“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг мазмун – моҳияти.
Суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормага сўзсиз риоя этилишини таъминлаш мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир. Мустақиллик йилларида юртимизда суднинг давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи сифатида қарор топишига, уни ўтмишдаги қатағон қилувчи органдан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли муҳофаза этиш ва ҳимоя қилишга йўналтирилган чинакам мустақил институтга айлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Шу билан бирга, республикамизни ривожлантиришнинг кейинги беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси асосида суд-ҳуқуқ тизими мазмун-моҳияти тубдан ўзгартирилмоқда.
2021 йил 27 апрель куни Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонун ҳам бу соҳадаги далил қадамлардан биридир.
Маълумки, бугунги кунга қадар Конституциявий суднинг фаолияти 2017 йил 31 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги қонун билан тартибга солиб келинаётган эди. Конституциявий судда иш юритишнинг процессуал қоидалари Конституциявий суднинг ўзи томонидан тасдиқланган Регламент билан белгилаб берилганди.
Аксарият мамлакатларнинг Конституциявий судлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бундай қоидалар Конституциявий суд томонидан эмас балки қонун билан белгиланиши назарда тутилган. Чунки, иш юритишнинг процессуал қоидалари бевосита инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликлари билан боғлиқ ва шунинг учун ҳам улар қонун билан белгиланиши лозим.
Янги қонунда юқорида таъкидланган масалалар ҳал этилгани билан бир қаторда, мамлакатимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаш лозим.
Эндиликда фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.
Шунингдек, қонунда фуқаролар ҳамда юридик шахсларга, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга Конституциявий судга мурожаат этиш ҳуқуқи берилиб, Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар доираси кенгайтирилди.
Шу билан биргаликда, Қонунда Конституциявий суднинг ваколатлари, Конституциявий суд судьясининг мақоми, суд раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш ҳамда уларни эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш, Конституциявий суд ишларини юритиш, суд ишларини юритиш иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, судга мурожаат этиш ва мурожаатни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ҳамда ўрганиш, Конституциявий суд томонидан процессуал ҳаракатларни амалга оширишнинг тартиби ва механизми, Конституциявий суд муҳокамаси, муддатлари, суд мажлисининг баённомасини юритиш, Конституциявий суд қарорларининг ижроси масалалари аниқ белгилаб берилди.
Масалан, Конституциявий суд судьясини ишни кўришда иштирок этишдан четлаштириш талаблари белгиланди. Хусусан, кўриб чиқиш предмети бўлган ҳужжатни тайёрлашда илгари хизмат мавқеи сабабли қатнашган бўлса, ишда иштирок этаётган тарафнинг ёки бошқа шахснинг қариндоши бўлса, ишнинг пировард натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёҳуд унинг холислигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса Конституциявий суднинг судьяси ишни кўришда қатнашишдан четлаштирилиши ифодаланди. Шу билан бирга, Конституциявий суд ишларини юритишнинг ошкоралик принципини таъминлаш мақсадида қонуннинг 50-моддасида суд мажлиси иштирокчилари ва суд залида ҳозир бўлганлар суд мажлисининг боришини қайд этишга, овозли ёзувни амалга оширишга ҳақли эканлиги, фото тасвирга олиш, видео ёзувини амалга ошириш, шунингдек, уни радио ва телевидение орқали узатиш тартиби акс этди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун Конституциявий суд фаолиятини яхшилаш, мамлакатимизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш, Конституция ва қонун устунлигини таъминлашга хизмат қилади.
Зухриддин Мавлонов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Сайфиддин Алимардонов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси