ОДАМ САВДОСИ ДАВР МУАММОСИ

Ўзбекистон Республикасида энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа табиий ҳуқуқлари бўлиб, уларни таъминлаш Конституция билан кафолатланади.

Хусусан, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси “Одам савдоси” деб номланиб, мазкур моддада ушбу тоифадаги жиноятнинг содир этиш  усули, турлари ва бу жиноятлар учун тайинланадиган жазолар қайд этилган.

Одам савдоси бу – одамни олиш-сотиш, ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишда ифодаланади. Мазкур ҳаракатларнинг содир этилиши жиноий оқибат юз берган-бермаганидан қатъий назар жиноят тугалланган деб топилади ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишда ифодаланган қилмишларни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик юзага келади. Одам савдоси жинояти миллат, давлат ва чегара танламайди. Ушбу жиноят бир давлатнинг ҳудудида бошланиб, унинг оқибатлари бошқа давлатларнинг ҳудудида юз бериши мумкин.

Одам меҳнати ва хизматларидан меҳнат, фуқаролик қонунчилиги нормаларига мувофиқ (масалан, қурилиш ёки маиший пудрат, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш, йўловчи ва юк ташиш, транспорт экспедицияси ва ҳ.к. шартномалар бўйича) фойдаланилган барча ҳолларда одам эксплуатацияси мавжуд бўлмайди. Бундай ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик билан боғлиқ низолар фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳал этилади. Одамни эксплуатация қилиш бошқа шахслар фоҳишабозлигидан фойдаланиш ёки бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатацияни, мажбурий меҳнат ёки хизматлар, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатлар, эрксизлик ҳолати ёки одам аъзолари ёки тўқималари олинишини англатади. Мажбурий меҳнат бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлашни англатади. Ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида, фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда, суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан, қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди. Қуллик – ўзига нисбатан мулк ҳуқуқига хос айрим ёки барча ҳуқуқлар амалга оширилаётган шахс аҳволи ёки ҳолатини англатади.

Эрксизлик ҳолати – шахснинг муайян омиллар мажмуи таъсири остида ўз эркига хилоф равишда ҳар қандай иш ёки хизматни бажаришга мажбур бўлганлигини англатади.

Ёллаш деганда эксплуатация қилиш мақсадида одамни бирор бир фаолият билан шуғулланишга жалб этишга қаратилган фаолият (эксплуатация объектини қидириш, тўплаш, у билан музокара юритиш ва ҳ.к) тушунилади;

ташиш – шахсни олиш-сотиш битими тузиладиган (ижро этиладиган), бошқа шахсга топшириладиган жойга ёки ундан эксплуатация мақсадида фойдаланиладиган жойга етказиб бериш (транспортда ташиш)ни англатади. Бунда етказиб бериладиган шахс одам савдосини амалга ошириш учун мўлжалланганлиги ташувчига олдиндан маълум бўлиши лозим.

Одам савдоси муаммосига қарши курашишда аҳолининг бу борадаги билимларини ошириш, оммавий ахборот воситалари орқали унинг қурбонлари билан суҳбатлар уюштириш, одам савдосининг бутун мудҳиш ҳолатларини тасвирлаб бериш ҳам самарали воситалардир. Бутун аҳоли, айниқса, ёшлар ушбу жиноий қилмишнинг қурбонига айланиб қолмасликлари учун эҳтиёт бўлишлари, хорижий мамлакатлардан таклиф этилаётган ҳар қандай иш, хизматларни шахсан ўзлари текшириб кўришлари, нотаниш шахсларнинг таклифларига ишонмаслик ҳамда уларга ўз ҳужжатларини бериб қўймаслик лозимлигини билишлари керак.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, одам савдоси жинояти аксарият ҳолларда алдов усули билан амалга оширилаяпти. Шу сабабли жиноятларнинг олдини олиш мақсадида меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда профилактика мақсадида йиғилишлар ўтказиш, содир этилган жиноятларнинг сабабларини ва уларнинг оқибатларини фуқароларга етказиб турилишини таъминлаш лозим.

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси

САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси сайлов тизими ва мазкур соҳага оид муносабатлар янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 22-боби яъни, Сайлов кодекси ва соҳани бевосита тартибга солишга қаратилган бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинган.

Хусусан,  Конституциямизнинг 128-моддаси биринчи қисмида эса, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгаликлари, ҳар бир сайловчи бир овозга эга эканлиги, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши кўрсатилган.

Шу каби, ушбу модданинг иккинчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланган. Бундан ушбу Конституцияда назарда тутилган муддатидан илгари сайлов ўтказиш ҳоллари мустасно деб белгиланган.

Бизга маълумки, жорий йилнинг октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида, яъни 2024 йил 27 октябрь куни фуқароларимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловда иштирок этиш орқали ўзларининг сайлашдан иборат сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланадилар.

Мазкур сайловда фаол иштирок этиш фуқароларнинг юксак ҳуқуқий онги ва маданияти даражасини белгилаб берувчи энг асосий омиллардан биридир.

Фуқаролар шу йўл билан давлат ва жамият бошқарувида ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини демократик йўл билан шакллантиришда иштирок этишлари мумкин бўлиб, бунинг учун улар ўз навбатида сайловлар тўғрисидаги қонунчилик талабларини яхши билишлари лозим бўлади.

Бундан ташқари, мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар каби сайлов қонунчилигини ҳам такомиллаштириш, ҳар бир фуқаронинг тенг сайлов ҳуқуқи кафолатларини кучайтириш мақсадида фуқароларга бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов (овоз бериш) бюллетенларини берганлик учун жавобгарликни белгилаш заруриятини юзага келтирмоқда.

Шу мақсадда 2024 йил 4 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-953-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига сайлов комиссиясининг ёки референдум ўтказувчи комиссиянинг аъзоси томонидан фуқарога бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов (овоз бериш) бюллетенини берганлик, шунингдек сиёсий партияларга сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига оралиқ ёки якуний ҳисоботни тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик ёхуд ҳисоботда била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси «Сайлов (овоз бериш) бюллетенларини бериш тартибини бузиш” деб номланган 5110-модда билан тўлдирилиб, унга кўра, сайлов комиссияси ёки референдум ўтказувчи комиссия аъзоси томонидан фуқароларга бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов (овоз бериш) бюллетенларини беришдан иборат маъмурий ҳуқуқбузарлик базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

Шунингдек, мазкур кодекс сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари тўғрисидаги оралиқ ёки якуний ҳисоботни сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд ҳисоботда била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этишда ифодаланган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик белгиловчи 5111-модда билан тўлдирилиб, ушбу ҳуқуқбузарликнинг содир этилиши мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

Шу каби, юқоридаги қонун билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган 146-моддасининг диспозицияси “Сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партияларнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, ташаббускор гуруҳларнинг ёки сайлов комиссияларининг ёхуд референдум ўтказувчи комиссияларнинг аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ёки референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов (овоз бериш) бюллетенларига ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни била туриб нотўғри санаш” таҳририда баён этилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар эса мамлакатимизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

 АБЛҚОСИМ РУЗИҚУЛОВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси

КОНСТИТУЦИЯМИЗДА ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРНИ  ЎЗАРО БОҒЛИҚЛИЛИГИ

Маълумки, ҳар бир демократик давлатнинг конституция ва қонунларида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида баҳоланади. Шуни унитмаслик керакки, ҳуқуқ бор жойда мажбуриятлар ҳам келиб чиқади.

Бу қоида янги Конституциямизда алоҳида бир норма сифатида ўз аксини топди.

Хусусан, янги Конституциямизнинг 20-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқдир” мазмундаги норма киритилди.

Мазкур норманинг асосий мазмуни шундан иборатки, фуқаролар ва давлат бир-бири билан муносабатга киришганда турли ҳуқуқ ва мажбуриятларни олади. Масалан, фуқароларга атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбурияти бўлса, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини рўёбга чиқариш чораларини кўриши керак.

Шунингдек, ушбу моддада инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари фақат суд томонидан чекланиши ҳамда барча давлат органларининг фаолияти мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликларинидан келиб чиқиши белгиланди.

Бундан ташқари, ушбу моддада аввал ҳеч қайси нормада аксини топмаган “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади” норма белгиланди.

Қонуннинг асосий мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилишдан иборатдир. Яъни, қонунлар кимгадир ортиқча мажбурият ёки харажат юклаши мумкин эмас. Аксинча, қонунлар воситасида жамият ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинади, инсонлар ҳаёти барқарорлаштирилади ва бир маромда кетиши таъминланади.

Мутаносиблик принципи ҳам шу мақсадни кўзлайди. Давлат ва инсон ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар турли тушунмовчиликларга, инсон ва фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига олиб келади. Конституциянинг ушбу моддасида номувофиқликлар давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилиши назарда тутилган.

Буни эса мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг тўла таъминланганлигининг яна бир ёрқин мисоли сифатида кўрсатишимиз мумкин. Таъкидлашимиз жоизки, мақсадимиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш. Зеро, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланганлиги давлатнинг конституция ва қонунлари мустаҳкам ва барқарорлигидан далолат демакдир.

УМИД РАХИМОВ,

Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси

БОЛАЛАРНИ МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ЖАЛБ ЭТИШ – БУ ЖИНОЯТ

Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар янги босқичга чиқди. Хусусан,  мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини тугатиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо бўлди ва ушбу ташкилотнинг 14 та халқаро-ҳуқуқий ҳужжати, жумладан, 8 та асосий конвенциясини ратификатсия қилди. Улар орасида “Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашишга доир конвенция” ҳам бор.

Ўзбекистон Республикаси 2008 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенцияни ратификатсия қилган.

Конституциямизнинг 44-моддасида “Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади”, деган қатъий норма билан мустаҳкамланган.

Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланганлик учун жавобгарлик масаласига оид халқаро ва минтақавий ҳужжатлар ҳамда хорижий мамлакатларнинг қонунчилигини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисида ва Жиноят кодексида вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабни бузиш, яъни вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлигига, хавфсизлигига ёки ахлоқ одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.

Дарҳақиқат, пахта далаларида ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ишларида умуман, бошқа соҳаларда ҳам болалар меҳнатидан фойдаланиш, айниқса уларни жалб қилишнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича тизимли ва қатъий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда болаларнинг мажбурий меҳнати тўлиқ барҳам топди.

Шу боис бу борадаги давлат сиёсати конституция даражасида мустаҳкамланди.

Хусусан, амалдаги Меҳнат кодексига мувофиқ, ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумий ўрта, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълим ташкилотларининг, касб-ҳунар мактабларининг, коллежлар ва техникумларнинг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий камол топишига зиён етказмайдиган, ўқитиш жараёнини бузмайдиган енгил меҳнатни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун ишга қабул қилишга – улар ўн беш ёшга тўлиши билан ота-онадан бирининг (ота-онасининг ўрнини босувчи шахснинг) ёзма розилиги билан йўл қўйилади.

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси

“ОИЛА СУДЬЯЛАРИ” институтининг аҳамиятли жиҳатлари

«Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ-401, 21.12.2023 й.) қабул қилинди.

Хусусан, мамлакатимизда оилани асраш ва мустаҳкамлаш, бола ҳуқуқларини таъминлаш, хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган.

Мазкур қарор билан фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпуси шакллантирилди. 2024 йил 1 февралдан тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг 2 нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда ушбу судларда «Оила судьялари» ташкил этилди.

Бинобарин, янги таҳрирдаги Конституциямизда оила жамиятнинг асосий бўғини экани, давлат оиланинг тўлиқ ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитларни яратиши, оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши қатъий белгилаб қўйилган.

Шунингдек, юқоридаги қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2024 йил 23 январда “Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларида оилавий низоларни кўришга ихтисослашган “Оила судьялари” ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Раёсат қарорида “Оила судьялари” томонидан кўриладиган оилавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар ва уни кўрадиган судьялар рўйхати, судьялар таркибига ўзгартириш киритиш, улар фаолиятини самарали ташкил этиш учун амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилган.

Суд соҳасида янги институт, яъни “Оила судьялари”ни ташкил қилиш масаласи замирида бир қатор мақсадлар ўз ифодасини топган. Бунда, хусусан:

-биринчидан, судьяларнинг оилавий низоларни кўришга ихтисослашуви ушбу йўналиш бўйича малакали мутахассис бўлиб шаклланишига замин яратади, бу тоифа низоларни ижобий ҳал қилишда бой амалий тажриба тўпланади.

-иккинчидан, судьялар алоҳида эътибор қаратган ҳолда ҳар бир оилавий низони чуқур ўрганиш, унинг юзага келиш сабаблари, моҳиятини тўлиқ тушуниб етиш имконига эга бўлади;

-учинчидан, оилавий низоларнинг ўзига хос томони шундаки, ушбу тоифадаги низонинг юзага келиши бошқа низо турларини ҳам бевосита келтириб чиқаради. Масалан, оилавий жанжал сабаб судга берилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ариза, кейинчалик томонлар ўртасида алимент ундириш, бола уч ёшга тўлгунга қадар таъминот ундириш, алимент миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, бола билан кўришиш тартибини белгилаш, ҳатто ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ёхуд маҳрум қилиш каби “занжирли низолар” юзага келиши мумкин.

Шундай экан, судьялар ушбу тоифадаги ишларни кўриб чиқишда тарафларни имкон қадар яраштириш чораларини кўриши, медиация институтини кўпроқ қўллаши талаб этилади. Бу эса  ўз навбатида, оилавий низолар камайиши, тинч ва аҳил оилалар сонининг кўпайишига хизмат қилади;

-тўртинчидан, судьялар оилавий ишларни кўриб чиқишда юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф қилиш баробарида, уларнинг олдини олиш борасида ҳокимликлар, оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, маҳалла еттилиги ва фаоллари, диний уламолар, бандликка кўмаклашиш, соғлиқни сақлаш каби соҳа мутасаддилари билан ҳамкорлик механизмларини ҳам йўлга қўйиши зарур.

Таъкидлаш мумкинки, оила судьялари ўзининг ижобий самарасини бериши ўз ўрнида жамиятимизда тинч ва мустаҳкам оилалар сони кўпайишига хизмат қилади.

АБЛҚОСИМ РУЗИҚУЛОВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси

Сурхондарё вилоят суди раиси томонидан судья ва ходимлар ҳамда уларнинг яқин қариндошлари билан мулоқот ўтказилди

Вилоят суди раиси Аблқосим Рузиқулов судья, ходимлар ва уларнинг яқин қариндошлари билан ўтказилган мулоқотда иштирок этган судьялар, шунингдек суд ходимлари ва уларнинг яқин қариндошларига сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида катта ўзгаришлар амалга оширилаётгани, судьяларга қўйилаётган талаблар нечоғлик маъсульятли экани, судьяларнинг аксарияти суд ходимлари орасидан тайинланишини, бугунги кунда суд ходимларининг маънавияти, одоби ва масъулияти алоҳида эътиборда экани ҳамда суд ходимларнинг хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланмасликлари ҳақида сўз юритди.

Бугунги кунда судда фаолият олиб бораётган ҳар бир судья ва ходим касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилган ҳолда, ўз вазифасини сидқидилдан адо этиши, мазкур жараёнда таъмагирлик, коррупция каби иллатларга қўл урмаслиги лозимлиги таъкидланди.

Салоҳиятли, ҳар томонлама малакали суд кадрларининг шаклланиши, судларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди. Шу маънода соҳада фаолият юритаётган судья ва ходимларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтириш, малакасини ошириш, умуман, кадрлар сифатини яхшилаш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этаётганлиги қайд этилди.

Айтиш мумкин-ки, вилоят суди раиси ўринбосарининг расмиятчиликдан йироқ, самимий гапларидан кейин даврага “жон кирди” ҳамда ота-оналар ҳам кўнглидан кечаётган фикр-мулоҳазаларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларни ҳам ўртага ташладилар.

Мулоқот якунида видеоконференцалоқа тизими орқали қатнашаётган туманлараро ва туман (шаҳар) судлари судьялари ҳам сўзга чиқиб, ҳозирги кунда суд ходимлари ўртасида коррупцион ҳолатларни содир этмаслик борасида фикрлани тингланиб, улар томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида фикрлари тингланди.

АБЛҚОСИМ РУЗИҚУЛОВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси

СУРИШТИРУВЧИЛАР УЧУН СЕМИНАР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида суд-ҳуқуқ тизимида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди ташаббуси билан тумандаги 3-сектор штабида соҳага доир қонунчиликдаги янгиликлар ва Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти суриштирувчиларга тушунтириш юзасидан семинар ўтказилди. Унда туман суди раиси, ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари ва профилактика инспекторлари, давлат солиқ инспекцияси ҳамда мажбурий ижро бюроси масъуллари иштирок этишди.

Семинарда дастлаб Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти туман суди раиси томонидан иштирокчиларга тушунтирилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишда энг аввало маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизликка эътибор берилишилозимлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги тизимида маъмурий ҳуқуқбузарлик тушунчаси мавжуд бўлиб, бу тушунча бевосита фуқаро, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда юзага келади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик ўзининг кам аҳамиятлиги жиҳатидан жиноий жавобгарликдан фарқ қилишлиги, бу қонун фақат уни ҳуқуқий жиҳатдан бевосита татбиқ этувчиларгагина эмас, шу билан бирга фуқаролар учун ҳам тушунарли бўлиб, улар томонидан идрок этилсагина, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги ўзаро ҳуқуқий муносабатларнинг кенг амалиётига кириб борсагина самарали бўлади. Шу билан бирга, тажрибаларнинг кўрсатишича, янги қонунни оммавий равишда эгаллаш учун муайян вақт талаб қилинади.

Юқорида баён этилганлардан хулоса қиладиган бўлсак, агар ҳар бир фуқаро Конституция ва қонунларга риоя қилиб, уларга ҳурмат рухида бўлса, жамиятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка сезиларли даражада бархам берилади.

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси

Д И Қ Қ А Т,   Т А Н Л О В !

Сурхондарё вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси лавозимига  2025 йил июль ойига қадар 1 та штат бирлигига ўриндошлиқ асосида ҳамда судья катта ёрдамчиси лавозими 2 та штат бирлигига доимий иш ўрнига малакали мутахассисларни ишга таклиф қилади.

Номзодлар танлов асосида ишга қабул қилинади.

Танловда олий юридик маълумотли, туман (шаҳар), туманлараро судларида икки йил стажга эга,  компьютер билан ишлаш малакасига эга бўлган мутахассислар иштирок этиши мумкин.

Номзоднинг чет тилларини билиш қобилияти қўшимча равишда рағбатлантирилади.

Танлов бўйича номзодни ишга қабул қилиш тегишли комиссия суҳбати натижасига кўра амалга оширилади.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар Сурхондарё вилоят маъмурий судига (Термиз шаҳри, Навбоғ кўчаси,
12-уй) қуйидаги ҳужжатларни юборишлари сўралади:

– ариза (яшаш манзили ва телефон рақамини кўрсатган ҳолда);

– маълумотнома (объективка);

– диплом нусҳаси иловаси билан.

Аризалар 2024 йил  15 октябрь, соат 17:00 га қадар қабул қилинади.

Мурожаат учун тел.:   55-453-19-00  ички рақам 75-808

УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ

Сурхондарё вилоят суди томонидан Термиз давлат университетида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди. Унда суд фахрийси Худоёр Мухаммадиев, ўрта авлод судьялари Дилором Алмуратова, Ботир Абдуллаев ҳамда университет талабалари иштирок этди.

Учрашувда судьялар суд фахрийларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида, кекса авлод вакилларининг босиб ўтган йўллари, тажрибалари ҳақида сўз юритди.

Бундан ташқари, учрашувда сўзга чиққан суд фахрийси Худоёр Мухаммадиев судьяликнинг масъулияти, ўзига яраша машаққатлари, тизимда самарали фаолият олиб бориш ҳалоллик, фидойилик, доимий малака ошириш ва одоб-ахлоқ сингари мезонлар билан узвий боғлиқ эканлигини таъкидлади.

Судьялик лавозимининг масъулияти жуда катта ва бу лавозимда адолатни таъминлайдиган, ҳақиқатни юзага чиқарадиган инсон фаолият юритиши мумкин. Чунки суд давлат номидан қарор қабул қилади, шунинг учун судья чуқур билим ва малакага эга бўлиши ҳамда ҳар қандай масалани ҳал қилишда ҳалоллик, холислик ва қонун устуворлигини таъминлашда адолатли бўлиши шарт.

Ушбу учрашувда судья Ботир Абдуллаев сўзга чиқиб, ёшларни ватанпарварлик ва халқпарварлик, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат, шонли тарихимизни чуқур билиш руҳида тарбиялашда ҳамда судьяларнинг маънавиятини бойитишда бундай тадбирлар муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда талабаларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари тингланди.

ДИЛОРОМ АЛМУРАТОВА,

Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

ҲЕЧ ҚАНДАЙ ЖИНОЯТ ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАЙДИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида ўғирлик жинояти учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган. Аммо, ўзганинг мулкини ўғирлик йўли билан қўлга киритишни ўзига касб қилиб олганлар ҳам орамизда йўқ эмас.

Аниқрой айтганда, Музработлик Абдулла Носиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун судланиб, хавфли рецидивист бўлгани ҳолда жазони тўлиқ ўтамасдан, тузалиш йўлига кирмасдан, такроран яна ушбу касбини давом эттиради.

Нега дейсизми? У ўзгалар мулкини яширин равишда талон-торож қилиш ва содир этган жинояти орқали моддий манфаат кўришни мақсад қилади. Жиноий режасига эришиш учун 2023 йилнинг 10 январь куни Музработ туманида яшовчи Бойбўри Болтаевнинг яшаш уйидаги ховлисида бўлган молхонасидан бозорда сотилиш баҳоси 3.000.000 (уч миллион) сўмлик бир бош қўчқорини яширин равишда ўғирлаб, жуфтакни ростлайди.

Буни қарангки, Абдулла ўзининг юқоридаги жиноий ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилмаганлигидан фойдаланиб, бу касбини яна такроран давом эттириб, ўғирлик қилишни мақсад қилиб, ўзининг ушбу жиноий режасини бошлайди. Бу гал 2023 йил 3 апрель кунидан 4 апрель кунига ўтар кечаси Музработ туманида яшовчи Нарзулла Чориевни яшаш уйига ғайриқонуний равишда кириб, унинг молхонасида турган баҳоси 1.500.000 (бир миллион беш юз минг) сўмлик бир бош қўйни ўғирлаб, яширинади.

Ўз хонадонида ўғирлик жинояти содир бўлганлигидан хабар топган Бойбўри Болтаев ва Нарзулла Чориев ички ишлар бўлимига зудлик билан хабар беради. Тезкор ходимларнинг саъй-ҳаракати билан Абдулланинг қилмишлари фой бўлади.  

Суд ҳукми билан Абдулла Носиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан узил-кесил ўташ учун 5 (беш) йил 2 (икки) ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Хулоса шуки, жиноятга жазо муқаррар, қонунларга риоя қилмаслик албатта жавобгарликка сабаб бўлади.

ТАХИР БЕКПУЛАТОВ,

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Skip to content