ҚАРЗДОР ОТАЛАРГА НИСБАТАН ЖАЗО МУҚАРРАРЛИГИ ТАЪМИНЛАНДИ

очерк
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг очиқ суд мажлисида вояга етмаган фарзандлари учун алиментни тўлашдан бўйин товлаган Ахмедов Руслан Содикович ҳамда Собиров Нодир Қосимович (исм-шарифлар ўзгартирилган)ларга нисбатан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилди.
Жумладан, Руслан Ахмедов фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2022 йил 19 августдаги суд буйруғига асосан ундирувчи Шохсанам Амиркулованинг фойдасига вояга етмаган 2 нафар фарзандлари учун барча иш ҳақи ва бошқа барча ишлаб топган даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент тўлаши лозим бўлса-да, 2024 йил 1 июлдан 2025 йил 1 сентябргача бўлган давр учун жами бўлиб, 27.181.713 сўм алимент қарзларини тўламасдан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандларига икки ойдан ортиқ муддат мобайнида моддий таъминлашдан бўйин товлаб келган.
Ёки бўлмаса, Нодир Собиров фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2023 йил 17 июлдаги суд буйруғига асосан ундирувчи Фарида Турдиеванинг фойдасига вояга етмаган бир нафар фарзандининг таъминоти учун барча иш ҳақи ва бошқа барча ишлаб топган даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент тўлаши лозим бўлса-да, 2023 йил 24 майдан 2025 йил 1 сентябргача бўлган давр учун жами бўлиб, 25.947.988 сўм алимент қарзларини тўламасдан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандига икки ойдан ортиқ муддат мобайнида моддий таъминлашдан бўйин товлаб келган.
Шу сабабли Мажбурий ижро бюронинг Термиз шаҳар бўлими ходимлари томонидан тўпланган маъмурий иш материаллари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига кўра, жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида кўриб чиқилди.
Давлат ижрочиси томонидан қарздорлар Ахмедов Руслан Содикович ҳамда Собиров Нодир Қосимовичга алимент қарздорлигини тўлаш ҳақида ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, бир неча бор ёзма равишда огоҳлантиришлар берилганлигига қарамасдан, улар томонидан алимент пулларини тўлашни пайсалга солиб, алимент қарзларини тўламасдан бош тортиб юришгани уни суд залигача олиб келди.
Суд мажлисида фарзандлари олдидаги масъулиятини эсидан чиқариб, оталик бурчини унутган ҳуқуқбузарлар Ахмедов Руслан Содикович ҳамда Собиров Нодир Қосимович суднинг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Конституциямизнинг 77-моддасида, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларниннг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши ҳусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги қайд қилинган.
Шунингдек, Оила кодексининг 96-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шартлиги белгиланган.
Шундай экан ҳар бир ота-она болалар давлатимизнинг эртанги келажаги эканлигини чуқур ҳис этган ҳолда оилада соғлом муҳит яратишга масъул эканлигини унутмаслиги керак.
ИКРОМЖОН ШАЙМАНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди тергов судьяси
ТУРСУНБОЙ ХОДЖИЕВ,
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судья ёрдамчиси