Янги Ўзбекистон – янги суд принципи доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон манфаатлари

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳуқуқий соҳасида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар мамлакатда суд тизимини модернизация қилиш ва инсон ҳуқуқларини кенгроқ ҳимоя қилишга қаратилган. Хусусан, охирги йиллар давомида қабул қилинган янги қонунлар, кодекслар ва норматив ҳужжатлар мамлакатнинг ҳуқуқий муҳитини тубдан ўзгартириш мақсадида қабул қилинди.
Шунингдек, бу ислоҳотлар билан судлар мустақиллигини кучайтириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар билан курашишда янги усулларни жорий этиш, ҳуқуқий таълим ва ахборот тизимларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада, Ўзбекистон ҳуқуқий тизими халқаро стандартларга мослашиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда янада самарали ва ишончли бўлишига эришилди.
Маълумки, ҳар бир инсон учун мустақил ва холис судга эга бўлиш ҳуқуқи таъминланган. Ушбу ҳуқуқ Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 10-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси қўшилган бошқа халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Фақат мустақил суд ҳар қандай фуқаронинг ишини адолатли ва ошкора тарзда кўриб чиқиш орқали унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга имкон яратади. Шу нуқтаи назардан, Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун асос бўлди.
Кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан ишлаб чиқилган қуйидаги еттита устувор йўналишдан иборат 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясининг иккинчи устувор йўналишида: мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш мақсадида қуйидаги суд-ҳуқуқ тизмида қуйидаги ўзгаришлар қилинди:
-Маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш;
-“Хабеас корпус” институтини янада ривожлантириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтириш;
-Суд протсессида томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишув тамойилларини рўёбга чиқариш;
-Судлар тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъий назар, қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизимини жорий этиш;
-Суд тизимини босқичма-босқич рақамлаштириш, бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини тубдан ошириш;
-Низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, ярашув институтини қўллаш доирасини янада кенгайтириш ва бошқалар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Сўнгги йилларда мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида, берилган мол-мулк устидан кредиторларнинг ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш, гаровга қўйилган мол-мулкни ауксион орқали сотиш жараёнларини соддалаштириш ва шунингдек, гаров билан таъминланган мажбуриятларни суддан ташқари тартибда ундириш амалиётини такомиллаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, амалиётда кредит (ипотека) шартномаси бўйича мажбуриятларнинг қарздор томонидан вақти-вақти билан ёки лозим даражада бажарилишини, кредиторнинг гаров билан таъминланган талабларининг қаноатланишини, суд тартибида ва суддан ташқари тартибда ундирувни гаров нарсасига қаратишни, шунингдек, гаровга олувчининг гаров нарсасига бўлган ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини кўриш мумкин.
Фуқаролик кодекси “7461-модда. Кредитни муддатидан олдин қайтаришни талаб қилиш” ҳақида модда билан тўлдирилди. Унга кўра кредитни муддатидан олдин суд тартибида ундиришда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кредитор дастлаб қарзнинг белгиланган муддатда қайтарилмаган қисмини ундириш учун судга мурожаат қилиши, бунда агар қарз олувчи муддати ўтган қарзни тўлиқ тўламаган тақдирда, кредитор кредитнинг қолган барча суммасини муддатидан олдин қайтариш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги белгиланди.
Демак жавобгар қарздорликни ихтиёрий бартараф этмаса, биринчи навбатда кредиторлар уни муддати ўтган қисмига нисбатан судга даъво киритади. Бу тадбиркорлик субъектлар учун ҳам қулайлик яратади.
Бундан ташқари, “Суд ва бошқа орган ҳужжатларни ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 54-банди қуйидаги тартибда таҳрир қилинди: Гаровга қўйилган мол-мулк билан таъминланган мажбуриятларни ижро этишда ундирув ушбу мол-мулкка қаратилган тақдирда, гаровга қўйилган мол-мулк суд томонидан мажбурий тарзда баҳолашдан ўтказилади ҳамда ушбу кимошди савдосидаги бошланғич реализация қилиш нархи суд қарори билан баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда аниқланган миқдорда белгиланади.
Бундан мақсад гаровга қўйилган мол-мулк суд томонидан баҳоланади. Бу баҳолаш мол-мулкнинг ҳозирги бозор қийматини аниқлаш учун ўтказилади. Баҳолаш натижасида мол-мулкнинг қиймати ва шунингдек, ундириш учун бошланғич нархи (реализация қилиш нархи) аниқланади. Бу ҳам гаров мулкининг амалдаги бозор нархида сотилишига ёрдам беради.
Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, асосан, судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш, қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш, рақамли технологияларни жорий этиш ва ҳуқуқий адолатни таъминлашга қаратилган.
Бу жараёнлар натижасида, судларнинг самарадорлиги ошиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кенгроқ ҳимоя қилинмоқда, шунингдек, иқтисодий ва ҳуқуқий муҳит яхшиланмоқда. Шу билан бирга, молиявий ва мажбуриятларни ижро этиш соҳасида ҳам қонунчиликда муҳим ўзгаришлар бўлиб, улар мажбуриятларнинг адолатли ва ошкора бажарилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
ХАСАН АБРАЕВ,
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси
ЖАСУРБЕК АЛЛАБЕРДИЕВ,
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди девонхона мудири