ЎҒИРЛИК ЖИНОЯТИНИ ЎЗИГА КАСБ ҚИЛГАН КИМСА

Айрим кимсалар доим бошқаларнинг чўнтагидаги пулларни санаб юради. Фурсат бўлди, дегунча, уларга эгалик қилиш ҳаёлида бўлади. Баъзан бу истак кучлилиги сабабли ўғирлик қилиш ҳолатлари кузатилади.

Термизлик Аваз Тоиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) шундай кимсалар тоифасига қўшиш мумкин. Нега деганда, у муқаддам 6 маротаба ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун тегишли жазога тортилганидан бу гал ҳам тўғри хулоса чиқармади.

Аваз охирги маротаба суд томонидан ўта хавфли рецидивист топилган бўлишига қарамасдан яна эски касбини давом эттириб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш ва шу йўл билан мулкий манфаат кўришни мақсад қилиб, жиноий режасини амалга ошириш мақсадида 2024 йил 13 февраль куни Термиз шаҳар Наврўз маҳалласидаги кўп қаватли уйларнинг бирини кириш эшиги олдида қулфланган ҳолда қўйиб кетилган фуқаро Абдула Қулаевга тегишли бўлган бир дона 1.800.000 (бир миллион саккиз юз минг) сўм бўлган “Velomax” русумли велосипед қулфини бузиш йўли билан ўғирлаб кетади.

Қахрамонимиз ушбу содир этган жинояти учун жазонланмай қолганлигидан фойдаланиб, жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, 2024 йил 27 февраль куни Термиз шаҳар “Каттабоғ” маҳалласида яшовчи Баҳром Алимовнинг яшаш ҳовлисида турган бир дона қора рангли 1.200.000 (бир миллион икки юз минг) сўм бўлган “Алтай” русумли  велосипедини ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинади.

Ушбу ҳодисалардан жабр кўрган Абдула Қулаев ва Баҳром Алимовлар туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қиладилар. Олиб борилган тезкор-қидирув суриштирув натижаларига кўра, Авазнинг содир этган жинояти фош этилиб, жиноят иши қўзғатилади.

Суд мажлисида сўралган Аваз Тоиров айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий ва моддий шароити оғир эканлиги сабабли ўғирлик жиноятига қўл урганлигини билдириб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўрайди.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди унга юқоридаги қилмишлари учун 6 (олти) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, жазони ўташ махсус тартибли колонияда ўтаттиришни белгилади.

Шу каби, суд ҳукми билан судланувчи Аваз Тоировдан жабрланувчиларга етказилган моддий зарарларни ҳам ундиришни белгилади.

Қилмиш – қидирмиш деб шуни айтадилар. Ўз нафсига қул бўлиб, ҳалол ризқ топмасдан, бировларнинг ҳаққини ейишнинг жазосини бу дунёнинг ўзида олди.

ШЕРЗОД ЮЛДАШЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судьяси