Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясининг 1-моддасида, Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги қайд этиб ўтилган.

Ҳуқуқий давлат – бу ҳуқуқий асосда ташкил топадиган ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида ҳуқуқ устуворлик қиладиган давлатдир. Яъни давлатда конституция ва қонунларни устунлиги, барчанинг мустақил суд олдида тенглиги таъминланадиган, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланадиган, ҳокимият ваколатларнинг бўлиниши принципи асосида ташкил этилган демократик давлатдир.

Конституциямизда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий давлат эканлигини асослари келтирилган бўлиб, жумладан: 

Конституция олий юридик кучга эга ва тўғридан-тўғри амал қилади.

Қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал этилади.

Ўзбекистонда барча мулк шакллари тенгдир ва ҳуқуқий томондан ҳимоя қилинади.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда, юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.

Мулкдор ўз мол-мулкидан суд қарорисиз ҳамда қонунга зид тарзда маҳрум қилиниши мумкин эмас.

Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.

Ҳеч ким суд қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас.

Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунлардаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайди.

Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас.

Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланган.

Ҳуқуқий давлатда барча жараёнлар қонунга асосланиб қурилади, шунингдек жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, барча шахслар қонун олдида тенг, ҳаттоки давлатнинг олий органлари ҳам қонунга бўйсунади ва қонуннинг ижросини таъминлайди.

Барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, қонун йўли билан кафоталанган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг аксарияти ижтимоий соҳага йўналтирилганини кўришимиз мумкин. Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда эҳтиёжманд ­қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларга давлат томонидан кафолатлар тизими орқали ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган. Одамларнинг фаровон ва ҳаётдан рози бўлиб турмуш кечириши учун муносиб шароит яратиш, бандликни таъминлаш ва даромадини ошириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, турмуш шароити ва сифати жиҳатидан табақаланишга йўл қўймаслик каби масалаларга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Конституциямизга кўра, Ўзбекистон ўзини ижтимоий давлат деб эълон қилиши билан ҳар бир фуқаросига муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароитлар яратиш мажбуриятини олмоқда. Мавжуд ресурсларни ижтимоий адолат тамойиллари асосида тақсимлаш, жамиятда кучли табақаланиш авж олишига йўл қўймаслик, энг заиф қатламлар учун ҳам сифатли таълим ва тиббиёт кафолатланиши, самарали ижтимоий ҳимоя дастурлари ишлаши, имконияти чекланган ва мухтож фуқароларни қўллаб-қуватлаш, меҳнатга лаёқатсиўз қатламни пенсия ва нафақалар билан таъминлаб бориш, адолатли меҳнат қонунчилиги тизимини мустаҳкамланиши каби фуқароларни ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлайди

Дунёвий давлат- давлатнинг конституциявий ҳуқуқий тавсифи бўлиб, Дунёвий давлат деганда, давлат билан дин ўртасидаги нисбат, яъни давлатнинг динга муносабати, диндан ҳоли мавжуд бўлиши ва ривожланишини тушуниш мумкин. Аниқроқ айтганда, дунёвий давлат ҳеч бир динга давлат дини, расмий дин мақомини бермайди, диннинг сиёсийлашувига йўл қўймайди, таълим тизими ва давлат бошқарувини дин таъсиридан ҳоли қилиб, ўз юрисдиксиясида қайд этилган давлат назарда тутилади. Шу маънода дунёвий давлат учун истиқболли муносабат шакли давлатни диндан ажратилганлиги ҳисобланади. Бундай давлатлар сирасига АҚШ, Франция, Россия Федерацияси, Болгария, Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар мисол бўла олади.

Янги таҳрирдаги конституциямизга кўра, Ўзбекистон – дунёвий давлат тушунчаси аниқ термин сифатида киритилди. Ваҳоланки, дунёвий давлат эканимизни мустақиллик эълон қилинган даврдан эътироф этилади. Давлат ва дин бир-биридан ажратилган бўлиб, давлат диний эътиқодидан қатъи назар барчага бир хил муносабатда бўлади, динга оид масалаларда нейтрал позициясини эгаллайди.

Ўзбекистон Республикаси Контитуциясининг 75-моддасида  диний ташкилотлар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятига аралашмайди.

Давлат қонунда белгиланган тартибда фаолият кўрсатаётган диний ташкилотлар фаолиятининг эркинлигини кафолатлайди.

Виждон ва эътиқод эркинлигини ўрнатувчи конституцивий норма қоидаларининг амал қилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда 1998 йил 1 май куни “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, қонун виждон эркинлигини фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқи сифатида белгиланган. Дунёвий давлатнинг акси теократик давлат бўлиб, унда ҳокимиятни черков иерархияси бошқаради. Бундай давлатга Ватикан давлати мисол бўла олади.

Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги,яъниинсон фаровонлиги, демократик-ҳуқуқий давлатчиликка асосланганлигини, қонун барча учун баробар эканлигини ва диний қарашлар эркин эканлиги бош қомусимиз Конституция билан кофолатланганлигини англаш мумкин.

БЕҲРУЗ СИДИҚОВ,

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг тергов судьяси