ФИРИБГАР ТЕХНИКУМ ХОДИМИГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ
Муножат Сапиева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) оиласидан ажрашган,
1 нафар фарзанди онаси. У Педагогика техникумининг бирида талабалар назоратчиси бўлим бошлиғи вазифасида ишлаб келади.
Унинг хизмат вазифаларига техникумда ўқийдиган талабаларни давоматини назорат қилиш, юриш туриши, дарс машғулотларига қатнашиши, кийим кийиш тартиби ва бошқа хизмат вазифалар кирса-да, бироқ фирибгарлик жиноятига қўл уради.
Кунларнинг бирида Муножатнинг олдига Хулкар Низомова келиб, мазкур техникумда ўқимоқчи эканлигини билдиради. Шунда Муножат ёнига келган Хулкар Низомовага контракт пулларни тўласа қолган хужжатли ишларини ўзи қилишини айтиб, ундан 5.000.000 сўм миқдоридаги пулларни олади. Бу ҳам етмаганидек, Хулкарнинг дарсларга қатнашиши керакмаслигини айтиб яна 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олади.
Кунлар ўтиб 2022 йилнинг март ойида Муножат яна Хулкарни учратиб қолади ва техникумга икки дона Термиз давлат университетида иккинчи курсдан ўқишни давом эттиришлик учун сертификат келганлигини билдиради. Шунда Хулкарга олийгоҳда ўқиш истаги пайдо бўлиб, Муножатдан йўл-йўриқ сўрайди.
Бу гал ҳам Хулкар чув тушиб, олийгоҳга ўқишни истаб Муножатга 1.000 (бир минг) АҚШ доллари беради. Шундан сўнг Муножат 2023 йилнинг август ойида Хулкарга телефон қилиб, ўқишини Тошкент шаҳридаги Низомий номидаги Педагогика университетига кўчирганлигини, эвазига эса 2.000 (икки минг) АҚШ доллари миқдорида пулларни беришни сўрайди. Хулкар унга сўралган пуллардан 1.000 (бир минг) АҚШ долларини беради.
Аммо, Муножат юқорида баён этилган бирорта ваъдаси устидан чиқмайди. Ваҳоланки, унинг бу ҳаракати фирибгарликка етаклайди. Шу тариқа, Хулкар Низомованинг жами 36.000.000 (ўттиз олти миллион) сўмини қўлга киритиб, пулларни ўзининг шахсий эхтиёжларига сарфлаб юборган.
Буни қарангки, Муножат ўзининг жиноий ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликка тортилмай қолганлигидан фойдаланиб, яна ғаразли ва паст ниятларда, текин бойлик ортиришни мақсад қилади. 2022 йилнинг июнь ойида фуқаро Мансур Жаннаевни алдаб, унинг турмуш ўртоғини ўзи ишлаётган техникумга контракт асосида ўқишга киритиб қўйишини ваъда қилиб, эвазига контракт тўлаш учун ва бошқа хужжатларни қилиб ҳал этиб бериш учун жами 10.500.000 (ўн миллион беш юз минг) сўм миқдоридаги пулларини олиб, ўзининг шахсий манфаатлари йўлида сарфлаб юборади.
Хуллас, фирибгар қизга суд ҳукми ўқилди.
Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг ҳукми билан унга 1 (бир) йил муддатга давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Хулоса қилиб айтганда, энг аввал ўзаро муносабатларда ёлғон ишлатишдан тийилишимиз керак ва энг муҳими, фарзандларимизни ҳам ростгўйликка, ҳушёрликка ўргатиб боришимиз даркор. Ёлғон ҳамиша зарар келтиришини, ёлғон гап талофат келтиришини ўзимиз англаб етишимиз зарур. Зотан, фирибгарликнинг асоси ёлғон сўз, ёлғон маълумотдан иборат.
ШЕРАЛИ ҚОДИРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди судьяси