома бўйича мажбуриятлари бекор бўлишига олиб келади, деб белгиланиши мумкин. Бундай шарт ёзиб қўйилмаган шартнома тарафлар мажбуриятни бажаришининг шартномада белгилаб қўйилган охирги уддатигача амал қилади, деб ҳисобланади.

Бундан ташқари, шартноманинг амал қилиш муддати тугаши тарафларни уни бузганлик учун жавобгарликдан озод қилмайди. Шартнома бўйича тараф ўз бурчларини бажарганлиги учун ҳақ олиши ёки унга бошқа муқобил тўлов тўланиши лозим бўлса, бундай шартнома ҳақ эвазига тузилган шартнома бўлади.

Шартнома бўйича бир тараф иккинчи тарафга ундан ҳақ ёки бошқа муқобил тўлов олмасдан бирон нарсани бериш мажбуриятини олса, бундай шартнома текинга тузилган шартнома ҳисобланади. Иккитадан ортиқ тарафлар тузадиган шартномаларга, бундай шартномаларнинг кўптарафламалик хусусиятига зид бўлмаса, шартнома тўғрисидаги умумий қоидалар қўлланилади.

Ҳозирги кунда кўплаб ҳуқуқий низолар айнан шартномавий муносабатлардан келиб чиқаётганлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон республикаси Президентининг “Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 14.09.2021 йилда ПФ-6313-сонли Ўзбекистон республикаси Фармони қабул қилинган.

Шартномавий муносабатларга киришиётган вақтда нималарга аҳамият қаратиш ва шартноманинг шакли унда мавжуд бўлиши лозим бўлган бандлар тўғрисида келтириб ўтадиган бўлсак. Агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан шундай ҳолларда талаб қилинадиган шаклда келишувга эришилган бўлса, шартнома тузилган ҳисобланади. Шартноманинг нарсаси тўғрисидаги шартлар, қонунчиликда бундай турдаги шартномалар учун муҳим ёки зарур деб ҳисобланган шартлар, шунингдек тарафлардан бирининг аризасига кўра келишиб олиниши зарур бўлган ҳамма шартлар муҳим шартлар ҳисобланади. Агар қонунга мувофиқ шартнома тузиш учун мол-мулкни топшириш ҳам зарур бўлса, шартнома тегишли мол-мулк топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Шунингдек, шартноманинг шакли тўғрисида қуйидаги маълумотларни келтириб ўтишимиз мумкин. Агар қонунда муайян турдаги шартномалар учун маълум бир шакл белгилаб қўйилган бўлмаса, шартнома битимлар тузиш учун назарда тутилган ҳар қандай шаклда тузилиши мумкин. Нотариал тасдиқланиши ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган шартнома нотариал тасдиқланган ёки рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан, нотариал тасдиқланиши ва рўйхатдан ўтказилиши зарур бўлганда эса — шартнома рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан шартнома тузилган ҳисобланади.

Агар тарафлар шартномани муайян шаклда тузишга келишган бўлсалар, гарчи қонунда бу турдаги шартномалар учун бундай шакл талаб қилинган бўлмаса-да, шартнома белгиланган шаклга келтирилганидан кейин тузилган ҳисобланади. Ёзма шартнома тарафлар имзолаган битта ҳужжатни тузиш йўли билан, шунингдек почта, телеграф, телетайп, тельефон, электрон алоқа ёки ҳужжат шартномадаги тарафдан чиққанлигини ишончли суратда аниқлаш имконини берадиган бошқа алоқа ёрдамида ҳужжатлар алмашиш йўли билан тузилиши мумкин.

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси

Skip to content