ЎҒИРЛИКНИНГ АЯНЧЛИ ОҚИБАТИ

Жарқўрғон туманида яшовчи фуқаро Мавлонов Бахром (исм, фамилияси ўзгартирилган) муқаддам 5 маротаба, шу жумладан ўғирлик жиноятлари учун судланиб, жазо ўтаб чиққан, Жиноят Кодексининг 34-моддасига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилган бўлса-да, ўзига тегишли хулоса чиқармади.
Бахром Мавлонов ўта хавфли рецидивист бўлгани ҳолда, ўғирлик жиноятини содир қилиб, текин бойлик орттириш мақсадида 2022 йил 9 май куни соат 09:30 ларда Термиз тумани ҳудудидаги хусусий корхона биносига кириб, хусусий корхона раҳбари хонасидан 8.800.000 сўм пулларни яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судининг ҳукмига кўра, Мавлонов Бахромга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 4-қисми “б” банди билан 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Суд ҳукмига нисбатан Бахром Мавлонов томонидан келтирилган апелляция шикоятига асосан иш Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, суд томонидан адолатли жазо тайинланиб, асосли ҳамда қонуний тўхтамга келинганлиги сабабли унинг апелляция шикояти қаноатлантирмасдан, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.
Хулоса шуки, қонун устувор ва жазо муқаррар.
МУХИДДИН МАЛИКОВ,
Сурхондарё вилоят суди судьяси