Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2022 йил 28 январдаги ПФ–60-сон Фармони билан “Давлат — Жамият — Инсон” тамойилидан “Инсон — Жамият — Давлат”  тамойилига ўтилиши хусусида.

Янги Ўзбекистонда мутлақо янги миллий ҳуқуқий тизим шаклланмоқда. Яъни «Инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, айниқса, қадри — энг муҳим қадрият» деган тамойил эътироф этилмоқда. Энг асосийси: Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида йиллар давомида амал қилиб келган «давлат — жамият — инсон» тамойили «инсон — жамият — давлат» тамойилига ўзгартирилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев тақдим этган Янги Ўзбекистоннинг

2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасида белгилаб берилган устувор йўналишлар ва энг муҳим вазифаларнинг атрофлича таҳлили шундан далолат беради.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида 2017 йил февралида Президентимизнинг Фармони билан тасдиқланиб, 5 йил давомида ҳаётга изчил татбиқ этилган Ҳаракатлар стратегияси доирасида эришилган ютуқлар, хусусан, асосий натижаларга оид далил ва рақамлар ҳам келтирилган.

Битта рақамга эътибор қаратайлик: Ҳаракатлар стратегиясини ижро этиш учун 300 дан ортиқ қонун ва кодекс, Президентимизнинг 4 мингдан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинган. Шу тариқа Ҳаракатлар стратегияси якунига келиб, Янги Ўзбекистон пойдеворининг ҳуқуқий асослари яратилди.

Янги ҳужжат — Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси энди Янги Ўзбекистоннинг пойдеворини тиклаш ва биносини қуришга қаратилган. Бу буюк бунёдкорлик жараёни 2026 йилгача бўлган даврни қамраб олади ва йилма-йил амалга ошириб борилади.

Жамоатчилик муҳокамалари шу йил 15 январда якунланадиган мазкур Тараққиёт стратегияси замирида қандай маъно-моҳият мужассам, деган савол туғилиши табиий.

Авваламбор, «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси», деган номнинг мазмун-моҳиятига мухтасар тўхталамиз. Зеро, бу номнинг келиб чиқиши, фикримизча, бир қатор муҳим омилларга бориб тақалади.

Биринчи омил: ушбу ном Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси — Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми эканини англатади. Агар Ҳаракатлар стратегиясида
5 та устувор йўналиш белгилаб олинган бўлса, Тараққиёт стратегиясида ҳам ушбу устувор йўналишлар давомийлиги сақлаб қолинган.

Шу билан бир қаторда, тараққиёт ўзгаришларининг янги тарихий босқичда давом эттирилиши кўзда тутилган ҳолда, Тараққиёт стратегиясига 2 та янги устувор йўналиш қўшиляпти. Булардан бири — маънавий тараққиётни таъминлаш билан боғлиқ бўлса, иккинчиси — Ўзбекистоннинг дунёда юз бераётган глобал муаммоларга муносабати негизида белгиланган янги устувор йўналишдир.

Шундай қилиб, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида қуйидаги еттита устувор йўналиш назарда тутилган:

биринчи устувор йўналиш — инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;

иккинчи устувор йўналиш — мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;

учинчи устувор йўналиш — миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш;

тўртинчи устувор йўналиш — адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;

бешинчи устувор йўналиш — маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш;

олтинчи устувор йўналиш — умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш;

еттинчи устувор йўналиш — мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб бориш.

Иккинчи омил: Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида «Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари» тамойили илгари сурилаётгани бежиз эмас. Чунки аввало, Ҳаракатлар стратегиясидаги ҳар бир йўналишни тараққиётнинг янги босқичида мантиқий ва изчил асосда ривожлантириш ҳамда янги устувор йўналишларда муҳим натижаларга эришиш кўзда тутилмоқда.

Тараққиёт стратегиясида асосий эътибор, бир томондан, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга доир қонунлар, кодекслар, концепция ва дастурлар қабул қилинишига қаратилган.

Иккинчи томондан, унда қонун устуворлигини таъминлаш, конституциявий ислоҳотни ҳаётга изчил татбиқ этиш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, маьнавиятни ривожлантириш, шунингдек, глобал муаммоларга Ўзбекистоннинг муносабати, хавфсизлик ва ташқи сиёсат борасидаги муҳим вазифалар қамраб олинган.

Энг асосийси, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидаги 7 устувор йўналишнинг бош ғояси — инсон қадрини таъминлашдир. Чунки Президентимизнинг сайловолди дастуридаги асосий ғоя ҳам «Инсон қадри учун» тамойили эди.

Учинчи омил: инсон қадрини жойига қўйишни қонуний ва ташкилий-ҳуқуқий йўллар билан ҳаётимизнинг барча соҳаларида миллий, минтақавий ва халқаро ҳамкорлик даражаларида қандай қилиб амалга ошириш керак?

Тараққиёт стратегиясида бу долзарб саволга жуда кўплаб аниқ мақсадларга қаратилган амалий жавоблар бор.

Ҳаракатлар стратегиясининг ҳар бир устувор йўналиши бўйича ҳозирги кунга қадар 26 та концепция ва бир қатор дастурлар қабул қилинган бўлса, келгусида Тараққиёт стратегияси доирасида 13 та кодекс, 12 та қонун, яъни ҳар бир устувор йўналишда зарур қонун ҳужжатлари қабул қилиниши кўзда тутилган.

Жумладан, Тадбиркорлик кодексининг ишлаб чиқилиши — юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва тадбиркорлар ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилишнинг мустаҳкам қонуний асосига айланади.

Бўлажак Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодексда фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий мезонлари ўз аксини топади.

Ахборот кодекси — шу вақтга қадар амал қилаётган оммавий ахборот воситалари, журналистлар фаолияти, ахборот ва сўз эркинлигига бағишланган ўндан ортиқ қонун кодификация қилинган ягона ва яхлит қонун ҳужжати сифатида қабул қилинишининг натижаси бўлади.

Тўртинчи омил: Янги Ўзбекистон тарраққиёт стратегиясининг нафақат номланиши, айни чоғда унда белгиланган устувор йўналишлар ва муҳим вазифалар ҳам миллий ёки минтақавий миқёсдагина эмас, балки глобал даражада улкан аҳамиятга молик халқаро ҳужжатлар билан уйғун ва ҳамоҳанг-дир.

Бугунги кунда халқаро ҳамжамият томонидан Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция лойиҳаси ишлаб чиқиляпти. Қолаверса, 35 йилдан буён Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги декларация амал қилмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон Президенти тақдим этаётган Тараққиёт стратегияси халқаро ҳамжамиятнинг ривожланиш тенденцияларига, бутун дунёнинг тараққиёт трендларига тўлиқ мос келади.

Жамоатчилик муҳокамалари якунлари бўйича келиб тушган таклиф ва тавсиялар асосида маромига етказилганидан сўнг давлатимиз раҳбари томонидан имзоланиши кутилаётган «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармон асосида:

биринчидан, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси;

иккинчидан, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»;

учинчидан, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича миллий комиссия таркиби тасдиқланади.

Энг асосийси, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» лойиҳасида «Давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт» ғоясини татбиқ этишни назарда тутувчи «Халқчил давлат» миллий дастурини ишлаб чиқиш вазифаси зиммамизга юклангани бежиз эмас.

Албатта, ушбу Дастур лойиҳаси, илғор хорижий давлатларнинг тажрибасини инобатга олган ҳолда, белгиланган муддатда ишлаб чиқилади ва тақдим этилади.

«Йўл харитаси» лойиҳасида яна бир муҳим вазифа — Халқ қабулхоналарининг ҳуқуқий мақомини такомиллаштириш масаласи учун масъул этиб белгиланганмиз. Халқ қабулхоналари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва уларнинг давлат бошқаруви тизимидаги мақомини мустаҳкамлашга қаратилган Конституциявий қонунни қабул қилиш бўйича ишларни аллақачон бошлаб юбордик.

Халқ билан бевосита мулоқот қилиш, юртдошларимизнинг дарду ташвишлари, муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича мутлақо янги демократик тизим — Халқ қабулхоналари ўтган беш йилда фаолият юритиб келмоқда ва ўзини оқлади.

Бундан ташқари барча давлат органлари фаолиятида «халқ дардига кулоқ солиш», муаммоларни жойида ҳал этиш ва халқни рози қилиш бўйича самарали ишлар қилинмоқда.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси лойиҳасининг 12-мақсади «Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш» деб номлангани бежиз эмас.

Зеро, бу ўринда оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш, одамларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг ижроси аҳволини ўрганишда ижод аҳли меҳнатидан самарали фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, юртимизда таъсирчан жамотчилик назоратини ўрна-тишга хизмат қилади.

Маълумки, Ҳаракатлар стратегияси доирасида юртимизда оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги ўрни ва аҳамияти қонунчилик негизида тубдан кучайтирилганди. Тараққиёт стратегиясида ана шу ташкилий-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш кўзда тутилгани янги давр талабидир.

Шу нуқтаи назардан, Тараққиёт стратегияси лойиҳасининг 83-мақсади «Фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш» деб аталгани ҳамда унда бир қатор муҳим вазифалар кўзда тутилгани ҳам катта аҳамиятга эга.

Бунда шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ҳам кўзда тутилган. Бунда Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг дахлсизлик ҳуқуқлари билан боғлиқ моддаларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёрланади.

Ўз навбатида, «Йўл харитаси» 46-бандида қийноқларнинг олдини олиш бўйича превентив механизмларни такомиллаштириш ҳақида сўз боради.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ушбу вазифанинг асосий ижрочиларидан биридир.

Бунда, биринчидан, қийноқларнинг олдини олиш бўйича тегишли халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш масаласини кўриб чиқиш тақозо этилади. Иккинчидан, қийноқларнинг олдини олиш бўйича превентив миллий механизмнинг қонуний асосларини ривожлантириш керак бўлади.

Ҳамкор ташкилотлар билан ҳар икки масала бўйича, умуман, Тараққиёт стратегияси ижроси доирасида ўзаро ҳамжиҳатликда фаол иш олиб борамиз.

Тараққиёт стратегияси лойиҳасининг 19-мақсади — адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ қондиришдан иборат. Бунда:

адвокатура институтини тўлақонли ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш, Адвокатлар палатаси бошқарув органларининг адвокатлар ҳамжамияти олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш, тизимга ёш малакали кадрларни жалб қилиш;

адвокатлар малакасини ошириш тизимининг замонавий ва самарали механизмлари ва институционал асосларини шакллантириш;

адвокатлик фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали ортиқча бюрократия ва қоғозбозликка чек қўйиш, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари билан электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш;

бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш, нотариат ва фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органларининг хизматларидан оворагарчиликсиз, шу жумладан, масофадан туриб ва «ягона дарча» тамойили асосида фойдаланишни таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси лойиҳаси негизида бир қанча янги дастурлар, янги концепциялар, янги қонун ҳужжатлари қабул қилиниши назарда тутилмоқда. Бу билан мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ривожланишининг кейинги босқичида амалга ошириладиган ислоҳотлар кенг қамраб олинмоқда.

Шундай экан, Тараққиёт стратегиясининг тасдиқланиши ва муваффақиятли амалга оширилиши Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали инсон қадрини улуғлашга қаратилган улкан мақсад ва вазифаларимизга эришиш имконини беради.

Баходир Джумаев

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси