ҲАДЯ ШАРТНОМАСИ

Ҳадя деб – бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текин мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятни олади ёхуд унга, ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (тлтбини) беради ё бериш мажбкриятни олади. Унинг моҳияти шудаки бунда мулк текин топширилади яъни ҳадя қилувчининг тасарруфида бўлган ашё ҳадя олувчига мол – мулк қилиб ўтказилади.

Фуқаролик кодексида ҳадяни ҳадя қилувчининг вафотидан кейин топширилишини назарда тутувчи шарнома тан олинмайди. Бундай ҳадяга нисбатан васиятнома тўғрисида қоидалар қўлланилади. Ҳадянинг васиятномадан фарқи шундаки, мулк ҳадя қилувчининг тириглигида топширилади, бу унинг мулки камайишига олиб келади. Васиятномада эса инсоннинг ҳаётлигида унинг мулкий ҳуқуқларида акс этмайди. Васиятнома бекор қилиниши ўзгартирилиши мумкин, ҳадя эса қоида тариқасида орқага қайтмайди.

Фуқаролик ҳуқуқида мавжуд бўлган аксарият битимлар ҳақ бараварига тузилиб, қарама-қарши тарафларда ўзаро мос ҳуқуқ ва бурчлар мавжуд бўлади. Кўриб чиқилаётган ҳадя шартномаси асосан бир томонлама, бепул тузиладиган шартномалар жумласига киради.

Фуқаролик кодекси 502-моддасининг 2-қисмида, ҳадя қилувчи ҳадя эвазига ҳадя олувчи билан муқобил ашё бериш ҳақида ёки муқобил мажбуриятни ижро этиш ҳақида келишилган бўлса, у ҳолда бундай битимлар тузилиши пайтининг ўзидаёқ ҳақиқий ҳисобланмайди ва бундай муносабатга нисбатан Фуқаролик Кодекси 124-моддасига мувофиқ юридик оқибатлар, яъни ашёни бепул топшириш ҳуқуқий оқибатини туғдириш нияти бўлмаган ҳолда номигагина тузилган деб қаралиши керак ва бу битим бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилган бўлса, ҳақиқатда назарда тутилган битимлар ҳақидаги қоида қўлланилади.

Шунингдек, Фуқаролик кодекси 502-моддасининг иккинчи қисмида ашёнинг ёки ҳуқуқнинг муқобил ўзаро ўтказилиши ҳадя шартномасини келтириб чиқармайди, деб таъкидланади. Чунки бу ҳолат ҳадя шартномаси бир томонлама битим принципига хилоф ҳисобланади ва шутуфайли 124-модданинг 2-қисми қоидалари қўлланади.

Кўчар мулклар бўйича қўйидаги ҳолларда ҳадя шартномаси ёзма шаклда тузилади:

– ҳадя қилувчи юридик шахс бўлганда;

– фуқаролар ўртасидаги энг кам иш ҳақини ўн бараваридан ортиқ суммага шартнома тузилаётганда;

-шартнома буйича келажакда ҳадя қилиш ваъда қилинган ҳолларда;

Кўчмас мулкнинг ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Ҳадя институтини амалдаги ҳуқуққа хилоф равишда фойдаланишга йўл қўймаслик учун амалдаги Фуқаролик Кодекси ҳадя шартномасининг кўз бўяш учун тузилишининг олдини олиш мақсадида айрим тўсиқларни белгилайди.

Бундай битимни тузишни чеклашнинг махсус сабабларига қараб қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:

Биринчидан, мулк эгаси бўлмаган шахс томонидан мулкни унинг эгаси манфаатига хилоф равишда бепул фойдаланиш ҳолларининг олдини олиш учун ФК мулкдор ҳуқуқини қўриқлаш мақсадида мулк эгаси бўлмаган шахс томонидан мулкни ҳадя қилиш мумкин эмаслигини мустаҳкамлаган.

Иккинчидан, Фуқаролик Кодекси хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида юридик шахсларга тегишли бўлган мулкни ҳадя қилишлари мумкинлигини белгилайди, Аммо бунинг учун мулкдорнинг розилиги талаб қилинади.

Учинчидан, Фуқаролик Кодексидаги ҳадя берувчининг ҳадя олувчига тобе деб тахмин қилинган ҳолат учун тобе нуқтаи назари ва улар ўртасида бепул тузиладиган шартномавий мулкий муносабатларининг вужудга келиши мақсадга мувофиқ эмаслигидир.

ШЕРАЛИ ТОГОЕВ,

Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси