Фуқаролик процессида чет эл фуқаролари ва ташкилотларининг, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг иштироки

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 359-моддасида чет эл фуқаролари ва ташкилотларининг фуқаролик процессуал ҳуқуқлари белгилаб ўтилган.

Унга кўра, чет эл фуқаролари Ўзбекистон Республикаси судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга ва улар фуқаролик процессуал ҳуқуқлардан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда фойдаланади.

Чет эл ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга ва улар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун фуқаролик процессуал ҳуқуқлардан фойдаланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва ташкилотларининг фуқаролик процессуал ҳуқуқларининг махсус чекланишига йўл қўйилган давлатларнинг фуқаролари ва ташкилотларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда жавоб тариқасидаги чекловлар белгиланиши мумкин.

Шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга ва улар фуқаролик процессуал ҳуқуқлардан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда фойдаланади.

Чет эл фуқаролари ва ташкилотлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирок этаётган низолар, шунингдек лоақал биттаси чет элда яшаб турган тарафлар ўртасидаги низолар бўйича фуқаролик ишлари Ўзбекистон Республикаси судларининг судловига тегишли бўлиши, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу Кодекс билан белгиланади.

Чет давлатга нисбатан даъво тақдим этилишига, даъвонинг таъминланишига ва ундирувнинг чет давлатнинг Ўзбекистон Республикасидаги мол-мулкига қаратилишига фақат тегишли давлатнинг ваколатли органлари розилиги билан йўл қўйилиши мумкин.

Чет давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган дипломатик вакиллари ҳамда уларга тенглаштирилган халқаро ташкилотлар ва уларнинг филиаллари фақат Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ёки халқаро ҳуқуқ нормалари билан белгиланадиган доирадагина Ўзбекистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича судининг юрисдикциясида бўлади.

Ўзбекистон Республикаси судлари чет давлат судларининг айрим процессуал ҳаракатларни (чақирув қоғозлари ва бошқа ҳужжатларни топшириш, тарафлар ва гувоҳларни сўроқ қилиш, экспертиза ўтказиш, жойида кўздан кечириш ва ҳоказо) бажариш тўғрисида белгиланган тартибда берган топшириқларини ижро этади. Бундан қуйидаги ҳоллар мустасно:

1) топшириқни ижро этиш Ўзбекистон Республикаси суверенитетига, хавфсизлигига зарар етказса ёки қонунчиликнинг асосий принципларига зид бўлса;

2) топшириқни ижро этиш суднинг ваколати доирасига кирмаса.

Чет давлат судларининг айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги топшириқлари Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги асосида ижро этилади.

Ўзбекистон Республикаси судлари чет давлат судларига айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисида топшириқлар билан мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси судларининг чет давлат судлари билан алоқада бўлиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ҳамда халқаро шартномалари билан белгиланади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, фуқаролик процессида чет эл фуқаролари ва ташкилотлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга ва улар фуқаролик процессуал ҳуқуқлардан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда фойдаланиши белгиланган.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси