ЎЗ ХОНАДОНИДА ГИЁҲВАНД ЎСИМЛИГИ ПАРВАРИШ ҚИЛГАН ШАХС

очерк

Инсон дунёга келар экан, ҳаётда ўз ўрнини топиш, бахтли ҳаёт кечириш, элу-юрт орасида ҳурмат-эътибор қозонишга интилади ва албатта бунинг учун тинимсиз ҳаракат, изланиш, катта меҳнат талаб этилади. Ўзига берилган энг олий умрни бемазмун ўтказиб, бирор бир эзгу ишга қўл урмай, жамиятга фойда келтирмасдан, юрт тараққиёти ва ривожига ҳисса қўшмай яшаётган инсонларнинг учраб туриши афсусланарли ҳолдир.

Олтинсойлик Олим Набиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) эндигиа ўттиз ёшни қаршилади. Аммо ҳеч қаерда ишламайди. У бекорчилигиданми ёки данкасалигиданми жиноятга қўл урганини билмай қолди чоғи. Ўзининг яшаш уйи томорқасига экилган ёввойи супурги орасига 11 туп, помидор кўчатлари ёнига 2 туп, маккажўхори ўсимлиги олдига 13 туп Каннабис гиёҳванд ўсимлигини экиб, парвариш қилиб келарди. Бу ҳаракатини ҳеч ким пайқамайди деган ўйда юрган вақтида хонадонига 2025 йилнинг 3 сентябрь куни тезкор ходимлар холислар билан кириб келиб, Олимнинг яшаш уйи томорқаси ва ёрдамчи хўжалик хоналари кўздан кечирилади. Шунда унинг хонадонидан қонун билан тақиқланган яшил рангли ўткир ҳидли жами 26 туп наша гиёҳванд ўсимликлари ҳолислар иштирокида ҳужжатлаштирилади.

Бежизга: “Бекорчидан Худо безор” дейилмаган. Инсон эртаю кеч ғанимат вақтини мана шу каби қинғир ишларга сарф қилмоқда.

Олимнинг бу ҳаракати уни жиноят кўчасига етаклади. Энди қонун олдида жавоб беради. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, иш судда кўриб чиқилди. Суд унинг айбига иқрор ва чин кўнгилдан пушаймонлигини, қарамоғида уч нафар фарзанди борлигини инобатга олди-ю, шу билан бир қаторда содир этган жинояти учун жазо муқаррарлигини таъминлади.

Бекорчи одам ҳаётда ўз истагига эришолмаслиги аник. Ваҳоланки, бу ҳаëт доимий ҳаракатда, ўзгариш янгиланишда бўлиб, қотиб турмайдиган жараёндир.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси