ҲЕЧ ҚАНДАЙ ЖИНОЯТ ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАЙДИ
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида ўғирлик жинояти учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган. Аммо, ўзганинг мулкини ўғирлик йўли билан қўлга киритишни ўзига касб қилиб олганлар ҳам орамизда йўқ эмас.
Аниқрой айтганда, Музработлик Абдулла Носиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун судланиб, хавфли рецидивист бўлгани ҳолда жазони тўлиқ ўтамасдан, тузалиш йўлига кирмасдан, такроран яна ушбу касбини давом эттиради.
Нега дейсизми? У ўзгалар мулкини яширин равишда талон-торож қилиш ва содир этган жинояти орқали моддий манфаат кўришни мақсад қилади. Жиноий режасига эришиш учун 2023 йилнинг 10 январь куни Музработ туманида яшовчи Бойбўри Болтаевнинг яшаш уйидаги ховлисида бўлган молхонасидан бозорда сотилиш баҳоси 3.000.000 (уч миллион) сўмлик бир бош қўчқорини яширин равишда ўғирлаб, жуфтакни ростлайди.
Буни қарангки, Абдулла ўзининг юқоридаги жиноий ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилмаганлигидан фойдаланиб, бу касбини яна такроран давом эттириб, ўғирлик қилишни мақсад қилиб, ўзининг ушбу жиноий режасини бошлайди. Бу гал 2023 йил 3 апрель кунидан 4 апрель кунига ўтар кечаси Музработ туманида яшовчи Нарзулла Чориевни яшаш уйига ғайриқонуний равишда кириб, унинг молхонасида турган баҳоси 1.500.000 (бир миллион беш юз минг) сўмлик бир бош қўйни ўғирлаб, яширинади.
Ўз хонадонида ўғирлик жинояти содир бўлганлигидан хабар топган Бойбўри Болтаев ва Нарзулла Чориев ички ишлар бўлимига зудлик билан хабар беради. Тезкор ходимларнинг саъй-ҳаракати билан Абдулланинг қилмишлари фой бўлади.
Суд ҳукми билан Абдулла Носиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан узил-кесил ўташ учун 5 (беш) йил 2 (икки) ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Хулоса шуки, жиноятга жазо муқаррар, қонунларга риоя қилмаслик албатта жавобгарликка сабаб бўлади.
ТАХИР БЕКПУЛАТОВ,
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси