“ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ КУРАШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ”

Экстремизмга қарши кураш давлат ва конституциявий тузумни мустаҳкамлаш, фуқаролар ва миллатлараро тинчликни, ҳудудий яхлитликни таъминлаш, демократик сиёсий тизимни ривожлантиришга бўлган эътиборни кучайтиришни талаб қилади. Республикамизда экстремизмга қарши кураш асослари, усуллари таҳлил қилинганда, мафкуравий, ижтимоий-иқтисодий, жиноий-хуқуқий, маъмурий-хуқуқий усуллар қўлланилаётганлигининг гувоҳи бўламиз. Улар бир тарафдан экстремизмнинг тарқалишига олиб келадиган сабаб ва шароитларни бартараф этишга қаратилган бўлса, бошқа тарафдан экстремистик ҳаракатларни амалга ошираётган шахслар, гуруҳлар ва ташкилотларга қарши маъмурий-ҳуқуқий ва суд идоралари томонидан олиб борилмоқда. Экстремизмга қарши курашдан комплекс чора-тадбирларнинг муҳим асосий қисми норматив-ҳуқуқий асосни яратиш, ривожлантириш ва амалга татбиқ этиш ҳисобланади. Республикамизда экстремизмга қарши курашнинг норматив ҳуқуқий асосини тартибга солишга, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, экстремизм ва фундаментализмга қарши кураш барча имкониятлар сафарбар этилган ҳолда олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасига асосан қонунда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият идоралари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортиш учун асос бўлади. Асосий қонуннинг ана шу меъёрлари асосида амалдаги Жиноят кодексининг қатор моддаларида жиноий жавобгарлик белгиланган. Булар виждон эркинлигини бузиш (ЖКнинг 145- моддаси), миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш (ЖКнинг 156-моддаси), Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш (ЖК 159-модда), жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш (ЖКнинг 216-моддаси), ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар фаолиятида қатнашишга ундаш ( ЖКнинг 216-1 моддаси), диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш (ЖК 216-2 моддаси), диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш (ЖК 229-2 моддаси), жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш (ЖК 244-1 моддаси), диний – экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа таъқиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш (ЖК нинг 244-2 моддаси), диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш жиноятлари (ЖК нинг 244-3 моддаси) бўлиб ҳисобланади.

Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам экстремистик фаолият тарқалишининг олдини олиш мақсадида бир қатор маъмурий жавобгарликни белгиловчи моддалар киритилди. Булар МЖтКнинг 184-моддасида белгиланганидек, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш мақсадида сақлаганлик учун, диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатганлик учун (МЖтКнинг 184-2-моддаси), миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатганлик учун(МжтКнинг 184-3-моддаси), ғайриқонуний нодавлат нотижорат ташкилотлари, оқимлар, секталарнинг фаолиятида қатнашишга ундаганлик учун (МжтКнинг 202-1-моддаси), диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун (МЖтКнинг 240-моддаси), диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузганлик учун (МжтКнинг 241-моддаси) белгиланган жавобгарлик меъёрлардир.

Шунингдек, бу борада республикамизда қабул қилинган бир қатор қонунлар, Президент Фармонлари ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам жамиятда жиноятчиликнинг шу турига қарши курашиш мақсадида киритилган ҳуқуқий меъёрлар ўз аксини топди. Бу борада, айниқса, 1998 йил 1 майда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги (янги таҳрир) қонунни эътироф этиш лозим. Амалдаги Жиноят кодексига киритилган экстремистик ва фундаменталистик фаолият билан боғлиқ қилмишлар учун жавобгарлик белгиланган моддаларнинг барчаси айнан шу қонуннинг меъёрларига асосан қабул қилинди. Мазкур қонуннинг 3-моддасига кўра, фуқарони динга, динга эътиқод қилиш ёки қилмасликка, ибодат қилишга, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди (Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуни.(Янги таҳрирда).Т.: «Адолат», 1998 йил, 5- бет). Шунинг учун бир қатор қонунлар «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун меъёрларига мувофиқлаштирилган ҳолда қабул қилинди. Масалан, 1999 йил 14 апрелида қабул қилинган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунининг 12-моддасида фуқаролар йиғини кенгашининг ваколатлари сифатида рўйхатдан ўтмаган диний ташкилотлар фаолият кўрсатишининг олдини олиш, фуқароларнинг диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўриш, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриб чиқиши белгилаб қўйилган (Ўзбекистоннинг янги қонунлари. 21-сон, Т. «Адолат», 1999 йил, 120- бет). Фикримизча, ушбу қонун такомиллаштирилиши лозим, негаки, кенгаш бирор-бир давлат органи ҳам, мансабдор шахс ҳам бўлмасдан, фуқаролар йиғинининг раиси, унинг маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар раислари ва йиғиннинг масъул котибидан иборат таркибдир. Юқоридаги ваколат кенгаш томонидан бажарилмаганда ёки назорат қилинмаганида бирон-бир мансабдор шахснинг жавобгарлиги назарда тутилган ҳуқуқий меъёрлар мавжуд эмас.

Президентимизнинг 1998 йил 21 апрелдаги «Диний жамоалар, оқимлар ва гуруҳлар фаолиятининг қонунийлигини ўрганиш бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи комиссияни ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонига кўра, республикада барқарор ижтимоий-сиёсий муҳитни сақлаб қолиш, диний кўринишдаги экстремизм ва террорчиликка йўл қўймаслик ҳамда амалдаги қонунларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида мамлакатда мавжуд бўлган барча диний жамоа, оқим ва гуруҳлар фаолияти қонунийлигини ўрганиш ва амалдаги қонун талабларига мослаштириш бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи комиссия ҳамда унинг таркибида ишчи гуруҳлари тузилиши белгиланди.

Экстремизмга қарши курашга жамоатчиликни жалб этмасдан, фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ёки бошқа давлат органларининг олиб бораётган ҳаракатлари билан муайян натижаларга эришиш мушкул. Шунинг учун бу борада жамиятнинг асосий қатлами бўлган аёлларга ҳам масъулиятли вазифалар топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 25 майдаги «Ўзбекистон хотин – қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб- қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига кўра, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва уларнинг жойлардаги бўлинмалари фаолиятининг энг муҳим вазифалари ва йўналишларидан бири сифатида жойларда (оила, маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида) миллий-диний анъаналарни тушунтириш ва уларга риоя қилиш, хотин-қизларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш, бузғунчи кучларнинг хотин-қизлар онгига таъсир ўтказиш, уларни экстремистик ва террористик фаолиятга жалб этиш йўлидаги уринишларига қарши қаратилган ишларни самарали ташкил қилиш белгилаб қўйилди (Маҳаллада диний-маърифат ва маънавий – ахлоқий тарбия ишларини ташкил этиш(услубий тавсиялар). Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Маҳалла» хайрия жамғармаси, «Оила» илмий амалий маркази. Т.: «Ўзбекистон», 2006.-160б. 9-бет).

Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 25 майдаги «Ўзбекистон хотин – қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб- қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПФ-3434-сонли фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори юқоридаги Фармоннинг ижроси юзасидан қабул қилинди. Ушбу қарорнинг 5- бандига кўра, оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш комплекси, «Маънавият ва маърифат» маркази, Дин ишлари бўйича қўмитага хотин-қизларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш ва уларга таълим беришни кучайтириш бўйича хотин-қизларга диний билимлар ва миллий-диний анъаналар асосларини эгаллашда ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларни диний бағрикенглик, бошқа диний конфессияларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш, жамиятда дунёвий ва диний қарашлар қарама-қаршилигига йўл қўймаслик, диний экстремизм ва ақидапарастликнинг мамлакатимиздаги осойишда ҳаёт ва ижтимоий-сиёсий барқарорликни бузишга қаратилган, ғайриинсоний, зарарли ғояларининг жамиятда тарқалишига қарши курашиш мақсадида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишини таъминлаш юклатилган (Маҳаллада диний-маърифат ва маънавий – ахлоқий тарбия ишларини ташкил этиш(услубий тавсиялар).Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Маҳалла» хайрия жамғармаси, «Оила» илмий амалий маркази. Т.: «Ўзбекистон», 2006.-160б.18-бет).

Бу борада республикамизда маҳалла институтининг имкониятидан ҳам кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ деб топилиб, юқоридаги Фармон ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкилий, ташвиқот чора-тадбирлар Дастурида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида барча маҳаллаларда, шаҳарча, қишлоқ ва овулларда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди.

Экстремизм ва фундаментализмга қарши кураш нафақат маъмурий ёки жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган қонунларда, балки бошқа қонуний ҳужжатларда ҳам ўз аксини топган. Масалан, 2007 йил 16 январдан кучга кирган янги таҳрирдаги «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига кўра, оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилинишига йўл қўйилмайди (Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 26.12.08 й).

Шунингдек, «Ахборот эркинлигининг принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддаси билан давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигининг таъминланиш йўллари ҳам кўрсатилган. Булар:

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳудудий яхлитлигини, суверенитетини бузишга;

ҳокимиятни эгаллашга ёки қонуний равишда сайлаб қўйилган ёхуд тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ва давлат тузумига қарши бошқача тажовуз қилишга очиқдан-очиқ даъват этишни ўз ичига олган ахборот тарқатилишидан ҳимоя қилиш;

урушни ва зўравонликни, шафқатсизликни тарғиб қилишни, ижтимоий, миллий, ирсий ва диний адоват уйғотишга қаратилган, терроризм ва диний экстремизм ғояларини ёйишни ўз ичига олган ахборот тарқатилишига қарши ҳаракатлар қилиш.

Экстремизмга қарши кураш турли қонун меъёрларини такомиллаштириш билангина эмас, балки аҳолини мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружлардан ҳимоя қилиш йўллари билан ҳам олиб борилмоқда. Жумладан, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 август кунги «Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги қарорини эътироф этиш зарур.

Албатта, жамоат хавфсизлигини, фуқароларимиз ҳаёти ва саломатлигини қонунга хилоф тажовузлардан ҳимоя қилишда юқоридаги қонунларнинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Самад Сувонқулов

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси