ЭСКИ ОДАТ БАЛОСИ
Ҳаётда сўқир кўзи очилмайдиган, қилмишларидан тегишли хулоса чиқариб олишни хаёлига келтирмайдиган кимсалар ҳам учраб туради.
Масалан, Ангор туманида яшовчи Тўлқин Шоймардоновни (исм-шарифлар ўзгартирилган) шундай кимсалар тоифасига қўшиш мумкин. Нега деганда, у 2020 йилда ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун тегишли жазога тортилган.
Буни қарангки, суд томонидан тайинланган жазосини ўтаётган пайтда иккинчи марта содир этган ўғирлик жинояти фош бўлди.
Аниқроқ айтганда, у 2022 йил 22 сентябрь куни соат тахминан 04:00 ларда туман марказида пиёда юриб, атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, йўлнинг чекка қисмига сотиш учун олиб келиб, маълум муддат сақлаш учун қўйилган Аброрқул Жўраевга тегишли бозорда сотилиш баҳоси 208.000 сўм бўлган, 16 кг ловия маҳсулотини яширин равишда талон-тарож қилиб, ўғирлик жиноятини қасддан содир этган ва воқеа жойидан яширинади.
Тўлқин ушбу содир этган жинояти учун жазонланмай қолганлигидан фойдаланиб, яна такроран жиноят содир этиш йўлига кириб, эртаси куни яъни 23 сентябрь куни соат тахминан 04:00 ларда тумани марказига келиб, атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, йўлнинг чекка қисмига сотиш учун олиб келиб, маълум муддат сақлаш учун қўйилган Сарвиноз Орзиевага тегишли бозорда сотилиш баҳоси 450.000 сўм бўлган 25 кг ёнғоқ маҳсулотини яширин равишда талон-тарож қилиб, такроран ўғирлик жиноятини қасддан содир этган ва воқеа жойидан яширинади.
Бу воқеалардан жабр кўрган Аброрқул Жўраев ва Сарвиноз Орзиевалар туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қиладилар. Олиб борилган тезкор-қидирув суриштирув натижаларига кўра, Тўлқиннинг содир этган жинояти фош бўлиб, жиноят иши қўзғатилади.
Жиноят иши доирасида Тўлқин Шоймардонов жиноят ишлари бўйича Ангор тумани суди томонидан ўғирлик жинояти содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан суд томонидан тегишли жазо тайинланди.
Хулоса ўрнида айтганда, ўғри кимсаларнинг қилмишини баён этишдан мақсад шуки, бу ҳаётда ҳеч қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Шундай экан, бебаҳо умрни эзгу ишларга бағишлаш, ҳаётда ўзидан яхши ном қолдиришга не етсин?!
Суюн Бўтаев
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси